Таълим тизимининг “ўзбек модели”

Истиқлол – истиқбол

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 1990 йил 3 августда бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида республикада барча соҳалар қатори таълим тизими ҳам бутунлай издан чиққани, ўқув муассасалари ачинарли аҳволга келиб қолганини аниқ рақам ва далиллар асосида кўрсатиб ўтади. Ушбу муаммоларни ҳал этиш борасида фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, Президентимиз бундай дейди: Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак. Бу дастур умумтаълим мактабларида дарс бериш сифатини ҳар томонлама юксалтириш, энг истеъдодли болалар учун мактаблар очиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун чет эллардаги энг яхши марказларга ёшларни юбориш каби устувор вазифаларни ўзида мужассам этиши лозим.

Ана шу улуғ мақсадлар йўлида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Дастур ижросининг биринчи босқичида мавжуд кадрлар тайёрлаш тизимининг ижобий томонларини сақлаб қолиш баробарида уни тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, илмий-услубий ҳамда иқтисодий шарт-шароитларни яхшилашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилди. Иккинчи босқичда таълим тизимининг жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишлар, барча соҳаларда кадрларга доир мавжуд эҳтиёж билан уйғун бўлишига эришилди.

Кадрлар тайёрлаш миллий модели яхлит ва тизимли бўлиб, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ўзида мужассам этган. Мазкур дастур мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳаётининг барча жабҳалари учун юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга хизмат қилаётгани таълим тизимининг “ўзбек модели” юксак самаралар бераётганидан далолатдир.

9+3 схемаси самаралари

Истиқлол йилларида миллий таълим тизимида “академик лицей”, “касб-ҳунар коллежи” деган янги тушунчалар пайдо бўлди. Замонавий ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини шакллантиришга хизмат қиладиган ушбу муассасалар узлуксиз таълим соҳасининг ажралмас қисмига айланди.

Академик лицейлар давлат таълим стандартларига мос равишда ўрта махсус таълим беради, ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланишини, имконият ва қизиқишлари асосида чуқурлаштирилган, профилли, дифференциаллашган, касбга йўналтирилган ўқитишни таъминлайди. Касб-ҳунар коллежлари давлат таълим стандартлари доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради, ўқувчиларнинг касб қизиқишлари, малака ва кўникмалари чуқур ривожланишини, танлаган касби бўйича бир ёки бир қанча ихтисосликларни эгаллашига хизмат қилади.

Бир вақтлар ўрта мактабни тамомлаганларнинг маълум фоизигина олий ўқув юртларига кириш имкониятининг мавжудлиги боис минглаб ёшлар бирор касб-ҳунарсиз, замонавий билимларсиз “бармоғини тишлаб” қоларди. Саноқли техникум ва халқ тилида “ПТУ” деб аталувчи ўқув даргоҳларида эса тракторчилик, чилангарлик каби тор доирада таълим бериларди.

Бугунги кунда ҳаётимизга муваффақиятли татбиқ этилган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимининг мутлақо муҳим ва янги бўғинидир. 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимини ўзида мужассам этган ушбу бўғин келажагимиз эгаларига умумтаълим фанлари билан бирга икки-уч мутахассислик бўйича замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаш, ахборот технологиялари ва чет тилларини ўзлаштириш имконини бермоқда.

Ҳар бир ўқувчи эътиборда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан маълум қилишларича, бу йил умумтаълим мактабларининг 9-синфини 476 минг 616 ўқувчи битирди. Уларнинг 7,5 фоизи академик лицейларда, 92,5 фоизи касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш истагида ариза топширган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тайёрлов йўналишлари, касблар ва ихтисосликлар умумдавлат таснифлагичи мамлакатимиз иқтисодиётининг реал тармоқларида кадрларга бўлган эҳтиёжга асосан тегишли вазирлик, корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили қайта кўриб чиқилиб, қўшимчалар киритилмоқда. Бугунги кунда мазкур тизимда 91 тайёрлов йўналиши, 239 касб ва 670 ихтисослик мавжуд.

– 2016/2017 ўқув йилидан йигирма иккита касб-ҳунар коллежи қайта ихтисослаштирилди, – дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари Хайрулла Зикриллаев. – Масалан, Марҳамат қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи – Марҳамат қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Шофиркон педагогика коллежи – Шофиркон педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Бахмал иқтисодиёт коллежи – Бахмал хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Касби тумани озиқ-овқат саноати касб-ҳунар коллежи – Касби озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Самарқанд шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежи – Самарқанд саноат ва қурилиш касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Бу йил муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишларига янада кўпроқ ўқувчилар қабул қилинди. Ёшларнинг яшаш манзилига яқин бўлган ўрта махсус таълим масканларида ўқишини таъминлаш мақсадида Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида биттадан касб-ҳунар коллежи филиаллари очилди.

Ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига йўналтиришда қизларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Педагоглар, амалиётчи-психологлар, ҳуқуқшунослар, маҳалла ва хотин-қизлар қўмиталари фаоллари ҳамкорлигида ота-оналарга қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, оиласи мустаҳкам бўлиши, фарзандларини баркамол этиб тарбиялаши, ўз ҳуқуқ ва бурчларини танишида ўқиш ва касб-ҳунар эгаллашнинг аҳамияти кенг тушунтирилмоқда.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш умумий ўрта таълим негизида мактабларнинг 9-синфини битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ва умумий ўрта таълимни тугатишда улар томонидан олинган рейтинг кўрсаткичлари натижалари, шунингдек, ўқиш жойи ва йўналишини ихтиёрий равишда танлашини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Қабул чоғида битирувчига унинг қобилияти, касб-ҳунарга қизиқишига кўра касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис марказлари томонидан бериладиган тавсияномалар инобатга олинаётир.

Қабулнинг тасдиқланган кўрсаткичидан ортиқча аризалар тушган коллеж ёки лицейда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан синов имтиҳонлари ўтказилади. Қувонарлиси, ўқувчиларни имтиҳонлар асосида қабул қилаётган коллежлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу мамлакатимиз тараққиёти, ҳаётимиз фаровонлигини кўзлаб изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини фуқаролар янада чуқур англаётгани, ёшларда ўз келажагига эътибор ва ишончнинг, Ватанимиз тараққиётига дахлдорлик туйғусининг ортиб бораётгани ифодасидир.

Ҳаётнинг энг ёрқин палласи

Академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таҳсил олиш ҳар бир ёш учун ҳаётнинг энг ёрқин палласидир. Бу даврда йигит-қизлар чуқур билим олиб, ўзи қизиққан касб-ҳунарни эгаллаб келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишга, салоҳиятини намоён этиб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилади.

Мамлакатимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари замонавий билим ва малакага эга ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 144 академик лицей, 1411 касб-ҳунар коллежида жами 1 миллион 500 мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йил академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 11 ўқувчиси, умуман, 2000 йилдан буён тизимдаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган юздан зиёд қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Президентимиз раҳнамолигида ёшлар камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кўрсатилаётган юксак эътиборга жавобан ўқувчилар дунё миқёсидаги турли кўрик-танлов ва халқаро фан олимпиадаларида улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда намоён этмоқда.

Мамлакатимизда жаҳон стандартларига мос спорт иншоотлари базасига эга 15 олимпия захиралари коллежида спорт мутахассислари тайёрланмоқда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўтказилаётган “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида қатнашган ўқувчилар қитъа ва жаҳон чемпионатларида ҳам фахрли ўринларни эгалламоқда. Ўтган йиллар давомида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даргоҳларининг 846 ўқувчиси нуфузли халқаро турнирлар совриндори бўлди.

Мамлакатимизда “коллеж – корхона” ҳамкорлиги мунтазам йўлга қўйилгани ўқувчиларни ишлаб чиқариш ўқув амалиётига жалб қилиш ҳамда уларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳунар – оқар булоқ, билим – ёнар чироқ

Ёз мавсуми, айниқса, ёшлар учун ўзгаришларга бой бўлади. Ўсмир йигит-қизлар йилнинг айнан шу даврида ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилади. 9-синфни тамомлаган ўқувчилар ўз билимини янада бойитиши учун академик лицей ёки касб-ҳунар коллежига ҳужжат топширади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган йигит-қизлар эса ўз олдида турган икки йўлдан бирини танлайди: ёки олий ўқув юртида ўқишни давом эттиради, ёки эгаллаган касби бўйича меҳнат фаолиятини бошлайди.

Олий ўқув юртларида тест имтиҳонлари ўтказилиб, синовлардан муваффақиятли ўтганлар талабалик аталмиш олтин давр остонасига қадам қўяди. Ўқишга киролмаганлар бироз ранжиши мумкин, аммо бекор, беэътибор қолмайди. Негаки, улар коллежда камида иккита касбни пухта эгаллаган, битирув арафасида имзоланган тўрт томонлама шартнома бўйича ишга жойлашиш имкониятига эга.

Халқимизда ҳунар – оқар булоқ, билим – ёнар чироқ, деган пурҳикмат мақол бор. Зеро, қўлида ҳунари бор инсоннинг хонадонида қут-барака булоқ суви мисоли доимо оқиб туради. Билим юксак манзилларга, баланд марраларга элтувчи йўлларни худди чироқ каби ёритади. Севган касб-ҳунари, юксак билими бор инсон ҳаёт йўлларида қоқилмайди, ўз орзу-мақсадларига етади. Мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимининг “ўзбек модели” асосида ҳар бир болага шахс сифатида ёндашилиб, уларнинг замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит яратилгани замирида ана шундай эзгу муддао мужассамдир.

Дилшод Каримов, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>