Шерали Жўраев санъати жозибаси

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён у саҳналардан,

телевизордан бир зум четлатилмаганида борми, шунча даврда шаклланган ёшлар онгида ғоявий бўшлиққа ўрин қолмасди! Ёшлар том маънода она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳи ҳамда чинакам одамийлик туйғулари билан камолга етарди, дейди Дониш домла ахборот-психологик хавфсизлик бўйича ёшларга сабоқ бераётган мутахассис сифатида.

Устоз журналист Шарофиддин Тўлагановнинг қуйидаги мақоласини ўқиганлар бунга албатта ишонч ҳосил қилади.

шер1

Улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраев санъатидан миллионлаб мухлислари ҳақли равишда фахрланадилар. Мингга яқин дилтортар қўшиқларининг ҳар бири қалбимизга муҳрланиб қолган. Ким нима деса десин-у Ватан хақида Шерали Жўраевчалик ҳеч бир саньаткор қўшиқ яратмаган. Мустабид тузум даврида халқимизни руҳлантирувчи ватан хақида яратилган қўшиқлар орасида сўзсиз Шерали Жўраевники алоҳида ажралиб туради. “Шерларнинг макониданман” деган қўшиғи ёдингиздами? “Осиё устида маъшал, Ўзбекистон дейдилар” қўшиғи-чи?

Сен агар буғдой-бошоқ бўлсанг, сомонингман, Ватан.

То абад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан , дея куйлаган хофиз ҳар биримизнинг дардимизни созга солмадимикан?!.

Ёки унинг

Бир улуғ эл бор жаҳонда, кенг тиниқ осмони бор.

Олам аҳлин оғзида айтилмаган достони бор.

Одамийлик мактабин минг йиллар аввал битказиб,

Бор овоз-ла “Мен” дейишга, ушбу кун имкони бор.

Халқи озод бўлди, энди юрт ҳам обод бўлғуси.

Катта карвон йўлга чиқди,тўғри йўл сарбони бор.

Ҳақ таолло раҳматидин, ушбу кун ҳурдир элим,

Ҳеч ғаним топтаб босолмас, ким улуғ посбони бор.

деган қўшиғи хеч кимни бефарқ қолдирмаган эди.

Шерали Жўраев ижросидаги “Дунё кезиб изласам, ўхшаши топилмагай.Гуллаган водийлари гўзалликка андоза. Иймони пок элимнинг йўллари бойланмагай. Она юрт Ўзбекистон олтинга топилмагай” қўшиғини тинглаган инсон борки, шу юрт фарзанди эканидан фахр туйғусини ҳис қилган.

Шерали Жўраев Ватан хақида дард билан ёзилган ҳар бир шеърни қўшиқ қилишга интилган. Ойбекнинг шеърларини қўшиқ қилиб бўлмайди, дейишади. Аммо Шерали Жўраев бунинг уддасидан чиқди:

Бир ўлка-ки, тупроғида олтин гуллайди.

Бир ўлка-ки, сал кўрмаса қуёш соғинар.

Бир ўлка-ки, қишларида шивирлар баҳор.

Менимча Шерали Жўраевдан бошқа бирор бир саньаткор қайта Ойбек шеъриятига мурожаат қилмаган бўлса керак. Балки камина бехабардир. Бунинг учун узр.

Мана бу қуйидаги сатрлар ёдингиздами?

Жаҳонда менн туғилган ўлкадек ҳеч бир диёр бўлмас.

Ватан севмоқдин отиқ менга оламда шиор бўлмас.

Ватанни севмаган инсон жаҳонда бахтиёр бўлмас.

Тўйиб боққил, бу юрт хуснига кўнглингни чоғ этгил.

Ўзбекнинг ўғлиман деб қил ғурур, кўксингни тоғ этгил.

Боболар маскан этган бул азиз тупроқни боғ этгин.

Ярашгай ифтихор этсанг ки ортиқ ифтихор бўлмас.

Ватан ёди эрур қалбимда бўлсам-да сафарларда.

Жамолига тўйолмасман кезиб қишлоқ шаҳарларда.

Мустақиллик йилларида куйланган “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир” сатрларида айни хақиқат акс этганини тан олиш керак.

Бахту толеини қидирган одам

Олис йўлга чиққан юртдошим омон

Бардам бўл ҳорима, дадил қўй қадам

Илойим йўлларинг бехатар бўлсин.

Бу йўлда топганинг ҳалолинг бўлсин.

Шерали Жўраев мустабид тузум даврида ижод қилган, аммо унинг партия хақидаги қўшиқларни нафақат микроскоп, балки телескопда қидириб ҳам толполмайсиз.

“Кетма баҳор” қўшиғида “бу юртда ётар отам, ёвқур элатдошлари” қўшиғини тинглаб, томирингиздаги қон уфуриб кетиши аниқ. Шахсан ўзим бу қўшиқни қайта-қайта тинглаб, асло тўймайман. 1996 йилда “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиғини “Туркистон” саройида бўлиб ўтган репитиция вақтида эшитган эдим. Кейин ҳозирги “Истиқлол” концерт саройида бўлиб ўтган йирик тадбирда ҳам бу қўшиқ янгради.

Кимларгадир ҳавас бизнинг шуҳратимиз- шонимиз

Саънатдаги маҳорату бу қадар имконимиз.

Кимларгадир керак билинг ёлғизгина жонимиз

Ерни она, қуёшни Сиз дояларга ўхшатинг.

Асрларнинг қаъридан куй,оҳанг келар кон оқиб

Бобур йиғлар симлар оро олис Ҳиндудан боқиб

Нодиранинг армон тўла мисрасига ўт ёқиб

Бизни ҳеч ким айтаолмаган нолаларга ўхшатинг.

Юракда ишқ, гўзал армон, олисларда нигоҳлар

Кескир қилич, оханг эса фалак багринг тароқлар

Тебрансангиз кўз ёшлардан ялтираса дудоқлар.

Бизни ўша бургут қўнган қояларга ўхшатинг.

Турғай мисол еру кўкдан илхом олган ,завқ олган

Кўкка очиб кўксин, сўнгра она ерга кайтаолган.

Юз йилда бир туғулармиш эл дардини айтаолган.

Айта олсак энг покиза ғояларга ўхшатинг.

Кўксим узро урилиб акс садо берар қўшиқлар

Олам узра тараларкан бунга йўқдир тўсиқлар.

Олис йулдан карвон келар тинглар дўсту содиқлар.

Қўшиқни сиз оқ тонгда оқ сояларга ўхшатинг.

“Ўзбегим” ва “Инсон” қасидаларидан бошқа қўшиқ ижро этмаган тақдирда ҳам Шерали Жўраев инсоният ва халқимиз олдидаги вазифасини адо қилиб бўлган эди.Мана шу икки қўшиқни тинглаганим учун ҳам ҳаётга келганимдан миннадорман. Ҳеч бир муболағасиз айта оламанки, бу қўшиқлар орқали Аллоҳни танидим, ўзлигимни англадим. Ўзбеклигимдан, мусулмонлигимдан фахрландим.

Бир сўз билан айтганда Шерали Жўраев хақида фақат илиқ гапларни айтиш мумкин. Хофизнинг ўзи куйлаганидек:

Эй дўст, қанча йўлни босиб қўйдик, биз.

Келиб бу дунёга не қилдинг, деса

Одамга одамлик қилиб қўйдик биз.

Фото Шарофиддина Тулаганова.

Шарофиддин Тўлаганов,
«Уч илдиз» маҳорат мактаби амалиёт мураббийси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>