Жасорат айб эмас

ЎзМУ Журналистика факультетида ўз илмий ва ижодий маҳорат мактабини

яратган Устоз, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мухтор ХУДОЙҚУЛнинг қуйидаги публицистикаси талабаларимиз учун маҳорат сабоғидир, дейди Дониш домла

5

Суратда (чапдан): ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов Журфак домлалари Мухтор Худойқул ва Юсуф Ҳамдам билан юзлаб эл суйган ижодкорларни камолга етказган Журналистика факультетининг келгуси истиқболлари ҳақида суҳбатлашмоқда (2019 йил 9 май)

***

ЖАСОРАТ АЙБ ЭМАС

Абдулла Қодирийнинг публицистик асарларидан бирига юқоридагича сарлавҳа қўйилган бўлиб, адиб 1922 йилда ёзган бу мақоласида ижод эркинлиги ҳақида сўз юритади: “Биз жасорат сўрар эдик, – деб ёзади у. – Лекин жасоратимизнинг қолган-қутганини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни таг-тугидан кесмоқчи эдилар”.
Ёзувчи бу сўзларни чор подшоси давридаги золимона ижтимоий-сиёсий аҳволга ишора қилиб ва октябрь инқилоби бу эркинликларнинг барчасини беражагига чин кўнгилдан ишониб айтган эди. Ўз кунини зўрға кўрадиган боғбон оиласида туғилган ва оғир меҳнат остида вояга етган ёзувчи ҳақиқатан ҳам 1917 йил октябрь инқилоби меҳнаткашларга бахту саодат беришига ишониб унинг хизматига катта умид билан бел боғлади, қаламини чархлаб жасорат билан ишга киришди. У янги тузум матбуотида фаол иштирок этди, бу ҳукумат душман деб билган бойлар ва руҳонийларларни ўз таъбири билан айтганда “ишчи тилидан чақди ва сирларини очди”. Тўғри, у бой ва эшонларни бошқа “салла ол деса калла олувчи” фельетончилар сингари “йўқолсин, қирилсин!” деб эмас, шунча бойлик орттириб халқ учун бирор мактаб ёки масжид қурмаганлиги учун ҳажвий дашном бериш билан чекланган эди.
Ҳа, Абдулла Қодирийнинг жасорати шунақа, бошқачароқ жасорат эди, инсоний жасорат, ҳаётдаги ҳар қандай нософлик, алдов ва ясамаликка қарши муроса қилолмайдиган соф виждонли ижодкорнинг қалбидан отилиб чиқувчи жасорат эди. Шунинг учун ҳам ўз фельетонларида нодонлик ва жаҳолатга қарши ўт очди, янги тузум тартибларида ҳам «мана ман» деб кўзга ташланиб турувчи мансабпарастлик, оддий халқни менсимаслик ва бошқа иллатларни аёвсиз фош қилди. Унинг қаҳрамонлари бўлмиш Калвак махзум, Тошпўлат тажанг, Авсар ва бошқалар ҳаётдаги ҳар қандай ясамаликлар, ярамасликларни кўришлари биланоқ шармандасини чиқарардилар.
Абдулла Қодирий ўз романчилигида ҳам шу жасоратидан қайтмади. Аввало у ўз романларига “октябрнинг оламшумул ғалабаси”ни эмас, тарихни мавзу қилиб олди, “мозийга қайтиб иш кўришни хайрли” деб билди. У ўз романларида ўз миллатининг энг оғриқ нуқталарини қаламга олди. “Ўткан кунлар”да: “Буродарлар! Ўрис ўз ичимиздан чиқадирган фитна-фасодни кутиб дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир”, деб миллатни бирлашувга чақирса, “Меҳробдан чаён”да эса амал талаш, ҳасад ва чақимчиликнинг чиркин башарасини очиб ташлади.
Абдулла Қодирийнинг бундай “берухсат” жасоратлари турган гапки босқинчи “оға”лару уларнинг маҳаллий малайларига ёқмади, улар қандай қилиб бўлса ҳам унинг оғзини юмиш, беаёв қаҳқаҳасини ўчириш учун бор кучларини ишга солдилар. Жасоратли фельетончи 1926 йилдаёқ “матбуотда ҳукумат бошлиқларини сўкиш”да айбланиб қамоққа олинди ва судга берилди. Адиб қамоқда ёзган “тушунтириш хати” – “таржимаи хол”ида гарчи янги тузумга ўз “ҳурмати”ни баён қилиб ўтса ҳам барибир ўз йўлидан қайтмайди, жасоратидан воз кечмади. У буни ўша пайтларда ёзган “Анов-манов” деган аламли хажвсўзида шундай деб ифодалаган эди:
“Шуҳратталаб, иззатталаб бўлсанг агар ушбуни қил: ақлингга кел, ҳой десалар икки букил, мисли тариқ ерга тўкил, иззатни кўр, ҳурматни кўр, давлатни кўр!
Йўқса:
– Келса қилич бўйнингни тут, ичгил заҳар, заққумни ют, қирқлик билан қайғунг унут…”.
Ҳа, адиб ўз маслагига содиқ қолди, миллат дарди йўлидаги жасоратидан қайтмади, 1937 йил қатоғонида келган қиличга бошини мардларча тутди.
Ҳа, жасорат айб эмас, буни жасур адибимиз Абдулла Қодирий айтяпти!

Мухтор ХУДОЙҚУЛ,

филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>