“Axborot xizmatlari” (2)

O`zMU Jurnalistika fakulteti 4-kurslar uchun “Axborot xizmatlari” fanidan 2-maruza

6

2

Ўзбекистон Президенти маърузалари ва асарларида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқотга оид фикрлар талқини

Режа:

  1. Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўрни.
  2. Ўзбекистон Президенти маърузалари ва асарларида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқотга оид фикрлар талқини.
  3. Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

 

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган кундан буён ўзимизга хос ва жаҳон андозаларига монанд тараққиёт йўли танлаб олинди. Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ижтимоий институтга айланди. Жамиятимизни янада ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янгилаш борасидаги муҳим устувор йўналишлардан бири – бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилиш борасида кўп фикрлар билдирилган. Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур.

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш матбуот “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоғи лозимлиги кўп бора таъкидланган. Бу борада ҳали олдимизда турган вазифалар жуда кўп. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақт мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўриниши тўғри танқид қилинмоқда.

Ошкоралик минбарига айланиши зарур бўлган ОАВ кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ. ОАВ ошкоралик минбарига айланмоғи учун вазирликлар, ташкилот, муассаса ва бошқа идораларнинг Ахборот хизматлари унга қанот бўлиши, ишончли ахборот манбаларини тақдим этиб бормоғи зарур. Эркин ОАВ реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак.

Жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқ. Жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш аввало аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этишига боғлиқ.

Жамоатчилик билан алоқалар замирида асосан баҳс-мунозаралар ётади. Сиёсий партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Бу фикрлар замирида одамларнинг фикрларига, уларни ўйлантираётган муаммоларга жиддий эътибор қатариш ғояси мужассамдир. Ҳар қандай муаммо ва масаланинг ечимини топишда жамоатчилик билан алоқалар ғоят муҳим ўрин тутади.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда ОАВнинг ўрин беқиёс. Фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда ОАВ юртимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни янада фаолроқ ёритиши талаб этилмоқда. Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга. Таҳлилчилар фикрига кўра, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтириш зарур.

Жамиятда жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ҳаётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот жараёни янада юксакроқ пағонага кўтарилганини жаҳон аҳли эътироф этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан 7 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда давлатимиз раҳбари таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. “Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди”1 деб таъкидлади Юртбошимиз мазкур анжуманда. Бу ғоя замирида жамиятда қонун устуворлигини англаш мумкин. Зотан, мамлакатимизда ҳар қандай ислоҳот аввало қонунлар асосида амалга оширилмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур,– деб таъкидлади Президент.– Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман”2.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Фармонда қайд этилганидек, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланган:

давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Ҳужжатда халқ билан мулоқотни самарали ўрнатиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясининг асоси – инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ вазифалардан иборат. Бу вазифалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор маърузаларида, айниқса, 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида яққол белгилаб берилган.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланди. Уни амалга ошириш беш босқичда таклиф қилиниб, бу бўйича ҳар йили алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниши кўзда тутилган. Шу аснода давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорларнинг қабул қилинишида жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллаган. Бу дастуриламал ҳужжатнинг рўёбга чиқарилиши учун давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, бинобарин, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни баҳамжиҳатликда амалга ошириш тақозо этилади.

Мамлакатимизда ижтимоий институт сифатида шаклланган халқ билан мулоқот – жамоатчилик билан алоқалар шак-шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг академиклар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари билан учрашувлари, жойларда одамлар билан юзма-юз суҳбатлари, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, барча вилоят, шаҳар ва туманлардаги “Халқ қабулхоналари”, “виртуал қабулхоналар” халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш бобида муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда. Шунга монанд бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, вазирликлардан тортиб мамлакатимиздаги барча идора, ташкилот ҳамда муассасаларда ўтказилаётган матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар фаолияти изчил давом этмоқда.

Халқ билан мулоқот қилишдек ғоят масъулиятли ва залворли ишларни кенг ёритиб боришда ОАВнинг ўрни беқиёс. Ўзига хос мулоқот майдонига айланган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат”, “Пресс-клуб” каби жонли эфирдаги кўрсатувларни кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кузатмоқда. Мазкур кўрсатувларда академиклар, мутахассислар, турли соҳа вакиллари жамиятдаги муаммолар ҳақида очиқ-ойдин сўз юритиб, уларнинг ечими ва ижобий ҳал этиш борасидаги таклифларини ўртага ташламоқда. Кўрсатувларда айтилганидек, ҳар қандай муаммони ҳал этиш учун аввало уни тан олиш керак! Тан олинган муаммога албатта ечим топилади. Мабодо у тан олинмаса, каттароқ ва чигалроқ муаммога айланиши турган гап…

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан “Тошкент” телеканалида ҳозиржавоблик билан ёритилаётган “Халқ фикри” кўрсатуви ҳақида ҳам шундай ижобий фикрлар айтиш мумкин. “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла” каби телерадиоканаллар ўз дастурларини халқ билан мулоқот мавзулари билан бойитаётганини ижобий баҳолаш мумкин.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот самарали амалга оширилмоқда. Бу муҳим жараёнларни ОАВда ҳозиржавоблик билан холисона ёритиб бориш журналистлардан катта масъулият, муайян билим ва тажриба талаб этади. Демак, ОАВ ходимлари бу борада ҳам кўпроқ ишланишлари, ҳаёт билан ҳамнафас ҳолда ижод қилишлари, воқеликни кенг ёритиб боришлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли беқиёс. Бундай улкан ва масъулиятли вазифани бажариш учун журналист чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлаб бориш ҳар бир журналистдан улкан масъулият талаб қилади.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот ўзига хос ижтимоий институтга айланишида ОАВ ва Ахборот хизматлари ходимлари зиммасига улкан масъулият юкланади. Бу масъулиятли вазифани тўлақонли адо этиш учун масъул ходимлар аввало етарли даражада билим ва малакага, ижодий маҳоратга эга бўлишлари лозим.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқотнинг ўрнини қандай тушунасиз?
  2. Ҳаракатлар стратегиясидан кўзланган асосий мақсадлар нималардан иборат?
  3. Бугунги кунда ОАВ ва Ахборот хизматлари зиммасига қандай вазифалар юклатилмоқда?
  4. ОАВ ошкоралик минбарига айланишида Ахборот хизматлари қандай ўрин тутади?
  5. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВ қандай ўрин тутади?
  6. Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли қандай бўлади?

1 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

2 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

——————————————————————————

Маърузачи: Тўлқин Эшбек,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

(Маъруза Тўлқин Эшбековнинг 2019 йилда «Фан ва технология» нашриётида чоп этилган «Ахборот хизматлари» ўқув қўлланмаси асосида тайёрланган)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>