Матбуотимиз келажаги кимларга ва нималарга боғлиқ?

Бир қарашда журналистикадан ҳам қизиқарли соҳа бўлмаса керак.

Ёзганларинг пешма-пеш чиқиб турса, кўча-кўйда сени танишса, ҳавас қилишса, бунга не етсин. Мамлакатни кезиб юрасан, хорижга чиқасан, янгиликларни биринчи бўлиб эшитасан, муҳим воқеаларга гувоҳ бўласан. Машҳур кишилар суҳбатдошинг бўлади. Мақоланг жамоатчилик фикрини қозониб, қўлма-қўл бўлиб ўқилганида салкам қаҳрамонга айланасан.

Бугун хорижга хизмат сафари, нуфузли халқаро анжуманларда қатнашиш,   катта минбарларда эмин-эркин фикр айтиш оддий воқеа бўлиб қолди. Айни шу ҳолат кўплаб ёшларни журналистикага оҳанрабодай тортиб келаётир. Бу касбни ихтиёр этаётганлар кўпайиб бораётганининг боиси ҳам шу. Аммо…

Журналистика бир ҳамла билан забт этиладиган фусункор тепалик эмас. У бошқа кўп соҳалар каби заҳматли меҳнатни талаб этади. Бу заҳмат бир умр давом этади. Ҳаётнинг завқли дамлари қоғозу қалам ихтиёрига ўтади.

Замон ўзгаргани сари матбуот олдида янги вазифалар пайдо бўлаверади. Газетхон аталмиш ҳар янги авлод сендан рост сўзни, воқеа-ҳодисаларнинг таъсирчан, ишонарли талқинини, ошкоралик ва холисликни кутади. Ҳар бир қаламкашнинг ўз ифода усули, жумла тузиш маҳорати, ҳаётий реалликни борлиғича қоғозга тушириш маҳорати бўлиши керак. Фақат маҳорат эмас, қатъият ва журъат ҳам талаб этилади. Буларсиз ёзганларингга наинки газетхонни, ўзингни ҳам ишонтира олмайсан.

Газетанинг ҳар бир сонида ўқувчи учун янги сўз айтиш, газетхон онг-шуурига таъсир ўтказиш, кўнглида   маълум фикрлар уйғота олиш осон иш эмас. Чунки у ҳам, худди сен каби, дунёни кузатиб турибди, шу безовта дунё ичида, қувончу муаммоларга, ихтиро-ю хатоликларга гувоҳ бўлиб яшамоқда. Шўролар замонида газетанинг ҳар айтган сўзи ҳақиқатга менгзаларди. Газетада чиқдими, бас, бошқача фикрга ўрин қолмасди.

Бугунги матбуот одамлар тақдирини ҳал этишдек ҳукмфармонлик функциясидан халос бўлди. Энди у жамоатчиликнинг эркин минбари. Унда иккинчи, учинчи томоннинг ҳам фикри, нуқтаи назари бўлиши талаб этилади. Бугунги   танқид, аввалгидек, даҳшатли жазо қуроли ҳам эмас. Газетанинг ҳар бир сони ижодий жамоанинг заҳматли меҳнати, изланишлари эвазига тайёрланади. Чинакам газетачи ҳеч қачон ўз ишидан қаноат ҳосил қилмайди. Кеча, ўтган куни ёзгани бугун ўзига ёқмай қолади. Янада яхши, пухта ва таъсирчан ёзишга ҳаракат қилади. Фидойи мухбир эрта-ю кеч янги фикр, янги қаҳрамон қидиради, қаерда бир нима “йилт” этса, шу ерда ҳозир бўлади. Сўз эркинлиги, фикрнинг уйғоқлиги, мавзулар кўламининг кенгаяётгани, жамиятнинг танқидга муносабати оғриқ билан бўлса-да, ўзгараётгани, давлатимиз раҳбарининг ижодкорларга кўрсатаётган ғамхўрлиги қалам аҳлига янгича илҳом бахш этмоқда.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетида беш йил сабоқ олганмиз. Ғайбулла ас-Салом, Ботирхон Акрамов, Очил Тоғаев, Сайёра Нажмиддинова, Нажмиддин Комилов, Сайди Умиров, Тоҳир Пидаев, Мухтор Худойқулов, Бойбўта Дўстқораевнинг ҳар бир дарси таъсирчанлиги билан хотирамизга нақшланиб қолган. Университет биз учун шу қадар қадрдон бўлиб қолган эдики, ҳар янги ўқув йили бошланишида қадрдон аудиторияларимизни қўмсаб, биринчи босқич талабаларига қўшилиб, дарс тинг­лагани борардик.

У пайтлари пойтахтда бор-йўғи уч-тўртта газета чиқар, уларда мақола ёки хабар эълон қилиш лотерея ўйнаб, ютуққа эришишдек машаққатли эди. Курсдошларимиздан бирининг қисқа ахбороти ўша йиллари машҳурлик чўққисига кўтарилган, бугун тақа-тақ тўхтаб ётган “Тошкент оқшоми”да босилганида, муаллиф киос­кадан 20 дона газета сотиб олиб, бизларга “Бу ютуғим сизларга ҳам насиб қилсин”, деган дастхат билан совға қилганди.

Бугун газеталарда мақола чиқариш нима бўлибди?! Бир газетадан қайтган мақола иккинчи ёки учинчисида, албатта босилади. Инжиқ муҳаррирлар талаб қилганидек, мақолани қайта ишлаш, имлосини тўғрилаш, фактларини бойитиш, жумлаларини тузатиш шарт ҳам эмас. Одамлар газета-журналлардаги, кўча эълонлари ва расмий ёзишмалардаги ғиж-ғиж хатоликларга “кўникиб” кетишди.

Факультетни 1972-1976 йиллари тамомлаган талабалар орасидан кўплаб иқтидорли журналистлар, шоир ва ёзувчилар, ношир ва бош­­қа касб эгалари етишиб чиқди. Эркин Аъзамов, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Номоз Саъдуллаев, Муҳаммаджон Обидов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Икром Отамуродов, Шарифа Салимова, Аҳмаджон Тошхўжаев, Муҳаммаджон Азимов, Раҳматилла Шералиев… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Вилоят ва туманларда ҳаётини журналистикага бағишлаган ҳамкасбларимиз сон-саноқсиз. Тўғри, бугун ҳам битирувчи ёшлар орасида салоҳиятли ёшлар бор. Аммо муҳтарам ўқувчи эътиборини муҳим бир ҳолатга қаратмоқчиман: етмишинчи йиллардаги ўқув жараёни билан бугунги ўқув жараёнини ёнма-ён қўйиб бўлмайди. Бизнинг асосий вақтимиз “КПСС тарихи”, “Партия-совет матбуоти тарихи”, “Марксизм-ленинизм асослари”, “Диалектик материализм”, “Тарихий материализм” каби сиёсий фанларни ўқиш, большавойларнинг “Искра” газетаси материалларини ўрганиш билан ўтган. Шунда ҳам касбимизга бўлган ҳурматимиз сўнмаган. Бошқа бир жиҳати – факультетга ҳужжат қабул қилишда асосий эътибор абитуриентда ижодкорликка мойиллик, танлаётган касби хусусида тушунча, қўлида қалами борми-йўқми – шу каби жиҳатларга қаратиларди. Туман, шаҳар, вилоят газеталарида мақолалари чоп этилган, жойлардаги ёш мухбирлар тўгаракларида қатнаш­ган, жумла, диалог тузиш маҳоратини эгаллаган, нутқи бийронларнинг баҳолари бироз кўтариларди. Бундан-да муҳими, таҳририятлар истеъдодли ёшларга журналистика факультетига ўқишга кириш учун йўлланма берар, ўқишни битиргач, уни ишга қабул қилиш кафолатини ҳам тасдиқлашарди. Бу, бугунги ибора билан айтганда – ижтимоий буюртма эди. Кейинчалик абитуриентлардан ижодий ишларини талаб қилиш тажрибаси бекор қилинди. Хорижий давлатларда бўлажак талабанинг муайян соҳага қизиқишига қараб, унга тавсия берилади. Бизда эса танлаган соҳаси ҳақида ҳеч қандай тасаввури йўқ, умрида дуруст­роқ баён ёки иншо ёзмаган, газетани журналдан фарқлай олмайдиганлар ҳам тест саволларини ёдлаб талаба бўлиши мумкин. Келажакда ундан яхши журналист чиқишига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ёшларда журналистикага қизиқиш турлича кечади. Авваллари мактабларда турли мавзуларда иншо, воқеа-ҳодисалар хусусида баён ёзиш қатъий одат эди. Бу билан ўқувчиларнинг хотирасини мустаҳкамлаш, имло саводини яхшилашга эришиларди. Она тили, адабиёт ўқитувчилари энг яхши ишларни мактаб деворий газетасига, ундан кейин туман ёки шаҳар матбуотига тавсия қилишарди. Жуда кўп касбдошларимиз соҳага айни шундай кириб келишган.

Бугун мамлакат олий таълимида реал натижага эришиш, ёшларни мустақил фикрлайдиган, мушоҳадали қилиб тарбиялашга жиддий эътибор берилмоқда. Бунга эришиш учун ўқув жараёнини қайта кўриб чиқиш, уни жаҳоний андозалар билан бирга миллий тажрибаларга ҳам мослаштириш зарур. Президент Шавкат Мирзиёев Олий ўқув юртларига ижодий-ташкилий эркинлик бериш вазифасини қўймоқда.

Ижодий-ташкилий эркинлик нима? Буни журналистика йўналишида кўриб чиқайлик. Ҳозир амалда бўлган талабларга кўра, ҳар ўқув йили бошланиши арафасида ўқитувчилардан икки семестр давомида ўзи сабоқ берадиган фан бўйича маърузалар матни, амалий машғулотларнинг мавзулари, талабаларга бериладиган саволлар ёзма равишда талаб этилади. Режали иш юритишнинг ёмон жойи йўқ, албатта. Аммо бундай талаб кўпроқ аниқ фанларга мос келади. Ижодий йўналишларда, жумладан, журналистикада матбуотнинг асосий принциплари – холислик, ҳаққонийлик ва тезкорлик сақланиб қолгани ҳолда, аниқ фанларга хос йиллар давомида ўзгармайдиган теорема ёки формулалар йўқ. Матбуот жамиятнинг эркин минбари экан, демак, жамият қандай бўлса, унинг матбуоти ҳам шундай бўлади. Жамият олдида турган бирламчи вазифалар матбуотнинг ҳам вазифаси ҳисобланади. Жамиятнинг бир босқичдан иккинчи босқичга ўтиши, ҳар янги йил учун махсус давлат дастурларининг қабул қилиниши, ОАВ олдига янги вазифалар қўяди. Чунончи, бугун Ўзбекистонда Учинчи Уйғониш фаслининг маънавий-маърифий асос­лари яратилаётган экан, матбуот бу жараённинг қоқ марказида турмоғи шарт.

Кўринадики, журналистикада миллий ривож­ланишнинг муҳим бурилиш нуқталарини аввалдан режалаштириш қийин. Шундай бўлса-да, жамият билан бақамти қадам ташлаш, журналис­тик кузатув ва амалий таҳлилларда бир қадам олдинда бўлиш, ютуқлар билан бирга, йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни таҳлилга тортиш, тўғри ва адолатли ечим йўлларини таклиф этиш касбимиз учун шарафли бир ишдир.

Матбуотнинг муҳим хусусияти – ҳозиржавоблик. Бугунги гапни бугун айтиш керак, воқеа­ ҳодисалар ривожини олдиндан сеза билиш ва шунга мос қалам тебратиш зарур. Журналистика шу билангина кифояланмайди, унинг жанговар публицистик қуроли жамиятни, давлат бошқарувини, таълим-тарбия ва бошқа соҳа мутасаддиларини огоҳлик ва сезгирликка даъват этади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Орол денгизи ўтган асрнинг иккинчи ярми бошларида қурий бошлади. Буни мелиорация ва сув хўжалиги мутасаддиларидан аввал журналистлар сезишди ва бонг уришди. Афсуски, собиқ иттифоқнинг тегишли идоралари бу куюнчак ҳайқириқни эшитмади.

Бир вақтлар ўзим таҳсил олган факультетда йигирма йилдан бери бўлажак ҳамкасбларимизга сабоқ берар эканман, талабалар билан ишлаш, уларнинг ижодий қобилиятларини мус­таҳкамлаш, кузатувчанликка, баҳс-мунозара олиб боришга ўргатишда қачонлардир тасдиқланган эски “қолип”лардан эмас, янги-янги замонавий усуллардан фойдаланиш яхши самара беришига ишонч ҳосил қилдим. Ҳар бир семестрда талабалар оралиқ, жорий ва якуний назорат иши ёзишади. Саволларни фан ўқитувчиси тузади, кафедра тасдиқлайди. Бунинг хато жойи йўқ. Аммо кўп ҳолларда саволлар қуруқ наза­риядан иборат бўлиб қолади. Талабаларнинг ҳаммаси эртага назариётчи олим бўлиб етишмайди, шу боис, бундай саволларга жавоб ёзишда мушкуллик келиб чиқади. Натижада талабаларнинг “ихтиро”чилиги ишга тушиб, дарсликлардаги тайёр фикрлар қоғозга тушади. Бундай ишларни баҳолаш қийин. Чунки уларда талабанинг шахсий фикри йўқ. Шу боис, назорат ишлари саволларини ижодийлаштириш тарафдориман. Фақат шу эмас, факультетдаги дарс машғулотларининг кўпи ижодий шаклда, амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўтказилиши керак.

Ҳар ўқув йилининг якунланишида битирувчи босқич талабалари билан ижодий суҳбат ўтказаман. Бўлажак ҳамкасбларимизнинг бундан тўрт йил аввалги ва бугунги ўй-фикрларига қизиқаман. Журналист кадрлар тайёрлашни яхшилашга доир таклифларини билмоқчи бўламан. Шу мавзуда ёзма   топшириқ бераман. Бу йил ҳам шу анъанани давом эттирдим. Бундан уч-тўрт йил аввалги битирувчиларнинг фикри бугунги фикрлардан кескин фарқ қилади. Авваллари “Нега журналистикани танлагансиз?” деган саволга: “Бошқа ўқув юртларига киролмаганим учун”, “Ҳар куни янги либос киядиган сухандонларга ҳавас қилиб”, “Ота-онамнинг хоҳишига кўра”, деган жавоблар кўп учрарди. Бугунги жавобларда маълум ижтимоий фаоллик, масъулият, матбуотимизнинг мавқеи билан боғлиқ жиддий куюнчаклик бор. Уларнинг айримларига эътибор беринг:

– факультетга қабул қилишда ижодкорликка мойил, қўлида қалами бор, матбуотда хат-хабарлари билан кўриниб турадиган ёшларга алоҳида эътибор бериш керак;

– факультетнинг аввалги мақомини тиклаш зарур;

– талабаларни қизиқиш йўналишларига қараб, кичик “Устоз-шогирд” гуруҳларига ажратиб ўқитиш яхши самара беради;

– илмий-педагогик жамоани тажрибали амалиётчилар билан бойитиш ҳисобига янги қон томирлари пайдо қилиш керак;

– ортиқча, такрор ва зарур бўлмаган фанларни қисқартиришни таклиф қиламан. Журналистикада асосан журналистика ўқитилиши керак;

– ўқув жараёни ўттиз фоиз назария, етмиш фоиз амалиётдан иборат бўлса яхши;

– факультетда миллий ва хорижий нашрлар тарихига оид илмий-ахборий база бўлиши мақсадга мувофиқ;

– баъзи устозларнинг устозлик маҳорати бугунги талабларга жавоб бермайди;

– оралиқ, жорий ва якуний назорат ишлари саволларида эркин ижодий мавзулар кўпайиши керак;

– талаба дарсга мажбуран эмас, ниманидир ўрганиш учун келсин;

– ижодкор талабаларни рағбатлантиришни йўлга қўйиш керак. Ўқув жараёнида газета-журналларда, ижтимоий тармоқларда таҳлилий мақола, суҳбат, лавҳа эълон қилаётган талабаларга, телекўрсатув, радиоэшиттириш муаллифларига маълум рейтинг берилса айни муддао бўлар эди;

– факультетда ўқув газетаси, босмахона, радио ва телестудия бўлиши шарт. Шундай имконият яратилса, амалиётнинг маълум қисмини   ўқув юртининг ўзида ўтказиш мумкин бўлади.

Кўриниб турибдики, битирувчи талабаларнинг таклифлари ҳар жиҳатдан   ўринли. Уларни ҳисобга олиш, ўқув жараёнини ташкил этишда касбимизнинг ижодий хусусиятини эътиборда тутиш, қабул қоидаларини ижодийлаштириш миллий матбуотимиз сўзининг жамоатчилик фик­рига таъсири эртага қандай бўлишига боғлиқлигини унутмаслигимиз керак.

Аҳмаджон Мелибоев

https://uzhurriyat.uz/2021/02/17/matbuotimiz-kelajagi-kimlarga-va-nimalarga-bogliq/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>