Матбуотда реклама санъати

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама”

ўқув қўлланмаси асосида тайёрланди.

ж5

МАТБУОТДА РЕКЛАМА САНЪАТИ

Режа:

  1. Матба маҳсулотларини тайёрлаш.
  2. Чоп этиш жараёни.
  3. Газета реклама воситаси сифатида.
  4. Журналларнинг афзалликлари.
  5. Матбаа рекламаси.

 

Матбаа маҳсулотларини тайёрлаш

Шубҳасиз ишлаб чиқариш жараёни сифатли матбаа реклама маҳсулотини тайёрлаш билан жипс боғланган. Жуда яхши ўйланган реклама эълон матнни нотўғри танланган шрифт билан терилгани, зерикарли фотосурат билан безалгани, ёмон босма материали (формаси)дан фойдаланганлиги, фотосуратлар ёки бадиий элементлар бошқа турдаги қоғозда чоп этилгани туфайли беҳуда чиқиши мумкин. Шу боисдан реклама билан ишловчи ҳар қандай одам технологик жараён асосларини билиши зарур. Бу билим охир-натижада унинг кўпгина маблағларини тежайди ва ихлосини қайтармайди.

Янги компьютер тизимлари реклама берувчиларга қулайлик ва кенг имкониятларни бермоқда. Дизайнер графиклар ва безовчиларнинг ишларини енгиллаштириб, тезлаштирмоқда. Кенг, ранг-баранг бўёқларни танлаш имконияти ўлароқ улар анъанавий расм чизиш ва фотографиянинг ўрнини босган ҳолда рассом кўрсатмаси бўйича юқори сифатли тасвирларни бериши мумкин.

Матбаанинг айрим технологик муаммолари:

– иллюстрациялари техник нозикроқ рангда тасвирлаш,

– шрифт ўлчамларига аниқ риоя қилиш,

– иллюстрация теварагида матнни тўғри жойлаштириш,

– солиштиришнинг зарурлиги,

– тасдиқдан ўтказиш,

– такрорлаш ва барча босма материалларни аниқ белгиланган вақтда газета-журналларга жўнатиш.

Реклама эълони конструкциялаш, бадиий безаш ва матн тасдиғидан ўтгач, кейин ишлаб чиқариш директори ҳамда унинг штатдаги рассомлари ва ёрдамчиларига ўтади. Матбаа ишлаб чиқариш бўлими шрифт ўлчами ва турини танлайди, шундан сўнг матбуот учун материал тайёрлашга киришилади.

Директор мазкур лавҳада нима энг муҳим эканлигини имкон қадар тезроқ ҳал қилиши лозим; тезкорлик, сифат ёки иқтисодми? Топилган жавоб реклама тайёрлаш технологик услубини танлаш билан бевосита боғлиқдир.

Шрифтлар туркуми. Шрифтларнинг ҳар хил туркуми мавжуд. Туси жиҳатдан оч, қисман қора ва қора бўлади. Қиялиги – тўғри, қия (курсив (ёзма) унинг бир тури)га ажралади. Кенглиги – кенг, нормал ва ингичка бўлади. Асосий элементларининг тўлиқлиги жиҳатидан контурли, сояли ва штрихли турларга бўлинади.

Энг кўп тарқалган шрифтлар – Times New Roman, оддий ва янги газета гарнитураси, кесик журнал шрифти, реклама қора курсив, ярим қора Балтика.

Шрифтларга бўлган асосий талаблар:

– ишлаб чиқариш,

– иқтисодий,

– гигиеник ва бадиий.

Шрифтлар пунктларда ўлчанади:

1п= 0,376 мм.

1 дюймда 72 пункт бор.

12 пунктдан ошиқ шрифтлар реклама,

6 дан 12 пунктгача газета,

12 дан 16 гача сарлавҳа шрифтлари ҳисобланади.

Матбаа ижросини танлашда қуйидаги тўрт ҳолни ҳисобга олиш шарт: 

– ўқишлилик,

– шрифтнинг ўринлилиги,

– уйғун ташқи кўриниши,

– урғу (матн бир қисмини ажратиб кўрсатиш).

Реклама жойи бўшлиқсиз бўлиши, ортиқча тўлдириб юборилмаслиги керак. Бунинг учун сўзлар ёки ҳарфлар сони саналади. Яхшиси ҳарфларни санаган маъқул, шунда тўлдиришни аниқ хомчўт қилиш мумкин.

Матн терилиши. Илгари юқори (иссиқ) босма усули мавжуд эди. Бугунги кунда ҳам ундан баъзи туман ва шаҳар босмахоналарида фойдаланилади.

Ҳозир асосан фотонабор қўлланилади. Замонавий фотонабор машиналари ўзида компьютер технологияси, электроника ва фотография ютуқларини мужассамлаштирганлиги учун реклама материаллари ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси ҳисобланади.

Фотонаборда амалий жиҳатдан турли ўлчамдаги шрифтларнинг чегараланмаган миқдоридан фойдаланиш, материалларни юқори тезликда қайта тиклаш ва кам харажат қилган ҳолда такомиллашган сифатли тасвирга эга бўлиш мумкин.

Фотонабор машинасининг асосий вазифаси – муайян белгининг тасвирини фотопленкага кўчиришдан иборат. Фотооптик машиналар, электрон нур трубкали қурилмалар ва лазерли сканерлар энг кўп қўлланилади.

Матн набори – бу бир неча босқичдан иборат ягона жараёндир:

– матнни териш (клавиатурада, ҳарф териш цехида),

– ажратувчи белгиларни қўйиш,

– текислаш (автоматик юз беради),

– юқорида қайд этилган услуб ёрдамида шрифтларни ўрганиш,

– кўчирилган фотоматериални тузатиш,

– гранка ва корректурани ўқиш ҳамда қиёмига етказиш.

Замонавий қурилмалар ушбу тартибни биринчи босқичдан – матн теришдан тортиб, тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараённи бажариш имконини беради. Бундай қурилмаларнинг баъзилари матнни беш рассом қандай тарзда композициясини режалаштирган бўлса, худди шу тахлитда бутун саҳифа қилиб чиқариб бериши мумкин.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ривожланган мамлакатларда стол устида турадиган персонал компьютерга эга нашр тизимларидан фойдалана бошлашди. Ҳозир кўпгина реклама агентликлари ва устахоналари ихтиёрида кичик босмахоналар бор. 

Чоп этиш жараёни

Материалларни чоп этишга тайёрлаш. Ҳар қандай усул билан чоп этиш учун оргиналнинг босма формаси талаб этилади. Босма юзасини яратишда босма формаларида фотоклише тайёрлаш учун махсус жараён қўлланилади.

Клише тайёрлаш суратдан бошланади, бироқ суратга олинган тасвир негативи қоғозга эмас, балки махсус сезгир металл пластинкага туширилади. Босма формалари икки хил бўлади: штрихли (нофотографик) ва расмли (фотографияли). Штрихли-чизилган клеше ёки матнли (катта литералари) демак. Бу ерда тондан-тонга ўтиш йўқ, нусхалар афиша ҳарфлари ёки сурат сингари аниқ чиқади.

Растрли клишелар фотоаппарат, суратга олиш ёрдамида тайёрланади. Фотосурат растр орқали олинади. Растр қанчалик майда бўлса фототасвир шунча аниқ чиқади.

1 смда 24 чизиқнинг жойлашиши – бу дағал сурат бўлиб чизиқ ва нуқталар кўриниб туради. 48 чизиқлиси бор, бу нормал фото.

Яхши реклама фотосуратларнинг ҳар бир сантиметрида 72 та чизиқ бор.

Чоп этиш усули.

Чоп этишнинг 4 асосий усули бор:

  • юқори;
  • чуқур;
  • офсет;
  • трафарет.

а) Юқори босма. Барабанга маҳкамланган босма формасидан чоп этилади. Босма формаси кўзгу сингари тескари кўринишга эга, нусха олинганда тўғри тасвир тушади.

б) Чуқур босма. Чуқурлик бор-йўғи 0,1-0,2 мм.ни ташкил қилади, у бўёқ билан тўлдирилади ва тасвир қоғозга кўчади. Бўёқнинг бундай миқдори тасвир етарлича кўринадиган нусха олишни таъминлайди.

в) Офсет босма. Бугунги кунда энг тарқалган. Пластинка юзаси текис. Оралиқ ва босма юзаси пластинка сатҳига туширилган махсус таркиб туфайли ҳосил қилинади. Босма қисми бўёқни шимади. Босмайдиган қисми шиммайди. Бу ерда тасвир тўппа-тўғри, чунки тасвир босма формадан қоғозга эмас, балки оралиқ резинали валга, ундан қоғозга узатилади.

г) Трафарет босма. Алоҳида рангли рекламалар ёки полиграфия машиналарига сиғдиришнинг иложи бўлмаган катта реклама полотнолари тайёрлаш учун қўлланилади. Бунинг учун трафарет тайёрланади. Илгари у шойидан тайёрланган. Шу боисдан трафарет босмани «Шойи графикали босма» дейишган. Эндиликда трафарет андозаси махсус металлардан тайёрланади.

Содда қилиб айтганда, жараён қуйидаги кўринишга эга – валик босма сатҳи устига қўйилган трафарет узра юргизилади. Агар реклама кўп рангли бўлса, у ҳолда ҳар бир босма қисми учун алоҳида-алоҳида бир неча форма тайёрланади.

Рангли босма. Барча тартиби мос тушади. Фақат босма андозаси фарқланади. Бир хил рангли босма учун босма туридан (усулидан) қатъий назар битта андоза тайёрланади. Кўп ранг учун нечта ранг бўлса, шунча андоза тайёрланади. Ҳар бир ранг ўз андозасига эга бўлади. Ҳар бир рангнинг босма андозаси махсус ранг фильтрлари ёрдамида олинади. Ранг филтрларни (айтайлик сариқ рангли) босма андоза қоплайди, шундан сўнг у расм негативи билан ёритилади. Негатив орқали барча нур, филтр орқали эса фақат сариқ нур ўтади. Натижада босма андозасида зарур бўлган сариқ ранг муҳрланиб қолади.

Тўртта асосий ранг фойдаланилади:

  • сариқ;
  • қизил;
  • мовий;
  • қора.

Қолган ранглар ушбу рангларни қўшиш йўли билан олинади.

Масалан: яшил – бу, сариқ ва мовий рангларнинг қоришмасидир.

Битта операция мобайнида оператор керакли участкани ёритиши ёки қоронғилатиши, контрастлик рангни ўзгартириши, айрим қисмларини ёки бутун-бутун фотосуратларни олиб ташлаши мумкин. Барча жараён бир неча дақиқани олади. Сўнгги йилларда компьютер негизида иллюстрацияларни ва матнларни жойлаштириш операцияларини бошқаришга, шунингдек, электрон ретуш қилишга қодир мураккаб нашриёт тизимлари пайдо бўлади.

Газета реклама воситаси сифатида

Газетанинг ОАВ сифатидаги афзаллиги:

  1. Оммавийлиги;
  2. Жуғрофий яхлитлиги;
  3. Мавзуларнинг кенг миқёсда эканлиги;
  4. Уларни танлаб ўқиш имкони (ҳар ким ўзига нима ёқса, шуни ўқийди;
  5. Тезкорлик;
  6. Худди шу куннинг ўзида ўқилади;
  7. Ахборотнинг моддий эканлиги (айтайлик, мижоз газетани ўзи билан олиб юриши мумкин).

Жамоатчилик газета рекламасига ТВ ва радиога қараганда кўпроқ ишонади.

Газета рекламасининг афзалликлари

  1. Кенг аудиторияни қамраб олиш (реклама қамрови ва ўзига хос намойиши);
  2. Газетани кунда ўқийдиган ва муайян реклама билан қизиқувчиларнинг диққатини танлаб жалб этиш;
  3. Газеталар реклама берувчиларга анчайин ижодий эркинлик беради. Реклама ҳажми ва усулининг диққат даражаси ва хилини реклама берувчи ният қилгандек танлаш ва ўзгартириш мумкин. Газета ўзида реклама воситалари хусусиятларини уйғунлаштиради.
  4. Реклама берувчи газета ёрдамида фаол позицияни эгаллаши ва истеъмолчилар муҳитига кириши мумкин. Бу реклама компаниясини битта бозорга марказлаштириш ёки уни миллий матбуотда жойлаштиришни англатиши мумкин.
  5. Газета ахборот тарқатишнинг фаол воситаси ҳисобланади. ўқувчилар саҳифалар билан танишадилар, мақолаларни белгилаб ёки қирқиб олиб қўядилар, ҳошияларига изоҳ битадилар, газетанинг мазмунини кўздан кечирадилар, ўзларини қизиқтирган ахборотни танлайдилар. Бундай ёндошув реклама берувчилар учун амалий жиҳатдан чексиз имкониятлар очади.

Реклама воситаси сифатида газетанинг камчилиги

  1. Танлашнинг чегараланганлиги. Танлаш имконияти бор.лекин етарли эмас, чунки аксарият газеталар турли даражадаги муштарийлар гуруҳини қамраб олади. Кенг кўламли бу гуруҳларнинг манфаати ва эҳтиёжлари реклама берувчиларнинг бозор бўғинига нисбатан мақсадлари билан ҳамиша мос тушавермайди.
  2. Газета эълонининг нисбатан кам «умр» кўриши.
  3. Газета ижроси репродукция сифатидан анча ғариб.
  4. Битта газетада турли рекламалар рақобати.
  5. Газеталар аудиториясини қамраб олиш бўйича бир-бирини қоплаб кетадилар. Одатда аҳоли бир эмас, икки ва ундан ортиқ газеталарни ўқийди. Реклама берувчи айнан у аудиторияга таъсир қилганига қатъий ишонч ҳосил қилолмайди.

Газета туркумлари қуйидагича:

а) етказиб берилишига қараб кундалик ва ҳафталик;

б) ҳажми бўйича – А-2, А-3, А-4:

в) ихтисослашган нашрлар (мулкдорлар, солиқчилар, МВД, болалар, аёллар, қариялар учун ва ҳ.к.).

Газета рекламасининг турлари

  1. Иллюстрацияли реклама. У миллий ва маҳаллийга фарқланади. Ҳамма ерда жойлаштирилиши, оқ-қора ёки рангли вариантда тайёрланиши мумкин.
  2. Туркумли реклама. Бу эълонлар. У ҳар ҳандай товар хизматини ва ҳар қандай турнинг имкониятларини намойиш этади. Бундай эълонлар, одатда сарлавҳачалар остида товар кўриниш ёки истеъмол хусусияти баён этилиб, сарлавҳачалар асосида колонкаларга гуруҳланади. Масалан, киши ўзига керак бўлган эълонни рекламанинг тегишли бўлимидан топиб ўқийди.
  3. Жамоавий ва хусусий эълонлар. Бу турли мазмундаги эълонлар Масалан, хусусий шахслар, ташкилотларнинг ҳисоботлари ва танишув эълонлари ва ҳ.к.
  4. Рекламали вставкалар (киритмалар). Улар газетада алоҳида бетга жойлаштирилади. Бундай вставкалар кичик ҳажмли, бутунлай бошқа жойда чоп этилган бўлиши мумкин. 

Газета рекламасининг тўлови

  1. Стандарт ставкалар ва чегирмалар. Кўпгина миллий газеталар стандарт ставкалар ундиришади, бу уларда чегирмалар йўқлигини англатади. Бир реклама битта номерда бир неча марта эълон қилинганида ёки маҳаллий нашрларда чоп этилганида чегирмалар берилади.
  2. Кесилган ставка. У реклама берувчи томонидан газетага, агар шартнома тузилган бўлиб, бироқ реклама тақдим этилмаган тақдирда тўланади. Масалан, шартнома бир ой муддатга тузилиб, реклама фақат икки ҳафтага белгиланади, қолган икки ҳафта реклама берувчи кесилган (камайтирилган) ставка бўйича ҳақ тўлайди.
  3. Аралаш ставкалар. Бу бир нашрнинг иккита газетасида («Халқ сўзи»-«Народное слово», «Тошкент оқшоми»-«Вечерний Ташкент») эълон қилинган реклама учун.
  4. Жой ҳисобга олинмаган ставка. Таҳририят ўзи маъқул кўрган саҳифаларга жойлаштиради.
  5. Имтиёзли жойлаштириш ставкаси. У бошқа турларга қараганда қимматроқ, чунки жой ва саҳифани буюртмачи танлайди, реклама умумий қийматига қўшимча 10 фоиздан 50 фоизгача ҳақ тўлайди.
  6. Рангли реклама. Анча самарали илова саҳифалар қилиш мумкин.
  7. Алоҳида реклама. Бу айни бир товар ҳақида айни бир ёки бошқа газеталарда айни бир пайтда бир хил ҳажмдаги икки алоҳида рекламадир.

Журналлар афзалликлари

  1. Ўқиш қулайлиги, кучли дифференциаллик. Бунинг устига керакли бичимини таҳририят вставкаларини танлаш мумкин:
  2. Журналнинг ранглар гаммаси бойроқ;
  3. Журнал доимий аудиторияга эга;
  4. Нуфузли журналларни танлаш мумкин;
  5. Мақсадли аудитория бўлгани учун журнал рекламасининг юқори рентабеллиги.

Журналларнинг камчилиги

  1. Тезкорликнинг йўқлиги;
  2. Торроқ аудитория қамралганлиги;
  3. Реклама тайёрлаш муддатининг узунлиги;
  4. Рақобат рекламанинг мавжудлиги;
  5. Жуда қиммат эканлиги;

Журналнинг алоҳида техник имкониятлари:

а) Қоғоз сифати;

б) Шрифтлар сифати;

в) Журналда рекламали журнал (қўш саҳифа, илова саҳифа).

Журналлар қуйидагиларга қараб туркумларга ажратилади:

  1. мазмуни (мавзуси);
  2. жуғрофияси;
  3. бичими.

Журналда реклама жойини қандай қилиб сотиб олиш мумкин?

Жой аудиториясига қараб танланади. Журнал аудиторияси бир неча омилга қараб белгиланади. Бирламчи ва иккиламчи ўқувчилар доираси; обуна ҳажми, чакана савдода сотилиши.

Тиражи. Адади бирламчи доира. Ўқилган журнал бошқаларга берилиши мумкин, бу иккинчи доирани ташкил қилади.

Кўпинча журнал тақдири боғлиқ бўлган ва сотиш миқдорига таъсир кўрсата оладиган шахсларга журнал бепул жўнатилади.

Журналда мақсадли реклама варақлари

  1. Ставка. Тариф сеткасидан келиб чиқиб тўланади. Чегирма реклама ҳажми ва неча марта жойлаштирилишига боғлиқ.
  2. Рангли реклама оқ-қорага қараганда 25-60 фоиз қиммат.
  3. Алоҳида жойлаштириш муқовада илова саҳифаларда ёки саҳифа четига жойлаштиришдан 15-фоиздан 3-5 бараваргача қиммат.

Журналлар кўрсатадиган хизматлар:

а) реклама берувчиларга ва уларнинг мижозларига почта орқали билдирги жўнатиш;

б) реклама қилинадиган товарлар сотиладиган дўконлар рекламаси;

в) маркетинг хизмати (дўкон, телефон);

г) каталог ва рисолалар олиш бўйича карточкалар тарқатиш:

д) брокерлик хизмати бўйича ахборот.

Матбаа рекламаси

Самарадорлиги бўйича 12 тавсия:

  • Матнлар ва суратларни жойлаштириш учун мураккаб режалардан фойдаланиш ярамайди. Бир неча майда суратдан кўра яхлит бир катта сурат яхши қабул қилинади.
  • Фотосуратлар сўзлар билан изоҳланиши зарур. Фотосурат тагидан изоҳлар матнга нисбатан икки марта кўп ўқилиши аниқланган. Фотоизоҳнинг ўзи реклама шиорига айланиши мумкин.
  • Узун рекламалардан чўчиманг. Нафақат сарлавҳа балки реклама матни билан танишган кишилар товарингизни потенциал истеъмолчилари ҳисобланишади.

Агар қимматли товарларни, автомобиль ёки туристик саёҳатларни, саноат маҳсулотларини реклама қилсангиз, потенциал харидорлар муфассал реклама берадиган ахборотдан манфаатдор бўладилар.

  • Мазмунида инкорлик бўлган сарлавҳалардан қочинг. Кишилар грамматик инкорларни ҳам эслаб қоладилар. Товарингизнинг ижобий томонларини кўрсатинг. Ҳис-туйғуси чиройли сўзлардан фаолроқ фойдаланинг.
  • Узун сарлавҳалардан қўрқманг. Сарлавҳалар ҳамиша диққатни жалб қилади.
  • Эътиборни тортиш воситаларни қидиринг. Сарлавҳадан сўнг диққатни жалб қилувчи энг ишончли восита – бу ёрқин ва қизиқарли фотосуратдир.
  • Фотосуратлар расмдан афзал. Тадқиқотлар кишилар расмларга қараганда фотосуратларни 26 фоиз кўпроқ эслаб қолишларини кўрсатади.
  • Сизнинг рекламангиз таҳририят материаллари билан ёнма-ён туришига эришинг.
  • Ягона реклама шаклини ишлаб чиқинг. Барча рекламалар учун ягона босма шаклининг ишланиши таниб олишни икки баробар оширади. Ягона шакл ўқувчига сизнинг эълонингиз бир неча майда фирмаларда эмас, йирик корпорация томонидан берилаётганини англашга ёрдам беради.
  • Товарингизни фойдаланишгача ва фойдалангандан сўнг ҳолатини акс эттирувчи фотосуратлар энг яхши реклама ҳисобланади. Имкони бўлса визуал контакдан фойдаланинг.
  • Тескари қияли шрифтдан фойдаланманг. Бу матнни ўқишни қийинлаштиради. Иллюстрациялар изоҳининг шрифтини майда қилиб юборманг.
  • Давоми бўлишини талаб этмайдиган рекламани яратинг. Реклама шиори сарлавҳада акс этиши керак. Ўзингизни кўпгина сабабларга кўра реклама эълоннинг ҳаммаси билан таниша оладиган ўқувчи ўрнига қўйиб кўринг. Рекламани шундай яратингки, ўқувчи ўз нигоҳини фақат унга қаратадиган бўлсин.

ж4

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>