Виждон билан юзма-юз

ЎзМУ Журналистика факультети талабаси Шоҳсанам Комилованинг қалами «Hurriyat» газетасида қайралаётгани умид уйғотмоқда, дейди Дониш домла.

ШКомил

Инсон вақти-вақти билан ёлғиз қолиши, виждонига кўзгу тутиши лозим экан. Мен бугун шундай қилмоқчиман…

Менга дарсга бориш ҳам, бирор ишни этагини тутиш ҳам ёқмайди. Эрталаб кеч уйғонаман. Дарс соат тўққизда бошланади. Мен эса 08:50 да ўрнимдан тураман. Кийимларимни апил-тапил кийгунимча тўққиздан ўтиб кетади. Отам бу пайтда қора терга ботиб, далада кетмон чопаётган бўлади. Еримиз катта. Отам эрталабдан кечгача ишлайди. Аммо бирор марта нолиганини эшитмаганман. Онам эса экинларни чопиқ қилади, ҳосилни теради, сотади, хуллас, шундай ишлар билан кун узоғи машғул бўлади. Битта опам, иккита синглим бор. Опам тўрт йилдан бери ўқишга киролмаганидан азият чекиб, бор кучини меҳнатга берган. Сингилларим ҳали ёш, аммо бири овқат қилишни, бири эса уйларни тозалашни билади. Шунақа, оиламда ҳамма саҳар туриб меҳнат қилади. Менчи, ҳатто дарсга ўз вақтида боришга ҳам эринаман. Дарсга кечикавериб, гап эшитишга ўрганиб қолганман. Ҳозир устозларимнинг танбеҳи зиғирча ҳам таъсир қилмай қўйган. Бирортаси овозини кўтариб гапирса борми, “мен контракт пулини тўлаганман, сизнинг нима ҳаққингиз бор бундай дейишга”, деб оғзига ураман. Аслида эса контракт тўлашга озгина ҳам ҳиссам қўшилмаган. Уйда шунча ухлаганим етмагандек, дарс пайти ҳам мудраб ўтираман. Баъзида ўзимга ўзим тушунолмайман, нега бунчалик дангаса бўлиб қолганман? Баъзан курсдош қизларга гап отаман ёки телефонимни ўйнаб ўтираман. Юз марта кўрилган расмларни қайта-қайта томоша қиламан. Ўқитувчи жон куйдириб дарс ўтади. Билсангиз, менга бунинг умуман қизиғи йўқ. Ҳеч қайси фанни ўргангим келмайди. Амир Темурнинг қилган эзгу амалларини ҳам, Нодираю Увайсийларнинг шеърларини ҳам, ҳатто Алишер Навоийнинг адабий меросини ҳам билмайман.

Ҳар гал уйга борганимда отам “чет тилларини ўрган, замон талаби шу”, дейди. Мен эса “дарсларим шундай кўпки, ҳатто овқатланишга ҳам вақтим йўқ”, деб қўяман. Кейин онам суҳбатимизга қўшиладилар “Қўйинг, ўғлимни қийнаманг. Майли дарсини эплаб олсин. Тил бир гап бўлар. Қаранг озиб кетганини”, дейдилар. Негадир доим онамнинг кўзига озғин кўринаман.

Ўтган йили дарс қилишим учун жудаям зарур, деб отамни компьютер олиб беришга мажбур қилгандим. Баъзи тенгдошларим электрон китобларни ўқиш учун компьютер қидириб, сарсон бўлиб юришади. Мен эса ундан фақат фильм томоша қилиш, мусиқа тинглаш ёки ўйин ўйнашдагина фойдаланаман.

Айрим курсдошларимнинг билимдонлигидан ғашим келаверади. Балки бу ҳасаддир. Кунини кутубхонада ўтказувчи тенгдошларимга ачиниб кетаман. Эҳ, улар яшашни билмайди-да…

Кун аро кийимимни алмаштирмасам кўнглим жойига тушмайди. Қўлимга пул тушиши билан кийим-кечак савдо расталарига югураман. Опам ёки сингилларим отамдан “кўйлак олиб беринг”, деб илтимос қилсалар “Пул йўқ-ку. Акангни ўқишига, контрагига пул йиғишимиз керак”, деган жавоб эшитишади. Менинг эса ҳар бир хоҳишим вожиб.

Билсангиз, университетга ҳам давомат бўлмаса, умуман бормасдим. Ўқимаганимга яраша сессияда бироз енгиллик бўлар, деб давомат учун келиб тураман. Аслида, мен учун сессия байрам. Отамнинг пуллари ва ўқишга киритиб қўйган танкам омон бўлса бас. Уйимдагиларни “бу ердаги устозларнинг ҳаммаси порахўр, пул олмасдан баҳомни қўйиб бермайди, ҳақиқат йўқ”, деб ишонтириб қўйганман. Шунинг учун сессия яқинлашавергач, отамнинг ўзи “ўғлим, неччи пул керак”, деб сўрайдилар. Бундан менинг зиғирча ҳам виждоним қийналмайди. Юборилган пулларнинг бир қисмини айрим вазифаларимни бажариб берувчи танишларимга бераман. Қисқаси, уларнинг оғзини мойлайман. Қолганини эса ейман, ичаман, ўйнайман, куламан. Опам университетда ўқишни орзу қилади, мен эса ялло қилиб юраман. Дўстларим билан дискотекага бораман. Бу пайтда уйдагилар буғдой тозалаш, ё полиз экинларини сотиш учун саралаш, ё иссиқхонамизда экин экиш билан машғул бўлади.

Дўстларимга қўшилиб, тамаки чекишни ҳам ўрганиб олдим. Агар отам билиб қолсалар, қаттиқ хафа бўладилар. Аммо бу мени қизиқтирмайди. Онамга қачон гул берганим ёдимда йўқ, аммо қизларга ҳар учрашганимда турли хил совғалар бераман. Очиғи, сингилларимга охирги бор қачон ширин гапирганимни эслолмайман, лекин қизларга бирор марта ёмон гапирмаганман. Бу илтифотлар ўз қадрини топади деб ўйлайман, шекилли-да. Хуллас, вақтимни беҳудага ўтказиб юрибман.

Аммо баъзида ичимда нимадир дод солиб юборади. Ўйлаб қоламан, бу ҳолатда кетаверсам, эртага ўқишни битиргач, нима қилар эканман? Қандай мутахассис бўламан? Жон куйдириб дарс бераётган устозларимдан ҳеч нарса ўрганмадим. Табиийки, университетни битиргач, ўзим ҳам дарс беришимга тўғри келади. Ҳеч нарсани билмай туриб, болаларга нимани ўргатаман, дангасалик, олифталик, бекорчиликними? Жамиятда саводсиз болалар кўпайишига замин яратаманми? Ўзимнинг вақтимни ўғирлаганим етмагандек, уларнинг ҳам қимматли фурсатларига зомин бўламанми? Синфдошларим, оғайниларим менга ҳавас билан қарайди. Мени келажаги порлоқ инсон санашади. Нимага? Чунки қишлоқда “мени ўғлим тарихчи, университетда аъло баҳоларга ўқияпти, худо хоҳласа яхши мутахассис бўлиб мактабимизга келади”, деб ота-онам кўкрак кериб юради. Мени бир савол қийнайди: ота-онаммнинг ишончини оқлай оламанми? Аслида, рўзғор тебратишни бугундан бошлашим, отам менга эмас, мен отамга пул юборишим керак. Қора қозонимиз қайнашига ўз ҳиссамни қўшишим лозим. Йигирмадан ошяпман ахир. Менинг ёшимда ота-боболаримиз бутун бир давлатни, ҳокимиятни борингки, оиласини бошқарган. Мен-чи, мен? Ўзимнинг дангасалигимни ҳам енголмайман. Хўш, шу пайтгача нимани қойиллатиб қўйдим? Ота-онамни қийнашдан, уларнинг пулига гердайишдан бошқасига яраганим йўқ-ку! Балки мазмунсиз ҳаётимга маъно қўшишни, яқинларимнинг дилини хушнуд қилиш, жамиятга керакли мутахассис бўлиш учун ўқиб ўрганишни бугундан бошларман…

 Шоҳсанам Комилова,

ЎзМУ Журналистика факультети талабаси

(«Hurriyat» газетасида чоп этилган)

***

 т3

Ноёб истеъдод ва ўткир қалам соҳибаси Шоҳсанам Комилованинг қуйидаги сатрлари эътиборимизни тортди:

“Менчи, ҳатто дарсга ўз вақтида боришга ҳам эринаман. Дарсга кечикавериб, гап эшитишга ўрганиб қолганман. Ҳозир устозларимнинг танбеҳи зиғирча ҳам таъсир қилмай қўйган. Бирортаси овозини кўтариб гапирса борми, “мен контракт пулини тўлаганман, сизнинг нима ҳаққингиз бор бундай дейишга”, деб оғзига ураман”.

Талабанинг бу “қуйма” гапларига Дониш домла шундай лутф қиладилар:

“Бугун дарсга, эртага ишга кечикмасликни ўрганиш учун ҳам контракт пулини тўлаб, соҳа ва ҳаёт сирларидан сабоқ олмоқдасиз бўлғуси буюк ижодкор!”

You may also like...

9 Responses

  1. Vijdon inson hayotini bezovchi uni yomon ishlardan saqlab turuvchi ca ezgulikka undovchi eng oliy fazilatdir

  2. Bu maqola menda katta taassurot uygotdi chunki bugungi kunda bunday insonlarni hayotimizda koplab uchratamiz. Ayniqsa kantrakt pulini tolaganmiz degan sozlarni ozimiz ham kop ishlatamiz sizga kattakon rahmat. Bu maqoladan song ozimga ibrat olib oz xatolarimizni togirlab dangasalik kasalligidan xam halos bolaman. Katta rahmat.

  3. Hozirgi kunda yoshlarimiz orasida loqaydlik, mas`uliyatsizlik kabi »illatlar’ borgan sari avj olib bormoqda. Dono xalqimizda shunday bir ibratli naql bor «Hechdan kora kech yaxshi». Har bir inson kech bolsada o`z xato va kamchiliklarini tushunib yetmogi bu,albatta, quvonarli holdir.

  4. Vijdon — axloqiy tushuncha, yaxshilik nima-yu, yomonlik nimaligiga javob beradigan ichki ishonch. Demak, o’ziga ichongan odam, vijdonli odam bo’lar ekanda?!

  5. E’tiboringiz uchun rahmat! Ma’naviyatni, madaniyatni har birimiz o’zimizdan boshlasak, hayot bundanda chiroyli bo’lishi shubxasiz. Mening maqolam sizga oz bo’lsada foyda keltirgan bo’lsa, judayam xursandman. Shuni unutmangki, vijdoningiz har kuni, har soatda u bilan yuzma-yuz bo’lishingizga muhtoj.

  6. Feruza Xayrullayeva:

    Shohsanamdagi insonlarga, atrofga bo’lgan mehr, e’tibor uning maqolalariga ham ko’chgandek tuyiladi menga. Aslida ham jurnalistdan talab qilinadigan asosiy xususiyatlardan bir ham mana shu — jamiyatga jonkuyarlik, jonfidolik. «Vijdon bilan yuzma-yuz» ham ana shu e’tibor, jonkuyarlik asnosida yozilganligiga guvohman. Zero, undagi «men» — talaba uning o’zi, do’stlari, tanishlari, siz, men — hammamiz bo’lishimiz mumkin. Muhumi, maqola yozildi — bizga ko’zgu tutildi. Endi xulosa va keyingi qadam o’zimizga bog’liq…

  7. Jumamurodova Muyassar:

    Bunday talabalar oramizda uchrab turadi. Bu kabi talabalar ushbu maqolani o’qigach, vijdoni uyg’onib qolishi, shubhasiz. Negaki, barcha inson kelajagi yaxshi bo’lishi uchun harakat qiladi. Faqat buni kimdir erta, kimdir kech tushinib yetadi.

  8. Darhaqiqat, insonni bu dunyoda bog’lab turuvchi bu vijdodir agar inson vijdon nma ekanligini qalbman his qilsa u inson hayoti davomida adashmaydi.

  9. Vijdon — bu chinakam insoniyatga Alloh tomonidan in’om etilgan xususityatdir. Vijdon — imon bilan egiz tushuncha, imon esa — jannatga yetaklaydi. Bu tushunchalar o’zaro bog’liq bo’lib, bir-birini to’ldiradi. Vijdoni uyg’oq kishilar hamisha adolatli bo’ladilar. Faylasuflar aytganlaridek, «Inson vijdoniga qarshi ish qilsa, uni birovlardan berkitar, biroq vijdonidan yashira olmaydi». Vijdoni toza insonning ko’ngli ham toza bo’ladi. Ko’ngli toza insonlar esa doimo birovlarga faqat va faqat yaxshilikni ravo ko’radilar. Istardimki, har kimning har qachon vijdoni uyg’oq bo’lsin. Vijdonli insonlarning chehrasidan hech qachon nur yo’qolmasin.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>