НАВРЎЗ нафосат байрами

Мактаб ва бошқа таълим муассасалари саҳналари учун (Сценарий)

1

Асосий иштирок этувчилар:

Баҳорой – қиз.

Наврўзжон – йигит.

Деҳқон бобо – йигит.

Кекса тол дарахти – йигит.

Бойчечак – қиз.

Лолахон – қиз.

Турнахон – қиз.

Лайлакбой – йигит.

Қалдирғоч – қиз.

Турли эпизодларда:

Қишни олиб кетаётган қарғалар – бола ва қиз.

 

Саҳна баҳор байрамига мос равишда безатилади. Деворларга турфа гуллар расми чизилади. Наврўзга аталган шеър, битиклар кўринарли жойларга ёзиб қўйилади. Шифтга баҳор қушлари ҳисобланмиш турна, қалдирғоч, лайлак, булбул тимсолида қоғоз ўйинчоқлар илинади. Меҳмонлар жойлашгунларига қадар баҳор фаслини тараннум этувчи куй (масалан “Баҳор келса, алвон-алвон очилса гуллар” қўшиғи) янграб туради.

Бошловчи сифатида саҳнага Баҳорой тимсолида бир қиз кириб келади. У узун гулли кўйлак кийиб, бошига гулчамбар таққан. Қўлини кўксига қўйганча эгилиб салом беради.

 

Баҳорой: – Ассалому алайкум азиз меҳмонлар! Сизларни Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Улуғ айём юртимизга қут-барака олиб келсин. Барчангизга узоқ умр, бахт-саодат ва ҳамиша омонлик тилайман.

 

Баҳордан бошланар гўзаллик фасли,

Йилнинг илк тонгидир оламда асли.

Наврўзни хуш кўрган хуш яшар абад,

Бахтга мушаррафдир ул инсон насли!

 

Бугунги шодиёнамизни бошлаб бериш ҳамда табрик учун сўз ҳурматли Рустам Усмоновга (ҳар ким ўз жамоаси раҳбари, оқсоқолининг исми-шарифини айтади).

 

Табрик сўзи айтган раҳбар байрам танлови ҳақида қуйидаги мазмунда ҳам гапириши мумкин:

 

– Азалдан Наврўз байрамида турли кўрик-танлов ҳамда мусобақалар ўтказилгани маълум. «Энг яхши Наврўз таомлари тайёрлаш», «Энг моҳир каштачи», «Наврўз тасвирини чизган энг яхши рассом» ва ҳоказо. Бу байрам муносабати билан кураш, арқон тортиш, қўл кучини синаш, югуриш, шахмат-шашка, тош кўтариш, дор ўйини ва бошқа спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказилган. Биз ҳам мана шундай ғолибларни бугун олқишлаймиз.

(Ташкилотчи танлов шартлари, ташкилий ишлар ва бошқа фикр-мулоҳазаларини баён этиши мумкин. ғолиблар бадиий қисм сўнггида эълон қилинади.).

 

Баҳорой:   – Қизлар гулли рўмол ўрар,

Ўзларин қилиб кўз-кўз.

Замин янги кўйлак кияр,

Келса Наврўз, бўлса Наврўз.

Дилбар қизлар, жўражонлар,

Эркин қанот ёзинг ҳаргиз,

Ҳур элимга қутлуғ айём

Келса Наврўз, бўлса Наврўз!

 

Энди даврамизга энг азиз меҳмон – Наврўзжонни таклиф этамиз. Барчамиз: “Ассалом, Наврўз! Даврамизга марҳабо!” деймиз. Қани бошладик, бир-икки-уч…

 

Ҳамма жўр овозда:

– Ассалом, Наврўз! Даврамизга марҳабо!

 

Саҳнага беқасам (ё бошқа матодан тикилган) тўн ва бошига дўппи кийган Наврўз тимсолидаги йигит қўлини кўксига қўйганча кириб келади.

 

Наврўзжон: – Одамлару одамлар,

Боғда битган бодомлар!

Дилдан қиш ғами кетди,

Барча Наврўзга етди!

Чилдирмани чалингиз,

Раққоса, айла хиром.

Бу байрам даврамизда,

Барчангиз олинг ором.

Оламни турфа гулларга буркаб келган баҳор айёми муборак бўлсин, азизлар! Бу баҳор шунчаки фасл эмас, балки у ҳар бир инсон умрининг баҳори. Мен барча чеҳраларда баҳор тароватини кўряпман!

 

Баҳорой: – Наврўзжон, сен келишинг ҳамоно енг шимариб ишга киришадиган ва бу кунни – меҳнат байрами сифатида нишонлайдиган ажойиб инсонларни биласанми?

 

Наврўзжон: – Энг биринчиси – Деҳқон бобом-да! Ана, ўзлари ташриф буюрмоқдалар!

 

Баҳорой ва Наврўзжон жўр бўлишиб:

 

– Ассалому алайкум, бобо деҳқоним!

Саховати чексиз нурли бўстоним!

Меҳнат байрами деб, сочдингми донинг?

Сенга таъзимдадир жумла жаҳоним!

 

Даврага деҳқон либосидаги йигит кетмон (ёки бошқа иш қуролини) кўтариб киради ва қўлини кўксига қўйганча меҳмонларга салом беради.

 

Деҳқон бобо: – Омоч ҳайдар тиним билмай,

Деҳқон ила қўш ҳўкиз,

Насибамиз бутун бўлар,

Келса Наврўз, бўлса Наврўз.

Оллоҳ, ўзинг асрагин-ей,

Тегмасин ҳеч ёмон кўз.

Момоларим руҳлари шод,

Келса Наврўз, бўлса Наврўз.

Ҳа азизлар, Наврўз эзгулик байрами.

Бу кун ким нимани ният қилса, албатта эришади. Катта-ю кичикнинг дуоларига қулоқ тутсангиз: «деҳқончиликка барака берсин» дея яратгандан сўрашади. Ахир, барчанинг ризқи ўша деҳқончиликнинг орқасидан-да.

 

Баҳорой: – Деҳқончилик нафақат инсонлар, балки, қушлар, жониворлар учун ҳам ризқу-рўз манбаидир. Ия, ана, қаранглар, қушлар учиб келишяпти, ур-ре!

 

Наврўзжон: – Қушлар билан бирга гуллар ҳам елиб келишмоқда! Улар ортидан Тол бува ҳассасига таяниб келаётир. Энди ҳақиқий байрам бошланади, ур-ре!

 

Баҳорой: – Улар баҳор элчилари ҳисобланадилар! Ҳар йили рўйи заминга, мана шу юртга файз-барака олиб келишади! Қани-қани, даврамизга марҳабо! Хуш келибсизлар! (Чапак чалиб юборади).

 

Баҳор фаслини тараннум этувчи мусиқа садолари остида ўзига хос либослардаги Тол бува, Бойчечак, Лолахон, Лайлакбой, Турнахон, Қалдирғоч даврага кириб келишади. Улар томошабинлар томонга қараб эгилиб салом беришади.

 

Баҳорой: – Хуш келибсиз, меҳмонлар!

Мен учун азиз жонлар!

 

Меҳмонлар жўр овозда:

– Ташаккур, сенга баҳор!

Барча бўлсин сенга ёр!

 

Бойчечак: – Баҳоройим, Баҳорой!

Юзларинг мунча чирой!

Юртга сен келган чоғда –

Олам гўзалликка бой!

Мен ҳам сенинг элчингман,

нени сўйлай – тилчингман!

 

Лолахон: – Мен Лоламан, Лоламан!

Бир гўзал қиз боламан.

Чиройимга маҳлиё,

мен-ла ёшарар дунё!

Тоғ-адирда лолалар,

кўриб қувнанг, болалар!

 

Лайлакбой: – Қанот қоқдим, юрт кездим,

кўкда кўп нарса сездим.

Ўзи бўлиб бир жаҳон,

яшнабди – Ўзбекистон!

 

Турнахон: – Қур-е, қур-е, деб учдим,

Гўё осмонни қучдим.

Дунёга қилиб кўз-кўз,

Тантана қилмиш Наврўз.

 

Қалдирғоч: – Меҳржон байрамида,

меҳр кўриб кетганман.

Айни кўклам чоғида,

Муродимга етганман.

Соғиниб келдим яна,

Наврўз билан ҳамнафас.

Бизнинг дўстлигимизга

Барча қилишар ҳавас.

Одамларнинг уйида,

Ин қуришдир одатим.

Инсонларнинг бахти-ла,

Менинг ҳам саодатим.

 

Баҳорой: – Кўпни кўрган чол бува,

Қани сўйланг, Тол бува,

Қандоқ байрамдир Наврўз?

Билиб олурмиз сўзсиз!

 

Тол бува салласини тўғрилаб қўйганча салмоқ билан сўзлайди: – Мени дерлар кекса тол,

мисоли донишманд чол.

Ҳақиқатни кўзлайман,

доноликдан сўзлайман.

Танам бўлса-да қари,

Билганим – билмас пари!

Новдаларим ҳар Наврўз,

Япроғин қилар кўз-кўз.

Ишга бўлиб пайваста,

Шохларим – кетмондаста!

Сирдошим – бободеҳқон,

Бизлар бир тану, бир жон!

 

Деҳқон бобо Толнинг елкасига қоқиб қўйганча шундай дейди: – Қари билганни – пари билмас,

деганлари рост. Кўпни кўрган Тол бува доно фикр айтди. Ўтмишинг қанчалик буюк бўлса – келажагинг ҳам шунчалик буюкдир. Бу гап нафақат инсониятга, балки табиат ила ошно байрамларга ҳам тааллуқли. Айтайлик, Наврўз байрами тарихи ҳақида сўзлашнинг ўзи мароқли!

 

Баҳорой: – Билганлар учун сўзлаш, бошқаларга эса

тинглаш мароқли, шундайми Лайлакбой?

 

Лайлакбой: – Билмаганни сўраб ўрганган – олим!

Донишманд бувамиз нима деркин?

 

Тол бува: – Хўш, Наврўз байрами тарихидан сўйлайинми? Бу кўҳна дунёда биз кекса дарахтлар кўп нарсага шоҳидмиз. Ҳа, сўйлайверсам гап кўп. Биласиз, Шамс – қуёш дегани. Шу сўздан келиб чиққан қадим Шамсия йили қуёшнинг йиллик ҳаракатига қараб белгиланган. 21 мартда кун ва тун тенг бўлишини биласиз. Буюк аждодларимиз бу кунни янги йил байрами сифатида нишонлаганлар. Тўғрими, Деҳқон бобо?

 

Деҳқон бобо: – Офарин сизга, Тол бува! Шу ерда яшаб ўтишган алломалардан кўп асарлар мерос қолган. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абулқосим Фирдавсий, Умар Хайём, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимизнинг ўлмас асарларида Наврўз байрами ҳақида доно фикрлар баён этилган. Шоирлар назмида, халқ оғзаки ижодида бу байрам алоҳида тараннум этилади.

 

Тол бува: – Умар Хайём “Наврўзнома» асарида ёзишича, кимки Наврўзни шоду хуррамлик билан байрам қилса, йил бўйи ҳаёти шодлик ва осойишталикда ўтаркан.

 

Бойчечак: – Ўсимликлар билан тиллашган Абу Али ибн Синонинг ёзишича, Наврўз пайтида инсон танасидаги қон меъёрида айланиб, чеҳраси ёришаркан. Наврўз таомларини танаввул қилган инсон тетик ва соғлом бўлиб юраркан.

 

Баҳорой: – Абу Али ибн Сино сумалакни обдан совутиб истеъмол қилишни тавсия этган.

 

Лолахон: – Абу Райҳон Беруний бобо ҳам Наврўз байрами билан боғлиқ кўплаб ҳикматли фикрларини ёзганлар. Ўша тонгда кимки ширинлик танаввул қилса, йил бўйи унинг умри ширин ўтармиш. Кимки уч қошиқ асал еса, кўп касалликларга шифо топармиш.

 

Турнахон: – Алишер Навоий бобонинг ҳам назмий тилакларини ёдга олинг:

Ҳар тунинг қадр ўлубон,

Ҳар кунинг бўлсин Наврўз.

 

Қалдирғоч: – Бу шеърий тилакнинг маъноси нима экан? Вижир-вижир, вижир-вижир…

 

Тол бува: – Бунинг маъноси шуки, ҳар бир тунинг қадр кечасидек хайрли, қутлуғ, осойишта ўтсин. Ҳар бир кунинг янги кун бўлсин. Наврўз байрамида билдирилаётган ушбу тилаклар ижобат бўлсин, азиз бўталарим!

Наврўзжон: – Юрт отаси Ислом Каримов ҳар йили байрамда бизни улуғлаб, дил сўзларини изҳор этганларида гўё олам нурафшон бўлгандек туюлади. Ҳатто боботоғ яшил чопонини кийиб, кўксида алвон лолалар ял-ял порлайди! Ўшанда билингки, бул заминга Наврўз келибди! Табиат байрами жамият шодиёнасига айланади. Сумалак, ҳалим ва бошқа таомлар пиширилади. Дастурхонларга кўк сомса, ялпиз чучвара ва бошқа баҳор таомлари файз киритади.

 

Қалдирғоч: – Менинг инимни ким билади?

 

Тол бува: – Шох-шаббаларим чумчуқ, қарға, ҳакка ва бошқа қушларга макон. Сен негадир кўринмайсан, қалдирғоч?

 

Деҳқон бобо: – Бу эркатойнинг ини бизнинг уй айвонида! Одамлар ҳам қалдирғочларга ўрганиб қолишган.

 

Қалдирғоч: – Одамлар билан бирга яшашимизнинг тарихи узун, шундайми Деҳқон бобо?

 

Деҳқон бобо: – Албатта, қалдирғочим! Қани бу ҳақда дўстларингга айтиб берасанми?

 

Қалдирғоч: – Айт, десангиз айтавераман. Қадимда аждодимиз инсонларга яхшилик қилиб, илон билан курашган. Ўшандан буён биз учун одамларнинг уйлари, айвонларида ин қуриш одат бўлган. Бирга яшагач, биз улардаги ажиб фазилатларни кузатамиз. Наврўз байрамида бир-бирларига меҳр-мурувватли, оқибатли ва меҳрибон бўлиб қоладилар. Нуронийларни зиёрат қилиб, беморлар ҳолидан хабар олишади. Бева-бечораларга саховат кўрсатилади. Биз ҳам одамлар қувончига шерикмиз. Шу кунларда сумалакнинг ёқимли ҳиди маст қилмоқда. Сизларга “Сумалак” шеърини айтиб берайми? Вижир-вижир…

 

Турнахон:  – Ур-ре, шеър эшитарканмиз!

 

Лолахон:   – Қани, бошла, азизим!

 

Қалдирғоч: – Қизлар сочи жамалак,

Пазандаси зўр малак.

Кафгирни айлантирар,

Дошқозонда сумалак.

Ўтин йиққанди бобом,

Буғдой ундирди момом.

Сумалак сайли бугун,

Шоду хурраммиз тамом!

 

Бойчечак: – Менинг ҳам шеър айтгим келяпти.

 

Наврўзжон: – Бош устига, айтавер!

 

Бойчечак: – Кўзга суртиб момолар,

Дерлар “Бўлсин омонлик!

Бойчечакни кўрганлар,

Кўрмагайлар ёмонлик!”

 

Турнахон: – Бойчечак, сендан бир нарса сўрасам

майлими?

 

Бойчечак: – Марҳамат.

 

Турнахон: – Мойчечак билан қариндошмисиз?

 

Бойчечак: – Мойчечак опам бўлади. Иккимизниям танисиҳатлик рамзи сифатида бувилар кўзларига суртиб, эсон-омонлик қилиши бежиз эмас. Фақат, опам бодомга ўхшаб ҳовлиқмароқ. Кўклам келар-келмас…

 

Турнахон:  – Майли, бу ёғини айтмай қўя қол.

 

Тол бува: – Гапларинг жудаям тўғри, Бойчечагим! Сени кўзга суртиб, омонлик-сомонлик қилишлари жудаям ёқади.

 

Бойчечак: – Сизнинг новдаларингиздан эса қизлар бошига гулчамбар қилишади. Ўшандачи, роса дилим яйрайди-да!

 

Турнахон: – Бойчечак айтган гап замирида бир зўр ҳикмат бор. Одамзоднинг фожеаси уруш-жанжал. Тинчликсевар инсонлар жуда кўп. Афсуски, дунёнинг у ер-бу ерида қандайдир уруш олови пайдо бўлганини юксак осмондан туриб кузатганда хуноб бўламиз. Ақлирасолари Наврўз ҳаққи-ҳурмати ярашганларини кўриб, кўнглим таскин топади.

 

Лолахон:   – Бир-биридан аразлаб юрган кишилар ҳам Наврўзда ярашиб олар эканлар-а?

 

Деҳқон бобо: – Ўзбекларнинг ажойиб мақоли бор: “Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади”. Дилозорлик қилган кимсалар гинасини Наврўзда унутишади.

 

Лолахон: – Ўшанда чаманзоримиздан гул-лолалар териб, бир-бирларига ҳадя қилганларини кўрсам, янаям очилиб кетаман.

 

Шу пайт ғамгин оҳангда мусиқа товуши эшитилади. Ҳамма безовталаниб атрофга боқади.

 

Баҳорой: – Негадир этим увишяпти, совқотиб кетяпман. Вой, анувлар ким бўлдийкин?

 

Ҳамма ҳайрон бўлганча саҳнанинг бир томонига ўтадилар. Қағиллаб қанот қоққанча икки қарға кириб келишади.

 

Қарғалар жўр овозда:

– Биз қарғамиз, қарғамиз, қоғ-қоғ,

Кўнглимизни этгаймиз чоғ-чоғ.

Бу йил қишда ёғди қор тоғ-тоғ,

Табиатда қолмади бирор доғ-ғ!

 

Тол бува кулиб юборади: – Эй, булар ҳам эски қадрдонларим-ку! Қишдан дарак бериб келадиган қушларга ҳам шохларим макон. Хўш, олақанотлар, сиз билан хайрлашган эдик, чоғи…

 

Қиз қарға: – Тол буважон, Тол бува!

Тилингизда бол, бува!

Ширин сўзларингиздан,

Ҳамма сармаст, лол, бува!

Бағрингиздан бериб жой,

Қилган ишингиз чирой!

Тағин қишда келганда,

Кўришурмиз, ҳойна-ҳой!

 

Бола қарға: – Атай ортга қайтишимиз сабаби бор.

 

Тол бува:  – Хўш-хўш?

 

Бола қарға: – Ёруғликнинг қадрига етмоқ учун зим-зиё тунни эслаб туриш кифоя, деган эдингиз, тўғрими, Тол бува?

 

Тол бува: – Албатта. Хўш, бу гапни ҳозир эслаш шартми, Қарғавой?

 

Бола қарға: – Совуқ ўлкаларга учиб кетаётиб ортга боқсак, суҳбат қуряпсизлар. Қулоғимизга эшитилиб қолди; Наврўз ҳақида экан.

 

Тол бува: – Хўш, сиз бирор гап айтмоқчимисиз?

 

Қиз қарға: – Ҳу қай бир йили Наврўз байрамини нишонлаш таъқиқланганини кўргандик. Ўша кезларда ҳамма жойга фақат қизил байроқ илинарди. Ўзбекистон мустақил деган гаплар қулоғимизга чалинганида Наврўз катта шодиёнага айланиб кетди. Бу кунларнинг қадрига етиш керак!..

 

Тол бува: – Бир қўшиқ қулоғимга чалинган эди. Ҳаҳ, сўзлари қанақа эди? Ҳа-а, эсладим: “ғамларингни чиқар кўнгилдан, шод кунларни эслайлик фақат!» Ўтмишдаги гина-кудуратлар ўтиб кетди. У ҳақда кўп эслаш шартмас. Яхшиликдан сўйласанг, яхшилик боғи кўкаради. Ҳар йили эрта кўкламда кўкаламзорлаштириш ойлиги ўтказилади. Менинг ҳам новдаларимдан авайлаб олишиб, кўп жойларга экишади.

 

Қалдирғоч: – Қадимдан бу юрт одамларида ажойиб анъана бор; оилада ўғил бола туғилса, унга атаб камида ўн беш-йигирма туп дарахт экилади. Бола улғайгунга қадар дарахтлар кўкка бўй чўзади. Қарабсизки, унинг иморатига етарли ёғоч тайёр-да!

 

Наврўзжон: – Дарахти кўп юрт – бой бўлади!

 

Лайлаквой: – Қушларга зўр жой бўлади!

 

Турнахон: – Борлиқ ҳам чирой бўлади!

 

Бола қарға: – Тўғри-тўғри, қағ-қағ…

 

Қиз қарға (шеригини туртиб):

– Ҳой бўлди, қағиллайверма, тағин қор ёғивормасин…

 

Бола қарға: – Унда йўлимизда равона бўламизми?

 

Қиз қарға: – Қани, совуқ ўлкаларга кетдик, қағ-қағ, (қанотларини силкитишади) хайр дўстлар, кузда учрашгунча омон бўлингла-ар, қағ-қағ-қағ…

 

Тол бува: – Йўлларинг бехатар бўлсин. Олтин кузда кўришгунча хайр, азиз қушларим.

 

Турнахон: – Тол бува, бағрингиз кенглигига қойил!

 

Тол бува: – Бу қушларнинг куз фасли қанот қоқиб келишини кўрсангиз дилингиз яйрайди. Қишни, қорни, пировардида янги йил байрамини эслатади. Ўшанда совуқ ҳаво келсину, аммо ҳечам совуқ гап келмасин, дейман!..

 

Турнахон: – Қанот қоқсак, қур-е, қур-е, Наврўз келар, ур-е, ур-е! Самоларда парвоз қилиб, ердаги кўп ишларга шоҳидмиз. Бир ҳикмат жудаям топиб айтилган экан: “Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!” Ҳикматлар хазинасига бой бўлган Ўзбекистонда Наврўз ўзига хос тароват билан нишонланмоқда.

 

Баҳорой: – Байрамга нима файз киритади?

 

Наврўзжон: – Албатта куй-қўшиқ ва рақс-да!

 

Қалдирғоч: – Бир чарх уриб рақсга тушамизми? (У парвозга шайланаётгандек қанотларини силкиб қўяди). Бизга оҳанграбодек қўшиқ бўлса бас!

 

Саҳна ортидан куй, қўшиқ янграб, барча рақсга тушади.

 

Байрамга турли санъаткорлар таклиф этилиши ва улар ижросида Наврўзни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тингланиши, аскиябозлик қилиниши айни муддаодир.

 

Баҳорой билан Наврўзжон биргаликда даврани олиб борадилар.

 

Байрамга ташриф буюрган меҳмонларга табрик учун сўз берилади.

 

Саҳнада қўшиқ ва рақслар ранг-баранг чиқиши учун дастур қуйидагича тузилиши ҳам мумкин:

 

Баҳорой: – Бу заминда байналмилал дўстлик ҳамиша ардоқланган. Бугун ҳам турли миллат вакиллари ташриф буюргани даврамизга янада файз киритмоқда.

 

Наврўзжон: –Марҳамат.

 

Улар саҳна четига ўтадилар. Бадиий дастур давом этади.

 

  1. Қозоқ либосидаги йигит дўмбира (ё чанқовуз) чалиб чиқади ва ўлан айтади.

 

  1. Тожик миллий кийимидаги қиз кўза кўтариб чиққанча “Ая духтор шумо таннози хушрўй”, “Помир қизи” деб номланган куй-қўшиқларга рақсга тушади.

 

  1. Татарча куй чалиниб, ўша миллат миллий либосидаги йигит ва қиз рақсга тушади.

 

  1. Озорбойжонча куй чалиниб, ўша миллат либосидаги йигит ва қиз рақсга тушади.

 

  1. Қирғиз либосидаги қиз қўбиз чалиб беради.

 

  1. Рус либосидаги йигит ва қиз русча мусиқага валсга тушади.

 

  1. “Елписса” ёхуд бошқа туркманча қўшиққа чопон ва узун кўйлак, тўлдирма қалпоқ кийган йигит-қизлар рақсга тушади.

 

  1. Ҳинди холи бор қиз ҳиндча либосда рақсга тушади.

 

  1. Инглиз, фаранг, немис ва бошқа халқларнинг санъатидан ҳам намуналар кўрсатилса, даврага янада файз киради.

 

Сўнг улар саҳнада саф тортишиб, турли тилларда барчани Наврўз байрами билан табриклайдилар.

 

Турнахон (Лайлакни туртиб): – Лайлакбой, қара, бизнинг мовий осмонда чегара йўқ!..

 

Лайлакбой: – Рўйи заминдаги чегараларни қандай куч маҳв этишини биласанми?

 

Қалдирғоч: – Мен биламан, мен биламан! Масалан, қуёш барчага баробар! Оймомо ҳам тунда чегарага қарамасдан нур сочади! Баҳор ҳам борлиғини барча билан бирдек баҳам кўради! Наврўз байрамини бугун бутун дунё нишонламоқда!

 

Тол бува: – Бу гапларинг жуда тўғри, Қалдирғочим! Турнахон бошқа бир илоҳий куч-қудрат ҳақида айтмоқчийди…

 

Қалдирғоч: – Хўш-хўш, вижир-вижир…

 

Тол бува: – Бу – барча халқлар, миллату элатлар ўртасидаги боқий дўстлик! Бу дўстлик чегара билмайди. Ўзбекистон дунё билан ҳамнафас! Бу жаннатмакон юрт одамлари учун дунё эшиклари очиқ. Қаранг, бугун даврамизга ташриф буюришган турфа либослардаги йигит-қизлар кўнглимизни қанчалик шод этдилар.

 

Баҳорой: – Келинг, биргаликда рақсга тушамиз!

 

Тол бува: – Гарчи атасангиз мени – чол бува,

Рақсни қойиллатар мана – Тол бува!

Дунёда барчангиз ўйнаб-кулингиз,

Бахтимизга мудом омон бўлингиз!

 

Деҳқон бобо, Наврўзжон, Баҳорой, қушлару гуллар жўр бўлишиб:

 

– Даврамизга марҳабо, кулиб-ўйнаймиз,

То абад байрамда бирга қувнаймиз!

Бахт баҳори кулсин бизнинг жаҳонда,

Наврўз боқий бўлсин – Ўзбекистонда!

 

“Лазги”, “Дилхирож”, “Андижон полкаси” каби шўх куй-қўшиқлар янграб барча биргаликда рақсга тушади.

Саҳна ёпилади.

2

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

4 Responses

  1. Камолат ШАМС:

    Наврўз келибон жумлаи жаҳон нозлана, нозлана, нозланажакдир.
    Офтоб чиқибон аста секин пардозланажакдир.

  2. Камолат ШАМС:

    Наврўз келибон жумлаи- жаҳон нозлана, нозлана, нозланажакдир.
    Офтоб чиқибон аста — секин ўзгача- ўзгача пардозланажакдир.

  3. O’zbek aholisi «kelinchak» fasl —bahorni intiqib kutadi va uning ko’rkiga yanada ko’rk qo’shadigan «Navro’z» ayyomida ularning xursandchiligi,kulgusi dunyoni egallaydi.Mana yana aziz hamda qadrdon bayramimiz yaqinlashmoqda.Yangi yilda dilga tuggan niyatlaringiz ushalishi uchun tilakdoshman.

  4. Jumamurodova Muyassar:

    Garchi maqolani kech o’qiyotgan bo’lsam ham ko’nglimda yana bir bor bahoriy kayfiyat uyg’otdi.
    Rahmat ustoz.

Добавить комментарий для Аноним Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>