22 ноябрь куни Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қаровул саф тортди. Давлат раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди.

Фото: Президент матбуот маркази

Мирзиёев 23 ноябрь куни икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон  бизнес-форумида қатнашди. Президент сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётганини қайд этди, Ўзбекистон Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот маркази

Шавкат Мирзиёев форумда қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси вакилларига мурожаат қилган. Президент вазирлар, компаниялар, банклар ва ташкилотларнинг раҳбарларини бирма-бир тургизиб, уларга топшириқлар берган. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқот қилишдаги халқчил услуби мезбонларда катта таассурот қолдирди. «Биз сиздан шундай, раҳбар ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот услубини ўрганамиз. Бугун сиз бизга мастер-класс ўтдингиз», деган Корея делегацияси вакилларидан бири.

Фото: Yonhap

Корея президенти эса Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг муҳим давлати деб атади. «Янги сиёсат доирасида, Евроосиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш учун янги комиссия тузишни, шунингдек, иқтисодий, транспорт ва энергетика сингари турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу режа марказида Марказий Осиёда муҳим давлат саналувчи Ўзбекистон бор», – деган Мун Жэ Ин.

Шунингдек, давлат ташрифи давомида Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб чоп этилгани маълум бўлди. 20 ноябрь куни нашр этилган ушбу китоб 8 бўлимни ўз ичига олган 320та саҳифа ва кўплаб суратлардан иборат бўлиб, 50 минг нусхада чоп этилди.

Фото: Президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази

Шавкат Мирзиёевнинг Сеулга давлат ташрифи биринчи куни 8,9 миллиард долларлик ҳужжатлар ҳамда келишувларни имзоланди. Маълумотларга кўра, 75 та ҳужжат имзоланган. Хусусан, энергетика ва нефтгазкимё соҳасида – 2,95 млрд. долларлик, банк-молия соҳасида – 2,7 млрд. долларлик, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантиришда – 1,7 млрд. долларлик келишувлар имзоланган.

Шунингдек, давлат ташрифи мобайнида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайтирилишига қаратилган бир нечта муҳим келишувларгаэришилди. Бундан ташқари, икки мамлакат вакиллари ўртасида турли даражадаги шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Фото: Президент матбуот маркази

Ташриф доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишида, хусусан, мазкур ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг ЖСТ келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ва ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея Республикасининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланди.

Корейс бозорига юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида Корея саноат технологиялари институти (KITECH) ва Корея нодир металлар институти билан Ўзбекистон Республикасида Нодир металлар ва қотишмалар илмий-тадқиқот Марказига асос солиш бўйича шартнома тузилди.

23 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қўйилган Миллий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйган.

Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Сеул шаҳрида БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди. Самимий ва очиқ руҳда ўтган мулоқотда давлат раҳбари Пан Ги Мун БМТга Бош котиблик даврида Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлигида самарали лойиҳалар амалга оширилганини ёдга олди. Пан Ги Мун Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор қилган.

Фото: Президент матбуот маркази

Шунингдек, Мирзиёев 24 ноябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Чон Сэ Гюн билан учрашди. Спикер давлат раҳбарини қутлар экан, Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлаш кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Президент Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси фаолияти билантанишди.

Фото: Президент матбуот маркази

Президент Корея Республикаси пойтахти мэриясига ҳам ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини ёзиб қолдирди. Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни дўстлик ришталари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам боғлаб тургани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини беришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Давлат раҳбари халқларимиз ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Тошкент шаҳрида Сеул кўчасини ташкил қилиш таклифини билдирди. Президент Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳри фахрий фуқароси унвони тантанали топширилди.

Фото: Президент матбуот маркази

«Биз Ўзбекистонда сизларнинг муваффақият тарихингизни синчиклаб ўрганмоқдамиз. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳам ўз вақтида Кореяда бўлгани каби, шундай интенсив суръатда кетишига ҳаракат қилмоқдамиз», — дея айтиб ўтди президент Мирзиёев. Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, Сеул, унинг архитектураси, транспорт тизими, тозалиги жуда ҳам ёққан. «Шу кунлар давомида мен Сеул, Корея ва унинг халқига бўлакча меҳр қўйдим», — дея айтиб ўтди президент.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида Корея Республикаси бош вазири Ли Нак Ён билан ҳам учрашди. Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашувда эришилган келишувларни амалиётга изчил татбиқ қилиш, янги лойиҳалар устида ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот маркази

Шу билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига тарихий бурилиш ясовчи давлат ташрифи ўз якунига етди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига кўтаради.

http://kun.uz