Олий таълим:

кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш илғор хорижий тажриба асосида олиб борилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Oлий таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш мазмуни ҳамда илғор хорижий тажрибалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари И.Мажидов ва бошқалар истиқлол йилларида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш, таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ва улар бераётган улкан натижалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини илғор хорижий тажрибалар асосида модернизациялаш мақсадида бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош илмий-методик марказ ҳамда таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хорижий тажрибалар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш мақсадида олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг устувор йўналишлари бўйича хорижий мутахассислар ҳамкорлигида ўқув режалар ва дастурлар ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказларига директор ўринбосари сифатида Жанубий Корея, Италия, Австрия, Япония, АҚШ, Испания, Франция каби давлатлардан 15 хорижий мутахассис жалб этилди. 2016 йилда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг педагоглари таркиби салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида хорижий давлатларнинг университетларида таҳсил олган, хорижда стажировка, малака оширишдан ўтган, соҳанинг тажрибали мутахассис ва амалиётчиларидан иборат 827 номзод базаси шакллантирилди.

2016 йилнинг апрель-май ойларида номзодлар учун Германия, Япония, Англия, Жанубий Корея, Италия, Испания, АҚШ, Португалия каби давлатлардан жалб этилган 34 нафар хорижий мутахассис иштирокида 24 соатга мўлжалланган қисқа муддатли тренерлар тайёрлаш курслари ташкил этилди. Тренерлик курслари якунида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш асосида 402 профессор-ўқитувчи саралаб олинди. Ушбу профессор-ўқитувчилар учун жорий йилнинг 15 августидан 41 нафар хорижий мутахассисни жалб этган ҳолда 108 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилди.

2016 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бакалавриат таълим йўналишларининг янги ўқув дастурлари асосида 1-курсда мутахассислик фанларидан дарс берадиган 1577 нафар педагог кадр таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги тармоқ марказларида хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилган.

Хорижий тажрибалар асосида олий таълим муассасалари раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув-меъёрий ва методик таъминотини такомиллаштириш мақсадида Европа Комиссиясининг “Эрасмус+” лойиҳаси доирасида Лондон Метрополитан университети (Буюк Британия), Пелопоннес университети (Греция), Резекне технология академияси (Латвия), Ўзбекистондаги Британия Кенгаши билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда олий таълим муассасалари педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларидаги ўқитиш сифати назоратини, шунингдек, тингловчиларнинг ўқув фаолияти натижалари доимий мониторингини олиб бориш мақсадида электрон мониторинг тизими йўлга қўйилган.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Назокат Усмонова, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>