Иллатнинг илдизи бошқарувдаги нўноқликда

СССРдек давлатншг иқтисодий қудрати Ўрта Осиёликларнинг … кўп болали бўлганлиги туфайли заифлашган эмиш!..

Ахадов

Аҳоли жон бошига қанча даромад тўғри келиши ҳар бир мамлакатнинг умумий аҳволидан далолат берувчи муҳим кўрсаткичлардан ҳисобланади.

Бу кўрсаткични реал рақамларда ифода этишнинг ўзига яраша шарт, қонун-қоида ва тартиблари бор.

Уларнинг бирортаси назардан четда қолса, эътиборга олинмаса ёхуд кўр-кўрона “англашилмовчилик”ка йўл қўйилса, пировард натижа, яъни чиқарилган кўрсаткич ҳақиқатга тўғри келмайди, хато бўлади…

Москвада нашр этиладиган «Аргументы и факты» газетасининг сентябрь ойида чиққан 39-сонини варақлаб ўтириб, унда эълон қилинган «ғалати» бир фикр эътиборимни тортди.

Ҳозирги пайтга доир иқтисодиёт муаммолари ҳақида сўз юритган собиқ Иттифоқ ҳукумати бошлиғи жаноб Николай Рижков амалдорлик курсисида ўтирган кезларидаги СССР деб аталмиш мамлакат иқтисодиётидан мағрурлана туриб, «бизни Ўрта Осиё орқага тортар эди, ахир у томонларда ҳамиша болалар кўп бўлган, даромад ҳисоби эса киши бошига нисбатан олинган» деган гaп қилибди.

Бу ҳол бир қатор бошқа муаммоларни келтириб чиқарган, жумладан, ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, мамлакат таназзулга учраган эмиш.

Ана сизга «қудратли» салтанат тепасида турган нуфузли жанобнинг «кашфиёти», хулосаси!

Орадан шунча йил ўтгач топган важи!

Унинг жўнгина хулосаси шу, яъни СССРдек давлатнинг иқтисодий қудрати Ўрта Осиёликларнинг… кўп болали бўлганлиги туфайли заифлашган эмиш!..

 

Ўзбекистонликлар нима олганлар-у, қандай рўшнолик кўришган?!

 Ваҳоланки, ортдаги тарих саҳифалари холислик билан таҳлил қилинса, буткул бошқача манзара намоён бўлиши муқаррар. Лоакал Ўзбекистонни собиқ Иттифоқнинг хомашё базасига айлантириб қўйган ким эди, деган савол замирига чуқурроқ кириб кўрайлик.

Ер юзининг олтидан бир қисмини эгаллаган СССРнинг тўқимачилик саноати корхоналари учун хомашё ҳисобланган, мисқоли олтинга тенг пахта толасини ким етиштириб, ким уни Иттифоқнинг барча бурчакларига етказиб берган?!

Аччиқ-аччиқ саволни давом эттирадиган бўлсак, шунча қора меҳнат эвазига Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар нима олганлар-у, қандай рўшнолик кўришган?!

Дон, гўшт, сут маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат олгансиз, деган жавоб нақд эканлигига аминмиз.

Лекин бу маҳсулотлар Иттифоқдош республикалардан фондлар бўйича етказиб берилгани, ўша пайтдаги Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган истеъмол товарлари миқдори мамлакат бўйича энг кам бўлгани ҳам унутилганича йўқ.

 

Мантиксиз уруш касофати озмунча ўзбек оилаларига мусибат келтирдими?!

 Ана энди собиқ ҳукуматнинг собиқ бошлиғини ташвишга солган «даромад пастлиги» муаммосининг асл сабабларидан лоақал биттасига ойдинлик киритайлик.

Жаноб Рижков ҳукуматга раҳбарлик қилган вақтда иқтисодиётнинг реал секторида ўз ечимини кутиб, борган сари чигаллашиб кетаётган муаммолар қалашиб ётган эди.

Аммо мамлакат раҳбарияти барча ички молиявий муаммоларни четга суриб қўйиб, на сиёсий, на ҳуқуқий ва на ҳарбий жиҳатдан ҳеч бир асоссиз Афғонистоннинг ички можароларига тумшуғини суқди. Афғон заминидаги мантиқсиз уруш касофати озмунча ўзбек оилаларига мусибат келтирдими?!

Кўрилган жабр-жафони бирор рақам, жадвал ёки қиёслаш билан ифодалаб бўлмаслиги аниқ.

Не-не бўз йигитларимиз нима учун қўлига қурол олганининг маъносини тузукроқ англамаган ҳолда ўзга юртда қурбон бўлди. Ана шу қирғинбарот майдонларда ногиронлик қисматига дучор бўлганлар қанча?!

Афғонистондаги можаролар эса ҳали-ҳануз минтақа хавфсизлигига таҳдид солмоқда, иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлмоқда.

Ахир бюджетнинг миллион-миллион рақамлари билан ифодаланадиган маблағлари ҳарбий харажатларга совурилганини ҳеч қандай баҳоналар билан оқлаш мумкин эмас!

Оқибат нима бўлди? Оқибатда юзага келган бюджет маблағлари тақчиллигига барҳам бериш мақсадида инфляцион манбалар ишга солинди.

Ношуд ҳукумат муаммони ҳал қилиш учун алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг нархини оширишга зўр берди.

Натижада пул массаси ишлаб чиқарилаётган товарларга нисбатан илдам ўсиб, ҳаётнинг барча жабҳаларини издан чиқара бошлади.

Бу эса мамлакатда юзага келган иллатларнинг баттар авж олишига сабаб бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, «алкоголизмга қарши кураш» деган дабдаба ҳам қанчадан-қанча токзорларга кирғин келтирди, бинобарин, узумчилик билан боғлиқ саноат тармоғига мисли кўрилмаган зарар етказилди.

Кўп ўтмай қанд, шакар маҳсулотлари дўкон пештахталарида бутунлай кўринмай қолди.

Негаки, пухта ўйланмаган сиёсат жамиятда алкоголли ичимликларни хуфиёна ишлаб чиқариш каби жиноий фаолиятни келтириб чиқарган эди.

Оқибатда қанча-қанча одамлар заҳарланди, бу ҳам етмагандай наркомания, токсомания каби иллатлар урчигандан-урчиди.

Шу ўринда жаноб Рижков ҳукуматни бошқарган даврдаги қўрқинчли тушга ўхшаш яна бир «ислоҳотчилик» ҳақида гапириб ўтмоқчиман.

Мамлакатда юзага келган иқтисодий таназзулга барҳам бериш мақсадида иттифоқдош республикаларда «минтақавий хўжалик ҳисоби» жорий этиш, шу орқали барча муаммоларни ҳал қилиш ғояси илгари сурилди.

Моҳиятан олганда эса бу талвасага тушиб қолган бошқарув тизимини «ажалидан беш кун олдин ўлдириш»дан бошқа нарса эмас эди.

 

Юртбошимизнинг довюраклигидан чўчишган бўлса, ажаб эмас

 Хусусан, Фарғона водийсидаги учта вилоятни, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларини ўзаро бирлаштириб, иккита хўжалик ҳисобидаги минтақа ташкил этиш ва шу каби бошқа ишлар режалаштирилди.

Аммо бу ғоянинг амалга оширилишига ўша вақтдаги Қашқадарё вилояти обкомининг биринчи котиби Ислом Каримов қарши чиқди.

У нафақат ўзи раҳбарлик қилаётган вилоятни, балки бутун республика салоҳиятини яхши ўрганган инсон, иқтисодиёт соҳасини ҳам амалда, ҳам илмда яхши билган тажрибали мутахассис сифатида вилоятларни бирлаштириш мутлақо ўйланмаган иш ва бундан наф кўриш хомхаёл эканини, раҳбарларнинг бундай сўқирлиги ёмон оқибатларга олиб келишини дадил айта олди ва ўз сўзида қатъий турди.

Узоқни кўра билган бу инсон маҳаллий урф-одатлари, удумлари, иктисодиёти, ишлаб чиқариш соҳалари турлича бўлган вилоятларни бирлаштириш кони зарар эканлигини асосли тарзда исботлаб берди.

Марказдагилар Ислом Каримов баён қилган оқилона таҳлил, асосли хулосалардан ҳам кўпроқ унинг довюраклигидан чўчиган бўлса, ажаб эмас.

Биз бундай дадилликка неча марта гувоҳ бўлдик.

Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги орасида Ўзбекистон биринчилар қаторида ўз мустақиллигини эълон қилганида, марказ очиқчасига довдираб қолди, буни яширолмади ҳам, турли найранглар қила бошлади.

Нима эмиш, Иттифоқнинг жуда катта миқдордаги ички ва ташқи қарзларининг бир қисмини тўлашни Ўзбекистон ўз зиммасига олган эмиш.

Ана шунда муҳтарам Юртбошимиз масалани кўндаланг қўйди, яъни, майли, ҳисоб-китоб қилайлик, ким кимга қарздорлиги аниқланса, шунга кўра иш тутиш таклифини ўртага ташлади.

Бу таклиф Москвадаги даҳоларни саросимага солиб қўйди ва улар бу узоқ баҳсли жараёндан воз кечиб, Ўзбекистон билан истисно тариқасида «0» (нўл) вариантга келишилди.

Яъни, марказ Ўзбекистонга, Ўзбекистон марказга қарз эмас. Бошқа иттифоқдош республикалар гарданига эса ташқи ва ички қарзларни осиб қўйишди.

 

Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган олтин ҳисоб-китоби ҳам «юқорида» ҳал қилинган

 Ўз вақтида бу ҳолатдан жуда яхши хабардор бўлган «катта» раҳбар (ўша даврдаги собиқ иттифоқ раҳбари назарда тутилмоқда) нима жин уриб ўтмишни титкилаб қолди-ю, ундан қандай ва кимга қанақанги манфаатни кўзлаяпти?

Эҳтимол «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, собиқ СССРни қўмсаб, ҳар хил хомхаёлларга бораётгандир!?

Бир сўз билан айтганда, тушуниш қийин.

Аммо бошқа нарса бизга маълумки, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган олтин, уран, рангли металлар ва бошқа шу кабиларнинг тошу тарозиси ҳам, ҳисоб-китоби ҳам «юқорида» ҳал қилинган.

Булардан тушган валюта тушумларини эса ҳамиша «хирмонда ҳозир» бўлган марказликлар ўз билганича сарфлаганлар.

Бошқача айтганда, улар ўз хатти-ҳаракатлари билан «кўп болали» ўзбек хонадонида туғилган норасидалар ризқини талон-тарож қилаётганлигини хаёлларига ҳам келтирмаган.

Айтмоқчиманки, СССР аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган даромаднинг пастлигига асосий сабаб бизнинг минтақадаги болаларнинг кўплиги эмас, балки марказдаги ишбошиларнинг узоқни кўра билмаслиги, жамият иқтисодиётини бошқаришдаги нўноқликлар эди!

Ҳозирги кунга келадиган бўлсак, мустақил мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартирди, турмушнинг барча жабҳаларида, айниқса, ижтимоий соҳада, хусусан, таълим, маданият тизимларида юксалишга эришилди.

Ёш авлод истиқболини кўзлаб қилинган ва амалга оширилаётган ишларнинг МДҲ мамлакатларининг хеч бирида қиёси йўқ.

Муҳими, биз нимагаки эришган бўлсак, мамлакатимиз Президентининг оқилона саъй-ҳаракати, доно йўлбошчилиги шарофати ўлароқ халқимизнинг бир жон-бир тан бўлиб жипслашуви туфайли қўлга киритдик.

Буларни кам деганда, маънавий сўқир, қалбини ҳасад ўти куйдираётган одамгина кўрмаслиги, эътироф этмаслиги мумкин.

Шундай бир паллада ҳақиқатдан кўз юмиш, бир пайтлар ўзлари йўл қўйган хато ва уларнинг оқибатларини бўлар-бўлмас олди-қочди гаплар билан оқлашга, хаспўшлашга уриниш, туҳматдан, мустақил Ватанимизда эришилаётган ютуқларга нохолислик билан қарашдан ўзга нарса эмас.

 haypt karvonlari

Абдурафиқ АҲАДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, халқаро бандлик академиясининг ҳақиқий аъзоси

“Даракчи” газетасининг 2009 йил 5 ноябрь сонида чоп этилган.

You may also like...

2 Responses

  1. Кўп маълумотлародан бохабар бўлдим.Яхши ёзилган.Бу каби маълумотларни хозирги ёш авлод вакилларига етказиш хар бир онгли фуқоро олдида турган бурч.Сайтингиз мана шу бурчни аъло даражада бажармоқда.

  2. FELETON:

    cccp ўрта осиё ресурсларини қадрига етмаган ва миллий заифлиги туфайли инқирозга учради

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>