Сайтимизга хат келди: «Олий таълим муассасасида Ахборот хизмати қандай вазифаларни бажаради? Салом билан Файзулла Эрназаров, доцент».
Ҳурматли ҳамкасбимизнинг саволига жавобан қуйидаги маълумотлар ҳавола этилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот хизмати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-сонли қарори ижросига йўналтирилган Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 16 октябрдаги 234-сонли буйруғи ҳамда университет Илмий Кенгашининг 2006 йил 31 октябрдаги 4-рақамли мажлиси қарорига биноан ташкил этилган бўлиб, у ЎзМУ ректоратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
ЎзМУ Ахборот хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларига, Олий Мажлис қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2006 йил 22 сентябрь) 203-қарори ва бошқа тегишли қарорларига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруқларига, ЎзМУнинг норматив ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади. У ўз фаолиятини ЎзМУ таркибий бўлимлари ва факультетлари ҳамда республиканинг бошқа вазирликлари ва идоралари тегишли хизматлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.
ЎзМУ Ахборот хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
– ЎзМУ раҳбарияти томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиш;
– ЎзМУ факультетлари ва бўлимлари фаолияти билан боғлиқ ахборотларни миллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш;
– ЎзМУ ахборот манбаларини яратиш, ОАВ учун пресс-релизлар тайёрлаш ва тарқатиш;
– ЎзМУ фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлаш ҳамда миллий ва хорижий нашрларда ёритиш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш, тегишли соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш;
– интернет тармоғида ЎзМУ веб-ресурсларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш;
– ЎзМУга нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда маҳаллий, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари муносабатини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида университет раҳбариятини хабардор қилиб бориш;
– Хизмат фаолиятига оид турли тадбирлар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ўтказиш.
ЎзМУ Ахборот хизматининг асосий функциялари қуйидагича:
– Хизмат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотларни ЎзМУ факультетлари ва бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда тўплаш ва ишлаш;
– оммавий ахборот воситалари учун хабарларни (пресс-релизлар, бюллетенлар, шарҳлар ва шу кабиларни) тайёрлаш ва тарқатиш;
– ЎзМУ фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлаш ҳамда миллий ва хорижий нашрларда эълон қилиш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш, тегишли соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш;
– ЎзМУ раҳбарияти ва ходимларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот конференциялари, брифинглари, мусоҳабалари ва бошқа учрашувларини ташкил этиш;
– ЎзМУ фаолиятига доир масалалар бўйича ижтимоий фикрни ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида позициясини ўрганишга доир таҳлилий ишларни амалга ошириш. ЎзМУ раҳбариятига ахборот бериш учун эълон қилинган долзарб материаллар шарҳларини тайёрлаш;
– оммавий ахборот воситалари билан ахборот-маълумотнома ишларини амалга ошириш учун идора фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган маълумотлар банкини ташкил этиш;
– ЎзМУ фаолиятини энг тўлиқ ва холисона ёритиш мақсадида миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;
– интернет тармоғида ЎзМУнинг веб-сайтини ташкил этиш ва уни замонавий даражада такомиллаштириб бориш.
ЎзМУ Ахборот хизмати ўз ваколатлари доирасида миллий ва хорижий ахборот агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ЎзМУ фаолияти тўғрисидаги материалларни тайёрлашда кўмаклашиш тўғрисидаги буюртманомалари ва сўровномаларини кўриб чиқади.
ЎзМУ Ахборот хизмати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– Хизматнинг вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотларни ЎзМУ факультетлари ва бўлинмаларидан, ЎзМУга қарашли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
– ЎзМУ йиғилишлари, мажлислари ва бошқа тадбирларида қатнашиш;
– қўйилган вазифаларни бажариш учун ЎзМУ раҳбари билан келишган ҳолда идоранинг бошқа бўлинмалари ходимларини, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва экспертларини жалб этиш, шу жумладан контракт асосида жалб этиш;
– бошқа идораларнинг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
– раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида, республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Хизмат ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ЎзМУ номидан вакиллик қилиш;
– ўз ваколатлари доирасида босма нашрларни нашр этиш;
– ЎзМУнинг ахборот сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифларни, Хизмат фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини раҳбариятнинг кўриб чиқиши учун киритиш.
ЎзМУ Ахборот хизмати фаолияти ЎзМУ раҳбари томонидан тасдиқланадиган ишлар режаси асосида ташкил этилади.
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари айни бир вақтда университет раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади.
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбарининг вазифалари:
– Ахборот хизмати фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
– Ахборот хизмати фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ва назорат қилади, ЎзМУ факультетлари ва бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
– Ахборот хизматида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
– Ахборот хизмати ходимларининг малакасини ва касб бўйича савиясини ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборот хизмати фаолиятининг ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт таъминоти, шунингдек унинг ходимларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш ЎзМУнинг таркибий бўлинмалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Айни пайтда ЎзМУ Ахборот хизматига филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбеков раҳбарлик қилмоқда.
ЎзМУ Ахборот хизмати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати билан ҳамкорликда республикамиз олий таълим муассасалари учун ҳар ҳафтада “Ахборот соатлари” материалларини тайёрлаб, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz сайтлари орқали тақдим этиб бормоқда.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар