“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 36-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (9-14 май кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 36-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (9-14 май кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

 Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Шунинг учун ҳам қачонки босқинчи ва истилочи кучлар эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, уни ўз тили ва динидан, тарихи ва маданиятидан, миллий ғуруридан жудо этишга уринган. Ўлкамиз қарамлик чангалига тушиб қолган истибдод даврларида она тилимизнинг ривожланиш имкониятлари чеклаб қўйилгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ва бошқа элат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради.

Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир.

Шу борада Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Атоий, Саккокий, Лутфий каби илму фан ва адабиёт намояндаларининг хизмати ва қолдирган мероси муҳим ўрин эгаллаганини қайд этиш жоиз.

Ўзбек адабий тили айниқса XIV-XV асрларда – Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг янги, юксак босқичига кўтарилди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат каби ўнлаб мумтоз адиб ва алломаларимизнинг ижодида она тилимизнинг луғат бойлиги, бадиий имкониятлари, унинг гўзаллиги ва нафосати янада ёрқин намоён бўлганини таъкидлаш лозим.

Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамасдан, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига, она тилимизнинг равнақ топишига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварларнинг улкан хизматларини, бу йўлда ҳақиқий ватанпарвар, юртпарвар, миллатпарвар сифатида из қолдирган зиёли инсонларнинг номларини эл-юртимиз доимо ҳурмат билан эслайди.

Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини оширишни ўзимиз учун энг устувор, узвий давом этадиган юксак мақсад деб билишимиз ва бу масаланинг аҳамияти ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур.

Бу борада 1989 йили юртимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ва ушбу ҳуқуқий норма Конституциямизда муҳрлаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, 1990 йили Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори, 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун, 1995 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу соҳада яратилган норматив-ҳуқуқий база ўзбек тили билан бирга мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўз она тилини ривожлантириш ва уни эркин қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишни кафолатлаб келаётгани алоҳида эътиборга сазовордир.

Айни шу аснода Ўзбекистонда миллий тилларни ривожлантириш учун кенг шароит яратилгани, бугунги кунда юртимизда таълим-тарбия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари етти тилда фаолият олиб бораётгани жамиятимиз ҳаётида миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада чуқур интеграциялашувини таъминлаш мақсадида чет тилларни, хусусан, инглиз тилини ўқитишнинг комплекс тизими яратилиб, амалда кенг жорий этилмоқда.

Ана шундай ишлар қаторида ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз, жамиятимизнинг маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, кўплаб луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашр этилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор берилмоқда.

Айни вақтда бу соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз даркор. Энг аввало, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш бугунги кунда ўта долзарб масалага айланмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш олдимизда муҳим вазифа бўлиб турганини қайд этиш лозим.

Ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида:

  1. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (кейинги ўринларда – Университет деб юритилади) ташкил этилсин.

Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилсин.

  1. Белгилаб қўйилсинки, Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
  2. Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ўзбек тили ва адабиётини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш;

илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш;

талаба ёшларни, ўзбек тили ва адабиётининг бой имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ватанга муҳаббат ва садоқат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга бўлган ва мустақил фикрлайдиган, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш;

ўзбек тили ва адабиёти, фольклорининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини, мумтоз ва замонавий методларини, буюк аждодларимизнинг ўзбек ва жаҳон тилшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг илмий мероси, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари, ўзбек тили ва адабиётининг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиш;

ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва йўналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш;

умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш;

она тилимизнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, унинг компьютер услубини, ўзбек тили ва дунёдаги етакчи хорижий тиллар асосида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш билан боғлиқ илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ва бу борада эришилган натижаларни амалиётга кенг татбиқ этиш.

  1. Университет фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш учун иловага мувофиқ таркибда республика комиссияси тузилсин.

Республика комиссияси (Ш.Мирзиёев)га:

Университет фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорини тайёрлаш вазифаси топширилсин.

Ушбу қарорда Университетнинг таркибий тузилмаси ва штат бирликларини тасдиқлаш, Университетни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, устав ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Университетни вақтинча жойлаштириш учун тегишли бино билан таъминлаш;

Университетни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, шу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг тугатилаётган ўзбек филологияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг раҳбар ва илмий ходимлари, профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш;

Университет олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув режалари ва дастурлар, ўқув адабиётларини тайёрлаш ва нашр этиш;

Университет учун қуриладиган ва реконструкция қилинадиган тегишли бинолар, унинг ҳудудидаги майдон ва хиёбонларни реконструкция қилиш мақсадида қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш, хусусан, бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни, истисно тариқасида, тендер савдолари ўтказмасдан танлаш, қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-қидирув ишлари билан бир вақтда олиб бориш ва уларнинг белгиланган муддатда молиялаштирилишини таъминлаш, қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишларини 2017 йилнинг 1 августига қадар якунига етказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўзда тутилсин.

  1. Университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилсин ва 1-курсга қабул кўрсаткичлари бўйича таклифлар ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этилсин.
  2. Ўзбекистон Бадиий академияси бир ой муддатда:

Университетнинг бош биноси олдидаги майдонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда ижодий танлов эълон қилсин ва уни белгиланган тартибда ўтказсин;

ҳайкални яратиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳисоб-китобини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этсин.

  1. Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мамлакатимиз ҳудудига олиб кириладиган компьютер техникаси, махсус асбоб-ускуна ва инвентарлар, истисно тариқасида, 2020 йилнинг 1 январигача божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур Фармонни кенг ёритиш тавсия этилсин.
  4. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри,

2016 йил 13 май

 

ВАТАННИ ШАРАФЛАР БУЮК ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИ

Андижонда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлида яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда катта аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

 

ИННОВАЦИЯЛАР – ИҚТИСОДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Тошкентда IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ўтказилди. Анъанавий инновацион ярмарка Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 4 мартдаги «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди. Инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий инновация тизимини ривожлантириш, юқори самарали технологияларни жорий этишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, илм-фан ҳамда техниканинг устувор йўналишларини жадал ривожлантириш мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси давлат, илм-фан, ишлаб чиқариш ва бизнеснинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини самарали бирлаштириш, инновация жараёни иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барча даражадаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ярмарка олий ўқув юртларининг илм-фан соҳасидаги инновацион салоҳияти ҳам йил сайин юксалиб бораётганини кўрсатди. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ўтказилаётган тадқиқотлар тармоқ ва корхоналарнинг муайян эҳтиёжларига хизмат қиладиган ва аҳамиятга молик кўплаб вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан ғоят муҳимдир. Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисол бўла олади.

Хусусан, ярмаркада фаол иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бундай ҳамкорлик самарасида янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қарийб 300 миллион сўмлик шартнома тузди. Олий ўқув юртининг ўқитувчи-профессорлари ва талабалари биргаликда ишлаб чиққан электрон намликни ўлчаш асбоби ва переферик кўктомирларни кўриш учун мўлжалланган мослама катта таассурот қолдирди.

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш механизмини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган илмий ҳамда инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади. Олимларимиз томонидан яратилган илғор технология ва ишланмаларнинг жорий этилиши натижасида импорт ўрнини босадиган ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда, янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси инновацион фаолият мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида муҳим омил бўлаётгани ифодасидир.

 

МЕВА-САБЗАВОТ ЭКСПОРТИ МУТТАСИЛ ОШМОҚДА

Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани янада ривожлантириш истиқболлари аниқ белгилаб берилди.

Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум етиштирилди. Сўнгги йилларда қарийб 100 минг гектарда мевали боғ ва токзорлар барпо этилди. Кейинги уч йилда 22 минг гектардан зиёд майдонда илмий асосланган интенсив боғ ташкил қилинди. Селекционерларимиз яратган иқлим шароитимизга мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева ва резавор экинлар ва узумнинг 175 нави парваришланмоқда. Бунда пахта майдонлари қисқариб, мева-сабзавот, полиз ва узум етиштиришга ихтисослашган майдонларнинг кенгайиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш ва бозорларимизга узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Бу 830 минг тоннадан зиёд мева-сабзавотни сақлаш, бозорларимизда нархнинг бир меъёрда бўлишида муҳим ўрин тутди.

Бозорларимиздан қишин-ёзин мева-сабзавот узилмайди. 2015 йилда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун БМТ томонидан мукофотланган 14 давлатдан бири бўлгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунё бозорида етакчи мавқега эга. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Россия, Словакия сингари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

2020 йилга бориб картошка етиштириш 35 фоизга, сабзавот 30, мева ва узум 21,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

 

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИ 2016 ЙИЛДА 6,5 ФОИЗГА ЎСАДИ

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг 2016 йилги ЯИМ ўсиши суръатларига оид прогнозларини 7,2 фоиздан 6,5 фоизга пасайтирди. «ЕТТБ мамлакатларида минтақавий иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида шу ҳақда сўз юритилган. Банк экспертлари тахминларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсади. Банкнинг қайд этишича, Ўзбекистон ЯИМ 2015 йилда 8 фоизга ўсган. Молия муассасаси маълумотларига кўра, прогнознинг пасайтирилишига пул ўтказмаларининг қисқариши, жаҳон бозорларидаги нархларнинг арзонлашуви ҳамда миллий тузилмалардаги муаммолар асос бўлган.

ЕТТБ 2016 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 9 фоизни ташкил этишини тахмин қилмоқда. Бу ҳолат 2017 йилда ҳам сақланиб қолади.

 

270 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК МАҲСУЛОТ ЭКСПОРТ ҚИЛИНДИ

2016 йил бошидан буён Ўзбекистон экспорт фаолиятига 583 та янги корхона жалб этилди. Улар 270 миллион доллардан ортиқ маблағда экспортни амалга оширди, экспортга 95 та янги маҳсулот турлари тақдим этилди, 20 та янги бозор нуқталарига экспорт маҳсулотлар етказиб берилди. “Ўзтадбиркорэкспорт” ташқи савдо компанияси орқали кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар 150 миллион доллардан ортиқ миқдорда маҳсулот экспортини амалга оширди.

 

АБДУЛАЗИЗ КОМИЛОВ АҚШ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

11 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ элчиси Памела Леора Спратленни қабул қилди. Суҳбат давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон-АҚШ кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

ТИВДА ЎЗБЕКИСТОН-БЕЛЬГИЯ ВАЗИРЛИКЛАРАРО СИЁСИЙ МАСЛАҲАТЛАШУВЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

2016 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Бельгия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун Ўзбекистонга Бельгия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама муносабатлар бўйича бош директори Геерт Муйлле бошчилигидаги делегация ташриф буюрган. Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, турли даражалардаги Ўзбекистон-Бельгия мунтазам мулоқоти нафақат томонларни қизиқтирган соҳалардаги алоқалар ҳолатини аниқлаш, балки халқаро ташкилотлар доирасидаги ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ривожлантириш имконини яратади. Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бельгия делегациясининг Тошкентда бўлиши чоғида Олий Мажлис ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида учрашувлар ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

 

ЎЗБЕКИСТОН ТИВДА ХИТОЙ ЭЛЧИСИ БИЛАН ИККИ ТОМОНЛАМА МУНОСАБАТЛАР ҲОЛАТИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

2016 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лижиэ билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Тошкентда бўлиб ўтадиган икки томонлама тадбирлар ҳамда ҳозирги кунда Ўзбекистон раислик қилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги учрашувлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Хитой кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИДА ГЕРМАНИЯНИНГ МАШҲУР ЖАМОАТЧИЛИК ВА СИЁСАТ АРБОБИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

2016 йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Германиянинг машҳур жамоатчилик ва сиёсат арбоби Лотар де Мезерни қабул қилди. Л. де Мезер мамлакатимизга «Бирлашган Германияда трансформацион жараёнларнинг ва Ўзбекистон янги тарихи бошланғич босқичининг 25 йиллиги» мавзусидаги экспертлар учрашувида иштирок этиш учун келди. Мазкур тадбир Тошкент шаҳрида К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ташкиллаштирилган. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда К.Аденауэр номидаги жамғарманинг икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдаги иштироки муҳокама қилинди. Л. де Мезер Ўзбекистонда бўлиши чоғидаги кўрганлари ҳақида сўзлар экан, мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришлар, архитектура ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий меросини асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар унда илиқ таассурот қолдирганини таъкидлади.

Учрашувда К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Томас Кутсе иштирок этди.

 

НУКУС ВА НАВОИЙДАН МОСКВАГА РЕЙСЛАР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 16 майдан бошлаб, Нукус шаҳридан Москвага учадиган тўғридан-тўғри рейсни йўлга қўйди. Шунингдек, Навоий шаҳридаги рейсни қайта тиклади. Рейслар ҳафтада бир кун – душанба куни А320 авиалайнерида амалга оширилади. Парвоз икки соат атрофида кечади.

 

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ДЗЮДОЧИЛАР КУЧЛИЛАР РЕЙТИНГИГА КИРИТИЛДИ

Халқаро дзюдо федерацияси Озарбайжонда бўлиб ўтган “Катта дубулға” туркумига кирувчи халқаро турнирдан сўнг спортчиларнинг янги Олимпия рейтинг жадвалини эълон қилди. Жадвалда 60 килограммгача вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев 7, Шарофиддин Лутфуллаев 11, вазни 66 килограммгача дзюдочилар ўртасида Ришод Собиров 9, 73 килограммгача вазн тоифасида Мирали Шарипов 10 ўринни эгаллаган. XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун рейтинг очколар берувчи мусобақалар 29 майга қадар давом этади. Қоидага кўра, эркаклар ўртасида рейтинг жадвалида ҳар бир вазн тоифасида 1-22 ўринларни банд этган полвонлар Олимпиада йўлланмасига эга бўлади.

 

ЎЗБЕКИСТОНЛИК БОКСЧИЛАР ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИДА УМУМЖАМОА ҲИСОБИДА ИККИНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Қозоғистонда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида учтадан олтин, кумуш ва бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Мазкур чемпионатда Осиё қитъасининг йигирмага яқин давлатидан юздан ортиқ спортчи баҳс олиб борди. Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони Билолбек Мирзараҳимов чемпионатнинг вазни 60 килограммгача чарм қўлқоп усталари беллашувида олтин медалга сазовор бўлди. Мустаҳкам ҳимоя, аниқ ва кучли зарбага эга боксчимиз финалда ҳиндистонлик Анкуш Даҳияни катта устунлик билан мағлубиятга учратди. Осиё бокс конфедерацияси веб-сайтида (boxingasia.org) ёш спортчимизнинг ғалабаси юксак баҳоланди: “Ўзбекистонлик 17 ёшли улкан иқтидор эгаси биринчи раундда ритмни етарлича яхши ҳис қилиб, бошқача тактика қўллади, бу эса беллашув охирида унга омад келтирди. Бугун Билолбек Мирзараҳимов ҳиндистонлик рақибига нисбатан юқори даражада эди ва у ўз фаолиятида яна бир олтин медални нақд қилиб қўйди”. 69 килограммгача вазндаги боксчилар ўртасида рингга чиқиб, Хитой Тайпейи, Япония ва қозоғистонлик спортчиларни енгган Улуғбек Собиров ҳам Осиё чемпиони бўлди.

Оғирлиги 81 килограммгача боксчилар баҳсида Санжар Турсунов тенгсиз эканини исботлади. У туркманистонлик Мустапа Чариевни учинчи раундда, хитойлик Маимаити Маиерданни биринчи раундда техник нокаутга учратиб, финал беллашувида ҳиндистонлик Реял Пури устидан ғалаба қозонди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 РОССИЯ ҚУРОЛЛАНИШ ПОЙГАСИГА ҚЎШИЛМАЙДИ

Россия президенти Владимир Путиннинг баёнот беришича, унинг мамлакати қуролланиш пойгасига қўшилиш ўрнига ўз режаларига аниқ амал қилади. «Ижис» тизимининг денгизда, аниқроғи, Ўрта ер денгизида жойлаштирилгани, Руминияда радиолокацион станциясининг жойланиши, бундан сўнгра Польша позицион ҳудудининг барпо этилиши, буларнинг бари халқаро хавфсизлик тизимини издан чиқарувчи ва янги қуролланиш пойгасини келтириб чиқарувчи омиллардир. Биз эса аввал ҳам айтганимиздек, бундай пойгаларга қўшилмаймиз, биз бир неча йиллар олдин ишлаб чиқилган армия ва флотимизни қайта қуроллантиришни молиялаш режасидан четга чиқмаган ҳолда аниқ ишлаймиз», — деб таъкидлаган президент. Унинг қайд этишича, Россия ўз хавфсизлигига нисбатан пайдо бўладиган таҳдидлардан келиб чиқиб, режаларига тузатишлар киритиб бориши мумкин. Бундан аввал, Владимир Путин АҚШ ракеталарга қарши мудофаа тизими мажмуасининг Руминияга жойлаштирилиши муносабати билан афсусини билдирган эди.

 

МОСКВАДАГИ ҚАБРИСТОНДА ОММАВИЙ МУШТЛАШУВ ЮЗ БЕРДИ 

Москванинг Хован қабристонидаги оммавий муштлашув бир неча кишининг ўлими ва оммавий ҳисбга олишлар билан якунланди. Терговчилар воқеа тафсилотларини ўрнатгунларича, журналистлар ким ва нима учун куппа-кундуз куни кўплаб гувоҳларнинг олдида отишма билан кечган муштлашувни содир этганини аниқлаб бўлдилар. Тўполонда тожикистонлик гастарбайтерлар ва чеченистонлик этник гуруҳ вакиллари иштирок этган. Баъзи ОАВ гувоҳларга иқтибос келтирган ҳолда гуруҳ қабристонда қора ишни бажарган тожиклардан қилинган ишлар учун олинган пуллардан фоиз талаб қилган. Тожиклар «ўлпон»ни беришни кечиктирганларида уларнинг олдига гуруҳ «каллакесарлари» келиб, улардан пулларни ундириб олиб юришган. Қабристондаги ишчилар пулни беришни бир ойга кечиктиришгандан кейин бир неча ўнлаб қуролланган кишилар келган. Қабристонда, шунингдек, кўплаб ноқонуний мухожирлар Федерал миграция хизмати текширувларидан яшириниб юришган.

«20 йилдан бери қабристонда тожиклар ишлайди. Улар қабр ковлайдилар, мавжуд қабрларга қараб юрадилар. Барча қора ишни бажарадилар. Охирги вақтда бу ерга қандайдир чеченлар келиб, бу ердаги ишчиларга босим ўтказиб, улардан ўлпон талаб қила бошлаган. Чеченлар тожиклар хизматлари учун олган пуллардан фоиз олмоқчи бўлганлар. Тожиклар чеченларга қатъиян пул беришдан бош тортганларидан кейин бу ерга қуролланган катта гуруҳ келган», деб айтди ОАВ мухбирларидан бири. Оқибатда тожиклар ва чеченлар ўртасида «деворга девор» тарзида муштлашув келиб чиққан. Чеченларда ўқ отар қуроллар бўлган, тожиклар эса арматура, бита, белкурак ва ҳаттоки супургилар билан қуролланиб олганлар. Дастлаб, муштлашувда 400 дан 500 гача одам иштирок этгани маълум қилинганди, бироқ расмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 200 атрофида бўлган. 3 киши ҳалок бўлган, яна 20 га яқин киши жароҳат олган, 50 киши махсус вазифаларни бажарувчи отряд томонидан ушланган. Кейинроқ маълум бўлишича, чеченлардан уч нафари Lada Priora машинасида полициядан қочаётганда йўлда 2 кишини уриб кетган. Оқибатда жабрдийдалар ҳалок бўлганлар. Жиноятчилар қўлга олинган, уларнинг автомобилидан 2 та тўпппонча топилган. Дастлабки сўроқда тожиклар нима учун чеченлар уларга босим ўтказишни бошлашгандан кейин бирор марта полицияга мурожаат қилмаганликлари сўралганда, улар шикоятлар ўринсиз бўларди, деб жавоб беришган, чунки жароҳатланганлардан кўпчилиги ноқонуний мухожирлар бўлган.

 SAMSUNG ЭКРАНДА СОДИР БЎЛАЁТГАН ҲОДИСАГА ҚАРАБ БУРИЛУВЧИ ТЕЛЕВИЗОРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРАДИ

Американинг савдо маркалари ва патентларни рўйхатдан ўтказиш бюроси Samsung компаниясининг патент учун аризасини чоп этди. Аризада ўйин жараёнларини кўпроқ қамраб олишга мўлжалланган телевизорни ишлаб чиқариш қайд этилган. Ҳужжатда телевизор экрандаги тезлик ва объект ҳаракатининг йўналишини бошқаришга қодирлиги қўрсатиб ўтилган. Маълумотларга кўра, экран фильм ёки ўйиндан яхшироқ таассурот олиш учун ўз эгрилигини ўзгартира олади. Бундай технологияларга пойгали видеоўйинлар энг яхши мисол бўла олади.

 

НАСА МЕРКУРИЙНИНГ БАТАФСИЛ ХАРИТАСИНИ НАМОЙИШ ЭТДИ

Американинг фазовий агентлиги НАСА Қуёш тизимидаги биринчи сайёра Меркурийнинг батафсил топографик харитаси ва шимолий қутбига оид юқори сифатли харитани намойиш қилди. НАСА томонидан тақдим этилган анимацион харитада сайёранинг энг юқори нуқталари малларанг билан бўялган, қуйироқ ҳудудлари эса қизил ва сариқ рангда. Пасттекисликлар кўк ва бинафшарангга бўялган. Сайёранинг энг юқори нуқтаси 4,48 километрни ташкил этиб, экватордан жанубда жойлашган. Энг чуқур нуқтаси эса Рахманинов ҳавзасида жойлашган бўлиб, чуқурлиги 5,38 километрдан иборат. Янги харита Меркурий рельефининг хусусиятларини тўлиқ кўриш имконини беради. Уни ишлаб чиқишда MESSENGER (MErcury Surface, Space ENvironment, GEochemistry, and Ranging) автоматик станцияси маълумотларидан фойдаланилган. Янги харита ускунанинг салкам 100 минг суратини бирлаштириш билан ҳосил қилинган. Мендельсон ҳавзасидаги шимолий қутб суратида улкан кратер зарбасини кўриш мумкин. Унинг диаметри 291 километрни ташкил этади. У лава билан тўлгани эҳтимол. Умуман, MESSENGERнинг аниқлик киритишича, авваллари сайёранинг шимолий қисми бутунлай лава билан қопланган бўлган. Унинг майдони АҚШ ҳудудининг 60 фоизини ташкил этади. Станция 4 йил давомида Меркурий юзасини, экватор ва шимолий қутб туманларини батафсил ўрганган. MESSENGERнинг сайёра атрофидаги траекторияси кучли чўзилгани сабаб, унинг жанубий қутбини ўрганишнинг имкони бўлмаган. Умуман, MESSENGER Ерга 10 терабайт маълумотларни юборган, уларнинг орасида 300 минг тасвир ҳам бор.

MESSENGER 2004 йил 3 август куни Канаверал бурни космодромидан Delta II воситасида фазога олиб чиқилган эди. Қурилма Меркурий орбитасига 2011 йил 18 мартида етиб борганди. MESSENGER 7,9 миллиард километрни ортда қолдириш учун Қуёш атрофида 15 марта айланишига тўғри келган. Шу билан бирга, Меркурий атрофида 3марта, Венера атрофида 2 ва бир марта Ер атрофида айланган. Аппарат 2015 йил апрелида ишини тўхтатган. Меркурий — Қуёш тизимининг энг митти ва енгил сайёрасидир. У Ердан деярли 20 марта енгилроқ. Аммо ўртача зичлиги Ерники кабидир. Сайёрада бир йил Ернинг 88 кунига тенг. Унинг йўлдошлари йўқ.

 

ЯПОНИЯНИНГ ДАВЛАТ ҚАРЗИ ҲАР БИР ФУҚАРО БОШИГА 76 МИНГ ДОЛЛАРДАН ТЎҒРИ КЕЛАДИ

7 йилдан буён биринчи марта Япониянинг давлат қарзи қисқарди. Бу миқдор 2015 йилги моливий йил якунига кўра (2016 йил март ойида якунланган), 1049 триллион иенни (тахминан 9,67 триллион доллар) ташкил этди. Вазирлик маълумотига кўра, ҳар бир японияликка 8,26 миллион иендан (тахминан 76 минг доллар) давлат қарзи тўғри келади. Аввалги молиявий йилда Япониянинг давлат қарзи 1053 триллион иендан (тахминан 9,7 триллион доллар) иборат бўлган. Ушбу йилда давлат қарзи кўрсаткичи пасайганига қарамасдан, мамлакатнинг давлат қарзи Япония ички ялпи маҳсулот ҳажмидан деярли икки баробар ортиқ. Бу еттилик мамлакатлари орасида энг баланд кўрсаткич ҳисобланади. Ҳукумат статистикаси бўйича, Япония аҳолиси сони 127,1 миллион кишини ташкил этади. 2014 йилнинг март ойи якунига кўра, мамлакат аҳолиси жами капитали 1707,5 триллион иендан (деярли 15,7 триллион доллар) иборат бўлди. Бу маблағнинг ярмидан ортиғи банклардаги нақд пул ҳиссасига тўғри келади.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ФАХРИМ, ЗИЁ МАСКАНИМ – МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТ

12 май – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топган кун! Шу қутлуғ сана муносабати билан университет Маданият саройида “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” деб номланган катта анжуман бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, муҳтарам Юртбошимизнинг “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасига, Миллий универитетимизга бир неча бор ташриф буюриб, бу масканда улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилишига бош-қош бўлганлари барчамизга ғурур бахш этади.

Айтиш жоизки, бу университет 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб аталган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Миллий университет ходимлари, талабалари, профессор-ўқитувчилари бугун бу олий таълим даргоҳи билан ҳақли равишда фахрланадилар. Салкам бир аср давомида минглаб аҳли илм дарғаларини тарбия этиб келаётган, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда таълим даргоҳларининг шаклланишига асос бўлган ЎзМУ шу давр орасида илм-фаннинг турли соҳаларида улкан ютуқларга эришди. Хорижда ҳам тан олинди. Математика, кимё, физика, география ва геология, биология, тарих, ўзбек тилшунослиги каби ўнлаб фанлар бўйича илмий мактаблар шакллантирилди. Халқ хўжалигининг турли соҳалари учун ўн минглаб малакали мутахассислар, илм-фан, маданият ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Марказий Осиёдаги ўнлаб илмий ташкилотлар, Фанлар академиялари, олий ўқув юртларининг шаклланишида университет асос бўлиб хизмат қилди. Бунинг замирида, албатта, тинимсиз меҳнат ва изланиш ётади.

Айни пайтда университетимиз 11 та факультетида 66 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2 та илмий тадқиқот институтлари, 1 та илмий-тадқиқот маркази, 1 та илмий марказ, 4 та ўқув-илмий комплекс, 18 та лаборатория (Функционал полимерлар кимёси, Макроциклик бирикмалар кимёси, Табиий бирикмалар кимёси, Полимерлар кимёси, Кукунсимон полимер материаллар, Мембраналар биофизикаси, Стратиграфия ва чўкинди жинслар литологияси, Магматизм ва геодинамика, Пахта генетикаси, Биотехнология, Экспериментал ва татбиқий геофизика, Фильтрация, Социологик тадқиқотлар, Компьютер лингвистикаси, Физик-химик методлар) ҳамда илмий мактаблар фаолияти самарали давом этмоқда.

Айни пайтда университетимизда 3 та ТЕМПУС, 2 та Эрасмус Мундус, 2 та илмий ҳамда 2 та хорижий олий таълим муассасалари билан икки томонлама шартномалар асосида кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда университетимиз олимлари Европа комиссиясининг янги Эрасмус+ лойиҳалари танловида қатнашиб 3 та (2 таси миллий, 1 таси минтақавий) лойиҳани қўлга киритди.

Миллий университетда халқаро талабларга мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, нуфузли олий таълим муассасалари билан илм-фан ва таълим соҳасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда университетимиз профессор-ўқитувчилари Япония, Россия, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швейцария, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Исроил ва Малайзия каби дунёнинг 35 та давлатидан 71 та хорижий олий таълим муассасалари ва илмий фондлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Дунё билан бўйлашаётган университетимиз қатор мемонрандумлар асосида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор олий таълим муассасалари билан талаба, магистрантлар алмашинуви бўйича дастурлар, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда. Миллий университетимизнинг қатор факультетларидан талаба, докторант, илмий ходим ва профессор-ўқитувчилари хорижий мамлакатларда ўқимоқда, малака оширмоқда, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва илмий амалий анжуманларда иштирок этмоқда. Халқаро академик ва илмий соҳадаги фондлар ва ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Миллий университетимизда бу йил Тил маркази ташкил этилди. Мазкур марказда талабалар-у тадқиқотчилардан тортиб педагог ходимларигача инглиз, немис, француз, рус, хитой ва бошқа тилларни мукаммал ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бир қаторда ўзбек тилини ўрганиш иштиёқида бўлган хорижликлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бу масканда мукаммал сабоқ олишлари мумкин.

 

ПРЕЗИДЕНТ АСАРЛАРИ БИЛИМДОНЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида ўтказилган “Президент асарлари билимдони” мавзуидаги эсселар танлови ғолиблари тақдирланди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари, “Аёллар қаноти” етакчилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов асарлари ёшларнинг билим ва тафаккурини бойитадиган, дунёқарашини кенгайтирадиган, ватанпарварлик ҳиссини кучайтирадиган улкан маънавий бойлик эканини таъкидлади. Танловда иштирок этиш асносида ёшлар мустақилликка эришиш йўлидаги курашлар, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар тарихи ва аҳамиятини тушуниб етмоқда. Ўз мустақил фикрига, фуқаролик позициясига эга бўлиб улғаймоқда.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент асарлари билимдони” эсселар танловига ёшларнинг қизиқиши йилдан-йилга ортиб бораётир. Бу йилги танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 1 минг 300 дан зиёд китобсевар ёш ижодий ишлари билан иштирок этди. Улар Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” асарларидан олган таассуротлари ҳақида эсселар ёзди. Танловда ҳар бир ҳудуддан ғолиб бўлган ёшлар тақдирланди. Шунингдек, “Энг яхши нотиқ”, “Энг яхши ижодий ёндашув учун”, “Энг фаол иштирокчи” каби номинацияларда ғолиб бўлган йигит-қизларга эсдалик совғалари ҳамда дипломлар топширилди.

 

САНЪАТКОР БИЛАН УЧРАШУВ

Ёш авлоднинг маънан етук бўлиб камол топишида санъатнинг ўрни беқиёс.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” шиори остида давом этаётган талаба-ёшлар фестивали доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева билан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди.

– Бугунги кунда талаба-ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, улар онги ва қалбини мафкуравий таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш долзарб масалага айланганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ,– деди Миллий университет проректори Давлатбой Жумабоев тадбирни кириш сўзи билан очар экан.– Бу ижодий учрашув ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Таниқли актёр Раъно Ярашева мамлакатимизда санъатга берилаётган эътибор соҳа ходимларига туганмас илҳом бахш этаётгани, айни пайтда улар зиммасига улкан масъулият юклаётганини таъкидлади. У санъат соҳасига кириб келиши ва бу борада эришган ютуқлари ҳақида сўзлар экан, бугунги кунда юртимизда ёш истеъдод соҳибларига яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини изоҳлаб берди.

– “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” деган сўзлар замирида оламча маъно мужассам,– деди санъаткор.– Юртимиз истиқлоли халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига беқиёс замин яратган, шу билан бир қаторда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, юрт равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган етук инсонлар бўлиб улғайиши учун кенг имкониятларни яратаётганини теран нигоҳ билан англамоқ лозим.

Жонли мулоқот тарзида ўтган ижодий учрашувда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоблар олдилар.

 

КИНОАКТЁРЛАР ТАЛАБАЛАР ДАВРАСИДА

Киномухлислар қалбидан жой олаётган актёрлар билан ижодий учрашувлар барчага олам-олам завқ бағишлайди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бундай учрашув ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Яқинда “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” шиори остида ўтказилган талаба-ёшлар фестивали доирасида бир гуруҳ таниқли киноактрисалар билан давра суҳбати ҳам жуда ҳаяжонли бўлди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар юртимиз мустақиллиги йилларида яратилган қатор фильмлар ёшлар дунёқарашини муносиб шакллантиришга хизмат қилаётганини, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашда миллий кино санъатимиз ғоят муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.

Кўпсонли мухлислари қалбидан жой олаётган киноактрисалар Гулхумор Абдуллаева, Сўғдиёна Азимова ва Ситора Олимжонова янги-янги фильмлар яратиш йўлида амалга ошираётган ишлари, бу борада эришилган ютуқлари ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида сўзлаб бердилар. Ҳаяжонли ўтган давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

«Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

17 Responses

  1. Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat O’zbek tili va adabiyoti Universitetining tashkil etilishini Istiqlol yillarida biz erishgan buyuk ishlarimiz qatoriga bemalol qo’shsak bo’ladi. Yurtboshimizning millatimizning buguni tarixi va kelajagiga qilayotgan ulkan ishlari tariximizning eng muxim gultojlaridan bo’lib qolishi muqarardir.

  2. Yangi Oliy ta’lim muassasasining ochilishi O’zbekiston aholisi uchun yaxshi yangilik bo’ldi. Sababi har qaysi mamlakatda ham ona tili va adabiyotiga e’tibor qaratilavermaydi. O’zbekistonda esa nafaqat ona tili, adabiyoti, balki jahon adabiyoti, tilshunosligida bilim beriladi. Shuning o’zi yangilikni ikki karra yaxshilaydi.

  3. Jumamurodova Muyassar:

    Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”
    Darhaqiqat, til va adabiyot har bir millatning ramzidir. Yurtimizda yangi ta’lim muassasasining ochilishi tilimiz, adabiyotimiz bo’yicha yanada keng imkoniyatlar eshigini ochadi.

  4. Yangi universitet albatta bizning ona tili va adabiyotimizning rivoji uchun juda katta imkoniyat hisoblanadi. Facebookda ba’zi odamlar O’zbekistonda ona tilining qadri yo’q deb gapirishyotuvdi. Mana bizning yurtimizda har bir narsaga alohida e’tibor qaratiladi. Har bir yangilik bizning tafakkurimizni ,dunyoqarashimizni o’stiradi.

  5. Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat O’zbek tili va adabiyoti Universitetining tashkil etilishi quvonarli hol. Ixtisoslashuvning yuzaga kelishi natijasida o`zbek tili, ayniqsa, tarjimada uchrayotgan ayrim muammolar o`z yechimini topadi. O`zbek tili va adabiyoti ustida izlanishlar olib borayotgan mutaxassislarga qaratilgan bunday e`tibor va imkoniyat o`z-o`zidan malakali kadrlarning yetishib chiqishiga ham zamin yaratadi.

  6. Sirojiddinovich Shuhrat Samariddinovich mazkur yangi universitetga rektor etib tayinlangani meni fikrimcha to’g’ri qaror bo’ldi. Chunki ustozning oldingi faoliyati 1998-2005 yillarda Samarqand chet tillari Instituti rektori lavozimida samarali ish ko’rsata olgan. Bunday tajribali raxbar men o’ylaymanki yangi oliy o’quv yurtini o’z vasifasi doirasida ma’lum bir tizimga asoslanib O’zbekistondagi O’zbek Filologiya akademiyasining yaratilishiga sababchi boladi.

  7. Biz buyuk yurt farzandlarimiz shiori ostida o’tayotgan bu kabi festivallar nafaqat Andijon yoshlari qalbida balki butun O’zbekiston yoshlari qalbida bo’lgan o’zbekning g’ururini va iftixorini uyg’otadi.

  8. Mamlakatimizda tilga bo’lgan e’tibor topbora chuqurlashib bormoqda. muhtaram yurtboshimiz tomonidan yangi Alisher Navoiy nomidagi O’zbek tili va adabiyoti universitetining ochilishi shundan darak

  9. O’zbek tiliga e’tibor yanada kuchayib borayotganini amalda guvohi bo’lmoqdamiz. Hususan, bunga yaqqol misol tariqasida joriy yilda tashkil etilayotgan O’zbek tili va adabiyoti universitetini e’tirof etishimiz mumkin. Biz o’ylaymizki amalga oshirilayotgan tadbirlar tez fursatda o’z samarasini ko’rsatadi.

  10. Darhaqiqat yurtimizda barcha sohalarda bo’lgani kabi milliy g’ururimiz bo’lgan tilimizga katta e’tibor qaratilayotgani yanada iftixorlantirdi. Bu borada olib borilayotgan islohotlar va chora tadbirlar millatimiz kelajagini yanada yuksaltirishi bizni benihoya quvontirdi. Ayniqsa bu borada O’zbek tili va adabiyoti universitetining joriy etilgani tilimizning yanada mukammallashishiga imkon yaratadi.

  11. МОСКВАДАГИ ҚАБРИСТОНДА ОММАВИЙ МУШТЛАШУВ ЮЗ БЕРДИ . Ayni mana shu voqea ham juda mudhish kechgan. Choy — chaqa pulini ham yo topib, yo topolmay yurgan, vatanidan olisda bo’lgan kishilardan yana pul talab qilishsa. Har bir narsaning o’z vaqtida qadriga yetish, uni avaylash lozim.

  12. Yurtimizda yangi til va adabiyot universiteti tashkil qilinganligi bu bizning eng kattak yutug’imiz sanaladi. Endi mana shu universitetimiz yordamida eng nodir asarlarimizni turli tillarga o’girib chet davlatlarga taqdim etishni boshlaymiz. Bu bizning eng kata yutug’imiz bo’ladi.

  13. Yangi universitet bu bizning yangi faxrimizdir. Bundan buyon tilimizga, adabiyotimizga bo’lgan e’tibor yanada kuchayadi.

  14. Yangi tashkil qilinayotgan universitet ona tilimizning yanada rivoj topishiga xizmat qiladi. O’zbek tili jahon tillari orasidan joy olishida asos vazifasini o’tashi mumkin

  15. Yurtimizda meva-sabzavotlar yetishtirish yanada kengaytirilayotgani barchamiz uchun muhimdir. Allohning nazari tushgan yurtimizda tòrt fasl óz òrnida òtadi. Mòtadil iqlim, dehqonchilik va bog’dorchilik rivojlantirish uchun zamin hozirlaydi. Shu sababli ham meva va sabzavot yetishtirishni yanada kengaytirib, chet davlatlarga eksport qilish orqali davlat byudjetini boyitish eng maqbul yóllardan biridir.

  16. Darhaqiqat, til va adabiyot har bir millatning ramzidir. Yurtimizda yangi ta’lim muassasasining ochilishi tilimiz, adabiyotimiz bo’yicha yanada keng imkoniyatlar eshigini ochadi.

Добавить комментарий для Asadbek Bobojonov Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>