“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 39-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (30 май-4 июнь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 39-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (30 май-4 июнь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

Биз бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда.

Бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётганида, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг мардлиги ва матонати эвазига эришаётган бундай марра ва натижалар Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтириб, кўпчилик мамлакатларни қойил қолдираётгани ва уларнинг ҳавасини уйғотаётганини кузатиш қийин эмас.

Олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини авваламбор тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш даркор.

Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб кун тартибига қўйганимиз вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, ўтган давр мобайнида она юртимиз, барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.
  3. Мазкур дастурни тайёрлашда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин:

мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг ёритиш;

мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш ва уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасидаги улкан ишларнинг маъно-мазмунини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб бериш;

юртимизнинг илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланганини чуқур таҳлилий асосда талқин қилиш. Бу борада иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани кўп нарсадан далолат беради. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг жадал ривожланаётгани билан боғлиқ факт ва рақамларга алоҳида урғу бериш;

мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошгани, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани мисолида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларимизнинг амалий самарасини кўрсатиш;

олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётимизни янада модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан тараққиётимизнинг локомотиви бўлган етакчи тармоқларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириб бориш, Конституциямизда кўзда тутилган хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг самарасини янада кучайтириш каби ўта муҳим йўналишларнинг аҳамиятини жамоатчилигимизга, халқимизга содда ва таъсирчан усулларда етказиш. Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича белгилаб олинган аниқ режа ва дастурларни амалга ошириш учун, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамасдан, қатъият билан илгарилаб боришимизга асос бўлаётган мезон ва омилларнинг моҳиятини очиб бериш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилгани, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётганини кенг ёритиш;

юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётганини;

ўтган давр мобайнида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,5 карра, картошка – 1,9 марта, сабзавот – 2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайгани ва бошқа ҳаётий мисолларни мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори сифатида акс эттириш;

мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф – мулкдорлар синфининг жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етгани, айни шу тармоқда иш билан банд аҳолининг 77,9 фоизи меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини таҳлилий асосда кўрсатиш;

жамиятимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини бўлиб хизмат қилаётганини теран ифода этиш;

биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишларга алоҳида аҳамият бериш. Жумладан, давлат бюджетимизнинг социал соҳаларга йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб бораётганини, биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортганини бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси сифатида кўрсатиш;

ёш авлодимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳиятини, хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани ва бошқа мисоллар асосида ана шундай амалий ишларимизнинг аҳамиятини атрофлича ёритиб бериш;

юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган, кўлами ва миқёсига кўра улкан ўзгаришлар бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;

бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш;

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш ҳақидаги ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини атрофлича ёритиш. Хусусан, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, юртимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига, ҳарбийларимизнинг хорижий мамлакатлардаги жанговар операцияларда қатнашишига йўл қўймаслик бўйича қонуний асосда белгилаб олинган қатъий позициясини кенг жамоатчиликка етказиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида учрашув ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.
  2. Байрам тантаналари арафасида фойдаланишга топшириладиган ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектларни ўз вақтида ишга тушириш чоралари кўрилсин.
  3. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.
  4. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, “Тасвирий ойина”, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари, Бадиий академия ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда “Истиқлол фарзандлари” ва “Келажак бизники, марра бизники!” деб номланган ёшлар фестивалларини, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” республика дўстлик ва маданият фестивалини, “Миллий ғоя – бизнинг ғоя” илмий-амалий анжуманини, шунингдек, юртимиз мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ҳамда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик!”, “Ранглар жилосида – она диёр мадҳи”, “Сени куйлаймиз, замондош!”, “Истиқлол солномаси”, “Бу – менинг Ватаним” каби анъанавий кўрик-танловларнинг юқори даражада ўтказилишини таъминласин.
  5. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

  1. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
  2. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри,

2016 йил 2 июнь

 “ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ ТЎҒРИСИДА”ГИ 10 ИЮНДАН ҚОНУН КУЧГА КИРАДИ

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 10 июндан кучга кирадиган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашда талаб этиладиган қонуности ҳужжатлари мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани давлат бошқаруви тизимидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонун давлат ва жамият қурилиши тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиб, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланишида зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратади.

Тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ахборот соҳаси мутахассислари “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг зарур қонуности ҳужжатлар билан таъминланганлик даражасини муҳокама қилди. Қонунни амалиётга татбиқ этиш доирасида электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари рўйхати, уни шакллантириш, юритиш ва фойдаланиш, шунингдек, иш берувчининг ўзи тақдим этган идентификаторга мувофиқлигини аниқлаш, электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларини яратиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартибларини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур йўналишларда айрим норматив ҳужжатлар қабул қилинган, қолганларини қабул қилиш бўйича экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Давра суҳбатида янги қонунни амалиётга татбиқ этиш доирасида қабул қилинган электрон давлат хизматларини баҳолаш методикасига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу методика электрон ҳукуматнинг асосий принципларидан бири бўлган электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланишини баҳолаш жараёни ва механизмини белгилаб беради.

 

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЯНГИ ЭЛЧИСИ

2016 йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея Республикасининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён Уни қабул қилди. Элчи ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди. Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда мунтазамлик касб этган олий даражадаги Ўзбекистон-Жанубий Корея мулоқоти доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Корея Республикасининг аввалги элчиси Ли Ук Хёк ўз миссиясини якунлаганди.

 

БИОЛОГЛАР ЮРАК ҚАРИШИНИ ТЎХТАТИШ УСУЛИНИ АНИҚЛАШДИ

Юрак-қон томир касалликларини тадқиқ қилувчи Миллий марказ биологлари теломерлар – хромосомаларнинг ҳимоя қатламлари – сичқон миокард ҳужайраларида ёш ўтган сари тез қисқариб, юрак фаолиятини ёмонлаштиришини аниқлашди. Олимлар оқсиллардан бирининг фаоллигига босим ўтказиб, юрак қаришининг олдини олишга муваффақ бўлишди. Янги туғилган сичқонлар шикаст етган юрак мушагини самарали қайта тиклаши мумкин, бироқ катта ёшли кемирувчиларда юрак хуружлари даволаб бўлмайдиган бузилишлар — юрак етишмовчилиги ва ҳаттоки ўлимга олиб келади. Ёш ўтган сайин кардиомицитлар, яъни юракнинг мушак ҳужайралари — ҳужайра циклидан чиқиб кетади, бу уларнинг кўпайишини ҳамда регенератив функциясини чеклайди. Олимлар теломер узунлигининг кардиомицитлар қариши билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини текшириб кўришга қарор қилишди. Тадқиқотчилар хромосома учлари сичқонлар туғилганидан кейинги биринчи ҳафтада тез қисқаришини аниқлашди. Бу эса теломерларни қайта тикловчи фермент — теломераз синтезининг камайишига тўғри келди. Охир-оқибат ҳужайраларнинг ўсиши ва кўпайишига босим ўтказиш орқали ДНК шикастланишига тўсқинлик қилувчи ҳужайра тизими ишга киришади. Тизимнинг бош компоненти р21 ингибатор-оқсили ҳисобланади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ПЕКИНДА ШҲТ ЭКСПЕРТЛАРИ УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

2016 йилнинг 30-31 май кунлари Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар экспертлари учрашуви бўлиб ўтди. Йиғилишда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари ШҲТ Тараққиёт банки ва Тараққиёт жамғармасининг ташкил этилиши ва фаолият юритиши истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

 

ИДЛИБДА ҲАВО ЗАРБАЛАРИ ОҚИБАТИДА 23 КИШИ ҲАЛОК БЎЛДИ

Суриянинг Идлиб шаҳри яқинида Россия Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари томонидан берилган ҳаво зарбалари натижасида тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган. Ҳаво зарбалари нишонларидан бири шифохона ёнида бўлган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилоти директори Рами Абдулраҳмоннинг маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 7 бола бор. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги айтилган. Идлиб – Суриядаги «Ал-Қоида» билан алоқадор «Фронт ан-Нусра» ташкилоти жангарилари тасарруфидаги йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади. Россия Сурияда ИШИД жангариларига қарши 2015 йилнинг кузида ҳарбий ҳаракатларга киришганди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари маълумотига кўра, Россия Сурияда ИШИДга қарши эмас, Башар Асад тузуми мухолифларига қарши кураш олиб бормоқда.

 

ЕВРОПА ИТТИФОҚИ РОССИЯНИ «СТРАТЕГИК МУАММО» ДЕБ ҲИСОБЛАЙДИ

Европа дипломатияси раҳбари Федерико Могерини маъмурияти томонидан тайёрланган, ЕИ ташқи сиёсатининг ўртамуддатли истиқболига оид стратегиясида, ЕИнинг Россия билан муносабатлари «стратегик муаммо» деб баҳоланган. «Ҳамкор ҳам, душман ҳам эмас, балки стратегик муаммо, бу фикримча энг яхши дипломатик иборадир», — дея Европа бош дипломати сўзларидан иқтибос келтиради ОАВ. Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида, ЕИнинг Россия билан халқаро майдондаги ўзаро алоқаси «чекланган ҳамкорлик», деб таърифланган. Бунда, Могеринининг тан олишича, Иттифоқнинг айрим мамлакатлари бундай талқин қилиш ўта кескин кайфиятни билдиради, деб ҳисоблайди ва уларни юмшатишни хоҳлашади. Аммо, ЕИнинг бошқа аъзолари Россия «Украинадаги агрессор давлат» сифатида баҳоланишини исташади.

Шу йилнинг 28-29 июнь кунлари ЕИга аъзо 28 давлат ва ҳукумат раҳбарлари мазкур лойиҳани муҳокама этиб, уни қабул қилиши кутилмоқда.

 

РОССИЯ ИРОҚДАН ТУРК ҚЎШИНЛАРИ ОЛИБ ЧИҚИЛИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг фикрича, расмий Анқара Ироқ ҳудудига ўз қўшинларини олиб кириб, жуда номақбул ишга қўл урди. Шу сабаб Туркия дарҳол Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши зарур. “Биз Туркия Ироқ ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишини талаб этамиз. Бир пайтлар собиқ бош вазир бу Ироқ суверенитетини таъминлайди, деб айтган эди. Бу мутлақо номақбул позиция”, — деди Лавров kp.ru сайтига берган онлайн интервьюсида.

 

ЛАВРОВ: РОССИЯ ДОНБАССНИ ТАШЛАБ ҚЎЙМАЙДИ

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Украинанинг жануби-шарқини ташлаб қўймаслиги ҳамда ҳар томонлама уни қўллаб-қувватлаётгани маълум қилди. Бу ҳақида у «Комсомольская правда» сайтидаги жонли эфирда хабар қилди. «Биринчидан, биз Украинанинг жануби-шарқини ташлаб қўймаймиз, у ҳақида унутганимизча йўқ, аксинча биз бу минтақани нафақат сиёсий жиҳатдан, балки бошқа томонлардан ҳам қўллаб-қувватлаяпмиз», — таъкидлади вазир.

Лавров Россия Донбассни қайси соҳаларда қўллаётганига алоҳида тўхталди: гуманитар ёрдам, жорий иқтисодий масалалар, шунингдек минтақадаги яшаш тарзига доир муаммолар ечими. Шу билан бир қаторда у Россия Федерацияси Англия, Франция ва Германия ҳал қилишни зиммасига олган муаммолар ечими билан ҳам шуғулланаётганини қўшимча қилди.

«Биз юқорида қайд этилган барча муаммоларни ҳал қилмоқдамиз ва бундан кейин ҳам ёрдамимизни аямаймиз», — дея таъкидлади Россия ТИВ раҳбари.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ТОШКЕНТ ШАҲРИ ЖАМОАСИ “УНИВЕРСИАДА – 2016” ҒОЛИБИ!

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети спортчи талабаларининг муносиб улуши бор! Мамлакатимизда еттинчи бор ўтказилган Универсиада том маънода спорт, ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди. Мазкур мусобақаларда спортчи-талабалар баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таеквондо (ВТФ), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши каби спортнинг 15 тури бўйича ўзаро беллашдилар. Турфа майдонларда йигит-қизлар наинки беллашдилар, шу билан бир қаторда улар росмана дўстлашдилар!

Гўзал Фарғона шаҳрида ғоят ҳаяжонли ўтган “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ниҳоясига етгач, 28 май куни ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллагани эълон қилинди!

Ғолиб жамоа юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирландилар.

Бўйниларида шода-шода медаллар, диплом-у сертификатлар билан қайтган ғолиб жамоа аъзоларидан бўлмиш ЎзМУ талаба-спортчиларининг дил сўзларини қоғозга тушурдик.

Рустам Собиржонов, Геология-география факультети 2-курс талабаси:

– Фарғонада менга аввало муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табриги кўтаринки руҳ ва куч-қудрат бахш этди. Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга эътиборини, меҳрини ҳар қадамда ҳис этдим. Буни Ўзбекистон Миллий университетида яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Шунга яраша наинки спорт, керак бўлса, барча соҳаларда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намоён этишимиз шарт, деб биламан. Жамоамиз ютуғи пойтахт шаҳримиздаги барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ғалабасидир. Биз шу кўтаринки руҳ билан ўқишни давом эттириб, азиз Юртбошимиз, устозларимиз ва ота-оналаримизнинг ишончларини оқлашда давом этаверамиз.

Ирода Валижонова, Журналистика факультети 1-курс талабаси:

– Бу спорт ўйинлари ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди. Гандболл ўйинида Андижон, Самарқанд вилоятлари қизлари жамоалари билан ўтказган беллашувларимиз жуда ҳаяжонли бўлди. Қўша-қўша мукофотлар орасида менинг қалбимга то абад муҳрлангани Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонованинг ота-онам номига йўлланган “Ташаккурнома”си бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Унда битилган қуйидаги сўзлар менга қанот бахш этди, десам муболаға бўлмайди:

“Азиз фарзандингиз Фарғонада бўлиб ўтган “Универсиада – 2016” мусобақаларида фаол қатнашиб ўзининг жисмонан етуклиги, маҳоратини намойиш этиб, ёшлар камолоти, келажаги учун чексиз имкониятлар, истиқбол эшигини очаётган Юртбошимизнинг, устозларининг ишончини оқлади.

Бунинг учун Сизга фарзандингизни бахту роҳатини кўриш саодатини тилайман!

Ватанимиз истиқболи, буюк келажагига хизмат қиладиган шундай фарзандни камолга етказганингиз учун ташаккур билдираман!”

Бобур Сатторов, Механика-математика факультети 3-курс талабаси:

– Миллий университетимизда таҳсил олиб, шахмат бўйича жаҳон чемпиони даражасига чиққан Рустам Қосимжоновга жуда ҳавас қилганман. “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари ана шу орзу-ҳавасларим рўёбга чиқишида имкониятлар майдони бўлди. Келгусида она Ватаним байроғи остида дунёга чиқиш учун фақат олға интилавераман.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақаларда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.

 ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР ВА ТАЪЛИМ МАСАЛАЛАРИ

Таълим соҳасида ижтимоий фанларнинг ўрни алоҳида. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ижтимоий фанлар: ҳолати, туташ манзиллари ва таълим масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти “Етакчи” Ёшлар маркази, республика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

– Президентимиз Ислом Каримовнинг “Билимли ва ақл-заковатли етук авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор ривожлантириш ва модернизациялашнинг муҳим шарти” сарлавҳали маърузасида қатор вазифалар белгиланган,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– Бу истиқболли дастур асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эзгу мақсадларидан бири – ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўзининг мустаҳкам фуқаролик позициясига эга, юқори интеллектуал қудрат ва замонавий касб соҳиби бўлган ёш авлодни тарбиялашдан иборат. Бу эзгу йўлда файласуф ва социолог олимларимиз замон талабларига мос кўп вазифаларни амалга оширишларига умид қиламиз.

Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти директори Равшан Абдуллаев, профессор Дилором Алимова, Жиззах давлат педагогика институти ректори Абдуғани Холбеков, Тошкент давлат техника университети профессори Бахтиёр Каримов, Ўзбекистон Миллий унверситети профессорлари Маърифат Ғаниева, Шаҳноза Мадаева ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий фанларнинг ҳолати ҳамда ривожланишининг истиқболли йўналишлари, инновацион салоҳиятини ошириш, социал соҳада кенг қамровли эмпирик тадқиқотлар ўтказишни кенгайтириш, таълим жараёнига замонавий методик ёндашувларни жорий этишнинг долзарб масалалари ҳақида сўз юритдилар.

Конференцияда “Ижтимоий фанлардаги инновациялар: кеча, бугун ва истиқболда”, “Ижтимоий фанларда эмпирик тадқиқотлар: назариядан амалиётга”, “Таълим тизимини ислоҳ этишда замонавий ёндашувлар”, “Ёшлар тарбиясида таълим ва ижтимоий фанлар уйғунлиги” мавзулари юзасидан қилинган маърузалар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманда жаҳон таълим тизимининг илғор анъаналари асосида ўқув жараёнини янада такомиллаштириш, ижтимоий фанларни ўқитишда замонавий ахборот ва педагогик технологияларни қўллаш, янги туркумдаги дарслик ва ўқув қўлланмаларни яратиш борасида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

“ИНТЕЛЛЕКТУАЛ САЛОҲИЯТ – ТАРАҚҚИЁТ МЕЗОНИ”

Ёш тадқиқотчининг қай даражада иқтидорли эканлиги биринчи галда – илмий мақолаларида намоён бўлади. Матбуотда, илмий тўплам ва бошқа нашрларда ёритилган мақолалар ўша муаллифнинг салоҳиятини кўрсатади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида яқинда иккита илмий мақолалар тўплами нашр этилди. Биринчиси, “Профессор-ўқитувчи, катта илмий ходим, мустақил изланувчи ҳамда иқтидорли талабаларнинг илмий мақолалари ва дарс ишланмалари” деб номланган. Иккинчиси, “Интеллектуал салоҳият – тараққиёт мезони” илмий мақолалар тўпламидир.

Мазкур тўпламларда турли йўналишларда изланишлар олиб боришаётган бир гуруҳ ёш тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари ўрин олган.

Тўпламларни ёш тадқиқотчи Муҳаммадсодиқ Сайфуллаев нашрга тайёрлаган. Уларга Ёқутхон Маматова, Зоир Тоҳиров, Маҳлиё Мирсоатова каби журналист-олимлар масъул муҳаррирлик қилганлар.

 

САРҲИСОБ

Ўқув йили бошида белгиланган режалар амалга оширилгач, албатта сарҳисоб қилинади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг навбатдаги Кенгашида аввало Фарғона шаҳрида ўтказилган “Универсиада – 2016” спорт ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси таркибида фаол ҳаракатлари билан совринли ўринларни эгаллаб кумуш ва бронза медаллари соҳибига айланишган Геология-география факультети 2-курс талабаси Рустам Собиржонов, Журналистика факультети 1-курс талабаси Ирода Валижонова ва Механика-математика факультети 3-курс талабаси Бобур Сатторовлар “Диплом” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил май ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорларида ҳар бир мутасадди ва профессор-ўқитувчи зиммасига қатор вазифалар юклатилган.

– Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи университетлар ва олий ўқув юртлари билан қалин ҳамкорлик доирасида кенг кўламда иштирок этган ҳолда университетимизда 2016/2017 ўқув йили бошлангунга қадар барча ўқув режалари ва дастурларини тубдан қайта ишлаб чиқилишини ниҳоясига етказишни таъминлашимиз лозим,– деди ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифалар шундан иборатки, фанларни ўқитишнинг эскирган, умрини ўтаб бўлган ёндашув ва услубларидан батамом воз кечишимиз, бакалавриат ва магистратурада жаҳон фани ва илғор педагогик технологияларнинг замонавий ютуқларига асосланган янги ўқув режалари ва дастурларини жорий этишимиз зарур.

Кенгашда Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Ҳарбий кафедра бошлиғи Шавкат Ўринов, ЎзМУ қошидаги профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Минтақавий маркази директори Фахриддин Эсонбобоев, Хотин-қизлар кенгаши раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Тиббий тайёргарлик бўлими бошлиғи Раъно Рустамоваларнинг ўқув йили давомида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Айтиш жоизки, якунига етаётган ўқув йилида Миллий университетимизда таълим сифатини ошириш билан бир қаторда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган Мураббийлар кенгаши самарали фаолият кўрсатмоқда. Талабаларни етук маънавиятли, комил инсон қилиб тарбиялашда мураббийларнинг ўрни беқиёс. Йил бошидан ҳар бир факультет кесимида Мураббийлар кенгаши ташкил этилиб, режа асосида иш юритилмоқда. Ҳар ҳафта мураббийлар томонидан “Ахборот ва маънавият соатлари” машғулотлари ўтказиб келинди. Барча факультетларда “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида “Мустақиллик дарслари”, “Жасорат дарслари”, “Тинчлик дарслари” юқори савияда ташкил этилди.

“Ахборот соатлари” материаллари www.nuu.uz ва www.uchildiz.uz сайтлари орқали талабалар эътиборига ҳавола этиб борилмоқда. Ўқув йили мобайнида ўтказилган турли маънавий тадбирлар ҳақидаги мақола ва хабарлар “Маънавият ва ахборот сабоқлари” тўпламида чоп этилди.

ЎзМУ Маданият саройида, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да, Талабалар турар-жойларида қизиқарли учрашувлар ташкил этилди. “Биз буюк юрт фарзандларимиз” мавзуи доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Муҳаммад Али, халқ артисти Ёдгор Саъдиев каби таниқли ижодкорлар ва санъаткорлар билан ўтказилган ижодий учрашувлар талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

Бу йилдан талабалар ўртасида тарбиявий ишларни такомиллаштириш мақсадида янги тизим жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати, таълим, маданият, спорт масалалари комплексининг 2016 йил 12 январдаги “Мамлакатимиз Олий таълим муассасаларида таълим-тарбия маслаҳатчилари мактаби тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 8-сон мажлис баёни эълон қилинган. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Университетнинг таълим-тарбия маслаҳатчилари мактаби хусусидаги Низоми” тасдиқланди. Унга кўра университет таълим-тарбия маслаҳатчилари лавозимига тажрибали ўқитувчилар жалб этилмоқда. Тарбия – ҳар бир мураббий иш фаолиятининг ўзаги, ёш авлод ҳаёти мазмунига айлангандагина ўз самарасини беради.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

1 Response

  1. Axborot ommaga turli maqsadlarda e’lon qilinadi. Kimdir jamiyatni xabardor qilish uchun ma’lumot bersa, yana kimdir aynan jamiyatni tanazzul yoqasiga olib kelish uchun xabar tarqatadi. Demak, axborotni qabul qilayotganda tanqidiy yondashish, va unga o’z munosabatimizni bildirish biz jurnalistlarning, nafaqat jurnalistlarning balki butun yosh avlodning asosiy vazifasidir.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>