Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асослари (2)

2-мавзу: Ахборот асрида мафкура ва Ўзбекистон журналистикаси

Режа:

  1. Миллий мафкурадан кўзланган мақсадлар.
  2. Ғоявий қарама-қаршиликлар моҳияти.
  3. Жамиятда ошкоралик ҳамда демократияни оммавий ахборот воситаларининг ўрни.

DSC08424

Жамият тараққиётида турли мақсад ва муддаолар хилма-хил мафкуравий воситалар билан амалга оширилади. Мутахассислар фикрича, мафкурадан кўзланган мақсадлар кўп. Инсонлар, халқлар ва жамиятлар ҳаётида танланган ғоявий йўналиш, миллий мафкура муҳим аҳамият касб этади. Мафкура бўлмаса, одам, жамият, давлат ўз йўлини йўқотиши муқаррар. Ҳар қандай мафкура қуйидаги асосий мақсадларни кўзда тутади:

– муайян ғояга ишонтириш;

– уюштириш;

– сафарбар этиш;

– маънавий руҳий рағбатлантириш;

– ғоявий тарбиялаш;

– ғоявий иммунитетни шакллантириш;

– ҳаракат дастури бўлиш.

Мафкура ўз олдига қўйилган шу каби мақсадларни бажара олсагина, амалий самара бериши мумкин.

Ҳозир дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олгани яхши маълум. Мутахассислар фикрича, мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлироқ бўлиб бормоқда. Бугунги кунда аксарият ривожланган давлатларнинг мафкураси умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланади. Уларда тинчлик ва тараққиёт, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлиги, миллий ва диний тотувлик ғоялари устувордир.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мафкуравий воситалар орқали ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар ҳам йўқ эмас. Тажовузкор миллатчилик ва шовинизм, неофашизм ва коммунизм, ирқчилик ва диний экстремизм мафкуралари шулар жумласидандир. Йигирманчи аср сўнгида рўй берган улкан ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, икки қутбли дунёнинг барҳам топиши натижасида нисбий мувозанатнинг бузилиши жаҳоннинг мафкуравий манзарасини тубдан ўзгартириб юборди. Инсон қалби ва онгини эгаллаш учун кураш хилма-хил ғоялар билан қуролланган, турли манбалардан озиқланадиган мафкураларнинг асосий мақсадига айланмоқда.

Шундай мураккаб шароитда мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётида иштирокига замин яратадиган ахборот эркинлигини таъминлаш ғоят муҳим ўрин тутади. Бугунги дунёда мислсиз илмий кашфиётлар, улкан техникавий имкониятлар, универсал технологиялар, ахборот тарқатишнинг глобаллашуви, яъни уларнинг бутун курраи заминни қамраб олиш жараёни шиддат билан бормоқда.

Интернет тизими орқали ахборот алмашув, бинобарин, ғоявий таъсир ўтказиш имкониятлари ҳам тобора кенгаймоқда. Аслида ахборот соҳасидаги глобаллашув инсоният учун, дунёнинг барча ҳудудларидаги одамларнинг ўзаро мулоқоти учун, илм-фан ва маданий бойликларни ўзлаштириш учун улкан имкониятлар яратадиган жараёндир. Бирон-бир ҳудуд ёки мамлакатда пайдо бўлаётган ғоялар тез фурсатда бутун жаҳонга ёйилмоқда. Натижада одамзот маълум бир давлатлар ва сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган, олис-яқин манбалардан тарқаладиган, турли мафкуравий марказларнинг босимини доимий равишда сезиб яшамоқда. Ўз мустақил фикрига, собит эътиқодига, мустаҳкам ирода ва дунёқарашига эга бўлмаган одам бунақа шароитда гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишда намоён бўлаётган мафкуравий тазйиқларга бардош бера олмайди.

Ана шундай мураккаб вазиятда миллий журналистикамиз олдига ҳам қатор вазифалар қўйилади. Бунда ОАВ биринчи галда жамиятда ошкоралик ҳамда демократияни таъминлашга хизмат қилиши лозим.

Демократиянинг муҳим белгиларидан бири бўлган ахборот ва сўз эркинлиги ҳуқуқи ўз тарихига эга. БМТ Бош Ассамблеясининг 1946 йилда бўлиб ўтган биринчи сессиясида «Ахборот эркинлиги тўғрисидаги масала бўйича халқаро конференция чақириш» деб номланган резолюция қабул қилиниб, унда «ахборот ҳуқуқи инсоннинг ҳеч қандай монеликсиз ахборотларни тўплаш, жўнатиш ва эълон қилиш имкониятларидан иборат» деган фикр илгари сурилди. Ахборот ва сўз эркинлиги бутун дунёда фуқароларнинг асосий шахсий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилди. Шундан буён ҳар йили май ойининг 3 санаси Жаҳон матбуоти эркинлиги куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатловчи норма мавжуд бўлиб, унга кўра «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир».

Мазкур конституциявий тамойилга мувофиқ, жамиятнинг зарур ахборотлардан хабардорлигини таъминлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари ва дастурлар қабул қилинди. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда «2002-2010 йилларда компьютерлаштириш ва ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш дастури» шулар жумласидандир.

Давлатимиз раҳбари фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ишларни танқидий баҳолаб, ОАВ ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, ОАВ фаолиятини назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган босимни бартараф қилишга доир масалаларни ҳал этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу масалаларнинг ечими сифатида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонун нормаларини янада такомиллаштириш, рақамли телерадиоэшиттириш тизимига ўтиш бўйича тадбирлар давлат дастурининг ишлаб чиқиш лозимлиги хусусида таклифлар билдирди. Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш ва уни ахборот соҳасига жорий этиш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларнинг ёрқин натижаларидан бири сифатида шуни кўрсатиш мумкинки, 1995 йил 29 апрель куни “.uz” домени рўйхатдан ўтгандан бошлаб унга жойлаштирилаётган веб-сайтлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2010 йил февралида Ўзбекистон интернет-ҳудудида 10 мингинчи веб-сайт қайд этилган бўлса, жорий йил сентябрь ойи ҳолати бўйича ушбу рақам 18,3 мингдан ошди.

2015 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида 1,4 мингга яқин оммавий ахборот воситалари, жумладан, 970 дан зиёд босма ва 100 электрон нашр рўйхатдан ўтган. 1991 йилги кўрсаткич билан таққослаганда, мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ сони 3,5 марта марта ошган. 53,4 фоиз босма оммавий ахборот воситаларининг муассислари нодавлат ташкилотлардир.

Телеканаллар тармоғи изчил кенгайиб бораётир. Сўнгги йилларда «Маҳалла», «Дунё буйлаб», «Маданият ва маърифат», «Оилавий», «Диёр», «Кинотеатр», «Болажон», «Uzreport TV» каби янги телеканаллар очилди. Ўтган йили янги «Менинг юртим» – «MY5» телеканали тест режимида эфирга узатила бошланди. Мазкур телеканаллар фаолияти ёшларни бунёдкорлик, яратувчилик руҳида тарбиялаш, уларда фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга қаратилган. 29 фоиз теле ва радиоканалларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари муассислик қилмоқда, 67 фоизининг муассиси эса нодавлат ташкилотларидир. Шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, интернет оммавий ахборот воситалари 304 тани ташкил этди. Шундан 95 фоиздан ортиғи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.

Бугунги ахборотлашган жамиятда ташкилот ва муассасалар ОАВ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб бориши мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда ҳар бир ташкилот ва муассаса интернетда веб-саҳифаларига эга. Бироқ, бу веб-сайтлар хўжакўрсинга бўлмаслиги керак. Уларни ҳар куни мунтазам равишда янги ахборотлар билан бойитиб бориш зарур. Чунки босма нашрлар маълум ҳудуд аҳолисини ахборот билан таъминлаш имкониятига эга бўлса, интернет чегара, ҳудуд танламайди.

Бугунги кунда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади».

Миллий истиқлол мафкураси миллатимизнинг асрий анъана ва урф-одатларини, ўзлигимизнинг асосий хусусиятларини мужассамлаштириб, жамиятимиз, мамлакатимиз ўз олдига қўйган эзгу муддао ва вазифаларни аниқравшан акс эттирмоғи зарур. Токи ҳар бир ватандошимиз биз қандай жамият, қандай давлат, қандай тузум барпо этмоқдамиз, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий асослари нималардан иборат, деган саволларга жавоб топа олсин.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг асарларида, хусусан, «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» китобида бу масалалар чуқур илмий асосда, атрофлича ёритилган.

Бизнинг бош стратегик мақсадимиз – бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик жамият барпо этишдир. Юртимизда яшайдиган барча инсонлар учун, миллати, тили ва динидан қатьи назар, муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш, ривожланган демократик мамлакатлардаги каби кафолатланган турмуш даражаси ва эркинликларни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини ифодалайди. Бу – халқимизнинг асрий анъаналарига, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, ривожланган давлатларнинг тажрибаларидан кўр-кўрона нусха кўчирмасдан, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлини изчил давом эттириш демакдир.

Ушбу стратегик мақсадлар жамият ҳаётининг барча соҳаларига дахлдор бўлган қуйидаги бир қатор вазифаларни амалга оширишни тақозо этади.

Сиёсий соҳада:

Жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш – мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг энг асосий йўналишидир.

Биринчидан, мамлакатимиз сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини, давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, унда миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган сиёсий маданиятни шакллантириш.

Бу жараёнда демократия, фикр ва виждон эркинлиги, плюрализм ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, гуманизм ва умуминсоний қадриятларга риоя қилиб яшаш тамойилини жамият ҳаётининг асосий мезонига айлантириш.

Иккинчидан, жамиятимизда мавжуд бўлган турли манфаатлар, қарама-қарши кучлар ва ҳаракатлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган самарали механизмни шакллантириш, сиёсий ҳаётда ҳақиқий маънодаги кўппартиявийлик тамойилини қарор топтириш.

Учинчидан, демократик институтларнинг мустақил фаолият кўрсатиши учун янада кенгроқ шарт-шароит яратиш, ҳокимият тизимлари бўлинишининг конституциявий тамойилига қатъий амал қилиш, жамият аъзоларининг барча сиёсий, ижтимоий салоҳиятини, ташаббус эркинлигини рўёбга чиқариш учун зарур имкониятларни вужудга келтириш.

Бу – мамлакатимизда демократия тамойилларига асосланган, ҳеч қандай сиёсий кучларнинг субъектив хоҳиш-иродасига қарам бўлмасдан ишни фаол ташкил қиладиган, ўз моҳиятига кўра, жамиятнинг олға силжишига халақит бераётган иллат ва асоратларни бартараф этишга қодир бўлган самарали тизимни шакллантириш демакдир.

Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолият доирасини кенгайтириш, уларга давлат ваколатларининг бир қисмини бос-қичма-босқич ўтказиб бориш, нодавлат ва жамоат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мавқеини оширишни кўзда тутадиган «Кучли давлатдан – кучли жамият сари» концепциясини ҳаётга жорий қилиш.

Бу – одамларнинг сиёсий онги, сиёсий маданияти ва фаоллиги юксалиб боргани сари, давлат вазифаларини нодавлат тузилмалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтиши, маҳаллаларнинг нуфузи ва мавқеининг ошиши, уларга кўпроқ ҳуқуқлар берилиши демакдир.

Бешинчидан, давлатнинг ислоҳотчилик вазифаларини демократик талаблар асосида, халқимиз ва жамиятимиз манфаатларига мос ҳолда амалга оширадиган истеъдодли, изланувчан, чуқур билимли ва юксак малакали, Ватанга, она заминимизга садоқатли ёш кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва янгилашга имкон берадиган тизимни такомиллаштириш.

Бу – ҳеч қайси замонда осонликча ҳал бўлмайдиган, одамларнинг тафаккури ва дунёқараши ўзгаришини тақозо этадиган, одатда субъективизм, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик каби кўп-кўп иллатларни бартараф этиш, жамиятни тубдан янгилашни талаб қиладиган мураккаб жараёндир.

Иқтисодий соҳада:

Иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида эркинлаштириш жараёнини изчиллик билан амалга ошириш ва олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш – бу соҳадаги ўзгаришларнинг асосий йўналишларидир.

Биринчидан, иқтисодиётни эркинлаштиришдаги бош вазифа – энг аввало, давлатнинг назоратчилик ва бошқарувчилик вазифаларини – функцияларини қисқартириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига, биринчи галда, хусусий бизнес фаолиятига аралашувини чеклаш.

Бу – хусусий бизнесга, умуман, иқтисодий фаолиятнинг бозорга хос механизмларига кўпроқ эркинлик бериш, бунинг учун тегишли ҳуқуқий замин, ташкилий ва иқтисодий шарт-шароит ва кафолатларни яратиш, институционал ўзгаришлар, молия ва банк тизимини ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш, ривожланган бозор инфратузилмасини барпо этиш, рақобат муҳитини шакллантиришга асосий эътибор қаратиш демакдир.

Иккинчидан, хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш ва шу асосда амалда мулкдорлар синфини шакллантириш, бу жараёнга тармоқларнинг асосини ташкил қилувчи йирик корхоналарни жалб этиш.

Бу – хусусий мулкнинг миқёси ва улуши узлуксиз ортиб борадиган кўпукладли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятда мулкдорларнинг кўпчиликни ташкил этишига эришиш орқали ижтимоий ҳаётдаги барқарорлик ва фаровонликни кафолатлаш демакдир.

Учинчидан, иқтисодиётга хориж сармоясини, аввало, бевосита йўналтирилган сармояларни кенг жалб этиш учун қулай ҳуқуқий шарт-шароит, кафолат ва иқтисодий омилларни янада кучайтириш.

Бу – салоҳиятли хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиш, улар билан бирга замонавий, халқимиз эҳтиё-жига мос, дунё бозорида рақобатга бардош бера оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни амалга ошириш демакдир.

Тўртинчидан, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, унинг халқаро меҳнат тақсимотида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шартлар асосида иштирок этиши, иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодий тизимига кенг кўламда интегра-циялашувини янада кучайтириш.

Бу – Ватанимизнинг дунё бозоридаги ўрни ва нуфузини, фуқароларимиз ўз юрти иқтисодий салоҳияти ва қудрати билан фахрланиш туйғусини юксалтириш демакдир.

Бешинчидан, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш.

Бу – бой табиий захираларимиз, интеллектуал ҳамда илмий-техникавий салоҳиятимиздан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, иқтисодиётда мукаммал технологик жараённи ўз ичига оладиган, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини сифатли қайта ишлайдиган қувватлар етакчи ўрин тутишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётдаги ўрнини кучайтириш, қишлоқда янги иш ўринларини яратиш демақдир.

Ижтимоий соҳада:

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган, бозор муносабатлари устувор бўлиб бораётган ҳозирги шароитда кучли ижтимоий сиёсат юритиш тараққиётимизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб қолаверади.

Биринчидан, халқ моддий фаровонлигини босқичма-босқич ва изчил ошириб боришни таъминлаш, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши ва камол топиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, аҳолини, энг аввало, унинг ёрдамга муҳтож қатламлари – болалар, қариялар, ногиронлар, ўқувчи ёшларни ижтимоий муҳофазалашнинг аниқ йўналтирилган механизмини янада такомиллаштириш.

Иккинчидан, халқимиз учун муқаддас қўрғон, маънавият бешиги бўлган оила, оналар ва аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш соҳасида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш.

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги ва қонун устуворлигини, жамият манфаатлари ва аҳоли хавфсизлигини янада самарали кафолатловчи давлат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш.

Тўртинчидан, келажаги буюк давлатни соғлом мафкурали, маънавий баркамол авлод барпо эта олишини назарда тутиб, комил инсонни тарбиялаш борасидаги ишларни истиқболда ҳам давлат сиёсати даражасида кучайтириб бориш ва умумхалқ ҳаракатига айлантириш.

Маънавий соҳада:

Маънавий қадриятларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан бойитиб бориш, ўзлигимизни чуқурроқ англаш, миллий ғоя ва истиқлол мафкураси тамойилларини халқимизнинг қалби ва онгига сингдириш, муқаддас динимиз ва тарихимизни сохталаштириш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик асосий вазифаларимиздандир.

Биринчидан, юртдошларимизни маънавий янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш. Уларнинг куч ва салоҳиятларини ижтимоий ҳамкорлик ва миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби эзгу мақсадларга хизмат қилдириш.

Бу – маънавиятнинг куч-қудратидан эзгу мақсадлар йўлида самарали фойдаланиш, ижтимоий муносабатларни инсонийлик ғоялари асосида ривожлантириш демакдир.

Иккинчидан, турли қараш ва фикрга эга бўлган ижтимоий қатламлар, сиёсий куч ва ҳаракатларнинг ўзига хос орзу-интилишларини уйғунлаштирувчи ғоя – Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги – барча юртдошларимиз учун муқаддас мақсадга айланишига эришиш.

Бу – кўппартиявийлик ва плюрализм тамойилларига амалда риоя қилган ҳолда, миллий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш демақдир.

Учинчидан, ота-боболаримиз динининг гуманистик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш борасидаги ишларни давом эттириш. Токи, бу дин халқимизнинг минг йиллик тарихи, бугунги маънавий ҳаётимизнинг ҳам асоси, мухтасар айтганда, Аллоҳ доимо қалбимизда, юрагимизда экани юртдошларимиз онгига сингиб борсин.

Шу маънода, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин» деган ҳикмати биз учун муҳим ҳаётий тамойил бўлиб қолаверади.

Тўртинчидан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида муттасил такомиллаштириб бориш.

Бу – давлатимиз қудрати, мамлакатимиз келажаги билимли, доно ва маънавий баркамол кадрларга боғлиқ эканини чуқур англаган ҳолда фаолият юритиш демакдир.

Бешинчидан, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қадриятлари, тили, маданияти, диний эътиқоди, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш.

Бу – кўп миллатли мамлакатимиз фуқаролари орасида, уларнинг миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, ҳамжиҳатлик ва биродарлик туйғуларини кучайтириш, «Шу азиз Ватан – барчамизники» ғоясининг амалга ошишини таъминлаш демакдир.

 DSC_2417

Назорат учун саволлар:

  1. Миллий мафкурадан қандай мақсадлар кўзланади?
  2. Ғоявий қарама-қаршиликлар моҳиятини изоҳлаб беринг.
  3. Жамиятда ошкоралик ҳамда демократияни оммавий ахборот воситаларининг ўрни қандай?
  4. Мамлакатимизнинг бош стратегик мақсади нималардан иборат?

 DSC_2435

Ўқиш тавсия этиладиган адабиётлар

  1. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  2. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  3. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  4. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  5. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  6. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  7. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  8. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  9. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  10. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  11. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  12. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  13. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  14. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  15. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  16. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  17. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жаҳон инқирозининг оқибатларини енгиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва тараққий топган давлатлар даражасига кўтарилиш сари. –Т.18. –Т: Ўзбекистон, 2010. – 280 б.
  19. Каримов И.А. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир. –Т.19. –Т: Ўзбекистон, 2011. – 358 б.
  20. Каримов И.А. Бизнинг йўлимиз демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир. –Т.20. –Т: Ўзбекистон, 2012. – 320 б.
  21. Каримов И.А. Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида. –Т.21. –Т: Ўзбекистон, 2013. – 382 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон эришган ютуқлар ва марралар – биз танлаган ислоҳотлар йўлининг тасдиғидир. –Т.22. –Т: Ўзбекистон, 2014. – 368 б.
  23. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  24. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 56 б.
  25. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси. //Халқ сўзи, 2010 йил 13 ноябрь
  26. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи. //http://www.press-service.uz. 01.09.2014
  27. Каримов И.А. Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир. //Халқ сўзи, 2014 йил 6 декабрь.
  28. Каримов И.А. 2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир (Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси). //www.uza.uz, 16.01.2015
  29. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси. //www.uza.uz, 23.01.2015.
  30. Мўминов А. Миллий сиёсат ва маданий соҳадаги ислоҳотлар, – Т.: Академия, 2010.
  31. Мамашокиров С., Тоғаев Ш. Эркин ва фаровон ҳаёт қурилишининг ғоявий-мафкуравий масалалари. – Т.: Маънавият, 2007.
  32. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. Ўқув қўлланма. – Т.: Ўзбекистон, 2010.
  33. Мўминов Ф. Журналистика ижтимоий институт сифатида. Ўқув қўлланма. – Т.: Университети, 1998.
  34. Назаров Қ. Миллий истиқлол ғоясининг асосий мақсад ва вазифлари. –Т.: Ижод дунёси, 2001.
  35. Назаров Қ. Қадриятлар фалсафаси. –Т.: ЎзФА, 2004.
  36. Отамуродов С. Миллий ривожланиш фалсафаси. –Т.: Академия, 2005.
  37. Отамуродов С. Глобаллашув ва миллат.-Т.: Янги аср авлоди, 2008.
  38. Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т.: Акад, 2008.
  39. Шермуҳамедова Н. Фалсафа. Дарслик. –Т.: Академия, 2010.
  40. Эргашев И. Сиёсат фалсафаси. –Т.: Академия, 2004.
  41. Эркаев А. Миллий ғоя ва маънавият. – Т.: Маънавият, 2002.
  42. Эшбеков Т. Жаҳон журналистикаси тарихи. Ўқув қўлланма. – Т.: ЎзМУ, 2014.
  43. Эшбеков Т. Мафкура майдонида ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. – Т.: ЎзМУ, 2011.
  44. Қуронов М. Фуқаролик жамияти: ҳамнафас халқнинг мададкор бирлиги. // http://milliytiklanish.uz

You may also like...

2 Responses

  1. Axborot asrida yashayotgan ekanmiz har birimizda mafkuraviy immunitet shakllangan bo’lishi kerak. Chunki bu o’zligimizni asrashdagi asosiy kuchdir. Buning uchun insondan ko’p bilim va keng dunyoqarash talab etiladi. Zero, yoshlar o’qing, intiling zamon bizniki, olg’a!!!

  2. Menimcha, bugungi yoshlarga o’qib, bilim olishninggina o’zi kamlik qiladi. Bugun bizdan hayotni ham o’rganib, kuzatib borish, qolaversa, muntazam fikrlab borish talab qilinadi. Shuni unutmaylikki, och bo’rilar ziyolilarni o’lja qilishni xohlaydi. Chunki, ular orqali oddiy xalqqa tasir o’tkazish oson deb ‘oylaydi. Ammo ma’naviyati mustahkam xalqlarni hech kim yenga olmaydi

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>