“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 06-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (2-7 октябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 06-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (2-7 октябрь кунлари)

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.edu.uz, www.fikr.uz, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ 7 ОКТЯБРЬ КУНИ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ ВЛАДИМИР ПУТИН БИЛАН ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ МУЛОҚОТ ҚИЛДИ.

Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Россия Федерацияси Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, Россия раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни ва улкан шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Жорий йил апрель ойида Россияга амалга оширилган самарали давлат ташрифи ва бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаб, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро алоқаларнинг сезилари жадаллашгани кузатилмоқда: кейинги ойларда Россия ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси И.Шувалов, Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев, қишлоқ хўжалиги вазири А.Ткачев, саноат ва савдо вазири Д.Мантуров, Татаристон раҳбари Р.Миннихонов ва бошқалар ташриф билан Ўзбекистонда бўлдилар. Олий ва юқори даражадаги яна қатор ташрифларни амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда – йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди. Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фаоллашди. Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда. Яқинда Москва ва Бутун рус Патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Мулоқот сўнгида давлатимиз раҳбари Россия Президентини яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар, дўст Россия халқига тинчлик ва фаровонлик тилади. Россия раҳбари Ўзбекистон Президенти ва халқига самимий табрик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини алоҳида таъкидлади.

 

ДЎСТЛИК, АҲИЛ ҚЎШНИЧИЛИК ВА ИШОНЧНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 2017 йил 5-6 октябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 5 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1996 йил 24 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5-6 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда тарихий воқеа бўлди. Унда савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, маданият соҳаларида ва чегаралар масаласида имзоланган ҳужжатлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтарди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга келгани мазкур тарихий ташрифнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланди.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ва қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз муштарак. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда ва бу улкан самаралар бераётир. Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир. Мамлакатларимиз бутун минтақада тинчлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишидан манфаатдор. Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Марказий Осиё сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона ва комплекс фойдаланиш бўйича икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар мазкур соҳада ўзаро мақбул, узоқ муддатли, барқарор механизмларни ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказади. Музокараларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар яқинда Ўшда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада иштирок этди. Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида «Ўзэкспомарказ»да саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилди.

Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форумда қарийб 200 миллион долларлик шартномалар имзоланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи мавжуд иқтисодий имкониятларга мос эмаслиги, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш зарурлиги қайд этилди. Саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш вақти келгани таъкидланди. Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар ва маиший ускуналарни биргаликда йиғиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариб, учинчи давлатларга экспорт қилишга келишиб олинди. Ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар янада ривожлантирилади.

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форумда истиқболли келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро савдонинг барқарор ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, яқин йилларда савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтиришга келишиб олди. Бунинг учун саноат кооперациясини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар, маиший ускуналар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш юзасидан ишлар давом эттирилади. Икки мамлакат ишбилармон доиралари делегацияларининг ўзаро ташрифлари ташкил қилинади, қўшма бизнес-форумлар ўтказилади. Икки мамлакат вакилларининг Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишлари қўллаб-қувватланади. Муҳокамаларда транспорт коммуникациялари соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки мамлакатнинг иқтисодий ва транзит имкониятларини ошириши, янги транспорт йўлаклари очиш томонларга бирдек манфаат, қўшимча даромад келтириши таъкидланди. «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли ва «Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» автомобиль йўли қатнови бу борада улкан аҳамият касб этади. Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кенг. Шу мақсадда таълим, фан ва техника соҳасида ҳамкорлик, таълим ва илмий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ривожлантирилмоқда. Бу илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассис ва талабалар алмашинуви, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, малака ва илмий даражалар масалалари бўйича ахборот алмашиш учун қулайлик яратади. Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам халқларимизнинг бой тарихий мероси, тили, маданияти, қадриятлари асраб-авайланмоқда. Маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари ва уюшмалари ўртасида алоқалар қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги вақтларда бўлиб ўтган театр жамоаларининг ижодий сафарлари, адабиёт, санъат ва фан арбоблари ижодига ва фаолиятига бағишланган тадбирлар шундан далолат беради. Шу кунларда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари зўр муваффақият билан ўтказилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан давлат чегаралари бўйича тарихий келишувларга эришилгани, чегарадош ҳудудлараро борди-келди осонлаштирилгани маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлади. Бу истиқболда туризм соҳаси ривожи учун ҳам кенг имкониятлар очади. Ўзбекистонда қирғиз тилида ўқитиладиган, Қирғизистонда дарслар ўзбек тилида ўтиладиган мактаблар фаолият юритмоқда. Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида замонавий мактаб бунёд этилмоқда. Олий даражадаги музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар. Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳудудлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликка доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Қамбарота ва Косонсой сув омбори бўйича келишиб олди.

Ўзбекистон-Қирғизистон музокаралари доирасида қуйидаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

  1. Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ҳаво транспорти қатновига хизмат кўрсатиш учун жавобгарликни топшириш тўғрисида Битим.
  3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1996-йил 4-сентябрда имзоланган халқаро автомобил қатнови тўғрисидаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома.
  4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида Орто-токой (Косонсой) сув омборининг сув ресурсларидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисидаги Битим.
  5. Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Қирғизистон Республикаси «Миллий энергетика холдинг компанияси» ОАЖ ўртасида Қамбарота-1 ГЭСини қуриш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум.
  6. 2017-2018 йилларда Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида Шартнома.

Шунингдек, давлат ташрифининг иккинчи куни ўзаро манфаатдорлик асосида яна бир қатор ҳужжатлар тайёрланди ва қабул қилинди.

 

ҲАР БИР ОИЛАНИ ЭЛЕКТР, ГАЗ ВА СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

2 октябрь куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш, кўп қаватли уй-жой фондини сақлаш, оқова хизматлари кўрсатиш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Бу жабҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумида иссиқ бўлишини таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, зарур кўрсатмалар берилди. Бу борадаги ишларни маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш, одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.

 

ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЮКСАК НАТИЖАЛАР БЕРМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган. Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантирилиб борилади.

Кейинги бир йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг етмишга якин қарор, фармон ва фармойишлари қабул қилинди. Бу том маънода таълим тизимидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёнини бошлаб берди.  Ўрта махсус таълим тизимига жорий йилда биринчи марта 10-синфларга ўқувчилар қабул қилиш йўлга қўйилди. Бу академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул жараёни билан баробор олиб борилди. Бунда асосан ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олинди.

Президентимиз соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикларнини инобатга олиш, улар билан «очиқ эшиклар» кунлари каби тадбирлар ташкил қилиб, учрашувлар ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлади. 2016/2017 ўқув йилида 466 мингдан ортиқ ўқувчилар умумтаълим мактабларини тамомлаган бўлиб, шундан 170 мингдан зиёди касб-ҳунар коллежларига ўқишга кирган. 288 минг, яъни олтмиш фоизидан ортиғи 10 синфларда ўқишларини давом этирмоқда.

Йиғилишда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинар экан, ёшларнинг касб-ҳунар эгалаши, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда ёшларнинг улуғ аждодларимиз меросини ўрганиши, уларга мос етук кадрлар бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши ҳам айнан ана шу вазифани амалга оширишдаги илк қадам бўлди. Мазкур мактабнинг ташкил этилиши кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, соҳада етук ҳамда замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга замин яратади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. Мактаблар олдига қўйилаётган талаблардан бири – юқори малакали, соҳасининг билимдони бўлган ўқитувчи-педагоглар базасини шакллантириш билан биргаликда, мактабда чет тилини хам ўқитишдир. Бу каби ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилаётгани ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8-9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар эшигини очади. Эндиликда умумтаълим мактаблари битирувчиларини эликка яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга корхона ва ташкилотларга бириктирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Бу кадрлар тайёрлашда мазкур муассасаларнинг улушини ошириш ва кафолатланган иш ўринларини яратиш имконини беради. Президентимиз соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди.

Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, бунда ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди.
Йиғилишда ёшларда олий ўқув юртларига ўқишга бўлган талабнинг ошиб бораётганини, бунда муҳим бўлган тест синовлари тизимининг эса эскиргани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари мутассади раҳбарларга таълим тизимини такомилаштириш, ўқув адабиётлари билан сифатли таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласида тегишли топшириқлар берди.

 

БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШИ МАХСУС МАЪРУЗАЧИСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

2017 йилнинг 2 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни қабул қилди. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида батафсил сўз юритилди. Учрашувда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачисининг мандатига кирадиган мавзулар бўйича ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирда долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган диний соҳадаги халқаро ташаббуслари тўғрисида Аҳмад Шаҳидга батафсил маълумот берилди. Суҳбатда ўзаро тушуниш тамойилларига асосланган конструктив мулоқотни давом эттиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

 

ТОШКЕНТДА ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИЛАДИ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 октябрь куни Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТTБ)нинг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва ЕТTБ ўртасидаги ҳамкорлик кун тартиби шаклланишини ниҳоясига етказиш истиқболлари ҳамда банкнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. ЕТTБнинг Ўзбекистон бўйича 5 йиллик Стратегияси лойиҳаси устидаги ишнинг бориши, шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми ва «Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва татбиқ этилмаган имкониятлар» конференциясида банкнинг иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди.

 

“ВОДИЛ” ЧЕГАРА ПОСТИДА ҚЎШНИ ДАВЛАТГА БОРИБ-КЕЛИШДАГИ ТЎСИҚЛАР, ОРТИҚЧА РАСМИЯТЧИЛИКЛАР

ОЛИБ ТАШЛАНДИ

Дўстлик ва қардошлик туйғулари дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Водил” чегара постида Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти вакилларининг учрашувида бу яққол ўз ифодасини топди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки қардош халқнинг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда янада кенг имкониятлар яратди. Барча соҳаларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш борасидаги ишлар халқимизни беҳад қувонтирмоқда. Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сўх ҳамда Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун қўшни давлатга борди-келди қилиш бирмунча оғриқли масалага айланиб қолган эди. Президентимизнинг ушбу ташрифи чоғида азалдан ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичган, қуда-анда бўлиб кетган, қадрият ва анъаналари, ҳатто орзу-мақсадлари муштарак икки халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга эришилгани ўзбек-қирғиз халқлари дўстлиги, жипслиги ва ҳамжиҳатлиги йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Икки қардош халқ вакилларининг мазкур учрашуви ҳам катта шодиёнага айланиб кетди. Унда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

 

2018–2021 ЙИЛЛАРДА ҚУРИЛАДИГАН “ЁШЛАР” УЙЛАРИ РЕЖАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрда 753-сонли «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарорда қайд этилганидек, дастурлар доирасида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари беришнинг қуйидаги шартлари белгиланган:

— шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал квартира қийматининг 25 фоизини ташкил этади;

— қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал қуйидаги миқдорни ташкил этади:

икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун — 15 фоиз;

икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун — 25 фоиз.

 

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АЖ: ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Ҳозирги кунда мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги қарийб 7 минг километрни ташкил этади. Истиқлолга эришганимиздан буён 4 минг километрга яқин темир йўл қайта реабилитация қилинди, 2 минг 100 километрга яқин янги пўлат излар ётқизилди, 2 минг 500 километр темир йўл тўлиқ электрлаштирилди. Темир йўл вокзалларини замонавий талаблар асосида қайта қуриш, йўловчиларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда мамлакатимизда 10 га яқин янги темир йўл вокзали замон талаблари даражасида қуриб фойдаланишга топширилди. 20 дан зиёд вокзал жаҳон стандартларига мос равишда капитал таъмирланди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини пойтахт ва бошқа вилоятлар билан боғлайдиган ва узунлиги 341,6 километр бўлган «Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус» янги темир йўл линияси, лойиҳа доирасида Амударё узра темир йўл ва автомобиль қўшма кўприги, «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» янги темир йўл линиялари қуриб фойдаланишга топширилгани шулар жумласидандир. Орттирилган катта тажриба ва янги технологиялар боис темирйўлчилар томонидан Афғонистонда ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, «Ҳайратон – Мозори Шариф» йўналишида 106 километр пўлат излар ётқизилди. 2010 йилда умумий узунлиги 344 километр бўлган «Тошкент – Самарқанд» линиясида кенг кўламли модернизация ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада 2011 йилдан бошлаб мазкур йўналишда «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезд мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларга халқаро талаб даражасида хизмат кўрсатишни бошлади. Тармоқда амалга оширилган электрлаштириш ишлари натижасида 2015 йил Тошкентдан Қаршига, 2016 йилда эса Тошкентдан Бухорогача ана шундай замонавий поездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда Урганчдан Хива шаҳригача бўлган масофада пўлат излар ётқизиш, электрлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ниҳоясига етгач, ушбу йўналишда ҳам замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар йўлга қўйилади ва қадимий ўлкага ташриф буюрувчи сайёҳлар учун халқаро талаб даражасида шароитлар яратилади. Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти билан боғлайдиган умумий узунлиги 123,2 километрлик Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва узунлиги 19,2 километрга тенг «Қамчиқ» туннели бунёд этилгани йирик лойиҳалардан бири бўлди. Локомотивлар паркини янгилаш борасида ҳам юксак натижаларга эришилмоқда. Ҳозиргача 50 га яқин замонавий электровоз харид қилинди. Бу эса юк ва йўловчи ташиш ҳажмини янада оширишга имкон яратди. Йўловчи поездлар таркиби тармоқдаги «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган сўнгги русумдаги вагонлар билан тўлдириб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Қўқон – Андижон ҳамда Бекобод – Тошкент йўналишларида ана шундай вагонлардан иборат замонавий электричкаларнинг доимий ҳаракати бошлангани бунга мисол. Узунлиги 355 километрни ташкил этувчи Бухоро-Мискин янги темир йўлининг муддатидан илгари қуриб фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, яқинда Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездларига техник хизмат кўрсатувчи замонавий сервис маркази ҳамда унинг ёнида 300 метрли муҳташам йўл ўтказгич ишга туширилди. Айни кунларда тармоқда бунёдкорлик-қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Турли мураккабликдаги йўллар, кўприклар, эстакадалар бунёд этилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели туманини шаҳар маркази билан боғлайдиган олти бекатли, узунлиги 7 километрдан зиёд ер усти, Юнусобод туманида 3 бекатдан иборат ер ости метрополитенини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

 

ПАХТА ТЕРИШ МАШИНАЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

Жаҳон банки молиявий кўмагида Қорақалпоғистон Республикасига 195 та пахта териш машинаси етказиб берилган. Осиё тараққиёт банки кўмагида 2000 мингдан ортиқ пахта териш машинасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда пахта етиштириш бўйича илғор технологияли замонавий кластерлар ташкил этилади. 2017 йилда қарийб 100 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги агрегат заводи, Урганчдаги заводни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил мана 550 та пахта териш машинаси ишлаб чиқилиб, унинг 500 таси Туркманистонга экспорт қилинди. Келаси йилдан 3000 та пахта териш машинаси ишлаб чиқариш учун ҳаракатлар бугундан бошланди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ҲАМКОРЛИГИДАГИ ЎҚУВ МАШҚЛАРИ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бўлиб ўтди. Ўқув машқлари давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари қўйилган мақсадга эришди, белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажарди. Олинган разведка маълумотларига кўра, режалаштирилган ҳаракатлар давомида шартли душманнинг моддий таъминот базалари, техника воситалари ва тирик кучлари батамом яксон қилиниб, гаровга олинганлар озод қилинди. Ўқув машқларида ноқонуний қуролланган кучлар жойлашган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, уларнинг моддий таъминот, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларига шикаст етказиш ва йўқ қилиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда шартли бузғунчи кучларни батамом яксон қилиш бўйича тегишли усуллари ишлаб чиқилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширди.

 

БУТУН РОССИЯ ПАТРИАРХИ: «АМЕРИКА, ЕВРОПА СИЁСАТЧИЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЧАҚИРИНГ, ҲЕЧ ҚАЕРДА БУНДАЙ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ЙЎҚ!»

Бутун Россия ва Москва патриархи Кирилл Ўзбекистонга ташрифидан жуда катта таассурот олди. Рус православ черкови Тошкент епархияси митрополити Викентий 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган «Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари. Бағрикенг Ислом: тинчлик ва эзгулик дини» мавзусидаги сессиясида сўзга чиқар экан, шу ҳақида маълум қилди. Митрополит Викентий патриарх Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, патриарх Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, кўплаб муқаддас даргоҳлар ва обидалар билан танишган. У ислом дини меҳр-муҳаббатни тарғиб қилишини таъкидлади. Оддий халқ орасида бўлган патриарх ўзбек халқининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилгани, бу эса бағрикенглик жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Патриарх Кирилл Ўзбекистондаги черков, ибодатхоналар ва турли биноларни кўриб, Ўзбекистонда дин ва эътиқодга бўлган ҳурматга тан берди. «Америка, Европа сиёсатчиларини Ўзбекистонга чақиринг, келиб кўришсин. Бундай бағрикенглик ҳеч қаерда йўқ! Мен бу ерда кўрганларимни ҳамма ерда ва ҳар доим айтаман. Бу ерда одамларнинг самимий меҳр-муҳаббати ва ҳурматини ҳис қилдим», — деди патриарх. Метрополит Викентийнинг таъкидлашича, патриарх Кирилл оддий халқ орасида бўлган, улар билан танишган ва Ўзбекистондаги мавжуд улуғ қадриятларни сақлаб қолишга чақирган. У барча динлар тинчлик ва тотувликка чорлишини таъкидлаган. Шу ўринда патриарх Кирилл Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Биз нохуш асоратлар билан курашишимиз эмас, уларнинг олдини олишимиз керак» деган гапларига алоҳида эътибор қаратган. «Патриарх Кирилл кетиш олдидан шундай ажойиб бир гап айтди: Ўзбекистондан Россияга кетган одамлар у ернинг энг яхши одамлари бўлади, чунки улар тарбияли одамлардир», — дейди митрополит Викентий.

 

ПОЙТАХТИМИЗДА ДЗЮДО БЎЙИЧА ГРАН-ПРИ ТУРКУМИГА КИРУВЧИ ХАЛҚАРО ТУРНИР БОШЛАНДИ

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF), Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли турнирда дунёнинг 30 га яқин давлатидан 180 дан ортиқ спортчи совринли ўринлар учун курашмоқда.

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида 6 октябрь куни нуфузли мусобақанинг очилиш маросими бўлди.

Байрамона безатилган спорт мажмуаси меҳмонлар, спортчи ва мураббийлар, мухлислар билан гавжум. Майдонга халқаро турнир иштирокчи мамлакатлар терма жамоалари кириб келади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом этиб тарбиялаш, спортни ривожлантириш, бу жараёнда Олимпия спорт турларини янада оммалаштириш, жаҳон майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодли спортчиларни тайёрлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид, 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниши соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Ўзбекистонда ҳар қандай йирик спорт анжумани юксак савияда ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилади, – дейди Халқаро дзюдо федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси, Таълим ва мураббийлик бўйича директори Муҳаммад Мериджа. – Мана бир неча йилдирки, пойтахтингиз дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи нуфузли турнирга мезбонлик қилади. Бу мамлакатингизнинг улкан спорт салоҳиятига эга эканидан, спорт тараққиёти учун бор куч ва имкониятларини ишга солишидан далолатдир.

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МАТЕМАТИКА ВА ФИЗИКАНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ИЛМИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Исроилнинг Холон технология институти билан биргаликда «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда юртимиз олимлари, ёш тадқиқотчилари ва талабалари билан бирга, Исроил, Россия, Қозоғистон, Мексика, Япония каби давлатлардан ҳам математика-физика профессорлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира ва бошқалар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг билим олишга иштиёқини оширишда илм-фан, маданий-маърифий жабҳалардаги алоқалар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий университети жаҳоннинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундай маърифий алоқалар таълим сифатининг юксалиши, ёш олимлар тадқиқотлари самарадорлигининг янада ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Исроилнинг Холон технология институти ана шундай ҳамкор илмий муассасалардан. Мазкур даргоҳда аниқ фанлар, математика, илғор технологиялар ва нанотехнологиялар каби илм-фаннинг энг долзарб ва замонавий йўналишлари бўйича изланишлар олиб борилади. Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистонда таҳсил олган бир қатор мутахассислар мазкур институтда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

– Математика барча фанларнинг асоси,– дейди Холон технология институти раҳбари Эдуард Якубов.– Бу йўналишда олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланиши ёшларнинг келгуси тадқиқотлари учун пухта замин яратади. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшларга қаратган эътибори, жаҳолатни маърифат билан енгиш юзасидан билдирган фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу конференция ҳам олимлар ҳамкорлиги орқали ёшларнинг илмий изланишларида янги уфқлар очиши шубҳасиз. Ибн Сино, Хоразмий, Форобий каби буюк алломаларни етиштирган бу халқнинг илмий салоҳияти, маданияти, самимияти, бағрикенглиги таҳсинга лойиқ.

– Математика бугунги кунда илм-фаннинг турли жабҳалари, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, барча-барча жабҳаларда фаол қўлланилмоқда,– дейди Европа Иттифоқи математиклар жамиятининг вице-президенти Армен Сергеев.– Ҳамкорликдаги бундай конференциялар янги-янги изланишларга имкон яратади.

Конференция давомида комплекс таҳлил ва функционал назария, алгебра, амалий математика, ҳисоб геометрияси, математик моделлаштириш, оптика, умумий физика, рақамли тиббиёт фани, биотехнологик физика ва бошқа қўплаб йўналишлар бўйича илмий муҳокамалар ўтказилди. Ўзбекистон ва Исроил олимлари алоқаларини ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг долзарб масалалари, ёш олимлар тадқиқотларининг натижалари атрофлича таҳлил этилди. Академик, талабалар алмашинувининг янги истиқболлари белгилаб олинди.

ҲОКИМ ТАШАККУРНОМА ЙЎЛЛАДИ

 Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими А.Тўхтаев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчиларидан бир гуруҳига “Ташаккурнома” йўллади.

Унда қайд этилишича: “Туманнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига қўшаётган ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштироки учун туман ҳокимлиги томонидан ТАШАККУРНОМА билан тақдирланади”.

“ТАШАККУРНОМА”ларни ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев топширди.

– Камтарона меҳнатимизга шу қадар эътибор қаратилиши бизни янада илҳомлантирди,– дейди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Шу муносабат билан университетимиз касаба уюшмаси томонидан Қибрай ва Зомин курорт-санаторияларига имтиёзли йўлланмалар берилиши янада маънавий куч бағишлади! Биз, ҳамкасбларимиз Тўлқин Эшбек, Дилфуза Ҳабибуллаева ва бошқа фидойи профессор-ўқитувчилар дарсдан бўш пайтларимизда туманимиз ҳудудида жойлашган маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда янада фаолроқ иштирок этаверамиз. Бугунги глобаллашган замонда халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларни жўш урдириш асл мақсадларимиздан биридир.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>