СОВЧИЛАР (Ҳикоя)

_MG_1986Зайнаб буви доим:  «бирор эшикка киришдан аввал қайтиб чиқишни ўйланглар» дея насиҳат қиларди.  Ўша воқеанинг ҳам охири бахайр бўлиши учун «Мохов қишлоғи» ҳақида гапирганини қаёқдан билибмиз?

 

Бўлмаса, невараси Жўрақулнинг ҳоли не кечарди?..

Жўрақул менинг жондай жўрам. У институтда «юрган» ҳисорлик қиздан бошқасига уйланмайман деб туриб олганидан хабарим бор. Бувиси эса оқ фотиҳа бериш ўрнига оёқ тирармиш:

– Санга кўз остимга олиб қўйганим бор, девдим-ку?! Нега бевошлик қилдинг,– деб койиганини ўз қулоғим билан эшитдим.

Гапни яхшиликка буриш ниятида атай орага тушдим:

– Жўрамнинг севгисини бевошликка йўйманг-да, бувижон! Нима, ёшликда ўзингиз…

Бувимиз уҳ тортди. Тиришган пешонаси баттар тиришиб ўйга чўмди. Сўнг, маҳзун оҳангда сўзлади:

– У замон бошқа эди. Чимилдиққа кирмагунча жуфтим кимлигини ҳам билмагандим…

– Ҳозир замон бошқача,– дедим билағонлик қилиб.– Ёшлар севишиб турмуш қуришни истайди. Европада баъзилар тўйдан аввал ҳатто…

Гапимнинг адоғигача эшитмай бувимиз жеркиб ташлади:

– Унақа башшаранг қурғурларни гапирма!..

Қош қўяман, деб кўз чиқарганимни англаб, муросага ўтдим:

– Жўрам ҳам шунақа қилсин, демоқчи эмасман. Униям тўғри тушуниш керак! Юраги муҳаббат оташида ёняпти.

– Ўйлаб кўр,– деди бувимиз муддаога ўтиб.– Чимён қаттаю Ҳисор қатта? Автобус азон кетса, хуфтонда етармиш…

Бу гапига жавобан пойгакда бўзариб ўтирган жўрамнинг қулоғимга шипшиганларини тўтидек такрорладим:

– Севги масофа танламас, ахир «Ўтган кунлар» асарида марғилонлик Кумуш ҳам Тошкентга…

– Тилимни қичитма!– Тутақиб кетди бувимиз. Сўнг, ўзича тўкиб солди.– Уям ўз маҳалласидан тенггини топганида буйтиб жувонмарг бўлмасмиди! Бир оилани гуллатармиди! Ували-жували, қартайганида мандек буви бўлармиди! Эл қатори яшармиди! Шўрлик Кумушбиби ҳам эрини чимилдиқда кўради. Хўп, у суйганига текканига суюнади. Иннайкейинчи? Шуям бахт бўлдими? Кўргани кулфатдан бошқа нарса бўлмади-ку?! Хўш, боёқишни шу кўйга солган ким? Ота-онасининг кўзи қаёқда эди? Барака топгур, қизимиз қатга келин бўлади, тоғ оша кетиб бахт топармикин, қуда бўлмиш розими, демайдими? Биров «ҳа!» деса, ма, деб қизини беш бегонага бераверадими?

Кулгини қистайдиган гапларга ўзимча жўяли жавоб қайтаргим келди:

– Уларнинг сиздек доно бувиси бўлмаган-да…

Узун симлар билан нимадир тўқиётган кампир қўлидагини кўрпачага ташлади. Кўзойнагини олиб, узун енги билан пешонасини артди. Пойгакда мум тишлаб ўтирган неварасига маъноли қараб қўйгач, қизим сенга айтаман, келин сен эшит, қабилида гўё менга тушунтира бошлади:

– Ҳаётнинг тошу тарозиси бор. Ўшақдан келадиган келинга қанчалик жавр бўлишини тушунмайсилар-да. Ахир, боёқиш оғироёқ бўлмайдими? Кўзи ёримайдими? Иссиқ жони иситма қилса, ота-онаси етиб келоладими? Зарил пайти у ота-онасини кўргани бороладими? Товба, ёшлар ҳам ўйла-аб севишса бўлмасмикин! Иннайкейин, юртнинг у бошидан бу бошига қизини индамай берадиганлар бормикин?

Кўпни кўрган кампир ҳаётни ўз ўз қаричи билан ўлчаб сўзлаётган эди.

Қалбида ишқ оташи аланга олган ошиқ – Жўрақулнинг қулоқлари эса том битган… Ер чизганча оқ фотиҳа кутарди, вассалом.

Ҳаёт шундай ғаройибки, ҳақиқат деб билганинг гоҳо эртакка айланиб қоларкан. Эртаклар эса ҳақиқатга айланиши ҳеч гапмас. Ҳаёт гоҳо бизни эрмак қилаётганга ўхшайди. Ҳозир Жўрақул билан ўша қиз эртакдаги ошиқ-маъшуқалар, камина эса уларнинг бошлари қовушиши йўлида ҳамма нарсага шай турган паҳламонга ўхшардик. Хуллас, гапни айлантирдим:

– Болалигимизда айтиб берган матал ёдингиздами? Ботир йигит сеҳрли кўзгуда кўринган соҳибжамолни етти иқлимдан учар гиламда олиб келибди. Хўш, неварангизнинг ундан қаери кам? Ёрини етти вилоят оша самолётда олиб келса, эртак ҳақиқатга айлангани шу эмасми! Иннайкейин, қудалар билан борди-келди қилар бўлсангиз, Тошкент билан Сариосиё ораси самолёт учун бир қадам-ку!

Бувимиз яхши ниятда гапимни маъқуллади:

– Худо хоҳласа!..

«Инжиқ» бувимиздан шу гап чиққани ҳамоно ғолибларча қўлни фотиҳага кўтардим:

– Қани, илоҳи омин!..

У дуога қўл очаркан, серажин пешонасини яна тириштириб сўради:

– Майли, майли. Омин, дейишдан бурун қартайган кампирнинг бир гапини эшитасиларми?

Оғзи қулоғига етган Жўрақул жўрам ҳовлиқиб жавоб қайтарди:

– Бажонидил!!

– Тўридан гўри яқин кампир бир балони билмаса гапирмайди. Ўша томонларда «Мохов» деган қишлоқ боракан. Суриштириб кўринглар, келин бўлмиш мабодо шуларга хеш чиқса, эсларинг борида этакни йиғиштириб қайтинглар…

Шу он қулоғим тагида телба товуш шивирлади:

– Ҳали «Мохов»га ошно бўлиб қолсак-а…

– Чуш-ш-ш.– Пашша ҳайдагандек елкам билан унинг тумшуғига туртиб қўйганча кўнглимга келган гапни айтдим.– Фаришта омин деб юбормасин…

Бисмилло, деб ўрнимиздан турдик.

Бувимизнинг ризолиги тўйга тайёргарлик бошланганидан нишона эди. Бу нишона жўрамнинг умид куртакларини барг ёздирди. Ҳа демай олис Сурхондарё томон йўлга отланамиз!..

 

Совчиликка ўзим бораман, деб лоф урган тоғаси жўрамнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юргани ошкор бўлди. Бувимиз рози бўлганини эшитиб, аввал қути учди. Сўнг, у билан аввалроқ бошқача «келишгани»ни билдириб қўйди:

– Опам рози бўлмаслиги керак эди-ку?!

– Нага ундай дейсиз?..– Бўйин томири бўртиб сўради жўрам.– Ўзийиз, бувинг рози – худо рози, девдийиз-ку?..

Тағин дилхиралик бўлмасин деб орага тушдим:

– Бувижонимиз замонавий ёшларни тўғри тушундилар!..

Тоғаси уҳ тортиб, дашном берди:

– Бечоранинг бошини хўб айлантирибсилар-да, а?! Ахир, ўзи келин топганди-ку! Мусаллам хола билан гаплашиб қўйган! Невараси кўҳликкина! Билла ўқигансилар, шекилли. Баракалла! Ўшанга уйланавермайсанми! Аҳ, ўғлим бўлганида ўзимиздан ортмасди-я… Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши, деган гапни эшитгансан! Жавзонинг жазирамасида ўшаққа бориб-келиш ўзи бўладими?– У Жўрақулнинг елкасига қоқиб қўяркан, ўзича «ўйин»дан чиқишга ҳаракат қилди.– Узоқ йўлга ярамайман, жиян, ўрнимга Лола кеннойинг бора қолсин.

Тоғаси тўнини тескари кийгач, амакиси ҳам бўзарди. Аслида ўзи «жон куйдирмасанг, жонона қайда!» дея хўб гиж-гижлаган эди. Энди оғзига нос солиб, соқовланди:

– Тоғамиз бормаган жойга оёғим тортмайди. Ўннимга Махфират кеннойингни юбораман. Келишдикми?

У, қойил қилдимми, дегандек кўз қисиб қўйди.

Демак, улар иш чиппакка чиқишига ишонган. Бувиси оёқ тираса, невараси қайга борарди, деб ўйлашган…

Бу гаплардан хабар топган Зайнаб буви ғазаб отига минди. Ўз ибораси билан айтганда икковини ҳам «ер билан битта» қилди:

– Раҳматли Жаниқул тирик бўлганида санларга ялинадиган ахмоқ йўғиди. Нима жин урди, Пирмат? Ваъданг эсдан чиқдими? Садқаи тоға кет-е! Абдуллани-ку айтмасаям бўлади. Ўргимлид сандақа тоғаю амакидан.– У гапни чўрт кесди.– Қани, шу боланинг тўйига хизмат қилмай кўринглар-чи…

Қуюндек бош кўтара бошлаган ғалванинг олди олинмаса оқибати ёмон бўлишига кўзи етган Пирмат тоға муросаи мадора учун дарров бувимизнинг ёнига чўкди:

– Шунгаям ота гўри – қозихонами, опа? Жиянга тегишдик. Ҳа-ҳа, ҳазиллашдик. Ўзимиздан бўлак ким борарди совчиликка!..

Шамол эсишига қараб турланадиган Абдулла амаки ҳам ўзига келди. Бош ирғаб, маъқулларкан, жўрамнинг елкасига туртиб қўйди:

– Йигит сўзидан қайтмадими, изидан қайтмас арслондек борганимиз бўлсин! Келинни қопда бўлсаям олиб келамиз! Ҳи-ҳи-ҳи…

Кулдириш учун айтган гапига ўзидан бошқалар тишининг оқини ҳам кўрсатмади. Энсаси қотган бувимиз хавотирга тушди:

– Ишқилиб, қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйма… Қани, омин, ҳамма ўйлаган ниятига етсин, ёшлар бахтли бўлишсин…

Жўрамнинг қувончига шерик бўлиб, тўй тараддудини кўра бошладик.

 

Тоғамиз тўғри айтган экан; қуда бўлмишнинг уйи яқин бўлса, йўлни ўйламасдик. Юртимизнинг бу бошидан у бошига бориб-келиш ўзи бўлмас. Борганга яраша, биратўла унаштириб, фотиҳа тўйини ўтказиб, никоҳ кунини ҳам белгилаб келадиган бўлдик. Сўнг, келинни учар гиламдек самолётда олиб келишни маслаҳатлашиб олдик.

Сурхондарёда қалинли қиз – қадрли қиз, деган мақолга амал қилишлари ҳақида эшитгандик. Демак қалинни «қалинроқ» қилиш зарур. Тўйга икки қоп гуруч, шунга яраша сабзи, пиёз олдик. Бир бочка ёғ ҳам эсдан чиқмади. Тошкент бозорларидан ширинликлар, майда-чуйда, йўл-йўлакай Самарқанддан «Бахт нони» оладиган бўлдик.

Пирмат тоға чўзиб сўради:

– Хў-ўш, гўштни қандоқ қиламиз?

Абдулла амакининг луқмаси қизиқ бўлди:

– Жазирамада одам ҳидланиб қоляпти-ю, гўшт чидармиди?

Ниманингдир ҳидини сезгандек жўрам бурнини жийирди.

Ақлли гап бувимиздан чиқди:

– Сувни кўрмай этикни ечманглар! Аввал бориб гаплашийлар. Иш пишгандан сўнг ўшақда ҳисори қўйлар мўл бўлса керак!..

Пирмат тоға, маъқул, дегандек бош ирғаб қўя қолди.

Абдулла амаки бунга ҳам ўзича қизиқчилик қилиб қайсидир фильмдаги гапни такрорлади:

– Келинпошша, ўнта қўй нима бўлади, деб туриб олса-я!..

Тўйга атаганларимиз ортилган «Отайўл» автоулови савдогарларнинг автобусига ўхшаб қолди. Ўзларига маъқул ўриндиқларга тоға, амаки ва тоғора кўтарган хотинлари жойлашдилар. Жўрам икковмиз ҳайдовчи ёнига ўрнашдик. Баҳайбат Чимён тоғларининг чўққиларига ёруғлик эна бошлаган маҳалда йўлга тушдик!..

Сирдарё кўпригидан ўтгач, Махфират янга чўзиб сўради:

– Етай дедикми-и, қайним? Чошгоҳгача юрибмиз-а…

Унга жавобан эри «пиқ» этиб кулди-да, пичинг қилди:

– Йўл энди бошланди-ку! Кечгача етсак ҳам жон де!

– Йўғ-е?– Қоши чимирилди аёлининг.– Мунча узоқ бўлмаса?!

– Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидан нарида жойлашган Сурхондарё деган жой!

– Вой шўри-им…

Амаки луқма ташлади:

– Сурхондарёнинг ҳам нариги бошидан топасиз бўлажак овсинчангиз!

Сўнгги гап жўрамга мойдек ёқди-ёв. Маъшуқасининг «овсинлари» «қатори»да саналгани умид куртакларини барқ урдириб юборди чамаси…

Лола янга уйқули кўзларини ишқалаб, минғирлади:

– Хайрият, тоққа етибмиз. Ҳисор тоғлари шуми?

– Йўқ, бу Жиззах тоғлари.– Тушунтирди тоға.– Анов қоялар оралиғи «Амир Темур дарвозаси» дейилади. Бир замонлар Самарқанд пойтахт бўлган пайтда унинг катта дарвозаси шу жой ҳисобланган!..

Ҳайратга тушган хотинлар бўйинларини ойна томон чўзиб-чўзиб қарай бошладилар.

Амаки ўзича кулги қилди:

– Жўрақулга раҳмат денглар, ўшақдан қайлиқ топмаганида бўтларни қачон кўрардийлар?..

Бу мавзу тугамай тоға яна янги гап топди:

– Дарёларимиз қибла томон оқишини эшитгансилар-а? Сангзор эса тескари оқаркан. Қаранглар!..

Хотинлар энди дарё томон бўйинларини чўздилар.

Тоқати тоқ бўлган Махфират янга уф-ф тортиб, зарда қилди:

– Панароқ жойга тўхтатинг. Шамоллаб олайлик…

 

Тоғлар, Бахмал адирлари ортда қолди. «Отайўл»имиз анча юргач, тоға ҳамманинг уйқусини қочирди. У тамоғини қириб олгач, қийқириб юборди:

– Ана, Самарқанд сайқали!

– Йўғ-е,– дедим жўрттага.

– Худди ўзи!– Таъкидлади у.– Бир ҳофиз «Улуғбекни кўриб қайтаман» деб анов ҳайкал ҳақида ёзган. Ҳув гумбазли бино Бибихоним мадрасаси. Уни Темур бобомнинг суюкли хотини қурдирган.

Автобус нон сотувчилар олдида тўхтаганида қизиқ ҳодиса юз берди. Очарчилик пайти одамлар нони борга қандоқ ёпишган бўлса, бу ерда акси – нон сотувчилар сал бўлмаса устингизга чиқиб кетаёзди! Бири-биридан чиройли ширмой нонларни қўлимизга тутқазишаётган қиз-жувонларнинг ажиб такаллуфидан сармаст бўлардик. Ипакдек майин оҳангда бири-бирига гал бермайди:

– Ако, маники иссиққина!

– Муни ушлаб кўринг.

– Еганингизга гап йўқ!..

– Айтинг, нечта берай?..

Завқим келиб, тожик тилида билганимча сўрадим:

– Духтарам, инжабиё! Обинон чанд пул?..

Саволимга қайтарилган гўзал жавобларни тушунмай анграйиб қолсам, денг. Шу пайтгача қонимиз қоришиб кетган қардошларимнинг тилини ўрганмаганимга афсусланиб кетдим…

Нонини кўз-кўз қилаётган жувоннинг ўзи ҳижолатдан қутқарди. Ўзбек тилида бийронгина тушунтирди:

– Меҳмонларга арзон бўлади, деяпман!..

Абдулла амаки ҳам ҳангомадан четда қолмади:

– Шакаргуфтор бибим,– деди у ҳам бирини боғдан, бирини тоғдан қилиб.– Биз тўйга атаб олмоқчимиз!..

Жувон савати билан тутқазди:

– Бош устига! Марҳамат, ҳаммасини олинг!..

Тўйга юзта нон олишни мўлжал қилгандик. Ширинсухан гапларга ийиб кетиб уч баробар кўп олганимизни сезмай қолдик. Автобусимиз нон бўйига тўлди!

 

Кўҳна шаҳар ортда қолгач, бийдек дала бошланди. Қир-адирлар адоғида улкан деворга ўхшаб кўринаётган тоғ томонга ишора қилганча тоғамиз тушунтирди:

– Ана, ҳазрати Довуд ғори! Сулаймон пайғамбарнинг отаси паноҳ топган жой. Бу ер ҳозир зиёратгоҳ! Пастликдаги сой бўйида Нарзиқул бобонинг чойхонаси бор. Бир гал келганимизда у ғаройиб гапларни айтиб берган. Ўша ғорда Довуд пайғамбарнинг бармоқ излари қолганмиш. Ким унга бармоқларини босиб, бирор тилак айтса, ижобат бўлар эмиш…

– Биз ҳам зиёрат қилайлик!– Таклиф қилди Жўрақул.

Амакиси шу гапни ҳам кулгига айлантирмоқчи бўлди:

– А-ҳа, суйганимга тезроқ еткиз, демоқчимисан, а!

Унга жавобан жўрам ясама тиржайиб қўйди.

Бу телба ошиқнинг кўнглини ҳамма ўзича уққанди!

Оқтоғ тепасидаги ўша зиёратгоҳга чиқадиган бўлдик.

Қайсидир барака топгур қурдирган бир минг уч юзу уч зинадан бирин-кетин юқорилай бошладик. Тоғ тепаси ажиб манзара кашф этаркан. Ниҳоят манзилга етдик Ўша афсонавий ғорга бўри уясидек тешикдан кириларкан. Бирин-кетин сирғалиб ичкарига кира бошладик. Махфират янгамизнинг семизлиги панд берди; эрини ҳам қора терга ботирди…

Ғор ичи ажабтовур «эски сарой»га ўхшаркан. Деворларида чиндан тарам-тарам «бармоқ» излари! Ҳаммамиз шоша-пиша унга бармоқ босдик. Азага борган хотин дардини айтиб йиғлагани каби Махфират янгамиз эшиттириб илтижо қиларди:

– Эй худо, эрим токайгача «зам» бўлади? Тезроқ раис бўлиб, машинада юрсин!..

Шу пайт Абдулла амаки унинг биқинига туртди:

– Бўтта унақа гаплар айтилмайди…

– Худодан тилагим шу!– Минғирлади хотини.– Раис бўлсангиз рўзғоргаям барака кирарди!..

Лола янганинг афти-ангори ғалати кўринди. Чамаси, у ўғил тиларди… Эри ҳам бошқа нимани ўйларди…

Жўрам «ўлдим-куйдим» қилмади. Негадир «Моховга ошно қилма» дегани эшитилди, холос…

 

Зиёратгоҳларни ҳам ортда қолдирган «Отайўл» Қашқадарё даштлари узра саман отдек борарди. Тандир ҳовуридек жазирамада силласи қуриган хотинлардан бири энтикиб сўради:

– Етай дедикми, а?

Атрофга аланг-жаланг қараётган тоға тахминини айтди:

– Шу тоғнинг нариёғи Сурхондарёга туташиб кетса керак!

Ҳаммамиз жўровозда ҳайқирдик:

– Худога шукур-ей!..

Шукронани вақтлироқ айтган эканмиз; вилоятнинг нариги чеккасида жойлашган Ҳисоб тоғлари этагига етгунча бўларимиз бўлди. Жўрамнинг маъшуқаси кутаётган манзилга етганимизда қош қорая бошлаган эди…

Чоғроқ қишлоққа кираверишдаги илон изига ўхшаш кўчани тўлдириб келаётган қўйларни кўриб тоғанинг тантилиги тутди. Автобусни тўхтатиб, битта қўйни чўпон билан савдолашди. Арзон келишди, шекилли, қувончини яширмади:

– Пулни Тошкандан топ-у, қўйни Сурхондарёдан ол экан-да!

Думбаси нақ телевизордек келадиган қўйнинг бўйнига арқон солиб, автобусга ортдик. Отар ортидан имиллаб борарканмиз, жўрам аланг-жаланг қиларди. Муюлишда пастак том кўрингани ҳамоно ҳайқириб юборди:

– Ана Мунисаларнинг уйи!!

 

Хонадон соҳиблари кимлигимизни суриштириб ўтирмасдан самимий кутиб олганларини ўзимизча «иш битгани»га йўйдик. Худди эртага келинни олиб кетишимиз тайиндек кўнглимиз тўқ. Турқи бир хил одамларнинг гапи ҳам ўхшаш бўларкан; амакимизга келбати келадиган киши автобусдан туширилаётган нарсаларни кўриб, ўзича кулги қилди:

– Меҳмон келса эшикдан, ризқи келар тешикдан, деганлари шу экан-да. Осмондан чалпак жовдими, дейман-ов.

Тоғамизга ўхшашроқ киши вазмин муомала қилди. Билсак, Боли деган бўлажак қудамиз, яъни, Мунисанинг отаси экан!..

Узун-узун беқасам камзул кийган хотинлар меҳмон аёллар билан ачом-ачом қилиб кўришарди. Махфират янга илтифотлардан ийиб кетганча шундай деди:

– Қайним қайлиқ танлашда адашмаган кўринади!

Абдулла амаки хотинининг гапига қўшимча қилди:

– Юлдузимиз тўғри келмаса, худо қўллармиди!

Бу гапларга мезбонлар эътибор беришмади. Дастурхон бошида эса ҳангома жиддийроқ тус олди. Муддаомизни эшитгач, хонадон соҳиби бош чайқади:

– Жақинроқ бўлганларингизда гап жўғиди… Ҳисор қайда-ю Чимён қайда?– Ўзи билмаган ҳолда юзлаб чақирим нарида қолган бувимизнинг гапларини такрорларди у.– Хай энди ёшлар билла журган бўлса жургандир. Шундаям, қадамини билиб босган. Тувриликча журмаган бўлса калласини ўзим жулиб ташлайман! Ҳайла, энасидан сўранг, қизинг оёғини қийшиқ босса, ўқиш-пўқишга бормайди, девдим. Туврими, Шаҳринисо?

Қудағай бўлмиш эрининг гапини бош ирғаб тасдиқлади. Чурқ этишга, чамаси, юраги дов бермасди.

Бу қадар кескин муомаладан кейин қизнинг ўзидан ҳам сўрайлик-чи, дейишга ҳеч ким журъат этмади…

Тарвузи қўлтиғидан тушган тоғамиз амакига қарарди. У эса шу тобда «айтмабмидим, айтмабмидим»лаб менга ўқраярди.

Зайнаб бувини «лол қолдирган» гапларим бу ерда ўтмасди…

Бўлажак куёв ўзича уялибгина том орқасига яширинганди. Бир маҳал нимқоронғи айвонда гезариб-бўзарганча имлайверди. Ҳайрон бўлиб борсам, маъшуқаси билан бақамти туришибди!

Сўнгги илинж билан сўрадим:

– Ниҳоят, эртаклардагидек топишдингларми!

Жўрамнинг жавоби томдан тараша тушгандек бўлди:

– Бу ёғи ҳам асли «эртак» бўлган экан…

– Тушунмадим?

Бу гал Мунисахон мулойимлик билан тушунтирди:

– Жўрангизнинг севгисига «йўқ» демасам-да, «ҳа»ям демовдим. Аввал Муҳаррамга, ўша Мусаллам бувининг неварасига севги изҳор қилганидан бохабар эдим. Қайси қиз дарров кўнарди? У ҳам ноз қилган. Жўрангиз кейин менга «қармоқ» ташлади. Дугонам билан келишиб, бевафо ошиққа «ўйин» кўрсатгимиз келди. «Ака-сингил киришайлик» девди, рози бўлдим. «Ака» сифатида уйимга кузатиб келса, қаршилик кўрсатмадим. Ҳатто, жўнгина «севаман» деганини ҳам дўстликка йўйдим. Ахир, севги ўйинчоқ эмас-ку!– Қиз Жўрақулнинг қўлидан оҳиста тутганча уни ўзига қаратди.– Ҳақиқий севгига мушарраф бўлган инсон бахтли бўларкан. Дугонамга – илк севгингизга содиқ қолинг. У ҳам сизга кўнгил қўйган! Бахтингиз ўз қишлоғингизда кутяпти!..

Жўрамнинг тили зўр-базўр ғўлдиради:

– А-ахир, с-сиз б-билан…

Қиз қаҳ-қаҳа урди:

– Ҳаммаси самимий бўлган! Қўл ушлашиб журганларимиз ҳам дўстона эди! Йигит билан қиз билла жургани турмуш қурди, дегани эмас! Китобда ёзганидек, бу – олтин ёшлик! Маданият институтида ўқиганга яраша маданиятли бўлайлик, девдим-да!..

– Э-энди…

– Мен ҳам севганимга унаштирилганман! Тўйга албатта Муҳаррамхон билан келинг! Келасизлар-а?..

Бошқа гапга ҳожат қолмади…

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Азонда яна йўл тараддудини кўра бошладик.

Тўйга атаб олиб келганларимизни кеча ҳеч кимдан сўрамай айвонга тушургандик. Энди қайтариб кетамизми, ё…

Бу «муаммо»ни мезбонлар ҳал этишибди, шекилли, ўзлари юкларни автобусга орта бошладилар. Тоғамиз тағин тантилик қилди. Қўлини кўтарганча ҳай-ҳайлади:

– Буларни қайтариб кетиш йўқ,– деди дангал.– Сандиқ келинга аталганди, майли, уни ҳақиқий эгасини топганда берамиз… Ҳисори қўй ҳам биз учун ҳавасак. Қолгани Тошкентдан сизларга совға!

Мезбонлар қанча зўрлашмасин, тоға оёқ тираб олди.

Амакига ўхшаган мезбон ўзича мулозамат қилди:

– Хай, адрес алмашдик-ку, жўлимиз тушса, биз ҳам шуйтиб тўлиб-тошиб борармиз!.. Туғишгандан тутинган, дегандақа оғайни бўлайиқ…

Ҳеч ким иддао қилмади. Қандоқ кутиб олинган бўлсак, шундоқ хайр-хўшлашдик.

Ҳисорнинг қизини бўлмаса-да, қўйини олиб қайтдик.

«Отайўл» катта йўлга чиққанида эса Абдулла амаки қўлини менга бигиз қилганча тўнғиллади:

– Ҳамма оворагарчиликка шу Ўткир ўртоғи айбдор! Китобий севгилар ҳақида гапиравериб, ўртоғининг миясини айнитган…

Унга ҳеч нарса демадим. Бошқалар ҳам чурқ этмади.

Дилимни оғритгани учун ўзининг ҳам дили оғримай қолмади. Оқтоғдан ўтганда Махфират янга биқинини чангаллади. Самарқандгача зўрға чидади. Шифохонага олиб киришаётганида шу гап қулоғимга чалинди: «дўхтир кўричак, деди, кеча ғорда бойлик ўрнига соғлиқ тиласанг бўлмасмиди…»

Уни хотинининг ёнида қолдиришга мажбур бўлдик…

Тоға битта мақолни ўрнида айтди:

– Йўл азоби – гўр азоби, деганлари шу-да…

 

Автобус Чимёнга яқинлашган сари жўрам безовталана бошлади. Нажот излаётгандек пичирлаб сўради:

– Бувимга нима деймиз?

Ортиқча ўйланмай жавоб бердим:

– Ўша «Мохов» деган қишлоқдан экан, деб қўя қоламиз…

 

Жўрақулнинг пешонасига Муҳаррам «ёзилгани» чин экан-да. Бувиси совчилар пойига поёндоз тўшаб кутиб олганмиш!

Тўй ўтгач, Зайнаб бувидан ўсмоқчилаб сўрадим:

– Олис Сурхондарёда «Мохов» деган қишлоқ борлигини қаёқдан билар эдингиз?

Кампир ғолибона кула бошлади. Ойнагини олиб, ёшланган кўзларини арта-арта жавоб қайтарди:

– Унақа қишлоқ бўлмаса керак! Гапнинг рости – эшитмаганман.

– Йўғ-е!– Капалагим учиб кетди.– У ҳолда нега…

Саволимни охиригача эшитмаса-да нима демоқчи эканимни фаҳмлаган Зайнаб буви салмоқ билан жавоб берди:

– Ўшанда сизларни бу йўлдан қайтариб бўлмасди. Мабодо ишларинг битмай қолса, беҳижолат қайтишларинг учун атай «дарича» очиб қўйгандим. Чиндан ҳам «моховга ошно» бўлманглар, девдим… Ёдингда бўлсин, ҳаётда бирор эшикка киришдан аввал қайтиб чиқишни ўйлаш керак…

 

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

15 Responses

  1. ajoyib sovchilik haqida ma’lumot oldim.Yana boshqa millatlarning sovchilik faoliyati haqida yozilsa yaxshi bo’lardi.

  2. Бекзодбек, сиз ҳикояни ўқимасдан шунчаки «фикрнома» ёзибсиз. Чунки, бу совчилик ҳақида маълумот берадиган мақола эмас. Уни анча йиллар илгари «Адолат» газетасида ўқиганман. Маҳкам Маҳмудов деган таниқли ёзувчининг сўзбошиси билан чиққанди янглишмасам. Совчилик асносида одамларнинг маънавий олами бадиий бўёқларда очиб берилган бадиий асар бу. Эътибор билан ўқиб чиқсангиз, қандай янги фикрлар пайдо бўлганини бошқатдан ёзарсиз.
    Тўлқин Эшбекка фикримиз шуки, янги ҳикоя ёзмай қўйганми?

  3. juda qiziqarli ekan. Mahorat bilan yozilganligi ko`rinib turibdi. Ustoz katta rahmat, ijoddan hech qachon charchamang

  4. Яхши ҳикоя, сен қидирганинг, яқингда, уни узоқдан қидирма деганлари шу!

  5. To’g’ri aytasiz Ulug’bek.Bekzod erinmasdan o’qib chiqishingizni maslahat berardim.

  6. Juda qiziqarli hikoya ekan! Bunaqasini birinchi marta o’qishim.

  7. Ҳар доимгидек талабаларингизни лол қолдирдиз устоз. Ижодингизга омад!

  8. Zuhraxon,yuqoridagi materialni maqola deganim yo’q.Keyin men bundan o’zimga kerakli ma’lumotlarni oldim.Siz buni oldin «Adolat»da ko’rib o’qiganingiz yaxshi.Lekin men buni birinchi marotaba shu saytda ko’rib turibman.O’zimga kerakli fikrlarni olib o’zimning fikrimni qoldirdim.Bu mening shaxsiy fikrim.Endi sizni bilmadim.Yuqorida berilgan hikoyani to’liq o’qib chiqib,fikrimni qoldirganman.O’zimga olganimni to’liq yozishim shartmasdur!!!

  9. Hikoya menga yoqdi.Ustoz sizga ming bora tashakkur.

  10. Zeh:

    o’qib maza qildim.

  11. Muhabbat oliy tuyg’u uni tushunish ham kerak.

  12. Qiziqarli hikoya. Ijodingizga ko‘pdan ko‘p baraka!

  13. Домла, ўзиз ҳам кимларгадир совчи бўлганмисиз? Бу ҳикоя ҳаётдан олинганми?

  14. Mahfurat Jumanova:

    Sovchi bõlish — hayrli is.

  15. Mahfurat Jumanova:

    Ish

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>