Ахборот-психологик хавфсизлик (3)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

10

3-мавзу: АХБОРОТ СОҲАСИДА ГЛОБАЛЛАШУВ

Ахборот соҳасида дунё миқёсида юз бераётган глобаллашувнинг ижобий ва салбий жиҳатлари жуда кўп. Ушбу жараённи ўрганар эканмиз, аввало, глобаллашув нима, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Глобал, французча – global, яъни, умумий, лотинча – globus, яъни, шар деган маъноларни англатади. Уни кенг маънода, биринчидан, бутун ер шарини қамраб олувчи, иккинчидан, ҳар томонлама, тўлиқ, ялпи, универсал1 деб тушуниш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, глобаллашув – кишилик жамиятидаги маҳаллий аҳамиятга молик ахборот, маданий, иқтисодий, геосиёсий маконларнинг бир тизимга бирлашуви жараёнидир. Ер шарининг турғун транспорт йўллари билан бирлаштирилиши, ахборот технологиялари ривожланиши натижасида ахборотнинг бир зумда бутун дунёга тарқалиши глобаллашувнинг ўзига хос кўринишлари, дейиш мумкин.

Глобаллашув жараёнини кузатсангиз, ўз-ўзидан қатор глобал муаммолар кўзга ташланади. Яъни, ҳозирги замонда жаҳон термоядро урушининг олдини олиш, халқаро террорчиликка қарши кураш ва барча халқлар учун тинчликни таъминлаш, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасидаги тафовутни бартараф этиш, очлик, қашшоқлик ва саводсизликни тугатиш, атроф муҳит ҳалокатли тарзда ифлосланишининг олдини олиш, инсониятни зарур ресурслар – озиқ-овқат, саноат хомашёси, энергия манбалари билан таъминлаш, фан ва техника тараққиёти салбий оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслик2 каби муаммолар киради. Бундай муаммолар ҳақида жаҳон аҳли тезкорлик билан ахборотга эга бўлаётганини ахборот соҳасидаги глобаллашувнинг ўзига хос кўриниши дейиш мумкин. Бу жараённи илмий жиҳатдан ўрганар эканмиз, амалиётда қанчалик муҳим ўрин тутаётганини теран англаймиз. “Ана шундай глобаллашув феномени ҳақида гапирганда, бу атама бугунги кунда илмий фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб боришини ифода этмоқда,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Глобаллашув жараёни ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида гапирганда шуни объектив тан олиш керак – бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва худудлар билан шундай чамбарчас боғланиб боряптики, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини тушуниш, англаш қийин эмас. Шу маънода, глобаллашув бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир”3.

Глобаллашув жараёнининг ижобий ва салбий жиҳатлари анчагина. Зеро, давлатлар ва халклар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда бу жараён ғоят муҳим ўрин тутади. Айниқса, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, илм-фан ютуқларидан ҳамманинг бирдек баҳраманд бўлиши, янгиликлар ва бошқа муҳим ахборотлар тезлик билан тарқалиши ижобий ҳолдир. Турли муаммоларни ҳал этиш, айтайлик, табиий офатларни бартараф қилиш, оғир аҳволга тушиб қолганида мамлакатларнинг бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятлари глобаллашув жараёнида янада юқори даражага кўтирилиши табиий ҳолга айланган.

Инсониятнинг шундай мўъжизакор ютуқларидан ҳам баъзи бузғунчилар салбий мақсадларда фойдаланаётганлари таассуфли ҳолдир. “Айни пайтда ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини таркибий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас”4.

Миллат тараққиёти ҳақида сўз борганда қадимдан буюк аждодларнинг интеллектуал салоҳияти юксалишида ғоя муҳим ўрин тутгани маълум. Буни биргина бебаҳо маънавий хазинамиз “Авесто”нинг туб моҳиятини белгилаб берадиган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” ғоясидан ҳам билса бўлади. Айни пайтда глобаллашув жараёнида миллий ғоя мафкуравий таъсир ўтказишнинг асосий қуролига айланган. Айтиш жоизки, глобаллашувнинг жадаллашуви шароитида миллий маънавият мавжудлигининг ўзи етарли эмас, унда ташқи таҳдидларга қарши қаратилган ички руҳий қудрат, унинг амал қилиши ва фаолият кўрсатиши ҳам зарур бўлади5.

Инсон табиатидаги қизиқ бир ҳолат азал-азалдан кузатилади. Яъни, қачон ва қаердаки бирор ижобий ҳодиса юз берса, унга қарши кушандалар ҳам пайдо бўлаверган. Айтайлик, диний қадриятлар, илм-фан ютуқлари, адабиёт, санъат ва маънавият ҳам инсониятни глобаллаштиришга хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Зеро, бугунги кунда тараққиётимизга тўғаноқ бўлаётган муаммолар ҳақида давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлардан ҳам англаш мумкин: “Жаҳоннинг турли нуқталарида ҳамон давом этаётган урушлар ва қарама-қаршиликлар, сақланиб қолаётган давлатлараро, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, Мингйиллик ривожланиш декларациясида таъкидланганидек, қашшоқлик, очлик, оналар ва болалар ўлими, эпидэмиялар ва инсониятнинг бошқа муаммоларига қарши кураш борасидаги энг жиддий тўсиқлар бўлиб қолмоқда”6.

Бугунги глобаллашув жараёнларида бузғунчилар дунё тинчлигига ва осойишталигига, умумбашарий ва миллий қадриятларга рахна солаётганлари турли соҳаларда ва турфа жабҳаларда намоён бўлаётир. ХХI аср бошларига келиб мамлакатлар ўртасидаги ўзаро таъсир шу қадар кучайиб кетдики, бу жараёндан тўла иҳоталаниб олган бирорта ҳам давлат йўқ, деб тўла ишонч билан айтиш мумкин. Глобаллашув шундай жараёнки, ундан четда тураман, деган мамлакатлар, аксинча, унинг таъсирига кўпроқ учраб қолиши мумкин. Бундай ғайри ихтиёрий таъсир эса кўпинча салбий бўлади.

Айрим мутахассислар фикрича, глобаллашув жараёнининг ягона таърифи йўқ. Ҳатто унинг мазмун-моҳиятини тўла акс эттирадиган концепция ҳам яратилмаган. Мазкур жараённинг энг умумий жиҳатлари ҳақида шундай фикрлар илгари сурилган:

Биринчидан, ХХ аср иккинчи ярмига хос асосий технология – ядро қуролини ишлаб чиқариш билан боғлиқ эди. Глобал давр технологиялари эса телевидение, реактив самолёт, космик йўлдош, компьютер, уяли телефон, интернет каби алоқа воситалари билан белгиланади.

Иккинчидан, инсониятнинг глобаллашув даврига қадам қўйгани коммунистик ғоя, мафкура ва сиёсатнинг таназзули ва шунинг натижасида либерал-демократик қадриятлар ғалабасини англатади7.

Глобаллашувнинг турли мамлакатларга ўтказаётган таъсири ҳам турлича. Бу ҳол дунё мамлакатларининг иқтисодий, ахборот, маънавий салоҳиятлари ва сиёсати қандай экани билан боғлиқ. Дунёда юз бераётган шиддатли жараёнларнинг ҳар бир мамлакатга ўтказаётган салбий таъсирини камайтириш ва ижобий таъсирини кучайтириш учун шу ҳодисанинг моҳиятини чуқурроқ англаш, унинг хусусиятларини ўрганиш лозим. Бу ҳодисани чуқур ўрганмай туриб унга мослашиш, керак бўлганда, унинг йўналишини тегишли тарзда ўзгартириш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси профессори Абдуллажон Бегматов қайд этишича, айрим мутахассислар глобаллашувни турли мамлакатлар иқтисоди, маданияти, маънавияти, одамлари ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқликнинг кучайиши деб таърифлайдилар. У француз тадқиқотчиси Б.Бандининг глобаллашув жараёни ҳақидаги қуйидаги фикрларини келтиради:

Глобаллашув – муттасил давом этадиган тарихий жараён;

Глобаллашув – жаҳоннинг гомогенлашуви ва универсаллашуви жараёни;

Глобаллашув – миллий чегараларнинг “ювилиб кетиш” жараёни.

Бу таърифларда келтирилган глобаллашув жаҳонда юз бераётган турли жараёнлар билан боғлиқдир.

Шу ўринда муаллиф глобаллашувнинг мамлакатлар иқтисодий сиёсати ва маънавиятига ўтказиши мумкин бўлган ижобий ва салбий таъсири ҳақида сўз юритар экан, Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Маҳатма Гандининг қуйидаги сўзларини таъкидлайди: “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб юборишини ҳам истамайман”.

Глобаллашувнинг ўзи мураккаб жараён экани, унинг турли мамлакатлар иқтисоди, сиёсати ва маънавиятига ўтказаётган таъсири яна ҳам мураккаб бўлгани сабабли унга нисбатан ҳам жаҳонга бир-бирига нисбатан қарама-қарши бўлган икки гуруҳ: глобалистлар ва аксилглобалистлар гуруҳлари вужудга келди.

Глобаллашув тарафдорлари глобалистлар, деб аталади. Улар орасида давлат арбоблари, сиёсатдонлар, саноатчи ва бизнесменлар кўпроқ учрайди. Глобаллашув мухолифлари эса аксилглобалистлар номини олган бўлиб улар орасида кўпроқ сўл кучлар, касаба уюшмалари ва ёшлар ташкилотининг вакиллари бор. МДҲ ҳудудида аксилглобалистлар Россия Федерацияси ҳудудида фаол ҳаракат олиб бормоқдалар. Бу ерда улар турли анжуманлар, семинарлар ўтказиш учун тўпланиб турадилар.

ХХ аср ўрталарида глобаллашувнинг институционаллашуви, яъни ташкиллашуви кучайгандан кейин бу жараённинг ўзи ҳам кескин тезлашди ва кучайди. Институционаллашувнинг кучайганини Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Халқаро Валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тараққиёти ва тикланиш банки улкан ташкилотларнинг вужудга келгани мисолида ҳам кўриш мумкин8.

Таҳлил шуни кўрсатадики, глобализм тарафдорлари ҳам, душманлари ҳам асосий эътиборни иқтисодиёт соҳасига қаратишади. Глобаллашувнинг маънавиятга таъсири ва маънавий глобаллашув масалалари социология, фалсафа каби фанларда ўз аксини топиши зарур. Бинобарин, қандайдир ёт ғоялар, оқимлар ва мафкуралар маънавиятимизга вайронкор таъсир ўтказишига йўл қўйиб бўлмайди. Четдан ўтказиладиган ҳар қандай мафкуравий таъсирга қарши ҳимоя чоралари кўришдан аввал қандай таъсирлар ижобий маъно касб этади-ю, қайсилари ортиқча эканлигини аниқлаб олиш зарур.

Ҳозирги кунда бирорта миллий маънавият йўқки, у бошқа халқлар маънавиятидан тўла иҳоталанган бўлса. Ўрта Осиё халқлари маданияти ва маънавияти ҳам Шарқ ва Ғарбни туташтирган карвон йўлларида жойлашгани сабабли ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданиятидан баҳраманд бўлган9.

Муҳими шундаки, халқимиз Ғарб ва Шарқ маънавиятидан баҳраманд бўлиб уларнинг ижобий томонларини ўзлаштирибгина қолмай, уларга ижодий ёндашиб янги чўққиларга кўтарилди. Бу фикрнинг тасдиғини маънавиятнинг таркибий қисмлари бўлган илмий билимлар, диний эътиқод, санъат дурдоналари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айрим мутахассислар глобаллашувни аниқ воқеликларга таянган ҳолда изоҳлайдилар10. Ундан келиб чиқадиган хулосаларни изоҳлаш мумкин:

  1. Ғоялар ва маданият соҳасидаги глобаллашув.

Ягона ахборот маконида илғор ва инсонпарвар ғоялар ўзаро яқинлашиб бораверади. Маданият соҳасида ҳам умумбашарий ғоялар глобаллашиб бораётгани кузатилмоқда. Бу борада Ўзбекистон дунё тараққиётига хизмат қилаётган ҳамда миллий маданиятимизга мос келадиган маданий бойликларга алоҳида эътибор билан қарайди. Яъни, турли ривожланган давлатлар билан маданий алоқаларини муттасил ривожлантириб бораверади.

  1. Ахборот ва коммуникация соҳасидаги глобаллашув.

Дунё аллақачон ягона ахборот маконига айланган. Бунинг қатор ижобий жиҳатлари борлигини инкор этмаган ҳолда айрим салбий жиҳатларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Яъни, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи мисли кўрилмаган янги-янги хавфлар пайдо бўлмоқда. Кўпинча айрим ахборот воситалари уюшган жиноятчилар, террорчилар қўлида жуда хавфли қуролга айланиб қолмоқда. “Бунинг тасдиғини ён-атрофимизда, дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида юз бераётган воқеалар, айрим сиёсий кучларнинг сохта ғоя ва мафкураларни олдинга суриш орқали ўзлари кўз тиккан мамлакатларни таъсир доирасига олиш ва ўзига тобе қилиш, халқаро майдонда икки хил стандартларни ишга солиб, керак бўлса, куч ишлатиб, узоқни кўзлаган стратегик мақсадларини зўравонлик билан амалга оширишга қаратилган уринишлари мисолида кузатиш мумкин,– деб ёзади Президент Ислом Каримов.– Такрор-такрор айтишга тўғри келади – бундай кучлар ўз мақсадларига етиш учун шундай маккор усул-услуб ва замонавий ахборот технологияларини ишлатмоқдаки, уларнинг тазйиқларига дош бериш, бундай хуружларнинг ниқоби ва сир-асрорини очиб ташлаш, асл ниятларини англаш – бу ўта оғир ва мушкул вазифа бўлиб, уни адо этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди”11. Ахборот соҳасидаги глобаллашув жараёнида энг муҳими, ана шундай ахборот хуружларига қарши аввало ёшларда етарли даражада мафкуравий иммунитетни ошириб бориш фақат ижобий самара бериши мумкин.

  1. Иқтисодий глобаллашув.

Технологияларнинг тараққий этиши жаҳон иқтисодий тизимининг ягона комплекс сифатида фаолият олиб бориш имкониятларини кенгайиши учун шарт-шароит яратди. Бу глобаллашувнинг ҳам ўзига яраша ижобий жиҳати билан бир қаторда салбий томонлари ҳам йўқ эмас. 2008 йилда бутун дунёни ташвишга солган жаҳон молиявий инқирози деярли бирор мамлакатни четлаб ўтмади…

  1. Геосиёсий глобаллашув.

“Геосиёсий” сўзининг луғавий маъносини – географик сиёсий, деб талқин этиш мумкин. Яъни, бирор мамлакатнинг ўрни, чегаралари, иқлими ва бошқа географик омилларининг давлат ташқи сиёсатига (географик-сиёсий стратегияси ва ҳ.к.га) муайян таъсирини ифодалаш учун ишлатилади.

Геосиёсийга оид илмий қарашларга давлатнинг географик жойлашуви (макони) билан унинг ички ва ташқи сиёсати ўртасидаги уйғунлик принципи асос қилиб олинади12.

Мутахассислар фикрича, геосиёсий ва геоиқтисодий омиллар йиғиндиси глобаллашувнинг қатъий, ашаддий мухолифларини вужудга келтирмоқда. Айрим ривожланган мамлакатлар глобаллашув жараёнининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи, “менежери” бўлишга интилмоқда13.

XX аср охирларида Марказий Осиёда янги мустақил давлатлар ташкил топиши ва уларнинг жаҳон иқтисодий алоқаларига қўшилиши жаҳонда глобаллашув мисли кўрилмаган даражада равнақ топган даврга тўғри келди. Бу жараёнда эса дастлабки йилларда қатор муаммолар ҳам пайдо бўлгани сир эмас. Хўш, бу борада халқаро ташкилотларнинг ўрни қай даражада бўлмоқда, деган ҳақли саволга жавоб ахтарамиз. Сиёсатшунос Улуғбек Саидов бу масалада шундай ёзади: “Халқаро ташкилотлар, олим ҳамда мутахассисларнинг глобал миқёс касб этган муаммо ва зиддиятларга жиддий эътибор қаратаётгани уларнинг ҳал этилишида муайян умидворлик уйғотади. Аммо илгари сурилган ғоялар, қабул қилинган кўплаб қарор ва дастурларга қарамай, дунё ҳалокатли йўлдан боришни давом эттиряпти. Бунинг кўп сабаблари бор. Жумладан, дунёдаги кенг жамоатчиликнинг инсоният келажаги, умуман, ер сайёрасига хавф солаётган глобал таҳдидлардан огоҳ эмаслиги ёки уларни етарли даражада ҳис этмаётгани ҳамда ҳокимиятни эгаллашдан бошқа муаммони ўйламаган айрим сиёсий арбобларнинг, фойда кетидан қувган бизнесмен ва тадбиркорларнинг, ўз ташвишидан бошқа нарсалар билан қизиқмаган оддий одамларнинг масъулиятсизлигини тилга олиш мумкин”14. Аслини олганда, бугунги кунда бирор масъул шахс ё фаол фуқаролик позициясига эга бўлган инсон глобаллашув жараёнларидан четда бефарқ туриши мумкин эмас. Бу жараён жамият тақдирига ўз таъсирини ўтказяптими, демак, шунга яраша фаол ҳаракат қилиш ҳаётимиз мезонига айланиши зарур.

Глобаллашув жараёнида дунё миқёсида пайдо бўлган хавф-хатарлардан асло кўз юмиб бўлмайди. Бу муаммолар қуйидагича:

  1. Халқаро терроризм. Минтақада халқаро терроризмнинг фаоллашуви ҳам ички, ҳам ташқи омиллар билан боғлиқ.
  2. Диний экстремизм. Юртимиз осойишталигига рахна соладиган диний экстремизм илдизларини аниқлаш, уни моддий ва бошқа жиҳатлардан доимо қўллаб-қувватлайдиган манбаларини топиш.
  3. Халқаро наркобизнес. Терроризм ва диний экстремизм билан мунтазам ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган наркобизнес аввало уларни маблағ билан таъминлашга хизмат қилади. Шу ўринда наркоагрессия – гиёҳвандлик моддалари ва наркобизнесга қарам бўлиб қолган жамиятларни вужудга келтириш мақсадида изчил ҳаракатлар тушунчаси шундан келиб чиқади15.

Глобаллашув жараёнида жамиятимизга бундай иллатлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тарзда кириб келишини унутмаслик лозим. Маънавий олам ўзаро таъсирлар жараёнида ривожланади. Буни юртимиз истиқлолга эришганидан буён маданий, маънавий ҳаётимизда юз берган ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Глобаллашув жараёнида миллий маънавиятга қарши турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун энг самарали восита – миллий истиқлол ғояси, ёшлар онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни тобора ошириб боришдир. Ҳозирги пайтда жаҳонда 20 га яқин давлатда ядро қуроли ишлаб чиқариш ҳаракатлари давом этаётган бўлса, 120 га яқин мамлакатда “ахборот хуружи” уюштирилаётгани ташвишли ҳолдир. Бу ахборий тажовузлар миллат руҳига, инсоният тараққиётига сўзсиз салбий таъсир кўрсаттиши турган гап. Ахборот соҳасидаги глобаллашувнинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда мамлакат миллий хавфсизлигига, миллий қадриятларга, миллат руҳиятига таҳдид солиш хавфи ҳам борлигини доимо ёдда тутиш ва унга қарши ёшлар қалбида мафкуравий иммунитетни ошириб бориш ҳаётий заруратга айланган.

Назорат учун саволлар:

  1. Глобаллашув деганда нимани тушунасиз?
  2. Глобаллашув жараёнида қандай глобал муаммоларни биласиз?
  3. Глобаллашув жараёнининг ижобий ва салбий жиҳатларини кўрсатинг.
  4. Маънавий қадриятларидан бири бўлган муқаддас китобимиз Қуръони каримда жанжал-баҳс қилгувчиларга қандай таъриф берилади?
  5. ХХI аср бошларига келиб дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро таъсир қай даражада намоён бўла бошлади?
  6. Глобал давр технологиялари деганда нималарни тушунасиз?

Асосий тушунчалар

Глобал (французча – global — умумий, лотинча – globus — шар) – 1) бутун Ер шарини қамраб олувчи; 2) ҳар томонлама, тўлиқ, ялпи, универсал.

Глобал муаммолар — умумбашарий ҳаёт ва тараққиёт билан боғлиқ ҳозирги замон муаммолари. Улар жумласига жаҳон термоядро урушининг олдини олиш, халқаро террорчиликка қарши кураш ва барча халқлар учун тинчликни таъминлаш  кабилар киради.

Глобал давр технологиялари – телевидение, реактив самолёт, космик йўлдош, компьютер, уяли телефон, интернет каби алоқа воситалари.

Глобалистлар – глобаллашув тарафдорлари.

3

1 Қаранг: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 3-жилд. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2002. – 39 б.

2 Қаранг: ўша манба, ўша жойда.

3 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 111 б.

4 Қаранг: ўша асар, 112-113 б.

5 Қаранг: Отамуродов С. Глобаллашув ва миллат. –Т.: Янги аср авлоди, 2008. – 170 б.

6 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқи. //Халқ сўзи, 2010 йил 21 сентябрь.

7 Қаранг: Зокиров Б. Глобаллашув зиддиятлари. //Тафаккур, 2004 йил, 1-сон, 28 б.

8 Қаранг: Бегматов А. Глобаллашув, миллий маънавият ва ахборот тизимлари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

9 Қаранг: Ўша манба, ўша жойда.

10 Қаранг: С.Сафоев. Глобаллашув шароитида миллий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

11 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 7-8 б.

12 Қаранг: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-жилд. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2001. – 643 б.

13 Қаранг: С.Сафоев. Глобаллашув шароитида миллий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

14 Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т.: Академия, 2008. – 25-26 б.

15 Қаранг: С.Сафоев. Глобаллашув шароитида миллий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

You may also like...

9 Responses

  1. Ma’ruza tushunarli bo’ldi. Rahmat ustoz.

  2. Ma’ruzadan globallashuvning nimaligini, uning ko’rinishlari va mamlakatlarga nisbatan turli ta’sirlari haqida ma’lumotlarga ega bo’ldim. Globallashuv jarayoni hozirda hayotimizga tobora tez va chuqur kirib kelmoqda. Globallashuv jarayonidan ikki xil maqsadda – ezgulik va yovuzlik yo’lida foydalanish mumkin. Ezgulik yo’lidagi harakatlar davlatni va jamiyatni rivojlantirishga xizmat qiladigan bo’lsa, yovuzlikni maqsad qilgan harakatlar mahsuli esa buning tamomila aksidir.

  3. Ma’ruzadan juda ko’p ma’lumotlar oldim. XX asrda global tarmoq ishlab chiqilishi bilan axborot almashinuvi jarayoni yangi bosqichga ko’tarildi. Global kompyuter tizimining interfaolligi tufayli fikr va axborot almashish hamda individual ehtiyoj va manfaatlarni qondirish uchun imkoniyatlar majmui shakllanmoqda deb o’ylayman. Misol tariqasida internetni olishimiz mumkin.

  4. Зокирова Мадина:

    Глобаллашув атамасига эътибор билан назар ташласак унинг икки элементини кўришимиз мумкин: ижобий ва салбий.
    Глобаллашув ўз-ўзидан вужудга келмаган. Яна шуни айтиш мумкинки Глобсллашувнинг энг юқори таъсири ижтимоий тармоқлардир, у жараённи янада тезлаштириб юборади!

  5. Bugungi glaballashuv jarayoni va uning salbiy va ijobiy jarayonlari haqida ma’ruzdan ma’lumot oldim .Raxmat ustoz

  6. Ustoz glaballashuv jarayoni haqidagi ma’ruzangizdan o’zimga kerakli ma’lumotlarni oldim. Uning faqatgina ijobiy ta’rafini qo’llashga bor kuch-g’ayratim bilan harakat qilaman.

  7. Maruzangizdan kerakli bilimlarni oldim Rahmat

  8. Malika Mo'minova:

    Bilamizki globallashuv jarayoni tezkorlik bilan rivojlanishdir, barsha narsaning ikki tomoni bo’lgani kabi bu jarayonning ham yaxshi va yomon tomonlari mavjud. Biz shuni ajrata olishimiz lozim ekan buni anglayoldim.

  9. Ҳамма ўқитувчилар шундай сайт орқали дарс ўтса мақсадга мувофиқ бўлар экан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>