Илм оламизми ёки “тест ёдлаймиз”ми?”

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуманларда, халқ билан

мулоқотларида “Тестдан воз кечамиз!” деган мазмундаги илғор фикрларини олимлар, профессор-ўқитувчилар, умуман, барча зиёлилар мамнуният билан қабул қилдилар. Барчада бирдек, яна илмга қайтар эканмиз, деган ҳаётбахш умид пайдо бўлди.

Очиғини айтиш керак, бир пайтлар халқ муҳокамасига қўйилмай, мутахассислар фикри ўрганилмай, лоақал, маълум ҳудудда синовдан ўтказилмай туриб бутун республикамиз таълим муассасаларига жорий қилиб юборилган тест синовлари (аслида, балоси!) ўтган йигирма йил мобайнида илм-маърифат соҳасига жиддий зарар етказгани, ортиқча ташвиш келтирганидан ҳеч ким кўз юма олмайди.

Аввало тестнинг фожеаси нимада?

Биринчи галда унинг тузилиши, тартиби ва талаби ўта мантиқсиз! Тест жорий қилинган дастлабки йилларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига ҳам ўзлари ўтадиган фанлардан 100 тадан тест тузиб бериш талаб этилган. Яъни, 100 та савол ва унинг 100 та жавоби, кейин ҳар бир жавобга 3 тадан ёлғон, ўқувчини имкон қадар чалғитадиган жавоблар ёзиб чиқиш буюрилди.

100 та саволга тўғри жавобларни ёзиб чиқиш муаммо эмас, бироқ, ўқувчини алдайдиган, чалғитадиган уч карра кўп ёлғон-яшиқ “жавоб”ни ўйлаб топгунча профессор-ўқитувчиларнинг бўлари бўлганди. Шундай чалғитадиган “ялтироқ” жавоблар ёзингки, ўқувчи тўғрисини тополмай қолсин, деган қабилда топшириқлар берилган ўшанда.

Профессор-ўқитувчилар қимматли вақтини илм, тадқиқот билан шуғулланиш, китоб ўқиш ўрнига тест учун ёлғон жавоблар топишга сарфлашга мажбур бўлдилар.

Бир томондан Тест маркази ташкил этилиб, унда қанча олимлар шунақа чалғитиб ташлайдиган “жавоблар” базасини қойиллатишди.

Натижада мамлакатимиз ёшларининг илмдан узоқлашиш жараёни бошланди. Яъни, олий таълим муассасасига киришни орзу қилганлар энди китоб ўқиш ўрнига тест ёдлашга, ёлғон-яшиқ “жавоблар” ичидан ҳақиқийсини излаб-ўрганишга киришиб кетдилар. Бу эса, одамга ҳеч қанақа билим бермайди…

Натижада, ўқишни истаган ёшлар китоб мутолаа қилиш, устоздан сабоқ олиш ўрнига ёппасига тест жавобини ёдлатадиган “репитетор” излашга тушди. Замонасига яраша тестларнинг жавобини топиб олган “репитетор”лар ҳам кўпайиб кетдилар.

Илгари, яъни, тест жорий қилингунга қадар абитуриентлар ўнлаб китобларни ўқиб, анча-мунча билимга эга бўлардилар. Имтиҳонларга тайёргарлик жараёнида ёшлар кўп билимга эга бўлардилар. Ўқишга кирганлари янада билимдон, кира олмаганлари ҳам ўзига яраша тафаккур соҳибига айланиб кетардилар.

Энди-чи? Тестни қойилмақом қилиб ечиб, энг юқори баллар билан бюджетга ўқишга қабул қилинганларнинг ҳам билим даражалари паст, савияси ҳаминқадар… Шу давр мобайнида қанча талаба-ёшларимиз фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлди, деб бирёқлама ўйлайдиганлар шуни билсинларки, улар кишанланган ҳолда майдонда рақибини енгган паҳлавонларга ўхшайди. Тест балоси уларни шунақа чалғитмаганида, ортиқча бошоғриқ бўлмаганида бундан ҳам кўпроқ натижаларга эришган бўлардилар.

Ал Хоразмий, Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Обид Содиқов, Тошмуҳаммад Саримсоқов каби буюк алломаларимиз қай тариқа шу даражага эришганлар? Улар “тест балоси”ни тасаввур ҳам қилишмагандир? Агар улардан ҳам шунақа тест талаб қилинганида бу қадар аллома бўлишармиди?

Тест ҳеч қанақа билим бермаслиги, ҳатто, билим даражасини ҳам тўғри баҳолай олмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлади. Бу борада “хориж тажрибаси” деб кўр-кўрона “андоза олиш” ярамайди. Шунча илмий мактаблар яратиб, жаҳонни ҳайратга солган буюк бобокалонларимиз биз учун энг катта ҳаёт ва ибрат мактаби бўлмоғи лозим!

Муҳтарам Президентимизнинг бу борадаги танқидий фикрларини ақлирасо зиёлилар минг бора қўллаб-қувватлаётганлари боиси шунда!

Яна бир муҳим масала. Педагог-кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан асосий мақсад – уларни замонавий билимлар, янги адабиётлар, педтехнологиялар билан таништиришдан иборат бўлмоғи лозим. Минг афсуски, тест балоси бу эзгу ишни ҳам издан чиқармоқда. Малака ошириш муассасаларига дарсга кирсангиз жуда асабийлашиб ўтирган тингловчилар: “узр, бизга маъруза керакмас! Ундан кўра тест жавобини ўргатинг…” деб илтимос қиладилар. Уларга минг сермазмун маъруза ўқиганинг билан хаёли тестда, кўзи тестда, қалам тутган қўли тестда бўлади… Натижада, энг зарур, долзарб мавзулардаги маърузалар қулоғига кирмасдан, тестдан эсон-омон ўтганига шукр қилиб кетадиган бўлиб қолдилар…

Чунки, малака оширгани келган катта-ю кичик профессор-ўқитувчи ва мураббийларга қўйиладиган (юрагига ғулғула солиб айтиладиган) биринчи гап: тестдан етарли даражада балл тўплай олмасанг, куясан, кейин ёнингдан пул тўлаб, бошқатдан малака оширасан, унда ҳам тестдан ўта олмасанг, бу соҳада умуман ишлашга ҳаққинг бўлмайди…

Вақти-вақти билан ўзимиз ҳам шундай малака оширяпмиз ва бир пайтлар ўз қўлимиз билан тайёрлаб берган нақадар ялтироқ ёлғонлар ичидан рост жавобни ажрата олмай қоляпмиз… Ана, сизга натижа!

Не ҳолки, қанча дарслик, ўқув қўлланмалар яратган профессор-ўқитувчилар компьютерда саноқли дақиқалар орасида 100 та тест саволига ялтироқ ёлғонлар ичра рост жавобини топишга қийналиб, маънан мажруҳ бўлмоқда.

Коррупция ботқоғига ботган айрим амалдорлар балки шунақа тестдан ҳам ўзлари учун қандайдир манфаат топишаётгандир? Бироқ, илм-маърифат йўлида коррупцияга асло йўл қўйиб бўлмайди!

Йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида шунча тест ва уларга ёлғон-яшиқ жавоблар тайёрлашга, ўша “синов”дан ўтиш учун кўр-кўрона (тест жавобини) ёдлашга сарфланган қимматли вақтларимизни барчамиз китоб ўқиб-ўрганишга, тадқиқотлар олиб боришга сарфлаганимизда илму-маърифатда қанча ютуқларни қўлга киритган бўлардик, дея армон билан ўйлаб қоласан киши…

Муҳтарам Президентимизнинг бунақа тест балосига барҳам бериш борасида айтган сўзларигина барчада бирдек умид уйғотмоқда.

Хўш, олий таълим муассасасига қабулда қандай, малака оширган профессор-ўқитувчилардан қай тариқа имтиҳон олиш керак, деган саволга жавоб излашга ҳожат йўқ. Ахир, ўзимизда синалган энг яхши усуллар бор-ку. Шуларни озроқ такомиллаштириш кифоя.

Бу борадаги таклифларимиз:

  1. Олий таълим муассасасига қабулда 2 та имтиҳон, яъни, иншо ва оғзаки (жумладан, чет тилида ҳам) савол-жавоблар етарли бўлади. Уларни ҳаққоний, шаффоф тарзда амалга ошириш учун замонавий коммуникация технологиялари орқали кенг жамоатчиликка ошкор этилишини таъминлаш мумкин.
  2. Малака оширган профессор-ўқитувчиларни синовдан ўтказишда ҳам ёзма ва оғзаки имтиҳон ҳамда дарс бериш жараёнларини тегишли мутасаддилар томонидан кузатиб баҳолаш мақсадга мувофиқдир.

 Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари номзоди, доцент

You may also like...

2 Responses

  1. Botir:

    Тест эмас. Бу .ес.

  2. Botir:

    Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович у’к.исалар яхши бу’лар эди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>