АХБОРОТ САБОҚЛАРИ

Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ САБОҚЛАРИ  

(“Ахборот соатлари” курслари учун услубий қўлланма)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2012

 

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

ректори Ғафуржон МУҲАМЕДОВ умумий таҳрири остида

 

Масъул муҳаррирлар:

Узоқбой БЕГИМҚУЛОВ

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ

 

Муҳаррир:

Шавкат МИРАЛИМОВ

 

Тақризчилар:

Тарих фанлари доктори, профессор Раҳбархон МУРТАЗАЕВА

Фалсафа фанлари доктори Алишер МЎМИНОВ

 

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети барча факультетларида ўтилаётган “Ахборот соатлари” курслари талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ошиши, уларнинг маънавий-маърифий жиҳатдан камол топишида муҳим ўрин тутади. Ушбу услубий қўлланмада талабалар билиши лозим бўлган энг муҳим маълумотлар, мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда, хусусан, Миллий университетимизда амалга оширилган эзгу ишлар ҳақида сўз юритилади. Қўлланма университет талабалари, ёш тадқиқотчилар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Гуманитар таълим ва маънавий-маърифий ишлар Кенгашининг 2012 йил 17 январдаги

1-баённомасига асосан нашрга тавсия этилган.

 

Эшбеков, Тўлқин. Ахборот сабоқлари. “Ахборот соатлари” курслари учун услубий қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012. – 52 б

 

©ЎзМУ, 2012.

 

 

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” САБОҚЛАРИ

 

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов келажагимиз бўлган ёшларнинг замон талабларига мос равишда пухта билим олишларига, олий таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратгани яхши маълум. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети сўнгги йигирма йил мобайнида чинакам қад ростлади. Зотан, Юртбошимиз томонидан имзоланган қатор тарихий ҳужжатларда асосий эътибор университетимиз ўқув ва илмий салоҳиятини янада оширишга, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, умуман, уни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Чунончи, 1995 йил 14 сентябрда “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарори, 2000 йил 28 январь куни “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони, 2000 йил 19 майдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари таркиби фаолиятини ва талабаларини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, 2008 йил 9 апрелда “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори, 2008 йил 27 сентябрда “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларига, бутун жамоасига” йўллаган табрик хати ўқув даргоҳимиз тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар ила битилгандир.

Ўтган йигирма йил мобайнида “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси янгидан қад ростлади. Университет ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, қатор замонавий иншоотлар, “Сув спорти саройи”, спорт мажмуаси, атрофини анвойи гуллар безаган равон йўллар, йўлаклар, боғлар янгидан чирой очди. Ўқув биноларимиз, лабораториялар, ахборот-ресурс марказлари замонавий технологиялар билан тўла таъминланди. Университетимиз Маданият саройи том маънода маънавият-маърифат бўстонига айланди. Бу муҳташам саройда бўлиб ўтаётган турли анжуманлар, учрашувлар, байрам ва бошқа тадбирлар талабаларнинг маънан камол топиши, интеллектуал салоҳияти ошишида ғоят муҳим ўрин тутмоқда.

Республикамиз ҳаётининг барча соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида талаба-ёшларга ахборот бериб бориш тизимини ривожлантириш, уларнинг сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, юртимиз тинчлигига рахна солаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабаларни зарур ахборот билан мунтазам таъминлаб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2005 йил 11 июндаги қўшма Ҳайъати қарорини ва 2005 йил 24 июлдаги 138-сонли қўшма буйруғида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида университетимизда “Ахборот гуруҳи” ташкил этилган. Бу гуруҳнинг асосий мақсади – талаба-ёшларни юртимизда барча соҳалардаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижда рўй бераётган воқеалар ҳамда бошқа зарур ахборотлар билан тезкор ва мунтазам равишда хабардор этиб боришдир. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг юқорида қайд этилган қарори ва буйруғига биноан университетимизнинг барча ўқув гуруҳларида ҳафтада бир марта 45 минут “Ахборот соати” ва 45 минут “Мураббийлик соати” ўтказилиши йўлга қўйилган.

ЎзМУ Ахборот маркази томонидан республикамиз оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган энг муҳим хабар ва мақолаларлар асосида тайёрланадиган “Ахборот соати” материаллари мунтазам равишда ҳар бир факультетга етказилади. Курс мураббийлари томонидан олиб борилаётган “Ахборот соати” машғулотлари профессор-ўқитувчилар шахсий иш режасининг “Маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар”га ажратилган соатлар доирасида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бугун Миллий университетимизда таҳсил олаётган талабалар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, глобаллашув жараёни кетаётган дунёда ва юртимизда, қолаверса, университетимизда юз бераётган энг муҳим янгиликлардан асосан “Ахборот соатлари” орқали ҳам хабардор бўлишаётгани эътиборга моликдир. Ушбу услубий қўлланма талабаларнинг бу борадаги билимларини, шунинг баробарида маънавий оламини янада бойитишга хизмат қилади, деган умиддамиз.

 

МУСТАҚИЛЛИК ДАРСИ

 

Янги ўқув йили “Мустақиллик дарси” билан бошланади. Унда қуйидаги маълумотлар берилиши тавсия этилади:

– Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги 1991 йил 31 август куни эълон қилинган. 1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни байрами сифатида кенг нишонланади.

– 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми 2004 йили қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш натижасида 1600 га яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, қарийб 10 мингта умумтаълим мактаби, 200 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактаби янгитдан барпо этилди ва реконструкция қилинди, 1200 тадан зиёд болалар спорт иншооти қуриб фойдаланишга топширилди.

– Ўзбекистон иқтисодиёти йигирма йил мобайнида қарийб 3,4 баробар, ўртача иш ҳақи 14 баробар ўсгани, аҳолининг ялпи даромади тахминан 9 марта ошгани бизнинг мустақиллик йилларида қандай улкан марраларни қўлга киритган.

– Азиз болаларим, Оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди,– деди Юртбошимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда.– Ана шу ҳақиқат ҳар бирингизнинг қалбингиздан, юрагингиздан чуқур жой олишини истардим. Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси сизларга умрбод ёр бўлсин.

– “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиори остида катта тантана қилинган бу байрамда давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган тарихий дамларда айтган сўзлари қалбларимизга муҳрланганини яна бир бора дилдан ҳис этамиз:

“…Мен шу бугундан эътиборан биринчи сентябрни жумҳуриятимизда мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман…”.

– Мустақилликка эришганимиздаёқ Президентимиз қатъий ишонч билан “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган ғояни илгари сурди.

– Кўз ўнгимизда доимо мустақил Ватанимиз Мадҳияси, Байроғи, Герби, Конституцияси қабул қилиниши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқида юртимиз байроғининг ҳилпираб туриши, Президентимизнинг БМТ минбаридан нутқ сўзлаганлари ҳар биримизга ифтихор туйғусини бахш этади.

– Юртимиз мустақиллиги пойдевори асли 1989 йилда, Ислом Каримов республикамизга раҳбар этиб сайлангач, таҳқиру ситамларга дучор бўлган, боши узра қора булутлар қуюқлашган халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қаддини тиклашга киришган пайтдан бошлаб қўйилган эди.

– 1989 йил август ойида шахсий томорқа хўжаликлари ва уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида махсус қарор қабул қилинди.

– 1989-1990 йилларда 1,5 миллиондан зиёд оиланинг томорқа участкалари кенгайтирилди, 700 минг янги оила томорқали бўлди.

– Аҳолининг даромад олиш манбалари кенгайди, ўта кескин тус олган муаммо – уй-жой қуриш масаласи ижобий ҳал бўла бошлади.

– 1990 йил 24 март куни иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик лавозими таъсис этилди.

– 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

– 1990 йилларда республикамизда Наврўз байрами қайта тикланган.

– Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилинган.

– Ўзбекистон 130 га яқин давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

– Пойтахтимизда қирқдан зиёд давлатнинг элчихонаси, кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.

– Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасида жаҳон ҳамжамияти ва минтақа давлатлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликни амалга оширмоқда.

– 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди.

– Нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти йўлга қўйилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

– Ўзбекистон 1991 йили ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг мустабид тузум, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан тамомила воз кечиб, ўз тараққиёт йўлини танлаб олди.

– Юртбошимиз давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни ислоҳ қилиш дастурининг ўзаги сифатида 5 асосий тамойилни белгилаб берди. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели” эди. У қуйидаги беш тамойилга асосланади:

биринчидан, иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қачон сиёсат ортида қолмаслиги керак, яъни иқтисодиёт сиёсатдан устун бўлиши керак. Шунингдек, ички, ташқи ва иқтисодий муносабатларни мафкурадан ҳоли этишни таъминлаш зарур;

иккинчидан, ўтиш даврида давлат асосий ислоҳотчи бўлиши лозим. У ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши, ўзгаришлар сиёсатини ишлаб чиқиши ва уни изчиллик билан амалга ошириши шарт;

учинчидан, қонун устуворлигига эришиш, қонунларга қатъий риоя этиш лозим. Бунинг маъноси шуки, демократик йўл билан қабул қилинган янги Конституция ва қонунларни барча ҳеч истисносиз ҳурмат қилиши ва уларга оғишмай риоя этиши лозим;

тўртинчидан, аҳолининг демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат ўтказиш керак. Аҳолининг салкам 50 фоизини 16 ёшга етмаган болалар ташкил этадиган Ўзбекистонда бунинг алоҳида аҳамияти бор;

бешинчидан, бозор иқтисодиётига ўтиш иқтисодиётнинг объектив қонунларини эътиборга олиб, яқин ўтмишдаги “инқилобий сакрашлар”сиз, яъни эволюцион йўл билан, босқичма-босқич амалга оширилиши керак.

– Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» мавзуидаги маърузасида мамлакатимизда яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган.

Биринчи устувор йўналиш “Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш”.

Иккинчи устувор йўналиш “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш”.

Учинчи устувор йўналиш “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш”.

Тўртинчи устувор йўналиш “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш”.

Бешинчи устувор йўналиш “Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш”.

Олтинчи устувор йўналиш “Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш”.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий сингари боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди, уларнинг мероси ўрганилмоқда.

– Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйлари нишонланди.

– “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди.

– Асака автомобил заводи ишга тушди – бу ерда биринчи ўзбек енгил автомашинаси ишлаб чиқарилди. Автомобилнинг бир йўла учта тури – «Дамас», «Нексия», «Тико» линиялари ишга туширилди. 2001 йилда янги марка – «Матиз»ни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Қизилқум фосфорит, Бухоро нефтни қайта ишлаш, Асака ва Самарқанд автомобил, Қўнғирот сода, Деҳқонобод калий ўғитлари, Хонжиза полиметалл рудалари заводлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар бунёд этилди.

– Тошкент–Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари қатнови йўлга қўйилди!

– Ўзбекистон дунёда асосий пахта етиштирувчи мамлакатлардан бири. Ҳозир юртимизда 66 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

– Юртимиздаги автомобил йўллари узунлиги 184 минг километрни ташкил этади. Шундан 42 минг 654 километри умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари ҳисобланади. Унинг 2 минг 755 километри Ўзбек миллий автомагистрали тармоғидир.

– Истиқлол йилларида 175 кўприк, 19 йўл ўтказгич барпо этилиб, халқаро ва давлат аҳамиятига эга 4050 километрга яқин янги йўллар қурилди. Тоғли ҳудудларда бешта довон йўли бунёд этилди.

– Бугунги кунда ҳар 100 оилага ўртача 132 телевизор, 99 холодилник, 30 га яқин енгил автомобил тўғри келади.

– 2012 йил Ўзбекистон Республикасида «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ишлаб чиқилган Давлат дастурини амалга ошириш мақсадида 1478,7 миллиард сўм ва 114,0 миллион доллар ажратилган. Чунончи, республика шаҳарларида ёш оилаларга сотиш учун 2012-2013 йилларда 48 хонадонли 100 та уйларни қуришни назарда тутувчи “Ёш оилаларга турар-жой” дастури амалга оширилади.

– Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакатимизда йиллар қуйидагича номланган:

1991 — Алишер Навоий йили

1992 — Ҳамширалар йили

1993 — Аҳмад Яссавий йили

1994 — Мирзо Улуғбек йили

1995 — Ибн Сино йили

1996 — Амир Темур йили

1997 — Инсон манфаатлари йили

1998 — Оила йили

1999 — Аёллар йили

2000 — Соғлом авлод йили

2001 — Оналар ва болалар йили

2002 — Қарияларни қадрлаш йили

2003 — Обод маҳалла йили

2004 — Меҳр-мурувват йили

2005 — Сиҳат-саломатлик йили

2006 — Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2007 — Ижтимоий ҳимоя йили

2008 — Ёшлар йили

2009 — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2010 — Баркамол авлод йили

2011 — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2012 — Мустаҳкам оила йили.

 

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 28,54 миллион киши (2011 йил 1 апрель ҳолатига) бўлиб, шаҳар аҳолиси 51,4% ни ташкил этади. Аҳолининг аксари қисми – қарийб 80% ўзбеклар. Ўзбекистон кўп миллатли республика бўлиб, 100 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган. Гербнинг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

(Мутал Бурҳонов мусиқаси, Абдулла Орипов сўзи)

 

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

 

Нақорат:

 

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улу халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 

Бари кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Еркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали тинчлик посбони,

Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

 

Нақорат:

 

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 

Географик жойлашуви: Ўзбекистон Республикаси Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган, майдони 447,4 минг кв.км. Республика чегараси ғарбдан шарққа – 1425 км, шимолдан жанубга қадар – 930 км.

Чегаралари: Республика шимолда ва шимолий-шарқда Қозоғистон, шарқда ва жанубий-шарқда Қиризистон ва Тожикистон, ғарбда Туркманистон, жанубда эса Афонистон билан чегарадошдир. Давлат чегарасининг Афғонистон билан узунлиги – 137 км., Қозоғистон билан узунлиги – 2.203 км., Қирғизистон билан узунлиги – 1.099 км., Тожикистон билан узунлиги – 1.161 км. ва Туркманистон билан узунлиги – 1.621 км.

Миллий байрамлар. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. 1992 йил 14 январда мамлакат парламенти мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ўқув юртлари ва бошқа ҳарбий шаклларининг барча қисмлари ва бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси юрисдикция қарамоғига ўтиши тўғрисида қарори қабул қилинди. 1993 йил 29 декабрда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни.

21 март – Наврўз.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни. 1999 йили 9 май куни Ўзбекистон пойтахтида Хотира майдони очилди ва шу кундан буён 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланмоқда.

1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни!

1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни.

8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун.

Рамазон ойидан сўнг нишонланадиган Ийд Ал Фитр ва Қурбон ҳайити –Ийд Ал Адҳа байрамлари ҳам миллий байрамлар ҳисобланади.

 

УНИВЕРСИТЕТ ТАРИХИГА БИР НАЗАР

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети дастлаб 1918 йил 12 май куни Туркистон мусулмонлари халқ дорилфунуни номи билан ташкил этилган. Шундан сўнг турли даврда у турфа номлар билан аталиб келинган.

1918 йил 31 майдан бу таълим муассасасининг махсус газетаси “Халқ дорилфунуни” чиқа бошлаган. Тўрт ой давомида жами 15 та сони босилди. Бу газета собиқ шўро даврида ўзбек тилида чоп этилган дастлабки газета ҳисобланади. Бу университетни илк бор тамомлаганларга биринчи диплом 1921 йилда берилган.

1920 йилдан Туркистон давлат университети, 1923 йилдан Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент давлат университети деб аталган бу маскан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий университети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармонига биноан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб номланган.

Юртимиз мустақиллиги йилларида бу масканда етук мутахассис-кадрлар тайёрлаш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш даражаси тобора ортиб бораётгани эътироф этилмоқда.

Узоқ ва давомли, шу билан бирга, шарафли тарихий йўлни босиб ўтган университетимизнинг ҳаёти Ўзбекистон ҳаёти билан узлуксиз ва чамбарчас боғланиб кетган. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Ватанимиз қандай машаққатли ўсиш ва юксалиш жараёнларини бошидан кечирган бўлса, уларнинг барчаси ушбу билим даргоҳи тимсолида акс этгандир!

 

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ САЛОҲИЯТ ОРТМОҚДА

Буюк ва муқаддас Ватан истиқлоли Миллий университетимизга беқиёс маънавий нур бахшида этмоқда. ЎзМУ республикамиздаги энг йирик ўқув ва илмий муассасасига айланди. Таълим жараёни ва илмий-тадқиқотлар учун зарур моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш, мамлакат интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш бўйича олиб борилаётган сиёсатни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошираётган университет жамоаси 1991-2011 йиллар мобайнида қатор муваффақиятларни қўлга киритди. Бу ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий соҳаларда кўзга яққол ташланади.

Бугунги кунда юксак салоҳиятли илм ва маърифат масканига айланган университет таркибида Биология-тупроқшунослик, География, Геология, Журналистика, Иқтисодиёт, Кимё, Механика-математика, Тарих, Фалсафа, Физика, Хорижий филология, Ўзбек филологияси, Ҳуқуқшунослик каби 13 та факультет, 91 та кафедра, 16 та илмий лабаратория мавжуд. Шунингдек, Олий педагогика институти, Амалий физика илмий текшириш институти, Олий адабиёт ҳамда Олий журналистика курслари, 3 та академик лицей, ўқув-амалиёт маркази, Ижтимоий тадқиқотлар маркази, Амалий экология ва табиатдан унумли фойдаланиш марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Бу масканда бугунги тараққиётимиз учун устувор аҳамиятга эга бўлган биоинформатика, генетика, ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер лингвистикаси, экология, социология, сиёсатшунослик каби бир қанча янги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани университетнинг салоҳият ва имкониятлари тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.

Ўтган йиллар мобайнида университетимиз илмий салоҳияти қанчалик ортиб борганини бу қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан олимлар ва уларнинг бетакрор ишларидан ҳам билса бўлади. Бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 106 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар. Олима аёллардан 113 нафари фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар. Университетда таҳсил олган зиёлилардан уч нафари Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчиларимиз Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

Бугунги кунда Миллий университетимиз илмий салоҳиятини 1180 дан зиёд мураббийлар, жумладан, 17 нафар академик, 200 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 500 дан ортиқ фан номзоди ҳамда доцентлар ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ бераётгани мисолида кўриш мумкин. Илмий тадқиқотлар ҳимоясини амалга ошириш мақсадида университетда 12 та, жумладан, 7 та докторлик ва 5 та номзодлик ҳимоялари бўйича Ихтисослашган кенгашлар мавжуд. Бу Ихтисослашган кенгашларида 79 та ихтисослик бўйича фан номзодлари ва 25 та ихтисослик бўйича фан докторлари тайёрланмоқда. Юртимиз истиқлоли йилларида университет аспирантура бўлимини тамомлаган 1350 дан зиёд ёш тадқиқотчилардан 700 дан ортиғи фан номзоди илмий даражасига эга бўлди, докторантурада илмий изланишлар билан шуғулланган 150 дан ортиқ ёш олимнинг 60 дан зиёди докторлик диссертациясини ҳимоя қилдилар. Уларнинг кўпчилиги АҚШ, Германия, Швеция, Швецария, Хитой, Голландия, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Буюк Британия, Россия ва Япония каби давлатларда малака ошириб қайтдилар. Университет профессор-ўқитувчилари илмий изланишлар борасида Москва, Санкт-Петербург Давлат университетлари, Россия Давлат гидрометереология институти, Океанология институти, Омск Давлат университети, Рязан шаҳридаги Ост-Лазер маркази ва бошқа нуфузли илмий муассасалар билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бормоқда. Айни пайтда 30 дан ортиқ мамлакатдаги университетлар билан талаба, аспирант ва профессор-ўқитувчилар алмашуви асосида малака ошириш, стажировка ўтказиш йўлга қўйилган.

Айни пайтда ўқув даргоҳимиз бакалаврият босқичида 45 йўналиш бўйича 8 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган бўлса, магистратура босқичида 107 ихтисослик бўйича 1500 дан ортиқ йигит-қизлар соҳа сирларини мукаммал эгалламоқдалар.

Мустақиллик йилларида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган 29 нафар иқтидорли талаба қизлар ўқув даргоҳимизда таҳсил олдилар. 20 ортиқ талаба Президент стипендианти, 11 талаба Мирзо Улуғбек номидаги ва 20 дан ортиқ талаба Алишер Навоий номидаги, 2 талаба Беруний номидаги стипендиялар, шунингдек, 6 нафар бакалавр, магистр ва ёш тадқиқотчилар “Шуҳрат” медали, кўплаб иқтидорли талабалар “Ўзбекистон белгиси” фахрий нишони соҳиби бўлганлари қалбларда ифтихор туйғусини жўш урдиради. Айни пайтда университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳамда ҳаёти давомида шу ўқув даргоҳида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган.

Мамлакатимиз карвонбоши университети ҳисобланган ЎзМУ, айни вақтда, республика олий таълим тизимининг таянч олий ўқув юртига айланиб, унда барча олий таълим муассасалари учун бакалавр босқичининг 35 йўналиши ва магистратура босқичининг 150 мутахассислиги бўйича Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим жараёнига татбиқ этилмоқда.

Таълим жараёни Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ тўла узлуксизлик ва узвийлик асосида олиб борилмоқда. Бу вазифаларнинг академик лицей–бакалавриат–магистратура–тадқиқотчилик тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Профессор-ўқитувчиларнинг замонавий технологиялар бўйича билим ва малакаларини ошириш, педогогик технологияларни ўзлаштириш бўйича факультетларнинг истиқболли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бу режага мувофиқ ҳар бир профессор-ўқитувчининг малака ошириши йўлга қўйилди.

Ўқув даргоҳимизда “Ўзбекистон Миллий университети” (1918 йилдан буён турли номларда) кўп нусхали газетаси, 1997 йилдан буён “ЎзМУ хабарлари” илмий журнали чоп этилмоқда. Айни пайтда Ахборот хизмати, интернет тизимида www.nuu.uz веб-сайти, “Университет” китоб нашриёти, босмахона, журналистика факультетида “Журналист” ўқув газетаси, телерадиостудия, фотостудия фаолият кўрсатмоқда.

Университетнинг барча факультетларида илмий-ўқув кутубхоналари – Ахборот ресурс марказлари мавжуд. 1991–2011 йиллар мобайнида улар кўплаб зарур адабиётлар, даврий нашрлар билан таъминланди. Кутубхона фонди 3 миллиондан ортиқ адабиётларга эга бўлиб, ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланди ва университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган университет Ахборот ресурс марказида интернет тизимига уланган компьютерлар хизмати ташкил этилган. Ахборот ресурс марказида ўқув адабиётларидан “Буюртмасиз эркин фойдаланиш” тизими йўлга қўйилган. Университетда мавжуд компьютерлардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳар бири 60 ўринга мўлжалланган 2 та компьютер зали ва факультетларда 17 та ресурс марказлари ташкил этилган.

Ҳозирги кунда университетда 1000 дан ортиқ компьютерлар мавжуд бўлиб, шунлардан 830 таси интернетга уланган. 2011-2015 йилларга мўлжалланган дастурда эса ўқув жараёнига информацион технологияни ва интернетни кенг олиб кириш вазифаси киритилган. Университетдаги қатор компьютерлар ягона локал тармоққа бирлаштирилган. Ҳозирда локал тармоқдаги ахборотлар алмашинуви тезлигини ошириш мақсадида оптик толали алоқа кабеллари тортиб чиқилди. Ахборот базаларини жойлаштириш учун ТЕМПУС дастурлари доирасида олинган энг замонавий серверлар комплекси ўрнатилди. Ахборот-коммуникация технологияларининг аҳамиятини ва олдинда турган вазифалар кўламининг кенглигини инобатга олиб университетда “Очиқ ўқув-ахборот Маркази” ташкил этилди. Бу Марказ электрон таълим муҳитини барпо этиш, ўқув жараёнини тўлиқ ахборотлаштириш, ўқув жараёни учун таълим ресурсларини яратиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун махсус малака ошириш ва ўқув курсларини ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва оптик толали магистрал тармоқни ишчи ҳолатини қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни бажармоқда. “Очиқ ўқув-ахборот Маркази” томонидан факультетларнинг намунавий ахборот-таълим сайти платформаси яратилди. Шу асосда факультетларнинг замонавий ахборот-таълим сайтлари ишлаб чиқилди. Ҳозирда физика, ҳуқуқшунослик, фалсафа, журналистика, ўзбек филологияси факультетларининг ўқув, илмий ресурсларни ўзида мужассамлаштирган ахборот-таълим сайтларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Талаба ва ўқувчилар учун электрон кутубхона, электрон ўқув-методик мажмуалар, виртуал лаборатория ишлари, мустақил билим олишга ва эгалланган билимларни назорат қилувчи блоклар мавжуд. Бундай ресурсларнинг соҳанинг етакчи олимлари томонидан яратилиши регионлардаги физика таълими самарадорлигини ошириш имкониятини яратади. Порталда олий таълим муассасаларининг физика кафедралари, физика йўналишидаги битирувчилар ҳақида маълумотлар ва уларга электрон буюртма бериш тизими, физика бўйича илмий-тадқиқот институтлари ҳақидаги маълумотлар, ёшларни физика фанига қизиқтириш ва уларнинг билимларини оширишга мўлжалланган материаллар ва бошқа ресурслар жойлаштирилган. Айни пайтда бошқа факультетларда ҳам ана шундай порталлар яратиш борасида белгиланган режалар изчил амалга оширилмоқда.

Университетда қоғозсиз ҳужжат алмашинувини таъминлаш мақсадида локал тармоқ негизида ички электрон ахборот алмашинув тизими ишлаб чиқилди. Замонавий ахборот технологияларининг касбий фаолиятга, ўқув жараёнига жадаллик билан кириб бориши ҳозирги кунда электрон педагогикани педагогика соҳасининг ривожланиб бораётган муҳим йўналиши сифатида шаклланишига замин яратди. Бу йўналиш муҳимлигини инобатга олиб университетимизнинг 5 та факультетида синов тариқасида “Электрон педагогика асослари” махсус курсини ўқитиш киритилди. Албатта бунинг самараси ҳам кутилган даражада бўлишига шубҳа йўқ.

2002 йилдан бери университетимизда ўқув-маъмурий бошқарув жараёнини амалга ошириш соҳасида “Talaba-S” – автоматлаштирилган тизими фаолият кўрсатмоқда. Бу тизим тармоқда ишлашга мўлжалланган бўлиб, барча факультетлар ва маъмурий бошқарув бўлимларини ягона умумуниверситет базасига бирлаштирган. Тизим ўқув ва бошқарувдаги ўзаро боғлиқ масалаларни ҳал этади. Унда талабалар таркиби – талабалар ҳақидаги маълумотларни киритиш, таҳрирлаш, чоп қилиш ва излаш (анкета маълумотлари, берилган сўров бўйича талабалар рўйхати, талабани кейинги курсга ўтказиш ва турли хил буйруқ ва маълумотлар); ўзлаштириш – талабалар ўзлаштиришини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш (рейтинг қайдномаси, шахсий қайднома, якуний қайднома, йиғма ҳисоботлар); давомат – талабалар давоматини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш (гуруҳлар дарс жадвали, дарс жадвалига мувофиқ давомат, давоматнинг миқдорий ва фоизлардаги ҳолати); стипендия – стипендияларни тайинлаш ва уларнинг ойлик ҳисоботи (сессия натижасига кўра стипендияни тайинлаш, стипендия бўйича буйруқлар, стипендиянинг ойлик ҳисоби қайдномаси) ва каби муҳим маълумотлар базасини яратилгандир. Университетда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилмоқда. Чунончи, “ТАLABA S”, “Контракт S”, “Кадрлар S”, “Электрон кутубхона”, “SAММЕR”, “Тест”, “ЎзМУ расмий сайти” каби корпоротив ахборот тизимлари ташкил қилинган.

Информационтехнологиялар йўналишида университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари малакасини ошириш йўлга қўйилди. Информацион технологиялар соҳаси бўйича 3 та халқаро грант ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар марказининг умумий миқдори 362 миллион сўмлик 2 та грантини олишга эришилди. Ахборот-технологиялари ихтисослиги бўйича абитурентлар ва талабалар учун 19 та масофали курслар ташкиллаштирилди. Фан ва таълимдаги сўнгги ютуқлар негизида шартномавий малака оширишни ташкиллаштириш бўйича муттасил иш олиб борилмоқда. 2005 йилдан буён ЎзМУ қошида инновацион педагогик технологиялар маркази фаолият кўрсатмоқда. Унда нафақат университет, балки республиканинг бошқа олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг ҳам малакасини ошириш йўлга қўйилган. Юртимиз истиқлоли йилларида университетимиздан турли соҳалар бўйича 16 мингдан ортиқ мутахассис, 26 мингдан ортиқ бакалавр, 4 мингдан ортиқ магистр диплом олиб, ишлаб чиқаришга йўл олганлар. Шунингдек, 78 ихтисослик бўйича 1200 дан ортиқ аспирант ва 25 соҳа бўйича 130 дан зиёд докторант таҳсил олган. Шу даврда 760 дан ортиқ фан номзодлари, 160 дан зиёд фан докторлари етишиб чиққанлар. Юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларидан буён ЎзМУ қошида Олий педагогика институти фаолият юргизмоқда.

 

НАМУНАВИЙ ТАЪЛИМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 май куни қабул қилган “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлашга қаратилган қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташабусси билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети базасида намунавий мажлислар зали, деканат, кафедра, илмий-тадқиқотлар, камолот, маънавият, ўқув хоналари, ташкил қилинди. Ушбу хоналар замонавий электрон ўқув воситалари билан жиҳозланди ҳамда уларда талабларга мос келадиган барча норматив ҳужжатлар намуналари йиғилди.

Олий таълим бакалавриат босқичининг 50 та йўналиши ва магистратура босқичининг 74 та мутахассислиги унификация қилинди. Шу билан бир қаторда профессор-ўқитувчиларнинг маошлари бир неча марта оширилди, улар меҳнатига ҳақ тўлашда қўшимча имтиёзлар жорий этилди.

Илмий кадрлар тайёрлашнинг аспирантура ва докторантура каби эскирган шакллари ўрнига мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар ва катта илмий ходим-изланувчилар институти жорийэтилди.

ЎзМУда олий таълим муассасалари факультетлари деканларининг ўқув жараёнига инновацион таълим технологияларини жорий этилишини такомиллаштиришга бағишланган ўқув семинар-тренинги ўтказилмоқда. Уни ўтказишдан асосий мақсад:

  • Олий таълим тизими олдига қўйилган масалаларни ҳал қилиш, жумладан, таълим сифатини ошириш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёни ва ўқув-услубий фаолиятни модернизациялаш ва инновацион таълим технологияларини жорий этиш бўйича асосий йўналишларни белгилаб олиш;
  • Семинар-тренинг қатнашчилари намунавий факультет (намунавий мажлислар зали, деканат, кафедра, илмий-тадқиқотлар, камолот, маънавият, ўқув хоналар)даги ҳужжатлар намунаси асосида ўзларининг иш фаолиятини ташкил этилишда фойдаланиш.

Семинар-тренинг жараёнида тингловчилар илғор педагогик усуллар ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш усулларини изчил ўрганадилар. Шу билан бир қаторда улар Ўзбекистон миллий университети қошидаги Олий педагогика институти, иқтисодиёт, математика-механика, физика ва география факультетлари ва Ўзбекистон тарихи, этика ва эстетика кафедралари ҳамда геология музейи, намунавий мажлислар зали, деканат, кафедра, илмий-тадқиқотлар, камолот, маънавият ва ўқув хоналари ҳамда улардаги норматив ҳужжатлар билан танишадилар.

 

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР САМАРАСИ

ЎзМУ ўтган йиллар давомида Япония, Австрия, Греция, Хитой, Польша, Корея, Германия, Чехия, Россия, Украина, Озарбойжон, Қозоғистон каби давлатлардаги нуфузли таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорлик ўрнатган. Ҳозирги кунга қадар университетимиз профессор-ўқитувчилари Япония, Россия, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швецария, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Исроил ва Малайзия каби давлатларда ўтказилган илмий-амалий анжуманларда қатнашди. Германия, Япония, ХХР, Корея ва Россия каби давлатларнинг 20 га яқин олий ўқув юртлари илмий муассасалари билан ҳамкорликлар давом этмоқда.

Чет эл ваколатхоналари билан ҳамкорлик – халқаро алоқаларни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири саналади. Ҳозирги кунда университет ДААД (Германия), Гёте институти (Германия), ТЕМПУС, ТИКА, Сумитиомо-корпорейшн кабилар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳар йили ДААД ўқув дастурлари ва стипендияларига асосан ЎзМУ талабалари, магистрлари, ёш тадқиқотчилари ва профессор-ўқитувчилари ўқиш, малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш учун хизматсафарига юборилади. 2008 йил апрель ойида “Германистика институтлари дастури” доирасида Хорижий филология факультети қошида Германистика маркази очилди ва ҳозирда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, Хорижий филология факультети қошида “Грек тили ва маданияти маркази” фаолият юритиб келмоқда. Ушбу марказ университет вакилларини Грециянинг олий таълим тизимлари, грек маданияти, урф-одатлари билан таништириб келмоқда. Тил ўрганаётган талабалар Греция университетларида таълим олиб қайтмоқдалар.

1994 йилдан бери университет Япониянинг “Сумитомо-корпорейшн” фирмаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳар йили ушбу компания университетнинг 10 нафар иқтидорли талабаларига стипендия тақдим этади.

Халқаро алоқаларнинг ривожланишида илмий-назарий ва илмий-амалий анжуманларнинг салмоғи сезиларли бўлмоқда. Ҳар йили 20 дан ортиқ конференция, симпозиум ва семинарлар ўтказиб келинмоқда. Шу билан бир қаторда ҳамкорлик лойиҳалари доирасида ЎзМУ талабалари, магистр ва ёш тадқиқотчиларига маърузалар ўқиш учун ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларидан профессор-ўқитувчилар таклиф этилмоқда.

Айни пайтда чет элда касбий стажировка ва малака ошириш кенг йўлга қўйилган. Малака оширишда Москва давлат университети, Сиэтл университети (АҚШ), Эксетер университети (Буюк Британия), ДААД (Германия) билан тузилган ўзаро шартномалар ўз самарасини кўрсатмоқда. Профессор-ўқитувчилар малакасини оширишда халқаро грантлардан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган. Университет жамоаси бир қатор чет эл илмий грантларига эришган. Яъни, “Тарих”, “Психология”, “СПРАЙТ”, “Евроазия”, “Ўзбекинфо” ва бошқа лойиҳалар бўйича талабалар ва ёш тадқиқотчилар Европа, Япония, АҚШ каби ривожланган давлатларнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган бўлсалар, кўплаб профессор-ўқитувчилар дунёнинг етакчи таълим ва фан масканларида малака оширмоқдалар.

Замонавий ўқув жараёнини ташкил қилишдаги асосий тамойиллардан бири – бу фан билан таълимнинг узвий боғлиқлиги ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан университетда фаннинг ривожланиши катта аҳамиятга эга. Ўқув даргоҳимиз олимларининг ҳар йили ўнлаб илмий тўпламлари, ўқув қўлланмалари ва дарсликлари нашр қилинмоқда. Ҳар йили ўртача 500 минг АҚШ долларига яқин миқдорда чет эл грантлари асосида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бу илмий изланишлар натижалари ишлаб чиқаришга ҳам фаол татбиқ этилмоқда.

Ҳозирги кунда 6 халқаро дастур бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Чет эл инвестициялари миқдори олдинги йилларга нисбатан анча ошди. Асосий эътибор Россия федерацияси, Хитой Халқ республикаси, Корея, Япония марказлари билан биргаликда эълон қилинган дастурларга қаратилмоқда. 2005 йили физика факультети “Университет сифат бошқаруви тизимининг татбиқи” (УНИКУМ) лойиҳасининг амалга ошиши учун 150.000 евро қимматига эга ТЕМПУС/ТАСИС грантига сазовор бўлди. Россия Фанлар академияси Океаншунослик институти ва Потсдам университети ҳам хорижий ҳамкорлар ҳисобланади. ДААДнинг 20.000 евро миқдоридаги “Германистика институтлари ҳамкорлиги” дастури Хорижий филология факультети немис филологияси кафедраси томонидан ишлаб чиқилди.

География факультети демография кафедраси муҳим лойиҳани амалга ошириш учун 9000 АҚШ доллари ҳажмидаги грант олишга муваффақ бўлди.

Иқтисод факультети 2006 йилда 7.500 АҚШ доллари ҳажмидаги ЮСАИД лойиҳаси очиқ танловида ғолибликни қўлга киритди.

Университетнинг халқаро алоқалари йил сайин кенгайиб бормоқда. М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Миллатлар марказий университети (ХХР), Лода университети (Польша), Истанбул университети (Туркия) билан тузилган шартномалар ўз самарасини бермоқда. Пекиндаги Миллатлар Маркази университети ва ЎзМУ ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида шартнома амал қилмоқда. Шартнома асосида Миллатлар Марказий университетида ўзбек тили бўлими очилди.

Халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш, таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Россия, Туркия, Чехия, Украина, Греция, Япония, Германия, Корея, ХХР, Эрон, Фаластин, Австрия, Покистон, Бельгия каби мамлакатлар илмий муассасалари олимлари билан учрашувлар ўтказилди. Шу тариқа ўзбек филологияси факультетида Эрон маданияти маркази ва Хорижий филология факультетида Грек маданияти маркази очилди. Сўнгги йилларда Хитой, Россия Федерацияси, Украина, Япония каби мамлакатлараро кадрлар алмашинуви амалга оширилди. 70 нафардан ортиқ чет элликлар ўқиш ва стажировкага қабул қилинди. Айни пайтда ЎзМУнинг 110 дан ортиқ ходими ўқиш, стажировка ўташ, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш мақсадида чет эллардаги етакчи олий ўқув юртларига жўнатилди.

 

УНИВЕРСИТЕТНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ

 

Университетимиз тарихида унутилмас саналар жуда кўп. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан ўтказилган шодиёна алоҳида ўрин тутади. Мазкур қарорга биноан ЎзМУнинг 90 йиллиги юксак савияда нишонланди.

2008 йил 22-23 август кунлари пойтахт шаҳримиздаги “Дедеман” меҳмонхонаси мажлислар залида “Мамлакатимиз олий таълим тизими ва илм-фани ривожида Ўзбекистон Миллий университетининг роли” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди. Унда республика олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда Россия, АҚШ, Германия, Польша, Чехия, Украина, Қозоғистон каби 20 га яқин давлатлардан ташриф буюрган таниқли олимлар иштирок этдилар. Шу муносабат билан анжуман иштирокчиларининг 200 дан ортиқ илмий маърузалари ўзбек, рус ва инглиз тилларида алоҳида тўплам ҳолида чоп этилди.

Анжуманда наинки Ўзбекистон, шу билан бир қаторда Марказий Осиёда илм-фан ривожида, миллий кадрлар тайёрлашда, турли давлатлар илмий муассасалари билан илмий ҳамкорликларни равнақ топтиришда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўрни ва ролига, ўқув даргоҳида равнақ топган илмий мактаблар фаолиятига юксак баҳо берилди.

ЎзМУнинг 90 йиллиги муносабати билан учта салмоқли китоб нашр этилди. Биринчиси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган “Мўътабар зиё маскани (1918-2008)” китобидир.

Китоб асосан ЎзМУнинг 90 йил давомида босиб ўтган тарихий йўлига бағишланган бўлиб, бу ўқув даргоҳи Ўрта Осиё минтақасида замонавий маънодаги олий таълимнинг бешиги бўлганлиги, узоқ йиллар мобайнида бир неча республикани юксак малакали кадрлар билан таъминлаб келган илк маърифий ўчоқ эканлиги факт ва далиллар асосида очиб берилган.

Олти бобдан иборат ушбу китобда университет тараққиётининг ҳар бир босқичи, илмий ривожланиш йўли Ўзбекистон ва Ўрта Осиё республиклари халқ хўжали ва илму фани тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда тадқиқ этилган. Бу борада архив материаллари, расмий ҳужжатлар ва бошқа муҳим манбалардан кенг фойдаланилган. Бу тўплам юксак бадиий безатилиши, университет ҳаётига оид ранг-баранг суратлари билан ҳам ўқувчи эътиборини ўзига жалб қилади.

Иккинчиси, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Илмий мактаблари” китоби. Таниқли тарихчи олим, доцент Сотимжон Холбоев тўплаб нашрга тайёрлаган ушбу тўпламда университетимизда турли даврда яратилган илмий мактаблар ҳақида атрофлича маълумотлар берилган.

Маърифат бўстонида фидойи олимларнинг ўз илмий мактабларини яратишлари ғоят муҳим жараён ҳисобланади. “Илмий мактаб” тушунчаси жуда кенг мазмун ва маънога эга. Уни умумилмий дунёқарашга эга бўлган, фанда бирор илмий назарияларга, ғояларга таянган аниқ илмий мақсадлар йўлида тадқиқотлар олиб борувчи олиму мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорликда илмий фаолият юритувчи ижтимоий-ижодий уюшмаси, дейиш мумкин. Илмий мактабнинг ҳудудий чегараси унинг ўзидан бошланиб, бир ва бир неча мамлакатлар, ҳатто дунё бўйлаб ёйилиши табиий бир ҳолдир. Илмий мактабларни илм-фанга ўзларини бахшида этган заҳматкаш, алоҳида қобилият ва иқтидорга эга бўлган олимларгина яратади. Фанда мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. Оққан дарё оққани каби бу анъана Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, турли даврларда олимлар ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида университетимиз олимлари томонидан яратилган 50 га яқин ана шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Энг муҳим жиҳати шундаки, ЎзМУда яратилган мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Зеро, улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.

Китобни мутолаа қилган ўқувчилар университет тарихида ёрқин из қолдирган ана шундай илмий мактаблар билан танишадилар. Ўтган 90 йил мобайнида шаклланган бундай илмий мактаблардан турли даврларда наинки юртимиз, айни вақтда қўшни республикаларнинг илм аҳли ҳам бирдек баҳраманд бўлганлари бугунги ёш олимларни ҳам доимо жипслаштиради, дўстлик ришталарини янада мустаҳкашга хизмат қилади.

Учинчиси, “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Университет – менинг ҳаётимда” китобидир. Маълумки, бу университет қанчадан-қанча олимлар, шоиру адиблар, турли соҳаларда етук кадрлар бўлиб камол топган зиёлиларга ҳаёт бешиги бўлган. Тўпламнинг “Шоиру адиблар таъзими” бобида атоқли шоир ва адиблар Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Ойдин Ҳожиева, Мухтор Худойқуловларнинг дорилфунунга бағишланган шеър ва мақолалари ўрин олган бўлса, “Олим эҳтироми – олам эҳтироми” деб номланган қисмида Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Ғулом Каримов, Бегали Қосимов, Эркин Юсупов, Раҳим Тиллаев, Абдуғафур Расулов, Абдулла Аюпов сингари ўнлаб таниқли олимларнинг дил сўзлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди. “Авлод тарбияси – миллат тарбияси” бобида эса айни вақтда университетда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларга ўрин берилган.

Юбилей муносабати билан “ЎзМУ хабарлари” илмий журналининг махсус сони, “Национальная кузница кадров” тўплами, “Национальный университет Узбекистана имени Мирзо Улугбека 90 лет!” деб номланган буклет чоп этилди.

ЎзМУ тарих музейида сақланаётган асори-атиқаларнинг тасвирлари акс эттирилган махсус откриткалар ҳам юбилейга муносиб совға бўлди. Айниқса, “Мирзо Улуғбек – ўзбек халқининг буюк мутафаккири, жаҳонга таниқли астроном ва давлат арбоби”, “Алишер Навоийнинг “Хамса асарининг XIX асрда кўчирилган нусхаси”, “Ажойиб ул-махлуқот” қомусий асарининг тошбосма нусхаси тасвири, овоз тўлқинларини ёзиб олишга мўлжалланган “Эдисон қурилмаси”, “XVIII аср охири – XIX аср бошларига оид расмий иш қоғозларининг асл нусхалари”, Юра даврига мансуб “Палеонтология балиғи изи тамғаси”, “Капалаклар коллекцияси”, “Проекцион қурилманинг дастлабки хилларидан бири”, “Оссуарий. Кеш. VII-VIII асрлар (Илк ўрта асрлар)”, “Арча қайчитумшуғи”, Ҳисор тоғи тизмасидаги “Юра даври динозаврининг изи”, геология музейига оид “Тоғ жинслари”, ўрта асрлар дурдонаси бўлган “Нақши босма усулда туширилган кўза”, “Илоҳий жонзот ниқоби” каби ранг-баранг тасвирлар акс этирилган откриткалар барчада қизиқиш уйғотди.

2008 йил 8 сентябрь куни университетимиз 90 йиллиги муносабати билан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси стадионида “Ёшлар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир” шиори остида мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабаларининг фестивали бўлиб ўтди. Байрамона безатилган спортчи талабалар саф тортди. Ўзбекистон мадҳияси янграгач, ёш спортчиларнинг чиқишлари бошланди. Улар футбол, волейбол, мини футбол, баскетбол, сузиш, тош кўтариш, теннис, шахмат бўйича ўзаро беллашдилар. Талабаларнинг асосий фестивал байрами 20 сентябрь куни бўлиб ўтди.

 

УНУТИЛМАС КУНЛАР ШУКУҲИ

 

2008 йилнинг 27 сентябри – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарихида унутилмас кун бўлиб қолажак. Юбилей тантанасига бағишланган анжуман иштирокчилари аввало Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор ўқитувчилари ва талабаларига, бутун жамоасига” йўллаган табригини зўр мамнуният билан кутиб олдилар.

Байрамона безатилган университет Маданият саройига кириш залида ушбу ўқув даргоҳининг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган китоблар, ўқув қўлланмалар, методик тавсиялар, тўпламлар, шунингдек, юбилейга атаб чиқарилган буклетлар ва бошқа кўргазмалар эътиборингизни тортади. Улар орасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган “Мўътабар зиё маскани (1918-2008)”, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи нашр этган “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Илмий мактаблари”, “Ўзбекистон” нашриёти чиқарган “Университет – менинг ҳаётимда”, “Национальная кузница кадров”, “Национальный университет Узбекистана имени Мирзо Улугбека 90 лет!” деб номланган китоблар алоҳида ўрин тутади.

Булардан ташқари “ЎзМУ хабарлари”, “Соғлом авлод учун”, “Шарқ юлдузи” журналлари, “Маърифат”, “Туркистон” газеталарининг ушбу анжуманга бағишланган махсус сонлари барчанинг эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, республикамиздаги карвонбоши университетнинг 90 йиллик юбилейига бағишланган қатор мақола ва суҳбатлар “Халқ сўзи”, “Фидокор”, “Жамият”, “Моҳият”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ишонч”, “Тонг юлдузи”, “Правда Востока” каби ўнлаб нашрларда қанчалик кенг ёритилганини газета тахламларидан ҳам кўриш мумкин. Шу билан бир қаторда юбилейга ҳозирлик жараёнидан тортиб унинг турли анжуманларигача Ўзбекистон телевидеси ва радиода атрофлича ёритиб борилди. ЎзМУнинг 90 йиллик юбилейига бағишланган фильм ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Мухтасар қилиб айтганда, бу китоблар, ОАВда ёритилган мақолалар, кўрсатув ва радиоэшиттиришлар жонажон университетимизни яна бир бора қайта кашф этганини эътироф этса арзийди. Айни пайтда уларнинг барчаси университет маънавий мулкига айланиб қолганини эътироф этса арзийди.

 

“МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТ” МАҚОМИ

 

2000 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди! Шу қутлуғ сана муносабати билан университетимиз Маданият саройида ўтказилган анжуман барча профессор-ўқитувчилар ва талабалариимизга кўтаринки руҳ бахшида этди.

Қалбимизда фахр-ифтихор туйғусини жўш урдирган, таъбир жоиз бўлса, биз учун нақадар шарафли ҳол шуки, давлатимиз раҳбари ўтган йиллар давомида бир неча бор “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилган жуда кўп хайрли ишларнинг ташаббускори бўлдилар. Бу улуғвор саъй-ҳаракатлар самарасини сўнгги йилларда “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Талабалар шаҳарчаси кўркига кўрк қўшиб турган Сув спорти саройи, Ёшлар ижодиёт маркази сингари қатор янги замонавий иншоотлар, янгидан чирой очган университет ўқув бинолари, спорт иншоотлари, Маданият саройи, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар-жойлари ҳамда уларнинг теварак-атрофларидаги фусункор боғлар, равон йўллару йўлаклардаги ажиб манзараларни таърифлашга тил ожиз.

Сўнгги йилларда Миллий университетимиз ва у жойлашган “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси бутун республикамиз эътиборида бўлганини бу ерда ўтказилаётган қатор анжуманлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, республика олий ўқув юртлари талабаларининг“Универсиада – 2007” спорт анжумани минглаб талаба ёшлар қалбида ўчмас из қолдирди. 2008 йилда университетининг 90 йиллиги республикамиз миқёсида кенг нишонланди. Ўтган йили университетимизда ўтказилган “Талабалар баҳори – 2009” спорт мусобақалари ҳам кўплаб таълим муассасалари талаба ёшлари ҳаётида унутилмас воқеага айланди. Яна бир муҳим воқеа – Тошкентнинг 2200 йиллиги муносабати билан ўқув даргоҳимизда ўтказилган “Тошкент шаҳрининг Марказий Осиё тарихида тутган ўрни” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда нафақат ЎзМУ, балки, республикамиз қатор олий ўқув юртларидан ҳам иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

Университетимиз илмий салоҳияти қанчалик ортиб борганини бу қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан олимлар ва уларнинг бетакрор ишларидан ҳам билса бўлади. Бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 106 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар. Олима аёллардан 113 нафари фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар. Университетда таҳсил олган зиёлилардан уч нафари Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчиларимиз Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

 

“БАРКАМОЛ АВЛОД ЙИЛИ”НИНГ АСОСИЙ МОҲИЯТИ –

ЕТУК МУТАХАСCИС ЁШЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ

 

Юртимизда ҳар бир йилнинг ўзига хос бир ном билан аталиши ва ушбу йилларда махсус Давлат дастурлари изчиллик билан амалга ошириб келиниши ўзига хос анъанага айланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 17 йиллигига бағишланган тантанада муҳтарам Президентимиз томонидан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган, кенг қамровли мақсадларни амалга оширишда ҳал қилувчи режа ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда 2010 йилни ўтган йилларнинг мантиқий давоми сифатида “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинди.

Баркамол авлод деганда – аввало ақлан ва жисмонан соғлом, маънавий етук, ахлоқ-одобли, истеъдодли ва қобилиятли ёшлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 9 декабрдаги “Баркамол авлод йили” Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши, 2010 йил 27 январда “Баркамол авлод йили” Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Давлат дастури 11та йўналиш ва 102 та банддан иборат. Унда болалар ва ёшларнинг баркамол ривожланиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини химоя қилишга қаратилган ҳуқуқий-норматив баъзани такомиллаштириш, оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлиги мухофазасини, соғлиқни тизими такомиллаштириш, унинг моддий-техника баъзасини кучайтириш ҳамда шу билан бирга таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратган ҳолда ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган. Дастурда ўсиб келаётган авлоднинг бугунги кунда таълим соҳасида ташкил этилган замонавий моддий-техник баъзадан самарали фойдаланишни таъминлаш Олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ДТСлари, ўқув дастурлари, ўқув-методик адабиётларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва 2004 йилда унинг таркибий қисми сифатида қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури ижтимоий ҳаётимизда туб бурилиш ясади. Бу дастурлар доирасида юртимизда минглаб лицей ва коллежлар, мактаблар қуриш ва уларни реконструкция қилиш, энг юксак талаблар асосида жиҳозлашдек кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш мақсадимиз эди.

Бу дастурлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Замонавий билим масканлари нафақат шаҳарларда, балки республикамизнинг юзлаб қишлоқ жойларида ҳам ягона намунавий лойиҳа ва мезонлар асосида бунёд этишга эришилди. Ўтган даврда амалга оширилган жоиз бўлса катта ишлардан бири деб айтсак бўлади, қишлоқ жойларда 460 мингта, жумладан, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобидан қарийб 380 мингта янги ишчи ўрни ташкил этилиб, уларда асосан ёш мутахассислар фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида барпо этилган лицей ва коллежларни 1 миллион 446 мингдан зиёд фарзандларимиз, жумладан, 1 миллион 55 минг нафардан ортиқ қишлоқ ёшлари битириб, бугунги кунда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, бошқарув ва ижтимоий соҳаларда, барча жабҳаларда меҳнат қилаётгани энг асосийси уларни бандлиги таъминглаётгани кўзда тутилган мақсадлардан эди. 2009 йилда қишлоқ жойлардаги билим даргоҳларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун жами 895 миллиард сўм маблағ сарфланган. 2010 йилда давлат бюджетининг 60 фоиздан кўпроғи юртимизда таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ёшларимизнинг жисмонан бақувват бўлиб улғайишига хизмат қилса, Президент стипендияси, Навоий, ал-Беруний, Мирзо Улуғбек номидаги стипендиялар, ноёб истеъдод соҳибалари учун Зулфия номидаги давлат мукофоти жорий этилиши талабаларимизнинг янада маънавий камол топишига замин яратади.

 

ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ АМАЛДА

Мамлакатимизда тарих мулкига айланган 2010 йил – “Баркамол авлод йили” ва бу борадаги Давлат дастури замирида аслида йиллар оша амалга ошириб бориш зарур бўлган вазифалар ўз аксини топгандир. Ҳар йили юз минглаб йигит-қизлар коллеж ва лицейларга, олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, етук мутахассислар етишиб чиқаверадилар. Уларни иш билан таъминлаш, ҳаётда муносиб ўрниларини топишларига кўмаклашиш, ёш оилаларга ғамхўрликлар кўрсатиш абадул-абад давом этадиган жараёндир. Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий адабиётларни такомиллаштириш, таълим жараёнига янги ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни, электрон дарслик, мультимедиа воситаларини кенг жорий этиш орқали олий ўқув юртларимизда ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш, таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория базасини замонавий турдаги ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан мустаҳкамлаб бориш доимо катта масъулият талаб қилади. Ўқув жараёнида талабаларнинг замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, кенг форматли телекоммуникация алоқа воситалари ҳамда Интернет тизимидан самарали фойдаланиб бориши учун муттасил равишда имконият яратиб бориш зарур.

Олий таълим муассасалари битирувчиларини, айниқса, қишлоқ жойларда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, илм-фанни янада ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятларни кенгайтириш йўлида ҳар йили янги-янги режалар белгиланиб, замон талабига мос равишда рўёбга чиқилиши ҳаёт тақозосидир. Жисмонан ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш таълим соҳасининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолиши шак-шубҳасиздир.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мудом қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатлардан, биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилиш ҳар бир мураббийнинг доимий вазифасидир.

“Баркамол авлод йили” Давлат дастури Ўзбекистон Републикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурида белгиланган кенг кўламли вазифалар билан ҳамоҳангдир. Юртимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир авлодни тарбиялаш учун барча имкониятлар етарли. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соғлом авлод деганда, аввало, соғлом насл, жисмонан бақувват, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлод тушунилади. Қабул қилинаётган қатор қонунлар замирида ҳам соғлом, жисмоний ва маънавий етук авлод шаклланиши, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг замонавий билим ва касбга эга бўлиши, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ғояси мужассамдир.

Ёшларни соғлом ва интеллектуал салоҳияти юксак даражада бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳар йили ўз самарасини бераётир. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт мусобақалари, шунингдек, турли фан олимпиадалари талабаларимиз ҳаётида муҳим воқеликка айланмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўзининг илмий салоҳияти билан дунёдаги энг ривожланган давлатлар университетлари билан том маънода бўйлашмоқда. Мамлакатимизда карвонбоши университет ҳисобланган бу маскан қатор фундаментал табиий-ижтимоий фанлар йўналишлари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таянч таълим муассасаси ҳисобланади. Бинобарин, университет олимлари томонидан тайёрланаётган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва дастурлари республикамизнинг турли олий ўқув юртларида кенг қўлланмоқда. Биргина 2010 йилнинг ўзида нашр этилган янги ўқув-услубий қўлланмалар, ўқув дастурлари республикамиздаги деярли барча олий таълим муассасаларига тақдим этилди. Улар орасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарини ўқитиш бўйича ўқув-услубий қўлланма” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги маърузасини ўрганиш бўйича ўқув-услубий мажмуа” каби салмоқли китоблар муҳим ўрин тутади.

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув-методик бирлашмалари фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан нашрга тавсия этилган мазкур ўқув-услубий мажмуада давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги маърузасида билдирилган муҳим амалий таклиф ва хулосалар асосида жамиятни ислоҳ этиш, мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида қарийб 20 йил давомида амалга оширилган кенг кўламли улкан ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича очиб берилган. Айтиш жоизки, мажмуада Юртбошимиз томонидан демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифалари, қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш борасида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари борасидаги ғоялар моҳияти теран тадқиқ қилинган ҳолда ёритилгандир.

Миллий университет ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедовнинг ташаббуси билан 2010 йилда ўқув даргоҳимизда56 маротаба илмий-амалий конференция, ижодий учрашувлар ва тадбирлар, турли мавзудаги кўрик-танловлар ўтказилди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳам иқтидорли талаба-ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Илдизи бақувват дарахт кўкка бўй чўзгани ва сархил мевалар бергани мисол тарих мулкига айланиб бораётган “Баркамол авлод йили” ва ундан олдинги йилларда ҳам ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш йўлида амалга оширилган хайрли ишлар келгусида ўз меваларини бераверади.

 

МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ

ЎзМУда маънавий-маърифий тарбия ўзига хос ижтимоий институтга айланган. Университет Маданият саройида тез-тез давра суҳбатлари, турли учрашувлар, байрамлар, медия-конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Булардан ташқари университет Ахборот-ресурс марказида, факультетларда, талабалар турар-жойларида ҳам таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, ҳуқуқшунослар, депутатлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб турилади. Биргина 2010 йилда 56 марта илмий-амалий конференция, 278 марта турли номдаги учрашувлар, 28 марта диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар, 33 марта ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тадбирлар, 33 марта кўрик-танловлар, 34 марта талабаларнинг маданий дам олишларига қаратилган маданий тадбирлар ташкил этилди.

Юртимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соғлом авлод деганда, аввало, соғлом насл, жисмонан бақувват, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлод тушунилади. Қабул қилинаётган қатор қонунлар замирида ҳам соғлом, жисмоний ва маънавий етук авлод шаклланиши, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг замонавий билим ва касбга эга бўлиши, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ғояси мужассамдир.

Маънан етук баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мумкин. Бу таълим соҳасининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мудом қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатлардан, биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” ниқоби остидаги турли хуружлардан ҳимоя қилиш ҳар бир мураббийнинг доимий вазифаси ҳисобланади. Университетимизда маънавият ва маърифат ишлари асосан шу мақсадларга қаратилган.

Университет Маданият саройида фаолият олиб бораётган 10 тўгаракда 500 дан зиёд талаба қатнашади. 1000 дан ортиқ талабалар ўқишдан бўш пайтларда университет спорт мажмуасининг 20 секциясида турли спорт турлари билан шуғулланади. Спорт секциялари ва клублар фаолияти йўлга қўйилиб, улар малакали спорт усталари билан таъминланган. Миллий университетда 1 та замонавий стадион, 6 та ёпиқ зал, 8 та очиқ майдонлар мавжуд бўлиб, улар спортга иштиёқманд 6338 нафар талабага хизмат кўрсатиши мумкин. Ҳозирги кунда спорт мажмуасида 21 та спорт секцияси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3000 нафарга яқин ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ёшларни соғлом ва интеллектуал салоҳияти юксак даражада бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳар йили ўз самарасини бераётир. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт мусобақалари, шунингдек, турли фан олимпиадалари талабаларимиз ҳаётида муҳим воқеликка айланмоқда.

Миллий университетимиз ва у жойлашган “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган республика олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада – 2007” спорт анжумани минглаб талаба ёшлар қалбида ўчмас из қолдирган эди. Ўз навбатида Андижон вилоятида ўтказилган “Универсиада-2010” спорт мусобақаларида университетимиз талабалари спортнинг баскетбол тури бўйича эркаклар жамоаси 1 та олтин, аёллар жамоаси 3 та бронза, қўл тўпи тури бўйича эркаклар жамоаси 3 та олтин, аёллар жамоаси 2 та кумуш, шахмат тури бўйича эркаклар 1 та олтин, аёллар 1 та кумуш, енгил атлетика тури бўйича эркаклар 1 та олтин, аёллар 2 та кумуш ҳамда стол тенниси бўйича 2 та кумуш медалларини қўлга киритишгани барча мураббий ва талабаларга ифтихор туйғусини бахш этди.

2010 йил 12-27 ноябрь кунлари Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган XVI Осиё ўйинларида спортнинг шахмат тури бўйича иштирок этган университетимиз механика-математика факультети талабаси Нодира Нодиржонова кумуш, мерганлик бўйича хорижий филология факультети талабаси Сакина Мамедова бронза медалини қўлга киритган бўлса, иқтисодиёт факультети талабаси Дониёр Усмонов Кипрда ўтказилган каратэ бўйича жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб олтин медал соҳибига айланди. Университетимизда жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибор билан қаралгани натижасида талабаларимиз орасидан жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққан. Рустам Қосимжонов – шахмат бўйича жаҳон чемпиони, С. Қаюмов – шахмат бўйича Осиё чемпиони, В. Перетейко – кураш бўйича Осиё чемпиони, С. Тўйчиев – паулифтинг бўйича Осиё чемпиони бўлганлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Дарс жараёнига таълим билан тарбияни сингдириш, ўқув жараёнига тарбиявий ишлар кенг жорий қилинмоқда. Ёшлар фан тўгараклари, илмий тўгараклар, спорт секциялари ва бадиий хаваскорлик тўгаракларига жалб этилмоқда.

Сўнгги вақтда талабалар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларда “Тенг-тенгига” усули ижобий самара бераётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган энг фаол, иқтидорли, нотиқ талабалардан “Фаоллар мактаби” шаклантирилиб, улар ёрдамида барча гуруҳларга бевосита кириб борилмоқда. Ушбу талабалар ўзлари ва тенгдошларини таклиф ва истакларини ўрганиб, ўз ташаббуслари билан тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, кўрик танловлар, баҳс-мунозараларни ташкил этади.

“Ахборот соатлари”ни самарали ўтказишда ҳам улар алоҳида фаоллик кўрсатаётганиларини таъкидлаш жоиз.

Маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда ғоят муҳим ўрин тутади. Талабалар тарбияси вилоят ҳокимликлари ва оилалар билан уйғунликда йўлга қўйилган. Қўлига диплом олган ёш кадрларнинг кўпчилиги ўз вилоятларига йўл оладилар ва табиийки, турли соҳалар ривожига ҳисса қўша бошлайдилар. Ёш кадрлар заҳираси мудом маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар эътиборида бўлиши зарур. Шуни назарда тутган ҳолда 2008 йилда вилоятлар ҳокими номига қуйидаги мазмунда мактуб йўлланди:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов «Ёшлик» талабалар шаҳарчасига қилган ташрифлари чоғида бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб, «Фарзандларимизнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш масаласи доимо диққат марказимизда бўлмоғи лозим» деб таъкидлаган эдилар. Президентимиз «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси, хусусан, Ўзбекистон Миллий университети талабалар турар жойларида бўлганларида ёшлар, талабалар орасида соғлом муҳитни яратиш ва турар жойларда муносиб шароитлар ташкил этиш ҳамда хоналарнинг доимий равишда ораста ва файзли бўлиши тўғрисида тавсиялар берган эдилар.

Ушбу тавсиялар университет талаба-ёшлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда ва бунинг натижасида уларда талабалар турар жойларига нисбатан эгалик ҳисси ҳамда ўзларининг уйларига бўлган муносабат шаклланмоқда.

2008 йилда 90 ёшга тўлаётган Ўзбекистон Миллий университетида ана шундай талабаларнинг таҳсил олиши ҳам университет салоҳиятини янада юксалишига хизмат қилади.

Маълумки, юксак малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг бош устувор йўналишларидан биридир. Юртимизда 2008 йилни «Ёшлар йили» деб эълон қилиниши зиёлилар учун таълим ва тарбия борасидаги ишларни изчил амалга ошириш масъулиятини юклайди.

Ушбу юксак эътибор натижасида яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш, моддий ва маънавий бойликларни асраш, улар асносида ўзларининг билим ва тафаккурларини юксалтириш, ушбу қадриятларни келгусида келадиган авлодларга ҳам етказиш бугунги талабаларимизнинг асосий вазифаларидан биридир.

Сиздан, вилоятингизда истиқомат қилиб, ҳозирда Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУда таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг оиласига юксак наъмунали ҳулқи ва аъло ўқиши, ташаббускорлиги учун университет профессор-ўқитувчилари номидан раҳматнома билдиришингизни сўраймиз”.

Университетдан борган мактубни мутасаддилар ўзгача эътибор билан кутиб олдилар. Кўпгина мутасаддилар ишончни оқлаб, аввало ота-оналарига, мактабига, вилоятига олқиш олиб келган фарзандларидан мамнун бўлишиб, тадбирлар ҳам ташкил этганлар. Тадбирда қатор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этишиб, талабаларнинг ота-оналарига университетдан келган мактуб билан бирга қимматбаҳо совғалар топширганлари ҳақидаги хушхабарлар бизни ҳам хушнуд этди. Бу “Ёшлар йили” тадбирларига янада файз киритди. Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, ўқув масканимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар эртага ўз самарасини бериши шак-шубҳасиздир.

Юртбошимиз мамлакатимиз ёшларининг муносиб камол топиши, ҳар бир йигит-қиз келажаги учун қайғураётгани барчанинг қалбида ифтихор туйғусини жўш урдиради. 2007 йил – “Ижтимоий ҳимоя йили”да бошланган кўп хайрли ишлар “Ёшлар йили”да изчил давом эттирилди. Ёш оилаларга уй-жой қуриш, зарур жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, шу билан бир қаторда шинам уйлар қуриб берилгани кимни қувонтирмайди. Шундай бахтга мушарраф бўлаётган ёшлар орасида талабалар ҳам анчагина! Сўнгги йилларда университетимиз, талабалар турар жойлари қайтадан чирой очди. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида мукаммал таъмирдан чиқарилган талабаларнинг шинам турар жойлари, сув спорти саройи, футбол майдонлари ва бошқа иншоотлар ҳар куни талабалар билан гавжум. Шу ҳудудда «Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми» жамғармаси томонидан 500 кишига мўлжаллаб ташкил этилган «Келажак овози» ёшлар ахборот-ресурс маркази ҳам иқтидорли ёшлар учун имконият эшикларини очиб бермоқда. «Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми» ва «Меҳр нури» жамғармалари истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан ҳам талабалар ва бошқа ёш истеъдод соҳибларининг қанчалик мамнунлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Юртбошимизнинг 2007 йил 7 декабрдаги «Асосий мақсадимиз – юртимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини қатъият билан давом эттиришдир», 2008 йил 8 февралдаги «Инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш – барча ислоҳот ва ўзгаришларимизнинг бош мақсадидир» мавзуидаги маърузаларида илгари сурилган ғоялар замирида ҳам ёшларимизни чинакам баркамол авлод бўлиб вояга етказишдек улуғвор мақсадлар ётибди. Шу билан бир қаторда “Ёшлар йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ўғил-қизларимизнинг чинакам камол топишига қаратилгандир.

Талаба-ёшларнинг маънан етук бўлиб камолга етишишида маънавий-маърифий тарбия ғоят муҳим ўрин тутади. Университетимиз Маънавият ва маърифат марказида “Ёш сиёсатчилар”, “Ёш социологлар”, “Ёш журналистлар”, “Нотиқлар” клублари томонидан уюштириладиган ижодий кечалар, турли тадбирлар талабалар маънавий дунёсини янада бойитаётган бўлса, Маданият саройида бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатаётган “Шоввозлар” театр студияси уларнинг бўш пайтлари кўнгилли ўтишига хизмат қилаётир. Иқтидорли йигит-қизлар ҳар йили республика олий ўқув юртлари талабаларининг “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танловларида фаол иштирок этмоқдалар. Соғ танда – соғлом ақл, деганларидек талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғуланишлари учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган “Талаба-ёшларни оммавий спортга жалб этиш”, “Жисмоний баркамоллик ва соғлом турмуш тарзи”, “Болалар спортини ривожлантириш” дастурлари асосида спорт секциялари ташкил этилган. Факультетлар ўртасида “Алпомиш ва Барчиной” деб номланган спорт мусобақалари, футбол бўйича ректор кубоги, мини футбол бўйича Талабалар касаба уюшмаси кубоги учун мусобақалар ўтказиб турилади. Университетда замонавий асбоб-анжом, зарур адабиёт, кўргазмали қуроллар, аудио ва видеоматериаллар билан таъминланган “Маънавият ва маърифат Маркази” фаолият олиб бормоқда. Марказ томонидан таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида учрашувлар, семинар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Марказ ҳузурида “Ёш сиёсатчилар клуби”, “Нотиқлик санъати”, “Ёш социологлар клуби” ишлаб турибди. Бундан ташқари, факультетлар ва талабалар уйларида замонавий талаблар даражасида жиҳозланган “Маънавият ва маърифат” хоналари мавжуд бўлиб, уларда тез-тез кекса авлод вакиллари, жамоат арбоблари билан учрашувлар, суҳбатлар уюштирилади. Талабалар шаҳарчаси кўркига кўрк қўшиб турган Сув спорти саройи, Ёшлар ижодиёт маркази сингари қатор янги замонавий иншоотлар, янгидан чирой очган университетимиз ўқув бинолари, спорт иншоотлари, Маданият саройи, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар-жойлари ҳамда улар теварак-атрофларидаги фусункор боғлар, равон йўллару йўлаклар кун сайин чирой очиб талабалар ҳаётига файз киритмоқда.

 

ЙИЛЛАР ВА ШАРАФЛИ ЙЎЛЛАР

Юртимиз мустақиллиги шарофати билан Миллий университетимизда сўнгги йилларда кўплаб тарихий воқеалар юз берди. Улардан айримлари билан танишамиз.

1995 йил 14 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган.

2000 йил 28 январь – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий университети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармонга бинон ўқув масканимиз – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий унверситети, деб номланди.

2000 йил – университет таълим жараёнига модул тизими жорий этилди.

2000-2008 йиллар – “Ривожланиш ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларни моддий рағбатлантириш” жамғармаси фаолияти маданият, таълим тизими ва кадрлар тайёрлашни рағбатлантиришга йўналтирилди.

2000-2010 йиллар – университет “Маънавият ва маърифат маркази” фаолияти янада такомиллаштирилди. Марказ томонидан таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида учрашувлар, ижодий семинарлар ўтказилди. Марказ ҳузурида ташкил этилган “Ёш сиёсатчилар клуби”, “Нотиқлик санъати”, “Ёш социологлар клуби” кўплаб истеъдод соҳибларини камолга етказди.

2000-2010 йиллар – университет ахборот ресурс маркази интернет тизимига уланган компьютерлар хизмати йўлга қўйилди. Ўқув адабиётлари электрон нусхалари фойдаланиш йўлга қўйилди. Шунингдек, факультетларда 17 та ахборот ресурс маркази ва ҳар бири 60 ўринга мўлжалланган 2 та йирик компьютер зали ташкил этилди.

2000-2010 йиллар – университет жамоаси бир қатор чет эл илмий грантларига эга бўлди. “Тарих”, “Психология”, “СПРАЙТ”, “Евроазия”, “Ўзбекинфо” ва бошқа лойиҳалар бўйича Европа, Япония, АҚШнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликлар ўрнатилди.

2000-2010 йиллар – қатор илмий-тадқиқот ишлари патентлаштирилди, йилига 500 минг АҚШ долларига яқин миқдорда чет эл грантлари асосида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бу илмий изланишлар натижалари ишлаб чиқаришга ҳам фаол татбиқ этилмоқда.

2000-2010 йиллар – Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг сифат босқичида университетда масофали ўқитиш марказлари қарор топмоқда. Информацион технологиялар ихтисослиги бўйича абитурентлар ва талабалар учун 19 та масофалибосқичлар ташкиллаштирилди.

2001-2005 йиллар – университетда ДААД йўналиши бўйича 5 нафар аспирант ва 2 докторант Германияда таҳсил олди. Икки докторант АҚШда илмий сафарда бўлди.

2001-2008 йиллар – университетда 73 аспирант ва 25 докторант ЎзМУнинг махсус стипендиясига сазовор бўлди. 98 аспирант ва 9 докторант Республика ва чет эл грантларида иштирок этди.

2002 йил– университет бўйича толали-оптиккабель ўтказилди. Барча бўлим ва деканатлар жаҳон ахборот тармоғига чиқувчи умумий локал тармоққа уланди. 512 к/s тезликда ишлайдиган Интернетга уланган компьютерлар сони 323 тага етди.

2004-2008 йиллар – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси институтлари ва тармоқ институтлари билан 68 мавзу бўйича ҳамкорлик қилинди.

2004-2008 йиллар – ЎзРФА илмий текшириш институтлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ ЎзМУ кафедраларининг 15 та филиали очилди. Ушбу ҳамкорлик ЎзРФА институтлари интеллектуал салоҳияти ва моддий-техник базасидан фойдаланиш ҳамда магистр тайёрлаш имкониятини янада кенгайтирди.

2005 йил – физика факультети “Университет сифат бошқаруви тизимининг татбиқи” (УНИКУМ) лойиҳасининг амалга ошиши учун 150.000 евро қимматига эга ТЕМПУС/ТАСИС грантига сазовор бўлди.

2005 йил – География факультети демография кафедраси муҳим лойиҳани амалга ошириш учун 9000 АҚШ доллари ҳажмидаги грант олишга муваффақ бўлди.

2005 йил – “Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги Ўзбекистон Миллий университети ва бошқа олий ўқув юртлари талабаларининг турар жойлари, бутун шаҳарча ҳукумат тамонидан капитал таъмирланиб, тубдан қайта янгиланди, ободонлаштирилда. Стадион ва Сув спорт саройи қурилди.

2005 йил 28 декабрь – Ўзбекистон республикаси Президенти Ислом Каримов “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, шаҳарчада талабалар учун яритилган шароитлар билан танишди, талаба ва олимлир билан суҳбатлашди.

2006 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори ижросини таъминлаш мақсадида университет Ахборот хизмати ташкил этилди.

2006 йил – Иқтисод факультети 7.500 АҚШ доллари ҳажмидаги ЮСАИД лойиҳаси очиқ танловида ғолибликни қўлга киритди.

2007 йил – университет спорт майдонларида республика олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада – 2007” спорт мусобақалари ўтказилди.

2007 йил – университет олимлари Фан ва технологиялар маркази томонидан эълон қилинган мавзулар танловида иштирок этиб, 98 та илмий мавзу,7 инновация бўйича грант эгаси бўлдилар.

2007 йил – университет профессор-ўқитувчиларидан 120 нафари халқаро халқаро анжуманларда қатнашдилар.

2008 йил 9 апрель – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2008 йил 22 август – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигига бағишланган “Мамлакатимиз олий таълим тизими ва илм-фани ривожида Ўзбекистон Миллий университетининг роли” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.

2008 йил 20 сентябрь – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигига бағишланган “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси стадионида “Ёшлар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир” деган шиор остида мамлакатимиз олий ўқув юртлари талабаларининг фестивали ўтказилди.

2008 йил 27 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларига, бутун жамоасига” табрик хати йўллади.

2008 йил 27 сентябрь – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигига бағишлаб тантанали байрам тадбири ўтказилди ва унда университетнинг бир груҳ ходимлари, профессор-ўқитувчиларига Давлат мукофотлари берилди.

2009 йил 27 март – Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишлаб “Тошкент шаҳрининг Марказий Осиё тарихида тутган ўрни” мавзусида республика конференцияси ўтказилди.

2009 йил 12-16 май – жонажон пойтахт шаҳримиз Тошкентнинг 2200 йиллиги олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Талабалар баҳори-2009” фестивали ўтказилди. Унда 3000 дан ортиқ талабалар иштирок этди. Фестивал доирасида “Фуқаролик жамиятини шакллантиришда талаба-ёшларнинг ўрни ва роли” мавзуидаги илмий-амалий конференция, иқтидорли талабалар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловлари ўтказилди.

2009 йил 3-20 июнь – университетнинг 13 та факультетида “Оқ йўл Сизга, битирувчилар!” маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилди.

2009 йил 6 ноябрь – университет Маданият саройида “Президентга мактублар” китоби тақдимот маросими ўтказилди.

2010 йил январь – университетнинг “Маънавият ва маърифат маркази” замон талаблари даражасида таъмирланиб, Президент Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари асосида тўлиқ жиҳозлантирилди.

2010 йил 6 январь – университет Ахборот-ресурс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарини мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ўқитишни ташкил этиш бўйича ректорлар, проректорлар ва кафедра мудирлари учун семинар-тақдимот ўтказилди.

2010 йил 14 январь – университет Маданият саройида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта анжуман ўтказилди. Унда мазкур ўқув даргоҳида узоқ йиллар фаолият кўрсатган иккинчи жаҳон уруши ҳамда байналмилал жангларда иштирок этдилар. Пойтахтимизда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанга қасамёд” деб номланган улуғвор ҳайкал қад ростлади.

2010 йил 14 январь – университет Маданият саройида “Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш йўлини изчил давом эттириш – тараққиётимизнинг муҳим омилидир” мавзуидаги маърузасига бағишлаб илмий-назарий семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, профессор Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – фуқаролик жамияти барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзуидаги маърузаси тингланди.

2010 йил 17 декабрь – университет Маданият саройида “Баркамол авлод – буюк келажагимиз пойдевори” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда асосан аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда турли йўналишларда илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

2011 йил 19 февраль – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигини кенг тарғиб этиш бўйича тарғибот гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ аъзоларининг “Ўзбекистон Республикасининг асрларга тенг 20 йиллик тараққиёт йўли” мавзусида илмий-амалий семинар-тренинги бўлиб ўтди. Унда таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасининг асрларга тенг 20 йиллик тараққиёт йўли”, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларда инсон омили тамойили”, иқтисод фанлари номзоди, доцент Суннатилла Қурбоновнинг “Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида бозор иқтисодиётига ўтишдаги ўзига хос тажрибаси ва иқтисодий тараққиёт”, сиёсий фанлар доктори Алишер Мўминовнинг “Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги ижтимоий-сиёсий соҳасидаги ислҳотлари”, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошевнинг “Мустақиллик – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг мустаҳкам гарови” мавзуидаги маърузалари тингланди.

2011 йил 3 март – университет Маданият саройида 8 март – халқаро хотин-қизлар куни олдидан “Сен азиз ва муқаддас аёл!” деб номланган анжуман бўлиб ўтди. Айни пайтда Миллий университетда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилардан 593 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 64 нафари профессор ва фан докторлари, 174 нафари доцент ва фан номзодлари, 186 нафари катта ўқитувчи ҳамда 169 нафари моҳир мураббийлардир.

2011 йил 21 март – “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида Наврўз байрами кенг нишонланди. Талабалар турар-жойларида дошқозонларда сумалаклар тайёрланди. “Сумалак сайли” талабаларга олам-олам қувонч бахш этди. Ҳар бир факультет жамоаси биттадан вилоят ва қорақалпоқ элининг ўзига хос удумларини бадиий чиқишларида намойиш этишди. “Ассалом, Наврўз!”, “Аёл борки, олам мунаввар” мавзусида чиқарилган деворий газеталар, “Гул сайли”, “Намунали боғ” каби кўрик-танловлари кўпчилик эътиборини ўзига жалб этди. Байрам дастурини ташкил этишда энг фаоллик кўрсатган мураббийлар ва талабалардан 60 нафари бир кунга Самарқандга саёҳатга юборилди.

2011 йил 27 июнь – университети Маданият саройида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги Матбуот хизматлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси масъул ходимлари, мамлакатимиз етакчи ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Анжуманда “Дунёда рўй бераётган воқеалар, ахборот маконидаги вазият, замонавий журналистикага талаблар”, “Нодавлат ва электрон ОАВ учун қандай кадрлар керак?”, “Журналистика факультети олдида турган вазифалар ва келажакдаги режалар” мавзуида маърузалар тингланди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда таҳририятларда ва ахборот хизматларида талабалар учун “Маҳорат мактаби”ни намунали йўлга қўяётган бир гуруҳ журналистлар “Диплом” ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ ВА ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ

 

Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишда журналистларнинг вазифаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг олим ва мутахассислари, журналистлар иштирок этди.

ЎзМУ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори Қаҳрамон Қуронбоев “Оммавий маданият” ахборот уруши сифатида: тарихий ва замонавий кўринишлари” мавзуида маъруза қилиб, жумладан шундай деди:

– Оммавий маданият — маданият мавжудлигининг мураккаб, ҳамма вақт бир хил талқин қилинмайдиган ўзига хос шакли. Оммавий маданиятни ғарб маданияти билан боғлиқ ҳодиса деб тушуниш, шунингдек, уни ғоясизлик, сифатсизлик ва дидсизлик намунаси сифатида баҳолаш кенг тарқалган. «Оммавий маданият» Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда «популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсадниятига кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир.

Ҳозирги замон социологияси ва публицистика соҳаларида кенг ишлатиладиган, ижтимоий-маданий кўрсатмалар, қадриятларнинг маълум бир йўналиш мажмуаси, жамият тараққиётида амал қилиб келаётган умуминсоний маданиятга қарши бўлган қадриятлар комплексини англатувчи тушунчалар. 20 асрнинг 60-70 йилларида Контркултура тушунчаси «исёнчи» (ғалаёнчи) ижтимоий гуруҳлар ва талабалар қатламларининг, турли туман «коммуна»ларнинг ўзига хос идеологиянинг талқини сифатида шаклланди.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.

Оммавий маданиятчуқур ижтимоий ва маданий иддизларга эга. Оммавий маданиятни пайдо бўлишининг ижтимоий-иқтисодий илдизлари йирик саноат ишлаб чиқаришининг пайдо бўлиши билан боғлиқ. 20-асрда радио, кино, телевидение, видео, компьютерлар тизимининг пайдо бўлиши натижасида оммавий маданият ўз ривожланишининг янги боскичига қадам қўйди. Бу босқич кўпчилик учун мақбул бўлган қарашлар ва кадриятларни шакллантириш имкониятлари кескин даражада ўсгани билан характерланади. Иложи бўлса, мамлакатимиз таълим тизимининг – мактаблар, коллеж лицейларига «Огоҳлик» дарсларини киритиш зарур. Журналистика факультетида ўтилаётган “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” курси барча олий таълим муассасаларида ўтилиши мақсадга мувофиқдир. Мамлакатимиз ёшларини чет эл маданиятининг салбий таъсирига тушиб қолмаслик учун Интернет ва ундан тўғри ва эзгу мақсадда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда бу жараённи янада қаттиқ назоратга олиш керак. Ёшлар бўш вақтини самарали ва тўғри ташкил этишларига кўмаклашиш ҳамда улар онгига таъсир қилиши мумкин бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсирини олдини олиш мақсадида янада кўпроқ турли кўрик-танлов ва дастурларни жорий этиш зарур.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

“КЎЗГУ”ДА АКС ЭТАР ЎзМУ

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида амалга оширилаётган ўқув, илмий, маънавий-маърифий ишлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳозиржавоблик билан ёритиб борилади. “Ахборот”, “Давр”, “Пойтахт”, “Ассалом, Ўзбекистон!” ва таълимга оид кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон овози”, “XXI asr”, “Маърифат”, “Туркистон”, “Моҳият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Инсон ва қонун”, “Ишонч”, “Тошкент оқшоми” каби газеталар, “Таълим муаммолари”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Соғлом авлод учун” сингари журналларда бу мавзулар етакчи ўринни эгаллаётгани эътиборга моликдир.

ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан ОАВга зарур ахборот манбалари яратиб берилмоқда. Журналистларга тақдим этилган пресс-релизларнинг айримлари билан танишар экансиз, улар қанчалик муҳим ахборот манбаига айланганини ҳис этасиз. Бу ахборот манбаларидан журналистлар келгусида ҳам ОАВда ёритиш учун кенг фойдаланишлари мумкин.

 

* * *

Жонажон пойтахт шаҳримиз Тошкентнинг 2200 йиллиги олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қатор анжуманлар, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Шу йил 12 май куни “Ёшлик” стадионида ана шундай анжуманлардан бири – “Талабалар баҳори – 2009” фестивали бошланди. Анжуманнинг айнан шу куни бошланишида ҳам рамзий маъно бор. Яъни, бу ўқув маскани дастлаб 1918 йил 12 май куни “Туркистон халқ миллий дорилфунуни” номи билан ташкил этилган. Шу маънода бу анжуман ЎзМУ талабалари ва мураббийлари учун қўшалоқ байрамга айланмоқда.

Байрамона безатилган “Ёшлик” стадиони талабалар, факультетларнинг спорт жамоалари, мураббийлар, фахрийлар ва бошқа меҳмонлар билан гавжум. Айтиш жоизки, ушбу анжуманда 3000 дан ортиқ талабалар иштирок этмоқда. Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида университет ректори Ғафуржон Муҳамедов анжуман иштирокчиларини самимий қутлар экан, республикамизда карвонбоши бўлган бу отахон ўқув маскани тарихида шундай қутлуғ кунларнинг нишонланиши илм аҳлига ва талабаларга доимо кўтаринки руҳ бахшида этишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг спорт жамоаларининг чиқишлари, таниқли санъаткорлар ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ижросида намойиш этилган концерт томошабинларда катта таассурот қолдирди. Бир ҳафта мобайнида давом этадиган фестивал доирасида “Фуқаролик жамиятини шакллантиришда талаба-ёшларнинг ўрни ва роли” мавзуидаги илмий-амалий конференция, иқтидорли талабалар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловлари ўтказилади. Университет “Маданият саройи”да ўтказилиши режалаштирилган анжуманларга пухта ҳозирлик кўрилган.

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 апрелдаги “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур кўрик-танловнинг биринчи ва иккинчи босқичлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида юқори савияда ўтказилди. Унда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида таълим олиш билан бир қаторда ҳаваскорлик бадиий жамоаларида иштирок этаётган ёш истеъдод соҳиблари, ансамбллар ва якка ижрочилар ҳамда бошқа ўқувчи-талабалар қатнашдилар.

Иккинчи босқичда ғолиб бўлганлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройида ўтказилаётган кўрик-танловнинг учинчи босқичига ўзгача ҳаяжон билан келдилар. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида университет ректори Ғафуржон Муҳамедов кўрик-танлов иштирокчиларини самимий қутлар экан, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган талаба-ўқувчиларнинг Ватанга садоқат, унинг тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган, мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш мақсадида ўтказилаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови кўплаб ёш истеъдод соҳибларини кашф этганини алоҳида таъкидлади.

Байрамона руҳда бошланган мазкур анжуман ёш истеъдод соҳибларининг кўргазмали чиқишлари билан бошланди. Шуни қайд этиш жоизки, кўрик-танловга шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлигида яратилган Ватан, истиқлол, миллий ўзликни англаш мавзусидаги янги қўшиқлар қабул қилинди. Бу санъат асарлари миллий қадриятларимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз, халқимизнинг бунёдкорлик фазилатларини, гўзал табиатимиз, юртимиз жамолини, истиқлол даврида эришган улкан ютуқларимизни тараннум этишга, ёшларнинг қалбида Ватан туйғусини юксалтиришга, уларнинг эзгу орзу-умидларини акс эттиришга қаратилгани эътиборга моликдир. Зеро, қўшиқ мусиқасининг оригиналлиги, матннинг таъсирчан бадиий образларга бойлиги, мазмундорлиги, халқчиллиги, Ватанга муҳаббат ва истиқлолга садоқат ғоялари билан йўғрилиши баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланди. Кўрик-танловнинг асосий мақсади – халқимиз, авваламбор, униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, она юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантиришдир. Кўрик-танловга тақдим этилган асарларни баҳолашда унинг матни, мусиқа ва ижро маҳорати, қўшиқ мусиқасининг ўзига хослиги, Ватанни шарафлайдиган, ор-номус, қадр-қиммат, ғурур ва ифтихор каби фазилатлар маҳорат билан ифода этилганлигига аҳамият қаратилди. Таниқли санъат ва маданият ходимлари, шоирлар, ёзувчилар, соҳа мутахассислари ва профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати чинакам истеъдод соҳибларини сараладилар. Ғолиб жамоалар махсус совринлар, фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини ҳар йили минглаб йигит-қизлар тамомлаб, турли соҳа эгаларига айланадилар. Ўтган йили университетни муваффақиятли тамомлаган 3400 дан ортиқ йигит-қизлар (жумладан, 831 нафари магистр) ишлаб чиқаришга йўл олган эдилар. Айни пайтда улар танлаган соҳалари бўйича фаолият кўрсатишмоқда.

Университетни тамомлаётган ёшларга оқ йўл тилаб, уларни мустақил ҳаётга тантанали равишда кузатиш ҳам ўзига хос анъанага айланган. 2009 йил “Оқ йўл сизга, битирувчилар!” деб номланган ана шундай тадбир биринчи бўлиб География факультетида ўтказилмоқда.

Анжуман фусункор “География факультети боғи”да ташкил этилди. Географ олимлар ва талабалар юксак дид билан яратган бу боғга кирган киши аввало ўзини табиат оламида юргандек ҳис қилади. Боғ ўртасига ўрнатилган улкан глобус кўз ўнгингизда она сайёрамизнинг чексиз коинот бағрида сузиб юрганини намоён этади.

Факультетнинг бакалаврлик босқичини118 талаба учта йўналиш бўйича, магистрлик босқичини 63 талаба саккизта мутахассислик бўйича, шунингдек, махсус сиртқи бўлимини 46 нафар йигит-қизтамомламоқда. Улар география, гидрометериология, геодезия,картография ва кадастр, иқтисодий ва ижтимоий география, геодемография, табиий география ва ландшафтлар геокимёси, картография, қуруқлик гидрологияси, суғориладиган ҳудудлар гидрологияси ва сув хўжалиги иқтисодиёти, кўл ва сув омборлари гидрокимёси каби соҳаларда фаолият кўрсатадилар.

“Оқ йўл сизга, битирувчилар!” анжуманида мустақил ҳаётга йўлланма олаётган йигит-қизлар келгусида она Ватанга садоқатли бўлишга, касбини ва зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга, умрбод юксак маънавият ва маърифат учун курашишга тантанали қасамёд қилдилар.

Анжуманда ёш кадрларга иш берувчи ташкилотлар билан “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ўтказилди. Унда ишлаб чиқаришга йўл олаётган ёшлар ўзларига яратилаётган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Байрамона руҳда ўтган тадбирда мураббийлар ва талабаларнинг дилдан суҳбатлари барчага хуш кайфият улашди. Ўқиш ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ талабалар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Анъанага кўра, бу йилги битирувчиларга рамзий йўлланма берилди. Ўз навбатида улар факультетнинг биринчи босқич талабаларига рамзий эстафета нишонини топширдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, шу кунларда ҳар бир факультетнинг ўз боғида “Оқ йўл сизга, битирувчилар!” деб номланган анжуман юксак савияда ўтказилади.

 

* * *

Бугун Термиз давлат университетида академик Яҳё Ғуломов номидаги “Ўзбек халқи ва унинг давлатчилик тарихи” республика илмий-амалий семинарининг навбатдаги 57-йиғилиши ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих, санъатшунослик институтлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Термиз давлат университети билан ҳамкорликда ўтказаётган мазкур анжуман “Бақтрия – Тоҳаристон жаҳон цивилизацияси тизимида” мавзусига бағишланган. Анжуманда олий таълим муассасаларида тарих фанини ўқитиш ва тарихчи олимлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройида ҳам ушбу анжуман доирасида видео конференция бўлиб ўтди. Унда таниқли тарихчи олимлар иштирок этишди. Анжуманни кириш сўзи билан очган университет Маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори Қаҳрамон Қуронбоев тарихчи олимлар томонидан “Бақтрия – Тоҳаристон жаҳон цивилизацияси тизимида” мавзусида олиб борилаётган илмий изланишлар, тадқиқотлар ва уларнинг натижалари ҳақида алоҳида тўхталди.

Миллий университетнинг тарих факультети Археология-этнология кафедраси ва Археология таълим йўналиши, археология илмий мактаби ва унинг давомчилари ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди.

Анжуман иштирокчилари Археология-этнология кафедраси музейида сақланаётган кўргазмалар, асори-атиқалар билан танишдилар. Шунингдек, ушбу мавзуга оид ноёб суратлар фотоальбомини тайёрлашга киришилди. Жонли мулоқот тарзида ўтган анжуман қизиқарли савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга бой бўлди.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳар йили 1-босқичга қабул қилинган талабаларни қутлаб “Талабаликка бағишлов” анжуманини ўтказиш ўзига хос анъанага айланиб қолган. 2009 йил 22 октябрь куни университет Маданият саройида ташкил этилган навбатдаги ана шундай анжуман бу йил талабалик бахтига мушарраф бўлган барча истеъдодли ёшларга янада кўтаринки руҳ бахш этмоқда.

Анжуман олдидан университет “Маънавият ва маърифат” марказининг тантанали очилиши барча талаба ва мураббийлар, қолаверса, бу қутлуғ даргоҳга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ўзига хос тўёна бўлди. Маҳобатли Маданият саройининг иккинчи қаватидаги улкан залига жойлашган ушбу марказга қадам ранжида қилган киши республикамизда карвонбоши университет дея эътироф этилган ўқув даргоҳининг ҳаёти, тарихи, босиб ўтган шарафли йўли, илму маърифатда эришган ютуқлари ҳақидаги кўплаб маълумотлар, айниқса юртимиз мустақиллиги йилларида том маънода янгидан чирой очгани акс эттирилган фотолавҳалар билан танишадилар.

Ғоят юксак дид билан бунёд этилган янги “Маънавият ва маърифат” марказида университетнинг мавжуд 13 та факультети учун алоҳида-алоҳида жойлар ажратилган бўлиб, уларда турли таълим йўналишларини акс эттирувчи лавҳалар эътиборингизни ўзига жалб этади. Яъни, Биология-тупроқшунослик, География, Геология, Журналистика, Иқтисодиёт, Кимё, Механика-математика, Тарих, Фалсафа, Физика, Хорижий филология, Ўзбек филологияси, Ҳуқуқшунослик факультетлари тарихи ва бугунги фаолияти ўз аксини топган лавҳалар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан тантанали равишда очилди. Шундан сўнг университет раҳбарлари, мутасаддилари, факультет деканларитаништирилди.

Анъанага кўра 1-босқич талабаларига университетнинг рамзий калити ва талабалик гувоҳномаси топширилди. Ўз навбатида талабалик бахтига мушарраф бўлган йигит-қизлар она Ватанга, азиз халқимизга абадул-абад содиқ бўлишга, Миллий университетга муносиб талаба бўлиш, пухта билим эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишишга тантанали равишда қасамёд қабул қилдилар.

Университет ректори Ғафуржон Муҳамедов ва бошқаларнинг табрик сўзларидан сўнг 2008-2009 ўқув йилида ўтказилган “Оқ йўл Сизга, битирувчилар!” тадбирларини юқори савияда ташкил этган факультетларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ёшлик ҳарорати жўш урган бу анжуман ҳам анъанага кўра дилрабо куй ва қўшиқларга уланиб кетди.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультети ташкил этилганига 50 йил тўлди. Шу муносабат билан 2009 йил 12-13 ноябрь кунлари мазкур факультетда “Замонавий физика ва унинг истиқболлари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, республика олий ўқув юртларининг таниқли физик олимлари, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда.

Анжуман олдидан факультетда “Физикадан намойиш тажрибаларини ўтказиш маркази” очилди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда мазкур факультетда 7 та кафедра мавжуд бўлиб, уларда 5 та академик, 15 та фан доктори ва профессорлар, 38 та фан номзодлари, 5 та катта ўқитувчи ҳамда ассистентлар фаолият кўрсатмоқда. Факультетда қатор ихтисосликлар бўйича аспирантура ва докторантура мавжуд бўлиб, сўнгги йилларда шу ўқув даргоҳи профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида 30 та фан доктори ва 75 та фан номзоди тайёрланди.

Факультет олимлари томонидан сўнгги йилларда 13 та дарслик ва 128 та ўқув қўлланмалари яратилган. Шу билан бир қаторда электрон дарсликлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг аксарияти факультет порталига жойлаштирилган. Шунга яраша интернет тармоғига уланган компьютерлар билан таъминланган 60 ўринли ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда бу ўқув даргоҳида физика, астрономия, радиоактив препаратлар ва ядровий технологиялар, лазер техникаси ва лазерли технологиялар таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар ҳамда назарий физика, ярим ўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси, магнитооптика ва молекуляр физика, оптика, лазер физикаси, атом ядроси ва элементар заррачалар физикаси, радиофизика, ядровий технологиялар, полимерлар физикаси, гелиофизика ва қуёш энергиясидан фойдаланиш, қуёш тизими физикаси ва гелиофизика, физика фанини ўқитиш методикаси, астрофизика, радиоастрономия, метеорология, агрометеорология, физикавий электроника мутахассислари бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Демакки, бу факультетдан етишиб чиқаётган етук кадрлар келгусида мамлакатимизда ўша соҳалар ривожига самарали ҳисса қўшишларига умид қилса бўлади. Шу билан бир қаторда факультетни муваффақиятли тамомлаган мутахассислар Ўзбекистон Фанлар академияси институтларида, диагностика йўналиши марказлари, марказий геология лабораториялари, турли ўқув юртларида ҳам фаолият кўрсатишмоқда.

Факультет жамоаси Италия, Ҳиндистон, Голландия, Германия, Россия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Франция, Швеция, Буюк Британия каби давлатлардаги қатор илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатган. 1998 йилда ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда факультет қошида ЮНЕСКО кафедраси ташкил этилгани факультет илмий салоҳияти янада юксалишига хизмат қилмоқда.

Икки кун давом этадиган анжуманда физика таълими ва ривожига оид қатор маърузалар тингланиши режалаштирилган.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарини таълим муассасаларида ўқитишни ташкил этиш бўйича семинар-тақдимот маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, республика Маънавият тарғиботи маркази, қатор илмий муассасалар вакиллари, таниқли олимлар, тадқиқотчилар, давлат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.

Илму маърифат бўстонида сўнгги йилларда яратилган энг ёрқин асар давлатимиз раҳбарининг „Юксак маънавият – енгилмас куч“ китоби бўлганини наинки бутун жамоатчилигимиз, балки жаҳондаги кўплаб давлатлардаги зиёлилар ҳам бирдек эътироф этмоқдалар. Бу асар асрлар оша авлодларимизнинг ҳам беқиёс маънавий мулкига айланиб боравериши шак-шубҳасиздир.

Бу йил янги ўқув семестридан бошлаб ушбу асарни республикамиз таълим муассасалари 1-босқич талабалари факультатив курс сифатида ўрганадилар. Шу муносабат билан Миллий университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган “Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарини ўрганиш бўйича ўқув қўлланма”, мазкур факультатив курсни ўқитиш дастури, электрон дарслик тақдимоти анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Семинар-тақдимотда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарини таълим муассасаларида ўқитишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Маънавият инсоннинг улғайиши ва куч-қудрати манбаидир. Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар”, “Маънавиятшунослик фанининг долзарб масалалари”, “Интеллектуал бойликка интилиш – миллат ва давлат тараққиёти асоси”, “Мустақиллик – маънавий тикланиш ва юксалиш, ислоҳотлар ва уларнинг маънавий мезони”, “Миллий маънавият ва тарихий хотира”, “Миллий маънавиятга таъсир ўтказаётган ташқи таҳдидлар”, “Ижодий тафаккур – юксак маънавият асоси”, “Миллий ғоя тарғиботи: педагогик механизм ва йўналишлар”, “Таълим – баркамол авлод тарбиясининг муҳим омили” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Шунингдек, анжуманда таълим муассасаларида мазкур факультатив ўқув курсини ўқитиш бўйича ўқув-методик мажмуа таркиби ва асарни ўқитишни ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2010 йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта анжуман ўтказилди. Унда мазкур ўқув даргоҳида узоқ йиллар фаолият кўрсатган иккинчи жаҳон уруши ҳамда байналмилал жангларда иштирок этишган фахрийлар, университет ҳарбий кафедрасида самарали фаолият кўрсатаётган мураббийлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келиб шу қутлуғ даргоҳда таҳсил олаётган фаол талабалар ва бошқа меҳмонлар иштирок этдилар.

– Бу йилги Ватан ҳимоячилари куни байрамининг шукуҳи ўзгача. Негаки, бу қутлуғ кун эълон қилинганига роппа-роса 17 йил тўлмоқда! 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинган эди. Эътибор берсангиз, ўша йили дунёга келган йигит-қизлар ўн еттинчи баҳорини қаршилаб, кўпчилиги университетимизда ҳам таҳсил олмоқда! Уларнинг бу умр баҳори мамлакатимизда “Баркамол авлод йили”га тўғри келганида ҳам қандайдир рамзий маъно бор,– деди тадбир иштирокчиларини қутлаб университет ректори Ғафуржон Муҳамедов.– Пойтахтимизда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан қад ростлаган “Ватанга қасамёд” деб номланган улуғвор ҳайкалнинг очилиш маросимини ўтган куни барчамиз ойнаи жаҳон орқали ҳаяжон билан кузатдик. Маросимда муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг фидойи Ватан ҳимоячилари ҳақида билдирган фикрлари кимнинг қалбини тўлқинлантирмайди, дейсиз. Ўйлайманки, мамлакатимизда карвонбоши университет ҳисобланган ўқув даргоҳимизда таҳсил олишаётган Алпомиш издошлари ҳам умрбод Ватанга садоқат билан хизмат қиладилар.

Дарҳақиқат, университет талаба ёшлари Ватанга чинакам садоқат руҳида тарбияланмоқда. Университет ҳарбий кафедрасида йигитлар соҳа сирларини мукаммал эгаллаётган бўлсалар, факультетларда, талабалар турар-жойларидамуқаддас Ватанни кўз қорачиғидек асраш, глобаллашув даврида ёшларни оммавий маданият” ниқоби остидаги бузғунчи ғоялар, ахборот хуружларидан асрашга оид мавзуларда тез-тез давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ўтказиб турилади.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан фахрийлар, университет ҳарбий кафедраси мураббийлари ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган фаол талабалардан бир гуруҳи Фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбири дилрабо куй-қўшиқларга уланиб, барчага кўтаринки руҳ бахш этди.

 

* * *

8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун! Ҳар йили шу сана олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий унверситети Маданият саройида катта анжуман ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Яқинда байрамона безатилган муҳташам залда ушбу байрамга бағишланган катта анжуман ўтказилди. Унга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, университет фахрийлари, професссор-ўқитувчилари ҳамда талабалари дастлаб Ўзбекистон мадҳиясини эҳтиром билан тингладилар.

– Барчангизни Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этаман,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган университет ректори, сенатор Ғафуржон Муҳамедов.– Давлатимиз мустақиллигининг тамал тошини қўйган, порлоқ келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинган кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Худди шу байрам арафасида муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан мамлакатимизда янги йилга муҳим бир ном берилиб, бу борада Давлат дастури ишлаб чиқилиши ва уни изчил амалга ошириш ўзига хос анъанага айланган. Ўтган йили айни шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари мамлакатимизда 2010 йил – “Баркамол авлод йили” деб эълон қилган эди. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Нурдинжон Исмоилов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тутган ўрни ҳақида мухтасар фикрларини баён этдилар.

Айтиш жоизки, Миллий университетда “Баркамол авлод йили” Давлат дастури ижросига қаратилган қатор вазифалар амалга оширилди. Жорий йилда университетда 56 марта илмий-амалий конференция, 278 марта турли номдаги учрашувлар, 28 марта диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар, 33 марта ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тадбирлар, 33 марта кўрик-танловлар, 34 марта талабаларнинг маданий дам олишларига қаратилган маданий тадбирлар ташкил этилди.

Мазкур ўқув йилида университет иқтидорли талабаларидан 3 нафари Президент стипендияси, 4 нафари номдор Давлат стипендияларига лойиқ деб топилганлари уларнинг интеллектуал салоҳиятлари қанчалик юксаклигидан далолат беради.

“Баркамол авлод йили” Давлат дастури доирасида университетда қатор танловлар ҳам ўтказилди. Айниқса, “Йилнинг энг яхши педагоги”, “Йилнинг энг яхши мураббийси”, “Йилнинг энг яхши илмий раҳбари” танловларида мураббийлар фаол иштирок этдилар.

Анжуманда танлов ғолиблари ва самарали меҳнатлари учун муносиб тақдирланган бир гуруҳ мураббийлар ҳамда иқтидорли талабаларга мукофотлар топширилди.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети маданият саройида 2010 йил 14 декабрь куни “Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш йўлини изчил давом эттириш – тараққиётимизнинг муҳим омилидир” мавзуидаги маърузасига бағишланган илмий-назарий семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, университет професссор-ўқитувчилари ва талабалари, турли ташкилот ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

– Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизни модернизация қилиш йўлини изчил давом эттириш – тараққиётимизнинг муҳим омилидир” мавзуидаги маърузаси профессор-ўқитувчилар ва талабаларимизда катта қизиқиш уйғотди,– деди университет Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори Қаҳрамон Қуронбоев анжуманни кириш сўзи билан очар экан.– Мазкур маърузада баён этилган илғор фикрлар ва ғоялар моҳияти теран ўрганиш ғоят муҳимдир.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – фуқаролик жамияти барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзуидаги маърузасини қизиқиш билан тингладилар. Зотан, мамлакатимизда эркин ва фаровон жамият қуриш, Ватанимизнинг салоҳияти ва қудратини, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш борасида эришаётган барча муваффақиятларимиз Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий асосларга қатъий амал қилиб келаётганимизнинг самараси эканлиги яхши маълумдир.

Давлатимиз раҳбари қуйидаги масалалар энг муҳим устувор йўналишларимизга айланиши даркор эканлигини алоҳида таъкидладилар:

– давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган Конституциявий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, яъни ҳокимиятни ташкил қиладиган Президент – давлат бошлиғи, қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасида мувозанат ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, суд тизимининг мустақиллиги ва либераллашувини кучайтириш бўйича ислоҳотларни давом эттириш;

– ахборот соҳасида фуқаролар ва инсон ҳуқуқларининг кафолатларини, сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш;

– демократик қадриятлар ва инсонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг амалда муҳим омилига айланиши зарур бўлган фуқаролик институтларини, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусан, маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;

– фақат кенг миқёсли иқтисодий ислоҳот ва ўзгаришларни биз танлаган, ўзини амалда тўла оқлаган тараққиёт моделига ҳамоҳанг равишда давом эттириш иқтисодиётимизнинг барқарорлиги ва зарур ривожланиш суръатларини, ҳаётимиз сифатини ошириш, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.

2011 йил мамлакатимизда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилингани ва унинг юртимиз тараққиётида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақида алоҳида таъкидланди.

Анжуманда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари Юртбошимизнинг ушбу маърузадан келиб чиқадиган хулосалар ҳақида ўз фикрларини ўртоқлашдилар.

 

* * *

Миллий университетимиз маданият саройида 2010 йил 17 декабрь куни “Баркамол авлод – буюк келажагимиз пойдевори” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда асосан аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда турли йўналишларда илмий тадқиқотлар билан ҳам шуғулланаётган иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

– Мамлакатимизда поёнига етаётган “Баркамол авлод йили” талабаларимиз ҳаётида унутилмас воқеаларга бой бўлди,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган университет проректори Асқаржон Ниғматов.– Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган “Мамлакатимизни модернизация қилиш йўлини изчил давом эттириш – тараққиётимизнинг муҳим омилидир” мавзуидаги маърузасида, авваламбор, биз яшаётган XXI аср – интеллектуал бойлик, юксак билим ва салоҳият талаб этиладиган, айнан шу қадриятлар устувор аҳамият касб этадиган аср эканлиги алоҳида таъкидланди. Албатта, ҳозирги кунда тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб боришимизда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшларимиз ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Анжуманда хорижий филология факультети инглиз тили ва таржима назарияси кафедраси мудири доцент Дилбар Тўрабекова, Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Валижон Садиев ва бошқалар ҳар бир талабанинг ўз устида тинмай изланиши, пухта билим эгаллаши уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиши ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ЎзМУда ўқув жараёни ва илмий-тадқиқотлар учун зарур бўлган илмий салоҳият, замонавий моддий-техник база ва жаҳон миқёсида эътироф этилган илмий мактаблар мавжуд. Замонавий жиҳозлар, зарур адабиётлар, аудио ва видеоматериаллар билан таъминланган “Маънавият ва маърифат Маркази” университет талабаларининг севимли масканига айланган.

Анжуманда университет “Фаоллар мактаби” иштирокчиларининг турли мавзудаги маърузалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг илмий мақолалари тўплами “Баркамол авлод – буюк келажагимиз пойдевори” номи билан нашр этилди. Бундай анжуманлар талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

 

* * *

Ҳар йили 8 март – халқаро хотин-қизлар куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида кенг нишонланиши ўзига хос анъанага айланган. 2011 йил 3 март куни университет Маданият саройида “Сен азиз ва муқаддас аёл!” деб номланган анжуман ана шу қутлуғ байрамга бағишланди.

– Юртимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, аёлларимизни жамиятимизнинг энг фаол ва бунёдкор аъзосига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг самараси эса ҳар бир соҳада, айниқса, илмий-педагогик ишларида намоён бўлаётгани барчамизни қувонтиради,– деди университет ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедов.– Улар ўзларининг билимлари, профессионал малакаси ва маҳорати билан баркамол авлодни чинакам камолга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. “Бугун ҳеч кимга сир эмаски, биз яшаётган ХХI аср – интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср. Кимки, қайси жамият бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш унинг кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса, бундай жамият жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар,– деб таъкидлаган эди муҳтарам Юртбошимиз.– Биз ўз олдимизга ана шундай ўта мураккаб мақсадни қўяр эканмиз, бундай улуғ вазифани адо этиш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда аёлларимизнинг ўрни ва таъсири, буюк ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Яъни, эртанги кунимизнинг мустаҳкам ва ишончли пойдеворини бунёд этишда айнан аёл зоти ҳал қилувчи куч, чинакам таянчимиз ва суянчимиз бўлиб майдонга чиқишини барчамиз ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим”.

Айтиш жоизки, Миллий университетда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилардан 593 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 64 нафари профессор ва фан докторлари, 174 нафари доцент ва фан номзодлари, 186 нафари катта ўқитувчи ҳамда 169 нафари моҳир мураббийлардир. 11 нафар докторант, 140 нафар аспирант ва 86 нафар тадқиқотчи хотин-қизлар илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда. Бакалавр босқичида 3552 нафар, магистратура босқичида 786 нафар талаба-қизлар таҳсил олмоқда. Уларнинг 14 нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларидир.

Тадбирда Олмазор туман ҳокими муовини, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Расулова ва бошқалар университет олималари ва талаба-қизларни самимий муборакбод этдилар. Хушовоз хонандаларнинг бадиий чиқишлари байрамга ўзгача файз бағишлади.

 

* * *

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигини кенг тарғиб этиш бўйича тарғибот гуруҳи ташкил этилди. 2011 йил 19 февраль куни университет Маданият саройида мазкур гуруҳ аъзоларининг “Ўзбекистон Республикасининг асрларга тенг 20 йиллик тараққиёт йўли” мавзусида илмий-амалий семинар-тренинги бўлиб ўтди.

– Барчамиз учун энг буюк, энг азиз қадрият бўлмиш истиқлолимизнинг ҳар бир санаси янги тарихимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб қолмоқда,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедов.– Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бу йил барчамиз она юртимиз, Ўзбекистонимизнинг янги тарихидаги энг буюк ва қутлуғ саналардан бири – Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллик шонли байрамини кенг нишонлаймиз. Табиийки, бу биздан барча соҳа ва тармоқларда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимизни атрофлича таҳлил этиб, келгуси режаларимизни аниқ-равшан белгилаб олишни талаб этади. Дарҳақиқат, Мустақиллик байрами халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин, озод ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсолига айланади. Миллий университетимизда ташкил этилган тарғибот гуруҳи бу қутлуғ байрамга кўтаринки руҳ билан ҳозирлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар жараёнида ёш авлод қалбида она юрт тупроғини кўзга тўтиё қилиб яшаш, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини юксалтиришдек эзгу ғояларни кенг омма қалбига етказишда улкан вазифаларни амалга оширади, деб умид қиламиз.

Дарҳақиқат, ўтган йигирма йиллик мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистонимиз учун сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, суд-ҳуқуқ тизими, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожланиш ва юксалиш, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш даври бўлгани барчамизга бирдек ифтихор туйғусини бахш этади.

Семинар-тренинг иштирокчилари таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасининг асрларга тенг 20 йиллик тараққиёт йўли”, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларда инсон омили тамойили”, иқтисод фанлари номзоди, доцент Суннатилла Қурбоновнинг “Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида бозор иқтисодиётига ўтишдаги ўзига хос тажрибаси ва иқтисодий тараққиёт”, сиёсий фанлар доктори, профессор Алишер Мўминовнинг “Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги ижтимоий-сиёсий соҳасидаги ислҳотлари”, юридик фанлари доктори, профессор Бобоқул Тошевнинг “Мустақиллик – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг мустаҳкам гарови” мавзуидаги маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар.

Тарғибот гуруҳи аъзолари “Аҳоли, хусусан, ёшлар онги ва қалбига мустақиллик ғояларини сингдириш ҳамда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар йўналиши”, “Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар йўналиши”, “Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий соҳасидаги ислоҳотлар йўналиши”, “Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотлар йўналиши” бўйича гуруҳларга бўлиниб, амали машғулотлар ўтказдилар.

 

* * *

Баҳор гулли либосини кўз-кўз қилаётган дамларда “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида чинакам Наврўз таровати намоён этилмоқда. Маънавий қадриятларимиздан бири бўлган бу гўзал байрам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида янада кўтаринки руҳ билан нишонланмоқда.

– Фасллар келинчаги ҳисобланмиш баҳорни Наврўзсиз, Наврўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоир ёзганидек, баҳорни узукка қиёс айласак, Наврўз шаксиз унинг ёқут кўзидир,– деди университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедов талабалар турар-жойлари хиёбонида ташкил этилган анжуманда барчани табриклаб.– Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади. Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.

Айтиш жоизки, ЎзМУнинг мавжуд 13 та факультети, Олий педагогика институти, Амалий физика илмий текшириш институти, 3 та академик лицейи мураббийлари ҳамда талабалари байрамга қизғин ҳозирлик кўрдилар. Талабалар турар-жойларида навбати билан дошқозонларда сумалаклар тайёрланди. “Сумалак сайли” талабаларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Талабалар турар-жойлари ҳовлиларида дилрабо куй ва қўшиқларга рақсга тушаётган бахтиёр йигит-қизларнинг қувончга тўла чеҳраларидан нур таралади.

Мураббийлар ва талабалар ўртасида спортнинг армрейслинг, кураш, волейбол, арқон тортиш, шахмат-шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Баҳорий таомлар билан безатилган байрам дастурхонлари кўзни қувонтиради.

Маълумки, ўзбекона урф-одатларимиз, удумларимиз нақадар бой ва ранг-барангдир. Уларнинг турфа қирраларини турли вилоятларда кузатиш мумкин. Ҳар бир факультет жамоаси биттадан вилоят ва қорақалпоқ элининг ана шу ўзига хос удумларини бадиий чиқишларида намойиш этишлари барчага завқ улашади. “Ассалом, Наврўз!”, “Аёл борки, олам мунаввар” мавзусида чиқарилган деворий газеталар, “Гул сайли”, “Намунали боғ” каби кўрик-танловлари кўпчилик эътиборини ўзига жалб этади.

Байрам сайллари олдидан факультетлар боғларини тозалаш, манзарали дарахтлар ва турфа гуллар кўчатлари экиш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Байрам барчага бирдек қувонч бахш этади. Шу муносабат билан университетда узоқ вақт фаолият кўрсатган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари улашилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар ва талабалар моддий рағбатлантирилди.

Байрам тантаналари ниҳоясида кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари ғолиблари қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Байрам дастурини ташкил этишда энг фаоллик кўрсатган мураббийлар ва талабалардан 60 нафари Самарқандга саёҳатга юборилди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

МУНДАРИЖА

 

“Ахборот соатлари” сабоқлари . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 3

Мустақиллик дарси . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  5

Университет тарихига бир назар . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  10

Интеллектуал салоҳият ортмоқда . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 11

Намунавий таълим истиқболлари   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 15

Халқаро алоқалар самараси   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 16

Университетнинг 90 йиллиги . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 18

Унутилмас кунлар шукуҳи . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 21

“Миллий университет” мақоми . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 22

“Баркамол авлод йили”нинг асосий

моҳияти – етук мутахасcис ёшларни тарбиялаш . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 23

Давлат дастурлари амалда . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 24

Маънавият ва маърифат  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 26

Йиллар ва шарафли йўллар   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 31

Ёшлар маънавияти ва журналист масъулияти . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 35

“Кўзгу”да акс этар ЎзМУ   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 37

 

 

 

 

Тўлқин ЭШБЕК

 

АХБОРОТ САБОҚЛАРИ

(“Ахборот соатлари” учун услубий қўлланма)

 

Нашр учун масъуллар:

Қодиржон Абдураҳимов

Шавкат Мавлонов

Валижон Садиев

Миркомил Атавуллаев

Аббосбек Исроилов

Жамшид Юсубов

 

Мусаҳҳиҳ:

Жаҳонгир Маллабоев

Техник муҳаррир ва саҳифаловчи:

Эркин Усмонов

 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази “Ёшларнинг инновацион лойиҳалари ва янги ғояларини жорий этиш” гуруҳи ҳамда ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан нашрга тайёрланди. Журналистика факультети компьютер марказида саҳифаланди. Ҳажми 5,1 босма табоқ.

Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрири) 21-моддасига асосан хизматда фойдаланиш учун тайёрланган ушбу тўпламни кўпайтириш ёки ундаги маълумотлардан фойдаланиш ЎзМУ Ахборот хизматининг рухсати билангина амалга оширилиши мумкин. Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси, ЎзМУ бош биноси, 6-қават.

You may also like...

4 Responses

  1. OLTINOY MADAMINOVA:

    AXBOROT SOATLARI BN TANISHIB TURGANIMDAN HURSANDMAN

  2. Axborot soatlari orqali berilgan ma’lumotlar talabalar uchun kerakli,foydali ma’lumotlarga ega.Bu kabi ma’lumotlarni to’playotganlarga ming rahmat.

  3. Ойбекнинг тарихий асарларига тенг келадиган маълумотларни кўргандек бўлдим. Энди Ойбек, Пиримқул Қодировдек улуғ адиблар чиқишини ва шундай тарихий маълумотлар асосида ўлмас романлар ёзилишини кутиб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>