Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациси қандай йўлга қўйилган?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув

юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилди.Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациси қандай йўлга қўйилган?

Бу таълим ва фан соҳаларини сифат жиҳатдан ривожлантириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати, самарадорлигини тубдан ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Бундан ташқари, диссертациялар сифатини яхшилаш, илмий натижалар амалиётга жорий қилинишини таъминлаган ҳолда илмий даражаларни тасдиқлаш кўрсаткичини 10 баробарга ошириш имконини берди. Агар олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимида 1 ойда ўрта ҳисобда 9 тадан диссертация ҳимояси ўтказилган бўлса, янги тизим шароитида бу кўрсаткич 100 тани ташкил этди.
Ўтган давр мобайнида амалга оширилган дастурий чора-тадбирлар олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси соҳасида сифат ўзгаришларига эришиб бориш, жумладан, қуйидагиларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этди:
– қонун устуворлиги негизида аттестация жараёнининг барча бўғинларида талаблар ягоналигини таъминлаш ҳамда соғлом илмий муҳитни янада ривожлантириш;
– диссертациялар илмий қимматини янада ошириш ва илмий натижаларни амалиётга жорий этиш.
Шу билан бирга самарали илмий ва илмий-педагогик фаолиятни рағбатлантириш, аттестация жараёнининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва жаҳондаги нуфузини янада оширишда илмий ва илмий-педагог кадрларнинг фаол иштирокини таъминлаш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, барча низомлар тубдан янгиланди. Замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда норматив-ҳуқуқий база диссертациялар сифати ва самарадорлигини ошириш, экспертиза сифатини янада яхшилаш, самарали фаолиятни рағбатлантириш каби ижобий ўзгаришларига йўналтирилди.
Шу билан бирга аттестация тадбирларини оптималлаштириш, ортиқча бюрократик жараёнлар, асоссиз муддатлар чўзилиб кетишини бартараф этиш ҳамда коррупция ҳолатларнинг олдини олиш, аттестация жараёнига АКТни кенг жорий қилиш каби жиҳатлар ҳам кўзда тутилган.
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид тартиб-қоида тадбирларини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларга барҳам бериш ва Олий аттестация комиссияси фаолияти очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш бўйича қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган барча талабгорларни ОАКга таклиф этиб, савол-жавоб ўтказиш амалиёти бекор қилинди. Илмий кенгашда диссертацияни экспертиза қилувчи бюрократик бўғин бўлган илмий кенгашнинг эксперт комиссияси тугатилди. Илмий даража ва илмий унвонлар олиш бўйича ОАКга тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ўртача ҳисобда 43 фоизга ва уларни қабул қилиш вақти 83 фоизга қисқартирилди.
Шу билан бирга диссертацияни илмий кенгашда кўриб чиқиш ва ҳимояни ташкил этиш муддатлари камайтирилди. Масалан, комиссия веб-сайтида диссертация ҳимояси тўғрисидаги маълумотлар эълон берилган кундан бошлаб диссертация ҳимоясини ўтказиш 90 кундан 40 кунга туширилди, автореферат тарқатилгандан кейин ҳимояни ташкил этиш мумкинлиги муддати 1 ойдан 12 кунгача қисқартирилди.
Диссертация ҳимоясидан кейин тегишли ҳужжатларни ОАКга тақдим этиш муддати 66 фоизга камайтирилди, яъни 1 ой ўрнига 10 кун этиб белгиланди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси қарори билан талабгор илмий унвонда тасдиқланган кундан бошлаб ҳужжатларни ОАКга тақдим этиш муддати 66 фоизга камайтирилди (1 ой ўрнига 10 кун). Олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида амалга оширилаётган сифат ўзгаришларини эътиборга олган ҳолда малакавий имтиҳонлар таркиби оптималлаштирилиб, 3 та малакавий имтиҳон ўрнига 2 та (ихтисослик ва чет тили) имтиҳон топширилиши белгиланди. Барча қўшимча малакавий имтиҳонлар бекор қилинди.
Чет тилларни ўрганиш халқаро ва миллий тизими амалиётини эътиборга олган ҳолда IELTS (ўртача балли камида 5,5), TOEFL (РВТ) (567 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 баллдан кам бўлмаган) ҳамда В2 даражадан паст бўлмаган CEFR, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber), GOETHE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) ва Давлат тест марказининг малакавий сертификатига эга бўлган изланувчиларни мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати давомида чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топширишдан озод этилиши бўйича янги қоида киритилди.
Малакавий имтиҳонларни топшириш учун изланувчиларнинг диссертация мавзулари ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши ҳамда веб-сайт ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиниши кераклиги талаби бекор қилинди. Хорижий давлатларда илмий даражалар берилгани тўғрисидаги дипломларни нострификация қилиш тартиби соддалаштирилиб, мақолалар экспертиза қилишни бекор қилинган ҳолда, фақат диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш йўлга қўйилди ва тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқартирилди.
Самарали илмий фаолиятни рағбатлантириш ва халқаро тажрибани эътиборга олган ҳолда истисно тариқасида ихтиро патенти муаллифига ва импакт-факторга эга диссертация ҳимоясисиз илмий даражалар бериш қоидалари амалиётга жорий қилинди. АКТни кенг жорий қилиш мақсадида ахборот тизимлари ишга туширилиб, жумладан, диссертация мавзуларини рўйхатга олиш ва малакавий имтиҳонлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини тўлалигича электрон ҳужжат айланиш тизими орқали амалга ошириш йўлга қўйилди. Шу билан бирга таълим, илм-фан ва иқтисодиёт соҳаларидаги сифат ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда илмий кенгашлар тизими такомиллаштирилган ҳолда уларнинг сони 40 тадан 120 тага оширилди. Илк бор уч (ўзбек, рус ва инглиз) тилда ва юқори матбаа-дизайн даражасида идоравий-норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нашр қилинди. Нуфузли хорижий журналларда 2 та илмий мақола чоп этиш талаби 1 тага туширилиб, илмий мақолаларни чоп этишда тадқиқотчиларга қулайлик яратиш, ортиқча бюрократик жараёнларга барҳам бериш, салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Диссертацияларнинг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати”нинг тўлиқ варианти ишлаб чиқилди. Мазкур рўйхатга журналларни киритиш ва чиқариш олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари тавсиялари асосида ОАК томонидан расмийлаштирилади.
Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли ва икки поғонали тизимлари шароитида, яъни 2013–2018 йиллар мобайнида 1990 нафар талабгор, жумладан, 854 нафар талабгор фан доктори (DSc) ва 1136 нафар талабгор фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланди. Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими шароитида мазкур кўрсаткичлар фан доктори (DSc) илмий даражаси бўйича 466 ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича 1136 нафарни ташкил этди.
Фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганларнинг диссертациялари сифат жиҳатдан қуйидагилар билан тавсифланади. Биринчидан, моҳиятан диссертациялар миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш, ижтимоий соҳаларни сифат жиҳатдан ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш каби муаммоларнинг ечимига йўналтирилгани билан изоҳланади. Иккинчидан, диссертациялар илмий янгилиги низом талабларига жавоб берган ҳолда уларнинг илмий қиммати юқорилиги билан тавсифланади. Масалан, диссертациялар илмий натижалари асосида 419 та ихтиро патенти олинган.
Учинчидан, барча диссертациялар илмий натижалари амалиётга жорий этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари”нинг 22-бандида белгиланган (илмий натижаларнинг амалиётга жорий этиш) талабнинг тўлиқ ижроси таъминланди. Илмий даражаларда тасдиқланган барча 1990 нафар, жумладан, 854 нафар фан доктори (DSc) ва 1136 нафар фалсафа доктори (PhD) диссертациялари илмий натижалари тўлиқ амалиётга жорий қилинган.
Жамиятда кечаётган жобий ўзгаришларга мос тарзда диссертация ҳимоялари амалга оширилиб, бу борада аниқ, табиий ва техника фанлари улуши устуворлиги билан ажралиб туради. Жами (1990) диссертацияларнинг 49 фоизи (978) аниқ, табиий ва техника фанлари, 33 фоизи (664) ижтимоий-гуманитар ва 18 фоизи (348) тиббиёт фанлари улушларига тўғри келмоқда. Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича илмий даражаларда тасдиқланганлар 2017 йилда 2016 йилга нисбатан 156 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 279 фоизни ташкил этди. Мазкур жараёнда қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича диссертациялар ҳимояси кескин ортиб боргани кузатилмоқда.
Ўтган давр мобайнида хорижий давлатларда берилган 69 та илмий даражалар дипломлари нострификация қилинди. Булар 7 та фан доктори, 35 та фан номзоди ва 27 та фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси дипломидир. Нострификация қилинган илмий даражалар дипломлари Россия Федерацияси, Германия, Чехия, Бельгия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон, Франция, Италия, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Испания ва Руминия мамлакатларига тўғри келади.
Бугунги кунда илм-фан соҳасида илмий фаолият олиб бораётган тадқиқотчилар сафи ёшариб бораётгани кузатилмоқда. Жумладан, фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланган талабгорнинг (854 нафар) ўртача ёши 45 ёшни ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланган талабгорларнинг ўртача ёши 37 ёшни ташкил қилади. Жамиятимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар натижасида фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланганлар таркибида аёллар 33 фоизни, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганлар таркибида аёллар 37 фоизни ташкил этмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда илмий кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш, олиб борилаётган илмий ишлар ва тадқиқотлар сифатини шиддатли замон руҳига ҳамоҳанг олиб боришга хизмат қилади.
Э.Бозоров,
Олий аттестация комиссияси матбуот котиби
 http://uza.uz/oz/society/oliy-malakali-ilmiy-va-ilmiy-pedagog-kadrlar-attestatsisi-an-27-03-2019

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>