Журналистика – ижодий фан
Журналистика факультетида сабоқ олган кезларда бу соҳанинг аслида ижодий фан эканини ҳам англаб етганмиз.
Бизга таълим-тарбия беришган устозларимизнинг аксарияти ўз илмий ижодлари билан ибрат кўрсатганлар.
Ижодкор аввало тўғри тафаккур қилиши, ҳаётдаги воқеликларни бадиий бўёқларда ёрқин акс эттириши зарурлигини филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевдан ўргандик. Устоз фикри теранлиги, сўзи ўткирлиги билан бизни ҳам тафаккур қилишга, ҳақ сўз учун курашга даъват этарди. Устоз публицистика, айниқса, очерк жанрини мукаммал ўргатишга ҳаракат қиларди. Назарий билимларини амалда кўрсатиб, ўзи ҳам тинмай қалам тебратарди. Таҳлилий мақолалари тез-тез газета-журналларда ёритилар, айримлари баҳс-мунозарага уланиб, шов-шув бўлиб кетарди. Устознинг “Адиблар ва жанрлар”, “Ижод ва идрок” каби салмоқли китоблари, ўқув қўлланмаларини пухта ўрганмасдан журналист бўлишни тасаввур ҳам эта олмасдик. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш, ҳар бир фикрни салмоқ билан тушунтириш, муаммолар ечимини топишда муросасиз бўлиш фазилатларини шу устоздан ўргандик.
Фельетон, памфлет ва юмор жанрларини филология фанлари доктори, профессор Ориф Саидов маҳорат билан ўргатган. Машғулотларга тахлам-тахлам газета-журналлар кўтариб кирар, уларда ёритилган ҳажвия, фельетон, памфлет, пародияларни таҳлил қилиб берар, бизни ҳам шундай асарлар ёзишга илҳомлантирарди. Домламизнинг шу мавзудаги тадқиқотлари ўзи бир олам эди.
Журналистика – ижод, ижод эса – сўз санъати, яъни, филология билан узвий боғлиқдир. Филология илмидан йироқ, сўз санъати ҳаминқадар одам ижодкор бўла олмайди. Бу фикрларни “Янги замон – янги қаҳрамон”, “Озод Шарафиддинов” деб номланган мўъжазгина китоблардан ўқиб ўргангандик. Ўша китоблар муаллифи Абдуғафур Расулов дарсга кирганида адабиёт илми ва ижод сирларини теран тушуна бошладик. Домламизнинг ҳар бир дарси бир китоб эди. Ҳар гал машғулотга бир нечта китоб кўтариб келар, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб, биз учун муҳим жиҳатларини таҳлил қилиб берарди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби бўлган устоз Абдуғафур Расуловнинг матбуотда ёритилаётган кўплаб мақолаларини, ўқув қўлланмалари, рисолаларини ўқиган, у кишидан сабоқ олган талаба ҳақиқий ижодкор журналист бўлиши мумкин, дейишга ҳақлимиз.
Масалчи-шоир сифатида донг таратган Мухтор Худойқуловнинг “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (илгариги “Ўзбекистон маданияти”) ва бошқа газеталарда кўплаб ҳажвий шеърлари, фельетонлари, “Қоя ва ҳарсангтош”, “Дарё ва пўкак”, “Зирапча”, “Ҳангомалар”, “Қадамларига ҳасанот” каби китобларини мароқ билан мутолаа қилганмиз. Машҳур “Учрашув” фильми сценарий муаллифларидан бири бўлган адибдан сабоқ олиш нақадар мароқли эди! Устозимиз илк бор журналистика назариясини ўргатди. Амалиётда ўзи қалам тебратиш сирлари, маҳорат мактабига ошно қилди. Таҳририятларга бошлаб бориб, ижодий жамоалар билан таништирди. Шу-шу, таҳририятлар севимли масканимизга айланди! Улкан истеъдод соҳиби бўлган устозимиз илм соҳасида ҳам тинмай изланиб журналистика ихтисослиги бўйича номзодлик ҳамда докторлик диссертациялари ёқлаган. “Матбуот ва жамият”, “Журналистика ва публицистика” каби кўплаб ўқув қўлланмалар яратган. Уларни пухта ўрганмасдан, устоз сабоғини олмасдан туриб етук журналист бўлиш амри маҳол эди.
Журналист моҳир таржимон бўлиши зарурлигини таҳририятда фаолият кўрсатаётганлар яхши билишади. Филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломов ана шу нозик соҳа – таржима назарияси ва амалиётини шу қадар меҳр билан тушунтирар эдики, ўзимизни таржимонлик аталмиш янги оламга кириб қолгандек ҳис этардик. Устоздан сабоқ олиш билан бирга “Рус тилидан ўзбекчага мақол, матал ва идиомаларни таржима қилиш масаласига доир”, “Ўрисчадан ўзбекчага бадиий таржиманинг баъзи назарий масалалари хусусида”, “Мақола, матал ва идеомалар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексика-фразеология масалалари”, “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима асослари”, “Дўстлик кўприклари”, “Мен сув ичган дарёлар”, “Адабий анъаналар ва бадиий таржима проблемалари” каби қатор китоблари, ранг-баранг мавзудаги мақолаларини ўқиш қанот бахш этарди! Дарсдан кейин устознинг таҳририятларда, телерадио студияларида жўшиб юришларига ҳавас билан қарардик. Мазкур курснинг амалиёти сирларини ўргатган профессор Нажмиддин Комилов эса ўзи бир олам эди.
Матбуот тарихидан сабоқ беришган доцентлар Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев ва профессорлар Раҳбархон Муртазаева, Назира Абдуазизова, амалиёт ўқитувчиси Қобилбек Каримбековлар талабаларни жаҳондаги етакчи мамлакатлар нашрлари билан ошно қилишган.
Ёзиш услуби ва таҳрир санъатини мукаммал билмаган кишидан яхши ижодкор чиқмайди. Бу борада ижодкор аввало пухта назарий билимга эга бўлиши лозим. Унинг назариясини ўргатмоқчи бўлган мураббий амалиётда ҳам ўзини кўрсатиши зарур. Доцент Анвар Шомақсудов, Ирисали Тошалиев, Сайёра Низомиддиновалар ана шундай мураббийлардан эдилар. Қатор ўқув қўлланмалар яратган бу мураббийлар сабоғини олганлар кам бўлишгани йўқ.
Доцент Анвар Каримовнинг телерадио журналистикаси сирларидан берган сабоқлари қалбимизга муҳрланган. Қатор ўқув қўлланмалар яратган олимлар назарий билимларни амалиёт билан пайваста қилар, машғулотлардан сўнг теле ва радио студияларга олиб борардилар. Ўзбекистон телевидениесига, радиога амалиётга борган талабаларнинг қанчаси ўша қутлуғ даргоҳларда ўз ўрнини топиб кетишди.
Таҳририят ҳамда нашриётларда қўлёзмалар устида ишлашда имловий хатоларни “корректура белгилари” воситасида тузатиш, саҳифалаш, бадиий безатишга оид назарий билимлар ҳамда амалиёт сирларини доцент Абдулла Сайфутдиновдек теран тушунтириб берадиган мураббийни кўрмадик. Устоз ибораси билан айтганда, “журналистлар меҳнатини рўёбга чиқарадиган ноёб маскан – босмахона” ишини ўрганганимиз ҳозиргача асқотмоқда!
Биздан илгари ўқиганлар юртимизда журналистика соҳасида биринчи фан доктори Тўғон Эрназаров ҳамда Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Расул Муҳаммадий, Фатхиддин Насриддиновдек забардаст устозлардан сабоқ олганлари билан фахрланиб сўзлайдилар.
Уларнинг барчаси талабалар билан ишлашда ўзига хос фазилатларга эга эдилар. Одамийлик мактабини, журналистга хос фазилатларни, касбга меҳр-муҳаббатни айнан шу азиз устозлардан ўрганганмиз. Узоқ йиллар мобайнида журналистика факультетида таҳсил олган минглаб журналистлар республика, вилоят, шаҳар ва туман таҳририятларида, телерадио, ахборот агентликлари ҳамда бошқа ижодий жамоаларда самарали фаолият кўрсатишмоқда. Улар шу устозлардан қанчалик сабоқ олганларини мудом фахр билан сўзлайдилар.
Хўш, ўша устозларнинг энг ибратли жиҳатлари қандоқ эди?
Биринчиси, диссертация ёқлаш нақадар машаққатли бўлишига қарамай илмий изланишдан асло тўхтамас эдилар. Барчаси фан номзоди, доктори, доцент, профессор эдилар. Газета-журналларда салмоқли мақолалари, ўқув қўлланмалари, бошқа китоблари тез-тез чоп этиларди. Талабалар ҳам олий ўқув юртига кирганига яраша ана шундай илмий салоҳиятга эга устозлардан сабоқ олгиси келади! (Ўзи илмдан йироқ кимса ҳеч қачон ёлчитиб билим бера олмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ!)
Иккинчиси, илмларини муттасил амалиёт билан боғлаб дарс ўтардилар. Мавзу танлаш, чиройли сарлавҳа, рукн топишдан тортиб ёзиш сирларигача ўргатишарди. Уйга вазифалардан бири – очерк ё мақола ёзиб келиш бўларди. Қўлёзмаларимизни эътибор билан ўқиб, ютуқ ва камчиликларни тушунтириб, маҳорат сирларини ўргатардилар. Энг ибратли жиҳати, ўзлари ҳам муттасил қалам тебратишар, дарсдан кейин таҳририятма-таҳририят юрганларини кўриб ҳавас қилардик. (Ўзи ёзмайдиган, ёзолмайдиган домла ҳеч қачон талабаларга бундай талабни қўя олмайди!)
Учинчиси, мудом китобга меҳр, беқиёс қизиқиш уйғотардилар. Китобни уқиб ўқиш, мутолаа жараёнида нималарга эътибор бериш, чунончи, диалог қандай ёзиляпти, қайси тиниш белгиси қандай қўлланилаётганигача эътибор бериш зарурлигини уқтирардилар. (Ҳозирги пайтда баъзилар оддий “тире” билан “дефис”нинг фарқига бормаслиги, қаерда икки нуқта ва қай ўринда нуқтали вергул қўйишни билмаслиги, ғиж-ғиж имловий хато, услубий ғализ ёзаётгани фожеадан бошқа нарса эмас…)
Шу даражада таълим-тарбия берганларига яраша кадрлар салоҳияти ва уларнинг маҳсули бўлган матбуот, китоб нашрчилиги аҳволи қандай эди? Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар савияси қай даражада бўларди?
Очиғи, бирорта китоб, журнал, ҳатто газетада имловий хато учрашини, ҳатто тиниш белгиси нотўғри қўлланишини тасаввур эта олмасдик. Ўқувчи фикрини бойитмаган, маънавий озиқ бера олмайдиган асарни тан олмасдик ва муаллифини ҳам, уни чоп этган ноширларни ҳам маломат қилардик. Бирор шевага оид тушунарсиз сўз, ғализ жумла телекўрсатув ё радиоэшиттиришда қулоғимизга чалинмасди. Қайсики кўрсатувни кузатмайлик ё эшиттиришни тингламайлик, фақат сўз бойлигимиз ортар, фикрни тўғри ва теран ифода этиш, чиройли гапириш маданиятини ўрганардик!
Қўлимиздан китоб тушмасди. Бирор янги китоб чиққанини эшитсак, дўконма-дўкон излашга тушардик. Ҳар биримизнинг шахсий кутубхонамиз бўларди.
Дарсдан сўнг мақола ёзиб, таҳририятларга ошиқардик.
Талабалик йилларимиз ана шундай ижодий муҳитни вужудга келтирган фидойилар – азиз устозларимиз эдилар! Улар бутун бир авлод журналист-кадрларини камолга етказганлари билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Такрор айтаман, журналистика факультетида таҳсил олмаганимда, улуғ устозларнинг ибрат мактабини кўрмаганимда бугунги саодатимга эришишим даргумон эди. Ижодий салоҳияти ва мартабаси бизникидан юқорироқ ё тенг бўлган ҳамкасбларимиз ҳам ўша устозлардан олган билимларига шукрона қилишларига имоним комил.
Ёш ижодкорларга таълим бермоқчи бўлган мураббий аввало ижодкор бўлиши ва албатта илм билан шуғулланиши шарт эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Зиммамизга етук, малакали журналист кадрлар тайёрлаш вазифаси юкланяптими, демак, бу борада аввало ўзимиз талабаларга ўрнак кўрсатишимиз даркор. Ижодий соҳанинг талаби шу: назария билан амалиёт ҳамқадам бўлиши, яъни, назариётчилар амалиётда ҳам ўзини намоён этиши шарт. Ўқув қўлланмалар яратмаётган, мақола ёза олмаётган, ижод қилиш қўлидан келмайдиганлар устозлик даражасига кўтарила олмаслигини ҳаёт ўзи исботламоқда.
Албатта бугунги кунда факультетимизда ана шу устозлар анъанасини изчил давом эттириб, қатор дарслик, ўқув қўлланмалари, илмий мақолалари билан журналистиканинг чинакам ижодий фан эканини амалда кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларимиз ҳам кам эмас. (Уларга ҳақиқий баҳони келгуси авлодлар беришига шубҳа йўқ…)
Бир пайтлар бизга таълим-тарбия берган мураббийларнинг тажрибалари аслида катта мактаблигини унутмайлик ва уларнинг анъанасини мудом давом эттиришга эришайлик, демоқчиман. Бусиз бирор салмоқли натижага эришиш даргумон. Ёзиш, илмий иш қўлидан келмайдиганлар ўзини ҳам, таълим муассасасини, талабаларни ҳам қийнамагани маъқул… Токи, журналистлик дипломини олганлар бу даргоҳда нималарга эришдим, деган саволга чайналиб қолмасин…
Тўлқин ЭШБЕК,
Журналистика факультети “Оммавий алоқалар ва реклама” кафедраси доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Журналистика – ижодий фан” танлови ғолиби,
“Олтин қалам” мукофоти совриндори
2013 йил, декабр
Ijod olami odamdan juda katta mehnat talab etadi. Samarali ijod qilish uchun ustozlardan ko’proq bilim olishimiz zarur. Buning uchun fakultetimizda domla aytganlaridek ustozlar yetarli.
Jurnalistika albatta ijodiy fan.Biz bir olam orzular qilamiz va albatta o’sha orzularimiz amalga oshadi.Oliy ta’lim dargohida o’qir ekanmiz bizning yuragimizda faxr tuyg’isi tobora kuchayib bormoqda.Jurnalist ijodkor demakdir.Biz izlanayapmiz ijod qilayapmiz shuning o’zi bizni ma’naviyatimizni yuksalishiga katta hissa qo’shadi.
Jurnalist bu ijodkor demakdir.Jurnalistka sohasi barcha sohalarini qaymog’ini yig’ib o’zida aks ettiruvchi eng nozik va kuchli soha.Hech qachon ijod qilishdan charchamaylik.Bizning bugungi ijodimiz kelajagimiz mevasi hisoblanadi.Bizni yuksalishimizda albatta ustozlarning o’rni beqiyosdir.
Jurnalist erkin fikrga ega shaxsdir. Shunining uchun ham ijodiy fakulterdir. Fakultetimiz talaba yoshlari har qanday voqea-hodisaga o’zini shaxsiy nuqtai-nazaridan kelib chiqib fikr bildiradi. Bu esa yaxshi
Mahorat maktabi rukni ostidagi ushbu maqola, albatta, hozirgi yosh jurnalistlar uchun juda ham qiziq.
Ochil Tog’ayev. Ustoz jurnalisning kitoblarini o’qiganda, o’quvchi G’arb jurnalistikasidan mutloqo farqli fikrlar bilan tanishib, o’zbek publisistikasi naqadar katta kuch ekanligi haqida saboq oladi.
Muxtor Xudoyqulovning ham «Jurnalistika va Publisistika» kitobi hali hamon hozirgi avlod o’qituvchilari uchun dasturil amal bo’lib xizmat qilmoqda.
Ozod Sharafiddinov, Tohir Pardayev, Vohid Abdullayev, Rahbarxon Murtazayeva kabi ustoz jurnalistlarni og’izda eshitganmiz, kitoblarini varaqlaganmizu o’zlarini ko’rish nasib etmagan.
Shukrkim, XXI asrning 2013-2017-yillarida, jurnalistika fakul’tetiga ta’lim olish nasib etgan ekan, bizga ustozlardan Abdulla Oripov, Omonulla Madayev, Ahmadjon Meliboyev, Abdumo’min O’tbosarov, Muhammadjon Obidov, Uzoq Jo’raqulov singari el tanigan insonlardan ta’lim-tarbiya olish baxti nasib etgan ekan. Bu insonlarni nafaqat ko’rish, ular bilan muloqot qilish, savollar berish bilan birga INSONIYLIK tuyg’ulari, mardlik, jasorat, fidoiyliklardan saboq oldik.
Fikrim so’nggida shuni aytmoqchimanki: tashakkur sizga ustozlar, tashakkur sizga vaqt, zamon, hayot!
Jurnalistika fakultetida hozir ham hurmat qilsa arziydigan ustozlarimiz bor. Omonulla Madayev,Nozima Muratova,Dilmurod Usmonov kabi ustozlarimiz bizga juda katta ta’lim tarbiya berganlaridan xursandman. Bu fakultetning har bir o’qituvchisi jonkuyar insonlar. Birinchi kursligimizda Madayev saboqlari hali hanuz meni hayojonga soladi. Boringizga shukur ustozlarim.
Jurnalistika qanchalik erkin soha bo’lmasin baribir ustozga muhtojdir. Xususan shu sohada Abdulla Oripov ham shunday deb yozadilar:» agar men shu universitetda o’qib, ustozlardan tahsil olmaganimda bu darajaga erishmagan bo’lardim». Biz ham tahsil olayotgan ustozlarimizga rahmat aytamiz.
Jurnalistika chindan ham ijodiy faoliyat. Jurnalistning uslubi boshqa ijodkor uslubidan farq qilishi lozim. Ijod bo’stonida qalam tebrata olgan jurnalistgina jamiyatda o’z o’rniga ega bo’ladi. Shunday ijodkor ustozlarning talabasi bo’lishini sharaf. Domla siz ham biz uchun mahoratli ijodkorsiz. Ijod bo’stonida yana-da yuksak pog’onalarga erishishingizni tilayman.
Garchi bu domlalardan dars ololmagan bo’lsakda, ularning Donish shogirdi darslari bizga ularni bir oz bo’lsada yaqinlashtiradi.
Men shuning uchun o’zbekona ustoz-shohird an’anasini yaxshi ko’raman. Bunda saboqlar asrlar mobaynida yashaydi, so’zlar unutilmaydi, ilm yerda qolmaydi!
Albatta jurnalistika sohasida ijod qilayotgan barcha yurtdoshlarimizga opalarimizga akalarimizga omad tilab qolamiz.Bizha ham omad kulib boqib xalq ardog’idagi ijodkor bulish nasp aylasin