Мафтункор мамлакат меҳри (Maftunkor mamlakat mehri)

Элимизда, бир кўрган – таниш, икки кўрган – билиш, учинчи бор – қариндош,

деган ҳикмат бежиз айтилмаган. 2014 йил ёзида илк бор Туркияга ижодий сафарга отланганимда ҳаяжонимнинг чеки бўлмаган. Наҳот, ёшлигимда (собиқ мустабид тузум даврида) фақат ёмонотлиқ қилиб эшитганимиз – Туркияни ўз кўзим билан кўрсам!..

Ўшанда таассуротларим бир олам бўлган ва илҳом билан ёзган мақоламга юртимизда фаолият кўрсатаётган Туркия элчихонаси масъул ходими Исмоил Козан шундай баҳо берган: “Туркия ҳақида энг узун мақола ёзган муаллиф”.

Шундан сўнг давраларда Исмоил афандимиз мени “Туркия ҳақида энг узун мақола ёзган муаллиф”, таниқли журналист Шарофиддин Тўлагановни “Туркия ҳақида энг кўп мақола ёзган муаллиф” деб таърифлайдиган бўлганди.

Ўзи, мўъжизакор мамлакат – Туркия ҳақида ҳарқанча узун ёки кўп мақола ёзсанг арзийди. Бу ернинг таровати, манзаралари, тараққиёти ҳақида ёзган сари ёзгинг келаверади.

Ўтган йили июль ойида Анқарада бўлиб ўтган бир ҳафталик медиатур ҳақида ҳам иштиёқ билан ёзган мақолам мухлисларимизда анча-мунча қизиқиш уйғотган бўлса ажабмас.

тк тк1тк3тк5

2018 йил 13-19 июль кунлари Туркия Ахборот агентлиги таклифига биноан бу йилги тадбирда иштирок этиш учун Туркияга таклиф этилган 20 га яқин давлатлар орасида ўзбекистонлик журналистларнинг ҳам ўзларига яраша ўрнилари борлиги қувонарли ҳол. www.vodiymediya.uz сайти раҳбари Дилмурод Жумабоев турк тилида ҳам хабарлар ёритиб бормоқда. Туркияликлар Ўзбекистон билан боғлиқ муҳим хабарларни ўз она тилларида Дилмуроднинг таржимаси орқали бемалол ўқишлари мумкин. “Зўр” телеканали ходимлари Гаянэ Матевосян ва Жобир Абдунодиров Туркия сафарига бағишлаб телелавҳалар тайёрлашга киришиб кетдилар. www.kun.uz сайти етакчилари Махсуд Асқаров, Умид Шермуҳаммедов ва www.qalampir.uz сайти раҳбари Қамариддин Шайхов янги лойиҳалар устида ишлаётганларига ҳавас қилса арзийди. ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев ҳар бир воқелик ва турфа манзараларни ҳозиржавоблик билан тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда ёритишга киришиб кетди. Журналист Абдувоҳид Очилов радиорепортаж тайёрлаш билан бир қаторда салмоқли мақолалар ёзарди. Ижодий гуруҳимизнинг бошқа аъзолари ҳам Турк дунёсини ўзларича кашф этарди. Дунё кўрган – дунё кишисига айланади, деганларидек, бугун курраи заминни бўйи басти ила кўраётган ўзбек журналистларининг шунга яраша ижод қилаётганлари бугун оддий ҳодисадир. Бир пайтлар бу – қўл етмас орзуга ўхшарди.

Шу ўринда яна битта хушхабарни эслаш жоиз; келгусида ўзбек-турк ёшлари ўртасида ижодий-илмий ҳамкорлик янада кенгаяди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи давомида ўтказилган олий даражадаги учрашувларда икки мамлакат ҳамкорлигини янги, стратегик босқичга кўтаришга замин яратадиган қўшма баёнот имзоланиши, фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши ҳаётимизда янги саҳифалар очилишига замин яратди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда эришилган келишувларга мувофиқ, Туркия олий таълим бўйича кенгаши (YÖK) қатор лойиҳаларни амалга оширишга киришгани ҳақидаги ахборотлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган бўлса, унга ҳамоҳанг ҳамқадамлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, яқинда ЎзМУ ва Туркиянинг 4 та олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган меморандум навбатдаги умидбахш қадамлар бўлди. Яъни, Туркиянинг Кафкас университети (Kafkas universiteti), Истамбул Тижорат университети (Istambul Ticaret universiteti), Фотиҳ Султон Мехмет университети (Fatih Sulton Mehmet universiteti) ва Ибн Холдун университетлари (Ibn Haldun universitet) билан истиқболли режалар белгилаб олинди. Мазкур режаларга асосан ЎзМУ ҳамда Туркиянинг 4 та университети ўртасида талабалар ва профессорлар алмашинуви йўлга қўйилади. ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Туркия университетларида ўзбек адабиёти, математика ва бошқа фанлардан сабоқ берсалар, ўз навбатида туркиялик олимлар бизнинг талабаларимизга замонавий фанлардан дарс ўтадилар. Ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ва бошқа анжуманлар ўтказилади. Икки давлат илмий журналларида мақолаларимиз ёритилади. Шу билан бир қаторда бир гуруҳ талабаларимиз ҳар йили Туркия университетларида ва ўз навбатида турк талабалари ЎзМУда маълум муддат таҳсил олиб, билим ва маҳоратларини оширадилар. Бундай ҳамкорликлар қатор илмий, истиқболли лойиҳалар, инновацион ғояларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Туркияга сафар давомида Кастамону халқаро университети фаолияти билан ҳам танишдик. Бу университет таркибида 13 та факультет, 2 та институт, 4 та олий мактаб, 13 та касб-ҳунар коллежи, 35 та бўлим ва 2 та илмий-тадқиқот институти мавжуд экан. Мазкур университетда 26000 нафардан ортиқ талабалар ва докторантлар таълим олмоқда. Улардан 3000 нафардан ортиғи хориждан келиб таҳсил олмоқда. Ўзбекистондан ҳам 20 га яқин талабалар таълим олаётган экан.

Шу тариқа азалий ришталар мустаҳкамланиб бораверади.

***

Дўст мамлакатнинг қувончи – қувончимиздир.

Айни пайтда дардига ҳам шерикмиз… Туркияда 2016 йил 15 июль оқшомида юз берган хунрезликлар дунёни ларзага солганди. Туркиянинг ҳарбий ҳаво кемалари ўша тунда ўзларининг Парламент биносига ўт очган. Уларнинг мақсади давлат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, давлат тўнтаришини амалга ошириш эди. Шукрки, хоинларнинг хатарли режалари амалга ошмади. Аниқроғи, жафокаш турк халқи ўша хунрезлик амалга ошишига йўл қўймади. Юрти учун кўксини қалқон қилган юзлаб ватан фидойилари майдонга чиққандилар.

2017 йил май ойида Анқарада ана шу воқеаларнинг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этган эдик.

2018 йил 14 июль куни эрталаб Истамбулнинг муҳташам “Бордум” отелида Туркия Республикаси Президенти девони ҳузуридаги Коммуникация департаменти раҳбари Меҳмет Акарчи брифинг ўтказди. У 2016 йил 15 июль куни кечаси давлат тўнтаришига бўлган ҳаракатлар ва уларнинг оқибатлари, бундан буён терроризмга қарши кескин кураш давом этиши ҳақида атрофлича ахборот берди.

Шу мавзуда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, ўшанда тинчликпарвар турк халқи бу даҳшатли воқеа-ҳодисаларга бефарқ қараб ўтирмади. Катта-ю кичик Анқара ва Истамбул шаҳарларининг муҳим объектларини ҳимоя қилишга отланди. Анатўлия майдонида қуролсиз халқ ва қуролланган армия ўртасида беомон тўқнашувлар юз берди. 240 дан ортиқ бегуноҳ одамлар қурбон бўлдилар, 2194 нафар шахс тан жароҳати билан шифохоналарга ётқизилди…

Баъзи расмий маълумотларда қайд этилишича, Туркияда амалга ошмай қолган тўнтариш бир пайтлар Фетҳуллоҳ Гулен деган зотнинг режаси асосида юз берган. Гулен ва унинг муридлари ўзаро алоқада бўлиб, ижро аппарати, айниқса, ҳарбий тузилмаларга жойлашиб олган экан…

Қайд этишларича, ўша Гулен деганларининг молиявий қудрати 30 миллиард доллардан ошаркан. “Қашқирлар макони” фильмида Аслан Акбий айтганидек, бунча маблағ билан мамлакатга катта хавф солиши мумкин…

Бу – ҳар бир мамлакат учун сабоқ бўладиган нозик масала.

Ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, агар огоҳ сен, сен шоҳсен! Юрт тинчлиги ва эл осойишталиги йўлида огоҳлик бутун дунё учун бирдек масъулият талаб қилишини шу ҳодиса мисолида ҳам кўрса бўлади.

Ўтган йили мамлакат пойтахти Анқарада ўтказилган медиатурда бу ҳақда батафсил маълумотлар берилган эди.

Мудҳиш ҳодисанинг олди олингани икки йиллиги муносабати билан 2018 йил 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Истамбулда Туркия Республикаси ва турк халқининг тарихида демократия ғалабаси сифатида хотира кечаси ўтказилди. Унда иштирок этган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «15 июль – Демократия ва миллий бирдамлик куни» муносабати билан Истанбулдаги «15 июль қурбонлари» кўпригида ташкил этилган митингда нутқ сўзлади. «15 июль – миллатнинг қайта туғилиши, халқ иродасига қилинган ҳужумга қаршилик тимсоли. Биз 15 июлни ҳеч қачон унутмаймиз ва унутишга йўл қўймаймиз. Бу Туркия учун тарихий даврдир»,– деб таъкидлади давлат раҳбари Эрдўған. У турк давлати тинчлигига, демократик тараққиётига тажовуз қилганлар адолатли равишда ўз жазоларини олганлигини қайд этди. Туркия раҳбари мамлакатдаги барқарорликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай уриниш бундан буён ҳам кескин бартараф этилишини таъкидлади.

Шундай қилиб турк биродарларимизнинг хотира тадбирларида иштирок этар эканмиз, дилимизда бу юртга ҳам тинчлик-осойишталик талаб қолдик.

***

Туркия – энг инсонпарвар мамлакатлардан бири. Сўнгги йилларда қўшни Сурия давлатида юз берган хунрезликлар жабрини Туркия ҳам тортди. Минглаб қочоқларга бошпана берди. Шунча қочоққа йиллаб бошпана бериш, кийинтириш, тўйдиришнинг ўзи бўлмайди.

тк2

Истамбул шаҳрида қочоқларнинг болаларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ғам кам эмаскан. Бир муҳташам масканда суриялик болакайлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Юзлари, кўзлари кулиб турган беғубор болакайларнинг бошларидан не кўргуликлар ўтганини тасаввур этишнинг ўзи аянчли…

Бу масканда бахтиёр ўғил-қизлар бизга қўшиқлар ижро этиб беришди ва ўзлари чизган картиналардан инъом қилдилар.

***

Тадбирлардан бўш пайтимиз дунёни мафтун этган Истамбул бўйлаб сайр қилар эканмиз, чор атрофи денгизлар билан ўралган шаҳар манзараларини кўриб ҳайратга тушамиз. Истамбулнинг Европа ва Осиёни ажратиб турадиган бўғози манзараларини, пурвиқор кўприкларини таърифлашга тил ожиз. Мармара денгизи узра сузаётган яхтада борар эканмиз, туркча “Мармар юрагим” деган оҳанглар беихтиёр қулоғингга чалингандек бўлади.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Айа София ва Султон Аҳмад масжидлари, Турк султонларининг “Тўпқопи” қароргоҳи ва бошқа тарихий обидалар дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган сайёҳлар билан лиммо лим.

Дунёда Туркия сайёҳларни кутиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бораётганининг асл сабабини ҳис этасан. Маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакатга жами 38,62 миллион киши ташриф буюрган, бу йил эса бу рақам 40 миллиондан ошиши кутилмоқда.

***

Эртаси куни мезбон – Қутлуғхон дўстимиз бизни навбатдаги сайёҳлик ўлкаси сари бошлади. 2018 йилда Турк дунёси маданияти пойтахти дея эътироф этилган Кастамону вилоятига йўл олдик.

тк6

тк8тк11 тк12 тк13 тк14

Каст сўзи асли суғдийча – тоғ, баландлик, деган маъноларни билдиради. Демак, кўҳна туркий заминда номлар-у атамалар ҳам қадимий сўз манбаларидан олингани кўриниб турибди.

Дарҳақиқат Кастамону – пурвиқор тоғлар ўлкаси экан!

Истанбулдан кўтарилган самолётимиз бирор соат парвоз қилгач, Кастамону аэропортига қўнди. Маҳаллий аэропортга разм солар эканман, худди ўзимизнинг вилоятлардан бирига келиб қолгандек туюлди менга. Чор-атрофи ям-яшил дала. Олислардан кўриниб турган қишлоқлар ҳам жуда танишдек.

Бизни шинам автобусларда Кастамону шаҳрига олиб кетишди. Туркиянинг шимолида, Қора денгизга яқин тоғ ўрмонлари орасидаги водийда жойлашган бу шаҳар атрофи фусункор тоғлар билан ўралган. Бу гўшанинг табиий гўзаллиги ва ажиб таровати ҳар қандай сайёҳни мафтун этади. Онадўлининг кўҳна кентларидан ҳисобланган бу шаҳар не-не улуғ зотларни кўрмаган, дейсиз. Шаҳарда Кастамону қалъаси (XII-аср), Маҳмут бей масжиди (1366 йил), Насруллоҳ жомеъси (XVI-аср), Шайх Шабони валий даргоҳи (XVI-аср), Куршунли хон карвонсаройи (1460 йил) каби бир қанча тарихий ёдгорликлари сайёрларни мафтун этади.

Маълумотларга кўра, Кастамонунинг маънавий тараққиётида Ўрта Осиёлик олимлар Саид Али Донишманд Бухорий, Солиҳ ал-Мунжий Бухорий (XIV-XV-асрлар) каби алломаларнинг хизмати катта бўлган экан. Улар илм йўлида мана шу ўлкага келиб, Кастамонуда тасаввуф илмини тарқатишга ҳисса қўшганлари ҳайратомуз ҳолдир.

Вилоят губернатори Яшар Карадениз хорижлик журналистларни мамнуният билан қабул қиларкан, бу ўлка тарихи, тараққиёти ва мамлакатда тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди.

Маълум бўлишича, «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан Туркиянинг Кастамону шаҳри 2018 йилда – Турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилинган. «Турксой» 2012 йилдан туркий тилда сўзлашувчи ўлкалар шаҳарлари ичидан турк дунёси маданий пойтахтини эълон қилиб келади. 2012 йили Астана (Қозоғистон), 2013 йили Эскишеҳир (Туркия), 2014 йили Қозон (Татаристон), 2015 йили Марв (Туркманистон), 2016 йили Шеки (Озарбайжон), 2017 йили Туркистон (Қозоғистон) шаҳарлари турк дунёси маданий пойтахти бўлган. Туркий дунёнинг маданий пойтахти бўлган шаҳарда халқаро анжуманлар, симпозиум ва конференциялар ўтказилади. Сайёҳлар оқими кўпаяди, инвестиция ҳажми ошади. Маданий пойтахтлик мақомига муносиб бўлиш учун давлатдан ва бошқа халқаро ташкилотлардан шаҳар бюджетига маблағлар ажратилади.

Мўъжазгина вилоят губернаторлиги биноси 1902 йилда бунёд этилган бўлса-да замонавий иншоотлардан қолишмайди. Унинг нақшинкор эшик-деразалари, ноёб меъморчилик санъати, Ўзбекистондаги ўнлаб меъморий обидаларга ўхшаб кетади.

Вилоят губернаторининг таклифи билан Кастамону марказидаги Усмонийлар империяси давридан қолган тарихий ёдгорликда тушлик дастурхони ёзилди. Бу ерда Ўзбекистон байроғи ҳам қатор давлатлар байроқлари қаторида савлат тўкиб туриши барчамизга ғурур бахш этди.

Тоғли ўлкада байроғимиз пурвиқор чўққилар янглиғ улуғвор кўринар экан!

***

тк10

Ҳар кимнинг қизиқиши ўзгача. Камина учун ҳайратомуз шаҳарлардан кўра оддий қишлоқ ҳаётини кўриш мароқлироқ эди. Пинарбаши туманидан ўтаётиб бир қишлоқда тўхтадик. Не кўз билан кўрайки, ўзимизнинг Пастдарғом ва Қўшработ туманлари қишлоқлари билан деарли бир хил! Оддий қишлоқ уйлари, атрофида қандайдир девор кўринмайди. Бир пайтлар ўрнатилган қўраларга ҳам дарз кетган. Томорқаларида маккажўхори, йўнғичқа, сабзи, пиёз ва бошқа экин-тикинлар ўсиб ётибди. Рўмолли икки аёл ғайрат билан картошка кавлаб, қопларни тўлдирмоқда. Ҳовлилар атрофида товуқ, куркалар донлаб юрибди.

Биздаги каби буйдой ўрими поёнига етиб, трактор-тележкаларда пресланган сомонларни аллақаёқларга ташиб кетишмоқда.

Қишлоқ гузари ҳам ўзимизнидан қолишмайди. Кичкина дўкон, ёнида новвой туркча нонларни тандир узмоқда.

Бир четда тўрт-беш отахон гурунг қилиб ўтиришибди.

Отахон билан салом-аликдан сўнг ўзимизни таништирдик.

Ўзбекистон номини эшитганлари ҳамоно отахонлар барваракайига “оҳ!” деб юборишди. “Қадим Турон – Туркистон, бугунги Ўзбекистон – ота маконимиз” дейди отахонлардан бири. “Ўтмишда аждодларимиз ўша ўлкалардан келиб қолишганини жуда яхши биламиз, орзуимиз – ўша ота маконимизни бориб кўриш, ундан ҳам улкан ниятимиз – фарзандларимиз асл қардошлари билан яқин бўлсинлар” дея дуо қилади яна бир отахон.

Яна бир ўхшашликдан ҳайратга тушдик. Бу қишлоқларда ҳам бўйи чўзилиб қолган йигитлар ўзларини шаҳарга урарканлар. Ўқигани ўқиган, ишлаганлари ота-оналарига пул юбориб туришаркан. Қишлоқ юмушлари асосан ана шу отахонлар-у онахонларнинг зиммасига тушиб қоларкан!

Йўл-йўлакай Қасаба қишлоғидаги қадимий масжидни зиёрат қилдик. Маълум бўлишича, Маҳмудбей масжиди 1366 йилда барпо этилган. Қизиғи шундаки, ушбу бино қурилишида бирорта мих ё бошқа металдан фойдаланилмаган экан. Масжидни бунёд этишда Жандар ўғли бекларидан бўлган Маҳмудбей деган тақвадор бош-қош бўлган. Бу меъморий обида 2014 йилда ЮНЕСКО Номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилган. Масжидда ўзимизнинг меъморчилик анъаналари яққол ака этиб турибди. Демак, ўтмишда Турон заминидан Онадолу тарафларга кела бошлаган боболаримиз туркий халқларнинг меъморчилик анъналарини ҳам ўзлари билан бирга олиб келганлар.

***

Кастамону вилоятининг Инеболу тумани ҳокими Абдуллоҳ Атакан билан суҳбатимиз ҳам мароқли бўлди. Бу туман ўз даврида Мустафо Камол Отатурк замондошлари учун қурол-аслаҳа маркази бўлган экан. Яъни, қора денгиз орқали айнан шу ерга қурол-яроғлар олиб келинган…

Бу ердаги музейларни кўздан кечирар экансиз, хаёлан олис мозий сари руҳан парвоз қиласиз.

Қора денгиз соҳили бўйлаб юрган онлар бир умрга қалбимизга муҳрланди.

тк9

Денгизнинг даҳшатли тўлқинларини ўз кўзимиз билан кўриб ҳайратга тушдик ва… катта-кичик ариқларда, анҳорларда чўмилиб катта бўлган болалар қудратли денгизда ҳам сузиб кўрдик!

Йўқ, денгизда сузишнинг ўзи бўлмаскан. Қудратли тўлқинлар бир зарб билан қирғоққа чиқариб қўявераркан!

***

Кастамонудан Истамбулга, сўнг жонажон Тошкентимиз сари парвоз қилар эканмиз, қалбда жўш урган туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетди.

Тили, дили бир бўлган элларнинг илдизи бир,

Ўзбек-турк оға-ини, толеи, юлдузи бир!

Қоронғи кечалари ортда қолгани чиндир,

Саодатли дамлари, чароғон кундузи бир.

Қишлоқлар ҳаёти ҳам ўхшаш экан-ку чунон,

Нуронийлар юзлари бунча меҳрларга кон.

Буғдойзори, сомони, деҳқончилик ишлари,

Она қишлоғимизни ёдга солади ҳар он.

Кастамону тоғлари Чотқолга монанд экан,

Бу ер афандилари сўзлари бол, қанд экан!

Навоий, Румий бобом ҳикматларин ўқисанг,

Ҳаётбахш маънолари авлодларга панд экан.

 Тўлқин ЭШБЕК,

www.uchildiz.uz сайти махсус мухбири.

Тошкент-Истанбул-Кастамону-Истанбул-Тошкент,

2018 йил 13-19 июль

 ***

Maftunkor mamlakat mehri

Elimizda, bir ko‘rgan – tanish, ikki ko‘rgan – bilish, uchinchi bor – qarindosh, degan hikmat bejiz aytilmagan. 2014 yil yozida ilk bor Turkiyaga ijodiy safarga otlanganimda hayajonimning cheki bo‘lmagan. Nahot, yoshligimda (sobiq mustabid tuzum davrida) faqat yomonotliq qilib eshitganimiz – Turkiyani o‘z ko‘zim bilan ko‘rsam!..

O‘shanda taassurotlarim bir olam bo‘lgan va ilhom bilan yozgan maqolamga yurtimizda faoliyat ko‘rsatayotgan Turkiya elchixonasi mas’ul xodimi Ismoil Kozan shunday baho bergan: “Turkiya haqida eng uzun maqola yozgan muallif”.

Shundan so‘ng davralarda Ismoil afandimiz meni “Turkiya haqida eng uzun maqola yozgan muallif”, taniqli jurnalist Sharofiddin To‘laganovni “Turkiya haqida eng ko‘p maqola yozgan muallif” deb ta’riflaydigan bo‘lgandi.

O‘zi, mo‘‘jizakor mamlakat – Turkiya haqida harqancha uzun yoki ko‘p maqola yozsang arziydi. Bu yerning tarovati, manzaralari, taraqqiyoti haqida yozgan sari yozging kelaveradi.

O‘tgan yili iyul oyida Anqarada bo‘lib o‘tgan bir haftalik mediatur haqida ham ishtiyoq bilan yozgan maqolam muxlislarimizda ancha-muncha qiziqish uyg‘otgan bo‘lsa ajabmas.

2018 yil 13-19 iyul kunlari Turkiya Axborot agentligi taklifiga binoan bu yilgi tadbirda ishtirok etish uchun Turkiyaga taklif etilgan 20 ga yaqin davlatlar orasida o‘zbekistonlik jurnalistlarning ham o‘zlariga yarasha o‘rnilari borligi quvonarli hol. www.vodiymediya.uz sayti rahbari Dilmurod Jumaboyev turk tilida ham xabarlar yoritib bormoqda. Turkiyaliklar O‘zbekiston bilan bog‘liq muhim xabarlarni o‘z ona tillarida Dilmurodning tarjimasi orqali bemalol o‘qishlari mumkin. “Zo‘r” telekanali xodimlari Gayane Matevosyan va Jobir Abdunodirov Turkiya safariga bag‘ishlab telelavhalar tayyorlashga kirishib ketdilar. www.kun.uz sayti yetakchilari Maxsud Asqarov, Umid Shermuhammedov va www.qalampir.uz sayti rahbari Qamariddin Shayxov yangi loyihalar ustida ishlayotganlariga havas qilsa arziydi. O‘zA fotomuxbiri Hotam Mamadaliyev har bir voqelik va turfa manzaralarni hozirjavoblik bilan tasvirga olib, ijtimoiy tarmoqlarda yoritishga kirishib ketdi. Jurnalist Abduvohid Ochilov radioreportaj tayyorlash bilan bir qatorda salmoqli maqolalar yozardi. Ijodiy guruhimizning boshqa a’zolari ham Turk dunyosini o‘zlaricha kashf etardi. Dunyo ko‘rgan – dunyo kishisiga aylanadi, deganlaridek, bugun kurrai zaminni bo‘yi basti ila ko‘rayotgan o‘zbek jurnalistlarining shunga yarasha ijod qilayotganlari bugun oddiy hodisadir. Bir paytlar bu – qo‘l yetmas orzuga o‘xshardi.

Shu o‘rinda yana bitta xushxabarni eslash joiz; kelgusida o‘zbek-turk yoshlari o‘rtasida ijodiy-ilmiy hamkorlik yanada kengayadi. O‘zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Turkiya Prezidenti Rajab Toyyib Erdo‘g‘anning taklifiga binoan 2017 yil 25-26 oktabr kunlari Turkiyaga davlat tashrifi davomida o‘tkazilgan oliy darajadagi uchrashuvlarda ikki mamlakat hamkorligini yangi, strategik bosqichga ko‘tarishga zamin yaratadigan qo‘shma bayonot imzolanishi, fan, ta’lim, madaniyat sohalaridagi hamkorlikni rivojlantirishga ham alohida e’tibor qaratilishi hayotimizda yangi sahifalar ochilishiga zamin yaratdi. Ikki davlat rahbarlari o‘rtasidagi muzokaralarda erishilgan kelishuvlarga muvofiq, Turkiya oliy ta’lim bo‘yicha kengashi (YÖK) qator loyihalarni amalga oshirishga kirishgani haqidagi axborotlar keng jamoatchilikda katta qiziqish uyg‘otgan bo‘lsa, unga hamohang hamqadamlar Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti tomonidan izchil davom ettirilmoqda. Zero, yaqinda O‘zMU va Turkiyaning 4 ta oliy ta’lim muassasasi o‘rtasida imzolangan memorandum navbatdagi umidbaxsh qadamlar bo‘ldi. Ya’ni, Turkiyaning Kafkas universiteti (Kafkas universiteti), Istambul Tijorat universiteti (Istambul Ticaret universiteti), Fotih Sulton Mexmet universiteti (Fatih Sulton Mehmet universiteti) va Ibn Xoldun universitetlari (Ibn Haldun universitet) bilan istiqbolli rejalar belgilab olindi. Mazkur rejalarga asosan O‘zMU hamda Turkiyaning 4 ta universiteti o‘rtasida talabalar va professorlar almashinuvi yo‘lga qo‘yiladi. O‘zMU professor-o‘qituvchilari Turkiya universitetlarida o‘zbek adabiyoti, matematika va boshqa fanlardan saboq bersalar, o‘z navbatida turkiyalik olimlar bizning talabalarimizga zamonaviy fanlardan dars o‘tadilar. Hamkorlikda ilmiy-amaliy konferensiyalar, ma’naviy-ma’rifiy tadbirlar va boshqa anjumanlar o‘tkaziladi. Ikki davlat ilmiy jurnallarida maqolalarimiz yoritiladi. Shu bilan bir qatorda bir guruh talabalarimiz har yili Turkiya universitetlarida va o‘z navbatida turk talabalari O‘zMUda ma’lum muddat tahsil olib, bilim va mahoratlarini oshiradilar. Bunday hamkorliklar qator ilmiy, istiqbolli loyihalar, innovatsion g‘oyalarni amalga oshirishda muhim o‘rin tutadi.

Turkiyaga safar davomida Kastamonu xalqaro universiteti faoliyati bilan ham tanishdik. Bu universitet tarkibida 13 ta fakultet, 2 ta institut, 4 ta oliy maktab, 13 ta kasb-hunar kolleji, 35 ta bo‘lim va 2 ta ilmiy-tadqiqot instituti mavjud ekan. Mazkur universitetda 26000 nafardan ortiq talabalar va doktorantlar ta’lim olmoqda. Ulardan 3000 nafardan ortig‘i xorijdan kelib tahsil olmoqda. O‘zbekistondan ham 20 ga yaqin talabalar ta’lim olayotgan ekan.

Shu tariqa azaliy rishtalar mustahkamlanib boraveradi.

***

Do‘st mamlakatning quvonchi – quvonchimizdir.

Ayni paytda dardiga ham sherikmiz… Turkiyada 2016 yil 15 iyul oqshomida yuz bergan xunrezliklar dunyoni larzaga solgandi. Turkiyaning harbiy havo kemalari o‘sha tunda o‘zlarining Parlament binosiga o‘t ochgan. Ularning maqsadi davlat rahbari Rajab Toyyip Erdo‘g‘anni hukumatdan chetlashtirib, davlat to‘ntarishini amalga oshirish edi. Shukrki, xoinlarning xatarli rejalari amalga oshmadi. Aniqrog‘i, jafokash turk xalqi o‘sha xunrezlik amalga oshishiga yo‘l qo‘ymadi. Yurti uchun ko‘ksini qalqon qilgan yuzlab vatan fidoyilari maydonga chiqqandilar.

2017 yil may oyida Anqarada ana shu voqealarning bir yilligi munosabati bilan o‘tkazilgan tadbirlarda ishtirok etgan edik.

2018 yil 14 iyul kuni ertalab Istambulning muhtasham “Bordum” otelida Turkiya Respublikasi Prezidenti devoni huzuridagi Kommunikatsiya departamenti rahbari Mehmet Akarchi brifing o‘tkazdi. U 2016 yil 15 iyul kuni kechasi davlat to‘ntarishiga bo‘lgan harakatlar va ularning oqibatlari, bundan buyon terrorizmga qarshi keskin kurash davom etishi haqida atroflicha axborot berdi.

Shu mavzuda jurnalistlarning savollariga javob berdi.

Eng hayratlanarli jihati shundaki, o‘shanda tinchlikparvar turk xalqi bu dahshatli voqea-hodisalarga befarq qarab o‘tirmadi. Katta-yu kichik Anqara va Istambul shaharlarining muhim ob’ektlarini himoya qilishga otlandi. Anato‘liya maydonida qurolsiz xalq va qurollangan armiya o‘rtasida beomon to‘qnashuvlar yuz berdi. 240 dan ortiq begunoh odamlar qurbon bo‘ldilar, 2194 nafar shaxs tan jarohati bilan shifoxonalarga yotqizildi…

Ba’zi rasmiy ma’lumotlarda qayd etilishicha, Turkiyada amalga oshmay qolgan to‘ntarish bir paytlar Fethulloh Gulen degan zotning rejasi asosida yuz bergan. Gulen va uning muridlari o‘zaro aloqada bo‘lib, ijro apparati, ayniqsa, harbiy tuzilmalarga joylashib olgan ekan…

Qayd etishlaricha, o‘sha Gulen deganlarining moliyaviy qudrati 30 milliard dollardan osharkan. “Qashqirlar makoni” filmida Aslan Akbiy aytganidek, buncha mablag‘ bilan mamlakatga katta xavf solishi mumkin…

Bu – har bir mamlakat uchun saboq bo‘ladigan nozik masala.

Hazrat Alisher Navoiy ta’biri bilan aytganda, agar ogoh sen, sen shohsen! Yurt tinchligi va el osoyishtaligi yo‘lida ogohlik butun dunyo uchun birdek mas’uliyat talab qilishini shu hodisa misolida ham ko‘rsa bo‘ladi.

O‘tgan yili mamlakat poytaxti Anqarada o‘tkazilgan mediaturda bu haqda batafsil ma’lumotlar berilgan edi.

Mudhish hodisaning oldi olingani ikki yilligi munosabati bilan 2018 yil 15 iyuldan 16 iyulga o‘tar kechasi Istambulda Turkiya Respublikasi va turk xalqining tarixida demokratiya g‘alabasi sifatida xotira kechasi o‘tkazildi. Unda ishtirok etgan Turkiya Prezidenti Rajab Toyyib Erdo‘g‘an «15 iyul – Demokratiya va milliy birdamlik kuni» munosabati bilan Istanbuldagi «15 iyul qurbonlari» ko‘prigida tashkil etilgan mitingda nutq so‘zladi. «15 iyul – millatning qayta tug‘ilishi, xalq irodasiga qilingan hujumga qarshilik timsoli. Biz 15 iyulni hech qachon unutmaymiz va unutishga yo‘l qo‘ymaymiz. Bu Turkiya uchun tarixiy davrdir»,– deb ta’kidladi davlat rahbari Erdo‘g‘an. U turk davlati tinchligiga, demokratik taraqqiyotiga tajovuz qilganlar adolatli ravishda o‘z jazolarini olganligini qayd etdi. Turkiya rahbari mamlakatdagi barqarorlikka putur yetkazishga qaratilgan har qanday urinish bundan buyon ham keskin bartaraf etilishini ta’kidladi.

Shunday qilib turk birodarlarimizning xotira tadbirlarida ishtirok etar ekanmiz, dilimizda bu yurtga ham tinchlik-osoyishtalik talab qoldik.

***

Turkiya – eng insonparvar mamlakatlardan biri. So‘nggi yillarda qo‘shni Suriya davlatida yuz bergan xunrezliklar jabrini Turkiya ham tortdi. Minglab qochoqlarga boshpana berdi. Shuncha qochoqqa yillab boshpana berish, kiyintirish, to‘ydirishning o‘zi bo‘lmaydi.

Istambul shahrida qochoqlarning bolalariga ko‘rsatilayotgan g‘amxo‘rliklar g‘am kam emaskan. Bir muhtasham maskanda suriyalik bolakaylar uchun yaratilgan shart-sharoitlar bilan yaqindan tanishdik. Yuzlari, ko‘zlari kulib turgan beg‘ubor bolakaylarning boshlaridan ne ko‘rguliklar o‘tganini tasavvur etishning o‘zi ayanchli…

Bu maskanda baxtiyor o‘g‘il-qizlar bizga qo‘shiqlar ijro etib berishdi va o‘zlari chizgan kartinalardan in’om qildilar.

***

Tadbirlardan bo‘sh paytimiz dunyoni maftun etgan Istambul bo‘ylab sayr qilar ekanmiz, chor atrofi dengizlar bilan o‘ralgan shahar manzaralarini ko‘rib hayratga tushamiz. Istambulning Yevropa va Osiyoni ajratib turadigan bo‘g‘ozi manzaralarini, purviqor ko‘priklarini ta’riflashga til ojiz. Marmara dengizi uzra suzayotgan yaxtada borar ekanmiz, turkcha “Marmar yuragim” degan ohanglar beixtiyor qulog‘ingga chalingandek bo‘ladi.

Ko‘hna va hamisha navqiron Aya Sofiya va Sulton Ahmad masjidlari, Turk sultonlarining “To‘pqopi” qarorgohi va boshqa tarixiy obidalar dunyoning turli burchaklaridan tashrif buyurgan sayyohlar bilan limmo lim.

Dunyoda Turkiya sayyohlarni kutish bo‘yicha Fransiya, AQSh, Ispaniya, Xitoy va Italiyadan keyin oltinchi o‘rinda borayotganining asl sababini his etasan. Ma’lumotlarga ko‘ra, o‘tgan yili mamlakatga jami 38,62 million kishi tashrif buyurgan, bu yil esa bu raqam 40 milliondan oshishi kutilmoqda.

***

Ertasi kuni mezbon – Qutlug‘xon do‘stimiz bizni navbatdagi sayyohlik o‘lkasi sari boshladi. 2018 yilda Turk dunyosi madaniyati poytaxti deya e’tirof etilgan Kastamonu viloyatiga yo‘l oldik.

Kast so‘zi asli sug‘diycha – tog‘, balandlik, degan ma’nolarni bildiradi. Demak, ko‘hna turkiy zaminda nomlar-u atamalar ham qadimiy so‘z manbalaridan olingani ko‘rinib turibdi.

Darhaqiqat Kastamonu – purviqor tog‘lar o‘lkasi ekan!

Istanbuldan ko‘tarilgan samolyotimiz biror soat parvoz qilgach, Kastamonu aeroportiga qo‘ndi. Mahalliy aeroportga razm solar ekanman, xuddi o‘zimizning viloyatlardan biriga kelib qolgandek tuyuldi menga. Chor-atrofi yam-yashil dala. Olislardan ko‘rinib turgan qishloqlar ham juda tanishdek.

Bizni shinam avtobuslarda Kastamonu shahriga olib ketishdi. Turkiyaning shimolida, Qora dengizga yaqin tog‘ o‘rmonlari orasidagi vodiyda joylashgan bu shahar atrofi fusunkor tog‘lar bilan o‘ralgan. Bu go‘shaning tabiiy go‘zalligi va ajib tarovati har qanday sayyohni maftun etadi. Onado‘lining ko‘hna kentlaridan hisoblangan bu shahar ne-ne ulug‘ zotlarni ko‘rmagan, deysiz. Shaharda Kastamonu qal’asi (XII-asr), Mahmut bey masjidi (1366 yil), Nasrulloh jome’si (XVI-asr), Shayx Shaboni valiy dargohi (XVI-asr), Kurshunli xon karvonsaroyi (1460 yil) kabi bir qancha tarixiy yodgorliklari sayyorlarni maftun etadi.

Ma’lumotlarga ko‘ra, Kastamonuning ma’naviy taraqqiyotida O‘rta Osiyolik olimlar Said Ali Donishmand Buxoriy, Solih al-Munjiy Buxoriy (XIV-XV-asrlar) kabi allomalarning xizmati katta bo‘lgan ekan. Ular ilm yo‘lida mana shu o‘lkaga kelib, Kastamonuda tasavvuf ilmini tarqatishga hissa qo‘shganlari hayratomuz holdir.

Viloyat gubernatori Yashar Karadeniz xorijlik jurnalistlarni mamnuniyat bilan qabul qilarkan, bu o‘lka tarixi, taraqqiyoti va mamlakatda tutgan o‘rni haqida atroflicha ma’lumot berdi.

Ma’lum bo‘lishicha, «Turksoy» xalqaro turkiy madaniyat tashkiloti tomonidan Turkiyaning Kastamonu shahri 2018 yilda – Turk dunyosi madaniy poytaxti deb e’lon qilingan. «Turksoy» 2012 yildan turkiy tilda so‘zlashuvchi o‘lkalar shaharlari ichidan turk dunyosi madaniy poytaxtini e’lon qilib keladi. 2012 yili Astana (Qozog‘iston), 2013 yili Eskishehir (Turkiya), 2014 yili Qozon (Tatariston), 2015 yili Marv (Turkmaniston), 2016 yili Sheki (Ozarbayjon), 2017 yili Turkiston (Qozog‘iston) shaharlari turk dunyosi madaniy poytaxti bo‘lgan. Turkiy dunyoning madaniy poytaxti bo‘lgan shaharda xalqaro anjumanlar, simpozium va konferensiyalar o‘tkaziladi. Sayyohlar oqimi ko‘payadi, investitsiya hajmi oshadi. Madaniy poytaxtlik maqomiga munosib bo‘lish uchun davlatdan va boshqa xalqaro tashkilotlardan shahar budjetiga mablag‘lar ajratiladi.

Mo‘‘jazgina viloyat gubernatorligi binosi 1902 yilda bunyod etilgan bo‘lsa-da zamonaviy inshootlardan qolishmaydi. Uning naqshinkor eshik-derazalari, noyob me’morchilik san’ati, O‘zbekistondagi o‘nlab me’moriy obidalarga o‘xshab ketadi.

Viloyat gubernatorining taklifi bilan Kastamonu markazidagi Usmoniylar imperiyasi davridan qolgan tarixiy yodgorlikda tushlik dasturxoni yozildi. Bu yerda O‘zbekiston bayrog‘i ham qator davlatlar bayroqlari qatorida savlat to‘kib turishi barchamizga g‘urur baxsh etdi.

Tog‘li o‘lkada bayrog‘imiz purviqor cho‘qqilar yanglig‘ ulug‘vor ko‘rinar ekan!

***

Har kimning qiziqishi o‘zgacha. Kamina uchun hayratomuz shaharlardan ko‘ra oddiy qishloq hayotini ko‘rish maroqliroq edi. Pinarbashi tumanidan o‘tayotib bir qishloqda to‘xtadik. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, o‘zimizning Pastdarg‘om va Qo‘shrabot tumanlari qishloqlari bilan dearli bir xil! Oddiy qishloq uylari, atrofida qandaydir devor ko‘rinmaydi. Bir paytlar o‘rnatilgan qo‘ralarga ham darz ketgan. Tomorqalarida makkajo‘xori, yo‘ng‘ichqa, sabzi, piyoz va boshqa ekin-tikinlar o‘sib yotibdi. Ro‘molli ikki ayol g‘ayrat bilan kartoshka kavlab, qoplarni to‘ldirmoqda. Hovlilar atrofida tovuq, kurkalar donlab yuribdi.

Bizdagi kabi buydoy o‘rimi poyoniga yetib, traktor-telejkalarda preslangan somonlarni allaqayoqlarga tashib ketishmoqda.

Qishloq guzari ham o‘zimiznidan qolishmaydi. Kichkina do‘kon, yonida novvoy turkcha nonlarni tandir uzmoqda.

Bir chetda to‘rt-besh otaxon gurung qilib o‘tirishibdi.

Otaxon bilan salom-alikdan so‘ng o‘zimizni tanishtirdik.

O‘zbekiston nomini eshitganlari hamono otaxonlar barvarakayiga “oh!” deb yuborishdi. “Qadim Turon – Turkiston, bugungi O‘zbekiston – ota makonimiz” deydi otaxonlardan biri. “O‘tmishda ajdodlarimiz o‘sha o‘lkalardan kelib qolishganini juda yaxshi bilamiz, orzuimiz – o‘sha ota makonimizni borib ko‘rish, undan ham ulkan niyatimiz – farzandlarimiz asl qardoshlari bilan yaqin bo‘lsinlar” deya duo qiladi yana bir otaxon.

Yana bir o‘xshashlikdan hayratga tushdik. Bu qishloqlarda ham bo‘yi cho‘zilib qolgan yigitlar o‘zlarini shaharga urarkanlar. O‘qigani o‘qigan, ishlaganlari ota-onalariga pul yuborib turisharkan. Qishloq yumushlari asosan ana shu otaxonlar-u onaxonlarning zimmasiga tushib qolarkan!

Yo‘l-yo‘lakay Qasaba qishlog‘idagi qadimiy masjidni ziyorat qildik. Ma’lum bo‘lishicha, Mahmudbey masjidi 1366 yilda barpo etilgan. Qizig‘i shundaki, ushbu bino qurilishida birorta mix yo boshqa metaldan foydalanilmagan ekan. Masjidni bunyod etishda Jandar o‘g‘li beklaridan bo‘lgan Mahmudbey degan taqvador bosh-qosh bo‘lgan. Bu me’moriy obida 2014 yilda YuNYeSKO Nomoddiy madaniy meroslar ro‘yxatiga kiritilgan. Masjidda o‘zimizning me’morchilik an’analari yaqqol aka etib turibdi. Demak, o‘tmishda Turon zaminidan Onadolu taraflarga kela boshlagan bobolarimiz turkiy xalqlarning me’morchilik an’nalarini ham o‘zlari bilan birga olib kelganlar.

***

Kastamonu viloyatining Inebolu tumani hokimi Abdulloh Atakan bilan suhbatimiz ham maroqli bo‘ldi. Bu tuman o‘z davrida Mustafo Kamol Otaturk zamondoshlari uchun qurol-aslaha markazi bo‘lgan ekan. Ya’ni, qora dengiz orqali aynan shu yerga qurol-yarog‘lar olib kelingan…

Bu yerdagi muzeylarni ko‘zdan kechirar ekansiz, xayolan olis moziy sari ruhan parvoz qilasiz.

Qora dengiz sohili bo‘ylab yurgan onlar bir umrga qalbimizga muhrlandi.

Dengizning dahshatli to‘lqinlarini o‘z ko‘zimiz bilan ko‘rib hayratga tushdik va… katta-kichik ariqlarda, anhorlarda cho‘milib katta bo‘lgan bolalar qudratli dengizda ham suzib ko‘rdik!

Yo‘q, dengizda suzishning o‘zi bo‘lmaskan. Qudratli to‘lqinlar bir zarb bilan qirg‘oqqa chiqarib qo‘yaverarkan!

***

Kastamonudan Istambulga, so‘ng jonajon Toshkentimiz sari parvoz qilar ekanmiz, qalbda jo‘sh urgan tuyg‘ular she’riy satrlarga ulanib ketdi.

 

Tili, dili bir bo‘lgan ellarning ildizi bir,

O‘zbek-turk og‘a-ini, tolei, yulduzi bir!

Qorong‘i kechalari ortda qolgani chindir,

Saodatli damlari, charog‘on kunduzi bir.

Qishloqlar hayoti ham o‘xshash ekan-ku chunon,

Nuroniylar yuzlari buncha mehrlarga kon.

Bug‘doyzori, somoni, dehqonchilik ishlari,

Ona qishlog‘imizni yodga soladi har on.

Kastamonu tog‘lari Chotqolga monand ekan,

Bu yer afandilari so‘zlari bol, qand ekan!

Navoiy, Rumiy bobom hikmatlarin o‘qisang,

Hayotbaxsh ma’nolari avlodlarga pand ekan.

 To‘lqin ESHBEK,

www.uchildiz.uz sayti maxsus muxbiri.

Toshkent-Istanbul-Kastamonu-Istanbul-Toshkent,

2018-yil 13-19-iyul

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>