Олий таълим йўналишида халқаро ҳамкорлик

Пойтахтимизда мамлакатимиздаги олий таълим жараёнини такомиллаштиришга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда олий таълим муассасалари ректорлари, педагоглар, хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош илмий-методик маркази директори У.Бегимқулов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниши натижасида олий ўқув юртларининг илмий ва педагогик салоҳияти ҳамда моддий-техник базаси такомиллашиб бораётганини таъкидлади. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури малакали кадрлар тайёрлашнинг замонавий моделини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, бу борада хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш, ўқув-режа ва дастурларни модернизациялаш ва такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилган ўқув-режа ва дастурларни ишлаб чиқиш жараёнида Европа комиссиясининг “Эрасмус+” модернизация жараёнларида техник ҳамкорлик дастури доирасида самарали ишлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу лойиҳа доирасида Буюк Британия, Греция, Латвия ва бошқа давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган. “Ўзбекистонда олий таълим жараёнларини модернизациялаш ва интернационаллаштириш” лойиҳаси доирасида педагог кадрларнинг касб маҳоратини ошириш, олий таълимнинг турли соҳалари бўйича таълим беришнинг узвийлигини таъминлаш, илғор хорижий тажрибалар асосида таълим дастурларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Анжуманда жорий йил апрель-май ойларида Европа университетларининг етакчи профессорлари билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари профессор-ўқитувчилари учун ўтказилган семинар-тренинг натижалари таҳлил этилди.

– Ўзбекистонда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилаётганига гувоҳ бўлдим, – дейди Латвиянинг Резекне технология академияси профессори Велта Любкина. – Булар юртингизда ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Конференцияда олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида фикрлашилди.

 Гўзал Сатторова, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>