“Ўткан кунлар” зиёси

ЎзАдек улкан ахборот майдонида ёритилган мазкур мақола «Уч илдиз» маҳорат мактаби ижодкорларини янада илҳомлантиради, дейди Дониш домла мамнуният билан.

“Ўткан кунлар” зиёси

10 апрель – буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий таваллуд топган кун
 
Абдулла Қодирийнинг таваллуд топган куни муносабати билан ҳар йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети “Уч илдиз” маҳорат мактабида “Ўткан кунлар” зиёси мавзусида адабий суҳбат ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.

Улкан истеъдод соҳиби бўлган Абдулла Қодирий (Жулқунбой) наинки улуғ адиб, шу билан бир қаторда фаол журналист, оташнафас публицист сифатида ҳам ўзининг бетакрор маҳорат мактабини яратгани Журфак талабаларида катта қизиқиш уйғотади. Адибнинг журналистлик фаолияти қанчалик жўшқин бир тарзда кечганини қуйидаги битикларидан ҳам англаш мумкин:

«Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада … туғилғонман,– деб ёзган у ўз таржимаи ҳолида,– Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейин вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабга юборди… 1912 йилда манфактур била савдо қилувчи бир кишига йилига 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим…

Шу миёналардан бозор воситаси билан татарлардан чиқадирғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча «Садои Туркистон», «Самарқанд», «Оина» газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди. 1913 йилда чиққан «Падаркуш» таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзиб ношир топилмағонидан, ўзим нашр қилиб юбордим…

1918 йил бошларида эски шаҳар озиқ комитети бойлар қўлидан олиниб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблигига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида озиқ комитетининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим…

Шу кунгача Шўро идораларида қилгон хизматларимни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонликдин мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Рўсто» деворий газетасига мухбир бўлиб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник… «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўтган етти йил орасида Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса – бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…»

Қатор адабиётларда қайд этилишича, бўлғуси адибнинг илк ижоди 1913-1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратди. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй» (1914-1915) каби шеърлари «Оина» жаридасида босилиб чиққан эди. У ўз миллатини маърифатга чақиради, маърифатпарвар шоир ва адиб сифатида майдонга чиқади. «Бахтсиз куёв» (1915) номли фожеаси, «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ҳам ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб, Журналистика йўналишида таҳсил олиб қайтгач, «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркумидаги сатирик ҳикоялари ана шу журналда илк бор босилиб борди.

Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб» бўлиб нашр этилди.

Қатағон сиёсати авжи палласига чиққан 1937 йилнинг 31 декабрида у қамоққа олинди. «Менга қўйилган айбларни бошдан оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар, кўкрагимни кериб тураман…» деган сўзларидан мард ва жасур адибнинг қанчалик ноҳақлик қурбонига айланини англаш қийин эмас.

Минг афсуски, элимизнинг ардоқли фарзанди, улуғ адиб Абдулла Қодирий 1938 йил 4 октябрда отилди.

Замона ўзгаришлари асносида унинг асарлари 1956 йилдан бошлаб янгидан нашр этила бошланди.

Юртимизда истиқлол ҳаракати давом этаётган 1990 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Фармони билан Абдулла Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йилда эса Абдулла Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди.

Қатор манбалардан олинган юқоридаги маълумотлар бўлғуси журналист ва адиблар учун беқиёс маҳорат мактаби ҳисобланади. Фақат, уни талабалар теран нигоҳ ўқиб-ўрганишлари зарур.

Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган навбатдаги маҳорат дарсида атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Абдулла Қодирий қаҳрамонлиги” сарлавҳали бадиаси (адибнинг 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” бадиалар, ўйлар, эсдаликлар тўпламидан ўрин олган) ўқиб ўрганилди.

Мазкур бадиада адиб ҳаёти ва ижоди теран таҳлил этилган. Бўлғуси журналистлар бу бадиани ўқиб-ўрганиш асносида шундай улуғ сиймолар ҳақида ёзиш маҳоратидан ҳам сабоқ оладилар.

Бадиада битилган қуйидаги сатрларни мутолаа қилар экансиз, даҳо адибнинг улуғвор сиймоси кўз олдингизда намоён бўлаверади:

“Абдулла Қодирий туғилганда Туркистон чоризмнинг хомашё базасига ва тайёр маҳсулотларини келтириб сотиб, катта даромад оладиган бозорига айланган эди. Қарамлик дарди, мутеълик азоби миллий онгни уйғотган бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш қийин, оқ подшо назорати сал бош кўтарган миллий газета ва журналларни тақиқлаб, ёпиб ташлар эди. Кейинчалик Абдулла Қодирий чор жандармларини «тил бўғмакорлари» деб атагани бежиз эмас. Октябрь инқилоби ва янги тузумни катта умидлар билан кутиб олган адиб йиллар ўтиши билан дастлабки берилган ваъдалар ёлғон эканини сезади. Айниқса, Сталин даври бошлангандан сўнг тақиқ ва тазйиқлар яна кучайиб кетади. Сўз бошқа, иш бошқа, миллий мустақиллик оғизда бор, амалда йўқолган эди.

Абдулла Қодирий «Миллатимга» деб агалган илк шеъридаёқ халқнинг асл жонкуяри бўлиб майдонга чиққан эди. Йигирманчи йилларда авжланган риёкор мафкура нуқул ўтмишга тош отиб, тарихни қоралаб турган пайтларда Қодирий бирин-кетин иккита тарихий роман ёзганлиги унинг нақадар ботир инсон ва жасоратли нжодкор бўлганинн барала кўрсатди.

Миллий истиқлол – шу миллатга мансуб бўлган илғор ва фозил кишиларнинг фикрда, сўзда, ишда чинакам мустақил бўла олишларидан таркиб топади.

Абдулла Қодирий, аввало, ҳаётда ўз мустақил йўлидан юрган нодир сиймо эди. У ҳар хил пасту баланд адабий оқимларга қўшилмади, ижоддан вақт орттирса боғбонлик қилди, мусулмон фарзанди сифатида намозини тарк этмади.

Ижодда ҳам Абдулла Қодирий дилидаги миллий руҳни тўлиқ ифода этадиган мустақил бадиий шакллар кашф этди. Академик Бертельс жаҳондаги бешта романчилик мактаблари қаторига Абдулла Қодирий яратган янги ўзбек романчилик мактабини ҳам қўйганлиги бежиз эмас. Бу романчилик мактабидан улкан қозоқ адиби Мухтор Авезов ҳам таълим олган. Туркман адиби Хидир Деряев Абдулла Қодирийни ўзининг устози деб билган. Чунки бу қардош туркий халқлар билан бизнинг тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам ўхшашдир.

Биз «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларига бугунги истиқлол ғоялари нуқтаи назаридан янгича ёндашмоғимиз керак. Ана шунда ҳалигача баралла айтилмаган бир ҳақиқатни – Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларида ўзбек халқининг мустақил давлат бўлиб яшаган даврларини теран бир қўмсаш билан тасвирлаганини пайқаймиз. Мустақил давлат ҳудудида яшаган даврларимизда халқимиз Отабекдай, Анвардай, Кумуш ва Раънодай жозибали қиёфаларга, гўзал маънавиятга эга бўлганлиги кўз олдимизда бор бўйича гавдаланади. Бу романларни севиб ўқиган китобхонлар мустамлака зулмидан ва қарамлик балосидан холи яшаган замонларимизни қайта бошдан кечиргандай бўлади.

Қадимдан Туркистон деб аталган бу диёр ўзининг уч минг йиллик тарихи давомида фақат маълум бир асрларда четдан келган Қутайба, Чингизхон, чоризм каби фотиҳларга қарам бўлиб яшаган бўлса, қолган асрларда тагжой халқларга мансуб бўлган мустақил давлатлар ҳудудида ҳаёт кечирган-ку. Демак, биз асрлар давомида четдан келган фотиҳларга мутеъ бўлиш, хомашё базасига айланиш нималигини билмай яшаганмиз. Отабек ва Кумушбиби даврида халқимиз ўзига керакли барча озиқ-овқатларни, кийим-кечакларни, барча рўзғор буюмларини ўзи ишлаб чиқарган. Иқтисод мустақил, маънавият ва сиёсат мустақил бўлган. Кейинги иқтисодий қарамлик ва унинг асосига қурилган маънавий мутелик мустамлака замонларининг оқибатидир.

Абдулла Қодирийнинг суюкли қаҳрамони Отабек мустамлакачиларга қарши жангга кириб ҳалок бўлгани ҳам тасодиф эмас. Замон тақозоси билан адиб бу жангнинг тафсилотларини тасвирламайди. Лекин Отабекнинг Авлиё ота томонларда чор аскарлари билан жанг қилган ватанпарварларнинг олдинги сафида туриб ҳалок бўлганини ўқир эканмиз, унинг миллий мустақиллик йўлида жон берган ботирлардан эканини дил-дилдан ҳис қиламиз.

Отабек сиймосида Абдулла Қодирий ўз фожиавий ўлимини олдиндан башорат қилгандай бўлади. Чунки «Ўткан кунлар» ёзилган йигирманчи йилларда Ўзбекистонни аввалгидан ҳам шафқатсизроқ тутқунликка солиш ҳаракатлари тобора кучайиб бормоқда эди.

Мустақиллик туйғуси беҳад кучли бўлгаи адиб «Муштум»да босилган қатор ҳажвияларида шўро даврига хос ножўя ҳаракатларга қарши чиқади ва бунинг учун биринчи марта 1926 йилда қамоққа олинади. Адиб ноҳақ зулм ўтказганларга қарши исён кўтариб, турмада очлик эълон қилади. Ҳар қалай, у йилларда ҳали ошкоралик тугаб битмаган экан. Адибнинг очлик эълон қилгани матбуот саҳифасида ёритилади. «Ўткан кунлар»ни севиб ўқиган ўн минглаб мухлислар адиб тақдирини ўйлаб, қаттиқ ҳаяжонга тушадилар. Шифокорлар газетанинг ҳар сонида адибнинг саломатлиги ҳақида махсус ахборот бериб борадилар. Бутун халқ Қодирийнинг мардона олишувини изтироб билан кузатади. Очлик ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи кунга ўтади. Матбуот қисқа-қисқа хабар беришда давом этади. Абдулла Қодирийнинг очлиги ўн учинчи кундан ўн тўртинчисига ўтганда афкор омманинг ҳаяжони авжига чиқади. Портлаш юз бериши мумкинлигини сезган маъмурлар чекинишга мажбур бўладилар. Ўн тўрт кун туз тотмай оч ётган адибнинг бегуноҳлиги унинг судда сўзлаган оташин нутқидан маълум бўлади. Абдулла Қодирий бу тенгсиз курашдан ғолиб чиқади ва озод этилади.

Шундан кейин «Меҳробдан чаён» ёзилади ва ундаги нопок айғоқчи Абдураҳмон домла қиёфасида адиб шўролар замонасининг ёвуз айғоқчиларини камоли нафрат билан тасвир этади…”

Кўриниб турибдики, улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари билан бир қаторда унинг оташнафас публицистикаси, журналистлик фаолияти ҳам бўлғуси журналистлар учун катта сабоқ, ўзига хос маҳорат мактабидир.

Энг муҳими, ўзлигимизни янада теранроқ англашда Абдулла Қодирийнинг тенгсиз маънавий, ижоди мероси биз учун бамисоли ёрқин кўзгудир.

Тўлқин Эшбек
http://uza.uz/oz/society/-tkan-kunlar-ziyesi-10-04-2018
***
Қуйида «Уч илдиз» маҳорат мактаби фаолиятидан лавҳалар:
ж3
Пирим Кодир Кулёзмаси ПК Махорат1 ПК1 ПК2 ПК3
м5

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>