Пресс-релиз тайёрлаш маҳорати

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

1

13-мавзу: Пресс-релиз тайёрлаш маҳорати

Режа:

  1. Пресс-релиз – Ахборот хизмати хабарномаси.
  2. Пресс-релиз – ишончли ахборот манбаи сифатида.
  3. Пресс-релизга қўйиладиган талаблар.
  4. Пресс-релиз тайёрлашда Ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати.

Ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати ОАВга тарқатаётган пресс-релизида яққол намоён бўлади. Ташкилот томонидан ўтказилаётган катта анжуманга келган журналистларга Ахборот хизмати ходими пресс-релиз тақдим этиши зарур. Улар шу жойнинг ўзидаёқ бу ихчам, аниқ ва лўнда ахборот матни билан танишади. Қўшимча маълумотлар зарур бўлса, Ахборот хизмати ходимидан сўрайди.

Лисонимизга янги кириб келган “пресс-релиз” атамасининг луғавий маъносини баъзи мутахассислар дастлаб: “матбуот хабарномаси” деб сўзма-сўз таржима қилган эдилар. Мантиқан олиб қаралганда, она тилимизда “матбуот хабарномаси” деган ибора ғализ, моҳияти ноаниқ. Уни “Ахборот хизмати хабарномаси” деб аташ тўғрироқ бўлади. Яъни, ташкилотнинг Ахборот хизмати томонидан тарқатиладиган хабарнома!

У қисқа, лўнда, мақсади аниқ, тили равон, ортиқча “тушунтириш”лардан йироқ, фактларга бой бўлган муҳим хабар матнидир. Моҳиятан уни ахборот манбаи, дейиш мумкин. Пресс-релизни тайёрлаш учун Ахборот хизмати ходими нималарга эътибор бериши керак?

  1. Қоғоз тепасига катта-катта ҳарфлар билан пресс-релиз деб ёзилгач, ташкилотнинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақами, электрон почтаси, охирида эса тайёрланган санаси кўрсатилиши зарур.
  2. Пресс-релизда аввало ташкилот ҳақида қисқача маълумот бериш, сўнг ўша анжуманга оид факт ва рақамлар, анжуман ўтказилишидан мақсад ҳамда унинг моҳияти ёритилиши лозим.
  3. Пресс-релизни ўқиган киши бу материал нима ҳақида, анжуман қачон ва қаерда бўлади, унинг жамоатчилик учун қандай аҳамияти борлиги аниқ акс этиши керак. Бир ёки икки бет ҳажмда (А-4 форматда бир интервалда) тадбир ўтказишдан мақсад, асосий мавзу тўла акс эттирилиши тақозо этилади1.
  4. Пресс-релизда жой номлари тўлиқ ва бехато ёзилиши шарт. Масалан, ЕХҲТ-ДИИҲБ деган қисқартма сўзни газетада шундоқ ёритса, ҳамма бирдек тушунмайди. Аввало, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, деб ёзиш, сўнг қавс ичида (кейинги ўринда – ЕХҲТ-ДИИҲБ) деб кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, “МСК” деган ёзувга илгари дуч келмаган киши унинг – Марказий сайлов комиссияси эканини билмайди. Айрим номлар қисқартма ҳолида қўпол сўзларга айланадиган бўлса, яхшиси уни тўлиқ ҳолида ёзган маъқул. Шу ўринда, инглиз олими Сэм Блэкнинг фикрича, қисқартма номларни ҳам тўғри ёзиш керак. Айтайлик, БМТни Б.М.Т. ёки АҚШни А.Қ.Ш. тарзида ёзиш нотўғридир2.
  5. Пресс-релизда кишиларнинг исми шарифларини тўлиқ ва тўғри ёзиш шарт. (Айтайлик, Ж.К. Тахтаев эмас, балки Жўрақул Комилович Тўхтаев қабилида ёзиш зарур). Ўшанда уни телевидение ёки радиода ўқиб эшиттиришда ҳам ноқулайлик туғилмайди.
  6. Жой номларини тўғри ёзиш муҳим. (Масалан, Фарғонани – Фергана, Тошкентни – Ташкент ё Тошкан қабилида ёзилиши мумкин эмас. Шунингдек, Москвани – Масков, Россияни – Русия деб ёзиш мантиққа зид). Бошқа мамлакатлар ҳақида сўз кетганда уларнинг номини ҳам асл ҳолича ёзиш зарур. (Масалан, Индия эмас – Ҳиндистон, Египет эмас – Миср Араб Республикаси, Эмиратмас – Бирлашган Араб Амирликлари, Киргизиямас – Қирғизистон ва ҳоказо).
  7. Рақамларни тушуниб ёзиш, хатоликка йўл қўймаслик, керак бўлса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашдан тортинмаслик даркор. Баъзилар рақамлар моҳиятини тушунмасдан шундоқ ёзадилар: “Мазкур ўқув даргоҳида 1000 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда”. Бу ерда ўқувчилар сони – миллионта деб кўрсатилмоқда. Бундай пайт энг мақбули рақамдан сўнгги сўзни қавс ичида “1000 (минг) нафар” қабилида ёзиш мақсадга мувофиқдир.
  8. Соҳага оид атамаларни қўллашда тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Баъзан шундай жумла ёзишади: “дискетда ёзишни машқ қилмоқдалар…” Асли компьютерда ёзиш мумкин. Ундаги ёзув дискетга ва ундан бошқа компьютерга кўчирилиши мумкин.
  9. Пресс-релизда имловий хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Тилимиз шу қадар бой ва сержилоки, ундаги сўзлардан атиги битта ҳарфи хато ёзилса, маъноси бутунлай ўзгариб кетиши ҳеч гапмас. Айтайлик, “кузга яқин” билан “кўзга яқин” ибораларининг маънолари бутунлай бошқа…

10 Пресс-релизни мутасаддилар билан маслаҳатлашган ҳолда тайёрлаши ва ташкилот раҳбарига кўрсатиб олиши лозим.

Пресс-релизни талаб даражасида тайёрлай олмаган ходимлар Ахборот хизматида ишлашга нолойиқ деб ҳисобланади. ОАВга тарқатиладиган пресс-релиз таҳрирталаб бўлиши нафақат Ахборот хизмати ходими, балки ташкилотнинг ҳам обрўсига путур етказади.

Соҳа мутахассисларидан бири профессор Файзулла Мўминов бу мавзуда қуйидаги маълумотларни тақдим этган:

Ўтказилаётган тадбирларнинг пресс-релизи рисоладагидек бўлиши учун биринчи галда нималарга аҳамият бериш зарур? Пресс-релизни тайёрлаш тахминан 15 та талабдан иборат:

  1. Предмет, воқеа, ҳаракат (шахс, партия, дастур…) ҳақидаги маълумот матннинг биринчи жумласида бўлиши шарт;
  2. Биринчи жумлада воқеанинг қисқача мазмуни бўлиши керак;
  3. Пресс-релизнинг мазмуни еттита асосий саволга жавоб бериши зарур:

а). Тадбир предмети (воқеа…).

б). Ташкилот (унинг номи).

в). Ташкилот қаерда жойлашган (унинг манзили).

г). Ютуқлар нималардан иборат (тадбир нега ўтказилмоқда).

д). Илова (қўшимча равишда яна нимадан фойдаланиш мумкин).

е). Деталлар (рақамлар, миқдорлар, ўлчовлар, ранглар…).

ж). Предмет манбаси (манзилнинг тўлиқ номи, телефон, боғланиш мумкин бўлган шахс, электрон манзил ва ҳ.к.).

  1. Пресс-релиз асосан электрон шаклда тарқатилади, бу усул осон, қулай, тезкор ва кенг қамровли.
  2. Пресс-релиз ташкилот номи акс эттирилган варақа (бланк)да тайёрлангани маъқулроқ.
  3. Пресс-релиз ёрқин, жонли сарлавҳа зарур.
  4. Пресс-релиз қоғознинг бир томонида 1,5 интервалда босилади.
  5. Абзацлар қисқа, 5-6 қатордан бўлиши керак.
  6. Пресс-релиз ҳажми – 200-220 сўздан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.
  7. Зарур бўлганда пресс-релиз икки вариантда тайёрланади:

– умумий ва ихтисослашган пресс-релизлар.

  1. ОАВ қўшимча материаллар сўраши мумкин бунга тайёр бўлиб туриш керак.
  2. Агар расмлар ва бошқа шунга ўхшаш илова (чизмалар, диаграмма)лар бўлса, бу ҳақда пресс-релизда айтиш зарур ва сўралганда юбориш мумкин.
  3. Одатда пресс-релиз имзоланади, яъни, кимнинг номидан юборилаётгани кўрсатилади.
  4. Матн оддий матн шаклида юборилиши мақсадга мувофиқдир.
  5. Мавзунинг номи рус ва инглиз тилларида такрорланиши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати ходими таҳририятларга юборилган пресс-релизлар рўйхатини қайд этиб қўйиши даркор.

Агар пресс-релиз ахборот хизмати ходими томонидан рисоладагидек ёзилган бўлса, журналист ҳеч бир ўзгартиришсиз уни хабар ҳолида чоп эттириши ёки мазкур воқеа ҳақида каттароқ мақола ёзаётганда биринчи хатбошида тўлиқ келтириши мумкин (Фақат, у қайси ташкилот Ахборот хизмати томонидан тақдим этилганини кўрсатиши шарт).

Пресс-релизнинг муҳимлиги абзацдан-абзацга камайиб боргани маъқул, чунки журналистлар уларни пастдан қирқиб қўяверади.

Пресс-релизларни юбориш усуллари уларни тарқатишдан мақсад қандай эканлигига боғлиқ. Агар шунчаки ташкилотдаги янгилик ҳақида кимларгадир маълумот узатиш бўлса, унда матбуот релизлари почта орқали юборилади. Агар пресс-релиз эълон қилиниши зарур бўлса, унинг матни хатга илова қилиниб, махсус одам билан таҳририят (бошқа бир муассаса, идорага) юборилади.

Агар пресс-релиз адресатни бирор-бир тадбирга чақириш билан боғлиқ бўлса, унда иккита вариант бор:

  1. Пресс-релизнинг биринчи, қисқартирилган матни бир ҳафта олдин тадбир дастурига илова шаклида таклиф этилган идора ёки шахсга юборилади, тадбир куни эса унинг яна бир нусхаси ёки иккинчи кенгайтирилган варианти тарқатма материалларга қўшиб берилади.
  2. Пресс-релиз тадбир куни дастур ва тарқатма материаллар билан биргаликда ОАВ ва меҳмонларга топширилади. Бундай пресс-релизлар бир ҳафта-ўн кун олдин тарқатилади, тадбирга бир-икки кун қолганда телефонда яна эслатилади.

Агар битта идорадан икки ёки ундан кўпроқ одам чақирилса, уларни рўйхат қилмасдан ҳар бирига алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбориш маъқулроқ. Худди шундай агар журналистдан ташқари мазкур ОАВнинг бош муҳаррири чақирилса, унга алоҳида, журналистга алоҳида таклифнома ва пресс-релиз юбормоқ зарур: таклифнома тадбирни эслатади, пресс-релиз эса ишлашга имконият яратади.

Пресс-релизда имловий, стилистик ва ҳатто, тиниш белгиларида хатолар бўлмаслиги зарур. Агар шундай хатоларга йўл қўйилса, бу ташкилотнинг обрўйига путур етказади.

Демак, Ахборот хизматининг ҳақиқий ижодий маҳорати Пресс-релизда ёрқин намоён бўлади.

______________________________________

1 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 43.

2 Қаранг: Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. Б. 83-85.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>