Ахборот-психологик хавфсизлик (10)

Журфак 2 курс талабалари учун маъруза матни

ш5

тв1

10-Мавзу: ЎЗБЕКИСТОН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВА ЖАМИЯТНИНГ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

 Жамиятнинг ахборот-психологик хавфсизлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда катта. Ўзбекистон телевидениеси ва радио каналлари узлуксиз кўрсатув ва эшиттиришларни эфир орқали оммага етказаётган бўлса, кундалик газеталар, ахборот агентликлари тезкор хабар ва бошқа турли ахборотларни жамоатчиликка ҳозиржавоблик билан етказишга ҳаракат қилади. Мутахассислар фикрича, ҳар бир мамлакатнинг ахборот макони икки хил ахборот билан тўлдирилмоқда: биринчиси ‑ кучли ахборот технологияларига эга мамлакатлар томонидан ишлаб чиқилган ва уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ахборот бўлса, иккинчиси ‑ ҳар бир давлат ўзи ҳақида ишлаб чиққан ва миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган маълумотлардир. Демак, айни замонда шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамият ва давлат ўзи ҳақида ишлаб чиққан ахборотларни тарқатиши ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Интернет тармоғи имкониятлари кенгайиб бораётган ҳозирги даврда бу неъматдан мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини мустаҳкамлашда кенг фойдаланиш зарурдир. Жаҳонга танилиш учун нафақат реал дунёда, балки ахборот дунёси, жумладан, виртуал дунёда ҳам ҳаракатлар олиб бориш даркор. Матбуот, радио, телевидение ва, айниқса, Интернет ўз табиатига кўра очиқ ахборот тизимларидир. Матбуот нашрлари ўз мухлисларига мурожаат қилиб, уларнинг хатларини чоп этади. Радио ва телевидение аудитория билан бевосита эфир режимида тез-тез боғланиб туради1. Очиқ ахборот тизимлари шароитида шахс, жамият ҳамда давлатнинг ахборий-психологик хавфсизлигини таъминлашдек долзарб муаммоларни ҳал қилиб бориш давр талабига айланган. Давр журналистлар зиммасига ғоят улкан масъулиятлар юкламоқда. “Шу билан бирга, бугун ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам Интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини еътибордан соқит қилиб бўлмайди,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2011 йилда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган табригида.– Жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларнинг олдини олишнинг битта йўли бор: ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар етиб вояга етказишимиз, бу масалани ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак”2.

Шуни қайд этиш жоизки, матбуотда ҳаёт ҳақиқатини акс эттиришда давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар ва бошқа касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Абдурафиқ Аҳадовнинг “Даракчи” газетасининг 2009 йил 5 ноябрь сонида ёритилган “Иллатнинг илдизи бошқарувдаги нўноқликда!” сарлавҳали мақоласи ҳақида шундай ижобий фикр айтиш мумкин.

Гап шундаки, Москвада нашр этиладиган “Аргументы и факты” газетасининг 2009 йил 39-сонида бир пайтлар собиқ Иттифоқ ҳукумати бошлиғи бўлган Николай Рижковнинг ғалати фикрлари ёритилган. Яъни, у амалдорлик курсисида ўтирган кезларидаги СССР деб аталмиш мамлакат иқтисодиётидан мағрурлана туриб, “бизни Ўрта Осиё орқага тортар эди, ахир у томонларда ҳамиша болалар кўп бўлган, даромад ҳисоби эса киши бошига нисбатан олинган” деб ёзган. Бу ҳол гўё қатор бошқа муаммоларни келтириб чиқарган, жумладан, 80-йилларга келиб, мамлакат таназзулга учраган эмиш. “Ана сизга “қудратли” салтанат тепасида турган нуфузли жанобнинг “кашфиёти”, хулосаси! Орадан шунча йил ўтгач топган важи,– деб ёзади бу қабилдаги “ахборот хуружи”га қарши Абдурафиқ Аҳадов.– Унинг жўнгина хулосаси, СССРдек давлатнинг иқтисодий қудрати Ўрта Осиёликларнинг… кўп болали бўлганлиги туфайли заифлашган эмиш!.. Ваҳоланки, ортдаги тарих саҳифалари холислик билан таҳлил қилинса, буткул бошқача манзара намоён бўлиши муқаррар”. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи Абдурафиқ Аҳадов ўз мақоласида Николай Рижковнинг ушбу масалага ўта бирёқлама, нохолис ёндашганини асослаб беради. “Ер юзининг олтидан бирини эгаллаган СССРнинг тўқимачилик саноати корхоналари учун хомашё ҳисобланган, мисқоли олтинга тенг пахта толасини ким етиштириб, ким уни Иттифоқнинг барча бурчакларига етказиб берган?!– деб ёзади муаллиф,– шунча қора меҳнат эвазига Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар нима олганлар-у, қандай рўшнолик кўришган?!” Ўша давр сиёсатини яхши билган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган иқтисодчи ўша чигал масалага шундай ойдинлик киритади: “Жаноб Рижков ҳукуматга раҳбарлик қилган вақтда иқтисодиётнинг реал секторида ўз ечимини кутиб, борган сари чигаллашиб кетаётган муаммолар қалашиб ётган эди. Аммо мамлакат раҳбарияти барча ички молиявий муаммоларни четга суриб қўйиб, на сиёсий, на ҳуқуқий ва на ҳарбий жиҳатдан ҳеч бир асоссиз Афғонистоннинг ички можароларига тумшуғини суқди. Афғон заминидаги мантиқсиз уруш касофати озмунча ўзбек оилаларига мусибат келтирдими?!” Собиқ Иттифоқнинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ҳақида таҳлилий фикр юритар экан, муаллиф шундай асосли фикрларни илгари суради: “СССР аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган даромаднинг пастлигига бизнинг минтақамиздаги болаларнинг кўплиги эмас, балки марказдаги ишбошиларнинг узоқни кўра билмаслиги, жамият иқтисодиётини бошқаришдаги нўноқликлар эди”3. Фаол фуқаролик позициясида туриб юрт шаъни учун курашган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурафиқ Аҳадов ўша “ахборот хуружи”га яраша муносиб жавоб берган.

Ҳуқуқшунос олим Алишер Азизхўжаевнинг “Ғурурнинг-ку чегараси йўқ, андишанинг-чи?” сарлавҳали мақоласида (“Миллий тикланиш” газетаси 2009 йил 20 май сонида) ҳам “Ўзбекистон аталмиш ҳам ўтмиши, ҳам келажаги буюк мамлакатни, унинг халқини ўз етовига солишга бўлган уринишлар бир зум бўлсин тўхтамаётгани, ҳали Шарқ, ҳали Ғарб, ҳали Шимол томондан мана шундай хуружлар шамолининг мунтазам эсиб туриши сизу биздан кўзимизни каттароқ очмоқни” талаб этаётгани таъкидланади. “Айниқса, халқимиз шаънига айтилаётган бўҳтон гаплар, уйдирма хабар ва шов-шувлар оқимини кўриб кўрмасликка олиш, бояги кучларга менсимай қараш уларнинг янада ғовлашига, бунинг натижасида эса бошқа мамлакатлардаги содда омманинг юртимиз тўғрисидаги тасаввурлари нотўғри шаклланишига олиб келиши мумкин,– деб ёзади муаллиф.– Хусусан, Россияда чиқадган расмий ва норасмий ОАВларнинг айримлари томонидан тарқатилаётган хабар, мақола, кўрсатув ва радиоэшиттиришлардаги оҳанг кишини камида энсасини қотиради”. Муаллиф Россияда таниқли сиёсатчи В.Жириновский учун бир бутун халқлар, миллатлар тақдири ҳатто писта пўчоғичалик қимматга эга эмаслигини таассуф билан таъкидлайди. “Бироқ, бу кимсанинг Ўзбекистон, ўзбек халқи шаънига айтаётган гаплари сиз билан бизнинг ҳамиятимизни қўзғамасдан иложи йўқ”4. Глобаллашув жараёни курраи заминимизни ягона ахборот маконига айлантиргани қанчалик ҳайратомуз ва ижобий ҳодиса бўлса, бу жараёнда айрим бузғунчиларнинг ғаразли мақсадда ахборот хуружлари уюштириб, ёшлар онгини заҳарлашга чиранишлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

 Назорат учун саволлар:

  1. Жамиятнинг ахборот-психологик хавфсизлигини тъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини изоҳланг.
  2. Газеталарда ёритилган мақолалар моҳиятини изоҳланг.
  3. Бугунги даврдаги ахборот макони ҳақида нималарни биласиз?

 тэ 

ХУЛОСА ЎРНИДА 

“Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курси – ахборот-психологик хавфсизликнинг объекти, бу соҳадаги хавф-хатарлар ва бу борада амалга ошириладиган ишлар, уни мудом амалга оширишдаги принципиал ёндашувлар (бўлинмаслиги, узлуксизлиги, мақсадга томон йўналтирилганлиги, режали эканлиги ва комплекслик), назарий жиҳатдан ўрганилиши мақсадга мувофиқдир. Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қилинадиган ишлар ва услублар тавсифи: сиёсий-ҳуқуқий, меъёрий-услубий, ташкилий, кадрлар масаласи, ахборий, дастурий, математикавий, лингвистик ва бошқа унсурлардан иборат. Улар ҳам мазкур услубий қўлланманинг қатор мавзуларида акс эттиришга ҳаракат қилинди. Ахборотнинг турли шакллари, ўзига хос хусусиятлари ва хоссалари, улар бажарадиган асосий функциялар ҳам мазкур курсда атрофлича ўрганилади. Ахборот инсонга бирор янгилик бериш билан бир қаторда унинг онгини чалғитиши ҳам мумкин. Бунда ахборий муҳитнинг шахс, жамият, давлатга мафкуравий таъсирини ҳар томонлама ўрганиш талаб этилади.

Бугун ягона ахборот маконида “ахборот уруши”, “ўзаро ахборий кураш”, “ахборий босим”, “оммавий маданият” ниқоби остидаги турли таъсирлар ва шу каби тушунчалар тез-тез ишлатиладиган бўлиб қолди. Шунинг баробарида бундай зарарли таъсирлардан ҳимояланиш, айниқса ёшларда мафкуравий иммунитетни ошириш ҳам заруратга айланди. Бу масаланинг долзарблиги яна шундаки, эндиликда кишиларнинг (шахслар, ижтимоий гурухлар, жамоатчиликнинг) онги кўп жиҳатдан оммавий ахборт воситалари фаолиятининг, ахборот ресурсларининг таъсири остидадир.

Жамиятнинг ахборот маданиятини шакллантириш биринчи навбатда бу маданиятнинг зиёли қатламда шакллантиришга боғлиқ.

Қўлланмада берилган ўнта мавзу назарий жиҳатдан асослаган ҳолда амалиёт билан боғлаб тушунтиришга ҳаракат қилинди. Бунда мутахассисларнинг қимматли фикрларидан, тегишли манбалардан кенг фойдаланилди.

Зотан, “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курсидан таҳсил олаётган талабалар ҳамда мафкура майдонида фаолият кўрсатаётган журналистлар мазкур қўлланмада баён этилган фикрларни теран ўрганган ҳолда юрт тинчлиги ва эл осойишталиги учун дадил курашишларига умид қилса бўлади, деган умиддамиз.

___________________________

1 Қаранг: Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик. Дарслик. – Т.: 2013. – 53 б.

2 Каримов И.А. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. UzA.uz. 27.06.2011 17:13

3 Қаранг: Аҳадов А. Иллатнинг илдизи бошқарувдаги нўноқликда. //Даракчи, 2009 йил 5 ноябрь.

4 Азизхўжаев А. Ғурурнинг-ку чегараси йўқ, андишанинг-чи? //Миллий тикланиш, 2009 йил 20 май.

***

ш4

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбековнинг “МАФКУРА ВА АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХАВФСИЗЛИК” Ўқув қўлланмасидан олинди. (ЎзМУ – 2018 )

You may also like...

8 Responses

  1. Россияда чиқадган расмий ва норасмий ОАВларнинг айримлари томонидан тарқатилаётган хабар, мақола, кўрсатув ва радиоэшиттиришлардаги оҳанг кишини камида энсасини қотиради”.
    Rossiyada chiqadigan so‘zining o‘rniga chiqadgan bo‘lib qolgan. Shu to‘g‘irlab qo‘yilsa juda ham yaxshi ish bo‘lardi

  2. Assalomualeykum ustoz.
    Axborot hujumi haqida yozgan bu maqolangiz hozira jamiyatning eng dolzarb masalalaridan biri bolib kelmoqda.Manaviyatimizga qarshi qilingan kichik yoki katta hujum ham bari hujumdir.Sizning yuqorida keltirgan fikrlaringizga qo’shimcha qilib bu narsa ko’proq yoshlar orasida jadaligini xisobga olgan holda bu ishda yoshlarning ozini ham jalb qilish kerak degan fikrdaman.

  3. Axborot makoni katta unda ham yaxshi ham yomon materillar bor. Xo’sh uni kim yoritadi albatta siz-u bizga o’xshagan jurnalist. Agar Gipokrad qasamiga o’xshab jurnalistikada ham qasam ichilsa, sal tiyinish bo’lardi menimcha, yangilik ekan deb insonlarning shaxsiy hayotiga aralash hozirda jurnalistikada avj olgan jarayon. Buni qanday baholaysiz ustoz?

  4. Qo’shtirnoq ichidagi»Ommaviy madaniyat»hozirgi kunda keng ommani bunga jalb qilinsa maqsadga muvofiq bo’lardi degan umiddaman,sizning bu kitobingizni nafaqat jurnalistlar balki boshqa soha vakillari masal iqtisod,matematika va shunga o’xshagan boshqa fakultetlarda ham o’qitilishi kerak ,chunki hozigi kunda jurnalistika fakultetini tugatmay turib qanchadan qancha jurnalistman degan insonlar ishlashyabdi,shunda jurnalistikdagi o’zgarishlarni ko’rgan insonlar bu soha vakillaridan xursand bo’lisharmidi?

  5. Mohichehra:

    Ustoz ta’kidlab o’tganiday jamiyatda axborot madaniyatini shakllantirishga e’tiborimizni qaratishimiz kerak. Qachonki omma axborotni yaxshi qabul qilsa va o’z fikrlarini bayon eta olsa, shu jumladan OAV ham axborot berishda bu madaniyatni to’laqonli shakllantirsa hech qanday axboriy xavf ta’sir qila olmaydi.

  6. Avvalambor Assalomu alaykum, O’zbekiston Milliy Universitetining tinib-tinchimas, otashyurak Ustozi dotsent Tölqin Eshbek! Man yuqorida keltirilgan ma’ruza matnidan kelib chiqib öz fikrimni ma’lumni etadigan bölsam, bugungi kunda özaro «axboriy kurash», «axborot urushi», «axborot bosimi» va shuningdek qöshtirnoq ichidagi «ommaviy madaniyat» tushunchalarining biz yashayotgan zamonamizda ommalashib borayotganligi haqida juda salmoqli fikrlar bildirib ötgansiz. Shu jumladan mazkur ma’ruzangizni biz Jurnalistika fakulteti talabalariga dars jarayonida o’tganingizda shunga amin böldimki, bir necha oy muqaddam Televidenoye uchun aynan hozirgi kunning ayrim zamonaviy yoshlarini öz doimga tortayotgan ommaviy madaniyat haqida ssenary yozib borganimda Bosh muharrirning Ommaviy madaniyat özi nima degan savoli juda ikkilantirib qöygan edi. Sizning ma’ruzangiz davomida G’arbdan kirib kelayotgan, qolaversa mentalitetimizga zid bölgan madaniyatni qöshtirnoq ichidagi «OMMAVIY MADANIYAT» deya atalashini yaxshi tushunib oldim. Rahmat!

  7. Qishtirnoq ichidagi «Ommaviy madaniyat» tushunchasi keng ommalashib ketdi. Bu esa yoshlarimiz ma’naviyatiga jiddiy ta’sir kõrsatmoqda. Biz axborot asrida yashayapmiz, har xil axborot xurujlardan saqlanish esa bu õzimizga boģliq.

  8. Мен Шохиста Эшпулатова Мирзо Улугбек номидаги Узбекистон Миллий Университети Сиртки таълим Журналистика факультети Журналистика таълим Йуналишининг сиртки булими 2- курс талабасиман. Мавзу — хакикатда ута долзарб. Айникса кеча — 21 .06.2018 й. куни айнан шу мавзуда дарс утганингиз, кунларнинг бирида Самарканд шахрига чет эллик мехмонлар билан бирга таклиф этилганлигингиз хамда Самарканд шахри, меъморий едгорликлар, тарихий шахслар , миллий кадриятлар тугрисида бир неча тилда Гидлар томонидан мехмонлар учун етказилган ахборотлар хакида гапириб берганингиз айникса Гид билан содир булган саргузаштни айтиб берганингиз , бу дарс , бу вокеа биз сиртки талабалр хаетида бир умр мухрланиб колади десам хеч муболага булмайди. Хам котиб куласан, хам талантингизга лол коласан.
    Гузал Самарканд ва буюк тарихий шахслар , уларнинг оиласи, хаети хакида Гид томнидан нотугри берилаетган ахборот хакида куйиб пишиб , уша холатни айни уз вактида тугрилашингиз биз талабалар , булажак журналистлар учун катта сабокдир.Дарс утишдаги бундай махоратингизга койилмиз. Рахмат сизга домла. Ишларингизга муваффакият.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>