Адабиёт бўстонида янги адабий жанр яратилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир

Сафар Оллоёр бадиий адабиётда янги жанр бўлган зарбулдостонга асос солди. Бу янгилик Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 2018 йил 25 май куни расмийлаштирилди: зарбулдостон адабиётдаги илк жанр сифатида рўйхатга олиниб, муаллифга бу ҳақда тегишли гувоҳнома берилди.

Қайд этиш керакки, ушбу гувоҳнома муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги Бутунжаҳон конвенциясига (Женева) аъзо бўлган 167 та давлатда расман тан олинади. «Одам ва Омад» номли ушбу зарбулдостон яқинда «Академнашр» нашриёти томонидан 2500 нусхада чоп этилган.

Мазкур зарбулдостонга филология фанлари доктори, профессор Нўъмон Раҳимжоновнинг “Юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар ифодаси” сарлавҳали сўзбошиси, таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошнинг “Янги ижодий ҳодиса”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Шарафли журъат”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши аъзоси Муҳиддин Омоннинг “Ижодий имкониятлар намойиши”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши аъзоси Ойгул Суюндиқованинг “Журъатли асар”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши аъзоси Ҳумоюн Акбарнинг “Катта жасорат” ҳамда таниқли шоир ва ҳуқуқшунос Ҳол Муҳаммад Ҳасаннинг “Қойилмақом асар” номли адабий тақризларида зарбулдостоннинг ўзига хос услуби, композицияси, эътиборли жиҳатлари алоҳида таъкидланган.

Ҳақиқатан, ушбу янги жанр бўлган зарбулдостон адабиётда жиддий янгилик сифатида баҳолашга муносибдир. Зарбулдостонда профессор Нўъмон Раҳимжонов шундай ёзади: “Бадиий-эстетик тафаккур маданиятида туркумлик, туркумлаштириш принциплари, туркумлик турлари ва хиллари сингари масалалар ўз тадқиқотчисини кутмоқда. Хусусан, туркумга мансуб достонларнинг ғоявий-эстетик йўналиши, бадиий тасвир воситалари, қаҳрамонлар тизими масаласи, умуман, адабиётимизнинг барча тур ва жанрларида (наср, назм, драматургия) туркумликнинг асос илдизлари, генезиси, бир сўз билан айтганда, достончиликда туркумликнинг тарихий, даврий тараққиёт қонуниятларини таҳлил ва тадқиқ этиш адабиётшунослик илмимизнинг галдаги муҳим вазифалари сирасидандир.

Шунингдек, ушбу зарбулдостонда таниқли шоир ва ҳуқуқшунос Ҳол Муҳаммад Ҳасаннинг: “Мен бу асарлардан жуда қувониб жунбишгаям келдим, чунки биз эътибор қилмай юрган орамиздаги шоир каттагина файласуф экан ўз-ўзидан. Шеърий шаклларни шунақанги бадиий маҳорат билан келтирибдики, уларнинг ҳар бири билан достонни охирига етказиш – жудаям машаққатли иш. Ҳатто айримлари мутлақо янгича назмий шакл бўлибди. Бундай оригинал шаклий изланиш Европа шеъриятида бор эди: “Спенсер банди” деган шеърий атама анчайин машҳур – XVI аср намоёндаси бўлган атоқли шоир Эдмунд Спенсернинг абаббсбсс тарзида қофияланадиган чиройли ва мураккаб банди ҳали-ҳамон ўз нуфузини сақлаб келмоқда.

            Сафар Оллоёр эса “Тилсиз Тилсим” достонида абаббв, гдгддв… тарзида янги шеърий бандни адабиётга тақдим этаяпти – бу қувонарли адабий ҳодиса. Энг қизиқарлиси, бу бандларнинг охирги сатри – в тарзида муттасил ва изчил қофияланган ҳолда сўзлар бир-бирини зинҳор такрорламаган. Бунақаси ҳали адабиётда учрамаган эди! Шунингдек, “Ҳайқириқ” достонидаги абааб шаклидаги қофияланиш тизими ҳам юксак мақоми ва кўтаринки шеърий оҳанги билан ўқувчи эътиборини ўзига жалб этади.

            Умуман, мазкур зарбулдостоннинг ичкарисидан узвий “чизиқлар” шунақанги нафис ва пишиқ бадиий йўл билан ўтганки, ҳали умуман шеъриятда учрамаган оригинал услуб – Сафар Оллоёр услуби бўлиб қолган.

            Менинг назаримда, бу достонларнинг ҳар бири жуда мукаммал тарзда ёзилганлиги билан қойилмақом адабий-бадиий хусусиятларга эга.” – деб таъкидлайди.

Адабиётшунослик илмимизнинг катта билимдони, атоқли олим, профессор Қозоқбой Йўлдош эътирофи ҳам эътиборлидир: “Одам ва Омад” асарини ўқиганларнинг кўпчилиги унга зарбулдостони нимаси тағин, шунақасиям бор эканми дегандай қарадилар. Аслида бирор битикнинг қандайлиги унинг тасаввуримизга мос келиш-келмаслиги билан белгиланмайди. Эътиборимизга саккиз достон қўшилувидан ҳосил бўлган битта зарбулдостон асари ҳавола қилинган. Битикнинг яхлитлиги нимада? Саккиз бутунликни ўзаро бирлаштириб турувчи моҳият нимадан иборат? Бу достонлар саккизлигида нима бор ўзи? Улардаги тасвир ўқирманга нимаси билан қизиқарли ва бадиий-эстетик жиҳатдан аҳамиятли? Битикни ўқиш асносида шу саволларга жавоб изланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқирман ҳам, синчи олим ҳам асардан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани қидиргани маъқул.

Адабиётимиз тарихида масални масалга қўшиш орқали юзага келган “Зарбулмасал” асари бўлган эди. Сафар Оллоёр достонни достонга қўшиш йўли билан зарбулдостон жанридаги кенг қамровли битикни дунёга келтирибди. Асарда миллий руҳият кишанланган Кечадан ўзлиги ёғдуланган Бугунга ўтаётган чоғдошларга хос туйғу ва ўйларнинг жилвалари бадиий ифода этилади.

Одам ўз ўйларини бошқаролмайди. Аксинча, у доим ўйлари етовида юради. Масалан, ҳозир сув ҳақида ўйлаб ўтирган киши бир пасдан сўнг, ўзи билмаган ва истамаган ҳолда, қандайдир китоб тўғрисидаги хаёлга ўтиб кетаверади… Шоир замондошларимизнинг ана шундай омонат ва ўткинчи ўю туйғуларидаги тийиқсизликни, эзгу сифатлар ва ҳолатларини, руҳият манзараларини шеърий йўлда кўламли бадиий ифода этишни ният қилган ва жуда кўп ўринларда бунинг уддасидан чиққан.

Сафар Оллоёр асарида Оламнинг қай бир пучмоғида кун кечираётган Одамнинг кўнгил жилваларини теран ва ишонарли бадиий акс эттириб, унинг бахту бахтсизлиги, қувончу қайғуси, ингроғу ҳайқириғи, фарёду нидосини таъсирли тасвирлай билган.

Хуллас, муаллиф шундай улкан монументал асар композициясини анъанавий услублардан фарқли равишда оригинал бадиий усулда – ҳис-туйғуларни қаҳрамон сифатида жонлантириб, улар орқали Одамнинг ботиний ва зоҳирий сифатларини рамзий-мажозий ва фалсафий йўсинда тўлақонли очишга интилган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу оламшумул янгилик кўплаб адабиёт мухлислари ва мутахассислари қатори турли соҳа вакиллари бўлган кенг аҳоли қатламларини – халқимизни ҳам хурсанд қилди.

Ўзбекистонимизда яратилган адабиётда янги жанр – илк зарбулдостон ҳаммамизга муборак бўлсин, азизлар. Яқинда унинг тўла матнини сайтимизда жойлаштирамиз, худо хоҳласа, ўқиб баҳраманд бўласизлар!

 Дониш домла

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>