ПАБЛИК РИЛЕЙШНЗ ВА МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ

Бу ўқув қўлланма муаллифи аслида Тўлқин Эшбек, бир англашилмоқчилик бўлиб…

2002-2005 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида фаолият кўрсатиб, номзодлик диссертациям асосида тайёрлаган маърузалар матним. Кейинчалик бу маърузалар матнини қайта ишлаб, мазмунан бойитиб ёзган ўқув қўлланмаларим ҳам чоп этилган.

Ддомла

 ЭШБЕКОВ ТЎЛҚИН УСМОНОВИЧ

  ПАБЛИК РИЛЕЙШНЗ ВА МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ

 Маърузалар матни

 

Бакалавриатнинг 5320400 – филология (халқаро журналистика) таълим йўналиши учун

(Бир таажжубли ҳол шуки, http://www.trif.uz/article_view.php?id=33 деган сайтга кирсангиз, ушбу маърузалар матнимнинг «муаллифи» сифатида «ЎСАРОВ ОЛИМ АВАЛБОЕВИЧ» деб ёзиб қўйилган. Ўша кафедрада мендан кейин ўша дарсларни ўтган ҳамкасбим — Олимжон дўстим бунақа пасткашлик, ўғирлик қилмаслигига ишонаман, менимча, бу қандайдир техник хато бўлса керак. Ўша кафедрада ҳозир мудирлик қилаётган ҳамкасбимиз Амрилло Каримовни бу хатоликдан огоҳ этиб, уни тузатиб қўйиши лозимлигини тушунтирдик).

Ҳар бир асар, илмий тўплам, қўлланма, ҳатто маъруза матнларигача муаллифнинг юрак қони билан ёзилади. Юракдан битилган сатрлар унинг зурриёди каби азиздир. Бирор эркакка бировнинг юрагидан яралган зурриёд ё зурриёд каби азиз асарини «ўзиники» қилиб кўрсатиш насиб этмасин…

***

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Илмий кенгашининг 2008 йил “—”——-даги йиғлишида мухокама қилинган ва тасдиқланган.

Баённома №

 

Тақризчилар:

ф.ф.д. проф. Ф.Мўминов (ички тақризчи) — Бу устоз Тўлқин Эшбекнинг илмий раҳбари бўлиб, ушбу маърузалар матнини тайёрлашимда бош-қош бўлган!

ф.ф.д. Х.Дўстмуҳамедов (ташқи тақризчи) — Бу устоз диссертациям ҳимоясида расмий оппонентим бўлиб, ушбу маърузалар матнимни ўша даврдаёқ ўқиб, юқори баҳолаган.

  kitob uch ildiz

Мамлакатимизда турли ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифани амалга ошириш ҳар бир ташкилотнинг матбуот хизмати зиммасига тушади. Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш, матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш назарияси, ҳуқуқий асослари, ахлоқий меъёрларини Паблик рилейшнз (PR) фани ўргатади. Ушбу маъруза матнида PR фани тарихи, таърифи, матбуот хизматини ташкил этишдаги халқаро тажрибалар ҳақида кенг ёритилган.

 МУНДАРИЖА

 Кириш . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

PR фанининг қисқача тарихи ва таърифи . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

PRнинг ахлоқий меъёрлари. Оқ ва қора PR . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Жамоатчилик билан алоқалар. Назария ва амалиёт  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот хизматини ташкил этиш . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот хизматининг функциялари . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот хизмати – ахборот манбаи . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Пресс-релиз тайёрлаш ва тарқатиш . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот хизмати ходимининг ижодий маҳорати . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот конференцияси . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Матбуот анжуманининг ОАВда ёритилиши . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

 

КИРИШ

 

Ривожланган мамлакатларда ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари муҳим ўрин тутади. PR ва ОАВ ана шу вазифани амалга оширишга хизмат қилади. Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимият – Олий Мажлисдан тортиб мамлакатимиздагидаги барча етакчи ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини PR талаблари даражасида йўлга қўйиш давр талабидир. Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ОАВнинг ўрни беқиёс. Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишда аввало уни илмий асосда ўрганиш, яъни, PR назарияси, амалиёти ҳамда бу борада илғор давлатларда тўпланган тажрибаларни ўзлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Шиддаткор ахборот асри ҳар бир ташкилотнинг матбуот хизмати олдига улкан вазифалар қўймоқда. Бу – ҳар бир ташкилот, муассасанинг ўз томонидан ахборот оқимини ташкил этиши билан ҳам изоҳланади. Матбуот хизмати ўз ташкилотининг ахборот оқимини вужудга келтириши, ўзи ишончли ахборот манбаига айланиши, ОАВ вакиллари ташкилотга тегишли ҳар қандай ахборотни матбуот хизматидан тезкорлик билан олишига имкон яратиши лозим. Шу билан бир қаторда матбуот хизмати ташкилотнинг ахборот хавфсизлиги учун ҳам масъулдир.

Бугунги кунда республикамиздаги деярли барча вазирликлар, корпорация, компания, уюшма ва бошқа турли ташкилотларда ҳам жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда таъминлаши кўзланган матбуот хизматлари фаолият кўрсатаётир. Унда асосан журналист-кадрлар ишлашлари тақозо этилади. Амалий жиҳатдан анча равнақ топаётган бу соҳанинг асоси ва пойдевори – назарий билим эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бўлғуси журналистларга ушбу соҳанинг назарий асослари алоҳида фан сифатида ўргатилаётгани бежиз эмас. Ушбу маърузалар матнида дунёвий фан ҳисобланган PR тарихи, таърифи ва назариясига оид маълумотлар берилган. PRнинг ахлоқий меъёрлари, оқ ва қора PR, уларнинг ОАВда акс этиши назарий жиҳатдан таҳлил этилган.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишда муҳим ўрин тутадиган матбуот хизматларининг назарий ва ҳуқуқий асослари изоҳлаб берилган. Шунингдек, матбуот хизматларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш, матбуот конференциялари ўтказиш, пресс-релизлар тайёрлаш усуллари, газета, радио, телевидение ва ахборотлар агентликлари билан узвий алоқалар ўрнатиш амалиёти, ушбу жараёнда журналистнинг ижодий ва ташкилотчилик маҳорати, унга қўйиладиган талаблар ҳақида ҳам атрофлича ёритилган. Жамоатчилик билан алоқалар ОАВсиз амалга ошмайди. Матбуот хизмати ходими етук журналист бўлиши, бинобарин, газета, журнал, радио, телевидение ва ахборот агентликлари ишини ҳам пухта билиши ҳам талаб этилади. Маърузалар матнида журналист маҳоратини ошириш, ҳар бир ОАВ ходимининг матбуот хизматлари билан ҳамкорлик қилишига оид фикрлар ҳам ўз ифодасини топган.


1-мавзу: PR ФАНИНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ ВА ТАЪРИФИ

 

Режа:

  1. «Public Relations» (PR) — жамоатчилик билан алоқалар фани сифатида.
  2. PRнинг назарий асослари.
  3. PR тарихининг шаклланиш ва тараққий этиш эволюцияси уч даврга бўлиниши.
  4. Шарқда ҳам азал-азалдан фикрлар хилма-хиллигига эътибор билан қаралгани хусусида.
  5. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан сўнг юртимизда PRнинг ривожланиш жараёни.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Паблик рилешнз, пиар.
  2. Жамоатчилик билан алоқалар.
  3. Ташкилот мутасаддилари ва жамоатчилик томонидан фикрнинг икки томонлама тингланиши.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Паблик рилейшнзнинг биринчи асосчилари кимлар?
  2. PRнинг журналистика заминида пайдо бўлганини изоҳлаб беринг?
  3. PRнинг назарий асослари ўақида нималарни айта оласиз?
  4. Шарқ алломаларининг бошқарув тизимида жамоатчилик билан алоқалар масаласига қарашларини ифодалаб беринг.

 

PR ва журналистика

«Public Relations» (PR, Жамоатчилик билан алоқалар) ибораси илк бор АҚШнинг учинчи президенти Tомас Жефферсон томонидан ишлатилган. У 1807 йили ўзининг «Конгрессга еттинчи мурожаати»да ушбу атамани биринчи марта қўллаган[1].. Бундан мақсад, ўша даврда ҳукуматнинг жамоатчилик билан алоқаларини давлат даражасига кўтариш, илмий-ташкилий жиҳатдан йўлга қўйиш эди.

«Public Relations» фани асосчиларидан бири Эдвард Бернайз бу иборанинг моҳиятини «жамият манфаатлари йўлидаги ҳаракатдир»[2] деб таърифлаган. Демак, «АҚШда пиарнинг пайдо бўлиши бевосита сиёсий жараёнлар маҳсули»[3]  бўлгани ойдинлашади. Орадан бир аср вақт ўтиб, алоҳида фан сифатида воқеликка айлан PR тарихи ўша даврдаги ҳодисалардан келиб чиқади.

АҚШнинг дастлабки президентлари ҳукумат билан халқ ўртасида мустаҳкам ва ишончли алоқалар ўрнатишни янги давлат равнақ топиши асосий омили сифатида қабул қилдилар. Уларнинг бу мезонга асосланган фикрлари ниҳоятда тўғри бўлиб чиқди. Томас Жефферсоннинг қуйидаги сўзлари демократия йўлини танлаган қатор газеталар учун шиордек бўлиб қолди: «Агар менга ҳукумат бўлсину газеталар бўлмасин ёки газеталар бўлсину ҳукумат бўлмасин – бирини танланг, дейишса, мен ҳеч иккиланмасдан ҳукумат бўлмаса ҳам газеталар бўлиши керак, деган бўлардим»[4].

Бу фикрни бирёқлама талқин қилмаслик керак. Т.Жефферсон жамо-атчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган газеталар мавқеини, таъбир жоиз бўлса, масъулиятини оширишни ҳам кўзда тутгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Бинобарин, ҳукуматнинг ё бирор ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини матбуотсиз, оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмаслигини демократ раҳбар ушбу тушунчаси воситасида ҳам ифодалагани кўриниб турибди.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни «баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул «Суқрот усули» деб аталган»[5].

Шарқда ҳам азал-азалдан фикрлар хилма-хиллигига эътибор билан қаралган. Бу қатор мақолларда ҳам ўз аксини топган. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, сингари мақоллар замирида ахборот алмашмоқ, фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.

Шарқ алломалари ижодида ҳам жамоатчилик билан алоқалар ғояси илгари сурилганини англаш мумкин. 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг фикрлари ҳам эътиборга моликдир. Олим ва шоир Умар Хайём билан маслакдош бўлган Низомулмулк «Сиёсатнома» асарида шундай ёзган: «зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин»[6]. Демак, бу қадим сиёсат замирида ҳам жамоатчилик билан алоқалар ўзига хос жиҳатлари акс этган. Подшо амрига муносабатлар ўрганилган ҳамда унинг ижроси назорат қилинган. Бу қимматли фикрлар бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Пиар АҚШда шаклланган бўлса-да, аслида ижтимоий муносабатларнинг ушбу тури америкаликларнинг ихтироси эмас. Қатор олимлар (масалан, Е.Пашенцов, В.Королько) таъкидлашича, бундай алоқалар қадим замонларда ҳам бўлган. Шу ўринда профессор Нажмиддин Комиловнинг қуйидаги фикрларини эслаш жоиз: «Ўзбекистонда Европа демократик давлатларига хос хусусиятлар билан бирга, Шарқ давлатчилигининг бизнинг халқимиз руҳиятига хос ва мос тажрибаларини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ»[7].

Демак, жамоатчилик билан алоқалар тушунчаси азал-азалдан мавжуд бўлган. Сўнгги асрларда ривожланган мамлакатларда воқеликка айланган PRни тушуниш, унинг моҳиятини англаш қийин эмас.

Замонавий PR амалий жиҳатдан журналистика заминида пайдо бўлган. PR амалиёти асосчиларидан бири америкалик журналист, Нью-Йоркдаги «World» газетаси ходими Айви Ли 1904 йили АҚШ президентлигига сайлов даврида демократлар партиясининг миллий қўмитасига матбуот-бюроси ходими бўлиб ўтгач, ҳамкасби Жорж Паркер билан бирга «Паркер ва Ли» фирмасини ташкил этишди.

1906 йилда Айви Ли «Тамойиллар декларацияси»ни нашрдан чиқарди. Бу асар дастлаб «матбуот хизмати ходимининг фаолиятини жамоатчиликка яқинлаштирган»[8] бўлса, айни вақтда янги касбни жамият учун жуда зарур бўлган соҳа билан тўлдирди, унинг муҳимлигини кўрсатиб берди. «Айви Лининг асосий хизмати шуки, у янги касбга очиқ характер берди. «Тамойиллар декларацияси» бутун миллат учун юқори давлат органлари ва ҳокимиятни ҳам ҳисобга олиб машҳур америкача очиқ жамият шаклланиши йўлида асосий дастурий ҳужжатлардан бири бўлиб қолди»[9].

Декларацияда шундай дейилган: «Бу сирли матбуот-бюроси эмас. Бутун ишимизни очиқ-ойдин бажарамиз. Бизнинг вазифамиз янгиликлар етказиб бериш. Бу тарғибот агентлиги эмас. Бирон-бир материалингиз ташвиқот бўлимига тўғри келади, деб ҳисобласангиз, унда мурожаат қилманг. Бизнинг ишимиз – аниқлик. Биз юқорида эслаб ўтилган фактларни шахсан текшириш учун ҳар бир муҳаррирга жону дилимиз билан ёрдам берамиз. Қисқаси, мақсадимиз шундан иборатки, биз ишчан доиралар ва ташкилотлар номидан АҚШ жамоатчилигини қизиқтирган маълумотларни матбуотга очиқ-ойдин бериб боришдир»[10]. Шу тариқа АҚШда ташкилотлар билан жамоатчилик ўртасида алоқалар ўрнатиш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат аста-секин ижти- моий воқеликка айланиб кетди.

PR тарихининг шаклланиш ва тараққий этиш эволюцияси уч даврга бўлинади, яъни улар: тайёрлов, оралиқ ва асосий даврлардир.

Биринчи давр, ТЖефферсоннинг илк бор «Паблик рилейшнз» атамасини қўллаган пайтлардан бошланиб, то XIX аср бошларигача давом этган.

Иккинчи даврни, Айви Ли «Тамойиллар декларацияси»ни эълон қилган ва пиар хизматлари бўйича фирма ташкил этган воқеалар билан боғлиқ, дейиш мумкин. Бу давр 1807 йилдан то XX аср бошигача давом этган.

Учинчи давр 1904-1906 йиллардан ҳозирги пайтгача давом этмоқда. Бу даврни «пиар-касб сифатида шаклланиши, соҳалар кенгайиши ва ўзаро боғланишида фанлараро фан ролини адо этган ва ижтимоий институт сифатида»[11] тан олинган даври дейишимизга асос бор.

PR тадқиқотчилари унинг тарихига оид кўп фикрларни илгари сурганлар. Шулардан бирига эътиборни қаратамиз: «Биз кўп нарсаларни ривожланган дунёдан кечроқ билдик,– деб ёзади Ростов университети журналистика назарияси ва амалиёти кафедраси доценти Грант Карташян.– Шундай таълим бор эканки, биз биладиган генетика ва кибернетикадан устунроқ. Бу – Паблик рилейшнздир»[12]. PR тарихига оид бу каби фикрлар замирида ҳам унинг ранг-баранг қирралари акс этади.

PR назарий асослари. PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида америкалик олим Эдвард Бернайз хизматлари алоҳида эътироф этилади. У 1919 йилда Нью-Йоркда хусусий «пиар-бюро»сини очиб, амалда жамоатчилик билан алоқаларнинг самарасини кўради. Бу борада тадқиқот олиб бориб, хулосаларини ёзади. 1923 йили унинг «Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви» китоби чоп этилди. Бу асар PR фанининг биринчи назарий пойдевори эди. Ўша йилиёқ Нью-Йорк университетида «Паблик рилейшнз» кафедраси ташкил этилди. Рус тадқиқотчиси А.Чумиковнинг «Жамоатчилик билан алоқалар» асарида қайд этилишича, Э.Бернайз ўз фаолиятини шундай таърифлаган: «1919 йили дастлабки офисимни очганимда… «Паблик Рилейшнз маслаҳатчиси»ни тайинладим. У мижозлар фикрини тинглаб, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш йўлида хизмат қила бошлади»[13]. Шу тариқа назариётчилар PRнинг янги-янги қирраларини тадқиқ қила бошладилар.

XX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб АҚШ, Англияда PRга оид қатор китоблар нашр этилди. Уларда жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асослари янада чуқурроқ ифодалаб берилган.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳукумат демократияни таъминлашга хизмат қиладиган PRдан ўз мақсадлари йўлидагина кенг фойдаланишса-да оммавий тусда у олий ўқув юртларида ўқитилмас эди. Шул боис, у фан сифатида тадқиқ этилмасди. Профессор Нарзулла Жўраевнинг қуйидаги фикрлари ўринлидир: «СССР таркибида туриб ҳеч қандай миллий равнақ, маънавий тараққиёт хусусида гапириб бўлмас эди. Чунки ёвузлик ва зўравонлик асосига қурилган бу давлат бундай интилишларга асло йўл бермас эди»[14]. PRни тан олмаган ва жамоатчилик фикри билан ҳисоблашмаган комфирқа кўп нарса ютқазди. Муаллиф америкалик адиба Эйн Реднинг қуйидаги фикрини келтиради: «Инсонни фикрсиз қулга айлантирган ёки унинг меҳнати самарасини тортиб оладиган, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этадиган ёки ақлга зид ҳаракатларга ундайдиган жамият, мавжуд қонунлари билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган жамият аслида жамият деб аталишига ҳам арзимайди. У – жиноятчилар тўдаси ёки оломондир»[15].

Собиқ мустабид тузум даври мафкураси тўғрисида бу каби жуда кўп танқидий фикрлар ёзилди. Шу йўсинда жамоатчилик фикрига мутлақо қулоқ солмаслик ва уни тан олмаслик ҳаракатлари тўғри танқид қилинди. «Империялар миллий онгнинг уйғонишидан ўт-сув балосидан қўрққан каби қўрққанлар,– деб ёзади адабиётшунос Иброҳим Ғафуров «Миллатнинг биллурланиши» мақоласида.– Халқнинг умум ишини ўзи бир ёқадан бош чиқариб қилишга қодирлик касб этиши – унинг миллат бўлганлиги белгиси ва кўрсаткичидир»[16]. Бу фикр замирида ҳам кишиларнинг ўзаро фикр алмашуви асносида «бир ёқадан бош чиқариши» ғояси зуҳур этилмоқда.

 

 2-мавзу: PRнинг АХЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАРИ.

ОҚ ВА ҚОРА PR

Режа:

  1. PR ахлоқий асослари касбий кодекслар билан белгилангани ҳақида.
  2. Этиканинг асосини маънавият, ахлоқий қарашлар ташкил этиши.
  3. Оқ ва қора
  4. PRнинг ахборотларни бошқаришдаги ´рни.
  5. Матбуотда қора PR деб аталувчи тушунча ўз-ўзидан «кир» сиёсий технологиялар деб тушунилиши.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Оқ PR, қора PR.
  2. Қора PR ва “Жинса”.
  3. Матбуотда қора технологиялар.
  4. Ахлоқ кодекси.
  5. Ахлоқ меъёрлари.

 

 

Назорат учун саволлар:

  1. PRнинг ахлоқ кодекслари қачон ва қаерларда қабул қилинган?
  2. Афина кодексининг моҳиятини тушунтириб беринг.
  3. Ахлоқ кодекси ва шарқона ахлоқнинг уйғунлигини изоҳлаб беринг.
  4. Оқ PR нима?
  5. Қора PR ва “Жинса”нинг маъноларини тушунтириб беринг.

 

 

PRнинг ахлоқий меъёрлари

Жамоатчилик билан алоқалар амалиётда ахлоқий меъёрлар муҳим ўрин тутади. Чунки, турли ташкилот вакиллари билан уларнинг жамоатчилиги ўртасида фикр алмашишлари маълум бир ахлоқий меъёрларни талаб этади.

PR ахлоқий асослари халқаро ва миллий касбий кодекслар билан белгилангани ушбу амалиётнинг илмий-амалий базасини ташкил этади. Бу этика фани билан ҳам боғлиқдир. Маълумки, этика – ахлоқ ҳақидаги фандир. У ижтимоий гуруҳлар, ташкилотлар, шунингдек, шахс ва жамият ўртасидаги маънавий-ахлоқий ҳамда ўзаро муносабатларни маърифий шакллантиришга хизмат қилади. Бу фан одамзотни инсоний ҳолатида сақлаб турадиган соҳалардан бири. Аристотель ва Кант замонларидан бери у икки йўналишда намоён бўлаётир. Яъни, ҳақиқий ахлоқ, хулқ ҳақидаги фан ҳамда иккинчиси, инсон қандай қилиб ўзини тута билиши кераклигини ўргатадиган фан. Пиар ходимлари, шубҳасиз, ўзларининг ҳар кунги фаолиятида этика талабларига риоя қиладилар, акс ҳолда улар фаолияти муваффақиятли бўлмаслигини эса ҳаёт исботлаб турибди. Пиар соҳасида ҳуқуқий ва ахлоқий қоидаларнинг қайси бири бирламчи, деган саволга жавоб берайлик.

Бу пиар соҳасидаги вазифаларнинг ўрни, мазмуни билан боғлиқ. Ҳуқуқий қоидалар ахлоқий қоидаларни белгилайди. Этиканинг асосини ташкил этувчи маънавият, ахлоқий қарашлар жамоатчилик фикри орқали ривожлантирилади ва натижада, этикани юзага келтиради.

Жамоатчилик фикри, касб маҳорати ва жамоатчилик билан алоқалар этикасининг асоси қандай, деган саволга пиар фаолиятида аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни, жамоатчилик билан алоқалар – жамоатчилик фикрини ҳурмат қилган ҳолда кўп жиҳатдан унга боғлиқ бўлиб, уни шакллантиради. У ўз фаолиятини узвий равишда давом эттириши учун замин яратади. Шу ўринда касб маҳорати билимдан ташқари самимият, очиқлик, ростгўйликни тақозо этади. Пиар ходими мураккаб шароитда фаолият кўрсатади, мудом ташкилот обрўсини ҳимоя қилиши тақозо этилади.

Пиар ходимининг ахлоқий қоидалари нималардан иборат, деган саволга Сэм Блэк шундай жавоб беради: «PR соҳасидаги ахлоқий муаммолар инсон фаолиятининг бошқа турларига қараганда анча мураккаб бўлиши мумкин, бироқ уларга мурожаат этиш, кўриб чиқиш ва виждонан ҳал этиш керак, зеро бу борада тайёр кўрсатмалар йўқ»[17]. Бу юқорида қайд этилган фикрлар моҳиятини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради. Бинобарин, жамоатчилик билан алоқалар ахлоқий меъёрлари деганда ахлоқ ва унинг моҳияти, тафаккурдаги ва энг муҳими, инсоннинг кундалик хатти-ҳаракати, унинг ўрни ва роли билан боғлиқ бўлган барча масалалар ва муносабатлар мажмуини тушуниш мумкин.

PRдаги ахлоқ – жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходимининг фаолиятини баҳолаш ва тартибга солиш воситасидир. Ахлоқ инсоннинг кундалик ижтимоий фаолиятини, хатти-ҳаракатларини белгилайди ва назорат қилади.

Ахлоқий тамойиллар турли-туман шаклларда ифодаланган бўлиб, ҳар бир тарихий босқичда авлодларнинг ахлоқий қарашлари билан бойигани ҳолда давом этади. Пиар этикаси аниқ амалий йўналиш ва хусусиятларга эга бўлиб, жамоатчилик томонидан у шу жиҳатлари билан қабул қилинади.

Пиар ахлоқининг тавсифига ўтамиз.

Бир қатор PR хизматларининг ахлоқий қарашлари асосини қуйидаги тамойил белгилаб бериши мумкин: “Мендан кўра пастроқ одам йўқ, мендан кўра юксакроқ одам йўқ”. Бу тамойил ҳар биримизни ҳар қандай кишининг қадр-қимматини ўз қадр-қимматимиздек, бинобарин, кўз қорачиғидек асрашга ундайди»[18].

Ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни касбий тамойиллар даражасига кўтариш зарурати PR «хизмати фаолиятининг предмети – ахборот айирбошлашнинг уйғунлашуви – бевосита ўз ичига инсонга хос ахлоқий ва ҳуқуқий муносабатларни қамраб олишини билдиради»[19]. Демак, PRдаги этика бошқа соҳадаги этикадан маълум даражада фарқланади. Яъни, жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими жамоатчилик фикрини шакллантириш пайтида муайян турдаги ахборотни бошқариш жараёнида намоён бўладиган ахлоқий фазилат ва муносабатлар PR этикасида кузатилади. Бу ўринда маълумотлар тўплаш, уларни саралаш ва ишлов бериш, жамоатчиликка етказиш усулларини танлаш жараёнлари таҳлил этилганда одамларнинг ҳаққоний ижтимоий тенглиги, бир-бирига эътиборли муносабатлари – жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими фаолиятининг асосий принципларидан ҳисобланади. PR ходими ўз ташкилоти, жамоатчилиги ва кенг аудиторияни ташвишлантираётган муаммоларни ҳис эта билиши керак. Аслини олганда, нафақат инсон PR фаолиятини ташкил этади, балки, пиар фаолияти ҳам инсонни шакллан-тиради. Зеро, PR ходими тўғри фикр билдириш ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши кераклигини назариётчилар эътироф этадилар.

PR ахлоқининг таснифи анча мураккаб. Мазкур масалада жаҳон тажриба-сини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, пиарнинг ахлоқий меъёрлари кўпроқ ҳужжатлар ва кодексларда акс эттирилган. Халқаро паблик рилейшнз ассоциацияси (ХПРА), Халқаро бизнес коммуникациялар ассоциацияси (ХБКА), Паблик рилейшнз Европа конфедерацияси (ПРЕК), Халқаро паблик рилейшнз ташкилоти (ХПРТ) ва бошқа ташкилотлар ҳужжатларида айнан PR этикасига оид фикрлар ўрин олган. 1974 йили Европа Паблик рилейшенз ассоциацияси БМТ ҳузуридаги иқтисодий ва ижтимоий кенгаш маслаҳатчи органи сифатида қайд қилинган. 1955 йилда ташкил этилган Паблик рилейшнз халқаро ассоциацияси (IPRA)нинг 1961 йилда қабул қилинган «Касбий фаолият кодекси», 1965 йилда қабул қилинган ва 1968 йилда баъзи ўзгартишлар киритилган «Афина Кодекси»да PR ахлоқий мезон ва меъёрлари ўз аксини топган.

Бундай Кодекслар орасида 1978 йилда қабул қилиниб, 1989 йил 13 майда ўзгартиришлар киритилган «PRда одоб-ахлоқ қоидалари Европа Кодекси (Лиссабон Кодекси)» алоҳида ўрин тутади. Public Relations Конфедерацияси Бош Ассамблеяси тасдиқлаган бу ҳужжат PR ахлоқий меъёрларини белгилашда кенг қамровли эканлиги билан ажралиб туради.

Умумлашма сифатида айтиш мумкинки, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларнинг асл пойдевори одоб-ахлоқ меъёрлари билан ўлчанар экан, уни ўзаро муносабатлардан тортиб, ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам кузатиш мумкин. PR амалиётида муҳим ўрин тутадиган ахлоқ меъёрлари алоҳида Кодекс ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланганини эътироф этган ҳолда амалда ундан самарали фойдаланиш бу соҳани дунё миқёсида ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Оқ ва қора PR ҳақида

Паблик рилейшнз соҳасининг энг долзарб муаммоларидан бири, бу – оқ ва қора пиар ўртасидаги фарқни яхши англаб олиш масаласидир. Аввало, PR бу – ахборотларни бошқариш. Ахборот қурилиши ва тарқатилиш механизмининг бир хил методларини қабул қилиш ва таъсир қилиш жараёнлари муҳим аҳамият касб этади. Ахборот етказиш каналлари ва аудиторияга таъсири жуда жиддий масаладир.

Ахборотни бошқаришда ҳосил бўлиш ва бажарилиш жараёни PRда тегишли рангга «бўяб» талқин этилади. Буни назариётчилар оқ ёки қора пиар деб атайдилар. Ахборот моҳиятига кўра PRда бошқа ранглар ҳам учрайди.

Оқ PRнинг мақсади бу – ҳақиқий, чин ахборотни ташкил қилиш ва уни яхши мақсадларга тўғри, оқ усуллар ёрдамида етказишдир. Оқ PRларни ҳам тушуниш осон эмас. Мисол учун оқ PRнинг тўғри PRдан фарқи нима? Балки оқ PRлар оддий ёлғон бўлмаган ҳаққоний PRлардир?

Ёки бу PRлар турли, яъни нормал PRларнинг алоҳида кўринишими? Ушбу саволларга ҳозирча PR фанида аниқ бир тавсиф берилмаган.

Қора PR – қора ахборотни ҳосил қилиш ва ёмон мақсадларда ишлатишдир. Оқ PR ёрдамида жамиятга ҳақиқатни айтадилар. Қораси орқали эса ёлғонни. Бизнингча улар ўртасидаги фарқ ҳам ана шунда бўлиши мумкин.

Матбуотда қора PR деб аталувчи тушунча ўз-ўзидан «кир» сиёсий технологиялар деб тушунилади. Қора PRларнинг актив қўлланиши даври – сайловлар жараёнидир. Афсуски, қора PRлар демократик асосда ўтадиган сайловларда кўп қўлланилади. Қора PR маданий шаклда ҳам намоён бўлиши мумкин ва бундай PRнинг қоралигини ёки қоралик даражасини англаб олиш анча мушкул.

Шу ерда рангли пиарни бизга яхши таниш бўлган рангли тарғиботга қиёслаб, ойдинлик киритайлик.Маълумки, оқ, қора ва кулранг тарғибот тушунчалари ҳам мавжуд. Оқ деб оддий тарғиботга айтилади. У маълум бўлган жисмоний ва ҳуқуқий шахслар томонидан ОАВ орқали амалга оширилади.

Оқ PRларни эса биз ҳаётга қонуний йўл билан ижобий мақсадларда ва воситаларда қўлланилишини тушунамиз.

Қора PR кўпроқ маблағ орқали амалга оширилади ва ушбу тўловлар қонуний манбалардан қопланиши мумкин. Масалан, сайловолди ташви-қоти даврида партиялар кураши учун анча-мунча пул сарфланади. Қора пиар шароитида маблағ ушбу PRларга ноқонуний йўл билан киритилади ёки оддий айтганда қора PRларни сотиб олишади.

Балки, қора мақсадларда амалга оширилгани учун ҳам ушбу усул қора PR деб номланишига сабаб бўлгандир. Қора тарғибот исми шарифи номаълум шахс томонидан ёхуд руҳий таъсир йўли билан олиб борилади.

Қора PRнинг тури кўп, ҳар бири маълум маънога эга. Биринчидан, қора PRни мажбурий тарғибот, деб ҳисобласак, иккинчидан, буюртма берилган усулларни ҳам қора PR дейиш мумкин. Учинчидан, нашрга масъул шахс томонидан (раҳбар, муҳаррир) тавсия қилинмаган, лекин чоп этилган асар ҳам қора PR материали бўлиши мумкин. Тўртинчидан, сиёсий оппонентларни маълум мақсадга кўра туҳмат ёрдамида обрўсини тўкиш – қора пиарнинг кенг тарқалган туридир.

  

Қора PR ва «Жинса»

«Жинса» – қора PRнинг ОАВга нисбатан синоними, яъни, уни ОАВда ишлатилган тури деб таърифлаш мумкин. Журналистикада анча илгари пайдо бўлган «Жинса» маъноси – радио, телевидениеда эфир вақтлари ва газета саҳифалари сотилиши билан изоҳланади[20].

Ҳозирги пайтда МДҲ ҳудудига қора PR етиб келиши билан уни «Жинса»га қиёслаш имкони пайдо бўлди. Бу ўринда Е.Пашенцевнинг ушбу сўзлари масалага ойдинлик киритади: «Сайловчи юрагини забт этиш қийин ва қиммат, уни алдаш осонроқ»[21]. Кўриниб турибдики, барча нотоза PRларни – қора PRлар дейиш мумкин. Маълум бўлмоқдаки, қора қилмишлари учун жазо олмаслик натижасида қора PR пайдо бўлаверади.

Баъзи мутахассислар PRларни – cариқ, яшил ва бошқа ранглар билан атайдилар. Кўча газеталарини сариқ PR деб аташади. PRни шу тариқа турли рангларга ажратиш мумкин.

 

PR таърифига оид айрим мулоҳазалар

Тадқиқотчилар PR моҳиятидан келиб чиққан ҳолда унга турлича таъриф берадилар. Аммо бизнинг хулосамиз шуки, ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришни мақсад қилган PRни турлича талқин қилмаслик жоиз. Албатта, у омма фикрининг бир йўналишдаги шакли эмас. Аммо PR мазмуни, шакли, мақсад ва вазифалари аниқ. Биз ушбу масалада кейинги бобларда тўхталамиз. PR руҳидаги бошқариш билан кўп асрлардан буён бошқа соҳалар ҳам шуғулланиб келади.

Ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик бўлган жойдагина PR мулоқотга ва ўзаро ишончга эришиши мумкин. PR – давлат ташкилотлари, қонун чиқарувчи ҳамда ижро ҳокимиятлари ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Инглиз олими Сэм Блэк таъбири билан айтганда: «Паблик Рилейшнз – аниқ, ҳаққоний ахборотларга асосланган, ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги фан ва санъатдир»[22].

Бу борада назариётчи В.Корольконинг шундай сўзлари бор: «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак. Ҳар қандай йўл билан ўзларига яхши шароит яратиш учун халқни алдаш ва омма ишончини суистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Жамиятни қандайдир маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган»[23]. Амалий жиҳатдан олиб қаралганда, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суиистеъмол қилиш қандай салбий оқибатларга олиб келгани сир эмас.

Е.Пашенцев таъкидлашича: «Паблик рилейшнз – ташкилот ва жамоат-чилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабат, бир-бирини англашга хизмат қиладиган муттасил ҳаракатдир»[24]. Бу фикрлар хилма-хиллиги PRнинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради.

Ҳар бир фаннинг аввало мақсад ва вазифаларини ўрганиш талаб этилади. PRнинг биринчи ва асосий мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, етакчи вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини тўғри шакллантириш ва бошқаришдир. У ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатади. Бундай алоқа фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Шу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитиш. Фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама, қолаверса, тарғибот бўлиб қолади. PR амалиётида ташкилот вакилларининг жамоатчилик фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади. Бу, кўпдан кўп фикр чиқади, деган нақлга мосдир.

Хулоса шуки, жамоатчилик билан алоқалар узоқ ва бой тарихга эга. Уларнинг ижтимоий соҳа сифатида шаклланишида Шарқ мамлакатлари ҳам муҳим ҳисса қўшган.

XVII-XX асрларда Ғарбнинг кескин ривожланиши кўпгина янги фанлар қарор топишига асос бўлди. Ўша фанлардан бири – жамоатчилик билан алоқалардир. Энг аввало, АҚШда мазкур соҳанинг назарий ва ахлоқий асослари шаклланди.

Ташкилот ва журналистларнинг жамоатчилик билан муносабатлари, фикр алмашишлар жараёнида назарий асосларга ва одоб-ахлоқ меъёрлари PR талабларига мос равишда амалга ошиши ушбу амалиётнинг дунё миқёсида кенг тарқалишига, жумладан, Ўзбекистонда ҳам равнақ топишига ёрдам беради.

Сайловлар жараёнини ОАВда ёритиш технологияларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва ўзлаштириш Ўзбекистон шароитида алоҳида эътиборга эга. Бунда ОАВ ва сиёсий партиялар вакиллари оқ ва қора PR тўғрисида ҳам тасаввурга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир[25].

Шундай қилиб, назариётчилар томонидан PRнинг турли қирралари кашф этилмоқда. Айрим олимлар: «Паблик рилейшнз – ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабат» деб таърифлашса, бошқа олимларнинг фикрича у: «шахслар, ташкилот ва бир гуруҳ кишиларнинг ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларини ўрнатиш, ахборот алмашинуви ва жамоатчилик муносабатини баҳолашга таянади». Ана шундай фикрлар хилма-хиллигининг ўзиёқ бу янги фаннинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради.

PRнинг биринчи галдаги мақсади – ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш, фикр икки томонлама тингланиши бўлса, унинг бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма онгини бошқаришдир.

PR давлат ва жамият, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида алоқа ўрнатади. Бу алоқа – фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади.

Ҳар бир ташкилот ва муассасанинг фаолияти халқнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шубҳасиз. Бу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтириб, самарали натижаларга эришишга хизмат қилаверади. Машҳур инглиз олими Сем Блэк ёзганидек, PR – кундалик ҳаётимиз ишчанлиги, бошқарувчанлиги ва бошқа томонларининг зарур қисми бўлиб қолди.

Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, «Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради». Юртимизда ҳам аксарият вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи ижтимоий воқеликка айланди.

Қайсики соҳанинг илмий-назарий пойдевори мустаҳкам бўлса, амалда у илдизи бақувват дарахт янглиғ кўкка бўй чўзаверади. Жамоатчилик билан алоқалар соҳасининг ҳам илмий асоси, назарий манбалари кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб этгани бежиз эмас.

PR жамиятда ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади. Сэм Блэк ёзганидек PR ўнта асосий мақсадга йўналтирилган[26]. Яъни:

  1. Жамоатчилик фикри;
  2. Жамоатчилик муносабатлари;
  3. Ҳукуматлараро алоқалар;
  4. Ижтимоий ҳаёт;
  5. Саноат соҳасидаги муносабатлар;
  6. Молиявий алоқалар;
  7. Халқаро алоқалар;
  8. Истеъмолчилар билан муносабатлар;
  9. Статистика ва тадқиқот;
  10. Оммавий ахборот воситалари.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ижтимоий институт сифатида майдонга чиққан PR халқаро миқёсда ўрин тутарди. 1974 йили пиар халқаро ижтимоий институт сифатида тан олинди, бу пайтда ЕPRА – Европа паблик рилейшнз ассоциацияси БМТ таркибидаги иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг маслаҳатчи органи сифатида қайд қилинган.

Франция ва Германия мутахассислари америкача пиар услубини тўғридан-тўғри миллий тармоғига кўчириш мумкин эмаслигини тушундилар. Француз ва немисни америкалик қилиб бўлмаганидек, буни ҳам қилиш мумкин эмас.

PR кўп жиҳатдан маҳаллий менталитет ва миллат руҳидан туғилган. Шул боис европа давлатларида пиар ҳар бир жамиятнинг миллий характерига монанд равишда шакллана борди.

Ҳамма жойларда биринчи раҳбарларнинг матбуот бўйича муовинлари, матбуот хизмати раҳбарлари, ҳеч бўлмаганда матбуот агентлари ва котиблари лавозимлари ташкил қилинди. Энг эътиборга молик томони шундаки, биринчи жамият билан алоқалар марказлари АҚШ, Франция ва Буюк Британия давлат органларида ташкил этилди.

Мутахассисларнинг аксарияти 1914 йилда биринчи жаҳон урушининг бошланиши турли давлатлар ҳукуматининг пиарлари кескин ўсиши учун рағбатлантирувчи омил бўлган, чунки уларнинг олдида бошланган жанговар ҳаракатларга нисбатан ўз мамлакатининг тутган ўрнини халқига ва жаҳон жамоатчилигига баён қилиш вазифаси турган эди, деган фикрга келган. Ўша даврдаги «АҚШ Президенти Вудро Вильсон журналист дўсти Жорж Крилнинг маслаҳати билан жамоатчиликни хабардор қилиш учун махсус Қўмита тузган. Мазкур Қўмита мамлакатда ва чет элда пиарни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлган»[27].

1920 йилда Нью-Йоркда Буюк Британияда содир бўлаётган воқеалар билан америкаликларни таништириш мақсадида Британия кутубхонасига асос солинган эди. Улар ҳақидаги коммуникация ва назариялар биргаликда бошқа илмлар ҳам ривожланган, бу эса уларни ўзаро бойитган.

1924 йилда швейцариялик таниқли психолог Карл Юнгнинг «Психологик турлар» китоби нашр этилди. Умуман, бу олимнинг асарлари жамоатчиликдаги турли гуруҳлар психологияси хусусиятлари, уллардаги фикрнинг шаклланиш жиҳатларини ўрганишга катта таъсир этган. 1926 йилда Буюк Британияда ўз фаолиятида пиар услубиётидан фаол равишда фойдаланган савдо бўйича Қироллик бошқармаси тузилди. 1932 йилда шу мамлакатда Вазир ўринбосари қошида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизмат раҳбарининг лавозими таъсис этилган эди. Зеро, «Пиар хизматларининг раҳбарлари тингловчиларга таъсир этиш соҳа ва усулларини кенгайтиришни афзал кўрар эдилар»[28] ҳамда ушбу мақсадлар учун стандард бўлмаган усуллардан ҳам фойдаланганлар.

Замонавий пиар ватани – АҚШдир. Пиар фаолиятини у ердан Ғарбий Европа урушдан кейин ўзлаштириб олган. «Лекин бу тўғридан-тўғри нусха кўчириш эмас эди. Иш усуллари ва шаклларининг ўхшаш тавсифида ҳар бир мамлакатда пиар ўзининг миллий руҳи ва хусусиятлари билан бойитилар эди»[29]. Бу табиий жараёндир. Ижтимоий ҳаётдаги ҳар қандай янгилик турли давлатда ўзига хос тарзда акс этади.

XX-аср ўрталарида Ернинг биринчи сунъий йўлдоши коинотга чиқиши асос бўлган ахборий давр ўз фаолиятини бошлади. Кўп ўтмай америкалик мутахассислар компьютер тармоғини ишлаб чиқдилар. Бу тармоқ тезкорлик билан ривожлана бошлади. Ўша даврда «алоқа воситаларининг янги шакллари ва турлари пиар хизматлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топа бошлаган эди»[30].

XX-асрнинг сўнгги чорагида пиар ривожланган мамлакатларда равнақ топган фаолият соҳаси бўлиб қолди. Маълумки, бу даврда «пиарнинг янги турлари, шакл ва усуллари узвий равишда пайдо бўла бошлади, пиарменларнинг кундалик фаолиятига жалб этилмаган иқтисодиёт, сиёсат ва маданият соҳалари камайиб борар эди»[31].

Бугунги кунга келиб PR жаҳон узра кенг қулоч ёймоқда. Унинг ибратомуз қирралари, бу соҳадаги илғор тажрибалар ҳозиржавоблик билан ўрганилмоқда.

Пиарнинг бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқариш бўлган ва бўлиб қолади. Пиар ҳақида фақатгина шуни айтсак, унда ҳеч нарса айтмаган бўламиз. Пиар омма фикрини бир йўналишдаги шакли эмас. Бунақа бошқариш билан кўп асрлардан буён бошқа соҳалар ҳам шуғулланиб келади. Масалан, ташвиқот, ҳақли равишда агрессив коммуникация деб ҳам аталади, (гоҳо қалбаки, қора пиар) ҳақиқий пиар иштирок этган коммуникацияда ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик ёрдамида жуда зарур бўлган пиар ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч таъминланади.

PR функцияси жамият институти сифатида ёрқинроқ кўринади, Индира Ганди уни – демократиянинг ёғи деб атаган. Пиар бошқа давлат ва жамият ташкилотлари билан бирга қонун чиқарувчи органлар, ҳокимият органлари билан бир томондан, халқ билан, иккинчи томондан, кенг халқ оммаси ва бизнес ўртасида, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида, қисқача айтганда, шахслар, ижтимоий гуруҳлар ва институтлар ўртасида тўғри ва тескари алоқани ўрнатди.

3-мавзу: ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР:

НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ

 Режа:

  1. Ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари.
  2. PRнинг биринчи галдаги мақсади – ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш, фикр икки томонлама тингланиши, бош вазифаси эса ахборот ёрдамида омма онгини бошқариш бўлиши.
  3. PR давлат ва жамият, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида алоқалар ўрнатиши.
  4. PRнинг тафаккур майдонини вужудга келтириши.
  5. Ўзбекистонда ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйилиши.
  6. Матбуот хизматининг назарий ва ҳуқуқий асослари.
  7. Ташкилотнинг жамоатчилиги ҳақида тушунча.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Ташкилотнинг жамоатчилиги.
  2. Ахборот ёрдамида омма онгини бошқариш.
  3. Тафаккур майдони.
  4. Матбуот хизмати.
  5. Матбуот хизмати ходими.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Ташкилотнинг жамоатчилиги деганда нимани тушунасиз?
  2. Жамоа аъзоси билан жамоатчилик вакилининг бир-биридан нима фарқи бор?
  3. Матбуот хизматининг назарий асосларини тушунтириб беринг?
  4. Матбуот хизматининг ҳуқуқий асосларини изоҳлаб беринг?
  5. Фикр икки томонлама тингланиши, ахборот ёрдамида омма онгини бошқариш деганда нимани тушунасиз?

 

Ташкилот матбуот хизматининг назарий ва ҳуқуқий асослари

Биз очиқ демократик жамият қурмоқдамиз. Мақсадларимиз, ниятларимиз ва ишларимиз очиқ. Яширадиган жойи йўқ, демак, Президент ҳам, вазирлар ҳам, оддий фуқаро ҳам, ҳокимлар ҳам очиқ баҳсдан, очиқ мулоқотдан ўзини тортмаслиги шарт. Бизни сайлаган одамлар ҳокимият фаолиятидан хабардор бўлиши ва унга баҳо беришида матбуот воситачи ролини бажариши лозим…

Ислом КАРИМОВ

 

Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг ҳукумат, ноҳукумат ва бошқа турли ташкилотларининг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ва бу алоқаларни муттасил равишда мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу мақсадда марказий муассасалар, вазирлик, қўмита ва идоралар (кейинги ўринларда – ташкилот)да матбуот хизматлари (кейинги ўринларда – МХ) ташкил этилди.

МХ қай даражада фаолият кўрсатиши, албатта, унинг ташкилотчилари ва ходимларига боғлиқ. Улар МХнинг назарий ва ҳуқуқий асосларини, бу борада жаҳондаги илғор тажрибаларни етарли даражада ўзлаштириб олсалар мақсадга мувофиқ бўлур эди.

МХнинг назарий пойдеворини асосан учта йўналишдаги фанлар ташкил этади. Булар:

– PR фани;

– журналистика назариясига оид фанлар;

– қайси ташкилотнинг матбуот хизмати бўлса, шу соҳага оид фанлар (масалан, Адлия вазирлиги матбуот хизмати ходими шу соҳанинг назарий фанларидан яхши бохабар бўлиши талаб этилади).

МХнинг ҳуқуқий асослари ҳам асосан учта Булар:

– PRдаги ахлоқ кодекслари;

– ОАВга тегишли қонунлар;

– қайси ташкилотнинг матбуот хизмати бўлса, шу соҳага оид қонунлар (масалан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ходими шу соҳага оид қонунлардан ҳам яхши бохабар бўлиши талаб этилади).

 

Ташкилот ва унинг жамоатчилиги ҳақида тушунча

Ҳар бир ташкилотнинг ўз жамоатчилиги бўлади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг жамоатчилиги – ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган барча ходимлардан ташқари шу соҳа мутахассислари, олимлар, турдош соҳа вакиллари, фаолияти у билан боғлиқ деҳқонлар ва бошқа манфаатдор кишилардир. Бу вазирлик ана шу жамоатчилиги билан кучли. Ўша кучга амалда эришмоғи учун матбуот хизмати вазирлик фаолиятига оид ахборотларни муттасил жамоатчиликка етказиб туриши зарур.

Иккинчидан, жамоатчиликнинг вазирлик ва унинг тизими фаолияти ҳақидаги фикрлари, таклифларини ўрганиб бориши лозим.

Бунга икки томонлама фикр алмашиш орқали эришилади.

Қайсики ташкилот ўз жамоатчилигига етарли даражада ахборот етказиб турмаса ёки жамоатчилик фикрини ўрганмаса, унинг фаолияти заифлашиб қолади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, «ҳаётимиз тараққиётига – бу ишлаб чиқариш ёки ижтимоий соҳалар бўладими, одамларимизнинг давлатга, жамиятга ва ўзаро муносабатлари бўладими, янгилик ва ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, қолаверса, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўладими – буларнинг барчасини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди».

Бу ўринда ОАВ ахборот тарқатиш билан бир қаторда ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишда ҳам муҳим вазифаларни бажаради. Матбуот хизмати – ўз ташкилоти билан ОАВ ўртасидаги «олтин кўприк» бўлмоғи лозим.

Жамоатчилик билан алоқалар одамларни ишонтириш санъати билан амалга оширилади. Қайсики ташкилот номидан нотўғри, ёлғон, сохта гаплар айтилса, жамоатчилик унга ишонмай қўяди. У ҳолда ўша ташкилот обрўси тушиб кетади.

Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш.

Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни мунтазам йўлга қўймаса, унинг жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини узвий боғлаб турадиган масъул шахслар – матбуот котиби ва МХ ходимлари (кейинги ўринларда МХХ) бўлади.

Шуни ёдда тутиш жоизки, жамоатчилик оқ билан қорани, рост билан ёлғонни, ҳақиқат билан сохталикни яхши ажратиб олади. Зарур ахборотни ҳозиржавоблик билан етказган ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари мустаҳкамланиб бораверади. PR амалиёти жамиятда қанчалик муҳим ўрин тутиши ва унинг аҳамияти мана шулар билан белгиланади.

PR кўпроқ психологик муносабат ўрнатади, руҳий мулоқотда бўлади. Бу руҳият қуйидача кечади: ўзаро алоқадан эътиборга, эътибордан тушунчага, тушунчадан тан олишга, тан олишдан ишончга, ишончдан ҳурматга, ўзаро ҳурматдан ҳамкорликка, ўзаро ҳамкорликдан ҳамоҳангликка.

Бундай ҳамоҳанглик жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқалар аввало одамларга мурожаат қилишдан бошланади. Сиёсатчилар ҳар хил сиёсий тадбир ўтказишлари мумкин. Бунда аввало одамларда ишонч, қизиқиш уйғотиши талаб этилади. Бу мақсадга кўпинча мафкура орқали эришилади. «Бутун давлат миқёсидаги мафкура бўлсин ёки бир қаҳвахонанинг ўз мафкураси бўлсин, у ҳам, бу ҳам бир хилдаги функцияни бажаради, фақат ҳар хил ўлчамда,– деб ёзади Георгий Почепцов.– Оммавий тингловчиларнинг борлиги мулоқот турини тубдан ўзгартиради». Бунда ташкилот ва унинг жамоатчилик тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқ эканини унутмаслик лозим.

Амалда қонунларни барча бирдек ўзлаштириб юриши мушкул, жилла қуриса, ўзи учун энг муҳим (масалан, касбига дахлдор) қонунларни билиши муҳимдир. Ҳуқуқий маданият тушунчаси одамларнинг ўша қонунларни қай даражада чуқур билиши билан изоҳланади. «Аксарият ҳолларда сиёсат арбоблари оммавий ахборот воситаларига шубҳа кўзи билан қарайдилар. Худди шундай журналистлар ҳам ўзлари ёзаётган инсоннинг гапларига тўла ишонавермайдилар. Бундай муракаб вазиятда пиарменлар иккала томоннинг ҳам жонига оро кирадилар,– деб ёзади Дмитрий Ольшанский.– Матбуот котиби сиёсат арбоблари ва журналистлар ўртасидаги шахсдир. У шундай мураккаб шароитда фаолият кўрсатадики, бу ҳолатни гўё болға билан сандон оралиғидаги нарсага қиёслаш мумкин».

PR назарияси ва амалиётини яхши билган матбуот котиблари турли мураккаб вазиятларда қандай йўл тутишини ҳақида Д.Бутриннинг ушбу фикрлари эътиборга молик: «Яхши матбуот котиби журналистлар билан шундай асосда ишлаши керак: «ҳақиқат шунчалик серқирраки, ёлғон гапиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ». Қайсики жамиятда ҳукумат ва халқ орасида масофа бор экан, матбуот котиби зиммасига ана шу мураккаб масалани ҳал этиш вазифаси юкланаверади. Ш.Қудратхўжаев ёзганидек, матбуот хизмати институти ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари оламининг муҳим бир сегменти бўлиб қолаверади.

 

4-мавзу: МАТБУОТ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 Режа:

  1. Ташкилотда матбуот хизматининг Низоми ёки Йўриқномасини ишлаб чиқиш.
  2. Матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш.
  3. Матбуот хизматида вазифаларнинг тақсимланиши.
  4. Матбуот котиби ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлиги ҳақида.
  5. Матбуот котибининг ОАВ вакиллари билан суҳбатларда тутган ўрни.

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Матбуот хизматининг Йўриқномаси.
  2. Матбуот хизмати (МХ) вазифалари.
  3. Ахборот хавфсизлиги.
  4. Ахборот хавфсизлиги учун масъул.
  5. Матбуот котиби.

Назорат учун саволлар:

  1. Ташкилотда матбуот хизматининг Низоми ёки Йўриқномаси қандай тайёрланади?
  2. МХ фаолияти қандай ташкил этилади?
  3. Ахборот хавфсизлиги нима?
  4. МХ ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун нималарни билиши керак?

Матбуот хизмати

Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида халқимиз оммавий ахборот воситаларидан, «биринчи навбатда, ҳокимият органлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти ҳақидаги танқидий фикрларни, ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан илгари боришимизга тўсиқ бўлиб турган нуқсонлар, ҳаётдаги долзарб муаммолар хусусида ошкора, профессионал таҳлилий материалларни» кутишини алоҳида таъкидлади.

Бу вазифани тўла-тўкис амалга оширишда республикамиз марказий муассасалари, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг матбуот хизматлари муҳим ўрин тутади.

«Матбуот хизмати» деган атаманинг мазмунидан кўриниб турибдики, у жуналистика соҳасида ўзига хос битта йўналиш. МХда матбуот фаолиятидан бохабар, муайян билим ва тажрибага, қалам тебратиш маҳоратига эга бўлган, шунингдек, радио ва телевидение билан ҳамкорлик қила оладиган етук журналист фаолият кўрсатиши мумкин. Айрим назариётчилар фикрича, жамиятда «сиёсатчининг матбуот котиби эл-юрт эътиборини қозонган таниқли журналист, атоқли адиб, иқтидорли телерепортёр ва ҳатто жозибали телеюлдуз бўлиши мақсадга мувофиқдир».

Ташкилотда МХни ташкил этиш учун нималарга эътибор бериш зарур?

Биринчиси, МХ ҳуқуқий асосларини, мақсад ва вазифаларини белгиловчи Низоми ёки Йўриқномаси ишлаб чиқилиши ва мутасадди ташкилот раҳбарияти томонидан тасдиқланган бўлиши шарт. (1- ва 2-иловаларга қаранг).

Иккинчиси, ташкилот биносида МХ учун алоҳида хоналар ажратилиши ва уларда стол-стуллар ва бошқа зарур жиҳозлар билан бир қаторда факсли телефон, компьютер (принтер ва сканери билан), телевизор, радио, видео, видеокамера, диктафон ва бошқа зарур ашёлар бўлиши зарур.

Учинчиси, МХХ республикамиз етакчи газета-журналларини мунтазам кузатиб бориш имконига эга бўлиши лозим. Бу борада ташкилотга обуна йўли билан келадиган нашрларнинг тахламлари иложи борича МХ хонасида туриши мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчиси, МХга ушбу ихтисосликка эга бўлган журналист-кадрлар ишга қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Журналистикадан бехабар, газета таҳририятлари, ахборот агентликлари, радио ва телевидение ишини тушунмайдиган шахс матбуот хизматида фаолият кўрсата олмайди. Шуни ёдда тутиш жоизки, PR назарияси ва амалиётини пухта билган МХХ фаолияти эса янада самарали бўлади.

МХда қанча ходим ишлаши уни ташкил этган ташкилотга боғлиқдир. Жаҳон амалиётида камида уч нафардан ўн беш кишигача ишлаши маълум. Ривожланган мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида ҳатто 50 нафаргача ходим ишлаши кузатилган. Ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор. Яъни, бири – фақат газеталарни кузатиб борса, иккинчиси – радиони, учинчиси – телекўрсатувларни, тўртинчиси – интернетни кузатиб боради ва ташкилотга оид зарур ахборотларни тўплаш (ва шу йўл билан ҳам жамоатчилик фикрини ўрганиш) билан шуғулланадилар. Айни пайтда улар ана шу ОАВ орқали ўз ахборотларини ҳам тарқатиб борадилар.

Республикамизнинг қатор етакчи ташкилотларида асосан уч нафардан ходим фаолият кўрсатмоқда. Яъни, матбуот хизмати раҳбари, катта референт ва оператор. (МХ масъул ходимлари бошқача номланиши ҳам мумкин).

МХ раҳбари – ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади. У барча масалаларда ташкилот раҳбари билан бевосита мулоқотда бўлиб, бу соҳада унинг яқин маслаҳатчиси, таъбир жоиз бўлса, ёрдамчиси бўлиб ҳам хизмат қилади.

Матбуот котиби масъул ходим ҳисобланади. У ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга ҳам масъулдир.

Матбуот котиби матбуот конференцияларида, брифингларда ҳамда ОАВ вакиллари билан суҳбатларда ташкилот раҳбари номидан гапириши, турли саволларга жавоблар бериши, ахборот тарқатиши, раддия бериши мумкин. У бу ишларнинг барчасини ташкилот раҳбари билан бевосита келишган ҳолда амалга оширади.

Матбуот хизматини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш масаласини ҳар бир вазирлик, идора ва муассаса ўзининг тегишли Низоми ва бошқа тегишли норматив ҳужжатлари асосида ҳал этиши мумкин. Фақат, уни ташкил этиш ва фаолиятини такомллаштиришда назарий манбаларга, илғор тажрибаларга таянган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

 

5-мавзу: МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ

 Режа:

  1. Бизда PR хизмати эмас, айнан матбуот хизмати, деб номланиши мақсадга мувофиқигини тушунтириш.
  2. PR хизмати ва матбуот хизматининг принциплари ҳам бир-бири билан чамбарчаслигини изоҳлаш.
  3. Жамоатчилик билан алоқалар соҳаси журналистика, социология, ижтимоий психология, тарих, фалсафа, педагогика, сиёсатшунослик, этика, эстетика каби фанлар мужассамлигини тушунтириш.
  4. PRнинг – фанлараро фан, соҳалараро мутахассислик эканлиги изоҳлаш.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. PR хизмати.
  2. PR ва МХ принциплари.
  3. Фанлараро фан.
  4. Соҳалараро мутахассислик.

 

Назорат учун саволлар:

  1. PR хизматини нима учун “матбуот хизмати” деб ҳам илатиш мумкин? Бу ҳақда мутахассислар фикрини изоҳланг.
  2. PR МХнинг принциплари нималардан иборат?
  3. Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида МХ ходимлари қайси соҳалар билан узвий алоҳада бўлади?
  4. PR нима учун фанлараро фан дейилади?

 

PR хизмати ва матбуот хизмати

PRнинг 500 дан ортиқ талқинини эътироф этган ҳолда назариётчи Георгий Почепцов унга шундай ойдинлик киритганини ҳам эслаш жоиз: «Бизда PR хизмати эмас, айнан матбуот хизмати, деб номланиши мақсадга мувофиқдир». Бундан «PR хизмати» ва «матбуот хизмати» атамаларини баъзи ҳолларда синоним сифатида ҳам қўллаш мумкин, деган хулоса чиқади.

Модомики, PR хизмати ва матбуот хизматини уйғун ҳолда тушуниш мумкин экан, уларнинг принциплари ҳам бир-бири билан чамбарчасдир. Бу принциплар назарий жиҳатдан қаралганда қуйидаги ҳолларда яққол намоён бўлади:

– Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида матбуот хизмати ходими ҳар бир фактнинг аниқ ва тўғрилигини билишга эришиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқалардан асосий мақсад – идоравий манфаатлар эмас, жамоатчилик манфаати. Агар PR ходимлари идоравий манфаатларини кўзлаб иш қилсалар, жамоатчилик эътиборидан тушиб қолишади. Сўнг, жамоатчилик уларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди, фаолияти билан қизиқмайдилар ва улар билан алоқада бўлмайдилар.

Биринчи ўринда жамоатчилик манфаатларини ўйлаш керак. Ўшанда ҳам бу идора ўз мақсадига тўлиқ эришмайди. Чунки, жамоатчилик шу идоранинг информациясини эшитади, қабул қилади ва шу информация доирасида иш қилади.

– Жамоатчилик билан алоқалар ўрнатаётган  ташкилот ўз фаолияти давомида шундай иш қилиши керакки, унинг дастурлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотсин. Матбуот хизмати жамоатчиликка шуни кўрсата олиши керак. Яъни, жамоатчилик шу ташкилот фаолиятига қизиқсагина унга эътибор беради. Акс ҳолда, у ҳақда етарлича ахборот ё маълумотга эга бўлмаса, жамоатчилик бепарво ўтиб кетаверади.

– Матбуот хизмати ходимлари ўз фаолиятлари давомида ОАВга мурожаат қилиб туришади. Улар ОАВ ходимларига ёлғон гапирмаслиги керак. Агар радио, телевидение ёки газетага ёлғон гапирса, жуда катта хатога йўл қўяди, чунки бундан катта зарар кўради.

Аслида, матбуот хизмати билан ОАВ ходимларининг умумий вазифаси битта: ахборот тарқатиш. Бу жиҳатдан уларни рақобатдош, дейиш ҳам мумкин. Албатта, ҳар бирининг ўз функциялари бор. Агар матбуот хизмати ходимлари ОАВга ёлғон хабар тарқатса, журналистлар уларни мулзам қилиб қўйиши мумкин…

Бу ерда ақлли, ўйланган, мувозанатли ҳамкорлик керак. Бунинг учун матбуот хизмати ходими ОАВ ходимларига эътибор билан муносабатда бўлиши зарур. Айтайлик, ОАВ ходими матбуот хизмати ходимини бирор жойга таклиф этса, кечикмасдан етиб бориши лозим.

– Матбуот хизматининг ахборотига аудитория бирдан тушунмаслиги мумкин. Аудиторияда кимдир эшитади, кимдир қулоқ солмайди, кимдир тушунади, кимдир тушунишни ҳам истамайди. Шунинг учун PR ходими мулоқотни икки томонлама ташкил этиши керак. Яъни, бирор ахборот тарқатилдими, унинг натижаси билан қизиқиши зарур. Ўша ахборотни жамоатчилик тушуниб олдими? Тушунган бўлса, қай даражада ҳис этди? Керак бўлса, сўров ўтказиш, жойларга бориб, учрашувлар уюштириш, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш лозим. Хатлар орқалими, телефон ё бошқа воситалар ёрдамидами, барибир, атрофлича ўрганиши лозим. Жамоатчилик фикрини ўрганиш илми ва амалиётини матбуот хизмати ходими яхши билиши тақозо этилади.

– Биз жамоатчилик билан алоқа қилар эканмиз, шу алоқа самарали бўлиши учун жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини муттасил ўрганиб боришимиз керак. PR ходими ижтимоий фикрнинг ичига кириб бориши зарур. Одамлар нима ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар.

Кенг аудитория турли тоифа кишиларидан иборат бўлиши мумкин, яъни, мактаб ўқувчилари, талабалар, зиёлилар, ишчилар, деҳқонлар ва бошқа касб эгалари. Уларнинг савияси, тушуниш даражаси ҳар хил. PR ходими ҳаммага тушунарли, оммабоп сўзлар, иборалар билан халқона тилда гапириши, ахборот тарқатиши зарур. Жамоатчиликка мос равишда фикр билдиришгина ижобий самара бериши мумкин. Бу – аудиторияни илмий ўрганиш демакдир.

– Жамоатчилик билан алоқалар соҳасида фаолият кўрсатган киши катта ишончга сазовор бўлади. Бу жамоатчиликнинг ижтимоий вазияти илмий тадқиқ этилган, синалган усуллар билан ўрганиш ҳосиласидир. Социология, ижтимоий психология усуллари ҳамда бошқа фанлар билан жамоатчиликни ва ижтимоий вазиятни ўрганиб, ўша тўплаган билим ва тажрибалари асосида ҳаракатлар дастурини яратиши мумкин.

Бу борада хаёлпарастлик, паришонхотирлик қилиш, ҳар хил ҳис-ҳаяжон ва бошқа ҳавойи гаплар кетмайди. Аниқ илмий ёндошув керак. Бунинг учун энг аввало жамиятни, жамоатчилик фикрини ўрганиш шарт.

Жамоатчилик билан алоқалар шундай мураккаб фанки, унда тарих, фалсафа, социология, педагогика, сиёсатшунослик, этика, эстетика ва ҳоказо фанлар мужассамдир. Мазкур фанлар мудом бир-бири билан жуда чамбарчас. Бундай узвий алоқани биз илмий жиҳатдан ўрганиб, PRни – фанлараро фан деб аташга ҳақлимиз. Демак, матбуот хизмати ходимлари биринчи галда тегишли ташкилоти соҳасига оид фанларни, журналистика билан бир қаторда фалсафа, социология, сиёсатшунослик фанларини ҳам пухта билиши жоиз. Камида тўрт-беш соҳани билмаган одам матбуот хизмати ходими, шу соҳанинг мутахассиси бўлиши жуда қийин. PR – фанлараро фан экан, демак, у соҳалараро мутахассисликдир.

– Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун аввало уни кузатиш зарур. Хўш, пиарга қандай информациялар зарур? Бу масалада, керак бўлса, PR ходимининг ўзи жамоатчиликда бирор фикр уйғотиши мумкин. Фикр уйғондими, энди у одамларнинг фикрлари билан янада бойийди.

Матбуот хизмати ходими бошқарув тизими, функциялари ва бошқа жиҳатларини билиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири бу – ижтимоий тафовутларни аниқ билиш. Ижтимоий инқирозларнинг олдини олиш, имкон қадар ўша инқирозларга йўл қўймасликдир.

– Матбуот котиби ҳар қандай вазиятда маданиятли бўлиши, тўғри гапириши зарур. Шу тариқа у жамоатчилик фикрини ўргана олади.

Назариётчи Дмитрий Ольшанский ёзганидек, «журналист пиармен учун таъсир ўтказишнинг энг самарадор ёрдамчиси, воситачиси ва шу билан бирга унинг яқин дўстидир».

Матбуот хизматининг вазифаси – ижтимоий фикрни ўрганиб бориш ва ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш экан, «журналистларнинг матбуот котиблари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйиши жуда муҳим масала,– деб ёзади Шерзод Қудратхўжаев.– Сабаби, малакали журналист бирор ахборотга эга бўлмоқчи бўлса, албатта у аниқ, конкрет, ишончли манбага суянади. Бу манба эса муайян ташкилотнинг матбуот хизматидир. Шунинг учун жойларда матбуот хизматлари мухбирларга ахборот бермаса, телефон қўнғироқларидан қочса, нотўғри иш қилган бўлади. Бефарқлик бугунги кунда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Демак, ахборотни тақдим этиш, ОАВ билан узвий алоқада ишлаш матбуот котибининг асосий вазифасига киради. Шундагина икки ўртада жарлик бўлмайди, ахборотнинг энг тўғриси, аниқ-лўндасигина оммага тез етиб боради».

Республикамиз Президенти И.А.Каримов бир неча марта давлат ва жамоат идораларининг ўз жамоатчилиги билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб иш олиб боришлари зарурлигини таъкидлаб ўтган эди. Ушбу вазифани бажаришда идоралар қошидаги матбуот хизматлари етакчи роль уйнайди. Матбуот котибларнинг асосий вазифалари – матбуот, радио ва телевидение орқали ўз идоралари ҳақида жамоатчилик ўртасида ижобий ахборотни таркатиб, ушбу жамоатчиликда идоранинг имижини яратишдир.

Албатта, мазкур вазифани муваффақиятли бажариш фақатгина матбуот ходимларининг ўзларига боғлиқ эмас. Матбуот хизматининг фаолияти энг аввало истиқболли режага асосланиши зарур. Бундай режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қандай ишдарни амалга ошириш керак?

Энг аввало мазкур ташкилотнинг ўзида унинг жамоаси ўртасида матбуот хизматига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш лозим. Бу ерда биринчи ва асосий ўринда раҳбариятнинг матбуот хизматига муносабатини назарда тутиш керак.. Бундай муносабатнинг таркибий қисмлари нимадан иборат? Бизнингча, улар қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутаҳассислари билан доимо маслаҳатлашиб туриш;

– масъулиятли қарорларни қабул қилишда уларниг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташки жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни қўллаб туриш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Матбуот хизматини ривожлантирмасдан бугунги ахборот жамиятида ҳеч қандай ташкилот, айниқса, вазирлик ва қўмиталар даражасидаги идоралар фаолияти равнақ топиши мушкул. Матбуот хизматига ижобий муносабатда бўлмаслик ва унга керакли ёрдамни кўрсатмаслик вазирликнинг эртаги фаолиятини таъминлай олмаслик билан тенг.

Ташкилот раҳбари ва матбуот хизмати раҳбари ўртасида доимий самимий ва ишонарли мулоқот бўлиши зарур. Кўп идораларда матбуот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом матбуот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон беради.

6-мавзу: МАТБУОТ ХИЗМАТИ – АХБОРОТ МАНБАИ

 

Режа:

  1. Матбуот хизматининг журналистика соҳасидаги йўналиш эканлигини тушунтириш.
  2. МХ ходимининг ахборот тўплаш ва тарқатиш жараёни.
  3. МХнинг ОАВ билан узвий алоқада фаолият кўрсатиши.
  4. Матбуот котиби ташкилотнинг масъул ходими эканлигини изоҳлаш.
  5. МХнинг вазифалари бешта асосий қисмга бўлиниши.
  6. МХнинг ОАВ учун ахборот манбаларини яратишини тушунтириш.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Ахборот тўплаш.
  2. Ахборот тарқатиш.
  3. ОАВ билан узвий алоқа.
  4. Масъл ходим.
  5. Ахборот манбаси.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Журналистика соҳасидаги йўналишлар деганда нимани тушунасиз?
  2. МХ ходими қандай усулда ахборот тўплайди?
  3. МХнинг ахборот тарқатиш усулини тушунтириб беринг.
  4. МХ ОАВ билан қандай алоқада бўлади?
  5. МХнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
  6. МХнинг қандай қилиб ахборот манбаларини яратади?

 

Ахборот манбаларини вужудга келтириш

МХда фаолият кўрсатаётган шахслар таҳририят ходими сингари ахборот тўплаш, ўша ахборотни қоғозга тушириб, маҳорат билан ишлаш, оммавий ахборот воситаларига етказиш билан ҳам шуғулланади. Демак, матбуот хизматини журналистикасиз тасаввур этиб бўлмайди.

МХХ ОАВда чиқадиган материалларни яхши таҳлил қила олиши, етакчи журналистларнинг услубини билиши лозим. «PR ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ва ўзи хоҳлаганидек бирор ишни амалга оширмайди,– деб ёзади Дмитрий Ольшанский.– Оммавий ахборот воситалари унинг қўли ҳисобланади. Матбуот котиби бор-йўғи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг пинҳон бошқарувчисидир».

Матбуот хизмати ўз фаолияти давомида ОАВ билан узвий алоқада фаолият кўрсатиши билан журналистиканинг бир йўналиши ҳисобланса, матбуот котиби – тегишли ташкилотнинг масъул ходими сифатида тан олинади. “Ҳукумат матбуот хизмати ходимлари икки асосий вазифани бажаради,– деб ёзади Маргерит Салливан.– Улар ОАВ билан муносабатда бўлиб, ҳукумат хатти-ҳаракатининг ижобий томонини тушунтириб, унинг адвокати ролини ўйнайди. Улар хато ахборотни тузатишади ҳамда унинг тушунилиши ва талқинини осонлаштиришга ҳаракат қилишади. Бироқ, репортёрларнинг талаб-эҳтиёжларини, масалан, амалдорлар муҳокама қилишга тайёр бўлган ёки, ҳатто, тайёр бўлмаган мавзуда репортаж ёзиш истагини ҳукуматга етказиб, унинг олдида ОАВ адвокати бўлиб чиқиши мумкин. Аслида матбуот хизмати вакиллари ОАВ учун ахборот тўплаб ва ҳукумат эксперти матбуотга нима демоқчи бўлганини тушунтириб, кўпинча репортёрлик ишини бажаришади”.

Ташкилотларнинг жамоатчилик билан мунтазам алоқаларини йўлга қўйиш нечоғли муҳимлигини Юртбошимизнинг ушбу сўзларидан англаш мумкин: «жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқдир». МХ шундай масъулиятли вазифани амалга оширишга хизмат қилади.

МХ ташкилотнинг режаларини халқ учун очиб қўяди, бу эса унинг ишлари жамият ҳаётида қандай акс этиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

Журналист одатда ОАВнинг бирор тармоғига ихтисослашади. Битта газета, журнал, радио, телевидение ёки ахборот агентлигида узлуксиз фаолият кўрсатаётган журналистлар кўп. Бироқ, тележурналистларнинг аксарияти газета таҳририятида ишлаши, қоғоз қоралаб бирор мақола ёзиши қийин ёки аксинча, газетада ишлашга ўрганган журналист радио ё телевидениеда ишини давом эттириши анча мушкул. Матбуот хизматида эса телевидение, радио, газета таҳририятлари фаолиятидан яхши бохабар бўлиш талаб этилади. У ОАВнинг деярли барча турлари билан бирдек алоқа ўрнатиши зарур. Замонавий матбуот хизмати ходими ўзбек, рус ва инглиз каби дунёвий тилларни мукаммал билиши лозим. Шунингдек, у компьютер, интернет сирларини мукаммал билиши, тегишли ташкилот сайтини очиб, оммага етказилиши зарур бўлган ахборотларни ёритиб бориши лозим.

Ушбу жараёнларни журналистикасиз тасаввур этиб бўмайди. PRнинг журналистика билан қанчалик узвийлиги шунда намоён бўлади. Оммавий ахборот воситаларини ахборот билан таъминлаш ҳар бир PR ходимининг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини такомиллаштиришда матбуот котиби жуда муҳим ўрин тутади. «Матбуот котибининг вазифалари барчага маълум, деб ёзади Д.Ольшанский Политический PR» асарида.– Яъни, матбуот котиби энг аввало сиёсатчининг ОАВ билан алоқаларни йўлга қўйиши, фикрини, нуқтаи назарини, баҳосини ва ниҳоят режаларини содда ва тушунарли ифода этиб бериши зарур. Унинг вазифалари бешта асосий қисмга бўлинади:

  1. Матбуот котиби журналистлар билан ўзига хос тарзда эркин мулоқотга кириша олиши зарур. Ҳатто ўзгалар орасида бўлса ҳам иложи борича ўзини яхши тутиши зарур.
  2. Матбуот котиби ўз иш берувчисини, яъни сиёсатчисини матбуот ходимлари билан мулоқотга киришишини ўргатиши лозимки, шундагина бу алоқалар доимо мустаҳкамланиб, ривожланиб бориш йўлларини, усулларини қўллаш яхши самара беради.
  3. Матбуот котиби раҳбарининг таржимаи ҳолидан яхши хабардор бўлиш баробарида унинг келгусидаги тактик ва стратегик режаларидан воқиф бўлиб юриши айниқса шу соҳада жуда муҳимдир.
  4. Матбуот котиби сиёсат бобида етук таҳлилчи бўлиши керак. У сиёсий ҳаётдаги барча жараёнларни тезкорлик билан тушуниб, чуқур идрок этиб, мағзини чақа олиши ва зарур пайтда ҳар қандай вазифани моҳирлик билан уддайлай олиши лозим.
  5. Матбуот котиби гарчи қанчалик муҳим вазифаларни бажармасин, у доимо камтар, камсуқум бўлиши ва «ўз ўрнини билиши» лозим. Чунки у иккинчи даражали шахсдир. Биринчи ўринда ҳамиша унинг иш берувчи сиёсий раҳбари туради».

Муаллиф ўз асарида Наполеоннинг машҳур сўзларини келтиради, яъни: «душманлик руҳи билан суғорилган битта газета мингта найзадан хавфлироқ. Тўртта ана шундай газета юз минг аскарга эга бўлган қўшиндан кўра кўпроқ зафар келтириши мумкин. Ушбу ҳақиқат айниқса сиёсат учун хосу мосдир. Лекин, сиёсатдоннинг газетага (ахборот агентликлари, радио ва телевидениега ҳам) бўлган муносабатини матбуот котиблари таъминлайди. Демак, битта ноқобил матбуот котиби минглаб найзадан кўра хавфлироқ! Билъакс, битта иқтидорли ва омадли матбуот котиби, бу – бир неча иттифоқчи двизия билан тенг. Энг муҳими шуки, айнан матбуот котиби сиёсий PRда асосий шахс ҳисобланади».

Журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг «Америка журналист нигоҳида» китобидаги ушбу фикрлар эътиборга моликдир: «Ҳар куни бир вақтда АҚШ давлат департаменти матбуот котиби журналистлар учун брифинг ўтказар экан. Эрталаб соат 445 да матбуот хизмати ходимлари газета, ТВ материалларини таҳлил қилишга киришади. Интернет кўздан кечирилади. Шундай таҳлил асосида шу куннинг энг долзарб муаммолари аниқланади ва брифингда журналистлар томонидан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхати тузилади. Ушбу материалларни олгач, матбуот котиби Пентагон, ҳарбий разведка, Марказий разведка бошқармасига мурожаат этиб, айни пайтда нималар ҳақида очиқ гапириш мумкину нималар ҳақида мумкин эмаслигини маслаҳатлашиб олади». Худди шу ўринда матбуот котиби ОАВ ходимлари ақл-заковатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин эканлигини кузатса бўлади.

Демак, МХХ ҳар куни албатта амалга ошириши зарур бўлган вазифалар қуйидагилардан иборат:

  1. Ҳар кунги газеталарни, телекўрсатувларни ва интернетни эътибор билан кузатиб, радиоэшиттиришларни тинглаб бориши зарур. ОАВда ўз ташкилотига оид мавзулар ёритилса, албатта уни (газета, журнал, радио ёки телевидение канали, интернет сайтини), вақтини, муаллифини, сарлавҳаси ва асосий фикрини ёзиб олиш лозим.
  2. Ўша мавзулар ҳақида аниқ фактлар асосида маълумотнома ёзиб, шу билан бир қаторда айни вақтда журналистларни, жамоатчилик вакилларини қизиқтираётган саволларни тузиб, ташкилот раҳбарига тақдим этиши шарт.

Башарти, ташкилотга тегишли танқидий мақолалар, матбуот орқали билдирилган таклифлардан ташкилот раҳбари бехабар қолса, матбуот котиби ўз вазифасини тўлақонли бажармаган ҳисобланади.

  1. Кеча тақдим этилган саволлар, таклифларнинг жавобини раҳбаридан сўраш, натижасини билиши зарур. Пировардида, раҳбари билан келишган ҳолда ОАВдаги танқидий мақолаларга жавоблар ёзиш (яъни, кўрилган чора-тадбирлар ҳақида аниқ фактлар асосида), мабодо, ўша танқид асоссиз бўлса, унга раддия ё тегишли тартибда жавоб йўллаши лозим.
  2. ОАВда билдирилаётган талаб, таклиф ва истаклар асосида маълум бир мавзуларда вақти-вақти билан телевидениеда «давра суҳбати», радиода ҳам шундай эшиттириш ва газеталарда мақола, суҳбат, интервьюлар ёритиб боришлари зарур.
  3. Вазирлик ё ташкилотнинг ҳудудий бошқармалари орқали жойлардаги жамоатчилик фикрини ўрганиб, тегишли хулосаларини раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши муҳимдир.
  4. Ташкилот ёки бевосита МХ веб-сайтини яратиш ва унга ҳар куни тизимдаги янгиликлар, илғор тажрибалар, амалга оширилаётган ишлар ва ҳоказолар тўғрисида ахборотлар жойлашириб бориши лозим.

Агар МХ веб-сайтини зарур ахборот билан тўлдириб бормаса, бошқалар у ҳақда турли бўҳтонлар тўқиб чиқаришига «имкон яратиб» қўйиши мумкин.

  1. МХ тегишли ташкилотига ОАВ, жумладан, интернет ёки оддий хат ва ҳатто телефон орқали берилган саволларга ўз вақтида (иложи борича ўша куниёқ) аниқ жавоб қайтариши шарт.
  2. Ривожланган, илғор давлатларнинг айнан шу соҳасидаги янгиликлар, тажрибаларни интернет ва бошқа ахборот воситалар орқали ўзлаштириб, бу ҳақдаги хулосаларини ёзма равишда ташкилот раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши мақсадга мувофиқдир.
  3. Турдош ёки бир-бирига яқин ташкилотлар матбуот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиш, бир-бирларининг тадбирларида иштирок этиш, айрим анжуманларни биргаликда ўтказиб туриш муҳимдир.
  4. Вақти-вақти билан матбуот конференцияси, брифинглар уюштириб туриши зарур.
  5. Ташкилот томонидан ахборот оқимини ташкил этиши, мунтазам равишда хабар, мақолалар ёзиши, соҳа мутахассислари, мутасаддилар билан суҳбат, интервьюлар ўтказиб, газета, радио ва телевидениеда ёритиб бориши лозим. Қайсики ташкилот МХ ходими вақти-вақти билан (ҳар ойда камида уч-тўрт марта) ОАВда чиқиш қилмаса, унинг фаолияти сустлашган ҳисобланади. Ташкилот фаолияти ОАВда қанча кўп ёритилса, унинг имижи шунча юқори бўлади.

Матбуот хизмати ходимларининг вазифалари жуда серқирра. Дунёда энг ривожланган мамлакатларда МХ ходимининг вазифалари одатда аниқ белгиланади.


7-мавзу: ПРЕСС-РЕЛИЗ

тайёрлаш ва тарқатиш

 Режа:

  1. Пресс-релиз ва унинг моҳиятини тушунтириш.
  2. През-релиз тайёрлашда журналист маҳорати.
  3. Пресс-релизларнинг вазифалари.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Пресс-релиз.
  2. Эмблема.
  3. Электрон манзил.
  4. Факс.
  5. Факт тўплаш.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Пресс-релиз нима?
  2. През-релизга қўйиладиган талаблар нималардан иборат?
  3. Журналист маҳорати пресс-релизда қандай акс этади?
  4. Пресс-релизнинг вазифалари нималардан иборат?

 

 Матбуот хабарномаси

Пресс-релиз атамасининг луғавий маъноси: «матбуот хабарномаси». У қисқа, лўнда, мақсади аниқ, тили равон, ортиқча «тушунтириш»лардан йироқ, фактларга бой бўлган муҳим хабар матнидир.

Қоғоз тепасига катта-катта ҳарфлар билан «ПРЕСС-РЕЛИЗ» деб ёзилгач, ташкилотнинг номи, манзили, тайёрланган санаси, телефон рақами, электрон почтаси кўрсатилиши зарур (3-иловага қаранг).

Пресс-релиз «турли мамлакатларда турлича аталади, лекин уларнинг вазифаси битта: маълумот бериш, воқеа ҳақида олдиндан хабар бериб бориш, рақамлар ва фактлар тақдим қилишдир,– деб ёзади Маргерит Салливан.– Материалда иштирок этувчи шахс ким? Бу материал нима ҳақида? Воқеа қачон бўлади ёки бўлиб ўтди? Бу ахборот нима учун муҳим? У қандай аҳамиятга эга? Ушбу барча саволларга жавоб биринчи хатбошида берилиши даркор».

Бир ёки икки бет ҳажмда (А-4 форматда икки интервалда) тадбир ўтказишдан мақсад, асосий мавзу тўла акс эттирилиши тақозо этилади.

Пресс-релиз тайёрлашда қуйидагиларга эътибор берилиши шарт:

Биринчиси, тегишли ташкилот номи биринчи галда тўлиқ ва бехато ёзилиши шарт. Масалан, ЕХҲТ-ДИИҲБ деган қисқартма сўзни газетада шундоқ ёритса, ҳамма ўқувчилар бирдек тушунмайди. Аввало, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, деб ёзиш, сўнг қавс ичида (кейинги ўринда – ЕХҲТ-ДИИҲБ) деб кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, «МСК» деган ёзувга илгари дуч келмаган киши унинг – Марказий сайлов комиссияси эканини билмайди. Айрим номлар қисқартма ҳолида қўпол сўзларга айланадиган бўлса, яхшиси уни тўлиқ ҳолида ёзган маъқул.

Сэм Блэкнинг фикрича, қисқартма номларни ҳам тўғри ёзиш керак. Айтайлик, БМТ ё АҚШни Б.М.Т. ёки А.Қ.Ш. тарзида ёзиш нотўғридир.

Иккинчиси, унда кишиларнинг исми шарифларини тўлиқ ва тўғри ёзиш шарт. (Айтайлик, Ж.К. Тахтаев эмас, балки Жўрақул Комилович Тўхтаев қабилида ёзиш зарур). Ўшанда уни телевидение ёки радиода ўқиб эшиттиришда ҳам ноқулайлик туғилмайди.

Учинчиси, жой номларини тўғри ёзиш муҳим. (Масалан, Фарғона – Фергана, Тошкент – Ташкент ё Тошкан қабилида ёзилиши мумкин эмас. Шунингдек, Москвани – Масков, Россияни – Русия деб ёзиш мантиққа зиддир). Бошқа мамлакатлар ҳақида сўз кетганда ҳам уларни асл ҳолича, ўзбекона лисонимизда қабул қилинганидек ёзиш зарур. (Масалан, Индия эмас – Ҳиндистон, Египет – Миср Араб Республикаси, Эмират – Бирлашган Араб Амирликлари, Киргизия – Қирғизистон ва ҳоказо).

Тўртинчиси, рақамларни тушуниб ёзиш, хатоликка йўл қўймаслик, керак бўлса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашдан тотинмаслик даркор. Баъзи газеталарда сонлар шундоқ ёритилади: «Бу мактабда 1000 минг ўқувчи таълим-тарбия олмоқда». Бу ерда аслида ўқувчилар сони – миллионта деб кўрсатилмоқда?!

Бешинчиси, соҳага оид атамаларни қўллашда тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Баъзан шундай жумла ёзишади: «дискетда ёзишни машқ қилмоқдалар…» Асли компьютерда ёзиш мумкин. Ундаги ёзув дискетга ва ундан бошқа компьютерга кўчирилади холос.

Олтинчиси, имловий хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Тилимиз шу қадар бой ва сержилоки, ундаги сўзлардан атиги битта ҳарфи хато ёзилса, маъноси бутунлай ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.

Матбуот анжуманларига маҳаллий ва хорижий журналистлар ташриф буюришини ҳисобга олган ҳолда пресс-релизларни иложи борича ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.

Мутахассисларнинг фикрича, пресс-релизнинг атиги 5 фоизини таҳрир қилиш тақозо этилса, ўша ходим матбуот хизматида ишлашга нолойиқ деб ҳисобланар экан.

ОАВга тарқатиладиган пресс-релиз «таҳрирталаб» бўлиши нафақат МХХ, балки ташкилотнинг ҳам обрўсига путур етказади.

 

8-мавзу: Матбуот хизмати ходимининг ижодий маҲорати

 

Режа:

  1. МХнинг ижодий фаолиятини тушунтириш.
  2. МХнинг ОАВни зарур ахборотлар билан таъминлашини изоҳлаш.
  3. Матбуот хизмати – ишончли ахборот манбаи экалигини изоҳлаш.
  4. МХ ходимининг репортёрлик ва ташкилотчилик қобилиятини изоҳлаш.
  5. МХ томонидан пресс-релизлар тарқатилишини тушунтириш.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Ижодий фаолият.
  2. Хабар, мақола, суҳбат.
  3. Ахборот манбаи.
  4. Репортёрлик.

 

Назорат учун саволлар:

  1. МХнинг ижодий фаолияти қандай тушунасиз?
  2. МХ ОАВни зарур ахборотлар билан қандай таъминлайди?
  3. Ахборот манбаи деганда нимани тушунасиз?
  4. Репортёрлик ва ташкилотчилик фаолияти МХда қанда акс этади?

 

 

Ижодий маҳорат ва ташкилотчилик

МХнинг ижодий фаолияти газета радио, телевидениедан фарқ қилади. Журналистика нуқтаи назаридан қаралганда МХХ ҳам ахборот олиш, турли жанрларда ёзиш билан ҳам шуғулланади. У фақат ижодий иш билан машғул бўлмайди. Билъакс, ташкилот фаолиятини ёритмоқчи бўлган ОАВ ходимларини зарур ахборотлар, маълумотлар билан таъминлайди. Унинг энг асосий вазифаларидан бири шу. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда МХ – журналистлар учун энг ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

МХ ходими мунтазам равишда ташкилоти томонидан ахборот оқимини ташкил қилиши зарур. Масалан, сайловлар даврида Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати ўз томонидан зарур ахборот оқимини ташкил этади. «Бугунги кунда ахборот олишнинг ўнлаб манбалари бор. Шулардан бири вазирлик ва давлат идораларининг матбуот хизматларидир,– деб ёзади Шерзод Қудратхўжаев.– Ҳар қандай янгилик ва ахборотнинг биринчи истеъмолчиси – бу журналистлардир».

МХХ қалами ўткир бўлиши, репортёрлик ва ташкилотчилик қобилияти уларнинг имижини оширади. ОАВ билан ҳамкорлик ўрнатишда муаммоларга дуч келмайди. Бир сўз билан айтганда МХХ ҳам ижодкор, ҳам ташкилотчи бўлиши мақсадга мувофиқдир.

МХХнинг ижодий маҳорати телевидение ҳамда радиодаги чиқишларида ҳам яққол намоён бўлади. Яъни, МХХ яхши нотиқ ҳам бўлиши тақозо этилади. У интервью бераётганида ёхуд бошқа суҳбатларда иштирок этаётганида адабий тил нормаларига қатъий риоя этиши муҳимдир. Шевага оид сўзларни кўп ишлатиши, сўз ва ибораларни айтишда талаффузи ноаниқ бўлиши унинг обрўсига путур етказиши мумкин.

Матбуот конференциялари, брифинглар уюштириш, унда ўзбек, рус ва инглиз тилларижа «пресс-релиз» тайёрлаб, ОАВ ходимларига тарқатиш каби вазифаларни бажаришда МХХ масъулиятли вазифаларни бажаради. Маълумки, матбуот ижтимоий ҳаётни акс эттириш шаклларидан бири, воқеликни билиш, тадқиқ этиш ва унга қайтадан таъсир этишнинг муҳим воситаси. Матбуот ана шу вазифасини бажаришида МХ ҳам фаол иштирок этади. Яъни, ахборот олиш ёки ахборот тарқатишда, ОАВ учун материал тайёрлаш, ташкилот раҳбари ва бошқа мутахассису мутасаддиларнинг телевидение ҳамда радиода чиқишларини уюштиришда журналистлар каби МХХ ҳам фаоллик кўрсатади.

МХ томонидан ахборот тарқатишнинг энг қулай ва самарали йўли – пресс-релизлар тайёрлаб ОАВ вакилларига тарқатишдир. МХХнинг чинакам ижодий маҳорати у тарқатаётган пресс-релизда яққол намоён бўлади.

Очиғини айтиш жоиз, баъзи таҳририят ходимлари ташкилотдан ахборот олишда кимга мурожаат қилишни билишмайди. Тўппа-тўғри ташкилотнинг биринчи раҳбари қабулига кириб борадиганлар ҳам топилади. Аслида, зарур ахборни шу ташкилотнинг матбуот хизматидан исталганча олиши мумкин. Демак, матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилишдан ОАВ ходимлари ҳам манфаатдор эканлиги сир эмас.

Шуни айтиш жоизки, ҳар қандай журналист ҳам исталган вазирлик ёки ташкилотдан ахборот олишда муайян қийинчиликка дуч келиши табиий. Яъни, шу соҳага оид атамалар, иборалар, ҳужжатларнинг номларини ёзишда чалкашиб кетиши мумкин. Бирор анжуман ҳақида ёзганда «кун тартиби», мавзулар, нотиқ исми шарифи, лавозимини аниқ кўрсатиши зарур.

Айрим ташкилотларда ўтказилаётган анжуманлар ҳақида газеталарда ёритилаётган мақолаларда турли хатоликлар, ноаниқликлар учраётганидан кўз юма олмаймиз.

МХХ уззу кун шу идора мутасаддилари билан бирга ишлайди, у ўша ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ қонунлар, турли ҳужжатлар, иш жараёни, атамалар, факт ва рақамлардан яхши хабардор экан, зарур ахборотни ҳар тарафлама аниқ ва пухта тайёрлаш имконига эга. Демак, улар ўтказиладиган анжуманлар, тадбирларнинг қичқача мазмуни акс этган пресс-релизлар тайёрлаб, анжуман олдидан ОАВ вакилларига тарқатишлари, ҳатто интернетдаги тегишли E-mail ва веб-сайтлари орқали ёритишлари мақсадга мувофиқдир.

Агар веб-сайтнинг ўзи бор-у, унда зарур маълумотлар бўлмаса, у ҳолда МХ ўзига қарши бўҳтон гаплар тарқалишига имкон бериб қўяди.

МХ қанчалик кўп ахборот тарқатса, улар ҳақида ўзгалар «гап тўқишига» ҳожат бўлмайди. Ҳаққоний ахборотлар бўҳтон ва уйдирма гапларга ўрин қолдирмайди.

Айрим ташкилотларда ўтказилаётган анжуманларни ёритишга борган ОАВ ходимлари МХдан пресс-релиз ололмаётганлари ачинарли ҳол.

Пресс-релиз тайёрлаб ОАВ вакилларига тарқатиш МХнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Бу ишда масъулиятсизлик қилиш ўша анжуман ҳақида ёритишда кўп хатолик юз беришига сабаб бўлиши кузатилмоқда.

 

 

 

 

 

 


9-мавзу: МАТБУОТ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

 

Режа:

  1. Матбуот конференцияси тайёргарлик кўришни тушунтириш.
  2. Матбуот анжумани ўтказишдан мақсадни тушунтириш.
  3. Тахминий саволлар рўйхати тузиш усулари.
  4. Матбуот конференциясида бошловчилик маҳорати хақида.
  5. Мулоқот майдони – матбуот конференцияси эканини изоҳлаш.
  6. Ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланиши моҳиятини тушунтириш.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Матбуот конференцияси.
  2. Саволлар рўйхати.
  3. Бошловчилик маҳорати.
  4. Мулоқот майдони.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Матбуот конференциясига қандай тайёргарлик кўрилади?
  2. Матбуот анжумани ўтказишдан мақсад нима?
  3. Тахминий саволлар рўйхати қандай тузилади?
  4. Бошловчилик маҳорати нима?
  5. Мулоқот майдони қандай ташкил этилади?
  6. Фикр икки томонлама тингланишини қандай изоҳлайсиз?

 

 

Матбуот конференцияси ўтказиш

Матбуот конференциясини ўтказишдан аввал унга пухта тайёргарлик кўриш зарур. Матбуот котиби аввало ўз идорасида тайёргарликни бошлайди. Яъни, у раҳбари билан маслаҳатлашган ҳолда қуйидагиларни аниқлаб олиши зарур:

– матбуот анжумани ўтказишдан мақсад ва ундаги асосий мавзу (шу асосда пресс-релиз тайёрлаш);

– анжуман журналистлар бемалол етиб келишлари учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида бўлиши, анжуманга келишган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши лозим. (Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида ана шу қулайликлар яратилган); тайёрлаш;

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқачигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига камида уч кун илгари хабар берилиши шарт. Бу хабар журналистларга таклиф сифатида айтилиши ҳам мумкин;

– журналистлар олдиндан конференция мавзусини сўраган тақдирда уларга албатта тўғри ахборот бериш муҳимдир. Айрим журналистлар радиода ёки телекўрсатувларда анонс беришлари ҳам мумкинлигини ёдда тутинг;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан албатта таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва конференцияда фаол иштирок этишлари ва бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна қайси масъул шахслар нималар ҳақида гапиришлари ҳақида матбуот котиби келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда матбуот котибидан жуда зийраклик талаб этилади, у ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– конференцияда иштирок этишаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилишаётганини билиб турсинлар;

– конференцияга ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида улар учун қулай бўлган тилда ёзилган пресс-релизларни тарқатиш лозим.

Конференцияни матбуот котиби бошқаради.

У аввало, тегишли мутасаддиларга, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар ўша журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

МХХдан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин.

Журналистлар орасида атай «шов-шувли» савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса матбуот котиби вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Масалан, Россия ички ишлар вазирига шундай савол беришган: «Фалон жойда кеча бир милиция ходими порахўрлик қилганидан хабардормисиз? У ҳақда нима дея оласиз?»

Шунда даврани бошқараётган Россия ички ишлар вазирининг матбуот котиби журналистнинг саволига савол билан жавоб қайтарган: «Сиз ўғлингиз айни вақтда нима ишлар билан шуғулланаётганини биласизми?»

Табиийки, анжуман иштирокчилари матбуот котибининг топқирлигига тан беришган. Бироз мулзам бўлган журналистни вазирнинг ўзи ноқулай аҳволдан қутқарган. Яъни, ўша милиция ходими ҳақида ёзиб беришини сўраган ва унга қандай чора кўрилгани ҳақида навбатдаги анжуманда маълум қилинишини айтган.

Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Бу матбуот анжуманида энг муҳими – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар. Иккинчидан, улар юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита ўша мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги «мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши» бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан ўрнатиладиган алоқадан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини «зарурат пайдо бўлганида» ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. «Зарурат йўқ» деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик ҳам жамоатчилик билан алоқалар мантиғига зид. Чунки, ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

МХ – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу «кўприк» матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади. «Матбуот конференцияларини муттасил ўтказсангиз, улар ҳовурни чиқариш имконини беради,– деб ёзади АҚШлик таниқли матбуот котиби Дэвит Беквид.– Бирон бир эълон ёки позитив ахборот бўлса, матбуот конференциясини ўтказиш яхши тадбир».

Матбуот конференцияларидан кутилган натижалар, яъни, анжуманда тарқатилган ахборотлар, савол-жавоблар ва уларнинг ОАВда ёритилиши ҳақида Маргерит Салливан «Масъул матбуот хизмати» китобида шундай ёзади: «ОАВ жамоатчиликни ҳукумат фаолиятидан хабардор қилади ҳамда мунозарага ундайди. Улар мансабдорларни энг юксак андозаларга мувофиқ бўлишга мажбур этишади ва ҳукумат жамият ишончини қозонганича турибдими ёки йўқ эканлиги ҳақида хабар беришади».

Муаллиф бир матбуот котибининг шундай фикрларини келтиради: «ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун бу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат матбуот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам, ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди».

Демак, матбуот котибининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади.

ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга мутахассисларнинг фикрларини эътиборга олган ҳолда қуйидагиларни тавсия этамиз:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, «билмайман» деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлаб беришингизни ваъда берганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб берсангиз, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз матбуот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– иложи борича ОАВ ходимлари билан яхши муносабатда бўлинг, сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, журналистларга қўнғироқ қилиб, ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– хушчақчақ кайфиятда юриш матбуот хизмати ходимига хос хислат ва фазилатдир. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради. Агар сизда хушчақчақлик туйғуси бўлмаса, ишингиз беҳуда машғулотга айланиб қолади;

Матбуот котибининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. МХХ жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутишлари зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Маргерит Салливан бу ҳақда ҳам мухтасар фикрларини баён этган. Яъни:

– ҳеч қачон ёлғон сўзламанг, ҳеч қачон «шарҳларсиз» гапирманг, хаёлингиздаги гапни ҳақиқат деманг, ўзингизча тўқиманг, билмасангиз ўйлаб топманг. Қобилиятли журналистлар текшириб кўрадилар. Агар хатога йўл қўйган бўлсангиз, сизга бўлган ишонч сўнади;

– бирор саволни жавобсиз қолдирманг, агар янгиликлар борасида етарли маълумотга эга бўлмасангиз, уларни тавсия қилманг;

–инқирозга дуч келганда ундан чиқиш режаси бўлсин. Ҳақиқий маълумотлар орқали зудлик билан журналистларга мурожаат қилинг;

– раҳбариятни вақти-вақти билан матбуотда чиқишга жалб қилинг. Ўз ходимларингизга ахборот бериб туринг. Ахборотлар ҳаққонийлигига доимо эътибор беринг.

Матбуот котиби ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

Мамлакатимизда қонун чиқарувчи ҳокимиятдан тотриб вазирликлар ва бошқа етакчи ташкилотларда ҳам матбуот хизматлари фаолияти ана шундай йўлга қўйилган тақдирда унинг самараси қандай бўлиши мумкин? Ш.Қудратхўжаев фикрича: «Дунёнинг ривожланган давлатлари бугунги фаровонлиги ва демократияга айнан шу орқали эришган. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳаракат икки томонлама бўлиши керак. Ҳокимият имконият яратиб берса, одамлар самарали ишласа, демократик давлат асосларига эришилади,– деб ёзади у.– Бюрократия ҳолатлари сабаб, баъзида тўсиқлар пайдо бўлади. Бу билан курашиш керак, матбуот бунда ўз ролини кўрсатиши керак». Ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини такомиллаштиришда эса матбуот хизматининг роли, матбуот котибининг фаолияти қай даражада эканлигига боғлиқдир.

Матбуот хизматларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда ана шу илмий, назарий ва амалий тажрибаларга таянган ҳолда иш тутган ташкилот ҳамда матбуот котиби кўзлаган мақсадларига эришади.

PR амалиётининг ёрқин ифодаси бўлган матбуот анжуманида халқ фикри, таклифлари ўрганилиши учун қулай вазият вужудга келади. Ушбу жараёнда ташкилот ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида ўз фаолияти ҳақида ахборот тарқатади. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади. Жамоатчилик билан алоқалар журналистикада ҳам энг яхши, қулай ва самарали алоқалардан ҳисобланади. У «тўртинчи ҳокимият»нинг ҳам жамоатчилик орасида мавқеини оширади.

МХ фаолияти самарасини матбуот конференцияларида яққол кузатиш мумкин. Журналистлар нафақат ўзларини қизиқтирган мавзуда, балки, кенг омманинг фикрларини ифода этишга интиладилар.

Суҳбат, баҳс, мунозараларда эса жамоатчиликнинг биллур фикрлари акс этиши шубҳасиз. Саволларга берилган жавоблар ҳақида ҳозиржавоблик билан ОАВда ёритилади. Унга ўз навбатида фуқаролар ҳам муносабатларини билдиришлари мумкин. Шу тариқа ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари мустаҳкамланиб бораверади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


10-мавзу: МАТБУОТ АНЖУМАНИНИНГ ОАВда ЁРИТИЛИШИ

 

Режа:

  1. Матбуот конференциясини ОАВда ёритишда қўйиладиган талабларни тушунтириш.
  2. Матбуот анжуманида кўтарилган масалалар ҳақида ахборот бериш ҳақида.
  3. МХ фаолиятини ОАВда ёритиш хақида.
  4. Журналистлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

 

Таянч сўз ва иборалар:

  1. Тезкор хабар.
  2. МХ фаолияти.
  3. Аккредитация.
  4. Ижодий ҳамкорлик.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Матбуот конференциясини ёритишда ОАВ ходимлари нималарга эътибор беришлари зарур?
  2. Матбуот анжумани кўтарилган масалалар қандай ҳал этилади?
  3. МХ фаолиятини ёритиб бориш усулларини тушунтиринг.
  4. МХ ходимлари ва ОАВ вакилларининг ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилади?

 

 

Матбуот анжуманини ёритиш масъулияти

Кўпинча таҳририят ходимлари матбуот конференцияси ҳақида ёзишда нўноқлик қилишади. Баъзи ОАВ ходимлари анжуман «бўлиб ўтгани» ва унда мутасадди раҳбар «журналистларнинг саволларига жавоб бергани» ҳақидаги гаплардан нари ўтишмайди.

У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар матбуот анжумани ва унда кўтарилган масалалар ҳақида керакли ахборотни бера олмайди.

Аслида, анжумандаги энг муҳим ахборот аввало ташкилот матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда акс этса, иккинчиси, савол-жавоблар асносида юзага чиқади. Бундай савол-жавоблар замирида жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган ахборотлар ОАВда ўз аксини топиши зарур.

МХ фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши учун қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари зарур:

– ташкилот фаолияти ҳақида ОАВ орқали тезкорлик билан, доимий равишда ҳаққоний ахборот тарқатиш;

– ташкилот фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб туриш;

– ташкилот томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий актлар, расмий ахборотларини аҳолига ўз вақтида етказиш, уларни таҳлил қилиб бориш;

– ташкилотдан оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда ҳеч монеликсиз ҳамда ишончли ахборот олишни йўлга қўйиш;

– ташкилот фаолияти ҳақида ахборотлар тарқатиш;

– ОАВ орқали ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлаш;

– ташкилот фаолияти хусусида кенг жамоатчиликнинг фикри ҳамда муносабатларини ўрганиб бориш, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги иштирокини кенгайтириш.

Қолаверса, МХ фаолияти ва матбуот анжуманини қай даражада ва қай тарзда ёритиш журналистларнинг ҳам ижодий маҳоратига боғлиқдир. Бу борада ҳам МХ ходими журналистлар билан яқин алоқада бўлиши ва улар билан ижодий ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир.

Маргерит Салливаннинг «Масъул матбуот хизмати» китобида иқтибос келтирилишича: «Матбуот котибининг иши президент позияси ва фикрларини унга ўзининг кейинги ишларини аниқроқ режалаш имконини берадиган, айни маҳалда ҳукумат нима иш билан шуғулланаётганини билишда матбуотга кўмаклашадиган қилиб баён этишдан иборат,– деган Жорж Бушнинг Оқ уйдаги матбуот котиби Ари Флейшер.– Бу – айни бир вақтда икки жанобга хизмат қилишда эҳтиёткорлик билан мушкулларни енгишга имкон берадиган, усталик билан мувозанатлаштирилган фаолият». Демак бу жараён ҳамиша бирдек осон кечмайди. Унинг уддасидан чиққанлар эса тараққиёт чўққиларини забт этиб яшашга мушаррафдирлар. Дунёвий фан – PRнинг амалиётдаги меваси шу.

Юртбошимиз эътироф этганидек, «жамиятни демократлаштириш ва янгилаш биз учун ҳамиша биринчи даражали устувор мақсад ва вазифа бўлиб қолаверади. Фақат мана шу асосда, мана шу негизда мамлакатдаги камбағаллик ва қолоқлик муаммоларини ҳал этиш мумкин ва зарур. Инкор этиб бўлмайдиган ушбу ҳақиқат шу муқаддас заминимизда яшайдиган ҳар бир инсоннинг қон-қонига, вужудига сингиб кетишини истардим». Парламентнинг жамоатчилик билан алоқалари самараси ўша глобал муаммолар ечими ижобий ҳал этилишида акс этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП Марказий Кенгаши котиби Раъно Зарипова сайловчиларининг фикридан келиб чиққан ҳолда шундай ёзади: «Ҳозир туман ФҲДЁ ташкилотлари туғилганлик тўғрисида гувоҳнома беряпти. У Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан уч тилда тўлдирилиши лозим. Туманларда эса уч тилни мукаммал биладиган мутахассислар йўқлиги туфайли гувоҳномаларни тўлдиришда қийинчиликлар пайдо бўляпти. Ўзбек тилига давлат мақоми берилди. Демак, уни фақат ўз тилимизда, ўзбек тилида тўлдириш маъқул эмасми? Бу фақат менинг кузатишим эмас. Мутахассислар аллақачон шу хулосага келишган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Навоий вилоятида ушбу масалани ўрганганида Томди, Конимех туманлари қишлоқлари туман марказидан 200 километр узоқлиги ва марказга келиб гувоҳнома олиш аҳолига катта қийинчиликлар туғдираётганини куйиниб гапиришди. Президентимиз белгилаб берган беш тамойилнинг бири – кучли давлатдан кучли жамият сари деб аталади. Гувоҳнома беришни Фуқаролик йиғинларидан олиб, туман ФҲДЁларига берилгани ана шу тамойилнинг тескариси эмасми?»[32]

Навбаҳор сайлов округидан депутат Ғулом Облоқулов интервьюсида таъкидланган гаплар Раъно Зарипованинг фикрлари билан ҳамоҳангдир: «Сенат аъзолари ҳамиша оддий халқ билан бирга эканлигини ҳисобга олсак, қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш борасидаги ишларимизда янги босқичга қадам қўйганлигимизни илғаш қийин эмас»[33].

Матбуотимиз ҳанузгача «Тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарила олмаётгани ҳақида Юртбошимиз ҳам куюнчаклик билан сўзлаши барчага аён. Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги (2002 йил 29 август) маърузасида баён этилган ушбу фикрларга эътибор қилинг: «Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур». Қисқа қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари том маънода «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилмоғи лозим.

Бу борада матбуот хизматлари ташкилотлар билан ОАВ ўртасида муҳим “кўприк” вазифасини бажаради.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари жараёнини ёритишда ҳам журналистикадаги уч муҳим жанр – информацион, таҳлилий ва бадиий публицистика бирдек акс этиши кўзга ташланади. «Жамоатчилик фикрини ифода этишда публицистиканинг уч таркибий қисми иштирок этади. Унинг бошланғич – информацияга оид – хабардор этувчи қисмида ҳам жамоатчилик фикри ўзига хос равишда уйғотилади»3. Назариётчилар фикрича, публицистиканинг таркибий қисми бўлган таҳлилий публицистиканинг бош вазифаси – жамоатчилик фикрига хизмат қилишдир. Кези келганда айтиш жоизки, бадиий публицистика ҳам жамоатчилик фикрини шакллантириш учун хизмат қилишини4 амалиётда кузатиш мумкин.

ОАВда акс этаётган жамоатчилик фикрлари орқали уларнинг ташкилот фаолиятига қанчалик қизиқиш билан қарашларини илғаб олиш мумкин.

Газетада ёритилган долзарб мавзудаги мақолалар биринчи галда шу соҳа мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Инглиз олими Д.Уоттс ёзганидек: «Сиёсатга қизиққан кишилар камчиликни ташкил этса-да, матбуот зарур ахборотни кўпчиликка мўлжаллаб етказиши лозим»4.

Шу ўринда, мамлакатимиз қонун чиқарувчи ҳокимиятидан ахборот олиш ва ОАВда ҳозиржавоблик билан тарқатиш жараёнини қисқача таҳлил қиламиз.

PRда ўз томонидан ахборот оқимини ташкил этиш, деган тушунча борлиги ҳақида айтдик. Яъни, ташкилотда юз берган воқеа-ҳодисалар, ўтказилган тадбирлар ва анжуманлар ҳақида тезкорлик билан ахборот тарқатиш зарурати пайдо бўлади. Бу ишни эса ўша ташкилот матбуот хизмати амалга ошириши зарур.

Ҳар гал сайловлар даврида Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази томонидан ахборот оқими ташкил этилиб, муттасил ОАВга етказилгани каби парламентда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот ва таржималар бўлими шу вазифаларни амалга оширадилар. Улар парламент мавзусини ёритишда журналистларга яқиндан ёрдам берадилар.

Парламент журналистикаси борасида Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти қошида ташкил этилган «Парламент журналистикаси» клуби фаолиятини ижобий баҳолаш мумкин.

Парламент депутатларининг ОАВда чиқишларини атрофлича таҳлил ва тадқиқ қилар эканмиз, 2005 йил 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари» мавзусидаги давра суҳбатида айтилган айрим фикрларга эътибор қаратамиз.

Бу анжуман тафсилотлари телекўрсатув ва радиода кенг шарҳланди, «Халқ сўзи» ва ва бошқа газеталарда турли даражада ёритилди1. Айниқса, «Ҳуррият»да чоп этилган «Журналист микрофонидан қочмаслигимиз керак» сарлавҳали мақола кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси оммавий ахборот воситалари, журналистлар билан қандай муносабатда бўлади? Ҳамкорлик қай тартибда йўлга қўйилади?– деб ёзади мухбир.– Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Н.Исмоилов парламент ва ОАВ ўртасидаги муносабатларни долзарб, нозик ва зарур масала, деб баҳолади. Қўмита раисининг фикрича, илгари бир палатали парламент шароитида оммавий ахборот воситаларида сессиялар вақтидагина Олий Мажлис фаолияти ва қонун ишлаб чиқариш жараёни тўғрисидаги материалларга ўрин берилган. Ҳозир қонун чиқарувчи идора доимий тарзда ишламоқда. Бу ўз навбатида журналистлар олдига парламент фаолиятини мазмунли ва мунтазам суратда ёритиш вазифасини кўндаланг қўймоқда»2.

Кўриниб турибдики, мамлакатимиз парламентининг янги шакл ва мазмундаги фаолияти журналистлар ва пиарменлардан ўз вазифаларини бажаришда ўзгача ёндошув ҳамда илғор иш усулларини талаб қилмоқда. Бу борада PR соҳасидаги назарий билимларни чуқур эгаллаш билан бирга икки палатали парламентга эга бўлган тараққийпарвар давлатларнинг тажрибаларини ҳам ўзлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раиси Хуршид Дўстмуҳаммедов ҳозирги шароитда парламент фаолиятига оид ахборотларни халққа етказиш учун соҳага ихтисослашган журналистлар етиштириш зарурлигини таъкидлади. Зеро, қонунчилик жараёнлари ҳамма ҳам илғайвермайдиган нозик ва мураккаб жиҳатларга эга, уларни соҳага ихтисослашмасдан тўла англаб бўлмайди. Қўмита раиси таъкидлашича, Озарбайжонда махсус парламент журналистлари клуби фаолият олиб борар экан ва журналистлар соҳага ихтисослашиб, фикр алмашиш мақсадида алоҳида уюшма ҳам ташкил этишган.

Олий Мажлис фаолияти – жамият ҳаёти билан мудом ҳамоҳангдир. Бу узвийликни мунтазам равишда таъминлашда, парламентда бўладиган турли анжуманлар, қабуллар, учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ҳақидаги ахборотларни жамоатчиликка ҳозиржавоблик билан етказишда ОАВнинг ўрни беқиёсдир.

Депутатларнинг ОАВ чиқишларида жамоатчилик фикри қай даражада акс этаётганини Хуршид Дўстмуҳамедовнинг ушбу сатрларидан ҳам билса бўлади: «Сайловчилар депутатлар билан, умуман мамлакат пойтахтидан борадиган давлат, жамоат, фан, маданият ва санъат намоёндалари билан юзма-юз суҳбат қуришга, кўнгилларидаги сирларини сирлашишга ғоятда ташна,– деб ёзади у.– Қишнинг аёзли, қор-ёмғирли кунларида, баъзан иситилган, баъзан иситилмаган хоналарда, залларда, клубларда ўтирган қишлоқ аҳлининг талашиб-тортишиб ўтиришларини кўриб ҳайратланмай бўладими? Ана шу эмасми, мамлакат ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ ислоҳотда фуқаролар иштирокининг фаоллашуви!»1.

Иккинчи мақолада ҳам шунга монанд фикрлар ўз ифодасини топган: «Номзодлар депутатликка сайланиб олингач, сайловчиларни «унутиб қўяди», ҳолидан хабар олмайди, муаммолари билан қизиқмайди, каби эътирозлар билдирилганди, –деб ёзади «Миллий тикланиш» газетаси ўз мухбири.– Халқнинг ишончига сазовор бўлган депутатлар ҳам илгариги депутатлардек эмас»2.

Ушбу мақолалардан кўриниб турибдики, депутатларнинг ҳар бир мулоқоти парламентнинг ўз аудиторияси билан алоқаларини таъминлашга хизмат қилади.

Ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар ўрнатишдан мақсади фақат одамлар фикрини ўрганиш эмас, балки ўша фикрлар, таклифларни ўз фаолиятларида акс эттиришидир.

Бошқа депутатларнинг матбуотда чиқишларида ҳам жамоатчилик фикрини акс эттирувчи фикрлар ўз ифодасини топган. Уларни ёритишда таҳририят ходимларининг изланишлари ҳам муҳим ўрин тутади, албатта. Адиб ва олим Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, журналист бирор юксак рутбалик одамнинг ё маҳкаманинг ижозатисиз ҳам ҳаётда эскирган деб ҳисоблаган бирор ҳодисани қаламга ола билмоғи керак. Давр парламент журналистикаси олдига қатор талаблар қўймоқда. Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, матбуот ҳаёт муаммоларини қанчалик бемалол, тўсиқсиз ёрита олса, ҳаёт олдинга сурадиган зиддиятларни ошкор этолса, уларни ҳал этиш йўлларини таклиф қилса, халқ диққатини энг муҳим масалалар атрофига жалб этолса, унинг қудрати шунчалик намоён бўлади.

Ташкилот фаолиятининг муттасил ОАВда ёритилиши ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда ОАВ ва матбуот кенг маънода ижтимоий-сиёсий, информацион фаолиятнинг доимий иш кўрувчи, серкўлам, ҳозиржавоб, таъсирчан, жанговар кўриниши эканлигини намоён этган ҳолда жамиятдаги мавжуд ғоялар ва одамларнинг уларга қарашлари ва муносабатларини акс эттиради. Шу ўринда жамоатчилик фикрисиз, муҳим масалаларни кўтариб чиқмасдан публицистика бўлмаслиги ойдинлашади.

Матбуотда расмий хабарлар матни қисқа, лўнда қилиб ёзилади. Унда кўрилган масалаларнинг моҳияти, қонун ва қарорлар, белгилаб олинган вазифалар аниқ ифода этилади.

Айрим расмий хабарлар мазмуни ҳақида ижобий фикр айтиш қийин. Баъзи таҳририят ходимлари масаланинг моҳиятини тушунмасдан ёзиши ўқувчиларни чалғитади. Бундай хатолик ва ғализликлар ўқувчи меъдасига тегади. Баъзи журналистлар «кенгаш», «мажлис», «йиғилиш» сўзларининг, парламент ишида кўп қўлланиладиган «биринчи ўқиш», «иккинчи ўқиш» каби ибораларнинг фарқига бормаслиги, моҳиятини тушунмай ёзишлари ачинарли ҳолдир. Мисол учун қуйидаги расмий хабарга эътибор беринг:

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Ўтган ҳафтанинг 4, 6-8 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар Қонунчилик палатасининг Регламенти лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишни давом эттирдилар. Барча сиёсий партиялар фракция-ларининг вакиллари иштирокида бўлиб ўтган моддама-модда муҳокамадан кейин мазкур ҳужжат иккинчи ўқишда қабул қилинди»1.

Эътибор берсангиз, биринчи қатордаги «Ўтган ҳафтанинг» ибораси ортиқча. Чунки, ҳар ҳафтанинг 4, 6-8 июль кунлари бўлмайди, балки, душанба, сешанба, чоршанба сингари кунлари бўлиши мумкин.

Навбатдаги жумла ҳам таҳрирталаб.

«Мажлисда иккинчи ўқишда киритилган «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмита-сининг раиси А.Саидов маъруза қилди. Депутатлар моддама-модда муҳо- кама жараёнида баён этилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини маромига етказиш учун қайтариш ҳамда Қонунчилик палатаси муҳокамасига қайтадан иккинчи ўқишда киритиш тўғрисида қарор қабул қилдилар»2.

Бундан газетхон нимани тушунади? «Иккинчи ўқишда киритилган» қонун лойиҳасини «қайтадан иккинчи ўқишда киритиш тўғрисида» деган фикр ўқувчини чалғитмайдими? Башарти, Қонунчилик палатаси шундоқ қарор қабул қилган тақдирда ҳам газета мухбири унга изоҳ, шарҳ бериши ва масалани ойдинлаштирган ҳолда ёритиши зарур эмасмиди? Айтиш жоизки, мавзуни хато ёритган газетани ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Парламент фаолиятини ҳозиржавоблик билан ёритишда радионинг ўрни катта. Анжуманларда радиожурналистлар телефон орқали тегишли студияларига уланиб, тўғридан-тўғри эфирга чиқишлари бу тармоқнинг равнақ топаётганини кўрсатади. Ўзбекистон радиосининг «Ахборот», «Ёшлар», «Машъал» ва бошқа студиялари билан бир қаторда «Сезам», «Гранд», «Орият-Доно» каби ҳусусий типдаги радиостудиялар орқали ҳам кенг жамоатчилик бу муҳим янгиликлардан бохабар бўладилар.

Мақола, суҳбат ва интервьюларда эса Олий Мажлисда ўтказиладиган тадбирлар, тақдимотлар, давра суҳбати, анжуманлар ҳақидаги хабар ва мақолалар, депутатлар билан суҳбат ё интервьюлар кўпчилик эътиборини ўзига жалб этади. Уларда қуруқ факт ва тафсилотларни бериш билан чекланилмайди. Асосан ўша воқеа-ҳодисалар моҳияти ёритилади.

Жамоатчиликда бирор воқеликка нисбатан фикр уйғондими, демак, у энди ҳаракатга тушади. Фуқароларнинг ОАВ орқали чиқишлари учун имкониятлар етарли. Бундай мазмундаги мақола ва суҳбатлар, мушоҳада, таклифлар қатор газета ва журналларда ёритилмоқда. Одамлар ҳар куни танишиб борган газетаси орқали уни чоп этган сиёсий партияни таниши, билиши ва унинг жамоатчилигига айланиши мумкин. Барча нашрлар умуммақсад йўлида хизмат қилса бас.

 

 

 

 

Адабиётлар рЎйхати

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. ­-Т.: Ўзбекистон, 2008.
  2. Каримов.И. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. -Т.: Ўзбекистон. 2005.
  3. Каримов И.А. Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари. Т.: Ўзбекистон. 2002.
  4. Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. -Т.: Ўзбекистон. 1996.
  5. Каримов И.А. Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт ва истиқлол йўли. -Т.: Ўзбекистон. 1992.
  6. Каримов И.А. Ўзбекистон келажаги буюк давлат. :Ўзбекистон. 1992.
  7. Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни. Халқ сўзи, 2007, 15 январь.
  8. Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни. Тўртинчи ҳокимият, Т. Меҳнат. 2003.
  9. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни. Тўртинчи ҳокимият, Т. Меҳнат. 2003.
  10. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни. Халқ сўзи, 2004, 11 фев.
  11. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси. БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган. Элект. п. office @ odihr.osce.waw.pl.
  12. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига шарҳлар. (Муаллиф Ғ.Сирожов, масъул муҳаррир С.Ш.Рашидова). Т.: Адолат, 1999.
  13. Авраамов Д.С. Профессиональная этика журналиста: Учебное пособие. – М.: Изд-во Моск. ун-та, 2003.
  14. Алешина И. Паблик рилейшнз для менеджеров и маркетеров. М. “Гном пресс”, 1997.
  15. Блажнов Е. Паблик рилейшнз. М. 1994.
  16. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998.
  17. Блэк С. PR: Международная практика. М.: Довган, 1997.
  18. Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986. Rhinebeck: Free Press, 1986.
  19. Дороти Доти. Паблисити и паблик рилейшнз. М.: “Гном-пресс”, 1998.
  20. Евроазия: проблемы PR. Олмаота. Нур. 2003.
  21. Засурский Я.Н. Искушение свободой. Российская журналистика: 1990- 2004. – М.: Изд-во Моск. ун-та, 2004.
  22. Камлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Издательский дом «Вильямс», 2001.
  23. Королько В. Основы паблик рилейшнз. Киев. Ваклер, 2000.
  24. Луғат-маълумотнома: Журналистика, Реклама, Паблик Рилейшнз. 1700 атама. Муаллифлар Ф.Нестеренко ва бошқ. Т.: Зар қалам.2003.
  25. Моисеев В.А. Паблик рилейшнз: теория и практика, К.: ВИРА, 1999.
  26. Монтескье Ш. Избранние произведения. М.: 1955.
  27. Муминов Ф. Паблик рилейшнз: история и теория. Т.: Ижод дунёси. 2004.
  28. Ольшанский Д.В. Политический PR. СПб.: Москва, Питер, 2003.–544 с.
  29. Прохоров. Е.П. Журналистика и демократия. М.: Аспент Пресс. 2004.
  30. Пушкарева Г.В. Политический менежмент.– М.: Дело, 2002.–С 384.
  31. Социология журналистики. М.: Аспект Пресс, 2004. – 318 с.
  32. Паблик рилейшнз. М.: Тандем. 1999.
  33. Парламентаризм: хорижий мамлакатлар тажрибаси. Т.: Шарқ, 2004.
  34. Пашенцев Е. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. М. Р.-Бук. 2001.
  35. Пресса и общественное мнение. М. 1986.
  36. Почепцов Г. Паблик рилейшнз для профессоналов. М.: Рефл-Бук, 2000.
  37. Почепцов Г. Паблик рилейшнз, или как успешно упавлять общест венным мнением. М.: Центр, 1998.
  38. Репортёрлик фаолиятининг назарияси ва амалиёти. ўқув қўлланма. Муаллифлар: Қ.Эрназаров ва бошқ. Т.: ЎзМУ. 2002.
  39. Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Т.: 2002. Regional Program Offise. Vienna. RPO.
  40. Чумиков А. Связи с общественностью. М.: “Дело”, 2000.
  41. Ўзбекистон: фуқаролик жамияти сари. Т.: Шарқ, 2003.
  42. Ғаффоров Н. Жамоатчилик билан ишлаш – Паблик рилейшнз. Т. Зар қалам. 2004.
  43. Баҳриев К. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 2001.
  44. Комилов Н. Вазир қандай бўлиши керак? Раҳбар ва ходим. Т.: Акад, 1998.
  45. Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Т.: Ўзбекистон. 2000.
  46. Низомулмулк. Сиёсатнома. Т.: Адолат, 1997.
  47. Омон Б. Сиёсий етакчининг нотиқлик маҳорати. Т.: Ўзбекистон, 2000.
  48. Раҳматуллаев Т. Америка журналист нигоҳида. Т.: Янги аср авлоди, 2003.
  49. Саидов А. Халқаро ҳуқуқ. Дарслик. Т.: Адолат, 2001.
  50. Труд журналистика: проессионализм, творчество, мастерство. Уч.пос. II-том, Т.НУУз, 2002 г.
  51. Ғафуров И. Миллатнинг биллурланиши. Беш тамойил ҳаётга. Т.: «Университет», 1995.
  52. Ошкоралик мезони. //Адвокат. 2003, 3-сон.
  53. Фанлараро фан. //Жамият ва бошқарув. 2003. 4-сон.
  54. Матбуот хизмати ва ОАВ. //Ўзбекистон матбуоти. 2003. 6-сон.
  55. Маънавий қанот. //Мулоқот. 2004. 5-сон.
  56. Тафаккур майдони. //Тафаккур. 2004. 3-сон.
  57. Икки палатали парламент. //Ўзбекистон матбуоти. 2005. 1-сон.
  58. Ҳурматга асосланган муносабат. //ЎзАС, 2005, 18 март.
  59. Холиқов Қ. Жамоатчилик фикри: у қандай шакллантирилади? //Фидокор, 2005, 28 июнь.
  60. Қудратхўжаев Ш. Содда ахборот осон ҳазм бўлади. //Ҳуррият, 2004, 28 июнь.

Ушбу адабиётлар рўйхатининг давомида Тўлқин Эшбекнинг 2005 йилгача газета-журналларда ёритилган мавзуга оид мақолалари нечундир ўчириб ташланиб, ўрнига бегона кимсанинг номи ёзиб қўйилган экан, биз ҳам уни ҳақли равишда ўчириб ташладик.

——————————————————————————————

 

 

[1] Муминов Ф. Паблик рилейшнз: история и теория. Т.: Ижод дунёси, 2004, 32-б

[2] Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.-P.12.

[3] Арзиев Ф. Паблик рилейшнз – ахборот ортидаги манфаат. //Халқ сўзи, 2003, 4 ноябрь.

[4] Қаранг: Миллий тикланиш, 1997, 2 декабрь.

[5] Педагогика тарихи. А.Зуннунов, М.Хайруллаев ва бошқалар. Т.: Шарқ, 2000, 175-б.

[6] Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулук. Т.: Адолат, 1997 й. 77 б.

[7] Комилов Н. Вазир қандай бўлиши керак? //Раҳбар ва ходим. –Т.: Академия, 1998, 58 б.

[8] Ғаффоров Н. Жамоатчилик билан ишлаш – Паблик рилейшнз. Т.: Зар қалам, 2004, 6-б.

[9] Муминов Ф. Паблик рилейшнз: история и теория. 38-39-б.

[10] Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. 65-б.

[11] Муминов Ф. Паблик рилейшнз: история и теория. 40-б.

[12] Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. 5-б.

[13] Чумиков А. Связи с обшественностью. 20-б.

[14] Жўраев Н. Тафаккурдаги эврилиш. Т.: Шарқ, 2001. 41-б.

[15] Жўраев Н. Тафаккурдаги эврилиш. Т.: Шарқ, 2001. 41-б.

[16] Ғафуров И. Миллатнинг биллурланиши. //Халқ сўзи, 1995, 5-январь.

[17] Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. 33-35-б.

[18] Реклама и связи с обшественнотью. 2-қисм. 85-б.

[19]  Ўша асар, 88-б.

[20] Қаранг: Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. 97-98-бетлар.

[21]  Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. 136-б.

[22] Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998, 10-б.

[23] Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. 11-12-б.

[24] Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. М.: Дело, 2000. 5-б.

[25] Қаранг: Шукуров Б. Оқ ва қора ранглар. (Мўминов Ф. б-н суҳбат) //Ўзбекистон овози, 2004. 4 ноябрь.

[26] Сэм Блэк. Введение в Паблик Рилейшнз. С. Достов на-Дону, 1998 год. 6-бет.

[27] Сэм Блэк. Введение в Паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону «Феникс», стр-286.

[28] Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. Т., 2003 г. Стр –37.

[29] Сэм Блэк. Введение в Паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, «Феникс», 1998 г.

[30] Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: история и теория. Т., 2003 г. Стр –38.

[31] Чумиков А.Н. Паблик рилейшнз  Стр –37.

[32] Зарипова Р. Миллий қадрият – бу ўзбек. //Милий тикланиш, 2005, 24 июнь.

[33] Чориев Ф. Икки палатали парламент: у қонунчиликнинг янги сифат белгисидир. //Халқ сўзи, 2002, 13 декабрь.

3 Худойқулов М. Оммавий ахборот воситалари назарияси. 40 б.

4 Watts D. Political Communication Today. – Manchester etc.: Academia, 1997. – P. 70.

1 Қаранг: Олий Мажлис Қонунчилик палатасида (ахборот). //Халқ сўзи, 2005, 30 март.

2 Газета ўз мухбири. Журналист микрофонидан қочмаслигимиз керак. //Ҳуррият, 2005, 30 март.

1 Дўстмуҳамедов Х. Янгича талаблар – янгича ишлашга даъват. //Миллий тикланиш, 2005, 7 февраль.

2 Депутатларимиз сайловчилар ҳузурида. (Таҳририят хабари). //Миллий тикланиш, 2005, 18 февраль.

1 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида. (Муаллиф – «Ўз мухбиримиз» деб ёзилган) //Халқ сўзи, 2005, 12 июль.

2 Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн тўртинчи сессияси тўғрисида Ахборот. (Муаллиф кўрсатилмаган) //Халқ сўзи, 2005, 30 апрель.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>