Ахборот-психологик хавфсизлик (7)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

10

2

7-Мавзу: АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ВАЗИФАЛАРИ, АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА УСУЛЛАРИ

Ўзбекистонда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш борасида сўз юритганда аввало мамлакатимизга четдан мафкуравий таҳдидлар, “ахборот хуружлари” амалга оширилиши сабаблари, бунинг туб илдизларини теран англамоқ зарур.

Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлидан илдам боришига турли тўсқинликлар бўлаётгани сезилиб туради. Бундай кўз илғамас “тўсиқ”лардан бири – мафкуравий, ғоявий таҳдид, ахборот хуружидир. Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш ҳақида сўз борар экан, аввало кечаги ўтмишда юз берган баъзи воқеа-ҳодисаларни яна бир бора эслаб кўрсак, бу хуружларнинг илдизлари ойдинлашгандек бўлади. Собиқ мустабид тузум даврида “марказ”нинг буйруғини бажариб яшаш “иттифоқ” исканжасидаги республикалар учун одатий ҳолга айланган эди. Ўша даврга ҳаққоний баҳо берган Биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрларини эслаш ўринли: “Гоҳ ошкора, гоҳ зимдан: “Сизлар ўз-ўзларингни мустақил бошқаришга, мустақил давлат қуришга қодир эмассизлар”, “Сизлар муте, қарам миллатсизлар”, “Сизлар учун биз фикрлаймиз, назария яратамиз, амру фармон берамиз, сизлар эса бажарасиз, холос”, деб миямизга қуйиб келишмаганми?”1. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг биз сохта мафкуранинг яккаҳокимлигидан қутулдик. Маънавиятни, мафкурани зуғумлардан озод қилиб, эркин фикрга, миллий тафаккурга кенг йўл очдик. Эндиги асосий вазифа кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишончнинг орта бориши ҳақида сўз юритар экан Биринчи Президентимиз тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилишини2 алоҳида таъкидлайди. Ўтган давр мобайнида бутун халқимиз мустақиллик моҳиятини теран англаб етганига ва Ўзбекистоннинг келажаги нақадар буюк давлат эканига умид қилиб яшаётганига шак-шубҳа йўқ!

Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашнинг вазифалари, асосий йўналишлари ва усуллари илмий асослангандир. Бу ерда шахс, жамият ва давлатнинг ахборот соҳасидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазифалар, турли таҳдидларга қарши кураш усулларини назарий жиҳатдан ўрганилиши ва таҳлил этиб борилиши зарур. Зотан, жамиятни бошқариш сиёсий-ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий, ижтимоий-психологик йўллар орқали амалга оширилади. Буларнинг негизида аввало информацион бошқариш мавжуд. Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашнинг маънавий-маърифий аспекти, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, ОАВ ходимлари фаолиятининг ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларига қатъий амал қилиш ахборот-психологик хавфсизлигининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ахборот-психологик хавфсизлик – давлат, жамият ва шахсга зиён етказиши мумкин бўлган тасодифий ёки қасддан қилинган ахборий таъсирлардан ҳимоялашга қаратилган муҳим саъй-ҳаракатдир. Мутахассислар фикрича бу қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

– ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш;

– ахборотнинг конфиденциаллигини сақлаш, унинг ОАВда чиқиб кетиши, ўғирланиши ва йўқолишининг олдини олиш;

– ахборотни бузиб кўрсатиш ва сохталаштиришнинг олдини олиш.

Демак, бугунги глобаллашган маконда ахборот хавфсизлигини таминлаш – ахборот соҳасига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади. Бу жараёнда ёвув ниятли кишиларнинг кирдикорларига қарши кураш билан бир қаторда турли даражада келтирилиши мумкин бўлган зарарларнинг ҳам олди олиниши табиий.

Жамият ахборот-психологик хавфсизлигини таъминлашда унинг қуйидаги компонентлари (таркибий қисмлари)ни билиш зарур, яъни, таҳдидлар, таҳдид объектлари, таҳдид манбалари, таҳдиднинг мақсадлари, ахборот манбалари, ахборотни ғайриқонуний тарзда қўлга киритиш усуллари, ахборотни ҳимоялаш йўналишлари, ахборотни ҳимоялаш усуллари, ахборотни ҳимоялаш воситалари. Шу ўринда айтиш жоизки, ахборотни турли таҳдидлардан ҳимоялаш учун ғайриқонуний ҳаракатларга бефарқ қарамаслик, уларнинг олдини олиш, ахборот манбаларига рухсатсиз киришга йўл қўймаслик ва зарур пайтда қаршилик кўрсатишни таъминловчи турли тадбирлар, йўллар, усулларни қўллаш тақозо этилади. Бу фикрни илгари суриш зарурати қандай пайдо бўлганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бугун компьютерлаштирилган дунё, ялпи ахборотлаштирилган глобал тизимнинг вужудга келиши миллатлар ва бутун инсоният тақдирини бир-бирига боғлаб қўйди. Ахборот олиш ва тарқатиш технологияси ғоят тараққий этиб кетди.

Интернет орқали одамлар ер юзининг исталган жойидаги кишилар билан алоқа ўрнатиши, қатор сайтларга ахборотини жойлаштириши мумкин. Бундай мўъжизакор имкониятлардан баъзилар ғаразли мақсадларда фойдаланиб, “ахборот хуружи”, ахборот-психологик ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилмоқда. Ахборот-психологик ҳужумнинг инсон руҳиятига салбий таъсири ҳақида кўп фикрлар илгари сурилаётгани бежиз эмас. Оқкўнгил, содда ва ишонувчан кишилар матбуотда босилган, телевидениедан, радиодан айтилган гапларга ишонч билан қарашидан усталик билан фойдаланиб қоладиган ва “ахборот хуружлари” уюштирадиган кимсаларга бефарқ қарамаслик учун нима қилмоқ керак, деган саволга мухтасар жавоблар ҳам кўп. “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш” асарида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш учун аввало нималарга эътибор берилиши лозимлиги шундай асослаб берилган:

Биринчидан, одамнинг иродаси, дунёқараши бақувват бўлиши учун унинг ҳаётга, эртанги кунга, ўзининг куч ва имкониятларига ишончи мустаҳкам бўлиши керак. Айниқса, фарзандларимиз қалбида келажакка ишонч туйғусини ошириш учун уларнинг, юқорида таъкидланганидек, асосли ва ҳаққоний маълумот ва ахборотларга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шу борада оммавий ахборот воситалари бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларини ҳар томонлама чуқур, таъсирчан усуллар орқали ёритиб бориши зарурлигини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Лекин бу масалада фақат офаринбозлик, «яшасин» деган гаплар билан иш битмайди. Бугун бизга ислоҳотларимизни тўлиқ амалга ошириш, уларнинг самарадорлигини янада кучайтириш йўлида нималар ғов-тўсиқ бўляпти? Бу – бюрократия, манфаатпарастлик, порахўрлик, маҳаллийчилик, шуҳратпарастлик, лоқайдлик каби салбий иллатлардир. Бундай иллатларни ўз номи билан атаб, амалий мисолларда кўрсатиб бериш учун оммавий ахборот воситалари, авваламбор, эл-юрт манфаатларининг ҳимоячиси бўлиши, журналистлар эса бу ўта оғир, кучли иродани талаб қиладиган жабҳада том маънода фидоийлик кўрсатишини ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Иккинчидан, биз ўз юртимизни ўзимиз, ўз меҳнатимиз, пешона теримиз билан обод этмасак, бунинг учун белни маҳкам боғлаб ишламасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни қилиб бермайди. Шунинг учун ҳам биз ота-боболаримиз хоки ётган бу юрт, бу муқаддас замин – бизники, унинг бугуни ва истиқболи фақат ўзимизга боғлиқ, мустақиллик пойдеворини қурган инсонлар бошлаган ишларни давом эттириш – бизнинг эзгу бурчимиз, деган тушунчани, керак бўлса, ҳаётий эътиқодни ёшларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдиришимиз даркор3.

Айтиш жоизки, ҳар бир инсон ҳаётга ўз нуқтаи назари билан қарайди. Ташқи муҳит инсонга турлича таъсир кўрсатади. Зарарли таъсирлардан ҳимояланиш ўша инсонда мафкуравий иммунитет қай даражада эканлигига боғлиқлиги аллақачон ўз исботини топган. Зеро, инсон маънавий-маърифий, ахлоқий-руҳий даражасидан келиб чиққан ҳолда фаолият кўрсатади. Шунга яраша фикрлайди, ахборот қабул қилади, хулоса чиқаради. Бу хулоса унинг онги қай даражада шаклланганини кўрсатади. Ҳар қандай ахборот мазмуни, моҳияти, таъсир этиш даражаси, жамиятга фойдали ёки зарарлилиги, кишини эзгуликка ёки ёвузликка даъват этишини эътибор билан ўрганиш лозим. Зеро, миллий манфаатларни асраш ва ривожлантириш учун ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш ғоят муҳимдир. Шу ўринда ахборот-психологик хавфсизлик тушунчасини теран англаб олмоқ жоиз. Мутахассислар фикрича, ахборот-психологик хавфсизлик – бу бевосита инсон руҳиятига таъсир ўтказиш орқали уни ўз ақидаларидан, муқаддас идеалларидан, эътиқодидан айирадиган бузғунчи ғоялардан асрашдир. Демак, ахборот-психологик хавфсизликка эҳтиёж, энг аввало бевосита инсон ва жамият, инсон ва давлат, шахс ва унинг дахлсизлиги, миллат ва миллий қадриятлар, жумладан, урф-одатлар, анъаналар, тарихий ва маданий мерос, авлодлар ворисийлиги, миллатнинг истиқболи билан боғлиқ бўлган қадриятларга маънавий-руҳий таъсир, бузғунчи ғояларнинг мавжудлигидан келиб чиқади.

Ахборот-психологик хавфсизликка риоя қилинмаса, унинг таъсирчан чоралари кўрилмаса, бузғунчи ғоялар миллий қадриятларни барбод этиш орқали тарихан мавжуд бўлган халқлар ва миллатларни геноцидга олиб келиши муқаррар. Тиғиз ахборотлашган жамиятда ахборот орқали замонавий руҳий таъсир технологияларининг тобора ривожланиб бораётганлиги шахс ва жамият тафаккурининг шаклланишига у ёки бу тарзда кучли таъсир ўтказади. Жамоатчилик фикрининг қай даражада шаклланганлигига, жамиятнинг сиёсий онги, ҳуқуқий билимлар савияси, маънавий-маърифий даражасига қараб жамиятнинг тараққиётга ёки таназзулга юз тутиши муқаррар. Ижтимоий фикрни шакллантиришда ахборот таъсирини ошириш, ахборот технологияларидан фойдаланиш усуллари ва услубларининг тобора кенгайиб бораётганлигини назарда тутсак, ахборот-психологик хавфсизлик муаммоси яна ҳам кескинлашиб қолади.

Ахборот технологиялари ривожланаётган жамиятда турли таҳдидлар ҳам пайдо бўлиб туриши одатий ҳолга айланмоқда. Ахборот-психологик ҳимоя етарли даражада таъминланмаган жамиятда турли таҳдидлар одамларда қурқув, ҳадик ва ишончсизлик туйғуларини пайдо қилаверади. Шу ўринда жамиятда ахборот-психологик хавфсизликнинг тўла таъминланиши шундай салбий ҳолатларга чек қўйиши мумкин. Ахборот-психологик хавфсизлик ҳар қандай ёт, бузғунчи ғоялар, мафкуравий таҳдидларнинг салбий таъсирини йўққа чиқаришга хизмат қилади. Жамият тараққиёти жараёнида ахборот-психологик хавфсизлик маънавий-ахлоқий мезонларга ҳам айланиши мумкин. Бунда ахборот олиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи ОАВ ходимларининг сиёсий савияси, касб маҳорати ва энг муҳими фаол фуқаролик позицияси ҳам намоён бўлаверади.

Жамиятда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш учун ташкилий-техник жиҳатдан таъминланган бўлиш, замонавий техника ва технологиялар билан етарли даражада қуролланиш зарур. Бу борада моддий-молиявий база бўлиши керак. Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш моҳиятини теран англайдиган соҳа ходимлари имкониятларини кенгайтириш, замонавий ахборот технологиялардан самарали фойдалана оладиган билимларга эга, ҳар томонлама кенг фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.

Тобора авж олиб бораётган “ахборот хуружи” ҳар бир инсон онгига кучли таъсир ўтказиши шак-шубҳасиз. Шундай экан, жамият тараққиётини ҳал қилишга қодир бўлган ахборот тизимини тўғри бошқариш ғоят муҳимдир. Бу муаммоларнинг ижобий ҳал этиб борилиши ўз навбатида юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Ахборот-психологик таъсир мамлакат ички ва ташқи сиёсатига, жамият ҳаётига бевосита дахлдор масала. Демак, ахборот-психологик ҳимояни таъминлаш жамият маънавий тараққиётига фақат ижобий таъсир кўрсатади.

Ахборот маконида Ўзбекистонга ҳам “ахборот хуружлари” қанчалик авж олдирилаётгани кўриниб турибди. Масалан, 2005 йил май ойида Андижонда юз берган мудҳиш ҳодисалар айрим давлатлар матбуотида “бош мавзу”га айланган эди. Ўшанда Ўзбекистонга қарши кўплаб “ахборот хуружлари” уюштирилган. “Оммавий ахборот воситаларида башланган мазкур кенг қамровли кампания бу – тергов ишлари тугагунга қадар воқеалардан илгарилаб кетиш, Ғарбдаги кенг жамоатчилик онгига ўзлари истаган сохта манзарани чуқур сингдириш, Европа ва АҚШда яшайдиган ҳар бир одамда “тинч намойишчилар” ўққа тутилди, мана Ўзбекистонда қандай мустабид тузум ҳукмронлик қилмоқда, деган фикр уйғотишга интилишдан бошқа нарса эмас,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Андижон шаҳрида рўй берган воқеалар муносабати билан берган баёнотида.– Бу кенг қамровли кампания ташкилотчилари мана нимани хоҳлайди. Улар бунинг учун катта пул тикишган”4. Ўша кезда айниқса Ғарб матбуоти саҳифаларида Андижон воқеаларига оид тарқатилган хабарлар таҳлили шуни кўрсатадики, бу мафкуравий таҳдид замирида Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантиришга ва мамлакатда сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар аён кўриниб турибди. Бу мамлакатимизга қарши “психологик уруш”нинг ўзига хос кўриниши эди.

“Психологик уруш”нинг маъносини мутахассислар шундай изоҳлайди: у “муайян бир давлат махсус органларининг ўз сиёсий ва ҳатто соф ҳарбий мақсадларига эришиш учун бошқа давлатнинг фуқаро аҳолиси ва ҳарбий хизматчиларига психологик таъсир ўтказишдан иборат фаолият мазмунини акс эттиради”5.

Баъзи мутахассислар эътироф этишларича, қатор давлатлар томонидан қўлланилаётган “психологик уруш” олиб бориш методлари аслида қадимги эрамиздан олдинги VI асрда яшаган хитой файласуфи ва ҳарбий арбоби Сунь Цзи қўлланмаларида жуда аниқ ифодалаб берилган. Улар қуйидагилардан иборат:

  1. Душманингизнинг мамлакатидаги ҳамма яхши нарсаларни пароканда қилинг.
  2. Душманнинг кўзга кўринган арбобларини жинояткорона ишларга жалб қилинг.
  3. Душман раҳбарларининг обрўсини тўкинг ва пайти келганда уларни жамоатчилик олдида изза қилинг.
  4. Шу мақсадда энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг.
  5. Ўзингизга душман мамлакат фуқаролари орасида низо ва тўқнашувлар келтириб чиқаринг.
  6. Ёшларни кексаларга қарши гиж-гижланг.
  7. Ҳукуматнинг ишига барча воситалар билан халал беринг.
  8. Душман қўшинларининг нормал таъминланишига ва уларда тартиб сақланишига барча усуллар билан тўсқинлик қилинг.
  9. Душман қўшинлари майлини ашула ва мусиқалар билан банд қилиб қўйинг.
  10. Душманларингизнинг анъаналарини қадрсизлантириш ва ўз худоларига ишончини йўқотиш учун мумкин бўлган ҳамма нарсани қилинг.
  11. Маънавий бузилишни авж олдириш учун енгилтабиат аёлларни юбориб туринг.
  12. Ахборот ва шериклар сотиб олиш учун таклиф ва совғаларга сахий бўлинг.
  13. Умуман пулни ҳам, ваъдаларни ҳам аяманг, чунки улар ажойиб натижалар беради6.

Эътибор берсангиз, ҳозирги кунда ҳам юртимизга нисбатан қилинаётган ахборот хуружлари ва бошқа бузғунча хатти-ҳаракатлар замирида ўша ғояларнинг деярли ҳаммасини амалда кузатиш мумкин. Уларга қарши курашда аввало ўша мақсад ва режаларини аниқ билиб олиш мақсадга мувофиқдир. Демак, тинчлик ва осойишталикка эришиб яшаш осон эмас. Буни ўтган йиллар мобайнида юртимиз ҳаётига қилинган тажовузлар, қўпорувчилик ҳаракатлари мисолида кўрдик. Давлатимиз раҳбари тўғри таъкидлаганидек, кўпчилик замондошларимиз гувоҳи бўлган воқеаларни, бизга ҳасад билан қарайдиган ташқи ва ички душманларимизнинг юртимизда ҳукмронлик қилиш, ўз ёвуз мақсадларига эришиш учун қандай ўта хавфли хуружлар қилганини эсласак, масаланинг моҳиятини янада теранроқ англашимиз мумкин.

Эндиликда юрт хавфсизлигига таҳдидларнинг кўринишлари ҳам ўзгача. Замонавий коммуникация технологиялари билан қуролланган бузғунчилар очиқ майдонда жанг қилишмайди. Улар қўпорувчилар “сопи”ни ўзимиздан чиқаришга уринишмоқда. Яъни, ҳали онги шаклланиб улгурмаган баъзи ёшларни турли йўллар билан онгини заҳарлаш орқали ўзимизга душман қилишга ҳаракат қилишаётир.

Ўзбекистоннинг тараққиёт сари дадил одимлаб боришига мудом ҳасад билан боқадиган кимсалар кам эмас. Улар юртимизга ахборот хуружлари уюштиришда гоҳ демократия, гоҳо муқаддас динимизни ниқоб қилиб оладилар. Коса тагида нимкоса, деганларидек, асли мақсадлари юрт тинчлигига, эл осойишталигига таҳдид солиш бўлган бундай кимсаларга қарши курашда ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифатни маънавий қалқон қилиб олиш мақсадга мувофиқдир. Чет эл оммавий коммуникация воситаларининг таъсирига нисбатан барқарор психологик мутаносибликка эришишнинг йўли ва воситалари кўп. Бунинг учун биринчи галда, табаррук заминимиз – она Ватанимизнинг қадрига етиш лозим. Юрт тупроғи нечоғли табаррук ва азиз эканлигини ёш авлод қалбига буюк аждодларимиз маънавий жасоратини улуғ мерос сифатида сингдириш муҳимдир.

Жамиятда ёш авлодни “ахборот хуружи” каби ташқи таъсирлардан доимо асраш ва улар қалбида “мафкуравий иммунитет”ни оширган ҳолда Ватанга садоқатли қилиб камолга етказиш учун жуда катта маънавий замин мавжуд. Энг муҳими, улуғвор илдизларидан қувват олган ниҳоллар мисол баркамол авлоднинг ана шу улуғ заминда чинакам камол топа олишидир.

Назорат учун саволлар:

  1. Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилган “Озод бўлсанг – озод бўл! Эркин бўлсанг – эркин бўл! Мустақил бўлсанг – мустақил бўл! Ҳақиқий мустақил бўл!” ғоясининг мазмун-моҳиятини тушунтиринг.
  2. Ўзбекистонда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашга қандай заруриятлар бор?
  3. Собиқ мустабид тузум даврида халқимиз миллий ўзлигини қай тариқа сақлаб қолган?
  4. Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида дунё билан бўйлашиши, тараққиёт сари дадил одимлашига қандай тўсиқлар пайдо бўлмоқда?
  5. 1999 йил 16 февралда Тошкентда қандай тажовузли воқеалар юз берди?
  6. Ўтмишда буюк бобокалонлар ҳаётида онгни заҳарлаш билан боғлиқ қандай хунрезлик, падаркушликлар юз берган?
  7. Ўзбекистонга нисбатан ахборот хуружларининг илдизлари қаерда?

Асосий тушунчалар

Ахборотга таҳдидлар – унинг яхлитлиги, конфиденциаллиги, тўлалиги ва фойдаланишнинг бузилишида ифодаланади.

Ахборот-психологик таъсир (салбий маънода) – бевосита инсон руҳиятига таъсир ўтказиш орқали уни ўз ақидаларидан, муқаддас идеалларидан, эътиқодидан айиришга қаратилган ҳаракат.

Конфиденциаллик – ахборотнинг рухсатсиз танишишдан ҳимояланиши.

Конфиденциал ахборот – фуқароларнинг шахсий ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва бошқа маълумотлар, суд-тергов маълумотлари, касб-корга оид: шифокор, нотариус, адвокат, почта ёзишмалари, ихтиролар каби шахсий характердаги маълумолар.

Психологик уруш – бир давлат махсус органларининг ўз сиёсий ва ҳатто соф ҳарбий мақсадларига эришиш учун бошқа давлатнинг фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларига психологик таъсир ўтказиш.

Таҳдид – бу маънавий ёки моддий зиён етказувчи потенциал ёки реал ҳаракатлар.

11

1 Каримов И.А. Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий истиқболининг асосий тамойиллари. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. – 201 б.

2 Қаранг: ўша асар, ўша жойда.

3 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 13-15 б.

4 Каримов И.А. Ҳақиқат – журналистиканинг доимий, ўзгармас қоидаси ва унга амал қилиш шарт. /Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 102 б.

5 Криско В. Секреты психологической войны. Цели, задачи, формы, опыт. –Минск. Харвест, 1999. с-6.

6 Қаранг: Раимов Ш.У. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш – миллий хавфсизлик стратегиясининг энг муҳим йўналиши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

You may also like...

10 Responses

  1. Ma’ruzada «axborot xurujini» uyushtiradigan kimsalarga befarq qarab bo’lmaslik haqida tushunchalar berilgan. Ko’p narsalarni bilib oldik rahmat ustoz.

  2. O'rinboyeva Kamolaxon:

    Ma’ruzadan tushunganimiz asosida axborot urushini oddiy reklamadan farqlaydigan bo’lsak, bunda asosiy maqsad qarshi tarafga nisbatan uning maqsadi va unga yetishish vositalaridan to’liq foydalanishiga to’sqinlik qilish, chalg’itishdir.
    Ustoz, yana shuni bemalol ayta olamizki, ma’ruzalaringiz orqali ajoyib bilim va tasavvurlarga ega bo’lamiz. Qani endi mana shu fan maktab darsliklariga yoxud o’rta ta’limga ham joriy etilsa, yoshlar ongida ertaroq immunitet hosil qilinardi va bugungi axborot xurujlari ta’siri kamroq bo’lar edi, nazarimda.

  3. Axborot psixologik ta’sir- bevosita inson ruhiyatiga ta’sir o’tkazish orqali uni ma’navyatidan va o’zligidan ayirishga qaratilgan ekan. Bu ma’ruzalar orqali juda ko’p narsalarni tushunyapman. Buning uchun rahmat….!

  4. Axborot psixologik ta’sir- bevosita inson ruhiyatiga ta’sir o’tkazish orqali uni ma’navyatidan va o’zligidan ayirishga qaratilgan ekan. Bu ma’ruzalar orqali juda ko’p narsalarni tushunyapman. Buning uchun rahmat….!

  5. Kamola fikringizga qo’shilaman. Bu fanlarni maktab davridan boshlab ish rejasiga kiritish kerak deb o’ylayman. Chunki, o’sib kelayotgan yosh avlod maktab davridan boshlab axborot nima ekanligini va unga qanday munosabat bildirish kerakligi bilib olishsa, voyaga yetganida o’z fikrini qo’rqmasdan bildira oladigan bo’lib shakillanadi deb o’ylayman.

  6. Зокирова Мадина:

    «Тобора авж олиб бораётган “ахборот хуружи” ҳар бир инсон онгига кучли таъсир ўтказиши шак-шубҳасиз» Дейди Дониш домла! Тўғри.
    Муаммоларни Ижобий ҳал этиш, барчасини тўғри бошқариш Ватанимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади!

  7. Ma’ruzada «axborot xurujini» uyushtiradigan kimsalarga befarq qarab bo’lmaslik haqida gapirib o’tilgan. Maruza tushunarli Rahmat

    Ответить

  8. Malika Mo'minova:

    Ustoz sizga ming bor rahmat bugun bu ma’ruzangizda men o’zim uchun ko’plab malumot va tarbiya oldim. Insonlar shu qadar yovuzlashib ketkanki bir birining rivoji uchun quvonmaydi, axborotlashgan bunday davrda yovuz niyatli tahdidlarni kelib chiqishi insonni hayratlantradi. Bu tahdidlarga qarshi turish uchun manaviyatimizni oshirishimiz kerak va shunday ma’ruzalardan habardor bo’lishimiz lozim.

  9. Axborot xuruji bugun butun dunyoni halokat yoqasiga boshlayotgan global muammolarni vujudga keltirmoqda. Dunyoning turli chekalarda uning ta’siri va tadbiqini kuzatib turibmiz. Axborat xurujidan o’zimizni himoya qilishimiz uchun albatta unga qarshi immunitetimizni tarbiyalab kuchaytirishimiz darkor. Shundagina biz o’ylagan maqsadimizga yetishgan bo’lamiz. Ustoz bu maruzangizdan judayam ko’p narsalarni tushindim. Rahmat!

  10. Ma’ruzadan axborot-psixologik xavfsizlik harakati amalga oshirilishidan ko’zlangan maqsadlar, bugungi kunda islohotlarni to’la amalga oshirish yo’lida uchraydigan to’siqlar, «psixologik urush»ning ko’rinishlari haqida ma’lumotlarga ega bo’ldim. Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>