ФАНЛАРАРО ФАН

“Ахборот хизматлари” фанидан амалий машғулот учун

Биз очиқ демократик жамият қурмоқдамиз. Мақсадларимиз, ниятларимиз ва ишларимиз очиқ. Яширадиган жойи йўқ, демак, Президент ҳам, вазирлар ҳам, оддий фуқаро ҳам, ҳокимлар ҳам очиқ баҳсдан, очиқ мулоқотдан ўзини тортмаслиги шарт. Бизни сайлаган одамлар ҳокимият фаолиятидан хабардор бўлиши ва унга баҳо беришида матбуот воситачи ролини бажариши лозим…

Ислом КАРИМОВ

  DSCF2518

Инсон ақли-тафаккури ила кашф этилган жамики фанлар моҳиятан бир-бири билан узвий алоқададир. Ҳар бир фаннинг ўз тарихи, ўрни бор. Ўтмишда буюк бобокалонларимизнинг ақл машъали ила турли фанларга асос солинган. Айтайлик, «Алгебра» сўзи қаердан олинганини бугунги авлод яхши билади. Абу Абдулло Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг «Ал-жабр вал-муқобала» асаридаги «Ал-жабр» – «Алгебра» атамасига асос бўлган бўлса, дунё миқёсида деярли бир хил талаффуз этиладиган «Медицина» – асли ибн Сино (Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али)га нисбатан ўша даврдаёқ айтилган «Мададисино» (яъни, «Синонинг мадади») атамасининг ҳосиласидир. Бугун лисонимизда кенг қўлланаётган «Тиббиёт» фани номи (атамаси) ҳам улуғ ҳакимнинг «Тиб қонунлари» асаридан олинган бўлса не ажаб.

Азал-азалдан то бугунги кунгача фалсафа, адабиёт, биология, география, математика, физика, кимё, геодезия, астрономия, социология, информатика, тарих, кибернетика, электроника, генетика каби фанлар мантиқан бир-бири билан чамбарчас. Нафақат фан сифатида, ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам уларни бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айтайлик, адабиёт – барча соҳа учун бирдек қадрли. У бутун инсониятнинг маънавий бойлиги, кўнгил мулки! Кимё мўъжизаларидан бебаҳра инсонни тасаввур этиш қийин. Табиат қонунларини ўргатувчи физиканинг «дахли бўлмаган» соҳанинг ўзи бўлмаса керак. Ҳисоб-китобларимиз ечими математика фани билан боғлиқ. Бутун борлиқ мўъжизаларидан тортиб курраи заминдаги мамлакатлар, уларнинг чегаралари, пойтахтлари, халқлари, иқлими, турфа бойликлари ҳақида биз аввало география фани орқали тасаввурга эгамиз.

Хуллас, ҳаётимиз воқелигига айланган илм-фанлар мудом узвийдир. Ана шу узвийликни янада мукаммаллаштириб, такомиллаштириб бораётган янги фанни эса сўнгги ўн йилликлар мўъжизаси деб аташ мумин. Негаки, у бутун моҳият-эътиборига кўра – фанлараро фан ҳисобланади. Унинг бош мақсади, вазифаси – «Жамоатчилик билан алоқалар»дир. Бу фан – «Паблик рилейшнз» деб аталади. Инглиз тилидан олинган «Rublic Relations» атамаси – «Жамоатчилик билан алоқалар», «оммавий алоқалар хизмати» деган маъноларни англатади.

Жамоатчилик билан алоқалар масаласига бугун ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор берилаётгани баайни ҳақиқат. Мустақил юртимизда глобал масалалар одилона ҳал этилишида аввало кенг жамоатчилик фикрига таянилмоқда. Юртбошимиз Ислом Каримов иккинчи чақириқ Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси тўққизинчи сессиясида таъкидлаганларидек: «кишиларнинг онгини, ҳаёт тарзини шакллантирадиган ижтимоий муносабатлар бутунлай янгича маъно-мазмун касб этмоқда»1. Бинобарин, мамлакатимизда ҳар бир соҳа равнақига эътибор берилаётган экан, жамоатчилик билан алоқалар ҳам моҳиятан ҳаётимиз воқелигига айланиб бораётганининг шоҳиди бўламиз.

Жамоатчилик билан алоқалар амалиётини мамлакатимиз Парламенти фаолияти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Дейлик, умумхалқ сайловлари, референдумлар ўтказиш. Бу жараёнларда энг аввало халқ, кенг жамоатчилик ўз хоҳиш-иродасини билдирадилар. Сайловчилар онгли равишда мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимиятини шакллантириш учун ўз ҳиссаларини қўшадилар. Зеро, «Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи органи: сохта вакилликдан ҳақиқий парламентаризмга қадар» китобида шундай сатрларни ўқиймиз: «Парламент сайловлари мамлакат аҳолисининг кайфияти ва кимни афзал билишини намоён этувчи кўрсаткич сифатида ҳам катта аҳамият касб этади»2. Кўриниб турибдики, Олий Мажлис ўз фаолиятини жамоатчилик билан узвий алоқада давом эттиради. Олий Мажлис фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масала ҳақида энг аввало матбуот хизмати, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказилади. Ўз навбатида сайлов ҳуқуқига эга бўлган барча кишилар ўз муносабатларини билдирадилар.

Кўриниб турибдики, бугунги авлод бундан кейинги тараққиёт босқичида дунёвий фанларнинг сирларидан ҳам бохабар бўлишлари зарур. Жамоатчилик билан алоқалар – фан сифатида ўрганилмоқда. Бу фаннинг халқаро миқёсдаги атамаси – Паблик рилейшнз (ПР) деб юриталади.

Юртимиз истиқлолга эришгунга қадар кўпчилигимиз бу дунёвий фан ҳақида тасаввурга эга эмасдик. Ўқув даргоҳларимизда ўрганган фанларимиз орасида у ҳақда маълумот олмаган эдик. Ўтган асрнинг қомусий манбаси ҳисобланган ҳамда турфа фанлар ҳақида жуда кўп маълумотлар жамланган 14 томлик «Ўзбек совет энциклопедияси»да ва ҳатто 1979 йилда «Советская энциклопедия» нашриёти томонидан чиқарилган улкан китоб – «Советский энциклопедический словарь»да ҳам «Паблик рилейшнз» ҳақида бирор сатр йўқ. Демакки, «шўро фани энг юксак чўққига эришган» даврда ҳам бу дунёвий фан эътибордан четда қолаверган…

Машҳур инглиз олими Сэм Блэкнинг «Введение в паблик рилейшнз» («Паблик рилейшнзга кириш») китоби рус тилига таржима қилиниб, 1990 йили Россияда кам эмас – 65000 нусхада чоп этилганди, у тезда қўлма-қўл бўлиб кетди. Шундан сўнг бу оммабоп китоб бирнеча бор кўпминг нусхаларда чоп этилса-да китоб пештахталарида туриб қолаётгани йўқ…

Бундан ташқари сўнгги беш-олти йил орасида Украина ва Россияда Валентин Корольконинг «Основы паблик рилейшнз», Георгий Почепцовнинг «Паблик рилейшнз для профессионалов», Россиянинг ўзида Ирина Алешинанинг «Паблик рилейшнз для менеджеров и маркетеров», Дороти Дотининг «Паблисити и Паблик рилейшнз», Александр Чумиковнинг «Связи и общественностью» сингари қатор китоблари чоп этилган бўлиб, умумий мазмун-моҳияти айнан – «Жамоатчилик билан алоқалар» мавзуига қаратилгани кўриниб турибди.

«Введение в паблик рилейшнз» («Паблик рилейшнзга кириш») китобига Россиядаги Ростов давлат университети журналистика назарияси ва амалиёти кафедраси доценти Грант Карташяннинг ёзган сўзбошисида таъкидланганидек, «Паблик рилейшнз кишиларнинг ўзаро ҳамфикрлиликка қай тариқа эришишни ўргатади»3.

Паблик рилейшнз халқаро ассоциацияси илмий тадқиқот ва таълим қўмитаси раиси Рита Бхимани эса мазкур китоб аввалида шундай ёзади: «Паблик рилейшнз яхши бошқарувнинг ажралмас қисмидир. Фақат у шу соҳадаги мутасаддиларнинг етарли даражада билим базасига ва ишлаш қобилиятига эга бўлган тақдиридагина ўзлигини (яъни, паблик рилейшнзни – Т.Э) тўла намоён этиши мумкин»4.

Демак, «Паблик рилейшнз»–«Жамоатчилик билан алоқалар» моҳиятан дунёвий фан сифатида бизнинг ҳам илмий-маънавий хазинамизни бойитишга хизмат қилади. Зотан, Сэм Блэкнинг эътироф этишича, бу фан ўнта асосий мақсадга йўналтирилган:

  1. Жамоатчилик фикри.
  2. Жамоатчилик муносабатлари.
  3. Ҳукуматлараро алоқалар.
  4. Ижтимоий ҳаёт.
  5. Саноатдаги муносабатлар.
  6. Молиявий алоқалар.
  7. Халқаро алоқалар.
  8. Истеъмолчилар билан муносабатлар.
  9. Статистика ва тадқиқот.
  10. Оммавий ахборот воситалари5.

Кўриниб турибдики, ривожланган давлатларда жамоатчилик билан алоқалар соҳасида муайян тадқиқотлар, илмий кашфиётлар, назарий билим ва амалиёт борасидаги тажрибалар етарли. Тўпланган тажрибаларни жаҳон андозалари сифатида қабул қилиш ва қўллаш эса фойдадан ҳоли бўлмайди.

Хўш, ушбу фанлараро фаннинг бугун чинакам тараққиёт босқичи сари одимлаётган мамлакатимиздаги ўрни қандай? Аминмизки, бу фан амалий жиҳатдан бизнинг республикамизда ҳам ўзига хос воқеликка айланиб кетган. Яъни, амалда жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик муносабатлари, ҳукуматлараро алоқалар, саноат соҳасида, молиявий, истеъмолчилар билан муносабатлар, статистика ва тадқиқот масалалари тегишли идоралар ҳамда мутасаддиларнинг эътиборларидан четда қолаётгани йўқ. Барча фанлар моҳиятини илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этишга йўналтирилган «Паблик рилейшнз» – амалиётда ҳам юксак мавқега эга. Буни республикамиздаги вазирликлар, компаниялар, корпорациялар, ҳокимлик ва ташкилотларда фаолият кўрсатишаётган матбуот хизматлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда савол туғилиши табиий: «Матбуот хизмати» нима ва у қандай фаолият кўрсатади? Матбуот хизматининг ОАВ билан муносабатлари қай тариқа амалга оширилиши мумкин? Бу саволларга қуйироқда атрофлича жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало халқимиз – замондошларимиз, талабаларимиз, ёш авлод айнан шу дунёвий фан сирларидан баҳраманд бўлишга қандоқ эришмоқда ва у бизга нима беради, деган ғайриоддий саволга жавоб топайлик.

1991 йил 31 августда давлат мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон Республикаси учун дунё эшиклари ланг очилгани асрий орзуларимиз рўёби эди. Дунё эшиклари қандай эзгу мақсадларда очилган бўлса, ундан самарали фойдаланиш ҳаёт тақозосига айланган. Зеро, жаҳон андозаларига мос кўпгина воқеликлар турмуш тарзимизга ўзгача руҳ олиб кирмоқда. Дунёвий илмлар маънавий хазинамизни бойитишга хизмат қилаётир. Эндиликда дунёвий фанлар қатори «Паблик рилейшнз» – Жамоатчилик билан алоқалар фани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, қатор олий ўқув юртларида, хусусан, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетларида ўқитилмоқда.

Журналистика факультетларида ташкил этилган «Оммавий алоқалар ва реклама» ҳамда «Интернет журналистикаси» кафедраларида бу фан сирларини янада пухтароқ ўргатилиши учун мутахассис-ўқитувчилар, тадқиқотчилар тинмай изланмоқдалар. Филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминовнинг «Паблик рилейшнз: история и теория» – «Паблик рилейшнз: тарихи ва назарияси» ўқув қўлланмаси, филология фанлари номзоди, доцент Нодир Ғаффоровнинг маърузалари матнидан иборат «Жамоатчилик билан ишлаш — Паблик рилейшнз» тўплами, доцент Қудрат Эрназаров раҳбарлигида нашрга тайёрланган «Репортёрлик фаолиятининг назарияси ва амалиёти» ўқув қўлланмасининг «Оммавий алоқалар» деб номланган 4-боби, шунингдек, ушбу мавзудаги изланишлар, илмий-назарий мақолалар дорилфунун талабалари учун муҳим қўлланма бўлаётир.

Умид қиламизки, дунёвий фан ҳисобланмиш «Паблик рилейшнз» – «Жамоатчилик билан алоқалар» бизда ҳам ўз илмий жамоатчилигини кашф этаверади. Бу илмий жамоатчилик эса аввало юқорида номлари қайд этилган – илмий-назарий манба саналмиш адабиётларни она тилимизга таржима қилиш баробарида ўз назариялари, илмий кашфиётларидан иборат дарсликлар, ўқув қўлланмаларни яратади. Бу саъй-ҳаракатлар шу мўъжиза фаннинг юртимизда янада равнақ топишига хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

«Паблик рилейшнз» – «Жамоатчилик билан алоқалар»нинг моҳиятан – фанлараро фан, дейишимизга тўла асос бор. Буни унинг амалиётидан ҳам яққол англаш мумкин. Таҳлил этиб кўрайлик: жамоатчилик билан алоқалар, деганимиз қандай маънони англатади? Ўз номиданоқ кўриниб турибди-ку! Жамоатчилик билан алоқалар – турли соҳа, касб эгалари, турфа фанларга дахлдор кишилардан ташкил топган жамоатчиликнинг ўзаро алоқаларидир.

Маълумки, ҳар бир соҳа муайян фан асосига қурилган. Унинг назарий асоси ўша фан билан белгиланади. Ижодий соҳанинг заминида адабиёт турса, кимёсаноат соҳасининг асл пойдевори – кимё фанидир. Ишлаб чиқариш соҳаларининг назарий асослари ҳам қайсидир фанларга дахлдор. Муайян соҳаларни республика миқёсида бошқарувчи идоралар эса моҳият-эътиборига кўра вазирлик, уюшма, корпорация, компания, ташкилот ва ҳоказолар ҳисобланади. Демак, ўша идораларнинг жамоатчилик билан алоқалари – уларга назарий асос бўлган фанларнинг ҳам алоқалари демак. Худди шу нуқтаи назардан олиб қаралганда «Паблик рилейшнз» – фанлараро фан ҳисобланади.

Ҳар бир фаннинг ўз тарихи, илм-маърифат бўстонида ўрни, салоҳияти бўлади. «Паблик рилейшнз» – Жамоатчилик билан алоқалар фани XX-аср бошларида АҚшда пайдо бўлган эди. Албатта, янги фан ҳақида дастлаб турли баҳс-мунозаралар бўлган ва бу ҳол ҳозиргача давом этиб келаётир. Дастлаб «Паблик рилейшнз» фани Журналистика факультетларида ўқитила бошлаганлиги сабабли уни кўпчилик журналистикага оид, яъни филологияга дахлдор фан деб ҳисоблаб келмоқда. Аммо «Паблик рилейшнз» (ПР) соҳаси мутахассисларининг фикри бошқача. Улар ПРни ижтимоий, қолаверса, фалсафага оид фан деб ҳисоблашади. Моҳиятан уни социология, журналистикага мансуб фан дейишга ҳам асос бор.

ПР фанининг асосчиси деб америкалик олим Эдвард Бернайз тан олинган. У 1923 йилда ПР соҳасида биринчи илмий манба бўлмиш «Ижтимоий фикрнинг такомиллашуви» («Кристаллизация общественного мнения») деб номланган китобини чоп этди. Бернейс ПР ҳақида шундай деб ёзади: «Паблик рилейшнзнинг базаси бўлиб ижтимоий фикрлар хизмат қилади, асло журналистика эмас. Чунки жамоатчиликнинг ҳаракатига (инглиз манбаларида «хулқига» деб талқин этилган. – Таъкид бизники – Т.Э.) таъсир этишни фақат кенг доирадаги ижтимоий фанлардан фойдаланибгина амалга ошириш мумкин лекин том маънодаги филологик фанлар ёрдамида эмас»6.

Ҳақиқатан ҳам жамоатчилик билан самарали алоқалар ўрнатишни фақат жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш орқалигина амалга ошириш мумкин. Жамоатчилик фикрини ўрганиш, билиш ва ундан фойдаланиш эса кўпроқ социология фанининг мақсади ва вазифаларидандир. Журналистика ахборот билан ишлайди. Аммо ахборот билан ишлашнинг ўзигина жамоатчилик билан алоқалар фанини биратўла филология фанлари сафига ўтказа олмайди. Чунки, биринчидан, бугунги кунда ахборот алмашинуви масалалари билан барча фанлар вакиллари фаол шуғулланмоқдалар, иккинчидан, паблик рилейшнз журналистика учун жуда муҳим бўлган тил, услуб ва жанрлар масалаларига кам эътибор беради. Шундан хулоса чиқаришимиз мумкинки, гарчи «Паблик рилейшнз» –Жамоатчилик билан алоқалар фани бугунги кунда кўпроқ Журналистика факультетларида ўқитилса ҳам филологияга нисбатан социология фанига яқинроқдир, дейишга ҳақлимиз.

Энди бевосита амалиётга ўтайлик. Дейлик, «Ўзкимёсаноат» уюшмаси ўз фаолиятида сўзсиз жамоатчилик билан алоқада бўлади. Керак бўлса, мазкур уюшманинг матбуот хизмати вақти-вақти билан ОАВ билан учрашувлар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари уюштиради. Демакки, бу ерда «Жамоатчилик билан алоқалар» фани амалиёти туфайли мазкур уюшма ўзгалар билан алоқа ўрнатади. Шу туфайли уюшма ўз жамоатчилигига эга бўлди. Ўз навбатида бошқа соҳалар ҳам у билан шундай алоқа, муносабатлар ўрнатиши табиий.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг равнақ топиши жамиятга амалда нима бериши мумкинлиги ҳақида изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Икки ёки ундан кўпроқ кишининг, бинобарин, турли соҳа кишиларининг, жамоаларнинг ўзаро яқинлашувидан, ҳамфикр, ҳамқадам ҳамда маслакдош бўлишидан манфаат кўрмайдиганлар топилмаса керак. «Паблик рилейшнз» фанининг амалиётдаги асл мақсади ҳам, ўз олдига қўйган вазифаси ҳам шу!..

Сўнгги йилларда республикамизда жамоатчилик билан алоқалар ўзига хос равишда равнақ топаётир. Буни вазирлик, ташкилот, муассасалардаги Матбуот хизматларининг фаолиятлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Хўш, «Матбуот хизмати» нима ва у қандай фаолият кўрсатади? Матбуот котибининг вазифалари нималардан иборат? Умуман, бирор вазирлик ё ташкилот «Матбуот хизмати»да фаолият кўрсатувчи кадрлар қаерда тайёрланади? Бу соҳа сирларини қандоқ эгаллаш мумкин? Бу каби саволларга энди илмий-назарий нуқтаи-назардан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам мухтасар жавоблар бисёр.

2001 йил мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Академиясида вазирликлар, корпорация ва компаниялар матбуот хизмати раҳбарларининг семинар-тренинги ўтказилган эди. Унда иштирок этган АҚШлик давлат ишлари ва коммуникациялар бўйича мутахассис Маргарет Х. Салливан хоним томонидан тақдим этилган «Масъул матбуот хизмати» тўплами кўпчиликнинг эътиборини ўзига жаб этганди. Тўпламда жамоатчилик билан алоқаларда ОАВ ва матбуот хизматининг тутган ўрни ҳақида қимматли фикрлар баён этилган: «ОАВ билан алоқалар бўйича вакил, шунингдек, сиёсатни белгиловчилар ўзлари таклиф қилган иш жамоатчилик билан ўзаро муносабатларга қандай таъсир кўрсатишини тушунишлари учун қарорлар қабул қилинишида иштирок этиши керак,– деб ёзади муаллиф.– Бордию ОАВ билан алоқалар бўйича вакил сиёсий қарорларни ишлаб чиқишда расмий вакил сифатида иштирок этмаган бўлса, у ҳолда мазкур сиёсий қарорнинг сиёсий мазмунини тушуниши ҳамда уни ОАВга изоҳлаб бериши қийин бўлади»7. Демак, хулоса шуки, бу соҳада ҳам мутасадди ходим аввало «Жамоатчилик билан алоқалар»нинг илмий-назарий асослари, қонуниятини пухта ўзлаштириб олса, бундай мушкул вазиятга тушмаслиги, пировардида эса, ўз олдига қўйган мақсадларига оғишмай эришиши мумкин.

«Паблик рилейшнз» – Жамоатчилик билан алоқалар амалиётда жуда муҳим ўрин тутишини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Дейлик, мамлакатимизда қонун чиқарувчи ҳокимият – Олий Мажлис фаолиятида ҳам жамоатчилик билан алоқалар нечоғли улкан аҳамият касб этаётгани кўриниб турибди. «Қонун жамиятнинг ривожланишидаги йўлга қўйилган ҳамма ижтимоий муносабатларнинг норма ва тамойилларини аниқлайди ва белгилайди,– деб ёзганди профессор Рустам Жумаев «Жойлардаги давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш ислоҳотларининг ўзбекона тажрибаси» сарлавҳали мақоласида.– Олий Мажлис жамиятнинг парламентар давлат-сиёсий қурилмасининг янги турини ифодалаб, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларни бошқаришдаги демократик ривожланишда содир бўлаётган сифат ўзгаришларни ўзида акс эттирган»8. Зотан, бугун Ўзбекистоннинг қонунлари жаҳон андозаларига мос, умуминсоний характерга эгадир.

«Паблик рилейшнз» нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ҳар бир ташкилот, ҳар бир соҳа, йўналиш ўз фаолияти ҳақида жамоатчиликка ахборот бериб туриши ва жамоатчилик фикрига таянган ҳолда иш тутиши тақозо этилади. Бинобарин, Олий Мажлис қабул қилаётган қонунлари лойиҳаси аввало матбуотда эълон қилинмоқда ва унга шак-шубҳасиз кенг жамоатчилик ўз муносабатларини билдирмоқда. Яъни, қонун чиқарувчи ҳокимият фаолияти жамоатчилик билан узвий алоқалар натижасида амалга ошмоқда. Демак, мамлакатимиз Парламенти жамоатчилик билан алоқалар борасида жаҳон андозаларига мос йўлни тутмоқда.

Шу нуқтаи назардан биз дунёвий фан ҳисобланмиш «Паблик рилейшнз» – Жамоатчилик билан алоқалар амалиётини республикамиз Парламенти, қатор вазирлик, компания, корпорация, уюшма, ташкилотлар фаолиятлари мисолида кўришимиз мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлган мустақил республикамизнинг бундан буён ҳам ҳар томонлама равнақ топишида жаҳон андозалари, илғор ғоялар қатори дунёвий фанлар муҳим ўрин тутади. Моҳиятан, жамоатчилик билан алоқалар назариясини ўргатадиган «Паблик рилейшнз» фани фанлараро фан сифатида пухта ўрганилиши ҳаёт тақозосидир.

 

Тўлқин ЭШБЕК

“Жамият ва бошқарув” журналининг 2003 йил 4-сонида ёритилган.

 

–––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––––

1.Каримов И.А. Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари. «Халқ сўзи», 2002 йил 30 август.

  1. «Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи органи: сохта вакилликдан ҳақиқий парламентаризмга қадар». Т.: «Ўзбекистон», 2001 йил, 85-бет.
  2. Сэм Блэк. Введение в Паблик Рилейшнз. С. Достов на-Дону, 1998 год. 3-бет.
  3. Ўша китоб, 6-бет.

5.Ўша китоб, 10-бет.

6.Почепцов Г.Г. «Паблик рилейшнз для профессионалов», Москва, «Рефа-Бук», 2000 г., 30 ст.

7.Маргерит Х.Салливан. Масъул матбуот хизмати. Тўплам. АҚШ Давлат департаменти Халқаро ахборот дастурлари идораси, 2002 й. 11-бет.

8 «Раҳбар ва ходим». Тўплам. Тошкент, «Академия нашриёти, 1998 йил. 28-бет.

You may also like...

14 Responses

  1. Assalomu alaykum. Bugungi kunda PR fan sifatida takomillashib borayapti. Bu fanning ahamiyati hozirgi kunda juda katta. Dunyoviy fanlarni o’quv muassasalarida o’qitilishi bu, zamon bilan hamnafas yurishga, rivojlanishga, bilm salohiyatimizni yanada oshirishga o’z hissasini qo’shadi. O’zMU Jurnalistika fakultetida ham «Паблик рилейшнз» fani chuqur bilmlar asosida o’tilyapti.

  2. Aziza Davlatova:

    Bugungi kunda Yurtimizda erkin va ozod, demokratiyaning barcha ko’rinishlarini o’zida namoyon etadigan fuqarolik jamiyati barpo etarkanmiz, bunda OAV ning, televidenie va boshqa qator axborot vositalarining o’rni beqiyosdir. Jamiyatdagi har bir shaxs va fuqaroning siyosiy va huquqiy ongini yuksaltirishda OAVning roli beqiyosdir.

  3. Assalomu alaykum ustoz! Sizga katta rahmat. Mazkur maqola orqali nafaqat «Public relations» haqida ma`lumotlar, balki bir qancha adabiyotlar ro`yhatini ham bilib oldik. Shaxsan o`zimning bu fanga qiziqishim katta. Boisi, bu fan insonni ijodkorlikka, yangi g`oyalar yaratishga, muomila madaniyatining rivojlanishiga, auditoriya psixologiyasini o`rganishga ya`ni kuzatuvchanlikka o`rgatadi.

  4. Assalomu alaykum ustoz! Sizga katta rahmat. Mazkur maqola orqali nafaqat «Public relations» haqida ma`lumotlar, balki bir qancha adabiyotlar ro`yhatini ham bilib oldik. Shaxsan o`zimning bu fanga qiziqishim katta. Boisi, bu fan insonni ijodkorlikka, yangi g`oyalar yaratishga, muomila madaniyatining rivojlanishiga, auditoriya psixologiyasini o`rganishga ya`ni kuzatuvchanlikka o`rgatadi.

  5. Jurnalist ishida ko’pincha og’zaki manbalarni topish osonroq va muhimroqdir.Har bir idora korxona tashkilot muassasa o’zi uchun yangi habarlarni ayta oluvchi odamlarni izlaydi va topishga harakat qiladi

  6. Bu maqola orqali «Public relations» to’g’risidagi ko’pgina ma’lumotlarga ega bo’ldim. Bu kabi fanlarni o’tilishi talabalarning ongini, ijodkorlik salohiyatini oshiradi. Ustoz katta rahmat! «Public relations» haqida u qadar to’liq ma’lumotga ega emasdim. Maqolani o’qib meni qiziqtirgan ma’lumotlar bilan tanishdim.

  7. Avvallari «reklama» va «Public relation» tushunchalari bir xil vazifani o’taydi deb o’ylardim. » Axborot xizmatlari» fanining o’tilishi ularning bir-biridan farqlab olishimga katta samara berdi. Buning uchun ustoz sizga katta rahmat aytaman!

  8. Bugun fanlararo fanga to’la tukis axborot xizmatlari fanini kiritishimiz mumkin! Shuning uchun bu fanni kengroq urganmoq maqbuldir!!!

  9. Durbek RAHMONOV:

    Kundan kun muhimligini sezib borayapmiz ushbu fanning. Hali fankar otasiga aylanib ketmasa..)))

    • Shoxboz Saidov:

      To’g’ri aytasiz Durbek bu soha vakillari soni AQSHda allaqachon jurnalistlardan oshib ketgan va bu uning riviju qay yo’sinda ekanligidaligini ko’rsatadi.

  10. Shoxboz Saidov:

    Bu sohani yurtimizda rivojlanishi ko’p hollarda iste’molchilarga sifatli va btovarlarni yetib borishini ta’minlaydi.

  11. Sherbek Boboqulov:

    Maruzaning prezidentimiz fikrlari bilan boshlangani odamni hayajonga solib yubordi, ustoz!

  12. O’zida ko’plab fan tarmoqlarini rivojlantirgan va rivojlanishiga hissa qo’shyapti bu fanimiz. Boshqa oliy o’quv yurtlariga ham alohida fan sifatida kirtilsa ham juda zo»r ish bo’larfi menimcha?

  13. Olmosovaning gapida jon bor! Shunday qilinsa, barchaga tanish sohamizning, notanish qirralari oydinlashgan bo’larmidi…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>