ЎзМУ олимаси Франция ордени билан тақдирланди

Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифидан сўнг

мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Жумладан, олий таълим муассасаларида халқаро тиллардан бири ҳисобланмиш француз тилини чуқур ўрганиш, бу йўналишда кадрлар тайёрлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида қатор йиллардан буён “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда. Мазкур жамият раиси, ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва ижрочи директори Раҳима Ширинова ташаббуси билан ҳар йили қатор тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар Франция олий таълим муассасаларида малака ошириб, халқаро конференцияларда иштирок этмоқдалар. Француз адабиёти дурдоналари бевосита ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Ўз навбатида француз профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилари вақти-вақти билан ЎзМУ Хорижий филология факультетида Француз тили йўналиши бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдалар.

ш3ш2

ЎзМУ Хорижий филология факультетида амалга оширилаётган шу хайрли ишлар муносиб баҳосини олди. “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти ижрочи директори, филология фанлари доктори, профессор, француз филологияси кафедраси мудири Раҳима Ширинова француз тилини ўқитиш, тарғиб қилиш, шунингдек, француз маданиятини ривожига қўшган улкан хизматлари учун 2019 йил 27 март куни Франция давлатининг “Palmes Académiques” ордени билан мукофотланди.

Мазкур орден Франция ҳукумати томонидан фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун берилади. “Palmes Académiques” ордени 1808 йил 19 мартда император Напалеон I томонидан таъсиси этилган ва илк бор Париж университети академиги ҳамда профессорлари тақдирланган.

Айни пайтда мазкур орденга номзодлар Франция таълим вазирлиги ва Пальм Академияси ордени Кенгаши билан ҳамкорликда кўриб чиқилади. Кенгаш қарори билан номзодлар рўйхати Франция Бош вазири томонидан тасдиқланади.

Француз тили бўйича етук мутахассис Раҳима Ширинова 26 йилдан буён ЎзМУда француз тилини ўқитиш ва бу халқаро тилни тарғиб қилиш, дарслик, ўқув қўлланма ҳамда луғатлар яратиш борасида самарали ишларни амалга оширган. Заҳматкаш олиманинг 120 дан ортиқ илмий мақолалари француз ва ўзбек таржимачилиги тадқиқи ҳамда бадиий таржима таҳлилига бағишлангандир. У сўнгги йилларда давлат грантларини амалга оширишга ҳамда французча-ўзбекча аудиовизуал ва визуал луғатлар яратиш каби инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилмоқда. “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти ижрочи директори сифатида Раҳима Ширинова француз маданиятини Ўзбекистонда ва ўзбек маданияти ва тилини Францияда тарғиб қилишда фаоллик кўрсатмоқда. Яқинда Сорбон Нувел Париж 3 университети вакиллари Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрдилар. Ташриф доирасида ташаббускор олима Тошкентдаги Француз Алянси ва Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университетларида учрашув, семинарлар, мастер класслар ташкил этишда ташаббус кўрсатгани хорижлик ҳамкорларда ҳам катта таассурот қолдирди.

Фидойи олима Раҳима Шириновани юксак мукофот билан муборакбод этиб, унинг издошлари бардавом бўлишига тилакдошмиз.

 

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ Хорижий филология факультети

француз тили йўналиши бўйича тадқиқотчиси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>