Пресс-релиз

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Уз2

Довруғи дунёга достон Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У қатор йиллар турли номлар билан аталган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб юритилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университети Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек номи билан юритила бошлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Мазкур тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу Фармонда, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини камол топтириш, уларни мустабид тузум йилларида қатағон қилинган фидойи ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, халқимизнинг беқиёс илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, жамиятнинг илмий-маданий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида илмий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, миллий университет таълим тизимини илғор илм-фан ютуқлари асосида такомиллаштириш, мамлакатимиздаги барча университетлар учун ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий масалалар юзасидан таянч ҳамда етакчи олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатишига эришиш, жаҳон андозаларига мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, фаннинг муҳим соҳалари бўйича янги илмий мактабларни шакллантириш ва улар фаолиятининг давомийлигини таъминлаш, ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан илм-фан ва олий таълим соҳасида ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш вазифалари ҳам белгиланган.

Айтиш жоиз, ўтган давр мобайнида мазкур вазифалар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан бу ўқув даргоҳининг юбилейи катта тантаналар билан нишонлангани тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қарийб бир аср мобайнида республикамиздаги ўнлаб университетлар ва институтлар мана шу олий таълим муассасаси заминида пайдо бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 май куни қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра ўз фаолиятини бошлаётган янги университет ҳам ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультети ва бошқа таълим муассасалари негизида вужудга келган.

Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети таркибида Биология, География ва геология, Журналистика, Ижтимоий фанлар, Иқтисодиёт, Кимё, Математика, Тарих, Физика, Хорижий филология факультетлари, 72 та кафедра ўз фаолиятларини давом эттиради. Уларда 37 йўналишда бакалаврлар ва 63 йўналишда мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрланади. Ёш тадқиқотчилар замон талабларига мос бўлган 25 та илмий лабораторияларда илмий тадқиқотларини давом эттирадилар.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази, Математика институти, Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази, қатор кафедралар қошида инновацион ҳамкорлик марказлари, ўқув-илмий комплекслар, 3 та академик лицей фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда.

Мазкур таълим муассасасида “Ўзбекистон Миллий университети” газетаси, “ЎзМУ хабарлари” илмий журнали чоп этилади. Шунингдек, университет Ахборот хизмати, Интернет тизимида www.nuu.uz портали, ҳар бир факультет веб-сайти, телестудия, радиостудия ва фотолабораториялар фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Миллий университети давлат таълим стандартларини, малака талаблари асосида ўқув режалари ва дастурларини яратиш ҳамда республикамиздаги қатор университетларга татбиқ қилишда таянч таълим муассасаси бўлиб келган.

Айни пайтда талабаларга 1160 дан зиёд профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқдалар. Уларнинг 8 нафари академик, 150 дан зиёди фан доктори ва профессор, 400 га яқини фан номзоди ва доцент даражасига эга эканлиги Ўзбекистон Миллий университетининг илмий салоҳияти нечоғлик юксаклигини кўрсатади.

Миллий университет халқаро андозаларга мос келадиган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватламоқда ва дунёдаги машҳур хорижий таълим марказлари ҳамда университетлар билан ҳамкорликни кенг кўламда ривожлантирмоқда. Сўнгги йилларда АҚШ, Япония, Австрия, Греция, Хитой, Польша, Жанубий Корея, Германия, Чехия, Англия, Малайзия, Швеция, Италия, Франция, Бельгия, Россия каби 30 дан ортиқ мамлакатлар университетлари ва илмий муассасалари билан алоқалар янада мустаҳкамланди.

Фанда илмий мактаб яратиш буюк аждодларимиздан мерос. Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳолардан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрли. Бу улуғвор анъана Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, ўтган йиллар мобайнида университетимиз олимлари томонидан яратилган 50 га яқин шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Улар бугунги техник тараққиётнинг ҳам пойдевори ҳисобланади.

Миллий университет кадрлар салоҳиятини бу қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан олимлардан ҳам билса бўлади. Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканидан етишиб чиққан атоқли олимлардан 106 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар. Олима аёллардан 120 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар.

Мустақиллик йилларида бу даргоҳда таълим-тарбия олаётган йигит-қизларнинг 30 дан ортиғи Президент стипендианти, 25 дан зиёди Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 дан зиёди Алишер Навоий номидаги стипендиялар соҳиби бўлганлар.

Ҳар йили ўнлаб иқтидорли талабалар “ЎзМУ стипендияси”га эга бўладилар. Шу билан бир қаторда университетимиз тарихида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган.

Университетда таҳсил олган зиёлилардан Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган университетимиз Ахборот ресурс марказида интернет тизимига уланган компьютерлар хизмати ташкил этилган. Кутубхона фонди 3 миллиондан ортиқ адабиётларга эга. Мустақиллик йилларида чоп этилган ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланиб, университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Бундан ташқари ҳар бир факультетда ўқув хоналари, кутубхоналар замон талабларига мос равишда жиҳозлантирилган.

Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Миллий университетимизга ҳамиша катта эътибор билан қарайдилар. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ўтган йиллар мобайнида бир неча бор ташриф буюрган давлатимиз раҳбари талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари ташаббускори ҳамда раҳнамоси бўлдилар. Зотан, бугун талабалар шаҳарчаси том маънода янгидан чирой очган. “Сув спорти саройи”, қатор спорт иншоотлари, бежирим бинолар қад ростлади. Талабалар турар-жойлари янгича замонавий қиёфа касб этиб, барча шароитлар муҳайё этилди. Шу ҳудудда қайтадан бунёд этилган равон йўллар-у йўлакларга туташ боғлар, хиёбонлар, турфа гуллар барчани ўзига мафтун этади.

Университет Маданият саройи – талабаларнинг севимли маскани! Бу ерда бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатаётган “Шоввозлар” театр студияси, Маънавият ва маърифат марказида “Ёш социологлар”, “Ёш журналистлар”, “Нотиқлар” клублари ёш иқтидор соҳибларининг маънан етук бўлиб камол топишларида ғоят муҳим ўрин тутмоқда.

Мамлакатимизда карвонбоши университет дея эътироф этилган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиш катта шараф. Ҳар йили бу даргоҳга қабул юксак савияда ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 май куни қабул қилинган “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорида, республика иқтисодиёти тармоқлари ва минтақаларида талаб этиладиган ихтисосликлар бўйича юқори малакали кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, олий таълим муассасаларига қабул қилишда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талаб-эҳтиёжларини, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларнинг мақсадли ўрта муддатли дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур Қарорда, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан қалин ҳамкорлик доирасида кенг кўламда иштирок этган ҳолда 2016/2017 ўқув йили бошлангунга қадар барча ўқув режалари ва дастурлари тубдан қайта ишлаб чиқилишини ниҳоясига етказиш, фанларни ўқитишнинг эскирган, умрини ўтаб бўлган ёндашув ва услубларидан батамом воз кечиш, бакалавриат ва магистратурада жаҳон фани ва илғор педагогик технологияларнинг замонавий ютуқларига асосланган янги ўқув режалари ва дастурларини жорий этиш, таълим жараёнида уларни амалга ошириш ҳамда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун биринчи навбатда фундаментал ва техник мутахассисликлар бўйича етакчи хорижий олимлар ва ўқитувчиларни жалб этиш вазифалари ҳам белгиланган. Бу вазифалар Ўзбекистон Миллий университетида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу йил Миллий университетимизга Она тили ва адабиёти (рус тили ва адабиёти ўзга тилли гуруҳларда), Хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили), Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими, Филология ва тилларни ўқитиш (инлиз, немис, француз, рус тиллари), Тарих (мамлакатлар ва минтақалар бўйича), Археология, Фалсафа, Математика, Амалий математика ва информатика, Биология (турлари бўйича), Физика, Механика, Астрономия, Кимё, География, Гидрометеорология, Геология, Геофизика, Тупроқшунослик, Гидрология (тармоқлар бўйича), Социология, Психология (фаолият турлари бўйича), Журналистика (фаолият турлари бўйича), Архившунослик, Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича), Кадрлар менежменти, Геодезия, картография ва кадастр (функциялари бўйича), Ахборот тизимларининг математик ва дастурий таъминоти, Информатика ва ахборот технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича), Ахборот хавфсизлиги (соҳалар бўйича), Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича), Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (тармоқлар ва соҳалар бўйича) каби 37 та йўналишга абитуриентлар қабул қилинади.

Энг истеъдодли ва иқтидорли йигит-қизларга Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлишдек бахтга эришишларида омад тилаб қоламиз.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>