Ахборот манбаларини яратишнинг ҳуқуқий асослари

Миллий матбуот марказида ўтказилган навбатдаги анжуман ана шу мавзуга бағишланди.

м7

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабалар, Ахборот хизматлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

м1

– Қонун ижросини таъминлашда назария ва амалиёт уйғунлиги ғоят муҳим ўрин тутади,– деди Журналистика факултети декани Маҳлиё Мирсоатова.– Бугунги давра суҳбатида мамлакатимизда миллий ахборотлаштириш тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда энг илғор ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни янада такомиллаштириш борасида фикрлашамиз.

м9

Анжуман иштирокчилари Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбековнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот манбаларининг ўрни ҳамда улардан самарали фойдаланиш” мавзуидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

– Бугун ҳар бир ташкилотда ахборот манбаларини яратиш долзарб вазифалардан бирига айланган. Ахборот манбаларини яратишда ҳам, бирор мақола ёки оддий хабар ёзишда ҳам аввало мавзунинг ҳуқуқий, назарий асосларини пухта ўрганиш лозим,– деди маърузачи.– “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари” деб номланиб, унда қуйидагича баён этилган:

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари;

оммавий ахборот воситаларининг материаллари.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари бўлиши мумкин.

Демак, ҳар бир ташкилот Ахборот хизмати ходимлари ахборот манбаларини яратишда нималарга эътибор қаратишини қонунда аниқ белгилаб қўйилган. Ахборот хизмати ходимлари ҳар куни ўз ташкилотидан янги ахборот ва маълумотлар олиш, тўплаш ва қайси ОАВга тақдим этиш режасини ишлаб чиқиши зарур. Бу режа албатта ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланиши керак. Яъни, ҳар бир мутасадди ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган режага биноан иш юритиши, бинобарин, Ахборот хизмати томонидан талаб этилган ахборотларни бериши лозим. Бу борада матбуот котиби ташкилот раҳбари билан бамаслаҳат иш қилиши шарт. Ахборот олишда ҳам, ОАВга тақдим этишда ҳам ўзбошимчалик қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ахборот хизмати мунтазам равишда ташкилот томонидан ахборот оқимини вужудга келтириши талаб этилади. Бу вазифани амалга оширишда интернетдан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги кунда интернет тизимида республикамизнинг деярли барча етакчи ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг ҳам интернетда веб-сайтлари мавжуд. Ўша веб-сайтда ахборот манбаини яратиш учун қуйидаги маълумотларни жойлаштириш зарур:

  1. Ташкилот номи, манзили, харитаси, биноси сурати, телефон рақамлари, электрон почта ва ҳоказолар тўлиқ ва аниқ ёзилиши, бу ўринда қисқартма сўзлар имкон қадар ишлатилмаслиги ёхуд аввал тўлиқ номи ёзилгач қавс ичида қисқартма шакли берилиши мақсадга мувофиқдир;
  2. Ташкилотнинг Низоми, Дастури, турли меъёрий ҳужжатлари;
  3. Ташкилотга тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент Фармонлари, ҳукумат қарорлари (шунингдек, уларга вақти-вақти билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳозиржавоблик билан тузатиб қўйилиши шарт);
  4. Ташкилот мутасаддилари исми-фамилиялари, лавозимлари, иложи борича таржимаи ҳоллари, фаолиятини акс эттирувчи суратлари;
  5. Ташкилотнинг кундалик фаолиятини ёритишга қаратилган ахборотлар, янгиликлар турли тадбирлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ҳақида суратли лавҳалар. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

А). Ташкилот ходимларининг кундалик фаолиятлари билан танишиб боришлари ва энг муҳим ахборотларни тўплашлари;

Б). Олинган маълумотлар, факт ва рақамлар тўғрилигини синчковлик билан текширишлари, бу борада мутасадди ва масъул ходимлар билан ҳамкорликда иш юритишлари;

В). Ташкилот фаолиятига оид қайси маълумотлар сир сақланиши зарурлигини аниқлаб олиши, ахборот хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор бериши;

Г). Ахборотда номлари қайд этиладиган кишиларнинг исми шарифлари, вазифаси тўлиқ кўрсатилиши шарт (айниқса, исмининг бош ҳарфинигина ёзиб қўйиш ярамайди);

Д). Ахборот матнини журналистика талабларига мос равишда: ижодий маҳорат билан мазмунли, қисқа ва лўнда ёзиши (токи, уни таҳририят ходимлари қайта ишлаб ё таҳрир қилишларига ҳожат қолдирмаслиги) шарт.

  1. Ташкилотга келган хатлар, аризалар, таклифлар ва уларнинг ижросига оид маълумотлар;
  2. Ташкилот муассисилигида чиқадиган газета-журналларда, шунингдек, бошқа ОАВда ташкилот ҳақида ёритилаётган муҳим мақолалар;
  3. Ташкилотнинг ҳудудий (вилоят, шаҳар ва туман) бошқармалари ё бўлимлари ҳақида маълумотлар;
  4. Ташкилот фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги режалар, лойиҳалар, шунингдек, турдош соҳалар ташкилотлари билан алоқалар;
  5. Ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботлар.

м2

Ахборот хизмати ходимлари ушбу вазифани ҳар куни амалга ошириб боришлари зарур. Токи, уларнинг веб-сайтларида ҳар куни янги ахборотлар ёритиб борилмаса, уни кўпчилик кузатмай қўяди. Агар Ахборот хизмати веб-сайтини зарур ахборотлар билан тўлдириб бормаса, ўзига яраша “мафкуравий бўшлиқ” пайдо бўлиши ва у ҳақида турли бўҳтонлар тўқиб чиқаришига “имкон яратиб” қўйиши мумкин.

м3

Ҳар куни турли маълумотлар, янги-янги ахборотлар билан тўлдириб борилган веб-сайтларни биринчи галда ОАВ ходимлари кузатадилар ва ўзларини қизиқтирган маълумотлар, янгиликларни олиб, ҳозиржавоблик билан ёритиб борадилар.

м8

Бундан ташқари ҳар бир Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида маълумотлар берувчи китоблар, рисолалар, буклетлар чоп қилиши ва ОАВ вакилларига, турли анжуманларда меҳмонларга, умуман, жамоатчиликка тақдим этиши мақсадга мувофиқдир.

м6

Ахборот манбаларидан фойдаланаётган ОАВ вакилларига аввало ўша ташкилот Ахборот хизмати билан бу борада маслаҳатлашиш, фикр алмашиш лозимлигини “эслатма” шаклида (телефон орқали бўлса-да) бериб бориш мақсадга мувофиқдир. Қайсики ОАВ мазкур ахборот манбаидан фойдаланар экан, ўша манбани албатта кўрсатиши шарт.

Ахборот оқимини кучайтиришнинг самарали йўли – вилоят, шаҳар ва туман ташкилотларида ҳам ахборот хизматларини ташкил этиш ва улар орқали мунтазам маълумотлар, ахборотлар тўплашга эришишдир.

м5

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш учун ижтимоий фикрни муттасил ўрганиб бориш тақозо этилади. Бунинг учун Ахборот хизмати ходими ҳар бир фикрни эътибор билан тинглаб, хулоса чиқариши зарур. Яъни, одамлар нималар ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар. Шиддаткор давр ҳар бир муассаса, вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Ахборот хизматлари қай даражада фаолият кўрсатаётганини уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ОАВда ёритилаётган ранг-баранг мақолалардан билса бўлади.

м4

Ушбу масала юзасидан ЎзМУ Журналистика факультети Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар кафедраси доценти Юсуфжон Ҳамдамов, Матбуот кафедраси мудири Ёқутхон Маматова, катта ўқитувчи Дарья Османова ва бошқаларнинг таҳлилий фикр-мулоҳазалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

м10

Анжуманда журналистлар ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

Эркин УСМОНОВ,

ЎзМУ газетаси махсус мухбири

***

Журфак талабалари диққатига!

Юқорида баён этилган мавзуга оид қуйидаги мақолани ҳам ўқиб кўришингизни тавсия этамиз.

***

Ахборот олиш кафолати бўйича Ўзбекистон тажрибаси

Самарқандда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги – ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Эстония, Греция, Финляндия давлатларидан келган экспертлар, халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г.Алимова, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда фуқароларнинг ахборот олишга доир конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг асосий қоидаларидан келиб чиқиб, 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши мамлакатимизда давлат бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги муҳим қадамлардан бўлди. Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартиби, аҳолининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлари ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини кафолатловчи ҳуқуқий тартиб-таомиллар белгилаб берилган.

Анжуманда мазкур қонуннинг ишлаб чиқилиши, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилгани ҳақида маълумот берилди. Қонун ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятидан аҳолини хабардор этиш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқлари таъминланиши тўғрисида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сўз ва ахборот эркинлиги кафолатлари белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинди. Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос ва сўз эркинлигининг таъминланиши натижасида мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари сони 3,6 баробар ошиб, ҳозир 1 минг 400 дан ортиқни ташкил этмоқда. Улар орасида босма матбуот нашрларининг 60 фоизга яқини, телерадиоканалларнинг 67 таси ва интернет-нашрларнинг 95 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларини ташкил этади. Бу бугунги кунда оммавий ахборот воситалари аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, жамоатчилик фикрини шакллантириш хамда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол қатнашаётганини кўрсатмоқда.

Халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот соҳасини демократлаштириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори самара бераётганини қайд этди.

– Давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги улар ҳақидаги маълумот, ахборотларни эркин олиш ва тарқатишда намоён бўлади, – дейди Буюк Британиянинг Лондон университети ўқитувчиси Девид Голдберг. – Бу вазифани бажаришни оммавий ахборот воситалари фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли бугунги кунда дунёдаги ҳар бир демократик давлат мамлакатда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро нормаларга мос қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинаётгани Ўзбекистонда ахборот соҳаси изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни мамлакатда кечаётган демократик ислоҳотлар самараси, дейиш мумкин. Бугунги конференцияда мазкур қонуннинг ижроси юзасидан янги маълумотларга эга бўлдик. Ўзбекистон қонуншунослари ва депутатлар, журналистлар, хорижий экспертлар билан ўзаро тажриба алмашдик.

– Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти ҳақида маълум тушунчаларга эга бўлсам-да, бугунги конференциядаги маърузаларни тинглаб, ахборот хизматлари раҳбарлари, мутахассислар билан суҳбатлашиб, яна кўп янги маълумотлар олдим, – дейди Германиядаги “Behorden Spiegel” газетаси мухбири Петер Слама. – Бу борада интернет имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳар бир ташкилотнинг ўз веб-сайти орқали фаолияти ҳақида ахборот бериб борилаётгани эътиборга молик. Германияда ҳам ахборот соҳасига оид кўплаб қонунлар бор. Ўзбекистон тажрибасидан ўрганадиган жиҳатлар ҳам кўп экан.

Анжуманнинг секция мажлисларида кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланди, ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
17.09.2015 20:27

You may also like...

1 Response

  1. Isfandiyor Burgutboyev:

    Tölqin aka, bugungi tadbir juda mazmunli ötdi. Ta’kidlash joizki, maruzalar orqali sohaning biz kabi yosh va bölg’usi mutaxassislari yetarlicha bilimga ega böldilar. Internet jurnalistikasi borasidagi fikrlar ham e’tiborga molik.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>