Ғалаба боғида шод кезар руҳлар

Генерал Собир Раҳимов ва содиқ сафдошлари хотирасига

1

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 25 июнь куни Олмазор туманида Ғалаба боғи барпо этилиши юзасидан кўрсатмалар бергани ҳақидаги хушхабар Иккинчи жаҳон уруши ветеранлари қалбларини тўлқинлантириб юборган бўлса, ўтганлар руҳини қанчалик шод этганини ҳис этиб турибмиз. Хабарда шундай ёзилган:

“Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага катта ҳисса қўшган. Шу боис юртимизда ушбу тарихий сананинг 75 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ғалаба боғини барпо этиш режалаштирилган.

– Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур,– деди Шавкат Мирзиёев”.

Қайд этилишича, лойиҳага мувофиқ, боққа киришда рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади. Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилади. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди. Шунингдек, музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилади.

Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилади.

Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тарихчилар ва жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, Ғалаба боғининг концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Хабарда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари келтирилган:

“– Боғнинг маъно-мазмуни, экспозициясини чуқур ўйлаш керак. У фақат байрам кунлари эмас, йил давомида ишлайдиган бўлсин. Бу ерга келган ёшлар ўзига билим, руҳ олсин, ғурур-ифтихор туйсин, бугунги тинчликнинг қадрига етиб, ватанпарвар бўлиб улғайсин”.

Бу дориломон кунларни раҳматли отам кўрганида беармон ўтарди…

Курраи заминни ларзага келтирган Иккинчи жаҳон уруши бошланган кунларидаёқ Эшбек бувамнинг бирйўла тўрт ўғли иштихонлик тенгдошлари қатори жангга отланганлар. 1941 йил июнь ойида Самарқандда зудлик билан ташкил этилган “Ўзбек дивизияси” сафида Суннатилла, Омон, Исмон амакиларим ва эндигина 19 ёшни қаршилаётган отам Усмон Эшбековлар кўнгиллилар қатори фронтга отланганлар.

Кўп ўтмасдан Суннатилла ва Омон амакимларимдан қора хат келганида қайғудан Эшбек бувамнинг кўзлари кўрмай қолган экан. Хаста юраги ҳам кўп ўтмай уришдан тўхтаган…

Тўрт ўғлини қайта кўриш бувамга, отани сўнгги манзилга кузатиш шу ўғлонларига насиб этмаган…

Бувижоним Мактаб она зор қақшаб йиғлаганлари ҳақида онам сўзлаб берарди. Раҳматли бувим:

 

“Оққина кафан мулойим,

Боламгами, худойим?

Эл бошига бало бўлган

Фашист ўлсин илойим” —

 

дея кўксига мушт урганча мунгли йиғлаганларида еру кўк титрагандек бўлар экан…

Уруш балоси не эканлигини гўдакликдан ҳис этиб улғайганмиз. Ўнг қўлининг ярмидан жудо бўлиб келган отам тинчлик, осойишта ҳаёт қанчалик бебаҳо неъматлиги ҳақида гапирганида шундай дориломон кунларни кўрмай кетган акалари, сафдошларини эслаб, кўзлари ёшланарди…

Пойтахтимиз Тошкентдаги Мустақиллик майдонида Мотамсаро она ҳайкали тимсолида Мактаб бувимни кўргандек бўламан. Урушдан қайтмаган собиқ жангчилар хотирасига ўрнатилган улкан Китобларда раҳматли амакиларимнинг зарҳал ҳарфлар билан ёзилган муборак исм-фамилияларини ўқиган чоғим кўзимдан шашқатор ёш оқаверади. Раҳматли бувижонимнинг нолалари қайта-қайта жаранглаётгандек туюлаверади.

1943 йил адоғи ва 1944 йил бошларида отам ва акаси Исмон амаким ногирон ҳолда кўксилари орден-медалларга тўлиб қайтиб келганлар. Асли касби ўқитувчи бўлган отам уруш туфайли ёпилиб қолган қишлоқдаги мактабни қайтадан очган ва узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия беришда давом этган. Уруш даври ва ундан кейинги йиллари қашшоқлик гирдобидаги мамлакат иқтисоди, қишлоқ хўжалигини тиклаш ишларидан четда турмаган отам бошқа соҳаларда ҳам фаолият кўрсатган.

Ҳар йили 9 май арафасида мактабларда ўтказиладиган учрашувларга отам орден-медалларини тақиб борарди. Отамдан кўп хотираларини мен ҳам синфдошларим қатори учрашувларда тинглаганман. Даҳшатли уруш ҳақида эшитганларимиз болалик шууримизга муҳрланиб қолган. Ўзбек ўғлонлари олис Россия, Украина, Белоруссия ўлкаларида ўз Ватани – Ўзбекистонни ҳимоя қилганлари, босқинчи газандаларни она тупроғимизга йўлатмаслик учун курашганларини отам бамисоли афсонадек сўзлаб берарди.

“Ўзбек дивизияси” ҳақида эшитганларимни болалик шуурим билан унча тушунмагандим. 2019 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахт шаҳримизнинг Олмазор туманида ўтказилган тадбирда севимли санъаткоримиз, истеъфодаги полковник Икромжон Бўроновдан шу ҳақда сўрадим. Саксонинчи баҳорини қаршилаган Икромжон ака ўша суронли дамлар ҳақида шундай деди:

– Урушнинг дастлабки кунлари Самарқандда генерал Миркомил Миршаропов бошчилигида “Ўзбек дивизияси” ташкил этилганини яхши биламиз. Ўзбек ўғлонлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида кўп китоблар ёзсак арзийди. Афсуски, шу кунга қадар ёзилганлари жуда кам…

Фронтнинг олд қисмига ташланган “Ўзбек дивизияси”да жанг қилган отамнинг айтганлари хотирамда жонлана бошланди. Бу дивизия Сталинград жангларида фашист газандаларининг додини бериб, урушда туб бурилиш ясашга катта ҳисса қўшган. Тиш-тирноғигача қуролланган йиртқичларнинг “тишини синдирган” азамат жангчиларимиз фронтнинг қоқ ўртасидан вазият ўзгаришга ва фашист-босқинчиларини чекинишга мажбур қилишган!

Афсуски, қақшатқич жангларда “Ўзбек дивизияси” жуда кўп талофотлар кўрган. Сўнг, анча камайиб қолган аскарларини бошқа қисмларга қўшиб юборган экан. Отамларнинг ротаси Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жангни давом эттирган.

– Ўзбек жангчилари ғурурланадиган қўмондонимиз Собир Раҳимовни кўпинча оддий аскарлар орасида кўрардик,– деб хотирларди отам.– У киши ҳар қандай вазиятда ҳам вазминлик ва мулоҳазакорлик билан иш тутарди. Энг оғир дамларда ҳам аскарларга ғамхўрлик кўрсатарди. Ўзининг шижоати ва қатъий иродаси билан ҳаммага руҳий тетиклик бахш этарди. «Бир қадам ҳам ортга чекиниш йўқ!» деган шиор қўмондонимизнинг қандай мардона қадам ташлашини кўрсатар эди. Унга ўзи мардона амал қилар, шу тариқа минглаб аскарларни ортидан эргаштирар эди.

Хотиралар кўз ўнгингизда жонлана бошлайди. 1902 йилда туғилган Собир Раҳимов ота-онасидан эрта етим қолгач, Тошкентдаги қариндошлари қўлида вояга етган. Болалигидан чиниққан, эпчил ва чапдаст йигит орзуси зобит бўлиб, она Ватанига садоқат билан хизмат қилиш эди. 1922 йили армия сафида хизмат қила бошлаган кезлари ниятига етган бўлса ажабмас. 1922-1925 йилларда Бокудаги ҳарбий мактабда таҳсил олгач, Самарқанддаги ўзбек отлиқ дивизиясида ҳарбий фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида армия сафларида чиниққан ўзбек ўғлони иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар полковник унвони билан масъул лавозимларда ишлаган. 1941 йил июль ойида у танк дивизияси таркибидаги моторлаштирилган полк командирининг ўринбосари эди. Унинг полки июль ойи бошларида биринчи марта жангга кирган.

Қирғинбарот жангларда мард ва жасур командир ҳарбий маҳоратини кўрсатиб, душманнинг кўп “режа”ларини чиппакка чиқарарди. Кучли моторлаштирилган техникага эга фашистлар қора кўланкадек бостириб келишда давом этарди. Ўзбек қўмондони эса жангчиларини олға бошларди. Қарши ҳужум душманни саросимага соларди. Қақшатқич жангларда фашистлар бир неча бор чекинишга мажбур бўлган, бироқ, яқин атрофда портлаган мина Собир Раҳимовни ярадор қилган.

– Ростов шаҳри атрофида жанглар қаттиқ бўлганди,– дея чуқур тин олиб сўзларди отам.– Ўшанда полкимиз душманнинг катта қисмини асир олгани сира ёдимдан чиқмайди. Уларнинг 30 та танки, 17 та тўп ва 30 пулемёти, 250 та ҳарбий машиналари, анжом-аслаҳалари қўлга киритилганди. Ўшанда Собир Раҳимов ва кўплаб жангчилар турли орден ва медаллар билан тақдирланган эдик. Ҳаммамизга туғишган акамиздек қадрдон бўлиб қолган Собир Раҳимов 1942 йил ёз ойларида дивизия командири этиб тайинланди. Ўзбек ўғлонининг жанговар салоҳияти, саркардалик қобилиятига яраша берилган бу вазифа биз учун шараф эди. Шундай ғурур билан жангга кириб, уч ой орасида душманнинг 8 минг аскар ва офицерини қириб ташлаганимиз ҳақида фронт газеталарида ҳам мақолалар ёритилган эди… Собир Раҳимов бошлиқ дивизия Краснодар йўлидаги душман мудофаасининг 3 линиясини босиб ўтиб, шаҳар озод этилишига улкан ҳисса қўшгани катта воқеа бўлган. 1943 йил март ойида Собир Раҳимовга генерал-майор унвони берилганида барча ўзбек аскарлари жуда фахрланган. Шу тариқа полкимиз жангчиларини ардоқлаб «Раҳимовчилар» деб атайдиган бўлганди. «Раҳимовчилар» энг қийин шароитларда зафар қозониш рамзи бўлиб қолганини барча эътироф этарди. Оддий халқ ичидан чиққан ва ҳаммага бениҳоя меҳрибон инсон Собир Раҳимов ҳар бир аскар учун туғишган оға-инидек бўлиб қолган эди. Уруш пайти жангчиларга руҳ ва мадад берадиган куч – шу меҳр ришталари бўлган. Биз Собир ака тимсолида ўзбекнинг ҳақиқий ғурурини, матонатини кўрардик ва ундан ўрнак олишга интилардик. Белорусь тупроғида кечган жангларимизда генерал-майор Собир Раҳимовнинг ҳарбий саркардалик маҳоратига маршаллар тан бергани ҳақида эшитиб, ғурурланардик. Бу ғурур катта куч бағишлар ва фақат ғалабага ундарди.

1943 йилда турли қисмлардан саралаб олинган мутахассислардан иборат разведкачилар отряди ташкил этилган экан. Бир нечта зобит ва аскарлардан иборат бу отряднинг вазифаси: бир амаллаб душманнинг орқа қисмига ўтиб олиш ва энг муҳим объектларини ўрганиш экан. Кўпинча қоронғу кечаларда ботқоқлар кечиб, айланма йўллар орқали белгиланган манзилга етиб олишар ва аниқланган объектлар харитасини чизиб, барча маълумотларни рация орқали қўшинларимизни хабардор этишаркан. Шу тариқа душманнинг жуда кўп объектлари яксон қилинган. Отамнинг ҳикоя қилишича, фашистлар бир гал разведкачиларни сезиб қолиб, ўққа тутишган, бомбалар ёғдиришган. Шу маҳал аниқ мўлжални олиб келишган қўшинларимиз бу отрядни муқаррар фалокатдан сақлаб қолишган. Шундай омонсиз жанглардан бирида отамнинг ўнг қўлидан бир қисмини снаряд парчалари узиб кетади, умуртқаси ҳам жароҳатланади. Отам ҳарбий госпиталда анча даволанишига тўғри келади. Бу пайтга келиб уруш тақдири ҳал бўлиб қолган, фашист босқинчилари тум-тарақай чекинаётган эди. Шунда Олий қўмондонлик томонидан “ярадорлар орасида ўқитувчилар бўлса, заҳирага бўшатилсин, уларга юртига қайтиб мактабларни қайта очиш вазифаси юклатилсин”, деган мазмунда буйруқ чиқади. Шу тариқа кўкси орден-у медалларга тўлганча юртига қайтган…

– 1945 йил 26 март куни генерал-майор Собир Раҳимовнинг жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида машъум хабарни эшитганда туғишган жигаргўшамиздан айрилгандек йиғладик,– дея хотирларди отам.– Ғалабага эришиш арафасида қаҳрамонларча ҳалок бўлган қўмондонимиздан жудо бўлиш нақадар оғир эди. Кўз ўнгимда ўзбек генераллари ҳамон савлат тўкиб тургандек туюлаверади. Фақат… шунча қаҳрамонлик кўрсатган генерал-майор Собир Раҳимовга нега қаҳрамонлик унвони берилмаганини тушунмасдик. Унга ҳатто маршаллик унвонини беришса ҳам арзирди… Шукрки, она шаҳри Тошкентда дафн этилган ўзбек генералига вафотидан 20 йил ўтиб бўлса-да Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган.

Уруш ногирони бўлган отам 1944 йили онам – Хурсандойга уйланган. Улар ўн бир нафар фарзандини олий маълумотли қилиб камолга етказиш учун умрларини бахшида қилишган.

Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган кезларида отам деворий газета чиқаргани, шеърлар ёзгани ҳақидаги гаплари менда ижодга ҳавас уйғотган. Мактабда ўқиб юрган кезларим газеталарда мақолам ё шеърим чиқиб қолса, отам меҳр билан бошимни силаб қўярди.

1980 йили ўрта мактабни тамомлаган кезларим отам мени Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетига бошлаб келди. Таниш-билиши бўлмаган қишлоқ боласига кириш имтиҳонларида паст баҳо қўйилганини тушунса бўлади… Бироқ, ўша даврда уруш ногиронларининг фарзандлари олий ўқув юртларига “конкурссиз қабул қилинсин”, деган мазмунда ҳукумат қарори чиққан экан!

Отам ҳассасига таянганча деканимиз хонасига кириб кетди. Бир маҳал қия очиқ эшикдан мўраласам, Журналистика факультетининг ўша пайтдаги декани Анвар Шомақсудов билан чақчақлашиб суҳбатлашяпти.

– Москва остонасидан Киевгача бўлган жангларда елкадош бўлиб, ёнма-ён юрган эканмиз,– дерди Анвар Шотурсунович ҳаяжон билан.– Стратегик аҳамиятга эга ўша тепаликни биринчи бўлиб сизлар эгаллаганингизни биламиз. Кейин биз ўша ҳудудни фашистлардан батамом тозалаб ташлагандик.

– Қаҳратонда совуқ ўтмайдиган, неча кунлаб туз тотмасаям очликдан сулайиб қолмайдиган аскарларимиз фашистларнинг битта ротасини асирга олганимиз ҳақида фронт газетасида ҳам чиққанди,– деди отам хотираларидан сўзлаб.– Эртаси куни шша тепаликни эгаллаган пайтимиз бомба тагида қолдик. Сафдошларим ҳалок бўлдилар. Мен ҳушимга келганимда госпиталда бир аҳволда ётардим. Кейин сизларнинг полк ўша тепаликни фашистлардан бутунлай тозалаганини эшитгандик!

Икки уруш ногиронининг суҳбати қизигандан қизирди. Бу суҳбатлар оҳангидан ҳозир менинг тақдирим ижобий ҳал бўлаётгани сезилиб турарди.

Урушдаги ғалаба отамга қанчалик қувонч, шодлик бахшида этган бўлса, университетга ўша имтиёз билан қабул қилинганим менга ҳам шунча қувонч бағишлаган! Буюк ғалабадан таралган нур йиллар ўтиб уруш ногиронининг фарзандига бахт ва омад бахш этаётганини ўзгача талқин қила олмасдим. Ғалабага мушарраф этганига, юртимиз тинч ва осойишталигига, биз шундай бахтга эришаётганимизга минг бора шукроналар қилардим.

Отам мактабда кўп йиллар она тили ва адабиёт фанидан дарс бергани боис Иккинчи жаҳон урушида жанговар мавзудаги мақола ва очеркларни қизиқиб ўқиганини мароқ билан хотирларди. Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом, Иброҳим Раҳим, Назир Сафаров, Олим Шарофиддинов, Вали Ғафуров, Мирзакалон Исмоилий каби фидойи ёзувчи ва шоирлар Ғалабага чорловчи оташин шеърлари ва бошқа асарлари билан отам ва сафдошларини жуда руҳлантирган экан.

– Уруш даврида баъзи газеталарни қўлма-қўл ўқирдик,– дерди отам ўша дамларни хотирлаб.– Жасур жангчиларга бағишланган шеърлар катта куч бағишларди. Мен окопда Ҳамид Олимжоннинг “Жангчиларимизга салом”, “Жангчи дўстимга” деган шеърларини, “Жангчи Турсун” балладасини ўқиб берганимда қуролдош дўстларим бамисоли шерга айланган! Газеталарнинг биринчи саҳифасига “Ўқиб бўлиб, ўртоғингга бер!” деб ёзиб қўйиларди. “Совет жангчиси”, “Душманга қарши, олға!”, “Бонг”, “Атакага”, “Фронт ҳақиқати”, “Ватан уруши”, “Ғалаба сари, олға!”, “Қизил аскар ғалабаси учун”, “Сталин байроғи” деган ўзбек тилидаги фронт газеталари фашизмга қарши ҳаёт-мамот жангларида аскарларимизни ғалабага бўлган ишончини ортирар, фақат олға қадам ташлашга ундарди. Масъул муҳаррири Расул Муҳаммадиев бўлган “Ғалаба учун” газетаси ҳам қўлма-қўл бўлиб кетарди. Газетадаги шиор ғалаба учун интилаётган ҳар бир ўзбек жангчисига “Жасорат кўрсат!” дея даъват қилаётгандек бўларди. “Қизил аскар ҳақиқати” деган газетада Адҳам Раҳмат ва бошқа ижодкорларнинг даъваткор сўзлари маънавий куч, қандайдир ғурур бахш этарди.– Отам ён чўнтагида сарғайиб кетган газеталарни кўрсатиб, ҳикоясини давом этарди.– 1941 йилда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида Ғафур Ғулом, Ойбек, Уйғун, Мақсуд Шайхзода, Иззат Султон каби ўзбек ёзувчи-шоирлари ва маданият ходимларининг “Очиқ хати”ни ўқиганмиз. Унда ёзилган даъваткор сўзлардан ғурурланганмиз. Бу хат қалбингни ларзага соларди: “Башарият тарихида кўрилмаган хиёнат: она Ватанимизга йиртқич, одамхўр Гитлер ва унинг шайкаси баногоҳ ҳужум қилди. Бу жанг нур билан зулмат, адолат билан зулмнинг ҳаёт-мамот олишуви бўлади. Биз – халқлар дўстимиз. Халқлар абадийдир. Биз одамзод қалбининг урмай қолишини эмас, балки, халқлар қалбининг, доимо, уриб турмоғини истаймиз. Лекин, халқларнинг маҳв ва барбодлигини истаган Гитлернинг қалбини парчалашга, одамзод тарихи мерос қилган, бутун маданият ҳурмати билан ҳам, қурол билан ҳам, қалам билан ҳам тайёрмиз! Бизнинг халқимиз, қутурган душманни ўз тупроғида ер билан яксон қилган саркардаларнинг жанговар анъаналарида парвариш топган мардлар авлодидир. Бизнинг яратган тарих, ҳеч шубҳасиз, нафрат билан Гитлернинг гўрини қазийди”. Бундай номалар жангчиларни ботирликка, ғалабага ундаган.

Ўқишни тамомлаганим ҳамоно мени ҳозирги Қибрай туман газетасига ишга таклиф этишди. Қибрайда яшаб юрган йилларим меҳмонга келган отам бу ерда яна бир қуролдоши – Совет Иттифоқи қаҳрамони Ғулом Каримовни топганида Ғалаба байрамидек бўлиб кетганди. Улар уруш айни авжига чиққан кезлари Орёл деган жойларда, сўнг Днепр бўйларида ёнма-ён жанг қилганларини эслашган. Ғулом Каримов отамдан 4 ёш катта бўлгани боис илгарироқ армия сафига кетгани, урушда 132-гвардия ўқчи полкида хизмат қилгани ҳақида ҳикоя қилиб берганди.

Отам қачон Тошкентга келса албатта Собир Раҳимовнинг маҳобатли ҳайкали қошида узоқ ўйга чўмиб ўтирарди. Собиқ қўмондонини зиёрат қилиш асносида у билан руҳан “дардлашаётгандек” бўларди. Гоҳо отамнинг кўзларида шашқатор ёшларни кўриб эзилиб кетардим…

1995 йили отажонимни сўнгги манзилга кузатдик…

Орадан кўп ўтмай урушда «темир генерал» деб ном қозонган Собир Раҳимов ҳайкали негадир олиб ташланганида юрагим дарз кетганди…

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан асл ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкали Олмазор туманидаги тарихий жойига қайтарилганида жуда енгил тортдим.

Бугунги кунда ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг маҳобатли ҳайкали атрофида барпо этиладиган Ғалаба боғи муқаддас зиёратгоҳлардан бирига айланади, албатта. Бу гўшада улуғ қўмондони билан ёнма-ён раҳматли отам каби халқимизнинг қаҳрамон ўғлонлари руҳлари шод бўлишига ишонаман.

Ғалаба боғи – буюк ғалабаларга қодир оталарнинг мангу хотира маскани бўлиб қолади. Мард ва жусур, ватанпарвар оталарга муносиб авлод, ҳақиқий ворис бўлиб улғайиши учун ёш авлодга мана шундай тарбия масканлари муборак бўлсин, дея ҳайқиргим келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ҳам буюк ўтмишимизни мунаввар этгувчи машъалага айланади. Унда қайд этилишича, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди. Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.

Шуни таассуф билан айтиш жоизки, Ўзбекистон халқининг бу қонли уруш даврида фронтда ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ўзида ҳар томонлама акс эттирадиган яхлит илмий-тарихий китоб ёки ҳужжатлар тўплами шу пайтга қадар яратилмаган. Ушбу фармойишда, уруш йилларида халқимиз томонидан амалга оширилган буюк ишларни, унинг кучли ирода ва қаҳрамонлигини, ўша давр ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялаш борасида бундай манбалар ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилади. Халқимизнинг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимиз номларини абадийлаштириш, ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаши шак-шубҳасиздир. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбомни тайёрланиши маънавий оламимизда улкан воқеа бўлади, албатта.

Инсон руҳи абадий барҳаёт бўлади, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Магар шу ҳикматга инонсак, бу Ғалаба боғи ва китоб-альбомлар қаҳрамон оталаримизнинг руҳларини қанчалик шод этишини тасаввур этиш қийинмас.

Уруш қаҳрамонларининг буюк саркардаси бўлган генерал-майор Собир Раҳимов ҳайкалини ҳар гал зиёрат қилган чоғим отамнинг ҳам руҳлари шод бўлганини ҳис этаман.

Ветеранлар шу маҳобатли ҳайкал пойига гуллар қўяётганида уларни ҳам буюк генералимизнинг содиқ сафдошлари, дегим келади.

 5

Тўлқин ЭШБЕК,

 “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

http://marifat-ziyo.uz/articles/galababogida

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>