Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов: «Халқпарвар тизим яратилади»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси

тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўрганилиши баробарида унда кўрсатилган вазифалар ижроси юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
ЎзА мухбирига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов шулар ҳақида сўзлаб берди:

– Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида йиллар давомида халқимизнинг кундалик ҳаётида тўпланиб қолган кўплаб муаммолар очиқ ва ойдин кўрсатиб ўтилди, уларнинг ечими борасидаги аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда ички ишлар органларида тарихий аҳамиятга молик кўп кўламли ислоҳотлар ўтказилди. Фаолиятимиз самарадорлигини тубдан ошириш ва такомиллаштиришга шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан катта эътибор берилмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида ички ишлар органларини жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган профессионал тузилмага айлантириш бўйича туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотларнинг замиридаги мақсад – бу эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар тизимини яратиш, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириш ҳамда жамиятимизда “Қонун ва адолат устуворлиги, жиноятга жазо муқаррарлиги” принципини қарор топтиришдир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатмиз раҳбарининг жорий йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида 4 қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 фармони ва 18 қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, Ички ишлар вазирлигининг 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари қабул қилинди.

Ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари белгиланиб, уларни амалга оширишнинг самарали, мақсадли ва таъсирчан механизми яратилди. Шунингдек, ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функциялари чегарасини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, фаолиятимиз, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга, халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилди.

Ҳозирга қадар Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорларни ижро этиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Фаолиятимизнинг биронта йўналиши қолмадики, танқидий ва асослантирилган таҳлиллар асосида қайта кўриб чиқилмаган бўлса.

Ислоҳотлар изчил равишда ва босқичма-босқич давом эттирилмоқда, улар ўз самарасини бермоқда дейишимизга ҳам тўла асослар бор. Жумладан, ички ишлар органларининг штат тузилмаси иш ҳажмига мослаштирилди, юқори бўғиндаги штатлар сони ихчамлаштирилиб, қуйи бўғинларга ўтказилди.

Ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш орқали фаолият самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида таянч пунктларининг янгиланган жойлашуви тасдиқланди ва унга асосан қўшимча 175 ички ишлар бўлинмаси ва 824 таянч пункти ташкил этилди. Шунингдек, профилактика инспекторлари сони 1 минг 102 нафарга кўпайтирилди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни», ҳар чоршанба куни эса «Ёнғин профилактикаси куни» ўтказиб келинмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан бундай кенг қамровли тадбирларнинг уюшқоқлик билан ўтказилиши, ҳеч шубҳасиз, жиноятга нисбатан муросасизлик муҳитини яратмоқда. Ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу соҳадаги ислоҳотлар натижасида, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб 11 минг 278 тага ёки 14,64 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 5 минг 722 тага ёки 12,34 фоизга камайган.

Аёллар жиноятчилиги қарийб 20 фоизга, вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 11 фоизга, жиноят содир этган академик лицей ва коллеж ўқувчилари сони эса 21 фоизга камайишига эришилди. Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирлар натижасида 1 минг 79 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторлари бевосита хизмат олиб бораётган ҳудудларида хизмат уй-жойлари ва узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар билан таъминланмоқда. Бугунги кунгача 5 минг 300 нафар профилактика инспекторига тантанали равишда хизмат уйлари ва автотранспорт воситалари топширилди ва шу йил охиригача жами уларнинг сони 6 минг 969 нафарга етади.

Шу билан бирга, олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш йўлида ҳали ишларимиз кўп. Бугун ички ишлар органларида ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англамасдан, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган, нопок, таъмагирлик, порахўрлик ва “Ички ишлар органлари ходими” деган номга доғ тушириши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларни содир этишга мойил ходимлар йўқ эмас.

Масалан, жорий йилнинг 11 ойида хизмат интизомини бузганлиги учун 7,5 мингга яқин ходим интизомий жазога, жиноят содир этганлиги учун эса 201 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Биз бундай масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ва сафларимизни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз.

Халқимиз ва Президентимиз ички ишлар ходимларидан жуда катта ўзгаришларни кутмоқда. Бу юксак ишончни оқлаш осон кечмайди. Лекин биз, албатта, бунга эришамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида ички ишлар органлари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш аҳволи ҳозирги замон талабларига жавоб бермаётган эди. Амалга оширилган ишлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш йўлга қўйилмаган эди. Ўтказилган ислоҳотлар натижасида эса ички ишлар органларининг халқ олдида тизимли ҳисобот бериб бориш тартиби ўрнатилди.

Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати бўйича Сенатга ҳисобот бериши қонунда муҳрлаб қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўзида ички ишлар вазирининг Олий Мажлис Сенати олдида икки маротаба ҳисоботи эшитилди.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарининг халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари олдида, профилактика инспекторларининг эса фуқаролар йиғинида ҳисоботлари эшитиб борилмоқда.

Шуниси аҳамиятлики, бу ҳисоботлар шунчаки ўқиб эшиттириш учунгина жорий этилмаяпти. Бундан буён ички ишлар органлари фаолиятига халқимиз баҳо беради ҳамда улар ҳар бир раҳбарнинг лавозимига лойиқлиги ёки лойиқ эмаслигини белгилаб беради. Бундай тартиб халқимиз олдидаги масъулиятимизни янада оширмоқда.

Эндиликда эса Президентимизнинг Мурожаатномасида барча давлат органлари қошида жамоатчилик кенгашлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Шунга асосан Ички ишлар вазирлиги ва унинг таркибий тузилмалари қошида фахрийлар, олимлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу Кенгашлар билан ҳамкорликда ички ишлар органлари фаолиятида мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ходимларни ижтимоий таъминлаш борасида мақсадли ва таъсирчан чоралар кўрилади.

Ҳаммага маълумки, шу кунга қадар халқимиз ички ишлар органларига жазоловчи орган сифатида қараб келган. Шахслар қийноққа солиниши, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиши ҳақидаги фикрлар борлиги сир эмас. Бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 30 ноябрдаги фармони асосида барча жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналари ва маъмурий қамоқни ўташ жойларининг видеокузатув мосламалари билан жиҳозланганлик даражасини аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш ишлари бошлаб юборилди.

Илғор хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда халқаро стандартлар асосида ички ишлар органларида энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этилмоқда.

Маҳкумларга масофали видеоучрашув ташкил этиш имкониятини назарда тутган ҳолда ҳимояланган алоқа канали бўйича видеоконференция тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментида шундай намунавий махсус хона ташкил этилди. Бундай хоналарни кейинги йилларда босқичма-босқич барча тергов бўлинмаларида жорий этиш режалаштирилди.

Бу эса фуқароларни қалбаки далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортилишига чек қўяди. Ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ва айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслигини кафолатловчи жиноят-процессуал нормасини қатъий таъминлайди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, жазони ижро этиш муассасаларида бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслик борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Айтиш жоизки, ички ишлар органларига келиб тушган ҳар бир мурожаатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини таъминлаш, унда кўтарилган масалаларнинг қонуний ечимини топиш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этиш устувор вазифага айлантирилди. Бу борадаги фаолиятни алоҳида назоратга олганмиз.

Шу жумладан, фуқароларга қулайликлар яратиш, мурожаатларнинг юзаки кўриб чиқилиши ва расмиятчилик учунгина жавоб берилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида вазирлик тизимида фаолият кўрсатган 170 рақамли “ишонч телефони” бекор қилиниб, ягона «1102» рақамли “ишонч телефони” жорий этилди.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирининг Виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Қабулхоналарга келиб тушган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, 3 кунлик муддатда, қўшимча текширишлар талаб қиладиган мурожаатлар эса 10 кунлик муддатда кўриб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида 512 мингта мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг барчаси қонуний ҳал этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган 91 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ҳал этилди.

Мурожаатлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, уларнинг 13 минг 943 таси ички ишлар органларидаги жиноят ишлари ва суриштирув материаллари бўйича, 13 минг 426 таси фуқаролик паспорти масаласида, 10 мингдан зиёди амнистия, 9 минг 700 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 5 минг 698 таси прописка масаласида ва бошқалари фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш масаласига доирдир.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида мамлакатимиз ҳудудларида бевосита ички ишлар вазири томонидан 27 та сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда 5,5 мингдан зиёд фуқаро билан учрашувлар ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тегишли тартибда ҳал этилди.

Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳал этилиши устидан назорат кучайтирилиб, раҳбарлар томонидан фуқароларни шахсан қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда эътиборсизлик, сансоларлик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Президентимизнинг Мурожаатномасида вилоятлар ўртасидаги постларнинг жойлашуви нафақат фуқароларимизга, балки иқтисодиётимизга ҳам катта салбий таъсир кўрсатаётганлигини аниқ рақамлар билан кўрсатиб берилди.

Биз қисқа муддат ичида барча постлар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқамиз. Мамлакатимиз ҳудудида 133 та ана шундай пост бор. Шундан 60 та йўл-патруль хизмати маскани ва 73 та патруль-пост хизмати стационар маскани жойлашган. Дастлабки ўрганишларни бошладик. Мана шу жами 133 постдан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Халқимизнинг таклифлари, юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлашни ҳисобга олган ҳолда уларни кескин равишда камайтириш чораларини кўрамиз. Ички ишлар органларининг йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимларини босқичма-босқич видеокамералар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, ички ишлар органларини халқимиз ишончини тўла оқлайдиган адолатли тузилмага айлантириш учун қатор ишларни амалга оширишимиз лозим. Тизимдаги ислоҳотлар келаси йилда давом эттирилиб, барча ташкилий тадбирлар давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаблар асосида амалга оширилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
(Материал Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик
ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар
бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланди).

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>