Адолат йўлида муштарак мақсадлар

Она сайёрамиздаги тинчликпарвар инсонларнинг муштарак мақсадларидан

бири – инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва адолатли жамият қуришдир. Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бу борадаги энг муҳим ҳужжатдир.

Неча ўн йилдирки, рўйи заминда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлиши йўлида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, бошқа ҳамкор ташкилотлар, Осиё мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари томонидан қатор ҳаётбахш лойиҳалар изчил амалга ошириб келинмоқда. Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг муносиб ўрни бор экан, бу каби халқаро саъй-ҳаракатлардан фуқароларимиз ҳам бохабар бўлмоқлари зарур. Тошкент шаҳар аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мавзудаги суҳбатларда шундай глобал мавзуларга ҳам жиддий эътибор қаратилади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг матбуотда эълон қилинган қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”. Бу муҳим ғоялар бутун инсоният тақдири, келажаги билан чамбарчас боғлиқдир. Маълумки, жаҳондаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган. Айтайлик, юртимизда 2700 йилдан илгарироқ яратилган “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади. Бу ноёб ва дурдона асарда зўравонлик ва адолатсизликка йўл қўймасликдек эзгу ғоялар мужассамдир. Бу Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида зуҳур этилган дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш ғояси билан чамбарчас эканини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Глобаллашув жараёнларининг ижобий жиҳатлари кўп. Афсуски, унинг салбий томонлари ҳам кам эмас. Бугун курраи заминнинг турли бурчакларида содир этилаётган хунрезликлар ҳам глобал аҳамият касб этмоқда. Ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар кўпайиб бораётгани барчани бирдек хавотирга солади. Буни юртимиздаги ҳар бир фуқаро тўғри тушуниб етмоғи зарур. Ватанимизнинг рамзий маънодаги дарвозалари саналмиш аэропортларда ҳаракатланаётган ҳар бир фуқаромизнинг қандай мақсадларда сафарга отланаётганларига бефарқ қараб бўлмайди. Бирор бир юртдошимизнинг алданишига, адашишига, турли шубҳали гуруҳларга, оқимларга кириб қолишига ҳеч қачон бефарқ қаралмайди. Аслида, дунё кезишга шайланаётган ёхуд олис сафарда юрган ҳар бир фуқаромизнинг тинчлиги, бехавотир юриши, улар ҳаётига бирор шубҳали шахс рахна солишига йўл қўймаслик учун кураш асл мақсадимиз, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин шериклик кенгаймоқда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқот йўлга қўйилган. Биз ана шу муҳим ишларни қатъий давом эттирамиз. Бизнинг устувор вазифамиз инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш, унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат. Бу жамиятда тинчлик ва барқарорлик, фаровон ҳаётни таъминлашнинг асосий шартидир.

 

Жамолиддин НАЖИМОВ,

Тошкент шаҳар аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси тергов бўлими терговчиси, капитан

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>