Ахборот хизматининг вазифалари (функциялари)

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а1

8-мавзу: Ахборот хизматининг вазифалари (функциялари)

 Режа:

  1. Ахборот тўплаш ва тарқатишда Ахборот хизмати ва ОАВнинг ўзига хос жиҳатлари.
  2. Ахборот хизматининг асосий вазифалари.
  3. Амалиётда “PR хизмати” ва “Ахборот хизмати” атамаларини синоним сифатида ҳам қўлланилиши.

 

Ахборот хизмати билан ОАВ ходимларининг умумий вазифалари бор. Булар: ахборот тўплаш ва тарқатишдир.

Бу жиҳатдан уларни рақобатдош, дейиш ҳам мумкин.

Фақат, бу вазифаларни улар турли усуллар билан амалга оширади. ОАВ ходимлари ҳар доим ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб, энг зарур ахборотларни тўплашга ва уларни тезкорлик билан тарқатишга ҳаракат қиладилар.

Ахборот хизмати эса ўрни келганда шундай тезкорлик билан тарқатиши мумкин (масалан, сайловлар даврида Марказий сайлов комиссияси Ахборот хизмати ўта тезкорлик, ҳозиржавоблик билан муҳим ахборотларни тарқатади). Бошқа пайтларда кўпроқ вазминлик, сермулоҳазалик билан иш юритиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, Ахборот хизмати ташкилотнинг маълумотларини аниқ, асосли, муҳим жиҳатларини таҳлил этган ҳолда тақдим этиши талаб этилади.

Ахборот хизматининг ўзига яраша бошқа вазифалари (функциялари) ҳам бор, албатта. Булар ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалардан.

Жамоатчилик билан алоқалар (яъни, PR) Ахборот хизматининг назарий асосларидан бири ҳисобланиши ҳақида юқоридаги мавзуларда батафсил тўхталган эдик. Яна шуни эслаш ўринлики, назариётчилар фикрича, PRнинг 500 дан ортиқ талқини бор. Соҳа мутахассиси Георгий Почепцов бу масалага шундай ойдинлик киритган: “Бизда PR хизмати эмас, айнан ахборот хизмати, деб аташ мақсадга мувофиқдир”1.

Демак, амалиётда “PR хизмати” ва “Ахборот хизмати” атамаларини синоним сифатида ҳам қўллашимиз мумкин.

Модомики, PR хизмати ва Ахборот хизматини уйғун ҳолда тушуниш мумкин экан, уларнинг принциплари ҳам бир-бири билан чамбарчасдир. Бу принципларни америкалик олимлар Даг Ньюсом, Алан Скотт, Жадй Ванслайк Турк “PR: жамоатчилик билан алоқаларнинг самарадорлиги” китобида кенг шарҳлаганлар2. Назарий ва амалий жиҳатдан қаралганда ушбу принциплар Ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Яъни:

– Ахборот хизмати ходими жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ҳар бир фактнинг аниқ ва тўғрилигини билишга эришиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқалардан асосий мақсад – идоравий манфаатлар эмас, жамоатчилик манфаати. Ахборот хизмати ходимлари фақат идора манфаатларини кўзлаб иш қилсалар, жамоатчилик эътиборидан тушиб қолишади. Сўнг, жамоатчилик уларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди, фаолияти билан қизиқмайдилар ва улар билан алоқада бўлмайдилар.

Биринчи ўринда жамоатчилик манфаатларини ўйлаш керак. Ўшанда ҳам бу идора ўз мақсадига тўлиқ эришмайди. Чунки, жамоатчилик шу идоранинг ахборотини эшитади, қабул қилади ва шу информация доирасида иш қилади.

– Жамоатчилик билан алоқалар ўрнатаётган ташкилот ўз фаолияти давомида шундай иш қилиши керакки, унинг дастурлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотсин. Ахборот хизмати жамоатчиликка шуни кўрсата олиши керак. Яъни, жамоатчилик шу ташкилот фаолиятига қизиқсагина унга эътибор беради. Акс ҳолда, у ҳақда етарлича ахборот ёки маълумотга эга бўлмаса, жамоатчилик унга эътибор қилмай қўяди.

– Ахборот хизмати ходимлари бутун фаолиятларини ОАВ билан ҳамкорлик асосида йўлга қўйиши зарур. Улар ОАВ ходимларига ҳеч қачон нотўғри, ишончсиз маълумот бермаслиги лозим. Агар радио, телевидение ёки газетага хато маълумот берса, бундан жуда катта зарар кўради.

– Ҳар қандай ахборотга аудитория бирдан тушунмаслиги мумкин. Аудиторияда кимдир эшитади, кимдир қулоқ солмайди, кимдир нотўғри тушунади, кимдир тушунишни ҳам истамайди. Шунинг учун Ахборот хизмати ходими мулоқотни икки томонлама ташкил этиши керак. Яъни, бирор ахборот тарқатилдими, унинг натижаси билан қизиқиши зарур. Ўша ахборотни жамоатчилик тушуниб олдими? Тушунган бўлса, қай даражада ҳис этди? Керак бўлса, сўров ўтказиш, жойларга бориб, учрашувлар уюштириш, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш лозим. Хатлар орқалими, телефон ёки бошқа воситалар ёрдамидами, барибир, атрофлича ўрганиши керак. Жамоатчилик фикрини ўрганиш илми ва амалиётини Ахборот хизмати ходими яхши билиши тақозо этилади.

– Ахборот хизмати жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўяр экан, шу алоқа самарали бўлиши учун жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини муттасил ўрганиб бориши керак. Ахборот хизмати ходими ижтимоий фикрнинг ичига кириб бориши зарур. Одамлар нима ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар ҳақида аниқ билиши даркор.

Кенг аудитория турли тоифа кишиларидан иборат бўлиши мумкин, яъни, мактаб ўқувчилари, талабалар, зиёлилар, ишчилар, деҳқонлар ва бошқа касб эгалари. Уларнинг савияси, тушуниш даражаси ҳар хил бўлади. Ахборот хизмати ходими ҳаммага тушунарли, оммабоп сўзлар, иборалар билан халқона тилда гапириши, ахборот тарқатиши зарур. Бу жараёнда ҳар бир аудиторияга мос равишда сўз юритиш ижобий самара беради. Аудиторияни илмий жиҳатдан пухта ўрганган киши амалда унга мос муомала қилади.

– Ахборот хизмати соҳасида фаолият кўрсатган киши катта ишончга сазовор бўлади. Бу жамоатчиликнинг ижтимоий вазияти илмий тадқиқ этилган, синалган усуллар билан ўрганиш ҳосиласидир. Социология, ижтимоий психология усуллари ҳамда бошқа фанлар билан жамоатчиликни ва ижтимоий вазиятни ўрганиб, ўша тўплаган билим ва тажрибалари асосида ҳаракатлар дастурини яратиши мумкин.

Бу борада хаёлпарастлик, паришонхотирлик қилиш, ҳар хил ҳис-ҳаяжон ва бошқа ҳавойи гаплар кетмайди. Аниқ илмий ёндашув керак. Бунинг учун энг аввало жамиятни, жамоатчилик фикрини ўрганиш шарт.

Жамоатчилик билан алоқалар шундай мураккаб фанки, унда тарих, фалсафа, социология, педагогика, сиёсатшунослик, этика, эстетика ва ҳоказо фанлар мужассамдир. Мазкур фанлар бир-бири билан жуда чамбарчас. Демак, Ахборот хизмати ходимлари биринчи галда соҳага оид фанларни ҳам пухта билиши лозим. У камида тўрт-беш соҳани билиши талаб этилади. Акс ҳолда у Ахборот хизмати ходими, шу соҳанинг мутахассиси бўлиши жуда қийин.

– Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун энг аввало одамларни нималар қизиқтиришини кузатиш зарур. Хўш, одамлар қанақа ахборотларга қизиқади? Бу масалада, керак бўлса, Ахборот хизмати ходимининг ўзи жамоатчиликда бирор фикр уйғотиши мумкин. Фикр уйғондими, энди у одамларнинг фикрлари билан янада бойийди.

– Ахборот хизмати ходими бошқарув тизими, функциялари ва бошқа жиҳатларини билиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири бу – ижтимоий тафовутларни аниқ билиш зарур. Ижтимоий инқирозларнинг олдини олиш, имкон қадар ўша инқирозларга йўл қўймаслик лозим.

– Ахборот хизмати раҳбари – ташкилот раҳбарининг Матбуот котиби ҳисобланади. Унинг вазифалари жуда кўп. Биринчи галда у маданиятли, одобли, хушмуомала бўлиши зарур. Ҳар қандай вазиятда ҳам одамларни тушунишга ҳаракат қилиши лозим. Шу тариқа у жамоатчилик қалбига йўл топа олади. Қалбига йўл топилган одамларнинг фикрини ўрганиш мушкул бўлмайди.

Назариётчи Дмитрий Ольшанский ёзганидек, “журналист пиармен учун таъсир ўтказишнинг энг самарадор ёрдамчиси, воситачиси ва шу билан бирга унинг яқин дўстидир”3.

Ахборот хизматининг муҳим вазифаларидан бири – ижтимоий фикрни ўрганиб бориш ва ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишдир. Шу вазифани уддалаётган Ахборот хизматлари билангина ОАВ ходимлари ҳам ҳамкорлик ўрнатишга интилади.

Журналист бирор ахборотга эга бўлмоқчи бўлса, у аниқ ва ишончли манбага суянишни истайди. Бу борада ташкилотнинг Ахборот хизмати унга ишончли ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шуни айтиш жоизки, ОАВ ходими талаб қилган ахборотни тақдим этиш ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ахборот тўплаш ва тарқатиш борасида ОАВ ва Ахборот хизматининг ҳамкорлиги амалда жамият тараққиётига хизмат қилади. Ташкилотлар ўз жамоатчилиги билан мустаҳкам алоқа ўрнатишида Ахборот хизмати етакчи ўрин тутади.

Агар Ахборот хизмати мухбирларга зарур ахборотни бермаса, телефон қўнғироқларидан қочса, нотўғри иш қилган бўлади. Бундай масъулиятсизлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. ОАВ ва Ахборот хизмати ўртасида қандайдир “жарлик” бўлмаслиги лозим.

Ахборот хизматининг вазифаларидан яна бири – ташкилот имижини яратиб боришдир. Ташкилот имижини яратишда унинг фаолияти ҳақида аниқ ва кенг қамровли маълумотлар, ахборотлар ёритиб бориши ғоят муҳимдир. Бу борада Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида асосан ижобий ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилади. Одамлар қайсики соҳа, ташкилот ё маълум бир шахслар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлса, уларнинг кўз олдида у манфаат келтирадиган соҳа ё ташкилот, жозибали ё ибратли шахс сифатида намоён бўлаверади. Демакки, унинг шунга яраша имижи яратилади.

Ахборот хизматининг фаолияти аввало истиқболли режага асосланиши зарур. Бундай режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун биринчи галда мазкур ташкилот жамоасида Ахборот хизматига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириши лозим.

Бу ўринда дастлаб ташкилот раҳбариятининг Ахборот хизматига бўлган эътиборини кучайтиришга эришиш мақсадга мувофиқдир.

Бундай муносабатнинг таркибий қисмлари қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутаҳассислари билан доимо маслаҳатлашиб туриш;

– муҳим қарорлар қабул қилишда уларнинг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташқи жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни қўллаб туриш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Бугунги ахборотлашган жамиятда ҳар бир ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни Ахборот хизмати орқали такомиллаштириб бориши мумкин. Шунинг учун ташкилот раҳбарлари Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлиши талаб этилади.

Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доим самимий ва ишонарли муносабат бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон беради.

Ахборот хизмати ташкилотнинг режаларини ОАВ, пировардида, халқ учун очиб қўяди, бу эса унинг ишлари жамият ҳаётида қандай акс этиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

Ахборот хизмати ходими ўзбек тили билан бир қаторда рус, инглиз ва бошқа дунёвий тилларни мукаммал билиши лозим. Ахборот хизматининг вазифалари ҳақида мутахассислар кўп фикрларни илгари сурган.

“Матбуот котибининг вазифалари барчага маълум,– деб ёзади назариётчи Димитрий Ольшанский “Политический PR” асарида.– Яъни, матбуот котиби энг аввало сиёсатчининг ОАВ билан алоқаларини йўлга қўйиши, фикрини, нуқтаи назарини, баҳосини ва ниҳоят режаларини содда ва тушунарли ифода этиб бериши зарур. Унинг вазифалари бешта асосий қисмга бўлинади:

  1. Матбуот котиби журналистлар билан ўзига хос тарзда эркин мулоқотга кириша олиши зарур. Ҳатто ўзгалар орасида бўлса ҳам иложи борича ўзини яхши тутиши лозим.
  2. Матбуот котиби ўз иш берувчисини ОАВ ходимлари билан мулоқотга киришишни ўргатиши лозим. Шундагина бу алоқалар доим мустаҳкамланиб, ривожланиб боради ва шунга яраша яхши самара беради.
  3. Матбуот котиби раҳбарининг таржимаи ҳолидан яхши хабардор бўлиш баробарида унинг келгусидаги тактик ва стратегик режаларидан воқиф бўлиб юриши айниқса шу соҳада жуда муҳимдир.
  4. Матбуот котиби сиёсат бобида етук таҳлилчи бўлиши керак. У сиёсий ҳаётдаги барча жараёнларни тезкорлик билан тушуниб, чуқур идрок этиб, мағзини чақа олиши ва зарур пайтда ҳар қандай вазифани моҳирлик билан уддалай олиши лозим.
  5. Матбуот котиби гарчи қанчалик муҳим вазифаларни бажармасин, у доимо камтар, камсуқум бўлиши ва “ўз ўрнини билиши” лозим. Чунки у иккинчи даражали шахс ҳисобланади. Биринчи ўринда эса ҳамиша унинг раҳбари туради”4.

Муаллиф ўз асарида Наполеоннинг машҳур сўзларини келтиради, яъни: “душманлик руҳи билан суғорилган битта газета мингта найзадан хавфлироқ. Тўртта ана шундай газета юз минг аскарга эга бўлган қўшиндан кўра кўпроқ зафар келтириши мумкин”5. Бу ҳақиқат айниқса жамият ҳаёти учун хосдир. Лекин, ташкилот етакчиларининг газетага (ахборот агентликлари, радио ва телевидениега ҳам) бўлган муносабатини матбуот котиблари таъминлайди. Демак, “битта ноқобил матбуот котиби минглаб найзадан кўра хавфлироқ! Билъакс, битта иқтидорли ва омадли матбуот котиби, бу – бир неча иттифоқчи дивизия билан тенг. Энг муҳими шуки, айнан матбуот котиби сиёсий PRда асосий шахс ҳисобланади”6.

Ахборот хизматлари фаолияти ҳақида илғор мамлакатларда ўрганилган тажрибалар ҳақида сўз юритганда журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Америка журналист нигоҳида” китобидаги ушбу фикрлар эътиборга моликдир: “Ҳар куни бир вақтда АҚШ давлат департаменти матбуот котиби журналистлар учун брифинг ўтказар экан. Эрталаб соат 445 да ахборот хизмати ходимлари газета, ТВ материалларини таҳлил қилишга киришади. Интернет кўздан кечирилади. Шундай таҳлил асосида шу куннинг энг долзарб муаммолари аниқланади ва брифингда журналистлар томонидан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхати тузилади. Ушбу материалларни олгач, матбуот котиби Пентагон, ҳарбий разведка, Марказий разведка бошқармасига мурожаат этиб, айни пайтда нималар ҳақида очиқ гапириш мумкину нималар ҳақида мумкин эмаслигини маслаҳатлашиб олади”7.

Ўрганилган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати ходимлари кундалик фаолиятида амалга оширишлари зарур бўлган вазифаларни қуйидагича белгилаш мумкин:

  1. Ҳар кунги газеталарни, телекўрсатувларни ва интернетни эътибор билан кузатиб, радиоэшиттиришларни тинглаб бориши зарур. ОАВда ўз ташкилотига оид мавзулар ёритилса, албатта уни (газета, журнал, радио ёки телевидение канали, интернет сайтини), вақтини, муаллифини, сарлавҳаси ва асосий фикрини ёзиб олиш лозим.
  2. Ўша мавзулар ҳақида аниқ фактлар асосида маълумотнома ёзиб, шу билан бир қаторда айни вақтда журналистларни, жамоатчилик вакилларини қизиқтираётган саволларни тузиб, ташкилот раҳбарига тақдим этиши шарт. Шуни айтиш жоизки, ташкилотга тегишли танқидий мақолалар, матбуот орқали билдирилган таклифлардан ташкилот раҳбари бехабар қолса, ахборот хизмати ходими ўз вазифасини тўлақонли бажармаган ҳисобланади.
  3. Кеча тақдим этилган саволлар, таклифларнинг жавобини раҳбаридан сўраш, натижасини билиши зарур. Пировардида, раҳбари билан келишган ҳолда ОАВдаги танқидий мақолаларга жавоблар ёзиш (яъни, кўрилган чора-тадбирлар ҳақида аниқ фактлар асосида), мабодо, ўша танқид асоссиз бўлса, унга раддия ё тегишли тартибда асосли жавоб хати йўллаши лозим.
  4. ОАВда билдирилаётган талаб, таклиф ва истаклар асосида вақти-вақти билан ташкилот мутасаддилари ва журналистларнинг “давра суҳбатлари”ни уюштириб туриши зарур.
  5. Ташкилотнинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳудудий бошқармалари орқали жойлардаги жамоатчилик фикрини ўрганиб, тегишли хулосаларини раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши лозим.
  6. Ахборот хизмати тегишли ташкилотига ОАВ, жумладан, интернет ёки оддий хат ва ҳатто телефон орқали берилган саволларга ўз вақтида (иложи борича ўша куниёқ) аниқ жавоб қайтариши шарт.
  7. Ривожланган давлатлардаги соҳага оид янгиликларини интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали ўзлаштириб, бу ҳақдаги хулосаларини ёзма равишда ташкилот раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши мақсадга мувофиқдир.
  8. Турдош ёки бир-бирига яқин ташкилотлар ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиш, бир-бирларининг тадбирларида иштирок этиш, айрим анжуманларни биргаликда ўтказиб туриши мақсадга мувофиқдир.
  9. 9. Вақти-вақти билан матбуот конференцияси, брифинглар уюштириб туриши зарур.
  10. Қайсики Ахборот хизмати ходими ташкилот фаолиятини ОАВда узвий равишда ёритиб бормаса, унинг фаолияти сустлашиб қолаверади.

___________________________________________

1 Почепцов Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. –М.: Рефл-Бук, 2000. Б. 130.

2 Қаранг: Newsom D, Scott A, Turk J.V. This is PR. The Realities of Public Relations. – Belmont, California, 1993. Б. 37-53.

3 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. Б. 438.

4 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. –С. 480.

5 Ўша асар, 479 б.

6 Ўша асар, ўша жойда.

7 Раҳматуллаев Т. Америка журналист нигоҳида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003. –Б. 36.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>