“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 3-18

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (17-22 сентябрь кунлари)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 3-18

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (17-22 сентябрь кунлари)

 ТОШКЕНТ – 2018

 

ОТМ Ёшлар билан ишлаш бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ АҚШНИНГ ХАЛҚАРО ДИНИЙ ЭРКИНЛИК СОҲАСИДА АЛОҲИДА ТОПШИРИҚЛАР БЎЙИЧА ЭЛЧИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэкни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Жорий йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган ва Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигида янги даврни бошлаб берган олий даражадаги музокаралар натижалари юксак баҳоланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди. Президентимиз қайд этганидек, Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланган.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришга оид аниқ чоралар кўрилди.

Бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, билимга чанқоқлик каби халқимиз маънавий-ахлоқий ҳаётининг ажралмас жиҳатларини янада юксалтириш ва тарғиб этиш, диний-маданий меросни асраб-авайлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ислом динининг ҳақиқий инсонпарвар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг барча учун таълим олиш имкониятини таъминлаш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, виждон, дин эркинлиги ва эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Самуэль Браунбэк самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни қадрлашини ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Мамлакатимиз диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, жумладан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди.

 

АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИШЛАРИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни ахборот технологиялари ва коммуникациялари тизимидаги ишларни таҳлил қилиш, соҳани жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди.

– Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожи барча соҳаларнинг жадал тараққиётига хизмат қилади, одамларга қулайлик яратади,– деди Шавкат Мирзиёев.– Йил бошида ушбу муҳим соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган кўплаб вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмади. Тармоққа инвестиция жалб этиш, хизматлар ва тайёр дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш аҳволи бизни умуман қониқтирмайди.

Шунинг учун вазирликнинг раҳбариятини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Янги вазир ва унинг ўринбосарлари бундан тегишли хулоса қилиб, ўз ишларини мутлақо бошқача тарзда ташкил этишлари лозим. Мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, жалб этилаётган инвестициялар ва экспорт ҳажмини кескин кўпайтириш, энг муҳими, қисқа даврда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш керак,– деди Президент.

Мажлисда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Президент ҳузуридаги йиғилишларда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш қандай бораётгани таҳлил қилинди. Соҳани жадал ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш, тўғридан-тўғри сармоялар иштирокидаги лойиҳалар ҳиссасини ошириш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилда камида 200 миллион доллар, 2019 йилда эса инвестициялар, айниқса, тўғридан-тўғри сармоялар ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

“Ўзбектелеком” компаниясининг нуфузини ошириш, “Ўзмобайл” миллий мобиль алоқа операторини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳада хизматларни экспорт қилиш етарли эмаслиги, бу кўрсаткични кескин ошириш, энг аввало, дастурий таъминот яратиш ва экспортни кўпайтириш кераклиги таъкидланди.

Телефон ва интернет фойдаланувчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифати пастлиги, мавжуд алоқа тармоқларининг атиги 27 фоизи оптик толали, қолгани мис симли линиялардан иборат экани танқид қилинди. Интернет тармоғига уланиш тезлигини ошириш, алоқа тармоқларини тўлиқ оптик толага алмаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Электрон ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш, интерактив давлат хизматлари кўрсатишни кескин яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Почта алоқаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

 

ШАРҚНИНГ БЕБАҲО ХАЗИНАСИ НАМОЙИШИ

Нодир китоблар, бетакрор манбалар инсониятнинг энг бебаҳо бойлиги саналади. Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида очилган “Шарқ китобот санъати дурдоналари” номли кўргазмада ана шундай бебаҳо бойликдан баҳра олиш имконияти яратилган.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходимлари жорий йилнинг апрель ойида Туркияда бўлиб, музейлардаги кўплаб қўлёзма манбаларини ўргандилар.

Мазкур кўргазмада Истанбул шаҳри Тўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи фондларида сақланаётган китобот санъатининг ноёб намуналарининг факсимиле нусхалари мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг бир қисми соҳа мутахассисларининг кичик доирасигагина маълум бўлиб, ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига илк марта ҳавола этилмоқда.

Тўпқопи саройи музейи кутубхонасида нодир ва ноёб ҳисобланган Шарқ қўлёзмалари сақланади, уларнинг аксарияти китобот ва миниатюра санъатининг нафис ва бетакрор намуналари билан безатилган ҳамда дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган. Турк ва Ислом санъати музейи дунёдаги энг йирик ислом ва турк санъати асарларини жамлаган музейлардан бири ҳисобланиб, унда музейнинг ифтихори бўлмиш Қуръони Каримнинг дурдона қўлёзмалари ҳамда ҳаттотлик ва миниатюраларнинг ноёб нодир намуналари сақланади.

Кўргазмада ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Алишер Навоий портрети, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, Низомий “Хамса”си, Жомий асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб миниатюралар ишлаган Девон, Ҳофиз Абру куллиёти, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган китобот санъатининг ноёб дурдоналари миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилаяпти.

 

2-МУТАХАССИСЛИК БЎЙИЧА ЎҚИЁТГАНЛАРГА ЎҚИШНИ СИРТҚИ ТАЪЛИМ ШАКЛИГА ЎТКАЗИШГА РУХСАТ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йилда 17 сентябрдаги 9-сонли баёнига мувофиқ олий таълим муассасалари ҳамда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари инобатга олинган ҳолда иккинчи олий таълим бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида 3- ва 4- курсларда таълим олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига кўра сиртқи таълим шаклига ўтказишга рухсат берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, бунда филология ва тилларни ўқитиш (хорижий тиллар бўйича, шу жумладан, рус тили), Хорижий тил ва адабиёти (тиллар ўйича), Она тили ва адабиёти (рус тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти ўзга тилли гуруҳларда) таълим йўналишлари, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасалари истисно эканлиги, олий таълим муассасаси бўйича ҳар бир таълим йўналиши кесимида (таълим тили) ариза топширганлар сони 7 нафардан кам бўлган ҳолда талабалар сиртқи таълим шаклига ўтказиш, акс ҳолда рад этиш белгиланди.

Кундузги таълим шаклидан сиртқи таълим шаклига ўтказилган талабалар учун тўлов-контракт миқдори 2018/2019 ўқув йилида 2-мутахассисликка қабул қилинган талабалар учун бир хил этиб белгиланади.

 

“ЎЗБЕКИСТОН-АФҒОНИСТОН“ ДЎСТЛИК ЖАМИЯТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида янги давр” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий, “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти раиси, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Афғонистонда 40 йилдан ортиқ вақтдан бери нотинч вазият ҳукм сурмоқда. Мамлакатимиз дунё эътиборини ушбу жараёнга қаратиб, қўшни диёрда тинчликка эришиш орқали минтақада барқарор тараққиётга эришиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, ташкил қилинган “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш имконини беради.

 

МУДОФАА ДОКТРИНАСИ – ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР СОҲАСИДА ЯНГИ РИВОЖЛАНИШ ДАВРИНИ БОШЛАБ БЕРДИ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши томонидан ўтказилаётган йиғилишда Президентнинг 2017 йил 23 августдаги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари таркибида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилиб, ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига мувофиқ ҳарбий-маъмурий секторларга асос солинди. Мазкур муҳим янгилик мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳарбий-маъмурий секторлар “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш бўйича ишларни янги босқичда давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонунида мамлакатимизнинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб берилган.

Тадбирда ватанпарварлик мавзусини ёритишда телерадиоканалларда эфирга узатилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар танқидий кўриб чиқилди. Уларнинг сонини ва савиясини ошириш бўйича мутахассислар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

ЎЗБЕКИСТОН-ГЕРМАНИЯ ҲАМКОРЛИГИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Пойтахтимизда “Ўзбекистон-Германия: Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда ҳамкорлик” мавзусида доира суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро тадбирда Ўзбекистон – Германия муносабатлари, Германиянинг Марказий Осиё давлатлари билан илғор соҳаларда ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

«NETTV» ТЕЛЕКАНАЛИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ РИВОЖИГА ҲИССА ҚЎШМОҚДА

Индонезиянинг «NetTV» телеканали тасвирчиси Реза Ривалди Ўзбекистоннинг зиёрат туризми ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликни ҳамюртлари эътиборига ҳавола этди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу индонезияликлар ўртасида Ўзбекистонга келиш ҳавасини уйғотмоқда.

Хабарда айтилишича, «NetTV» телеканали ижодкорлари жорий йил март ойида ҳам Ўзбекистон ҳақида иккита кўрсатув тайёрлаган. Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти узатилган дастлабки кўрсатувни 22 май куни 180 мингдан ортиқ индонезиялик томоша қилган. Бундан ташқари, бу кўрсатувни «YouTube» орқали 1,7 миллион фойдаланувчи кўрган.

Тошкент ҳақида иккинчи кўрсатувда Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Мўйи Муборак музейи, Чорсу бозори, Амир Темур хиёбони ва Тошкент метрополитени ҳақида лавҳалар тайёрланган.

 

АҚШ СЕНАТИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЯНГИ ЭЛЧИНИ ТАСДИҚЛАДИ

Даниэл Розенблюм АҚШ Сенати томонидан 18 сентябрь куни Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги янги элчиси сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда АҚШ Сенати расмий сайти хабар бермоқда.

Сенатнинг баёнотида Даниэл Розенблюмнинг аввалги фаолияти қайд этилган. Улардан энг муҳимлари — Афғонистондаги тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалиёт, минтақавий хавфсизликни ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашишда фаол иштирок этиш, Ўзбекистонда ислоҳотларни тезлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлардир. Шунингдек, Розенблюм Қўшма Штатларнинг хусусий секторини жалб этиш ва инвестициялар учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишда ҳам фаол иштирок этган, дейилади ҳужжатда.

2014 йилдан бошлаб Даниэл Розенблюм АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича масъул котиби вазифасида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳозирги элчиси Памела Спратлен дипломатик фаолиятини 2015 йилда бошлаган.

 

МАТБУОТ ВА АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ ҲУЗУРИДА ХУРШИД ДЎСТМУҲАММАД РАИСЛИГИДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ТУЗИЛДИ

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида таниқли журналист, ношир ва матбаачилардан иборат Жамоатчилик кенгаши тузилди. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси матбуот ва ахборот соҳаларига доир қонунчилик ижросини таъминлашда иштирок этиш, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.

Енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар нашр этилиши тўхтамаётгани, республиканинг чекка ҳудудларида китоб дўконлари ва кутубхоналар мавжуд эмаслиги, борларида ҳам китоблар етишмаслиги бугунги куннинг долзарб масалаларидандир. Қонун талабларини бузаётган “тадбиркор”ларга танбеҳ бериш, уларни тартибга чақириш, соҳа фаолияти билан боғлиқ оғриқли нуқталарни ўрганиш, керакли тавсияларни ишлаб чиқишни 14 нафар журналистика, филология, ноширлик, матбаачилик ва кутубхоначилик соҳасининг устунларидан иборат таркибдаги Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига олмоқда.

Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа корхоналари, ахборот-кутубхоналар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун “кўприк” вазифасини ҳам ўтайди.

 

ОЛМАЗОР ТУМАНИДА “ТАДБИРКОРЛИК МАРКАЗЛАРИ” ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани маҳаллаларида “Тадбиркорлик марказлари”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Олмазор туманининг 10 та маҳалла фуқаролар йиғинларида тажриба тариқасида тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида “Тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди.

Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • уйма-уй юриб тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга кўмаклашиш;
  • фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорларга Марказлар биносидан, ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан жой ажратишга кўмаклашиш;
  • давлат мулки объектларини “ноль” қийматида харид қилиш бўйича маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш;
  • “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ва имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 январга қадар Марказлар фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилган ҳолда, Олмазор туманининг бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам Марказлар ташкил этилади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

БЕШИНЧИ РЕСПУБЛИКАНИНГ УМУМХАЛҚ ТОМОНИДАН САЙЛАНГАН БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ

Ўтган асрнинг 50-йилларида Францияни инқирозлар қамраб олди. 1954 йилда Ҳинди-хитойда юз берган миллий озодлик ҳаракатлари туфайли Франция мағлубликни тан олди.

Жазоир ва Шимолий Африканинг бошқа мамлакатларида исёнлар юзага келди. Бу каби ҳодисалар Франциянинг калонияларида ҳам кузатилди. Францияда иқтисодий юксалиш кузатилаётганига қарамай, аҳоли миллий валюта — франкнинг қадрсизланишидан азият чекарди. Шу муносабат билан мамлакатни норозилик тўлқини қамраб олди. Ҳукумат бирин-кетин ўзгаришига қарамай, вазият ўзгармай қолди. 1957 йилда вазият яхши томонга ўзгара бошлади. Бироқ жамиятда ўнг ва сўл экстремист руҳдаги ҳаракатлар пайдо бўла бошлади.

1958 йилнинг декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи босқичида Де Голль ғалаба қозониб, Бешинчи Республиканинг етти йил муддатга умумхалқ томонидан сайланган биринчи президенти бўлади. 1960 йилда Франция Африкадаги барча мустамлакаларига мустақиллик беради. Де Голль обрўси кун сайин ошиб борди. Инқирозларни бартараф этиш билан бир қаторда, у иқтисодий ва ташқи сиёсат масалаларига ҳам бош-қош бўлди ва бу борада муваффақиятларга эришди. У муаммоларни эмас, атиги битта муаммони бартараф этишни ўйларди. У ҳам бўлса, қандай қилиб Францияни буюк давлатга айлантириш масаласи эди. Маълумки, айни шу муаммо бартараф этилиши билан бошқа муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўларди.

1968 йилда мамлакатни талабаларнинг норозилик тўлқини қамраб олди. Ёшлар полиция билан тўқнаш келарди. Де Голль ҳам вазиятни ўз фойдасига ҳал қилди. У ислоҳотлар ўтказишга қарор қилди.

 

АҚШ-ХИТОЙ САВДО УРУШИДАГИ “ТАНГЛИК“ НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН?

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушида ҳар иккала томон ҳам “рақиб” маҳсулотларига нисбатан қўллаган чоралари вазиятни анча мураккаблаштирмоқда. Сўнгги пайтлардаги кескинлик икки қудратли давлат ўртасида иқтисодий муносабатларни анча таранглаштирди. Ушбу ҳаракатлар натижасида яқин кунларда ҳар иккала давлат бир-бирига нисбатан қўллайдиган жазо тарифлари 360 миллиард долларни ташкил этиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳафта Вашингтон ва Пекин эълон қилган янги тарифлар “глобал иқтисодий ўсишга олиб келадиган зиддиятларнинг кучайиб бораётганини кўрсатиб турибди”, деди “Oxford Economics” тадқиқот фирмасининг “Осиё иқтисодиёти” бўлими раҳбари Луи Куижс.

 

ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ СОХТА «ҚАРИНДОШЛАРИНИ» ЖАЗОЛАШГА ВАЪДА БЕРДИ

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 21 сентябрь куни Кемин туманига қилган амалий ташрифи чоғида Қирғизистонда оилавий бошқарувга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида яна бир бор маълум қилди. У президентнинг номидан фойдаланиб иш қилаётганларни жавобгарликка тортиш ҳақидаги ўз топшириғи ҳақида гапирди, деб ёзмоқда kazakbol.com.

«Жээнбеков Бакиевга айлангани, унинг қариндошлари давлатни бошқараётгани ҳақида атайин ёлғон миш-мишлар тарқатилмоқда. Мен ҳеч кимни бошқарувга яқинлаштирмаяпман. Агар билиб қолсам, қаттиқ чоралар кўраман. Бу ҳақда ҳамма билади. Аммо ҳозирда менинг «қариндошларим», «дўстларим» кўпайиб кетган. Гўёки менинг қариндошларимдек ўзини кўрсатиб, ишга жойлашишмоқда. Мен бундай ҳолатларда ҳибсга олиш кераклигини айтдим. Мен учун собиқ президентларнинг тажрибаси катта сабоқдир. Ўғлим ва қизим бор. Ўғлим 4-синфда ўқийди. У Максим Бакиевнинг ёшига етгунича, мен лавозимдан кетаман. Менинг мақсадим — халқ орасида бўлиш ва президентлик лавозимини тинчлик билан топшириш», — деди у.

Президент бундан аввал ҳам Қирғизистонда оила ва таниш-билишчилик бошқарувига йўл қўйилмаслиги ҳақида гапирган.

«Биз бутун дунёга яна бир бор кўрсатдикки, Қирғизистон халқи адолат ғояларини ҳурмат қилади, ҳеч қачон тиз чўкмайди ва оила ҳамда таниш-билишчилик бошқарувига тоқат қилмайди, — деди у. — Ҳокимиятни эгаллаб олиш, халқ мол-мулкини ўзлаштириш ва одамларни хор қилмоқчи бўлганларга муносиб жавоб берилди».

 

ЎЗБЕКИСТОН МОЗОРИ ШАРИФ – ҲИРОТ ТЕМИР ЙЎЛ ЛИНИЯСИНИ ЛОЙИҲАЛАШГА КИРИШДИ

Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши бўйича темир йўл линиясини лойиҳалашга киришди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Фазлитдин Саъдуллаев Тошкентда бўлиб ўтаётган транспорт форуми доирасида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳаловчиларда темир йўл линияси йўналишини танлашда айрим саволлар пайдо бўлган.

«Биз энг қисқа маршрутни танлашимиз мумкин, аммо кейин бу йўлдан фойдаланиш жуда қийин бўлади. У ер тоғли ҳудуд бўлиб, мураккаб участка саналади. Биз келгусида фойдаланишни осонлаштирадиган кўрсаткичларни ҳисобга олишимиз лозим»,– деди у.

Саъдуллаев лойиҳалаш ишлари қачон якунланишига аниқлик киритмади, аммо «Ўзбекистон темир йўллари» бу жараённи узоққа чўзмаслигини билдирди.

2017 йил декабрда Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилиши ва Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўли биргаликда барпо этилишига келишиб олинганди.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни Тошкентда «Марказий Осиё транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар» мавзуида транспорт коммуникациялари соҳасида биринчи халқаро конференция бошланди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ

Мавзу: ТУРИЗМ: ЖАДАЛ РИВОЖЛАНАЁТГАН ТАРМОҚ

 Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва нодир маданий-тарихий меросини тарғиб этишда, уларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олинишида туризм катта аҳамият касб этади. Бизда эса туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш борасида кенг имкониятлар мавжуд. Зеро, Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича 10 та етакчи мамлакат қаторидан ўрин эгаллаган. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорликлар бир талай. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Юртимиздаги 900 га яқин сайёҳлик ташкилоти, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона, 300 га яқин сайёҳлик компанияси ва бошқа сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини замонавий талаблар, жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Туристлар учун мўлжалланган дам олиш масканлари мамлакатимизда йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш турлари ва сифати ошиб бормоқда. Ўзбекистонда сайёҳликнинг экотуризм, маърифий, маданий ва жисмоний саёҳат, экстремал, археологик, спорт, фольклор-этнографик, тиббий ва рекреацион туризм, агротуризм, геотуризм каби турлари ҳам жадал ривожланаётир. Сайёҳлар орасида альпинистлар, чанғи спортига қизиқувчилар кўпаймоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт-коммуникация тизими халқаро стандартлар даражасига келтирилаётгани соҳа ривожига, мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг кўпайишига замин ҳозирламоқда.

Юртимизнинг шундай улкан туристик салоҳиятидан фойдаланиб, уни юқори даражага олиб чиқиш мақсадида кейинги вақтларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Туризм соҳасини юксак тараққий эттириш мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, қисқача айтганда, халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилиши аён. Шу боис ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида туризм тармоғини самарали равнақ топтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида сайёҳлик саноатини ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш юзасидан улкан ишлар амалга оширилди. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтириш, малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда 11 та халқаро аэро­порт хизмат кўрсатади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси замонавий авиалайнерлар билан таъминланган бўлиб, унинг самолётлари Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан ортиқ шаҳрига мунтазам парвозларни амалга оширмоқда. Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарларига юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий электр поездларининг қатнови йўлга қўйилгани, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ишга тушиши сайёҳлар учун қўшимча қулайлик яратди.

Мамлакатимизда туризм ривожланар экан, соҳа ходимларига бўлган талаб ҳам ортиб боради. Шу боис юртимизда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш тизими ҳам йўлга қўйилган. Ҳозирда мамлакатимизда туризм йўналишида мутахассислар тайёрловчи олий таълим муассасалари, жумладан, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро сайёҳлик факультетида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис инс­титутида халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланаяпти. Бундан ташқари, пойтахтимиздаги ҳамда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидаги туризмга ихтисослашган коллежларда юзлаб йигит-қизлар соҳа сирларини ўрганишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар йили сайёҳлик соҳасида таълим олаётган ёшлар, соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларнинг Европа ҳамда Осиёнинг йирик сайёҳлик марказлари ва ўқув юртларида малака оширишига кўмаклашмоқда.

Соҳа истиқболида яна бир муҳим жиҳат – ҳудудлардаги барча маданий-тарихий мерос объектлари, табиий ўлкашунослик, миллий қўриқхона ҳудудларининг ягона маълумотлар базасини яратиш, минтақаларда туризмни ривожлантириш учун жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоатчилик кучларини бирлаштиришдан иборат. Бу борадаги изчил ишларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, ҳар бир ҳудуд учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва жараён жадал суръатларда давом этмоқда.

Туризмнинг ҳуқуқий пойдевори ва истиқболи Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги туфайли соҳани ҳар томонлама тараққий эттиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2017 йил 16 августда «2018–2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши ва уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар юртимизда туризм ривожини яна бир поғона юқорига олиб чиқди.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳам бу борада муҳим қадам бўлди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида юртимизга туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор эса ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш мақсадига йўналтирилган. Ушбу қарорга мувофиқ «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг тасдиқланиши келгусида соҳага оид муаммоларни бартараф этиш ва туризмни янада ривожлантириш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Мазкур ҳужжатлар билан юртимиз туризм салоҳиятини ошириш, биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ҳамда технологияларни жорий этиш, бой табиий, маданий ва тарихий меросимизнинг мавжуд ресурслари ҳамда имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига юксалтириш учун янада қулай шароит яратилади.

Эндиликда шу вақтга қадар ечимини топмаётган, туризм соҳаси тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб келаётган масалалар ҳал бўляпти. Жумладан, хорижий фуқаролар учун виза ва паспорт режимини либераллаштириш ишлари илгари силжиб, уларга электрон кириш визаларини расмийлаштириш имконияти яратиляпти. Шунингдек, ички ҳамда зиёрат туризмлари салоҳиятидан суст фойдаланилганлиги, инфратузилманинг етарлича ривожланмагани, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари талаб даражасида татбиқ этилмаётгани сингари бир қатор муаммоларга барҳам берила бошланди.

Фармон билан 2018 йил 10 февралдан бошлаб 7 та давлат (Исроил, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония) фуқаролари учун республикамиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режими белгиланди. 39 та давлат фуқаролари учун эса Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерга оид талабни бекор қилиш, жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш визалари бериш тизимини жорий этиш, туризм соҳаси билан боғлиқ объектларни, уларнинг атрофини ободонлаштириш ва бошқа туризм сало­ҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб қўйилди.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган юқорида номлари келтирилган ҳар икки қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳам мамлакатимизда кириш туризмини миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, маданий-тарихий меросимиз ва табиий бойликларимизни кенг тарғиб қилишда муҳим омил бўлади. Шунинг­дек, ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни, айниқса, ёшларни қадимий обидаларимиз, муқаддас қадамжоларимиз, халқимизнинг бетак­рор маданияти ва анъаналари билан кенг таништиришда беқиёс ўрин тутиши шубҳасиздир.

Туризм – иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган ва жадал ривожланаётган йирик тармоқларидан. Айни пайтда, мазкур тармоқ дунё мамлакатлари ва халқларининг маданият соҳасидаги амалий мулоқотида ўзига хос робита вазифасини ўтамоқда. Жаҳон сайёҳлик саноатида туризмдан тушаётган даромад автомобиль ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноатидан кейин учинчи ўринда туради. Дунёда туризм соҳасида 195 миллион киши – иш билан банд аҳолининг саккиз фоизи меҳнат қилмоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича сайёҳлар оқими йилига 4-5 фоиз ўсмоқда.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон сингари шаҳарларимизда халқимизнинг бой тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи қадимий обидалар авайлаб сақланаётганлиги ҳамда миллий ҳунармандлик марказлари фаолият кўрсатаётгани мазкур ҳудудларда нафақат халқаро, балки ички туризмни ҳам жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, Бухородаги маданий ва тарихий ёдгорликлар, жумладан, Масжиди Калон ва Чор Бакр мажмуалари, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг қадамжоларини зиёрат қилиш мақсадида минглаб ҳамюртларимиз мазкур вилоятга саёҳат қилмоқдалар. Тегишли ташкилот ва ўқув муассасалари билан ҳамкорликда ички йўналишлар бўйича сафарга чиқиш истагида бўлган юртдошларимиз учун автобусларда имтиёзли нархларда саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу юртдошларимизнинг ўлкамиз бой маданий мероси ва қадимий тарихи, шунингдек, истиқлол йилларида шаҳар ва қишлоқларимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари, хусусан, Оролбўйида ҳам ички туризмни ривожлантириш ишлари доирасида янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги қадимий қалъалар ҳамда диққатга сазовор жойлар бўйлаб уч йўналишда саёҳатлар таклиф этилмоқда. Хусусан, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Устюрт кенгликларидаги сайғоқлар яйлови, Судоче кўлининг сақланиб қолган акваториясига саёҳатлар уюштирилмоқда. “Саҳролар ичра ўтмиш садолари”, “Оролга саёҳат”, “Тилаклар қудуғи”, “Ипак ипи мўъжизаси”, “Қорақалпоғистоннинг қадимий қалъалари” каби дастурлардан иборат йўналишлар сайёҳларга кўпроқ маъқул келмоқда. Ўлканинг бой тарихий ва маданий ёдгорликлари ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этган Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги санъат музейида тўқсон мингдан ортиқ экспонат сақланади. Қорақалпоқ элининг миллий безаклари, халқ амалий санъати намуналари, каштачилик буюмлари, миллий либослари сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда.

Оролбўйига сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида минтақанинг табиий иқлим шароитидан оқилона фойдаланилиб, янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мисол учун, табиий сув ҳавзаларида балиқ, ўрдак овлаш бўйича янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилган. Шунингдек, “Миздақхон қалъа”, “Тупроққалъа”, “Аёзқалъа”, “Чилпиқ” каби қадимий ёдгорликлар, Амударё соҳили бўйлаб экологик турлар ташкил этилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан Қорақалпоғистонга саёҳатга келувчилар кўпаймоқда, ўз навбатида ҳудудимиз аҳолисининг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Термиз каби шаҳарларимизга саёҳати уюштирилмоқда. Мамлакатимизда сайёҳликнинг, жумладан, ички туризмнинг ривожланиши янги иш ўринлари очилиши, иқтисодиётимизнинг ва халқимиз фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик» лойиҳаси олти йўналишдан иборат бўлиб, улардан бири ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган. Бу борада иккита бошланғич ҳудуд: Жиззах вилоятининг Зомин ҳамда Наманган вилоятининг Чортоқ туманлари танлаб олинган. Мазкур туманлар ички туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, Зоминда рекреацион – дам олиш ва соғлиқни тиклаш мақсадларига хизмат қилувчи кўплаб ресурслар мавжуд. Ҳудуднинг тоғ экотизими, археологик ёдкорликлари у ерда экологик, спелеологик (ғорларга саёҳат қилиш), тарихий, қишлоқ ва спорт туризми – чанғида учиш, пиёда саёҳат, тоғ велосипедини ривожлантириш имконини беради. Лойиҳа ижроси доирасида Зоминда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қизиқарли икки туристик йўналиш ишлаб чиқилди. Сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсата оладиган транспорт компаниялари, овқатланиш шохобчалари билан алоқалар йўлга қўйилди. Археологик ёдкорликларга элтувчи автомобиль йўлларида ўзбек, рус ва инглиз тилларида йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. 2012 йилнинг ўзида туманда ўн иккита аҳоли уйларида меҳмонларни кутиб олиш учун шароитлар яратилди. Уларда хизмат қилувчи ишчи ва ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилди. Сайёҳлар табиат қўйнида дам олиш билан бирга, турли маданий дастурлар, масалан, келин салом, бешик тўйи каби миллий маросимлар, шунингдек, маҳаллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқларида ва уй юмушларини бажаришда ҳам қатнашиши мумкин. Лойиҳада белгиланган вазифаларга мувофиқ, Зомин туманида ташкил этилган туристик хизматлар мажмуи, туман ҳақида атрофлича маълумот берувчи ахборотномалар, видеоролик, оригинал логотип юртимиздаги маҳаллий сайёҳлик компанияларига тақдим этилди.

Мамлакатимизда ички туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар сайёҳларга қулай шароит яратиш ва уларнинг ўз саёҳатларини мазмунли ўтказишига хизмат қилиши билан бир қаторда Ўзбекистонимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Тарихий обидаларга бой юртимизнинг сайёҳлик бизнеси салоҳияти жуда катта. Айни пайтда туристик агентликларимиз собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган, сайёҳларни гуруҳ тарзида қабул қилиш каби хизматларни кўрсатишади.

Бироқ дунёда бир талай янги ва замонавий туризм турлари ҳам пайдо бўлганки, уларнинг айримларини Ўзбекистонда татбиқ этиш айни муддао бўлар эди. Бу жойларда қўшимча даромад ва иш ўринлари яратилишига олиб келиши шубҳасиз.

Сўнгги йилларда жаҳон бўйлаб туризмнинг унутилган, янги, инновацион кўринишлари пайдо бўлмоқда.

Албатта, бизнинг салоҳиятимиз юқори. Биз туризмнинг аҳамияти ва ролини оширишимиз керак.

 

БУЮК АЛЛОМАНИНГ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН НАВБАТДАГИ АНЪАНАВИЙ ИЛМИЙ АНЖУМАН

Ўзбек халқи асосли равишда ўз тарихига ғурур ва ифтихор ила боқади. Бу туйғу заминида халқимиз томонидан яратилган ноёб тарихий обидалар ҳамда буюк алломаларимизнинг инсоният маънавий ва интеллектуал захирасига қўшган салмоқли ҳиссалари ётади.

Буюк алломалар қаторида Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмий мозийда ва замонамизда ўзига хос салоҳияти билан ажралиб туради. Ал-Хоразмий тарихда ўз ўрнига эга олим бўлибгина қолмай, балки ўрта асрлардаги кашфиётлари ила ўтган давр ва замонамизнинг илму-фани ривожига таъсир кўрсатиб келаётган даҳо сифатида тан олинади. Масалан, математика тарихи ва унда ўз ривожига эга бўлган кашфиётлар ҳақида фикр юритилганда ал-Хоразмий номи биринчилар қаторида тилга олинади. Аксарият манбаъларда ал-Хоразмий ғоялари янгича “алгоритмик фикрлаш” услубиятига асос солганлиги эътироф этилади. Ўз вақтида унинг шох асари “Ал-Жабр ал мукабала” орқали Европа ўнлик саноқ системаси билан танишиш имконига эга бўлган, айни вақтда бу асардаги мушоҳада услубияти, номи ва мазмуни билан алгебра фанига ва замонавий ахборот технологияларидаги фундаментал, яъни алгоритмик ёндошувга  асос солинган.

“Алгоритмик фикрлаш” услубияти ўз аҳамиятини компьтерлар даври бошланиши билан такроран кашф этди. Зеро “жонсиз”, аммо ўта кучли интеллектуал восита бўлган компьютерлар айнан “алгоритмик фикрлашга”  қодир эканлиги аниқланди. Ўтган асрнинг 1983 йилида ЮНЕСКО томонидан ал-Хоразмийнинг 1200 йиллиги нишонланди. Бу тарихий воқеа арафасида 1979 йилнинг 17 сентябрида Урганч шаҳрида очилган “Ҳозирги замон математикасида алгоритмлар ва уларнинг тадбиқлари” номли симпозиумга сайёрамизниг турли давлатларидан келган етук олимлар ўрта асрларнинг буюк математик олими,«Алгоритм» сўзига ўз номи ва фандаги кашфиётлари билан асос солган ал-Хоразмийнинг туғилган ва ўсмирлик йиллари ўтган заминга илмий зиёратни амалга ошириш мақсадида ташриф буюрган эдилар. Бу анжуманга машҳур олимлардан Д.Э.Кнут, А.П.Ершов, Ю.Л.Ершов, В.А.Успенский ва А.Л.Семёновлар қатнашган бўлиб,  унинг муваффақиятли ўтишига мезбонлик қилишган академиклар С.Х.Сирожиддинов, В.Қ.Қобулов ва  профессор Г.Н.Салиховлар  сабабчи бўлишган эди. Мазкур симпозиум кейинги қирқ йилда ахборот технологиялари билан боғлиқ бир қатор муаммолар ечилишига замин яратиб, бу йўналишдаги илмий ҳақиқатни англаш ва янги илмий ғоялар даврини юзага келтирибгина қолмай, балки кўпгина илмий янгиликлар яратилишига импульс бергани шубҳасиз.

Айнан “Алгоритмик фикрлаш” тамойиллари тадбиқий математикада сўнгги йилларда бир қатор янги йўналишларни белгилади, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борадиган фирма ва корпорациялар буюртмаларига кўра олийгоҳларда  янги мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрлана бошланди. Эътиборга лойиқ фактлардан бири -“Алгоритмик фикрлаш” сунъий тафаккур заминида ётиши аниқланди ва бу йўналишдаги тадқиқот ҳамда ишланмалар инсон тафаккурига муқобил, аммо таҳликали ишланмалар қаторига қўшила бошланди. Замонамизнинг буюк олимларидан бири Стивен Хокингнинг эътирофига кўра “…агар сунъий тафаккур муаллифлари уни яратиш билан бир вақтда салбий оқибатларни олдини олиш воситаларини ишлаб чиқишмаса, сунъий тафаккур инсоният учун катта хавф-хатар манбасига айланиши мумкин” экан. Ҳар ҳолда бу огоҳлантириш илмий ва сиёсий зийракликка даъват бўлиб занжирли парчаланиш кашф этилгандан кейинги вазиятни эслатади дейиш мумкин. (http://www.popmech.ru/science/15931 /)

Юқорида зикр қилинган қадриятларга, соҳадаги муаммоларга жаҳон илми намоёндаларини эътиборини такроран қаратиш, буюк алломани номини янги сайқалларда эслаш ҳамда ижодиётга энди қадам қўяётган иқтидорли ёшларни фанга иштиёқи ва садоқатини озиқлантириш мақсадида 2018 йилнинг  13 – 15 сентябрида Ўзбекистон Миллий университети математика факультетида  «Амалий математика ва информацион технологияларнинг долзарб муаммолари — ал-Хоразмий 2018» анъанавий халқаро илмий конференция ўтказилди.

Анжуман мавзусининг ал-Хоразмий хотирасига бағишланганлиги унга нисбатан билдирилган катта ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Анжуманда иштирок этиш учун 12 давлатдан 200 дан зиёд маърузачилардан маъруза тезислари келиб тушди.  Анжуман ишида иштирок этиш учун Англия, АҚШ, Австрия, Туркия, Россия, Италия, Словения, Украина, Малайзия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон  каби давлатлардан етук олимлар ва ёш тадқиқотчилар келишди. Анжуман якунида унинг иштирокчилари томонидан  янги кашфиётлар ва янги, ҳали ечилмаган муаммоларни эътироф этувчи резолюция қабул қилинди. Конференция дастурига киритилган тадбирларга мувофиқ анжуман иштирокчилари пойтахтимиз Тошкентнинг тарихий ва эътиборга лойиқ зиёратгоҳлари билан танишишди ҳамда Самарқанд шаҳрига зиёратни амалга оширишди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>