Алишер Навоий ва Эркин Воҳидов

Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини қалбларимизда ўзгача

иштиёқ ила нишонладик. Тошкент кўркига кўрк қўшиб турган Адиблар хиёбонида қад ростлаб турган Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросимида иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари маънавий-маърифий тадбирни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали олдида давом эттирди.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедов Алишер Навоий ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этгани ҳақида сўз юритди.

Университет ректорининг адабий маслаҳатчиси, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг ибратли фазилатлари, бебаҳо ижодий мероси ҳақида сўз юритди. Улуғ шоир ҳақида “унинг дўсти, мухлиси Ҳусайн Бойқаро “Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожизтурур”, деса, Давлатшоҳ Самарқандий “Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир”, деган дурдона фикрлар бугунги авлодлар учун ҳам қадрлидир..

1

2 3

Икки улуғ сиймо ҳайкалларига боқар эканман, талабалик чоғларимиз Эркин Воҳидовни «давримизнинг Алишер Навоийси» дея ардоқлаб сўзлаганларимиз ёдимга тушди. Бугун яна шу ҳақда ўйладим. Ҳеч бир шоир ижодини Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг меросига тенглаштириб бўлмаса-да ёшлигимизда ўйлаган, баҳс-мунозара қилган ўша фикрларимизда ҳам жон бордек туюлаверади.

Тўғри, Ҳазрат Мир Алишер Навоий замонаси, у даврдаги тузум ва тизимни Эркин Воҳидов яшаган давр билан асло солиштириб бўлмайди.

Бироқ, икки улуғ шоир ҳаётида қандайдир ўхшашлик ва уйғунликни англаш мушкул эмас.

Икки буюк сиймонинг таржимаи ҳолларини дарсликлар ва бошқа қатор манбалардан ўқиб ўрганганмиз.

Низомиддин Мир Алишер бобомиз Навоий тахаллуси билан ижод қилган. У 10-12 ёшидан шеърлар ёзишни бошлаган. Машҳур шоир Лутфий болакай Навоий билан кўришади ва унинг шеърий иқтидорини юқори баҳолайди.

1464-1465 йиллар Алишер Навоий ижодининг мухлислари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. Бундан кўриниб турибдики, ўша даврлардаёқ Алишер Навоий машҳур шоир бўлган. 1469 йилгача темурийлар ўртасидаги ўзаро ички низолар туфайли Алишер Навоий ўзининг она шаҳри Ҳиротдан узоқда яшашга мажбур бўлган.

1469 йил темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Алишер Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Алишер Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.

1480 йил Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 та работ (йўловчилар учун бекат), 17 та масжид, 10 та сўфийлар тураржойи (хонақоҳ), 9 та ҳаммом, 9 та кўприк ва бошқаларни қурдиради. Бироқ, сарой амалдорларига Алишер Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади.

Шундай қилиб, Алишер Навоий эгаллаб турган мансабидан кеткизилиб, 1487 йили Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда масъул лавозимда фаолиятини давом эттиришни таклиф этади. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Ҳусайн Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби ҳазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Алишер Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Шу вақтдан Алишер Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тўғри келади. Алишер Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Алишер Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.

Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Алишер Навоий ўз ичига беш достонни олган “Хамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”).

Алишер Навоийнинг “Хамса”си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. У туркий тилда ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий чиғатой тилида (эски ўзбек тили) ҳам форс-тожик адабиёти билан бир даражада турувчи асар яратиш мумкинлигини исботлашга ҳаракат қилган. Ва у ўзининг беш хазинаси орқали бунинг уддасидан чиққан.

Алишер Навоий мусулмон Шарқининг, деярли барча жанрларида ўз қаламини синаб кўради ва ўз овози, ўз услуби борлигини кўрсата олади. Шарқ адабиётида “Лайли ва Мажнун” мавзусида 120 дан зиёд достон яратилган. Алишер Навоий ҳам шахсий ёндашуви ила ушбу мавзуда достон ёзади. Достонда Лайли ва Мажнун ўртасидаги севги баён қилинади. Ўз ифодасида Алишер Навоий одамийлик ва сўфийлик севгисини шарҳлашга ҳаракат қилган. Ўзининг сўфийлик қарашларини Алишер Навоий, шунингдек, “Фарҳод ва Ширин”, “Ҳайрат ул-Аброр” достонларида ҳам ифодалаган. Унинг достонларида сўфийлик мавзуси умумфалсафий даражага кўтарилган.

Маълум бўлишича, Алишер Навоий темурийлар саройига яқин бўлиб, дўсти ва подшоҳ Ҳусайн Бойқарога таъсир кўрсата олган. Шу сабабли Алишер Навоий бу достонларида Ҳусайн Бойқарога қаратилган ғояларни ифодалаб ўтган: дунёнинг ва шоҳ тахтининг ўзгарувчанлиги; ҳукмдорнинг ўз халқи олдидаги мажбуриятлари… Ҳамсанафислик анъаналарига нисбатан Алишер Навоий ўзининг ижтимоий ва сиёсий қатъияти ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида жуда кўп насрий ва илмий асарлар ҳам яратган. Улар қаторига форс ва туркий тиллар қиёси келтирилган асарларни киритиш мумкин: “Муҳокамат ал-луғатайн” (“Икки тил баҳси”); аруз назариясига оид (шеър ёзиш ҳажми) – “Мезон ал-авзан” (“Ҳажм мезони”), муаммо жанри назариясига оид – (жумбоқ) “Муфрадат”.

Алишер Навоийнинг сўнгги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (1500). Унда шоирнинг сўнгги ижтимоий ва сиёсий қарашлари ёритилган. У бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс сифатида у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик барқарор бўлиши учун курашган.

Алишер Навоий асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келмоқда. Асрлар давомида унинг асарлари маънавий хазина ва илҳом манбаи бўлиб ҳисобланиб келган.

Давримиз Навоийси дея ардоқланган замонамизнинг улуғ шоири Эркин Воҳидов XX-асрда узоқ йиллар давом этган собиқ мустабид тузум даврида, сўнг Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 2016 йил 30 май кунигача умр кечирган.

1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилган шоир 1960 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади. У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди. Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она-юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Юртимиз мустақиллиги йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Эркин Воҳидов 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

Эътибор берган бўлсангиз, беш аср аввал яшаган Мир Алишер Навоий билан Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолиятида ўхшаш жиҳатлар талайгина. Эркин Воҳидов умрининг 15 йили парламентда (вазирлардан кам бўлмаган) масъул лавозимларда ўтган.

Икки даҳо шоир ижодида ибратли фикрлар, миллий туйғулар қанчалик кенг ўрин олгани ҳақида ҳали адабиётшунослар кўп ва хўб тадқиқотлар олиб борсалар ажабмас.

Эркин Воҳидов улуғ аллома шоир Мир Алишер Навоий ғазалларини ҳам маҳорат ила шарҳлаб берган. Қуйида ана шу асарлардан бирига ошно бўласиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факультети доценти,

филология фанлари номзоди

 4

ЖУНУН ВОДИЙСИДА

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,

Тилармен бир йўли бузмоқ бузилғон рўзғоримни.

Фалак  бедодидин гарчи мани хокий ғубор ўлдум,
Тилармен, топмағайлар тўтиёлиғқа ғуборимни.

Шак эрмас партави тушгач уйи ҳам, рахти ҳам куймак,
Чу гўристон гадойи сезмагай шамъи мазоримни.

Деманг, қай сори азм этгунг, манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илкига бермишмен инони ихтиёримни.

Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфарони юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.

Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг, бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.

Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким кўргай,
Бағир парголасидин қонға булғонғон узоримни.

Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, доғи дафъ эт хуморимни.

Жаҳон таркини қилмай чунки тинмоқ мумкин эрмастур,
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.

Улуғ Навоийнинг ҳар бири бир жаҳон маъно, бир олам ҳис-туйғу ифода килувчи байгларини такрор-такрор ўкиб, ҳар сафар кўнглимиз сурур ва ҳаяжон билан тўлади, ҳар сафар бу олмос сатрларнинг янги қирраларини кашф киламиз, янги-янги маъно товланишларини кўриб ҳайратланамиз.
Навоий байтлари бизнинг ҳаётимизга болаликдан, дастлабки ўқиш китоблари билан кириб келади. Биз илк бор буюк шоирни донишманд муаллим сифатида таниймиз, «олим бўлсанг, олам сеники» деб айтган устоз сифатида ўрганамиз. Сўнг ўсмирлик, йигитлик фаслида бизга Навоий муҳаббат, вафо дарсини беради.
Ёниқ ишқий байтларни ён дафтаримизга кўчириб ёзамиз, илк севги мактубларига қўшиб битамиз. Вақт ўтиши билан буюк Алишер кўз олдимизда файласуф сифатида намоён бўлади, бизга ҳаёт дарсини ўргатади, унинг севинч ва андуҳлари, завқу-жафоларини сўзлаб, дунё ҳақидаги тасаввур доирамизни кенгайтиради.

Жунун водийсиға мойил кўрармен, жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузилғон рўзғоримни.

Мана шу матлаъ билан бошланувчи ғазал ўзбекнинг хонадонида дам-бадам меҳмон бўлади. Уни машҳур ҳофизларимиз мақом йўлларида жуда таъсирли ижро этганлар.
Бу ғазал дунёнинг ғаму андуҳидан зардоб бўлган шоир қалбининг афғонидир. Инсон юраги ва тафаккури ҳаддан зиёд севинчни ҳам, ғамни ҳам қабул қилолмаслик хусусиятига эга. Туйғуларнинг офатли сели кишини телба қилади. Шоир ўз жонини жунун, яъни телбалик водийсига мойил кўради, бузулган ҳаёти-рўзғори уни ақлдан оздиргани, яъни телбаликни бўйинга олиб дашту саҳролар кезишдан ўзга иложи қолмаганини ва телбалик — бузиш, вайрон қилиш экан, демак бузилган ҳаётини бир йўла вайрон қилмоқ тилагини фарёд билан ифшо қилади:

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузилғон рўзғоримни.

Шоир дунёдан шунчалар кўнгли қолган, совуганки, оқибатсиз одамлардан шунчалар меҳри қайтганки, бу ҳаётдан ҳеч бир нишонсиз йўқ бўлиб кетишни тилайди. Инсон жисмику хоки ғубор бўлмоққа маҳкум, лекин шоир истаги:

Фалак бедодидин гарчи мани хокий ғубор ўлдум,
Тилармен, топмағайлар тўтиёликка ғуборимни.

Яъни, золим одамлар мени тириклигимда хўрладилар, қадримга етмадилар. Вақт келларки, менинг одамларга кўргузган меҳру садоқатим, фидойилигим аён бўлар. Кишилар менинг қадримга етарлар, мозорим хокини кўзларига тўтиё қиларлар. Лекин тириклигимда бедодлик қилганлар мен дунёдан ўтгач ўкинмоқлари бенаф, кўзларига тўтиё қилмоқ учун ғуборимни топмағайлар. Ўшанда, эй аҳли ғафлат, Навоий қайга азм этди деб сўраманг, мен тириклигимдаёқ ихтиёрим жиловини қазонинг қўлига бериб қўйганман:

Деманг, қай сори азт этгунг, манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илкига бермишмен инони ихтиёримни.

Ошиқ дунёнинг жабру жафосидан кўп қонли ёшлар тўкди. Оқибат кўзларида ўша қон ёшлар ҳам қуриб тамом бўлди, фақат заъфардек сарғайган юзи қолди. Шоир бу ҳолатни ҳайратомуз ташбеҳга боғлайди: Золим фалак менинг баҳоримни олиб унинг бадалига хазон фаслини берди. Бу лоладек қон ёшларим қуриб, хазондек сарғайган юзим қолганидан намоён бўлиб турибди.

Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфарони юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.

Навоий даҳр зулмидан бошига ёғилган балоларни байтдан байтга кучлироқ фарёд билан баён қилади. Биринчи байт ошиқнинг «жунун водийсига мойил» бўлганини, иккинчи байт дунёдан тамом йўқ бўлиб кетиш тилагини ифода қилса, ғазал сўнгига яқин шоир буларнинг барчасидан ўта офатни қаламга олади — бу офат телба бўлишдан ҳам, дунёдан беному нишон кетишдан ҳам оғир бир офат. Бу — ёру диёрдан жудо бўлиш мусибати. Навоий шундай ёзади:

Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг, бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.

Яъни, агар мен ёру диёримни ташлаб бош олиб кетар бўлсам, бунинг боиси ёрим ва диёрим одамларидан бошимга минг балолар ёққанидир. Тақдир менинг бошимга солган бу савдо шундай оғир савдоким:

Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким кўргай,
Бағир парголасидин қонға булғонғон узоримни.

Бағрим пора-пора бўлганидан қонга бўялдим, бу ҳолимни кўрган ҳар бир кимсанинг бағри оғримай иложи йўқ.
Тириклик шоирнинг наздида — дард. Бу дарднинг давоси эса ёлғиз ўлим. Асли шаробдан келган бош оғриқнинг давоси шароб. Аммо шоир учун тириклик шаробининг дафъи хумори заҳри қотилдир.

Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, доғи дафъ эт хуморимни.

Яъни, ҳаёт бодасини ичиб бошим оғирдур, эй соқий, қадаҳга заҳар қуйиб бергин-да менинг бошим оғриғини дафъ эт. Чунки бу дунёда ўлмай туриб тинчимак мумкин эмас, шу боис мени дардлардан озод қилмоқчи бўлсангиз, бору йўғимни ёқинг:

Жаҳон таркини қилмай чунки тинмоқ мумкин эрмастур,
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.

Навоийнинг бу машҳур ғазали фалак бедодидан, бемеҳр одамлар жабридан шоирнинг чеккан ноласи бўлиб, неча асрлар оша девондан-девонга кўчирилиб, оғиздан-оғизга ўтиб, ҳам китоб вақарларида, ҳам қўшиқлар қанотида бизгача етиб кёлди. Бу-кун биз улуғ бобомизнинг олис набиралари беқиёс истеъдод қаламидан тўкилган ма-на шундай сатрларни ўқиб, эшитиб онгимиз ва юрагимиз билан баҳрамандлик топамиз, узоқ-узоқ замонларнинг садосини тинглагандай бўламиз:

Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни…

 

Эркин Воҳидов

http://e-adabiyot.uz/uzbek/mumoz/navoiy/209-junun-vodiysida.html

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>