Янги ишчи ўрин яратаман деган тадбиркорларга кенг йўл очиш керак

ЎзМУ Ахборот хизмати: Фарғонадан муҳим хабарлар

гур2 гур1

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги айнан ушбу фикри Марғилон шаҳар “Гўри аввал” маҳалласи аҳолиси ўртасида Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари иштирокидаги учрашувда кенг муҳокама қилинди.

– Мен Юртбошимизнинг ушбу фикрларида мамлакатимизнинг турли минтақаларида тадбиркорлик билан шуғулланаётган барча инсонлар дилидаги эзгу ниятларнинг ифодаси деб биламан,– дейди маҳалла фуқароси хусусий тадбиркор Абдураҳмон Абдураимов.– Мурожаатномада тадбиркорликнинг ривожланмаётганига давлат идораларини ўзи йўл қўймаётгани, банклар билан тадбиркорлар ўртасида ишончли ҳамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани менда келажакка яна ишонч билан қарашимга умид беряпти. 2017 йил март-декабрь ойларида Асака банкнинг ҳудудий бўлинмасига узлуксиз қатнаб, бизнес режамда мавжуд меҳнат майдонидаги ишчи ўринларни икки баробар кўпайтириш ниятида гаров учун кўчмас мулк ҳужжатлаштирганимга қарамай, бунда маҳалла фуқаролар йиғини раиси катта кўмак бериб, мен билан бирга турли идораларга югурганига қарамай ҳам кредит ололмадим. Шу боис ҳам Президентимизнинг Мурожаатномасидан кейин маҳаллий банк тузилмалари бизга ҳам жиддий эътибор қаратиши вақти келди деб ҳисоблайман.

Тадбиркорнинг куюнчаклик билан гапирганида жон бор. Ёшлар бандлиги масаласини ижобий ҳал этишда Абдураҳмонжонга ўхшаган тадбиркорларга маҳалла катта ишонч билан қарайди. Чунки маҳалладошларини иш билан таъминлашдек савобли ишга қўл ўриш шижоат ва мустаҳкам ирода талаб қилади. Бунга эса маҳалланинг шаҳар маҳалла фуқаролар йиғинлари орасида жамоат тартиб интизомини таъминлашда, жиноятчиликни олдини олишда етакчилик қилиши ҳам кўмак беради.

Тадбир доирасида ЎзМУ профессор-ўқитувчилари билан савол-жавоб жараёнида маҳалла фуқароларидан Олимжон Назиров, Исмоилжон Абдуллаев, Мовлудахон ая Болтабоева ва бошқалар ҳарбий ва фуқаролик олий таълим муассасаларига ўқишга кириш, ногиронлиги мавжуд инсонларга арзон уй-жой ажратиш, болалар учун имтиёзли ижтимоий тўловларни олиш тартиби хусусида ҳам маълумотлар берилди. Тадбирда иштирок этган фуқароларнинг билдирган фикр-мулоҳазалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғини шаҳар кенгаши раиси Шовкат ака Эрматов ҳам тегишли маълумотлар берди.

Дарҳақиқат, Мурожаатномада халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй жойларни қуриш лойиҳаси амалга оширилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.Ўтган йили шаҳар ва қишлоқларимизда 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий ва кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бу лойиҳанинг Фарғона шаҳри бўйича 2018 йилда амалга оширилиши бўйича ҳам иш режаси ишлаб чиқилгани гапириб ўтилди.

– 2017 йилни мамнуният билан кузатдик, чунки ўтган йил нафақат ҳокимиятнинг халққа, балки халқнинг ҳам ҳокимиятга билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифлари йилига айланди. У том маънода инсон манфаатлари йили сифатида тарихимиздан жой олди,– дейди нафақахўр С.Златогорская.– Мен бутун умр Ўзбекистонда яшадим, ишладим, нафақага чиқдим. Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатларида аҳоли маоши, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни босқичма — босқич ошириш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу эса эртанги кунимга ишонч билан қарашимга, набираларим ва эварамнинг келажаги шу замин билан боғланишига катта умид бағишлайди.

Тадбир давомида Мурожаатномада таъкидланган Ёшларга оид давлат сиёсатининг устивор йўналишлари хусусида ҳам алоҳида фикр алмашинилди. Жумладан, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар хорижий тенгдошлари билан илм фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда мулоқот ўрнатишлари учун Ўзбекистон ёшлари халқаро Ассоциациясини ташкил этилиши жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Имконияти чекланган ёшларнинг ижтимоий адаптацияси борасида Фарғона вилояти бўйича Ёшлар иттифоқи амалга ошираётган ишлар ҳам таҳлилга тортилди. Хусусан, турли кўриниш ва даражадаги ногиронлиги мавжуд ёшларга ижтимоий ҳимоя, уй жой, иш ўрни билан таъминлаш масалалари бўйича аниқ йўл-йўриқлар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Тадбирда 2018 йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинганлиги эътироф этилди. Бу маънода Фарғона вилояти аҳолиси ва иқтисодиёти учун долзарб ҳисобланган муқобил энергия манбалари хусусида фикр алмашилди. Учрашувда иштирок эган мутахассислар фикрига кўра, Фарғона водийси иқлими учун хос ва мос бўлган шамол айланаси технологиясини ҳозиргача Ғарбий Европанинг қатор мамлакатлари дунё бозорига етказиб беради. Аммо ушбу инновацион ишланмани республикамиз ёш олимлари Ватанимизнинг турли минтақалари иқлимига мослаштириб, дуне бозоридаги таннархи деярли икки баробар арзон ишлаб чиқилиши устида жиддий изланишлар олиб бораётганлари эътироф этилди.

Маҳалла фуқароларидан М. Камолова, Л Семизорова, О.Шодмонова, Ф.Қорабоевлар маҳаллада бандлик масаласи ечими, миллатлараро тотувликни таъминлаш, нафақага чиққан, болалар ва ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиши бўйича билдирга қимматли фикрлари маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан қўллаб қувватланди. Хусусан, болалар учун махсус майдончаларни барпо этиш таклифи барча фуқароларга маъқул келди.

Мурожаатномада суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш, “хабеас корпус” институтини қўлланишини жорий этиш ва тергов олиб боришда суд назоратини кучайтиришга алоҳида диққат қаратилган. Маҳалла фуқаролари билан ҳуқуқ тартибот тизими кўп тармоқли соҳа экани, “хабеас корпус” институти мазмуни ва мақсадлари хусусида ҳам мулоқот олиб борилди.

Юртбошимизнинг парламентга Мурожаатномасида энг аввало, юрт, халқ қайғуси, миллат келажаги ўз аксини топган. Бизнинг маҳалламиз аҳолиси буни тўла тушингани, руҳиятида янги куч пайдо бўлгани ҳар бир гурунгда, ҳар бир учрашувда эътироф этилмоқда,– дейди Шароф Рашидов номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси К. Турғунбоев.– Умид қиламанки, кўтаринки кайфият янги йилда ҳам бизнинг ишларимизга тамал тоши бўлади. Зеро, Ватанимизни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари сафига киришида ҳар биримизнинг ҳиссамиз салмоқли бўлиши керак. Бу йўлда белни боғлаб, чарчамасдан ишлайлик.

Ёқутхон Маматова,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти, филология фанлари доктори

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>