Миллий университет Кенгашида

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Кенгаш аъзолари билан бир қаторда университет етакчи профессор-ўқитувчилари, кафедра мудирлари иштирок этдилар.

па3

Кенгаш кун тартибига биноан университет ректори Авазжон Мараҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлар ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизомини мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг Ўзбекистон Миллий университетида ижросини таъминлашга оид мавзулардаги маърузалари тингланди.

Маърузада қайд этилганидек, мамлакатимизда олий таълим тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси устувор йўналишларига мос ҳолда кадрлар ҳамда халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишда давлатимиз раҳбарининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. Қарорда республика олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш бўйича қуйидаги энг муҳим йўналишлар белгиланган:

  1. Ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш;

ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш;

ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш;

магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни малакасини оширишни хорижий таълим ва илмий муассасаларда ташкил қилиш;

  1. Олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини ҳар бир олий таълим муассасаси кесимида шакллантириш, ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини ҳудудий ва тармоқ дастурларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда белгилаш;
  2. Таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш асосида янада такомиллаштириш;
  3. Янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар билан ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш;
  4. Педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш;
  5. Олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
  6. Олий таълимнинг маънавий-аҳлоқий мазмунини ошириш, талаба-ёшларга мустақиллик ғояларига, юксак маънавият ва инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитет ва танқидий тафаккурни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли маърифий ва тарбиявий ишларни олиб бориш;
  7. Олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, олий таълим илм-фанининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораторияларини замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янада мустаҳкамлаш;
  8. Олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчиларининг жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш.

Қарорда белгиланган вазифалар ечимини тўлиқ ва самарали таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастур 7 бўлимдан иборат бўлиб, унда 41 та банддан иборат тадбирлар белгиланган. Шунингдек, олий таълим муассасаларида замонавий ўқув-илмий лабораториялар базасини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимлари ва компьютер ускуналари билан жиҳозлаш бўйича 14 та банддан иборат чора-тадбирлар, 69 та иловада ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича аниқ прогноз кўрсаткичлардан иборат ривожланиш дастурлари тасдиқланган.

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади.

Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети бўйича аниқ параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди.

Олий таълим муассасалари педагог ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларнинг касб маҳорати, фаолиятидаги юқори натижадорлик ва тарбиявий соҳадаги самарали иштирокини инобатга олиб, моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилган. Қарорга мувофиқ, иқтидорли ёш педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларида илмий-педагог ходимларнинг малака ошириши ва қайта тайёргарликдан ўтишини, олий таълим муассасалари битирувчиларининг PhD дастури ва уларнинг магистратурада ўқишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган таклифлар киритилмоқда.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади.

Таълим-тарбия жараёнларининг сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси – таълим-тарбия жараёни, профессор-ўқитувчилар таркиби, таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати ҳамда мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, таълим-тарбия сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат.

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадам бўлди.

Бу олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимдан, вазирдан бошлаб, ректорлар, проректорлар, деканлар, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчиларга катта масъулиятли вазифаларни ҳамда шахсий жавобгарликни юклайди, деб таъкидлади маърузачи. Эндиликда барчамиздан шижоатли меҳнат қилиш, дастурда белгиланган ҳар бир вазифани сидқидилдан ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш талаб этилади. Табиийки савол туғилади: барчамиз ҳам бундай масъулиятли вазифаларни бажаришга тайёрмизми?

ЎзМУ ректори ушбу масалада таҳлилий мулоҳазаларини ҳам баён этди. Чунончи, қатор олий таълим муассасаларида хорижий таълим ва илмий муассасаларга педагог кадрлар малакасини ошириш, стажировкасини ўтказиш, докторантура ва магистратурада ўқитишга юбориш режалаштирилган номзодлар хорижий тилларни пухта билишлари лозим. Улар халқаро тан олинган (IELTS, TOEFL, APTIS ва б.) сертификатларга эга бўлишлари талаб этилади. Бугунги кунда ЎзМУнинг 23 нафар профессор-ўқитувчиси халқаро тан олинган IELTS сертификатини олиши мумкин. Улар камида 5,5 баллик IELTS сертификатига эга бўлиб хорижда уч ойлик стажировкадан ўтиб келишса ойлик маошига 30 фоизлик устама ҳақи белгиланиши кўзда тутилган.

ЎзМУ ректори давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлар ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизомини мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги 2017 йил 11 апрелдаги қарори мазмун-моҳияти ва унинг Ўзбекистон Миллий университетида ижросини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритар экан, бугунги кунда олий таълим тизими олдига қўйилаётган вазифалар, давлат ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга вазирлик тизимидаги раҳбарлардан бошлаб, олий таълим муассасаларидаги ҳар бир бошқарув бўғини раҳбари, биринчи навбатда, ректор, проректор, декан, бўлим бошлиқлари ва кафедра мудирлари шахсан жавобгарлиги қатъий ўрнатилиши талаб этилаётганини алоҳида таъкидлади. Мазкур қарор айнан шу мақсадга қаратилган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, масъулиятсизликнинг, ўзининг тўғридан-тўғри функционал вазифаларини бажаришга юзаки муносабатда бўлишнинг ҳар қандай ҳолатларига йўл қўймаслик ва олдинга қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш сўзсиз таъминланиши учун мансабдор шахслар барча тоифаларининг шахсий жавобгарлигини белгилаш ва чораларини кучайтириш мақсадида, топшириқлар муддатидан кечиктирилиб, сифатсиз бажарилганлиги учун ушбу Қарор билан қатор раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилган.

Республикамиз раҳбарияти томонидан барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек таълим тизими, жумладан олий ва ўрта махсус таълим тизими олдига улкан ва кечиктириб бўлмас вазифалар қўйилаётганлиги ҳамда уларнинг ижроси қаттиқ назоратга олинаётганлиги бежиз эмас. Зеро, ўз зиммасига мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юклатилган вазифасига совуққонлик ва лоқайдлик билан “мендан кетгунча – эгасига етгунча” принципида ишлаётган юқори ва ўрта бўғин раҳбар-ходимлари талайгина.

Қарорда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ишлар зарур тарзда амалий мувофиқлаштирилмаётганлиги, раҳбарлар томонидан шахсий талабчанлик пасайтириб юборилганлиги, масъулиятсиз раҳбарлар ва мутахассислардан шахсан сўров ва талабчанлик ўрнига уларга нисбатан либерал муносабатда бўлинаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Бундай ҳолатлар олий таълим муассасаларида ҳам мавжуд бўлиб, қўйилган вазифаларни ечишга тўсқинлик қилмоқда.

Биринчидан, тизимда эскидан қолган иллат – раҳбарнинг ўзининг зиммасига юклатилган вазифага нисбатан шахсий масъулиятни ҳис қилмаслиги ва бунинг натижасида ижро интизомини қўпол равишда бузиш, ректорат томонидан (юқори ташкилотларнинг топшириғига биноан) юборилаётган ўта муҳим топшириқларни ҳам қўли остидаги оддий ходимлар зиммасига юклаш, улар томонидан тайёрланган ҳисобот ёки маълумотнома мазмуни билан танишмасдан, имзолаб жўнатиш ҳолатлари учрамоқда.

Бу борада қарорда, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек уларнинг ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш муаммолари талабчанлик етарли эмаслиги оқибатида юзага келаётганлигига алоҳида урғу берилган.

Иккинчидан, ректор проректорларни, проректорлар факультет деканларини, факультет деканлари кафедра мудирларини назорат қилиб бориш вертикалининг “ишламаслиги”, яъни тизимли назорат мавжуд эмаслиги натижасида турли йўналишлар ўртасидаги бошбошдоқлик, вазифаларнинг аниқ чегаралаб берилмаганлиги натижасида 1-2 кун муддатли топшириқлардан ташқари, 1-2 ойлик, чораклик топшириқлар ҳам ижро этилмасдан, назоратдан четда қолиб келмоқда.

Қарорда қайд этилганки, бирор бир ташкилот раҳбари томонидан ижро интизомини сусайтириш айрим раҳбарларнинг шахсий масъулиятсизлигини тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатлари, муайян даражада мамлакатни изчил ривожлантиришнинг, унинг иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг, жорий ва истиқболдаги кўп қиррали вазифалари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Учинчидан, олий таълим муассасалари Кенгашлари қарорлари билан танишилса – ҳаммаси силлиқ расмийлаштирилган: ҳеч ким, ҳеч бир соҳа раҳбари, биронта проректор, биронта факультет декани, бўлим бошлиғига ишидаги камчиликлари учун чора кўрилиши у ёқда турсин, уларнинг фаолияти танқид ҳам қилинмайди. Президентимиз Шавкат Миромонович қайд этганларидек – ҳамма ёқда “Ура-ура!”

Тўртинчидан, кадрлар тўғри танланмасдан, кафедра, факультет, бўлим ёки маълум соҳага раҳбарларни тайинлашда улардаги мавжуд салоҳиятдан келиб чиқмасдан иш кўриш ҳолатлари учраб турибди. Тажрибали мутахассислар мавжуд бўлгани ҳолда, салоҳияти ва тажрибаси етарли бўлмаган кафедра мудирлари ёки деканларни тайинлаётган ҳолатлар мавжуд. Айниқса кадрлар, ички назорат ва мониторинг бўлими, маънавият ва маърифат бўлимларига ишига нўноқ ходимларнинг раҳбарлик қилиши нафақат олий таълим муассасаси, вазирлик фаолиятига, балким талаба-ёшларнинг таълим-тарбия олишига ҳам ўта салбий таъсирини кўрсатмоқда;

Олий таълим муассасасида ички тартиб, айниқса ижро интизомининг йўлга қўйилиши, авваломбор биринчи раҳбарга, унинг шахсий инсоний сифатларига, ташкилотчилик ва талабчанлик қобилиятларига бевосита боғлиқ.

Қарорда кимга, қандай камчиликлар учун чоралар кўрилаётганлиги аниқ баён этилган: “самарали натижаларга эришилмаганлиги”, “топшириқларнинг ижроси юзасидан амалий комплекс чора-тадбирлар кўрилмаганлиги”, “пухта ишлаб чиқишдаги шахсий интизомсизлиги учун”, “шахсий масъулиятсизлиги учун”, “таркибий бўлинмалар раҳбарларига нисбатан талабчанлик қилинмаганлиги”, “таклифларнинг сифати паст даражада, ижро муддатлари бир неча марта ва қўпол равишда бузилиб тайёрланганлиги”, “Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказмасдан” киритишнинг ҳар бир ҳолати қатъий кўрсатиб ўтилган.

Қарорнинг 8-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларини ва ҳужжатларини, шунингдек Ҳукумат қарорларини бажариш бўйича ижро интизоми ҳолатини тизимли ва танқидий таҳлил қилишнинг қуйидаги тартиби белгиланган:

ҳар куни – давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашининг, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг назорат бўлинмалари амалий чора-тадбирлар кўриш учун раҳбарларга ахборот берилишини таъминлайдилар;

ҳар ҳафтада, душанба-сешанбада – ижро интизомининг ҳолати, ва энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари ва ҳужжатлари, шунигдек Ҳукумат қарорлари бажариш барча бошқарув органлари ва ҳокимликларнинг, Вазирлар Маҳкамасининг департаментлари ва Комплексларининг биринчи раҳбарлари томонидан пухта таҳлил килиниши таъминланади. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида танқидий муҳокама ва амалий чора-тадбирлар кўриш таъминланади;

ҳар ҳафтада, чоршанбада – умумлаштирилган таҳлил Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат маслаҳатчиларининг тегишли хизматлари билан қўшимча равишда пухта ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматига (Т.А.Худайбергеновга) тақдим этилади;

ҳар ойда, ойнинг охирги жумасида – айбдор мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлиги чоралари бўйича аниқ таклифлар билан бирга пухта таҳлил тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси (И.Б.Абдуллаев)га зарур профилактика ишлари ўтказилиши юзасидан таъсирчан назорат ўрнатиш ҳамда айбдор мансабдор шахсларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишини таъминлаш вазифаси топширилаяпти.

Бу дегани, биз ҳам ўзларимизнининг ижро интизоми назоратига доир ишимизни тубдан қайта кўриб чиқиб, тартибга солишимиз, ижро назорати бўйича шахсан ўзимизга ва ҳар бир ходимимизга нисбатан талабчанлик даражасини юқорида қайд этилган талаблар даражасига етказишимиз зарур, деб таъкидлади ЎзМУ ректори.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги қарори лойиҳасини тайёрлашда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва берилган қўшимча вазифалар ижросини таъминлаш бўйича олий таълим муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университетига қатор топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 12 июндаги Фармони қабул қилинганига деярли 2 йил бўлишига қарамасдан, бу борадаги ишларни ҳанузгача йўлга қўйилмаганлигини таассуф билан қайд этишга тўғри келади.

Илмий салоҳият кўрсаткичи йилдан йилга пасайиб бормоқда. Фан докторларининг ўртача ёши 63,5 ёшни, фан номзодларининг ўртача ёши 51,5 ёшни ташкил қилади. Кўпчилик профессор-ўқитувчилар асосий штатда бўлсада тўлиқ бўлмаган ставкада (0,75; 0,5; 0,25) фаолият юритишади. Бу эса уларнинг салоҳиятидан тўла фойдаланиш имконини бермайди.

Талабаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва янгиликларни ўз вақтида талабаларга етказиш мақсадида “Ахборот ва мураббийлик соатлари” ўтказилади. ЎзМУ ректори бу машғулотлар самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам ўз таклифларини билдирди.

Маъруза юзасидан Кимё факультети профессори Туйғун Бобоев, Геология ва геаграфия факультети профессори Фазлиддин Ҳикматов, Тарих факультети профессори Раҳбархон Муртазаева, Журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар сўзга чиқишиб, муҳтарам Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорларида белгиланган вазифалар олий таълим тизимини такомиллаштиришда қанчалик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб, ЎзМУ ректорининг университетимизда ушбу қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган маърузаларида белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

к2

Шунингдек, Кенгаш кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>