Наврўзгул

Журфак талабаси ижодидан

 1

Айтишларича у кун билан тун тенглашадиган вақтда дунёга келган экан…

Назар солсангиз, у ўзи туғилган баҳор фаслига жуда монанд: табассуми илиқ ва дилкаш, юзи илк кўклам чечагидек ёш, латофатли.

Мен ҳам уни айнан кўкламда, Наврўз байрами вақтида севиб қолганман.

Бизнинг Китоб томонларда Наврўз ўзгача шукуҳ билан нишонланади: гиламдек тўшалган қирларга бутун қишлоқ кўчиб чиқади. Карнай-сурнай, мусиқа садолари бутун оламга таралади. Ҳамма баҳорий кайфиятда янги кунни кутади: гўзал урф-одатлар, кураш, тортишмачоқ ва ҳоказо ўйинлар бошланади.

Мен, ёш ўсмир, Наврўзгулни учратдиму, ҳаловатим йўқолди. У баҳор чечакларидан гулчамбар тақиб олганди, ёнида дугоналари ҳавас, ҳатто ҳасад(!) билан суқланиб, унинг гўзаллигини мақташарди.

Шамолдек енгил, бўрон каби кучга тўлган эмасманми, ўша куниёқ йўлини пойлаб, кўнглимни ёришга улгурдим. У менинг ёниб айтган дил изҳоримга кулиб қўя қолди. Аммо мен баҳор мисол эдим, курашдан қайтмадим.

Ажабо, бизнинг ҳаяжонга тўла учрашувимиз ҳам келаси Наврўз байрамида юз берди: бир йил машаққат чекканимдан сўнг, у илк бор менга муҳаббат нигоҳи ила боқди. Кўклам бағрида ниш урган илк лолаларни дасталаб унга тутдим. Ўша куни бутун юрт, менинг қишлоғим ҳам айёми Наврўзни кутаётган эди, ёмғир эркалаб, қуёш сийпалаб ўстирган майсалар узра байрам садоси тараларди.

Наврўз нақадар сеҳрли, умидли кун! Хурсандлигимдан бир томонда ястанган Ҳисор, яшиллик маскани Тахтиқорача довони, Зарафшон тоғларига салом бергим келди. Бутун водий Наврўзни тантана қилар, Наврўз шукуҳи ила яшарди, мен ҳам Наврўзгулнинг ишқида маст эдим…

…Шаҳарда ўқиётганимнинг биринчи йили Наврўз байрами яқинлашгач, қишлоққа отландим. Шаҳарнинг олағовуридан сокин табиат қўйнига чиқдим. Ҳаммаси олдингидек: одамлар яйраб Наврўзни кутишмоқда. Аммо мен безовта эдим, нимадир йўқдек кўнглим хира эди.

Наврўз байрамида қишлоқнинг жами янги тушган келинчаклари гулдек таралиб, халққа салом қилишади, бу анъана менга ёқади. Бу сафар ҳам ой юзли келинчакларга ҳавас билан боқарканман, улар ичида бир чеҳрани кўриб, бирдан дил-дунёйим қоронғулашди: бу Наврўзгул эди. Мен кўнгил қўйган қиз…

Тўғриси, бу ердаги келинчаклар ичида энг гўзали у эди. Аммо…

Хуллас, менинг илк муҳаббатим шу тариқа барҳам топган. Йиғламадим, сиқтамадим. Бағримни захга ҳам бериб ётмадим. Шунчаки ҳар йили Наврўз яқинлашаверса, кўклам нафасидан яшнаётган қишлоғим, қадрдон байрамни завқ ила нишонлаётган бахтли одамлар…ва баҳордек фусункор Наврўзгул ёдимга тушаверади.

2

Улуғбек ОРИПОВ,

ЎзМУ Журналистика факультети  талабаси.

You may also like...

7 Responses

  1. Oripovga hamdardlik bildiramiz. Bu kabi ayriliqlar yigit kishiga xos, ammo bu bilan endi hayot tugadi teb barchasiga qo`l siltash kerak emas. Sizga yangi hayotda omadlar tilaymiz…

  2. Isfandiyor BURGUTBOYEV:

    Iyeèee, o’zimizning Ulug’ Orifku! Maqolani gazetada ham o’qigan edim. Menga aytarli darajada yoqdi. Maqola ustidagi muzokaralar ham chotkiy bo’ldi. Tabriklar

  3. Ha endi tushundim Ulug’bekning nega navro’z bayramida uyga ketmasligini, Ulug’bek ijodingizga omad.

  4. Durdona Safarva:

    Qani edi! Insnlarning qalblariga, dillariga Navro`z shukuhi faqat 21-mart kuni emas, har kuni kirib kelsa, dunyo to`liq nurga to`lardi. Menimcha, kursdshim Ulug`bekning ko`nglidabunday quvonchli kun bir umrga yodida qolgan.

  5. Ulug’bekning kelajakdagi ijod namunalariga ham omad yor bo’lsin.

  6. Saytda fikrnomalarini qoldiradigan ba’zi talabalarga: nima balo ushbu fikrnomalarni yozguningizcha uxlab yana uyg’onib yozganmisiz. Aynan Durdona Safarova. Ajoyib. Qaranga:

    Durdona Safarva

    Qani edi! Insnlarning qalblariga, dillariga Navro`z shukuhi faqat 21-mart kuni emas, har kuni kirib kelsa, dunyo to`liq nurga to`lardi. Menimcha, kursdshim Ulug`bekning ko`nglidabunday quvonchli kun bir umrga yodida qolgan.

    Mana sizga ajoyib, bir biridan g’aroyib jumlalar.

  7. Bu yerda real voqelikka qaraganda ramziylik kuchliroq nazarimda. Muallif bahor va Navro`z vositasida ilk muhabbatning sog`inchli taassurotlarini biz bilan o`rtoqlashgan. Tasvir mahorati yaxshi, ammo mukammal emas. Muallifga ko`proq realizm yo`nalishidagi asarlarni maslahat beraman.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>