Ижодкорнинг теран илдизлари

(Шоир Муҳаммад Исмоил портретига чизгилар)

photo_2024-03-15_11-49-42

Улуғ адибимиз Пиримқул Қодировнинг машҳур “Уч илдиз” романидаги асосий ғоя шундай: инсон улкан дарахт янглиғ ўсиб-унмоғи учун ҳаётга катта-катта учта илдиз отмоғи лозим. Биринчиси, ҳақиқий инсон бўлиш. Иккинчиси, пухта билим эгаллаш ва чинакам мутахассис бўлиб етишиш. Учинчиси, муҳаббат илдизи!

Талабалик даврида бундай илдизларни отиш имконияти кўп бўлади… Нурли келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган маънавий илдизларни отмоқ учун талаба аввало тарбияли бўлиши, донолар ҳикматига мудом қулоқ тутмоғи ва панд-насиҳатни қалбига жо этмоғи лозим. У дарсларга мунтазам қатнашмоғи, одоб сақламоғи, устозлардан фақат нур қидириши (ҳеч қачон кир қидирмаслиги!), китобга ошно бўлмоғи зарур. Севмоқ учун ҳам аввало ўзи севгига лойиқ, муносиб, вафодор, мард, жўмард бўлиши (буюк муҳаббат туйғусини эрмак қилмаслиги) даркор. Романни ҳаяжон билан мутолаа қилган дамлар талабалик шууримизга шундай фикрлар муҳрланиб қолган.

Ўшанда асар қаҳрамонларига ўхшашга интилган тенгқурларимиз кам эмасди. Шундай эзгу мақсадлар сари интилган дўстларимдан бири Муҳаммад Исмоил ҳам илдизлари бақувват Инсон, ўз овозига эга Шоир ва бахтли Оила соҳиби бўлиб етишди!

Ўтган асрнинг саксонинчи йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида биз иккинчи босқичга ўтганда ўқишга кирган Муҳаммаджон одамохунлиги, хушмуомаласи, тантифеъллиги, жўмардлиги ва теран фикрли ижодкорлиги билан тезорада турли босқичдаги ижодкор талабалар билан дўстлашиб кетди. Ўша даврда факультетимизда Комила Каромова, Отабек Мусаев, Ойпарча Ҳусанова, Аҳрор Аҳмедов, Ҳидоят Тўрахонова, Бекқул Эгамқул, Абдунаби Ҳайдаров, Абдували Қутбиддин, Дониёр Обидов, Абдуҳамид Пардаев, Абдумажид Азим, Рўзибой Қўлдош, Ғулом Ибодов, Комила Юсупова, Валияхон Саидова, Рислиқхон Мажнунова, Толиб Носир, Ҳайдар Акбар, Акром Эрдон, Ғаффор Расул, Раҳимжон Мирзо, Аъзам Ўктам, Неъмат Бойназар, Улаш Нурмонов, Файзулла Юнусов, Салим Ашур, Собир Ўнар, Минҳожиддин Мирзо, Шодиқул Ҳамро, Вафо Файзулло Нормурод Авазов, Умида Усмонова, Ҳошимжон Мирзааҳмедов каби ёш қаламкашлар ижод бўстонида анча-мунча бўй кўрсата бошлаган эдилар. Кейинчалик улар ҳам илдизлари бақувват дарахт янглиғ ҳаётда муносиб ўрнини топдилар. (Минг афсуски, шундай илдизларига эга бўлишга интилмаган айрим тенгдошлар бахт-у омадини бой бериб, адашиб кетганларини ҳам кўрдик…)

Яхши инсон мудом ажиб фазилатлари билан ўзгаларда ширин таассурот қолдириб яшайди. Ёшликда Муҳаммад Исмоилнинг қалбларга муҳрланган фазилатларидан бири шу эдики, факультетда, талабалар турар-жойида ҳатто пахтага ҳашарга борганда баракларда ҳам ижодий муҳит яратишга интилар, ҳаммани ёзишга, янги-янги мавзулар устида изланишга даъват этарди. Баъзи нўноқроқ талабаларни: “Агар ҳеч нарса ёзмасанг, ёзишни истамасанг қандоқ журналист бўласан? Мабодо журналист бўлгинг келмаса бу даргоҳда нега адашиб юрибсан?” деган қабилдаги ҳазиломуз саволлар билан мулзам қилиб қўйганларини кўриб қойил қолардик. У шу тариқа қанча тенгқурларини ижод йўлига бошлаган, илҳомлантирган!

Олтин давримиз ҳисобланмиш талабалик йилларида қўйилган қадамлар ҳақида ўйлар эканман, дўстим Муҳаммад Исмоилнинг ҳаётга қай даражада илдизлар отгани ва қанчалик камол топганини ўзимча мушоҳада қилдим.

У ҳавас қилса, ибрат олса арзигулик инсон! Дўст тутинганимизга қирқ йилдан ошибдики, бирор марта на у ҳақда, на унинг биров ҳақидаги салбий гапини эшитмадим. Аслида шунинг ўзи энг яхши фазилат! Комил инсонга хос тўғрисўзлик, камтарлик, жўмардлик, самимийлик ва ҳалоллик каби кўплаб гўзал хислатларидан баҳра оласиз. Ўз даврининг фозил инсонларидан бирига айланган ижодкор дўстим маънавий олами, унинг қаламига мансуб бетакрор асарлари ҳақида ўнлаб адибу шоир ва адабиётшунос олимлар ёзган тақризлар, мақолаларни мутолаа қилганингиз сайин уни қайта-қайта кашф этаверасиз. Кашф этган сари ҳавас уйғониб, ибрат олишга интилаверасиз.

***

Устозлар дуоси – саодат калити, деган ҳикмат замирида оламча маъно мужассам. Бир пайтлар улкан адиб Абдулла Қаҳҳорнинг Ўткир Ҳошимов ва бошқа ёш ижодкорларга ёзган хатларини ҳавас ва ҳаяжон билан қайта-қайта ўқир эдик. Пайти келиб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ҳам изланувчан қаламкаш Муҳаммад Исмоилга шундай хат ёзганди:

“Қадрли Муҳаммаджон Исмоилов!

Сиз билан мен тупроғимиз бир жойдан олинган ҳамюртлармиз. Сизнинг ютуқларингиз мени қувонтиради. Ҳамиша соғ-омон бўлинг, янги ижодий ютуқлар тилайман.

Пиримқул Қодиров,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

18.10. 2007 йил”

Устоз адибнинг шу икки энлик мактуби ёш ижодкорга қанчалик қанот бахш этганини изоҳлашга ҳожат йўқ. “Уч илдиз” романи қаҳрамонларидан бири – Маҳкам асли Сирдарёлик бўлади. Пиримқул акам билан суҳбатларда гоҳо Муҳаммад Исмоилни ўша Маҳкамга ўхшатардик…

Бутун фаолияти давомида энг кўп кўплаб атоқли адиб ва шоирларнинг дуоларини олган ижодкорлардан бири – Муҳаммад Исмоилдир. У кўпинча ардоқли шоир Омон Матчон ва адиб Абдусаид Кўчимов билан маслакдош бўлиб юрарди.

Сўнгги йилларда дўстимиз Гулистон шаҳрида ташкил этилган “Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби” директори сифатида фаолият кўрсатар экан, у мазкур масканда тез-тез ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларга таниқли ёзувчи-шоирларни таклиф этар, ижод мактаби ўқувчиларни ўша устозларга, уларни эса Сирдарёга ошно этиб қўярди.

***

Тошкентда яшаб ижод қилаётган дўстлари қатор йиллар мобайнида Муҳаммад Исмоил тимсолида Сирдарё таровати-ю жозибасини қайта-қайта кашф этардик. Бир куни дўстим менга Сирдарёни тараннум этувчи мақола ё асар ёзиб беришимни таклиф этиб қолди.

1980 йилдан буён бул заминда кўрган меҳримиз ўша лаҳзаларда қайта-қайта жўш уриб, қалбда “СИРДАРЁ СЕҲРИ” сарлавҳали баллада бир зарб ила ўзи қуйилиб келди! Бу ашъорни дўстим Муҳаммад Исмоилнинг қутлуғ 60 йиллигига бахшида этаман.

 

Саксонинчи йиллар ортда,

Хотирага айланган.

Ўшал дамлар йигит-қизлар,

Парвозларга шайланган.

Талабалик – давримизни,

Қиёслаймиз олтинга.

Ўқув йили бошиданоқ,

Жўнардик «Оқ олтин»га!

Дорилфнун даргоҳида,

Билим олсак биз қанча.

Ўрганардик пахтазорда

Ҳаёт дарсин ҳам анча.

Сирдарёдек файзли замин –

Қаҳрамонлар бешиги.

Биз учун ҳам очилганди,

Бахт-иқболнинг эшиги.

Пахтазорда тобланардик,

Чарчоқ билмас онимиз.

Кечда гулхан атрофида,

Шеърдан кирар жонимиз.

Бул заминда қолгани рост,

Қанча шоир излари.

Сирожиддин Саййид ёзган,

Оташнафас сўзлари!

«Бир шоир ва уч миршаб»ни,

Тинглагандик далада.

Бошин силкиб деҳқонлар ҳам,

Деган: «Шоир бало-да!»

«Суратларга тушган қиз»га,

Ажиб ашъор битилган.

Шоир Мирзо Кенжабекдан,

Яна шеърлар кутилган.

«Ибодат» не? Ёзди охир,

Тасаввуфнинг нуридан.

Иймонлилар баҳра олди,

Ҳассос шоир дуридан.

Абдували Қутбиддинни,

Кашф этгандик ўшанда.

Тасаввурда «Раҳимахон

Кўрган гўё гўшанга…»

Аъзам Ўктам қиздирарди,

Даврага жон киргизиб.

«Халқум эмас, халқим» дея

Сўз гавҳарин юргизиб.

Ҳайдар Акбар шеъри ила,

Гўзаллик кашф этарди.

Ҳар сатрида бир манзара,

Қалбимизга етарди.

Волидахон Саидова,

Оналарни куйларди.

Сатрларин тинглаганлар,

Оқибатни ўйларди.

Сирдарёнинг сеҳри ила,

Қанча мавзу кашф этди.

Халқ оҳанги йўлларида,

Акром Эрдон шеър битди.

Толиб Носир ашъорида,

Кўринг Ватан суратин.

Буюк аждодлар руҳи-ю

Келажакнинг сийратин.

Ғаффор Расул наманганча,

Аскияни қотирар.

«Алдамчи»га алданмасдан,

Ўзин ўйга ботирар.

«Қизинг бўлса, эрга бер» деб,

Шоир Вафо Файзулло.

Тилаклари ижобат бўп,

Қизлар топди бахт, илло!

Салим Ашур сатрлари,

Дилга малҳам бўларди.

Ошиқ қалбин кашф этганда,

Ташна кўнгил тўларди.

Минҳожиддин Мирзо мудом,

Куйлар Ватан мадҳини.

Эли учун жони фидо,

Кўрдик унинг шахдини.

Маънавият, маърифат-чун,

Фидо айлар жонини.

Кашф этади миллат учун,

Миллий туйғу конини.

Муҳаммаджон Исмоилдан,

«Мукофот»ни ўргандик.

Оллоҳ берган неъматларин,

Англаб дилдан ўртандик.

Мўъжизага бой бўлганди,

Йигирманчи асримиз.

Ёш адиблар ижоди-ла,

Бойиб борди насримиз.

Собир Ўнар, Ҳаким Саттор,

Ёзди роман, қиссалар.

Дўстим Назар Эшонқул ҳам,

Қўшди тоғдек ҳиссалар.

Адиб Шодиқул Ҳамронинг,

Ҳайратга солган насри.

Тоғдек таянчидир унинг,

Адабиётдек қасри!

Ҳидоятхон эртаклари,

Эзгуликка чорларди.

Келажаги порлоқ қизнинг

Бахт қуёши порларди.

Телеюлдуз бўлиб чақнар,

Умидахон, Рўзибой,

Бобур, Неъмат, Файзуллолар,

Кўрсатувда сўзи бой!

Яна қанча замондошим,

Фурсат етмас санашга.

Адабиёт мухлислари,

Ўзлари зўр танлашга.

Тўлқинланиб ёздим мен ҳам,

Сирдарёнинг ҳавосин.

Ортимиздан келаётган,

Ўғил-қизлар навосин.

Беш ташаббус бўй кўрсатар,

Қанот бўлиб ёшларга.

Улғайганда бахт-иқболдан,

Тож кийдириб бошларга.

Тунда боқсанг осмонига,

Юлдузлари порлайди.

Гулистондек ажиб бўстон,

Бизни мудом чорлайди.

«Оқ олтин»да қолган излар,

Олтинларга айланди.

Бул заминда тобланганлар,

Парвозларга шайланди.

Қанча асар битилганди,

Сирдарёнинг сеҳридан.

Неча авлод камол топди,

Бул заминнинг меҳридан.

Халқ шоири, ёзувчиси,

Арбоб бўлиб етишди.

Бахтли авлод Сирдарёдан,

Рози бўлиб кетишди!

 

***

Отахон дорилфунун – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида олган сабоқларини оқлаган шоир Муҳаммад Исмоилнинг 20 дан ортиқ китоблари кўп минг нусхаларда чоп этилган. Кўплаб шеърлари рус, турк, тожик, қозоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қатор асарлари асосида фильмлар суратга олинган! 200 дан ортиқ шеърлари қўшиқ қилиб куйланган! Интернетдаги www.shoir.uz веб-сайтида кунда-кунора долзарб мавзуларда бадиа, мақола ва суҳбатлари ёритилаётгани унинг қанчалик етук ижодкор бўлиб етишганидан далолат.

Асаларилар қаерда қўним топса, ўша ерда бол яратавергани мисол доим изланишда бўлган Муҳаммад Исмоил ҳам анча йиллар Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти нашри – “Ижодий парвоз” газетаси бош муҳаррири сифатида бу даргоҳда чинакам ижодий муҳит, таъбир жоиз бўлса, ўзининг маҳорат мактабини яратган эди, десак муболаға бўлмайди. Бўлғуси журналистлар ана шу маҳорат мактабида ижод сирларини ўргансалар янада юксакларга парвоз қилиш учун ўзларига замин яратарди.

“Учинчи илдиз”ини ҳам ҳавас қилса арзигулик қилиб отган Муҳаммад дўстимиз умр йўлдоши Муҳаббатхон билан чинакам бахт қасрини барпо этганлар. Ёзувчилар боғидаги устоз адиблар ҳовлисидек файзли хонадонига қадам ранжида қилган кишининг баҳри-дили очилади.

Ёшлигидан табиатга ошно бўлиб ўсган йигит пойтахт шаҳарда ҳам ажиб бўстон яратиб яшаётганига ҳавас қиласан. Фарзандлари Асқаржон, Маҳфуза ва Дилафрўз ота изидан бормоқда. Жавҳарбек мактабда таълим-тарбия олмоқда. Ўғил-қизлар уйда боғ яратиш, гуллар парвариш қилишда ота-онадан ибрат олиб, меҳнатда тобланадилар.

Талабалик даврида ҳаётга учта теран илдизлар отган ижодкор дўстимиз шундай бахтга эришган экан, умрининг “экватор чизиқлари”дан ошиб, юз билан юзлашгунича Инсонийлик, Ижодкорлик, Бахту иқбол боғини бундан-да чароғон қилиб яшнатаверишига тилакдошмиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

Университети Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *