Аждодлар ўгити авлодлар талқинида

Авлиёлар босган тупроқ азиз дерлар,

Қат-қатидан чиқаверар экан сирлар.

Ҳар тупроқдан ҳар кун ўтмас ахир пирлар,

Юрагимни ҳайрат тиклар, Темур бобо.

Валий зотлар алқаган эл эмиш а’ло,

Сўзи бутун, тиззаси тик, кўкси аъло.

 а6

 Бу йил юртимизда бутун рўйи заминни зир титратган, адолатни ўзига тож деб билган ҳукмдор, марказлашган давлат асосчиси, шамширини моҳирона ўйнатиб, янги жанг усуллари билан дунёни Туронга қаратган илм- фан раҳнамоси, мардлик ва жасурлик тимсоли, юксак қудрат соҳибининг 680 йиллик таваллуд кунлари нишонланмоқда. “Темур тузуклари” номли асар ёзиб, ер шарининг ярмини ўз тизгинида тутган, ҳалолликни, покликни ўз фарзандидек улуғлаб, элим деб ёниб ўтган буюк бобоколонимиз Соҳиби Қирон Амир Темур жасорат ва мардлик, вафо ва ватанпарлик тимсоли сифатида бугунги ёшларга ибрат тимсолидир.

Ўзбекистон рсепубликаси Президенти Ислом Каримов “Тарих бамисоли кўзгу” алоҳида эътироф қилганлар. Шу боис, ўтмишни унутмай, келажак сари олға бораётган, тарих аталмиш улкан китобга зарҳал ҳарфлар билан жило беришга интилаётган ёшларга маърифат йўлини кўрсатиб, билим зиёсини сочаётган устозлар билим уммонида сузиб, илм осмони сари интилаётган талабаларга тарихий ҳақиқатдан сабоқ бериш билан бир қаторда уларга юрт тинчлиги, ватан равнақига даҳлдорлик туйғусини шакллантириш йўлида фидокорана фаолият олиб бормоқдалар.

Талабалар шаҳарчаси, Ёшлар маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети “Фалсафа” кафедрасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор, “Соғлом она ва бола” йили Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, олий таълим муассасалари фаолиятида инновацион корпоратив ҳамкорликни такомиллаштириш, ёшларни Ватанга содиқлик руҳида тарбиялаш, улар онгига юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ғояларини сингдириш ва талабаларнинг бўш вақтида маънавий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Буюк Соҳибқирон Амир Темур туғилганинг 680 йиллиги ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Аждодлар Ўгити авлодлаР ТаЛҚИНИДА” мавзусидаги талаба-ёшларнинг бадиий оқшоми ташкил қилинди. Бадиий оқшомда ёшларнинг тарихий зотларнинг ҳаётига назар ташлаш орқали улар ғояларининг бугунги кундаги аҳамияти, мустақиллик йилларида улар учун яратилган шароитларга муносабат, санъатнинг маънавий маданиятни шакллантиришга таъсири ифодалаб берилди. Бадиий оқшомни Ўзбекистон Миллий университети маънавий маърифий ишлар бўйича проректор Д.Ҳ. Жумабоев очиб берди. Ўз нутқида у Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари, дипломатик алоқаларни ташкил қилган давлат раҳбари эканлигини алоҳида таъкидлади.

600 йил олдинги даврнинг руҳи сингдирилган кичик саҳнада Ижтимоий фанлар факультети Фалсафа бўлимининг Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” достони асосида тайёрланган кичик спектакльда 1,2,3- курс талабалари ўша давр руҳини яратишга ҳаракат қилдилар. Бадиий оқшомнинг асосий қисмида 3-курс талабаси Улуғбек Мансуров Амир Темур монологи билан келажак авлодга мурожаат қилган бўлса, 2-курс талабалари Аброр Бобоқулов ва Нодира Йўлдошева саҳнада гуёки ўша даврга шўнғиб Амир Темурнинг Бибихоним билан диалогини кўрсатиш орқали Соҳибқироннинг аёлга ҳурмати ва эҳтиромини намоён этдилар. 1 курс талабалари Йўлдошев Қудрат ижросидаги Амир Темурнинг Анқара жанги олдида ўзининг саркардаларига муносабати ва Аловуддин билан шатран ўйинининг ижроси ёшларга инсонлараро муносабатларни ташкил қилишлари учун ибрат мактаби бўлса, Франция, Испания, Англия элчилари билан мулоқоти мамлакатлараро ҳамжиҳатлик барқарорлик омили эканлигига ишора десак муболаға бўлмайди. Спектакль, охирида Амир Темур “Мен яратган давлатчилик келажак авлод томонидан давом этишига ишонаман” деб мурожаат қилиши билан саҳна ва экранда А.Навоий ва унинг асарлари қаҳрамонлари Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, З.М. Бобур, У.Хайём, Нодирабегим, Увайсий, Зебунисо, Огаҳий, Мукимий, Гулханий, Фурқат, ХХ аср ижодкорлари Фитрат, Усмон Носир, Зулфияхоним, Э.Воҳидов, А.Орипов каби шоирларнинг асарларидан парчаларнинг талабалар ижросида намоён этилиши, бир томондан янги авлодлар Амир Темур ишончини исботлагани, иккинчи томондан эса замонлар ўтсада буюк сиймолар асарларидаги ватанга муҳаббат, ҳалоллик, инсоф, диёнат ҳақидаги ғоялар ўз долзарблигини йўқотмаганлигини намоён қилди. Экранда Муҳаммад Юсуф сиймосининг пайдо бўлиши билан саҳна талабалар билан тўлди ва талабалар “Ҳеч кимга бермаймиз сени-Ўзбекистон” қўшиғини жўр овозда айта бошлаганида залдагиларнинг қўшилиши бадиий оқшомнинг ватанпарварлик руҳини кучайтирди. Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Президенти ислом Каримов таъкидлаганидек “Келажак бизники, марра бизники”, шу боис, биз келажагимиз таянчи бўлган мустақиллик ёшлари албатта ўз ҳаёти ва ижодида ажодолар ўгитига таяниб бу юртда инсон умри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият эканлигини ҳис қилган ҳолда, ҳар бир босган қадамида юрт тинчлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.

 

Нигина ШЕРМУҲАМЕДОВА,

ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети профессори, Фалсафа кафедраси мудири

You may also like...

1 Response

  1. Tarixsiz kelajak yo’q, kelajaksiz esa tarix.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>