Абдулла Қодирий қандай яшаб ўтди?

Инобат Аҳатова ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олиб юрган

кезларидаёқ ноёб истеъдоди билан ажралиб турар, гўзал одоби, самимияти ила дугоналарига ўрнак кўрсатар эди. Унинг ЎзАда ёритилган қуйидаги мақоласини ўқиб, тадқиқотчиликка ҳам яхшигина қобилияти борлигига умид уйғонди. Шу мавзуда илмий изланишда давом этаверса, келгусида етук олима ҳам бўлиб етишиши ҳеч гапмас. ЎзАда истеъдодли ёшлар учун ижодий муҳит пайдо бўлгани ҳам қувончли ҳол. Инобат қизимизнинг келгуси ижодий ва илмий ишларига омад тилаб қоламиз, дейди Дониш домла.

Абдулла Қодирий қандай яшаб ўтди?

 
Абдулла Қодирий халқ учун илм-маърифат ҳаводек зарур бўлган, юрт тепасида жоҳил шахслар эгалик қилаётган бир замонда яшаб ўтди. Яратган қаҳрамонлари орқали халқни ўтган кунлардан сабоқ олишга, ўз орамиздаги меҳробдан чиқаётган чаёнлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Миллатнинг ҳар бир хонадонига Отабек, Кумуш, Анвар, Раънолар қиёфасида кириб борди, улар тақдири орқали халқни ўйлатди, йиғлатди, юпатди. Ҳаёти тазйиқлар, хавф-хатарлар остида қолса ҳам миллати учун ёзишдан тўхтамади…
Машаққатга тўла болалик…
Аксарият буюк инсонлар, даҳо ижодкорларнинг болалиги кўп машаққатли, қийинчиликлар гирдобида азобли кечган. Абдулла Қодирий ҳам болалигини маъюс хотиралар билан эслаган.
“Мен қайси йилда ва ойда туғилганимни билмайман. Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал боғбонлик билан кун кечирувчи бир оилада туғилиб, яқинларимнинг сўзларига қараганда мустабид Николайнинг тахтга ўтирган йилида туғилганман”, деб ёзади Қодирий ўз таржимаи ҳолида.
Тарихда ёзилишича, Николай подшоҳ 1894 йилда тахтга ўтирган. Шунга қарамай баъзи архив ҳужжатларида, хусусан, анкеталарда Абдулла бобомиз туғилган йилини 1895, баъзан 1896, ҳатто 1897 йил, деб ҳам кўрсатган.
Ёзувчининг ўғли Ҳабибулла Қодирий ўз хотираларида шундай эслайди: – Қай бир вақт дадамдан “Қайси ой-кунда туғилгансиз?” деб сўраганимда, у киши кулиб “Ўрик гулида туғилганман. Тахминан 10 апрелда бўлса керак” деганлари ёдимда…
Ўша йиллари Қодирийлар оиласида иқтисодий танглик ҳукм сурарди. Бу вақтда Қодир бобо етмишдан ошиб, анча куч-қувватдан қолган, оиланинг доимий даромади йўқ эди. Тўнғич ўғли Раҳимберди энди 15 ёшга кирган, қўлидан ҳали дурустроқ иш келмасди, боғдан олинган даромад эса беш жоннинг еб-ичишига аранг етарди.
Бу ҳақида Абдулла Қодирий шундай ёзади: 
– Бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиладами, албатта, билмадим. Аммо ёшим 7-8 га етгач, қорним ошга тўймаганидан аниқ билдимки, беш жоннинг томоғи фақат 80 ёшли бир чол отамнинг меҳнатидан, 1300 саржин боғнинг ёзда етиштириб берадиган ҳосилидан келар экан. Агар баҳор ёмон келиб, боғ мевалари офатга учраб қолса, биз ҳам очликка дуч келиб, қиши билан жоврашиб чиқар эканмиз.
Эҳтимол шунинг учун ҳам Қодирий асарларида халқнинг оч-наҳор, оғир ҳаёти ниҳоятда ишонарли, табиий тасвирлангандир.
Биринчи қадам…
Абдулла Қодирийнинг матбуотдаги илк чиқиши 1913-1914 йилларга тўғри келади. Манбаларга кўра, унинг биринчи мақоласи 1914 йил 1 апрелда, “Садойи Туркистон” газетасида “Янги масжид ва мактаб” сарлавҳаси билан босилиб чиқади.
Ҳали ёш ёзувчи илк ижодини кичик-кичик мақола, хабарлар ёзишдан бошлаган.
Ижодий ўсиш
Қодирий 1914-1916 йилларда “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Жинлар базми” каби қатор жиддий, бадиий жиҳатдан пишиқ, ҳатто шу кунларда ҳам севиб ўқиладиган асарларни яратди. Бу асарларни ёзишга илҳомлантирган омиллар хусусида адиб шундай дейди:
– “Падаркуш” пьесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим. Яна шу йилда театрларда чиқиб турган ҳикоя ва романларга тақлидан “Жувонбоз” отлиқ ҳикояни ёзиб, ношир топилмаганидан ўзим нашр қилиб юбордим. Энди чин мусанниф бўлдимов, деб қувонар эдим…
Шу зайлда, зўр қудрат билан миллий адабиётимиз сари навқирон, аммо жуда катта иқтидор, ижодий потенциалга эга миллат ёзувчиси шиддат билан кириб келмоқда эди.
Фельетонлар қироли
Абдулла Қодирийнинг “Муштум” журналида бирга фаолият юритган сафдошларидан бири ўз хотираларида адиб ҳақида шундай ёзади: “Абдулла Қодирий ҳар қандай нарсага танқидий назар билан қарар, эски хурофот нарсаларга ғоятда душман эди. Унинг ҳар бир сўзидан ҳажвий ифода анқиб турар эди.
У ғоятда жасоратли, ўз сўзида устувор ва барқарор, ўткир сатирик ва ғоятда заковатли эди. Ким тўғрисида ёзадиган бўлса, худди ўша шахснинг ўзи бўлиб кетар эди.
Бу хилдаги ёзишлар учун ўша типдаги кишиларнинг бутун ички сирларидан хабардор бўлиш керак, албатта. Фавқулодда заковатга эга бўлган бу ёзувчи, мазкур типдаги шахслар орасида юриб, ҳар бириси билан алоҳида суҳбатлашишдан сира тортинмагани эски муллалар билан ҳам, қиморвоз, беданавоз чапанилар билан ҳам, ўғрилар билан ҳам, эшонлар, муридлар, сўфилар, дарвешлар, қаландарлар билан ҳам, кўкнори ва бангилар билан ҳам суҳбатлашган.
У бир мақола ёки ҳикояни ёзишга ўтирганда, ўшани ёзиб тугатмасдан ўтирган еридан туриб кетмас эди. Халқ унинг ёзган мақола, асарларини ғоятда севиб ўқир, асарлари босилиб чиқишини тўзимсизланиб кутиб туришар эди…”.
Орадан юз йилдан кўп вақт ўтиб айтамизки, бу сифатлар бугунги журналистларимиз учун ҳам ғоят керакли бўлган зарурий хислатлардир.
“Муштум”нинг 1924 йилдаги 4-сонида Абдулла Қодирий сурати “Фельетонлар қироли Жулқунбой кулдириб йиғлатади, йиғлатиб кулдиради…” изоҳи билан босилиб чиқади. Қодирийнинг ўзи эса фельетон, умуман ҳажвий танқидга шундай таъриф беради: “Турмуш бўйлаб учқучи бургутдир… ҳаёт шароитига ярамаган заиф, қизғанчиқ манфур, музир ва шунинг сингари унсурлар унга емдир”.
“Муштум”нинг 1923 йилдаги 2-сонида Абдулла Қодирийнинг “Саломнома” номли ноодатий ёзилган материали чоп этилади. Мана ўша материал:
– Отга қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек маориф шўросига сало-о-ом!
– Ўзи четга буқиниб, шахсиятга тўқиниб, аллакимга чўқиниб – ўғри ушлаганга сало-о-ом!
– Кўринган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқ-у қора ҳам мулла – Туркистон уламоларига сало-о-ом!
– Бошларига соч қўйган, отларини ёш қўйган, фаҳш девни фош қилган думсизларимизга сало-о-ом!
– Москов бориб келибон, минглаб жойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон, халқ қайғусини емайин, мактаб очай демайин, эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган – Туркистон савдогарларига сало-о-ом!
Амма-холаси ҳаводор, айланай! Келин янгаси: Думбаниса.
Ўзбек романчилиги мактаби асосчиси
Филология фанлари доктори Эргаш Рустамов таниқли шарқшунос олим Евгений Эдвардович Бертелс билан Абдулла Қодирий ҳақидаги суҳбатини шундай эслайди: “Мен Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини 1925-1926 йилларда Тошкентдалигимда ўқиганман. У улуғ романчи, – деди устод ва ўрнидан туриб, жавондаги китоблар орасини тимирскилаб, иккита китоб олди ва жойига ўтираркан менга узатди. Китоблар, иккиси ҳам менга таниш, жадид алифбосида босилган “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларининг биринчи босмаси эди. Китобларнинг кўп саҳифаларида ҳошиясига устод қўли билан баъзи ўзбекча сўзларнинг русча маънолари ва қандайдир бошқа бир хил изоҳ-ишоралар ёзилган эди. Устод сўзида давом этиб: – Эрон, турк, араб ёзувчиларининг ҳам кўпгина романлари бор. Лекин уларники услуб жиҳатдан инглиз, француз, немис романчилик мактабларидан унча фарқ қилмайди, уларда тақлидчилик жуда устун. Абдулла Қодирий ҳам кўпгина романчилик мактабларидан истеъфодаланган, уларни чуқур ўрганган бўлиши мумкин. Аммо унда тақлидчилик кўринмайди. Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир. Дунёда 5 та, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчиси, яъни ЎЗБEК романчилиги мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди” дея ёзувчи истеъдодини юксак эътироф этади.
Эргаш Рустамов Мухтор Авезов фикрини ҳам келтириб ўтади: “Абдулла Қодирий юксак романлар яратди. Унинг романлари 1920 йилларда, гўё текис саҳрода тўсатдан “Помир” тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди. Қодирий асарларини Қурмонғози ёки Чайковский куйларини тинглагандай дам олиб, мириқиб, гашт қилиб ўқийсан, киши… Гарчи Жулқунбой 1920 йиллар бошида матбуотда газетчи, публицист бўлиб танилган бўлса ҳам, унинг романларида газетчилик, журналчилик тили сира из қолдирмаган. Унинг тили равон, ширали, мусиқий, менимча, ҳамма Ўрта Осиё халқларига ҳам таржимонсиз тушунарли. Масалан, биз қозоқлар Жулқунбой асарларини таржимасиз ҳам бемалол ўқиб тушунаверамиз”.
“Ўткан кунлар”
Романнинг мавзуси тўғрисида Қодирийнинг ўзи шундай ёзади:
“Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейдилар. Шунга кўра мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган “хон замонлари” дан белгиладим”.
“Ўткан кунлар”нинг айрим боблари 1923-1924 йилларда “Инқилоб” журналида босилган. Масалан, “Отабек Юсуфбекҳожи ўғли”, “Хон қизига лойиқ бир йигит”, “Бек ошиқ”, “Марғилон ҳавоси ёқмади”, “Киройи куёвинг шундоғ бўлса”, “Мажбурият”, “Чақимчилик каби босилган боблар муқаддимасида ёзувчи томонидан сўз боши берилиб, тагига “Тошкент, 1920 йил” деб тарих қўйилган. Бундан англашиладики, романга сўз боши 1920 йилда ёзилган. Демак, “Ўткан кунлар”ни яратиш фикри муаллифда гарчи кўпдан туғилган бўлса ҳам ёзишга 1918-1919 йиллардан, яъни 24-25 ёшидан киришгани тахмин қилинади.
Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”ни ёзилиши ҳақида ўз фарзандларига “Мен Марғилон кўчаларида юриб, карвонсарой, эски ўрда ўринларини белгиладим. Мирзакарим қутидор, уста Олим, Ҳомид, Содиқлар уйини тахминладим ва “Хўжа маъоз” да бир кеча тунадим”, дея ҳикоя қилиб берган.
Ҳабибулла Қодирий эса ўз хотираларида шундай эслайди:
– Ижод чоғида у киши асабий, одамови, ҳатто ташқаридаги товушни ҳам ёқтирмас эдилар. Бундай пайтларда биз халал бермасликка тиришар, койишидан қўрқиб, аста оёқ босар эдик. Агар зарурат туғилиб, фикрларини бўлишга тўғри келса, дарҳол жавоб қилмас, ишини маълум нуқтага етказгач, бош кўтарар эдилар:
– Нима дединг?
Сўз такрорлангач “ҳа” ё “йўқ” деб қисқа жавоб бериб, яна ишга берилар эдилар.
Бобом вафотидан сўнг эди. Шаҳар ҳовлида яшар эдик. Бир кун уйимизда шундай воқеа рўй берди: ойим одатимизча, эрталаб чойни бобомнинг уйига ҳозирладиларда, эрта туриб ёзаётган дадамни чойга чақиргани кириб кетдилар. Биз дастурхон теварагида дадамнинг чиқишини кутамиз… Бир вақт ойим негадир индамай чиқдилар-да, ўтириб бизга чой қуйиб бера бошладилар.
– Абдуллани чақирдингми, Раҳбар? – дадам чиқавермагач, ойимдан сўради бибим?
– Йўқ.
– Нега?
– Ўғлингиз йиғлаб ўтирибдилар – деди ойим.
Бибим бечора сакраб ўрниларидан туриб, дадамнинг уйига йўл олдилар. Кап-катта кишининг йиғлашидан ҳайратга келиб мен ҳам бибим ортидан эргашдим. Кирсак, дарҳақиқат, у киши юм-юм йиғлар, курсига тирсакланиб олиб тўхтовсиз ёзар эдилар. Бибим дадамнинг бу ҳолига бироз қараб турдилар-да, бир нарсани тушундилар шекилли, индамай мени бошлаб орқага қайтдилар ва ўтириб чой ича бошладилар. Мен бибимдан сўрадим.
– Она, дадам нега йиғлаяптилар?..
– Даданг жинни бўлиб қолибди… – жавоб қилдилар бибим ва бошқа сўз айтмадилар.
Кейинчалик англасам ўшанда дадам ўз севимли қаҳрамони Кумушнинг ўлими пайтини тасвирлаб, изтироб чекаётган эканлар…
Ўрни келганда Абдулла Қодирийнинг айтган сўзларини эслатиб ўтиш лозим: “Ёзганинг агар ўзингни йиғлатмаса, кулдирмаса, ўзгани ҳеч йиғлатмас-кулдирмас…”
“Меҳробдан чаён”
1926 йилнинг кузидан Қодирий иккинчи роман – “Меҳробдан чаён”ни ёзишга ўтиради.
Асар қаҳрамонлари бўлган Солиҳ Махдум ва Раънолар-ку, ҳаётда айнан бўлмаса-да, тез-тез учрайди, аммо Анвар ва Мулла Абдураҳмон сингари мураккаб, бир-бирига зид образлар қаёқдан олинди экан? Бу – муаллиф фантазиясимикан ёки булар ҳам турмушда кўрилган аччиқ-чучук кечинмаларми?
Яна Ҳабибулла Қодирий хотираларини келтирамиз.
– Мен бу образ-қаҳрамонлар тўғрисида Қодирийдан бирон фикр, изоҳ эшитмаганман. Лекин қисман бўлса ҳам мулла Абдураҳмон ҳаётига, образига ўхшаб кетувчи шундай бир нозик тарихни ғира-шира хотирлайман.
Жосият бибим баъзан меҳмондорчиликларда “фалончининг онаси”лиги билан фахрланиб мақтанар эдилар.
– Абдулла “Меҳробдан чаён”да Тўлаганнинг хўп сирини очган… Бухорои шарифга бориб ўқигани борми, баччалик қилгани борми, имомлик қилгани, хутба ўқигани борми, ҳаммасини китобга битиб, шарманда қилган…
Кўплаб адабиётшунослар, китобхонлар Анвар образида Абдулла Қодирийни кўришади. Унинг шахсияти, характери, ички кечинмалари адиб руҳиятига жуда яқин.
Дарҳақиқат, Қодирийни ажал бағрига нима етаклади? Виждонга содиқлик, миллатпарварлик эмасми?! Қодирийни қатлгоҳга ким судради? Миллатни маърифатли бўлишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган, илм-фан ривожланишига душман жоҳил Абдураҳмонлар эмасми?! Бу каби меҳроб чаёнлари бўлган Абдураҳмонлар ўша мудҳиш кунларда қанчадан қанча Анварларнинг ўлимини илжайиб кузатишмади дейсиз.
1929 йилнинг февралида газета-журналларда “Меҳробдан чаён”нинг тез кунда босмадан чиқиши тўғрисида эълонлар чиқа бошлайди. Бу эълонлар негадир топишмоқ тарзида ёзилган. Масалан: “Меҳробдан чаён”
Газет эмас, журнал эмас, кино эмас, нима бу? Яқин кунда маълум бўлади?!
“Меҳробдан чаён” нима? Кутиб туринг, яқинда биласиз.
Шу йилнинг март ойида роман Самарқанд шаҳрида 7 минг нусхада босмадан чиқади.
– Бир кун дадам шаҳар ҳовлимизга бир даста китоб кўтариб келдилар ва ёр-дўстларга, қўшниларга улашдилар. Китобнинг биринчи нашри араб алифбосида, қалинроқ қоғоз муқовада эди. Муқова устига меҳроб сурати солиниб, ўртасига саллали хунук бир мулла-имомнинг башараси чизилган, таг қисмида эса чаёнинг расми, – деб хотирлайди Ҳабибулла Қодирий.
Ваҳший қатағон шамоли
Абдулла Қодирийнинг озодлик ҳақидаги фикрлари асарларида жуда таъсирли тасвирланган. Бу эса ўша замон “каттаконлари”нинг эътиборини тортмай қолмади. Илк бор 1926 йил “Овсар” тахаллуси билан матбуотда чиққан “Йиғинди гаплар” мақоласи учун Қодирий “Шўро амалдорларини матбуот орқали обрўсизлантирди” деган айб билан хибсга олинади. Хўш, ростдан ҳам шундай эдими? Келинг мақоланинг айрим ўринларини кўриб ўтамиз:
…Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўпдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотунларга жабр-зулм, домлаларға дин ва салла, “Муштум” ёзувчилариға фақат шахсларнинг ёқасиға ёпишаверишлик ва бошқа мавзулар тўғрисида ўйлаб ҳам қарамаслик ва ҳоказо ислоҳотларға ниҳоят даражада эҳтиёж кўпдир”.
Кўриниб турганидек, муаллиф жамиятнинг ижтимоий аҳволини ўзининг аччиқ тили билан очиб ташлайди. Қодирийга нисбатан далил ва исботларни топа олмаган шўролар уни ноилож озод қилишади, унга гўё огоҳлантириш берилганини таъкидлашади. Аммо Қодирий ижоддан, ҳақ гапни ҳайиқмай айтишдан бир дақиқа ҳам чекинмади.
Қодирий замондошлари хотирасида
1964 йил Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллиги тантанали равишда нишонланади. Устоз хотирасига бағишланган кечаларнинг бирида Абдулла Қаҳҳор оташин нутқ сўзлайди. Гувоҳларнинг нақл қилишича, Абдулла Қаҳҳор ҳеч қачон бу қадар тўлиб-тошиб, бир соатдан ортиқ гапирмаган экан. Афсуски, Қаҳҳорнинг “қоғозга қарамасдан” сўзлаган ўша нутқининг тўлиқ матни йўқ, фақат нутқ қораламаси кейинчалик эълон қилинган, холос.
Абдулла Қаҳҳор:
– Ўзбек элининг севикли адиби Абдулла Қодирий манфаатпараст, мартабапараст одамларнинг чақуви билан сафимиздан юлиб олинган эди.
Афсуски, орамизда бу муҳтарам зотларни тирилиб, 20-йиллар адабиётимиз тарихини обод қилишга ғашлик қилаётган, ҳатто тўсқинлик қилмоқчи бўлган одамлар ҳам бор. Ғашлик қилаётган одамларнинг бир тоифасини ўлимтик еб тириклик қиладиган қузғунга ўхшатиш мумкин, кўзини чўқишга чоғланиб турганда ўлик қимирласа, хусусан, бошини кўтариб, ўрнидан турса, албатта, норози бўлади, яна йиқилишини кутади, қағиллаб унинг боши узра айланади. Ғашлик қилаётган одамларнинг бошқа бир тоифаси шуҳратпараст қалам аҳилларидан бўлиб, “ўликлар” тирилса, ҳозир адабиётда ишғол қилиб турган ўрни “пойга”роқ бўлиб қолишидан қўрқади. Ҳолбуки, айтилган адиб ва шоирлар сафга қайтса, ҳеч кимни ўрнидан турғазмайди, ўзининг бўш турган ўрнига ўтиради, чунки адабиётда ҳеч қачон биров бировнинг ўрнини ололмайди, ҳар ким қобилияти, қилган хизмати, қай даражада китобхоннинг кўнглини олганинга қараб ўзи муносиб ўрнини ишғол қилади…
Бизнинг вазифамиз, буларнинг ҳаммасини жой-жойига ўтқазиб, 20-йиллар адабиёти тарихининг гўзал манзарасини тиклашдир”.
1966 йилнинг август ойида Ойбекнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан Москвадаги “Дружба народов” жаридаси ёзувчининг “Адабиёт, тарих, замонавийлик” мавзудаги суҳбатини чоп этади. Суҳбатдош Наумов ёзиб олган мазкур материалнинг таржимаси “Ўзбекистон маданияти” рўзномасининг ўша йилги 1 октябрь сонида босилади. Журналистнинг “Сиз ҳозиргача классик адабиётдан ўрганганларингизни айтдингиз. Замондош ёзувчилардан ҳам биронтасининг таъсирини сездингизми?” деган саволига Ойбек домла шундай жавоб берган эди: “…Техникумнинг студенти эканлигимдаёқ муаллимларимиздан бири мени Абдулла Қодирий билан таништирди. Ўрта бўйли ва миқтидан келган, доимо тўн ва бахмал дўппи кийиб юрадиган, кўринишидан деҳқонларга ўхшаган тим қора кўзлари кичик, ўткир, шўхчан, синовчан боқувчи, гоҳо эса худди ўзи билан банд бўлгандай бепарво кўринган бу киши ўша пайтлардаёқ машҳур ёзувчи, ҳаммамиз қўлдан қўймай ўқийдиган ўзбек адабиётидаги биринчи улкан ва гўзал романнинг муаллифи эди. Мени ниҳоятда у одамнинг салобати босиб қолганидан, зўрға нималарнидир ғўлдирардим, ўшанда унинг менга нималар дегани эсимда йўқ. Кейинчалик мен у билан тез-тез учрашиб турардим, бироқ уни фақат 30-йилларнинг бошларида, Лелинграддан қайтиб келганимдан кейингина дурустроқ билиб олдим. Абдулла Қодирий истеъдодли, қалби бутун ва ўзига хос равишдаги шахс эди. Сиртдан қараганда босиқ, камгап кўринар, чунки у ҳар бир сўзни тарозига солиб кўрар, оғзига келган ҳар бир сўзни айтавермас, секин ва гапи худди ўзига ҳалал бераётгандек, ёқинқирамай гап бошларди. У ақлий меҳнат кишиларига ҳар маҳал ҳам насиб бўлавермайдиган даражада жисмоний меҳнатга ўч киши эди. Жисмоний меҳнатга чалғиб унинг қандайлигини ўзида синаб кўриш ҳар бир зиёлининг зарур эҳтиёжи эмас. Қодирийнинг меҳнатга ўчлиги – деҳқондан чиққанлигида бўлса керак. Ўзи ҳам худди деҳқонлардай тиним билмасдан, қаттиқ меҳнат қилар эди. У Самарқанд дарвозаси яқинида турар, каттагина боғи бўлиб унда шафтоли, олма, тоғолчаларнинг кўп нави бор эди. Уларни ўзи парвариш қиларди. Айтмоқчи, унинг адабий асарларидан келадиган даромад ҳар доим ҳам қозонини қайнатавермасди, шунинг учун гоҳо болачақасини боғи боқарди. Боғнинг ичкарисида бир неча қути асалари бўларди. Ўттизинчи йилларнинг бошларида уни тақсимот дўконида кўриб (маҳсулот ва моллар карточка-ю талонларга қараб бериладиган дўконда) қолганимда, рафиқамга:
– Бу ерда менга асал ҳам тегади, хўп десанглар, улушимни олақолинглар – уйда асал ўзимиздан чиқади, – дегани эсимда.
Ўзининг айтишига қараганда, у шундай ёзарди: аввалига кўчада, кўпинча кечқурунлари ҳувиллаб қолган пайтда, узоқ вақт айланиб юриб, янги асарининг бўлажак қаҳрамонлари ва сужет йўлларигача ўйлаб, роса пишитарди…
Абдулла Қодирий мадрасада ўқиган, ёшлигида ўрис адабиёти ва ўрис тилини билмасди. У етук ёзувчи бўлиб шаклланган пайтларда ўрис адабиётини ўзига кашф этганидан худди мактаб ўқувчисидай терисига сиғмай фахрланиб қўярди.
Кейинги пайтда танқидчилар унга тез-тез ҳужум қилиб турдилар. У иложи борича бунга эътибор бермасликка тиришса ҳам танқид тошлари иззат-нафсига тегиб, қалбини яраларди.
– Манавини қаранг-а, – деди у бир куни кескин ёзилган бир мақоланинг муаллифи ҳақида. – Бу гўдакни ёзишга ўзим ўргатувдим-ку. Ҳаммасидан ҳам шуниси ажабки, мен ҳақимда ёзганларини ўзимдан эшитиб олганди, фақат оёғини осмондан қилибди, холос.
Абдулла Қодирийнинг кўзлари истеҳзо остида ёнса ҳам товушидан пинҳоний алам сезиларди.
– Мени миллатчиликда айблаш ғирт бемаънилик эмасми? – деди у менга бошқа бир сафар. – Нимага миллатчи дейишаяпти денг?..
У маълум нуқсонлардан қатъий назар, туғма ёпиқ ёзувчи, кенг кўламдаги мастер, юксак маънодаги реалист санъаткор эди”.
Мақсуд Шайхзода:
– Абдулла Қодирий билан танишганимга қадар – 1932 йилгача ҳам унинг номи менга яхши таниш эди. 20-йилларнинг охирларида ва 30-йилларнинг бошларида муаллимнинг икки романи – “Ўткан кунлар” билан “Меҳробдан чаён”и жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди…
Боз устига, тахминан, 1927 йил Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи Холид Саид томонидан озар тилига таржима қилиниб, Боку шаҳрида чоп этилади-ю ёзувчи Озарбойжонда ҳам машҳур бўлиб кетади.
Абдулла Қодирий бекорга шуҳрат қозонмаган эди. Ҳамма гап шундаки, ўтмишда ўзбек адабиётида роман жанри йўқ эди. Абдулла Қодирий ўзи фойдаланиши мумкин бўлган қардош халқлар адабиётларининг, хусусан, озарбойжон, татар, ўрис адабиётларининг тажрибаларидан фойдаланиб, биринчи ўзбек романини – Европа адабиёти мезонлари билан ўлчанадиган романни яратди. Абдулла Қодирий ана шу романлари билан фавқулодда истеъдод соҳиби, йирик асарлар устаси эканини исботлади. Романлар жуда катта бадиий ва тарбиявий аҳамиятга моликдир…
Абдулла Қодирийнинг юксак бадиий қимматга эга бўлган романлари мусодара қилиниши натижасида ўзбек Шўро адабиёти тарихи камбағаллашиб қолди ва тарбиявий ишларга – халқимизнинг муносиб ўринбосари бўлмиш ёш авлодни гўзалликка ошнолик, билимдонлик руҳида тарбиялашдек олийжаноб ишларимизга мисли кўрилмаган даражада зарар етказилди”.
Абдулла Қодирийнинг адабий мероси мустақиллик йилларида яна қайтадан илмий, бадиий жиҳатдан ўрганила бошланди, асарлари минглаб нусхада дунё юзини кўрди. Қодирийнинг меҳнатларини халқимиз унутмади. Адиб “Мустақиллик” орденига биринчи бўлиб лойиқ кўрилди. Биз адибнинг улкан бадиий меросини янада бойитишда масъулмиз.
Мақоланини тайёрлашда Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида”, Набижон Боқийнинг “Қатлнома” китобларидан фойдаланилди.
Инобат Аҳатова, ЎзА
 http://uza.uz/oz/society/abdulla-odiriy-anday-yashab-tdi-10-04-2019?m==abdulla-odiriy-anday-yashab-tdi-10-04-2019&SECTION_CODE=society

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>