Марказий сайлов комиссияси ва етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида битимлар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида икки томонлама битимлар имзоланди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатимизда самарали сайлов тизими шаклланиши баробарида, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалганини таъкидлади. Аввалги сайлов кампаниялари мобайнида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланди. Зеро, сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
Тузилган битимлар сайлов тўғрисидаги миллий қонунчилик ҳужжатлари – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини яхши йўлга қўйишга қаратилган. Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов қонунчилиги соҳасидаги олим ва экспертлар билан суҳбатлар уюштириш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланилади. Сайлов кампанияси тўғрисида хорижий мамлакатлар давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан мамлакатимиз аҳолисини доимий равишда таништириб бориш борасидаги ишлар самарали ташкил этилади.
Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолияти изчил ёритиб борилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидаларини, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, шу жумладан, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.

 ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>