“Сопи” ўзидан чиққан ҳақиқат

Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди, деган мақол яна бир бора ўз исботини топди ниҳоят!

Биз билган журналист Исмат Хушевнинг ҳар нарсага етган ақли наҳот Ш.У. билан “муносабат”да оқсаяпти, деб ҳайрон қолардик.

У қачондир Ш.У.га шунчалик алданиб юрганини билгач, ўша лўттивознинг кўзини мошдек очиб қўйишига ҳам ишонардик. Мана, ўйлаганимиздек бўлибди.

Ҳаёт ҳақиқатан ҳам қизиқ. Турфа давраларда исталган таниқли ижодкор ҳақида сўз очиб кўринг, ғалати ҳолга дуч келасиз. Биттаси мақтаса, уни бештаси маъқуллайди, аммо, барибир битта-яримта ёмонлайдиган чиқади. Униям икки-учтаси маъқуллаб туради.

Бирор даврада ёмонотлиқ бўлмаган ва табиийки, ҳавас қилса, ибрат қилиб кўрсатса арзигулик замондошларимиз ҳам кам эмас.

Исмат Хушев ўзига ҳамкор танлашда жуда-жуда адашганини ҳамма билиб юрарди. Энди, қайсики даврада оти тилга олингани ҳамоно ҳамманинг нафрати қўзийдиган, жайдарича айтганда – кўпчиликнинг лаънатига учраган кимса билан ҳам ошно бўладими одам? Ш.У. бир пайтлар бир мақоласи билан республика раҳбарларининг назарига тушиб қолиб, Марказқўмга ишга қабул қилинибди. Бу даргоҳдагилар унинг кимлигини билишгач, “бошқа ишга” ўтказиб, қутулишган экан. Шу тариқа у билан “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон овози” газета радекцияларида бирга ишлаганлар фақат нафрат билан эслайдилар. Ориятли журналистлар ҳатто унинг номини эшитишни ҳам истамайди. Энг оғзи шалоқларча ҳамма ходимларни “энангди…”лаб сўкадиган бу тутуриқсизни “Ўзбекистон овози”да Дилмурод Қирғизбоев деган чапани журналист боплаган экан: “Шунча эркакнинг энасига сани кучинг етмайди, бироқ, бу эркаклар ўзингнинг энангни дабдала қилиб ташлаши мумкинлигини биласанми?” Жанжал ХДП марказқўмигача етиб боргач, у ерда кураторлар Собир Қурбонов ва Олимжон Назаровлар келиб, жанжални бости-бости қилиб кетишган экан.

Иғвогарликда учига чиққан Ш.У. раҳматли ака-ука Шоғуломовларни ёмонотлиқ қилиб устиларидан қанча хат уюштирганини “ўша ишга аралашиб қолган” Т.Тошев, Ш.Жабборов, М.Соатов, А.Жўраев ва бошқа журналистлар жуда яхши эслайдилар.

Бугун кўплаб ёши улуғ, устоз қаламкашлар ўзларининг бетакрор ижоди билан ватанпарвар, халқпарварлигини кўрсатиб келишмоқда. Улар ҳеч қачон она Ватанга хиёнат қилмаганлар. Ўз юртининг муаммоларини ўзлари эли, халқи билан бирга ҳал этишга интиладилар. Ш.У. бу ижодкорларнинг бирортасига тенглаша олмайди. Кап-катта ёши билан Ш.У. фақат бузғунчиликдан бошқасига ярамади.

Бирор яхши ишга ярамаган, умрида бировга яхшилик қилмаган бу банда уялмай-нетмай хорижий каналлар орқали Ўзбекистонга тош отишни ўзича “қаҳрамонлик” деб билди. Дунёнинг у бошида юрган журналист Исмат Хушевга “гап етказиб”, пировардида, уни ёмонотлиқ қилиб, йиллар мобайнида сувни лойқалатгани ниҳоят ошкор бўлди.

Фақат, шунча кўнгил шишаларининг сингани қолди…

Ҳаётда ҳеч бир қинғирлик жавобсиз қолмас экан. Ш.У.нинг асл башарасини билган Исмат Хушев ҳам аччиқ ҳақиқатни очиқ тан олиб, Ш.У. кирдикорларининг бир қисмини фош этибди. Пайти келиб, қолганларини ҳам ошкор этишини алоҳида таъкидлабди. У шу мавзуда холис ҳамкасбларидан интервью олса, фельетонининг давоми яна юз чандон қизиқ чиқиши шубҳасиздир. (Эҳтимол, ориятли сиймолар Ш.У. ҳақида гапиришга ҳам ор қилишар… Барибир, у ҳақдаги бор ҳақиқатни билишдан осони йўқ. Негаки, ойни этак билан ёпиб бўлмайди).

Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган сабр-бардошли ижодкорлар, Ш.У.нинг қинғир гап-сўзларидан жавр кўрган юзлаб зиёлилар бу борадаги ҳақиқат чинакам қарор топиши учун “сопи” ўзидан чиқишини кутгандилар. Ниҳоят, кутилган ҳақиқат ярқ этиб юзага чиқди. Чаённинг заҳрини ортиқча кўтара олмаган Исмат Хушев Ш.У.ни аёвсиз фош этиб ташлади ва бир қадар ўз эли, кўнгил шишаси завол кўрган замондошлари олдида юзи ёруғ бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Толмас ТОШ

 i

“Олий раҳбариятдаги хоинлар” туркумидан – Шароф Убайдуллаев


 

Мен бугунги суҳбатимиз мавзусини кўп ўйладим. Анчагача вазиятни кузатиб, таҳлил этиб бордим. Охири бу киши ҳақида гапириш керак, деган қарорга келдим. Чунки индамасам, у ҳали одамларни кўп чалғитиши мумкин.

Гап Ўзбекистонда яшаб, Ўзбекистон нонини еб, сувини ичиб, ношукурлик қилиб келаётган, умрида бирон бир одамга ёки юртига нима яхшилик қилганини эслаш қийин бўлган Шароф Убайдуллаев ҳақида кетяпти.

Мен уни аввалига «журналист Шароф Убайдуллаев» демоқчи бўлдим. Аммо унинг бу соҳадан қувилганига анча йиллар бўлган. Бир пайтлар газеталарда мухбир бўлиб ишлаб юрганида Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги хўжалик ва туман раҳбарлари уни яхши танишган, тўғрироғи, ундан безор бўлишган. Сирдарёлик ҳамкасблар айтиб беришган эди. У нима ишлар билан шуғулланиши ва нима мақсадда тез-тез Сирдарёга келиб туришини. Шу орада, «Қора юрак», деган фельетон ёзиб, қашқадарёлик бегуноҳ бир инсон номини бадном қилиб, ишдан бўшаттириб, қаматиб, неча йил оввора-ю сарсон қилган. Кейин бу инсон оқланган. Шароф Убайдуллаев журналист этикасини бузгани учун журналистлар уюшмаси аъзолигидан ўчирилган.

Иккинчи эпизод. Фалакнинг гардиши билан у «Тошкент оқшоми» газетасига Бош муҳаррир бўлиб қолди. Бир-икки йил атрофида ишлади ва ишдан ҳайдалди. Ишдан бўшатишларини билиб, қочиб бориб, Эски ТошМИ деган клиникада ётиб олди. Тошкент шаҳар партия қўмитаси — газета муассиси вакиллари ариза олишга борганида Шароф Убайдуллаев клиника ҳовлисида сайр қилиб юрган бўлади. Узоқдан шаҳар партия комитети вакилларини кўриб, дарахт панасига беркинади. Ариза олишга келганлар ҳам узоқдан уни кўришган эди. Шу боис уни беркинган жойидан топиб, аризасини олиб кетишади.

У бир муддат ишсиз юради. Кейин яна кимнингдир тавсияси билан «Ўзбекистон овози» газетасига Бош муҳаррир бўлиб қолди. Бу ерда 7-8 ой ишлагач, йўл қўйган хатолари ва бошқа ноқонуний ишлари учун ишдан ҳайдалади.

Кейин узоқ йил яна бекорчи бўлиб, кўча-кўйда фисқу-фасод билан шуғулланиб юради. Кекса журналист, кўплаб журналистлар устози, бағрикенг инсон Сайди Умиров унга яхшилик қилмоқчи бўлади. Жаҳон тиллари университети ректоридан илтимос қилиб уни Халқаро журналистика факультетига амалиётдан дарс берувчи ўқитувчи қилиб ишга жойлаштиради.

Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас Сайди Умиров унга ёрдам берганига минг пушаймон бўлади. Чунки, Шароф Убайдуллаев қўполлиги, шаллақилиги, асоссиз гапларни тарқатиши, энг ёмони талабалар мафкурасига салбий таъсир қиладиган гап-сўзлари учун, унинг касофатидан талабаларни асраш учун ректор уни ишдан ҳайдайди. Панд-насиҳат бермоқчи бўлган устози Сайди Умировни ҳам юзига оёқ қўяди. Шароф Убайдуллаев ректорни судга беради. Айбдорлигини тан олмайди. Лекин суд Шароф Убайдуллаев университетдан тўғри ҳайдалган деган қарор қабул қилади. Шароф Убайдуллаев яна кўчада ишсиз қолади.

Журналистика соҳасида бирор каромат кўрсатмаган, бирор жойда садоқат билан ишламаган одамни журналист дейиш ҳам унчалик тўғри бўлмаса керак. Университетдан ҳайдалгач, Шароф Убайдуллаев ижтимоий тармоқларга фисқи-фасод, асоссиз, туҳмат гапларни тап-тортмай гапиришларни одат қилиб олади. Бундай гаплар журналистик фаолиятдан кўпроқ ғийбат, кимдандир ўч олишга киради.

Ўзбек халқида битта одат бор. Шарм-ҳаёсиз, юзга чопар одамга тенг бўлишни хоҳламайди. Балчиққа тош отсанг, устингга сачрайди, дейди. Шароф Убайдуллаев эса ҳеч ким индамаётганидан ҳаволаниб, ўпкаси шишиб, борган сари Ўзбекистонда кимга шахсий ғарази, кимдан алами бўлса, ўшаларни бадном қилишга ҳаракат қилиб келяпти. Давлат раҳбарлари шаънига ҳам иғволар тарқата бошлади.

Тўғриси, унинг гапига ишониб мен ҳам Шароф Убайдуллаев берган маълумотларни бир неча бор эълон қилганман. Энди билсам адашган эканман. Кап-катта одам ёлғон гапирмайди, деб ўйлаганман. Унинг гапига кириб, кимга озор берган бўлсам, узр сўрайман. Исмат айтаверадиям, қайтаверадиям, деб ўйлаётганларга айтмоқчиман, «Бандамиз, хатодан ҳеч ким кафолатланмаган». Аммо хато учун кечирим сўрайдиган кам. Ўла-ўлгунча хатосини тан олмайдиганлар кўп экан бу дунёда…

Шароф Убайдуллаевга ишониб юрган пайтларим Тошкентга борсам, албатта учрашардик. Ҳаммадан олдин у мен билан учрашарди, аэропортга чиқиб кутиб олган пайтлари ҳам бўлган. Мен Тошкентдан кетгунча қайсидир раҳбарларни тинимсиз ёмонларди. Масалан, Зелимхон Ҳайдаров, Хайриддин Султоновлар тўғрисидаги маълумотларни у берарди. Мен билмаган эканман бу одамлар ёмон одамлар экан, Ўзбекистонга кўп зиёни тегаётган экан, деб Шароф Убайдуллаев маълумотларини эълон қилган пайтларим бўлган. Айрим ҳамкасбларим Тошкентдан қўнғироқ қилиб, Исмат, бу гаплар нотўғри, дейишса ҳам қулоқ солмаганман. Кўп кўрганман, Шароф Убайдуллаев бор давралардан зиёлилар, соғлом ижодкорлар ўзларини олиб қочганини. Лекин мен ичимда барибир уни ёқлаб келганман. Унинг кимлигини афсуски кеч билдим.

Мен Тошкентга ҳар гал борганимда ишсизлигидан нолирди. Тўғри, яхши, маҳоратли, ҳалол журналист ҳеч қачон кўчада қолмайди. Шароф Убайдуллаевнинг ўзига яраша қусурлари бўлиши мумкин, кейин ишсизлигидан, аламидан одамларга, Ўзбекистонга заҳрини сочиб юрса керак-да, деб ўйлаб, унинг Ўзбекистон Нуронийлар жамғармаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланишига ёрдам берганман. Шу одам тинч юришига ишонасизми, жамғармани ҳам пароканда қилмайдими, зиёни тегмайдими, деб сўрашганида, мен ўзи билан гаплашдим. Тўғри юради, ҳалол ишлайди, деганман.

Аммо, у Нуронийга ўтгач, бир-икки ой ўтар-ўтмас, қўполлиги, тили узунлиги, ваколатидан ташқаридаги ишларга аралашиши, қитмир ишлари билан ном чиқара бошлади. Жамғармани ғовғанинг уясига айлантирди. Кўпчилик билан уришиб чиқди. Қўпол гап, ҳақоратли гап, ман-манлик, ўзидан бошқа ҳаммани ёмонлаш билан шуғулланди. «Нуроний» деган нуфузли, ходимлари бир-бирига ҳурмат-иззатда намуна бўладиган жамғармада нотинчлик бошланди. Бечора Шуҳрат ака Жалилов ёши саксонга бориб қолган одам жонидан ўтиб кетгач Шароф Убайдуллаевни яқиндан билган одамларга учрашиб, илтимос бунга насиҳат беринглар, деб ёлвориб ҳам кўрган экан. Яқинда жамғармада ишлайдиган бир укамиз айтиб берди. «Шароф Убайдуллаев Шуҳрат Жалиловнинг қонини ичяпти» деган гап тарқалган экан. Шуҳрат ака устидан ҳам менга бир неча бор маълумотларни берган. Энди билсам, бу одамнинг мақсади унинг ўрнини эгаллаш экан. У бир пайтлар «Қора юрак», деб ёзган фельетони сарлавҳаси унинг ўзига тегишлилиги энди маълум бўлди. Ҳозир одамлар, инсоният коронавирус деган бало-қазо билан курашиб ётибди. Лекин Шароф Убайдуллаев дарди коронавирусдан ҳам оғир. Коронавирусга бир кун даъво топилади. Аммо, Шароф Убайдуллаевнинг танасидаги вирус, бедаво вирус.

У ҳозирги ёшига муносиб иш қилиши керак эди. Оқсақол, нуроний киши сифатида ёшларга устозлик қилиб, уларга ибрат бўлиш ўрнига номуносиб ишлар билан шуғулланиб келмоқда.

Ҳаммани ёмонлаб, ўзини ҳалол, ҳақиқат учун курашчи қилиб кўрсатаётган Шароф Убайдуллаевнинг Нуроний жамғармасидаги фаолиятидан бир мисол, кичик мисол келтираман, Шароф Убайдуллаевнинг кимлиги тўғрисида озгина бўлсада асосли таассурот уйғотади.

У бир куни ўзининг хизмат машинасида Қашқадарёга хизмат сафарига кетибди. Нима мақсадда борганини англаб оласиз, бироз сабр қилсангиз. Сафардан қайтгач, бухгалтерияга учта хизмат сафари варақасини, командировичнийни топширибди. Бири ўзиники, иккинчиси ҳайдовчисиники, учинчиси бир аёлники. У жамғарма раиси ўринбосари бўлгани учун командировочний бланкани олиш ваколати бор. Командировкани бухгалтерияга топширганда, табиий, бухгалтер ундан бу аёл ким, деб сўрайди. Бу аёл ҳайдовчимизнинг хотини, эрига Қашқадарёни кўрмаганман, бирга борай, деган экан, бирга борувди, депти.

Биринчидан, ҳайдовчининг хотинига командировка ёзиш ноқонуний албатта. Аммо суриштириб кўрилса, у аёл ҳайдовчининг эмас, Шароф Убайдуллаевнинг ўз хотини экан. Оилавий ишларга аралашмаймиз, аммо одамлар чалғимаслиги учун кичик изоҳ. Маълум бўлишича, Шароф Убайдуллаев оиласи билан ажрашган. Бу аёл иккинчи хотини. Асли Қашқадарёдан экан. Бу аёли ҳам ота-онаси ёки юртини кўргиси келганда. Текин машина. Энди ўйлаб кўринг, ўзику майли хотинининг номига ҳам командировка ёздириб, «Нуроний» жамғармасининг пулини ўзлаштирмоқчи бўлган одамни қандай одам деб баҳолаш мумкин? Озгина инсофи бор одам бундай қилмайди.

Қаранг тилида ҳалол, ҳақиқатпарвар, қаҳрамон. Амалда эса каламуш, худбин, ғаразгўй. Бу сўзлар Шароф Убайдуллаевга қараб айтилмоқда. Зеро у бу сўзларга жуда муносиб.

Суҳбатимизни шу ерда тўхтатамиз. Шароф Убайдуллаев кирдикорлари ҳақида кейинги мақола ва кўрсатувларда Сизни ажиб ҳайратларга соладиган бошқа воқеалар тўғрисида ҳикоя қиламиз…

Соғ бўлинг! Туҳмат балосидан асрасин!

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири

15 июль 2020 йил, Торонто шаҳри, Канада…

http://www.dunyouzbeklari.com/?p=211682

You may also like...

9 Responses

  1. Биз севимли адибимиз, бутун фаолиятини давлатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида бахш этаётган заҳматкаш Инсон Хайриддин Султонов билан барча ўзбек зиёлилари ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай Инсон шаьнига кимдир булмағур гап ёзса, миллат фидойиларининг бошига етган манфурларни кўргандек бўлардик. Ушбу мақолада миллатимиз фидойиларига тош отган бузғунчининг асл башараси очиб ташлангани жуда хайрли иш бўлибди.

  2. Тошкентда яшайман. Ҳамма таниқли журналист, публицист, ёзувчи, шоир ва шу соҳа арбобларини яхши танийман. Сўнгги 30 йил ичида ўзбек зиёлилари Шароф Убайдуллаевчалик бузғунчи, жанжалкаш, иғвогар, тарбиясиз кимсани кўрмаган бўлса керак. Энг бемаъни қилиқлари, қинғирликлари билан отнинг қашқасидек ажралиб турадиган битта дилозор шу эди. Шу кунгача унинг танобини тортиб қўядиган мард топилмадганига ҳайрон эдик. Ҳақиқат қарор топгани жуда яхши. Энди бунақа бир-бирининг тирноғидан кир ахтариш, асоссиз тош отишларга чек қўйиш керак. Ш.У.нинг асл башарасини фош этган И.Хушевга қойил қолдик. Ўша мақоласининг давомини ҳам кутиб қоламиз.

  3. Ҳақиқат юзага чиққанини олқишлаш керак. Хўш, энди шунча синган кўнгил шишалари, дарз кетган юраклар, емирилган асаблар учун ким жавоб беради? Ҳақиқатни тан олиб, бир бузғунчининг сирини фош этган Исмат Хушевга бир оғиз тасанно айтиб, Ш.Убайдуллаевни судга бериш керак.

  4. Маънавият ва маърифат тарғиботчилари бир масалада жуда қийналар эдик. Нега ҳамма билган бузғунчи, қўпол-қўрс, ўзини ҳақиқатпарвар қилиб кўрсатадиган лўттивоз Ш.Убайдуллаевга ҳеч ким чора кўрмайди? Қачонгача «Дунё ўзбеклари» сайтида миллатимизнинг қанча фидойи инсонлари номи ҳам асоссиз гаплар билан булғанаверади? Айнан шундай мазмундаги саволларни бизга баъзи ёшлар берганида жўялироқ жавоб қайтаришга қийналар эдик. Назаримда, тепада раҳбарларимиз арқонни узун ташлаб қўйган эканлар. «Сопи» ўзимдан чиққан ҳақиқат» мақоласини ўқиб бироз енгил тортдим. Мана, севимли адибимиз Хайриддин Султоновнинг шаънига шунча отилган тошларнинг ҳаммаси бир бузғунчининг қутқуси эканлиги ошкор бўлибди-ку. Ўртада қанча диллар сиёҳ бўлгани қолди. Ҳар ким қилмишлари учун жавоб бериши керак. Бу — мафкура майдонига кириб келаётган ёшлар учун катта сабоқ бўлиши керак.

  5. Тубанликнинг ҳам чегараси бўлиши керак. Ш. ҳақорат қилган одамларнинг деярли ҳаммасини кенг жамоатчилилк жуда яхши танийди, эъзозлайди. Ҳаммаси умри бўйи халқимизга, она ватанимизга сидқи-дилдан хизмат қилиб келаётган ажойиб инсонлар. Битта олақарғадек қағиллаб юрадиган Ш.нинг ҳақиқий башараси очилибди. Унга чора кўришнинг фурсати аллақачон етган.

  6. Ёш авлод катта авлоддан ибрат олади. Биз кўриб ҳавас қиладиган 60-70-80 ёшли катта авлодга мансуб устозларнинг жуда кўпчилигига ҳавас билан қараймиз. Улардан ибрат оламиз. Қариб қуюлмаган, фаросатнинг кўчасидан ўтмаган Ш. «бобо»га ўхшаганларни кўриб, катта бўлганимизда қандоқ қинғирликлардан йироқ бўлиш кераклигини англаб етаяпмиз. Катта маъракада оғзи шалоқлик қилиб бир ҳурматли зиёлини ниҳоят даражада ҳақорат қилганини бир четда кузатиб, нафратланиб кетгандик. Унинг ҳамма кирдикорларини очиб ташлаш керак. Бунга биз ёшлик қиламиз. Исмат бобо бошлагани заб иш бўлибди. Қани энди уни давом эттирадиган жасур устоз адиблар бўлса…

  7. Умрим бўйи турли лавозимларда ишлаб, ҳар хил одамларни, дунёқараши, садоқати турли даражадаги масъулларни кўпини кўрганмиз. Журналист, ёзувчи ва шоирларнинг бир неча авлоди билан доимий мулоқотда бўлдик. Ҳар бир ёзувчи, шоир ёки журналист хушмуомаласи, одамохунлиги, самимийлиги билан яхши таассурот қолдирган. Бир менда эмас, бугунгача 50-90 ёшлардаги авлодга мансуб замондош раҳбар-кардларда ҳам шундай фикр уйғотганларини яхши биламан. Ижод майдонида танилган зот борки, ҳаммаси одамларда илиқ таассурот қолдириб, меҳр уйғотиб юргани ҳамага маълум. Битта Ш.У. деган кимсани билмас эканман. Бир пайтлар «Қора юрак» деган фельетон ёзиб, бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётини барбод қилган, деб эшитганим бор эди холос. Ҳаётда балога йўлиққандек шу кимсага дуч келиб, одам қиёфасидаги манфур қанақа бўлишини кўрдим. Ҳар қадамида одамларни ҳақорат қилади, ўшқиради, бўкиради, блогерларимга айтиб, сани вайрон қиламан, деб дўқ қилади. Бирор гапи асосли бўлса, уни албатта ўйлаб кўриш керак. Кимдир хато қилган бўлса, ўзи жавоб бериши керак. Бунинг учун қонун бор. Ш.У. ҳақ бўлса, марҳамат, судга берсин. Йўқ, унинг судга берадиган факти йўқ. Ўшқирадиган оғзи бор халос. Кейин хориж каналлари, ижтимоий тармоқлар орқали мағзава тўкиш усули бор. Шу билан у ўзини нақадар зўрман, деб ўшқиради. Юқоридаги мақолани ўқиб, ҳақиқат ахийри юзага чиққанига шукрона айтдим. Бу бузғунчини ҳам жиловлаб қўйиш вақти аллақачон етган эди…

  8. Оллик йилдан кўпроқ умрим адабиёт муҳитида ўтди. Онамнинг укалари — Пиримқул Қодиров тоғам бўладилар. Ҳозир унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапириб ўтирмайман. У ҳақда адабиёт ихлосмандлари жуда яхши биладилар. Тоғам 2010 йил 20 декабрь куни 82 ёшида вафот этиб, Тошкент шаҳридаги Фаробий қабристонига дафн этилганди. Сўнг бир йил орасида кетма-кет қизи Саодат, ўғли Жамшид, хотини София ая ҳам ҳаётдан кўз юмдилар…
    Яхшилик ҳеч қачон унутилмайди. Тоғам кексалик чоғи доим ҳолидан хабар олиб турган Президент маслаҳатчиси, ҳурматли адибимиз Хайриддин Султоновдан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари ва бошқа дўстларимиздан жуда рози бўлиб кетдилар. Оғир кунларимизда оиламизга мададкор бўлишган шу меҳридарё, саховатли инсонлардан миннатдормиз.
    Ўзбек адибларининг жонкуяр дарғаси бўлган Хайриддин Султоновни Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад ва бошқа ҳамма атоқли адиблар яхши кўрар, ҳурмат қилардилар. Улар ҳаётларида шу инсондан кўп меҳр кўришган. сўнгги манзилга кузатишда ҳам Хайриддин Султонов оға-иниларча хизмат қилганига юзлаб, минглаб замондошлар гувоҳмиз.
    Энди шундоқ меҳридарё, одамохун Инсон ҳақида интернетда бетайин кимсалар бўлмағур гаплар ёзишига ҳеч қачон бефарқ қарамаймиз. Ким номаъқул иш қилган бўлса, ўзи жавоб беради.
    Тоғамнинг «Уч илдиз» романи асосида яратилган мазкур сайтда берилган юқоридаги мақолани ўқиб қониқиш ҳосил қилдим. Илло, бундай бузғунчиликларга бошқа минбъад йўл қўйилмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз.

  9. Ярим асрдан ошибдики, ўзбек адабиётида Хариддин Султоннинг катта ўрни бор. Биргина «Чангак» асари адабиётимизда катта воқелик бўлган. Бошқа асарлари ҳам бир-биридан зўр. Бу асарларни бирорта «душмани» ҳам танқид қила олмади. Афсуски, шу кунгача давлат томонидан етарлича баҳо ҳам берилмади. Муаллиф энг юқори идорада ишлаётгани учун бўлса керак, унинг асарларига муносиб давлат мукофотлари ҳам берилмади. Хайриддин оғани яхши биламиз. Биздан юқорироқ курсда ўқиб юрган пайтларидаёқ адабиёт майдонида ярқ этиб кўриниб қолганди. Шу ёғду ҳозиргача бир маромда шуъла таратиб келмоқда. Унинг шаънига интернетда бир-иккитаси нето гап қилганида жуда жаҳлимиз чиққанди. Охири нима бўлишини кутгандик. мана, кутганимиздек, ҳақиқат юзага чиқибди.

Добавить комментарий для Иброҳим Тўра Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>