Ташкилот имижини яратишда ахборот хизматининг ўрни

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

11-мавзу: Ташкилот имижини яратишда ахборот хизматининг ўрни

Режа:

  1. Имиж тушунаси.
  2. Имижеология – фан сифатида.
  3. Имижнинг асосий функциялари.
  4. Ташкилот имижини яратиш усуллари

Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида “Имиж” тушунчаси алоҳида ўрин тутади. Манбаларда қайд этилишича, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган иқтисодчилар фаолиятида имиж яратиш зарурати пайдо бўлган ва шу тариқа XX аср 60 йилларида америкалик иқтисодчи Болдуинг “Имиж” сўзини муомалага киритгани, у ишбилармонликда муваффақият қозонишда фойдали восита эканини исботлаб берган экан.

Ўзбекистон Миллий энциклопедияси 4-томи 129-бетида шундай ёзилган: ИМИЖ (инглизча image, лотинча imago – тимсол, кўриниш) – шахс, ҳодиса, нарсанинг оммалаштириш, реклама қилиш ва ҳ.к. мақсадларда одамларга ҳиссий-руҳий таъсир кўрсатишни кўзлаб шакллантириладиган қиёфаси; тарғиб қилиш воситаларидан бири. (Масалан, сиёсий арбоб имижи)1.

Кейинчалик янгидан вужудга келаётган сиёсатшунослик соҳаси вакиллари томонидан “Имиж” фавқулодда ҳодиса сифатида алоҳида эътиборга олинади, улар бу ҳодисада ўз фаолиятларининг муҳим йўналишини кўришади. Сиёсатшунослар шу ҳодисанинг амалий аҳамияти илмий-амалий асослаб берилган Никколо Макиавеллининг “Подшоҳ” ҳамда Г.Лебоннинг “Социализм психологияси” асарларини яхши билишади. Макиавелли, давлат кишиси (раҳбари) учун тегишли “юз, қиёфа” нақадар муҳимлигини асослаб берган бўлса, Лебон Имиж яратишни “шахсий жозиба” самараси ўлароқ сиёсий муваффақиятга эришиш воситаси сифатида таърифлайди.

Имиж яратишнинг психологик асосини таърифлаб бериш ижтимоий ва сиёсий психологиянинг объекти ва предмети бўлиб қолди. Ташқи тимсолни, қиёфани ижтимоий идрок қилиш ва субъектив англаш жараёни қонунларига оид билимларни эгаллаган ҳолда, улар бу муаммога назарий-амалий таъриф беришди.

Аниқликнинг “кўз билан кузатиш самараси” кўплаб тадқиқотларнинг предмети ҳисобланади. Гиппократ ушбу муаммо хусусида фикр юритар экан, одамларнинг темпераментини аниқлашда уларнинг юз ифодасидан фойдаланишни тавсия қилади2.

Мутахассислар фикрича, ҳозирги даврда ишбилармонлик ва сиёсий фаолият билан шуғулланаётган кишилар учун имиж яратиб бориш заруратга айланиб қолди.

Сайловолди компаниялари даврида сиёсий партиялар ўз номзодларининг имижини яратиш масаласига алоҳида эътибор билан қарашини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Жамиятда ҳар бир ташкилот имижини яратиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини барча мутахассислар эътироф этишади.

Имижга бўлган бундай талаб эса янги касбга – Имижмейкерликка асос солди. Бу касб эгаси шахсларнинг, ишбилармон ва сиёсий доираларнинг, кучларнинг (масалан, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва бошқалар) имижини яратиш билан шуғулланади3.

Имиж борасидаги тадқиқотлар, илмий изланишлар – Имижеология фанини вужудга келтирди. Бу фан орқали имиж сирларини назарий жиҳатдан ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш мумкин.

Мутахассислар фикрича, имиж инсон руҳиятининг қуйи қатламларида пайдо бўлади. Шу боис ҳам у одамларнинг идрок қилиши учун қулай ҳамда улар онгида муҳим жой олгандир.

Имиж ҳақида аниқ бир психологик маҳсулот сифатида гапирганда эса у ижтимоий кўрсатма, урф бўлган тимсол тарзида намоён бўлади. Унинг инсон руҳиятининг санаб ўтилган барча сфераларида бир вақтда пайдо бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Чет тилидан таржима қилинадиган бирорта тушунчанинг изоҳи ҳар доим ҳам одамлар учун бирдек маъқул ва қўлланишга лойиқ бўлавермаслиги мумкин. Масалан, юнон тилидан таржимада мактаб сўзи “қувонч уйи” деган маъно англатар экан. Аммо барча ўқитувчи ва ўқувчилар бу сўзга нисбатан айнан мана шу маънони қабул қилмайди. Имиж тушунчаси семантикасини тушунтиришда ҳам шу нарсани эътиборга олиш лозим. Агар Владимир Далнинг “Изоҳли луғат”ига мурожаат этадиган бўлсак, тимсол тушунчаси билан бирга қиёфа тушунчаси ҳам келтирилади: “физиономия, ташқи қиёфа ва юз ифодаси, юз тузилиши”. Бундан кўринадики, тимсолнинг қиёфа шаклидаги изоҳи хорижий кўришидан анча кенг қамровли экан.

Буюк санъаткор Ф.Шаляпин шундай ёзади: “ташқи қиёфа деганда фақат юз кўринишини, соч рангини ва шу кабиларнигина эмас, балки кишининг юриш, эшитиш, гапириш, кулиш, йиғлаш каби хислатларини ҳам тушунаман”. У ўз фикрида давом этиб: “агар кишининг ички олами яхши англаб етилса, унинг ташқи қиёфасини ҳам тўғри билиб олиш қийин эмас”, деб таъкидлайди4.

Имижеология – замонавий инсоншунослик ҳам ҳисобланади. Имиж яратиш технологиялари инсоншунослик тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Имижеологиянинг асосий мақсади – қандай қилиб жозибали имиж яратиш мумкинлигини, ҳаётда биз дуч келадиган вазиятларга қараб муносиб хатти-ҳаракатлар моделини тўғри қуришни илмий асослаб беришдан иборатдир.

Имижеология – жозибали бўлиш ва одамларга ёруғлик олиб келиш тўғрисида ҳар бир инсонга қаратилган чақириқдир. У одамнинг муносиб шахс бўлиб шаклланишига ёрдам беради.

Имижеология – ҳар бир фуқаронинг олиймақом қиёфа эгаси бўлиш ҳақидаги орзуси, у эса демократик ва инсонпарварлик жамияти барпо этишнинг муҳим шартидир.

Имижеология – бирор давлат менталитети ўзига хослигининг назарий акс этишидир. Масалан, ўзбеклар ўзаро оқибатли, эркаклари ориятли, аёллари ҳаёли!

Имижеология – инсонга руҳий таъсир этиш технологияларидан бири ҳисобланади. Блез Паскаль одамларга таъсир кўрсатишнинг икки усули бор, деб ҳисоблайди, яъни, “ишонтириш усули” ва “ёқиш усули”. Уларнинг иккинчиси айниқса самарали, деб ҳисоблаган эди у ва бу усулни тўла эгаллай олмаганидан афсус билдирган экан5.

Бизнинг давримизда одамларга, айниқса ёшларга шахсий таъсир кўрсатиш жуда қийин. Бунинг сабаблари кўп, аммо уларнинг энг муҳимларидан бири ахборот коммуникация тизимлари тараққий этган замонда жонли мулоқот ва бевосита шахсий таъсирнинг самараси одамлар психикасида ахборот клишесининг мавжудлиги туфайли ёпиб қўйилмоқда. Шу боис Б.Паскаль аввал одамларга ёқиш, ундан кейингина уларни нимагадир ишонтиришга уриниб кўриш лозимлигини таъкидлаганда ҳақ эди. Жозибали имижга эга бўлмай, яъни одамларнинг қалбидан жой олишга лаёқатли бўлмай туриб бу муаммони ижобий ҳал этиш мумкин эмас. Имижеологиянинг прагматик вазифаси ҳам шунда кўринади.

Бугун атайлаб имижмейкерларга мурожаат этмайдиган йирик сиёсий арбобларни топиш мушкул. Бундай шахсларнинг имижи энг майда деталларигача белгилаб қўйилади. Масалан, ёши улуғ кишиларнинг юз ифодалари, мимикалари ёш билан боғлиқ ўзгаришларни кучли намоён этади. Шу боис телекўрсатувлар пайтида уларнинг юзлари маълум масофа сақлаган ҳолда кўрсатилади. Яна бир жиҳат: шахс акс эттирилаётган фонга ҳам кўп нарса боғлиқ.

Имижеология – умумтаълим фани ҳам ҳисобланади. Мамлакатимизда назарий-амалий йўналишдаги янги тармоқнинг яратилиши бежиз эмас. Шахс кўнгил мулкининг ахлоқий таркиби – бир давлат менталитетининг фундаменталь тавсифларидан бири саналади. Имижеология миллий маданиятнинг фундаментал анъаналарига асосланади.

Унинг асосий тармоқлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

– оилавий;

– мактабгача бўлган давр;

– мактабга оид;

– олий таълимга оид (ва ҳоказолар).

Касбий фаолиятга қараб имижеологиянинг қуйидаги турлари ажратиб кўрсатилиш мумкин:

– ишбилармонлик;

– сиёсий;

– педагогик;

– тиббий;

– оммавий ахборот воситаларига оид;

– банк;

– сервис;

– ҳуқуқ-тартибот соҳалари;

– дипломатик (ва бошқалар).

Алоҳида синф сифатида бошқарув имижеологиясини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бошқарув имижеологиясининг аҳамияти ортиб, у инсонлар ҳаётий фаолиятининг барча соҳаларига кириб бормоқда. Демак, бошқарув тизимида фаолият кўрсатувчи шахслар муносиб равишда имижга эга бўлишлари шарт.

Имижеология – шундай илм ва санъатки, унда инсоннинг ташқи кўринишига шахсий жозибадорликни бериш сирлари ҳам ўргатилади. Бу фанга кўра, имижи баланд инсон бошқалардан ўз нуфузи ва жозибаси билан жаралиб туради.

Ҳар бир одам ўзига хос қиёфада яралган. Кимдир табиий жозибага эга, ёқимтой, бошқаси эса ҳатто ўзига ҳам хунук кўриниб кетади. Бироқ, ҳамма бирдек жозибадор бўлгиси келади. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Мана, йўли топилди; айнан имижеология санъатига мурожаат этиш мумкин! Шу орқали кўпчилик ўзининг ажойиб қиёфасини яратишга ҳаракат қилади.

Имижеологиясиз ҳар қандай фаолиятда ҳам муваффақиятга эришиш мумкин эмас, оилада ҳам, ишда ҳам, ҳамкасблар билан мулоқотда ҳам одам айнан шу орқали ўзига бўлган ишончни қарор топтиради.

Имиж – инсоннинг ишбилармонлик ва бошқа ижобий хусусиятларини катталаштириб кўрсатадиган ойнага ўхшайди. Унинг энг яхши жиҳатларини намоён этишга хизмат қилади.

Педагог, шифокор ва умуман, аҳолига хизмат кўрсатадиган ҳар қандай соҳада инсон фаолияти биринчи галда унинг ташқи қиёфаси билан боғлиқ. Ҳамма инсон ҳам бирдек ҳар томонлама ёқимтой, бошқаларни ўзига ром қиладиган даражада жозибадор бўлиши қийин, аммо у бунга ҳаракат қилмаса ундан ҳам қийинроқ аҳволга тушиши мумкин…

Ҳар қандай ташкилот ҳам ўз имижига эга бўлиши зарур. Имижи паст ташкилот одамлар эътиборидан қолиб кетаверади. Демак, ташкилот имижини яратиб бориш жуда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу вазифа аввало ўша ташкилот раҳбарлари зиммасига юклатилади.

Ташкилот имижини яратиш учун раҳбарлар ўз ходимлари билан тез-тез суҳбатлар, бу борада ўқув-семинарлари ўтказиб туриш мақсадга мувофиқдир. Ўқув-семинарларининг мавзулари эса турлича бўлиши мумкин: кабинетда ташриф буюрувчиларни кутиб олиш, улар билан мулоқотда бўлиш, ўз ходимларига нисбатан муносабат, ўз ташқи қиёфасига эътибор ва ҳоказо…

Жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш асносида ҳам ташкилот имижини ошириш мумкин. Одамлар қайсики ташкилот фаолиятидан қанча кўп хабардор бўлишса, демак, улар учун ўша ташкилотнинг имижи шунча юқори даражада бўлиши аниқ. Ташкилотнинг фаолияти, амалга ошираётган хайрли ишлари ҳақида муттасил ахборот тарқатиш унинг Ахборот хизмати зиммасига тушади. Демак, ҳар бир ташкилот Ахборот хизмати ўз ташкилоти фаолияти ва унинг самаралари, одамлар учун энг фойдали жиҳатлари ҳақида ахборот тарқатиб бориши зарур. Бу борада ахборотлар шунчаки хабар ёки қуруққина маълумот тарзида тарқатилиши кутилган натижани бермайди. Демак, ҳар бир ахборот шундай ижодий маҳорат билан тайёрланиши керакки, у имкон қадар одамларда катта қизиқиш ва ишонч уйғотадиган даражада бўлсин.

Мутахассислар Имижеология амалиёти сифатида қуйидаги машғулотларни тавсия этадилар:

“Мен – ҳақиқий” машқи.

Бу машқнинг мақсади – ўзингизни ўрганишингиз имкониятлари ва ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурни кенгайтиришдир.

  1. Ўзингизга “Мен кимман?” саволини беринг ва миянгизга келган биринчи 10 та жавобни ёзинг;
  2. Ўзингизга муҳим бўлган одам сиз ҳақингизда нима дейиши мумкин? Бунга ҳам 10 та жавобни ёзинг;
  3. 1- ва 2-жавобларини қиёслаб кўринг.

“Мен – идеал” машқи.

Бу машқнинг мақсади – олдинги тажрибангизни ўрганиб чиқиш, йўқотилган имкониятларни топиш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлларини қидириш. Ўзингизга “Агар бор имкониятларимни ишга солганимда ким бўлишим мумкин эди?” деган саволни беринг ва унга 10 та жавоб ёзинг.

Ижтимоий муҳит (Бошқаларнинг шартли муносабати).

Ҳақиқатдаги мен.

Идеалдаги мен.

К.Рожерс ўз-ўзини мустаҳкамлаш гипотезасини ишлаб чиққан. Унинг маъноси шундаки, ўз-ўзини мустаҳкамлаш – бу ниқобларни бирма-бир ечишдир. Ниқобларни ечинг – кимлигингизни кўрасиз.

Агар сиз ўзингизни англай бошласангиз – бу маънавий етук инсонга айланаётганингиздан далолат. Буни қанчалик амалга ошира олсангиз, шунчалик ўзингизни ҳурмат қила бошлайсиз.

“Ўзингиз ҳақингиздаги яхши фикр – бахтнинг ярми” дейилади бир масалда.

“Менинг ҳаётдаги режаларим” машқи.

Ўзингизга керакли натижалар рўйхатини тузинг ва уларни заруридан нозарурига томон қараб чиқинг ва шунга мувофиқ жойланг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

“Мен нимага эришдим?” (Менинг омадим)

“Яқин орада нимага эришмоқчиман? Менинг глобал мақсадларим?”

Буларнинг ҳаммаси ўзингизни топишингизга олиб келувчи дастур вазифасини ўтайди6.

Оптимизм формуласи.

“Мен – концепция” – бу ўзингизга кичик бир мадҳия, ўзингизга бўлган севги сингдиришнинг бир йўли.

“Мен ажойиб!” кичик мадҳиясини тайёрлаш ва ёд олиш.

  1. Матнни ўқинг;
  2. Яна икки марта ёққан сўзларга эътибор берган ҳолда ўқиб чиқинг;
  3. Мадҳияга хоҳишингизга мувофиқ ўзгартириш киритинг;
  4. Яна бир марта ичингизда ўқинг;
  5. 5. “Мен – ажойиб!” мадҳиясини овозингизни чиқариб ўқинг.

Ўзингизга бўлган мадҳияни кунига уч марта 15-30 сония оралиғи билан ўқиб туринг. Зарурият бўлса, кўпроқ ўқинг7.

Сизларга “Мен –ажойиб!” мадҳияси намунасини кўрсатамиз.

“Мен – ажойиб!” мадҳияси.

Мен бахтли одамман!

Мен дунёдаги энг бахтли одамман!

Менинг кайфиятим яхши!

Ҳар доим менинг кайфиятим яхши!

Менинг кайфиятим зўр!

Менинг кўзларимда бахт ёғдуси!

Менинг юрагимда бахт ёғдуси!

Мен яшаяпман, шунинг учун бахтлиман!

Мен оптимистман!

Қуёш мен учун ёрқин, осмон эса мусаффо!

Менга ишониш мумкин.

Мен ишончни оқлайман!

Мен дўст бўла оламан.

Оиланинг тинчлиги мен учун муҳим!

Мен эътиборли ва меҳрибонман.

Мени дўстларим қадрлашади ва ҳурмат қилишади.

Мен билан ҳамиша осон ва серфайз-қувноқ.

Мен ҳар доим ўз устимда ишлайман.

Буни мен ўз ишим билан, ғуруримни қадрлашим билан, оилавий номусим билан исботлайман.

Мен ота-онамга ҳаёт ва мулоқот қувончи учун раҳмат айтаман!

Ана энди хулосага ўтамиз; мана шундай кўтаринки кайфиятда яшаётган инсоннинг ҳаётда, жамиятда ўрни қандай бўлади? Албатта, аъло даражада!

Физиогнамика асослари.

Ҳар ўнта одамдан саккизтаси ўз суҳбатдошининг ташқи кўринишига қараб баҳо берар экан. Одамнинг ташқи кўринишида унинг юзи ва кўзлари муҳим рол ўйнайди.

Жозибадорлик сари биринчи қадам – юзнинг тузилишини яратиш – фейсбилдинг. Демак, биз ташқи кўринишни “қуришни” юз тузилиши орқали ўрганамиз. Буни яхши билган одам ўз суҳбатдоши билан тезда тил топишиб кетади.

Физиогнамика – табиатни ўрганиш, тушуниш демакдир. Айрим одамлар уни санъат деб, бошқалари фан деб билади. Шарқда омадга эришиш учун туғма психатларнинг ўрни катта, физиогнамика эса бунинг учун йўл, деб ҳисоблашган.

Масалан, юзнинг узунлиги пешонанинг пастки қисмининг энига бўлган нисбати, кенг бурун парраклари, бўртиб чиққан жағ – одамнинг ўзига ишонганлигидан далолатдир.

Физиогнамиканинг “отаси” деб Пифагорни айтишади. У нафақат математик масалаларни, балки одамнинг ташқи кўринишини бемалол баҳолай олган. Ўзига шогирдликка қабул қилишдан олдин бўлажак шогирдларни синчковлик билан кўздан кечирган. Унинг мактабига кираверишда “Ўлчанмаган одамнинг кириши таъқиқланади” деган ёзув бўлган. Аристотел эса физиогнамикага оид илк асарни ёзган ва юз ҳақидаги фанга асос солган. Абу Али ибн Сино ҳам унинг қарашларини маъқуллаган. Муолажа жараёнида ҳам физиогнамикани ишга солган8.

Кўриниб турибдики, имиж яратиш қадим замонлардан буён алломалар эътиборини тортган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, PR тизимида имиж яратиш ҳар бир ташкилотнинг ўзи, кундалик фаолияти ҳақида муттасил ахборот тарқатиш орқали амалга оширилади. Мазкур вазифани амалга оширадиган Ахборот хизмати бу борада ташкилотнинг имижмейкери ҳам ҳисобланади.

Назорат учун саволлар:

  1. Имиж деганда нимани тушунасиз?
  2. Имижнинг асосий функциялари нималардан иборат?
  3. Имижеология ҳақида нималарни биласиз?
  4. Ташкилот имижи қандай яратилади?
  5. Имижга салбий таъсир этувчи ҳолатларни биласизми?
  6. Жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш асносида ташкилот имижи қандай яратилади?
  7. “Мен – ҳақиқий” машқининг моҳиятини тушунтиринг.
  8. Оптимизм формуласи ҳақида нималарни биласиз?

______________________________________________

1 Қаранг: Имиж. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 4-том. –Т.:, 2002. Б. 129.

2 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. /www.evartist.narod.ru

3 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. /www.evartist.narod.ru

4 Қаранг: ўша манба.

5 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. /www.evartist.narod.ru

6 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. /www.evartist.narod.ru

7 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. /www.evartist.narod.ru

8 Қаранг: Шепель В.М. ва бошқ. Имижеология. Инсонларга қандай ёқиш мумкин? Ўқув қўлланма. / www.evartist.narod.ru

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *