“Axborot xizmatlari” (4)

O`zMU Jurnalistika fakulteti 4-kurslar uchun “Axborot xizmatlari” fanidan 4-maruza

1 2

1

Ахборот хизматининг назарий асослари

Режа:

  1. Ахборот хизматининг назарий асосларини ташкил этувчи фанлар.
  2. Журналистика назариясига оид фанлар талқини.
  3. Инглизча “Rublic Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) – Жамоатчилик билан алоқалар фани сифатида.
  4. Фанлараро фан.
  5. Қадимий шарқ манбаларида жамоатчилик билан алоқалар ғояси ва унинг мазмун-моҳияти.

 

Ахборот хизмати ходими қалами ўткир, маҳоратли журналист бўлиши лозим. У телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш бобида теран билим ва малакага эга бўлиши зарур. Интернет журналистика ва фотожурналистика сирларини ҳам пухта билиши даркор. Демак, Ахборот хизматининг назарий пойдеворини аввало журналистикага оид фанлар ташкил этади. Матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика, фотожурналистикага оид илмий тадқиқотлар, дарслик ва ўқув қўлланмалар Ахборот хизматининг биринчи назарий асосларини ташкил этади.

Ахборот тўплаш ва тарқатиш билан бир қаторда Ахборот хизмати ходимларининг яна бир муҳим вазифаси – ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишдир. Бу борадаги ишларни илмий ташкил этиш ва тегишли вазифаларни тўғри амалга ошириш учун улар жамоатчилик билан алоқалар илми ва назариясини ҳам пухта билишлари лозим.

Демак, жамоатчилик билан алоқаларга оид фанлар ахборот хизматининг энг муҳим назарий асоси ҳисобланади. Жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асосларини инглизча “Public Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) фани замиридан ўрганамиз. Бу фан асосчиси АҚШлик олим Эдуард Бернайз ҳисобланади. Унинг 1923 йили чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида муҳим ўрин тутгани эътироф эталади.

PR – “Жамоатчилик билан алоқалар”, “Оммавий алоқалар” деган маъноларни англатади. Моҳиятан уни – халқ билан мулоқот, дейиш мумкин.

PR моҳиятини теранроқ англаш учун унинг қисқача тарихига тўхталиб ўтамиз. Бу ибора илк бор АҚШнинг учинчи президенти Tомас Жефферсон томонидан қўлланилган. У 1807 йили ўзининг “Конгрессга еттинчи мурожаати”да ушбу атамани биринчи марта қайд этган. Бундан мақсад, ўша даврда ҳукуматнинг жамоатчилик билан алоқаларини давлат даражасига кўтариш, илмий-ташкилий жиҳатдан йўлга қўйиш эди.

Демократ арбоб сифатида ном қозонган Томас Жефферсоннинг қуйидаги сўзлари демократия йўлини танлаган қатор газеталар учун шиордек бўлиб қолди: “Агар менга ҳукумат бўлсину газеталар бўлмасин ёки газеталар бўлсину ҳукумат бўлмасин – бирини танланг, дейишса, мен ҳеч иккиланмай ҳукумат бўлмаса ҳам газеталар бўлиши керак, деган бўлардим”1.

Бу фикрни бирёқлама талқин қилмаслик керак. Томас Жефферсон жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган газеталар мавқеини, масъулиятини оширишни ҳам кўзда тутгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳукумат ё бирор ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини матбуотсиз тасаввур этиб бўлмаслигини демократ раҳбар муайян мақсадда ифодалагани кўриниб турибди. Аслида “матбуотнинг ижтимоий моҳияти, асосий функциялари нуқтаи назаридан қараганда унинг яна бир хусусияти – жамоатчилик фикрининг ифодачиси эканлигида яққол кўринади,– деб ёзади филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов.– Матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттирар экан ҳамда ижтимоий борлиқ билан ижтимоий онгнинг бир-бирига таъсир кўрсатишида фаол ҳаракат этувчи омил вазифасини бажарар экан, бу борада жамоатчилик фикрига таяниб иш кўради”2.

PR амалиётининг журналистика заминида пайдо бўлиши. Биз талқин этаётган замонавий PR амалий жиҳатдан журналистика заминида пайдо бўлгани, унинг амалиётдаги асосчиларидан бири АҚШлик журналист Айви Ледбеттер Ли бўлгани қатор манбаларда қайд этилган3.

1898 йилда Нью-Йоркдаги Пристон университетини тамомлаган Айви Ли “World” дастлаб газетасида фаолият кўрсата бошлайди. Бироқ, ёш журналистни репортёрликликнинг тор кўчалари қониқтирмайди. У кўпроқ ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол бўлишга интиларди. Бу интилишини 1903 йили Нью-Йорк мэри сайловида намоён этди. Кейинги йили эса АҚШ президенти сайлови ўтказилиши керак эди. Шу даврда Айви Ли Демократлар партияси Миллий қўмитаси матбуот-бюроси ходими бўлиб ишга ўтади.

Сайловлар даврида Айви Лининг эътиборини тортган ҳол шу бўладики, партия вакиллари сайловолди дастурларини сайловчиларга маълум қилишгач, жамоатчилик ўз муносабатини эмин-эркин билдиради. Бу жараёнда фикрнинг икки томонлама, яъни, ташкилот ва жамоатчилик томонидан тингланиши қанчалик ижобий самара беришини кўрган Айви Ли қалбида умидбахш орзулар пайдо бўлган. Яъни, нафақат сиёсий партиялар сайловлар даврида, балки, барча корхона ва ташкилотлар ҳам ўз фаолиятини доимий равишда жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этиши фақат ижобий самара бериши мумкинлигини англаган.

Биз PRнинг журналистика заминида пайдо бўлганига эътибор қаратдик. Бундан PR фақат журналистикага тегишли соҳа экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Айви Ли турли ишлаб чиқариш корхоналари манфаатларини кўзлаб ҳамкасби Жорж Паркер билан бирга “Паркер ва Ли” фирмасини ташкил этди. Бу фирма қисқа даврда PR тараққиётига самарали ҳисса қўшди, дейиш мумкин4. Зотан, матбуот билан доимий алоқаларгина катта бизнесга ҳам зарур натижалар беришини тўғри тушунган Айви Ли 1906 йилда ўша фирма номидан газеталар ноширлари билан муносабатлар қоидаларини “Тамойиллар декларацияси” номи билан ишлаб чиқди.

“Тамойиллар декларацияси”нинг кириш қисмида шундай ёзилган: “Бу махфий матбуот-бюроси эмас. Биз барча ишимизни очиқ-ойдин бажарамиз. Бизнинг вазифамиз – янгиликлар етказиб бериш. Бу реклама агентлиги эмас. Агар сиз муайян материал ўзингизнинг реклама бўлимингизга кўпроқ тўғри келади, деб ҳисобласангиз, унда бизга мурожаат қилманг. Бизнинг ишимиз – аниқлик. Биз юқорида эслаб ўтилган фактларни шахсан текшириш учун ҳар бир муҳаррирга жону дилимиз билан ёрдам берамиз. Қисқа қилиб айтганда, бизнинг мақсадимиз ишбилармон доиралар ва ташкилотлар номидан матбуот ва АҚШ жамоатчилигига улар учун муайян қимматга эга муаммолар бўйича самимий ва очиқ-ойдин ахборот беришдан иборатдир”5. Табиийки, бу масала ишбилармон доиралар ва ташкилотларни ҳам, матбуот ходимларининг ҳам бирдек эътиборини тортади. Журналистлар муҳим ахборотлар олиш учун яна бир қулайлик яратилганини ижобий баҳолайдилар.

“Тамойиллар декларацияси” бутун миллат учун юқори давлат органлари ва ҳокимиятни ҳам ҳисобга олиб америкача очиқ жамият шаклланиши йўлида асосий дастурий ҳужжатлардан бири бўлиб қолгани эътироф этилган6. Шуни айтиш жоизки, бу асар бир пайтлар АҚШда урчиб кетган турли салбий иллатларга қарши дадил курашаётган журналистлар ва бошқа фидойилар учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилганини тасаввур этиш мумкин.

Ҳар қандай илғор ғоя ёки янги назария амалиёт билан мустаҳкамланиши ижобий самара беради. Айви Ли айнан шу тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ўзи ҳамкорлик қилган корпорация ва ташкилотлар учун матбуот билан алоқалар ўрнатарди.

Айви Ли фаолияти пиар бўйича мутахассисларнинг кейинги авлодлари томонидан муносиб баҳоланиб, у “Янги касб отаси” номини олди. У биринчи бўлиб жамоатчилик билан алоқалар соҳасига самимийлик унсурларини олиб кирди. Матбуот-агентларида муносиб фаолият кўрсата оладиган пиарменлар тайёрлаб беришга киришди. Бу ҳаракатларини очиқ-ойдинлик ва ҳақиқатпарварлик билан амалга ошириб, PRни жамоатчилик ҳурмати ва ишончини қозона оладиган профессионал соҳага айлантирди.

Айви Ли ўз тажрибаси билан жамоатчиликни хабардор этишни ташкил этишда ташкилотнинг масъулияти муаммоларини, хизмат кўрсатувчилар имижини яратиш муҳимлигини ва бу имиж ўз жилосини йўқотмаслиги учун доимий равишда матбуотдан фойдаланиш заруратини кўрсатиб берди.

Бундан ташқари, Айви Ли гуруҳлар ва гуруҳ раҳбарларининг, иш фаолияти давомида улар билан шахсий алоқалар ўрнатишнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги аҳамиятига эътибор қаратди. У бошлаган ишлар кейинчалик тегишли назарий асосга эга бўлди. Шу тариқа АҚШда йирик ташкилотлар билан жамоатчилик ўртасида доимой алоқалар ўрнатиш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракатлар ижтимоий воқеликка айланиб кетди.

PR тарихи ва назарий пойдевори ҳақида гап кетганда америкалик олим Эдуард Бернайзнинг хизматлари алоҳида эътироф этилади. Бернайзнинг 1923 йилда чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида муҳим ўрин тутади. Эдуард Бернайз 1919 йилда Нью-Йоркда хусусий “пиар-бюро”сини очиб, амалда жамоатчилик билан алоқаларнинг самарасини кўради. Бу борада олиб борган тадқиқотлари “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китобида ўз аксини топган.

Шу ўринда айтиш жоизки, PR назариётчиларининг аксарияти турли соҳа олимлари бўлиб, улар жамоатчилик билан алоқалар масаласига кўпроқ ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, менежмент, сиёсий ва бошқа ижтимоий фанлар нуқтаи назардан ёндашганлар.

Эдуард Бернайздан тортиб 2001 йилда “Паблик рилейшнз асослари” деб номланган салмоқли китоби чоп этилган Украина сиёсий фанлар академияси академиги Валентин Королько ва 2003 йилда “Сиёсий PR” китоби нашр этилган россиялик профессор Дмитрий Ольшанскийгача PRни турфа соҳалар нуқтаи назаридан тадқиқ этган бўлсалар-да, жамоатчилик билан алоқалар борасида ОАВ, айниқса, Ахборот хизматларининг ўрнига алоҳида эътибор қаратганлар. Россиялик тадқиқотчи Алексей Чумиковнинг “Жамоатчилик билан алоқалар” асарида қайд этилишича, Эдуард Бернайз ўз фаолиятини шундай таърифлаган: “1919 йили дастлабки офисимни очганимда… “Паблик Рилейшнз маслаҳатчиси”ни тайинладим. У мижозлар фикрини тинглаб, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш йўлида хизмат қила бошлади”7. Шу тариқа назариётчилар PRнинг янги-янги қирраларини тадқиқ қила бошладилар. XX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб АҚШ, Англияда PRга оид қатор китоблар нашр этилди. Уларда жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асослари янада чуқурроқ ифодалаб берилган.

Шундай қилиб, PR тарихининг шаклланиш ва тараққий этиш эволюцияси уч даврга бўлинади, яъни улар: тайёрлов, оралиқ ва асосий даврлар.

Биринчи давр, Томас Жефферсоннинг илк бор “Паблик рилейшнз” атамасини қўллаган 1807 йилдан бошланиб, XX аср бошигача давом этган.

Иккинчи даврни, Айви Лининг “Тамойиллар декларацияси”ни эълон қилган ва пиар хизматлари бўйича фирма ташкил этган воқеалар билан боғлиқ, дейиш мумкин.

Учинчи давр 1904-1906 йиллардан ҳозиргача давом этмоқда. Бу даврни “пиар-касб сифатида шаклланиши, соҳалар кенгайиши ва ўзаро боғланишида фанлараро фан ролини адо этган ва ижтимоий институт сифатида”8 тан олинган даври дейиш ўринлидир.

Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, PR тадқиқотчилари унинг тарихига оид жуда кўп фикрларни илгари сурганлар. Шулардан бирига эътиборни қаратамиз: “Биз кўп нарсаларни ривожланган дунёдан кечроқ билдик,– деб ёзади назариётчи Грант Карташян.– Шундай таълим бор эканки, биз биладиган генетика ва кибернетикадан устунроқ. Бу – Паблик рилейшнздир”9. PR тарихига оид бу каби фикрлар замирида ҳам унинг ранг-баранг қирралари акс этади.

Шарқда жамоатчилик билан алоқалар талқини. PR фан сифатида илк бора АҚШда шаклланган бўлса-да, ижтимоий муносабатларнинг ушбу тури қадимда Шарқда ҳам бўлган. Буюк аждодларимиз жамиятни адолатли бошқариш мақсадида фикрлар хилма-хиллигига, демакки, жамоатчилик билан алоқалар масаласига жиддий эътибор билан қараганлар. Буни қатор мақоллар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, каби мақоллар замирида ахборот алмашмоқ, фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.

Жамоатчилик билан алоқалар ғояси Шарқ алломалари ижодида ҳам ўз ифодасини топганини қатор манбалардан ҳам кўришимиз мумкин. 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг фикрларига эътиборга беринг. Олим ва шоир Умар Хайём билан маслакдош бўлган Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шундай ёзган: “зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин”10. Бу қадим сиёсат замирида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос жиҳатлари акс этгани кўриниб турибди. Бу фикрлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қадимда аждодларимиз ҳам маслаҳату машварат масаласига алоҳида эътибор билан қараганлари тарихий манбаларда акс этган. Амир Темур ўз “Тузуклари” аввалида пири Зайниддин Тойёбодийнинг мактубидан шундай парча келтиради: “салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни, 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай”11.

Бундан тўғри хулоса чиқарган Амир Темур ўз навбатида: “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат”12 билан амалга оширганини таъкидлайди.

Мазкур битиклар замирида жамоатчилик билан алоқалар ғояси мавжуд бўлиб, унинг тарихий илдизлари теран асослангандир. Жамоатчилик билан алоқалар амалиёти азалдан Шарқда ҳам бўлганини шундан билиш мумкин.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни “баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул “Суқрот усули” деб аталган”13.

Бугунги кунга келиб PR жаҳон узра кенг қулоч ёймоқда. Унинг ибратомуз қирралари, бу соҳадаги илғор тажрибалар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳам пухта ўрганилмоқда. Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, “Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради”14. Юртимизда ҳам аксарият вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи ижтимоий воқеликка айланди.

Жамоатчилик билан алоқалар (PR) назарий жиҳатдан асосланиши. Юқорида баён этилганидек, Эдуард Бернайз жамоатчилик билан алоқалар самарасини кўргач, уни “жамият манфаатлари йўлидаги ҳаракатдир”15 деб таърифлаган. Афсуски, бу фан собиқ мустабид тузум даврида бизда тан олинмади, таълим муассасаларида ўрганилмади. Бунинг сабабларидан бири, PR – асосан демократияни таъминлашга хизмат қилади. Ўша давр ҳукумати эса амалда демократия бўлишини истамас, ҳатто, бунга йўл қўймас эди. Шу боисдан PR фан сифатида тадқиқ этилмасди. Профессор Нарзулла Жўраев ёзганидек, “СССР таркибида туриб ҳеч қандай миллий равнақ, маънавий тараққиёт хусусида гапириб бўлмас эди. Чунки ёвузлик ва зўравонлик асосига қурилган бу давлат бундай интилишларга асло йўл бермас эди”16. Муаллиф америкалик адиба Эйн Реднинг қуйидаги фикрини келтиради: “Инсонни фикрсиз қулга айлантирган ёки унинг меҳнати самарасини тортиб оладиган, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этадиган ёки ақлга зид ҳаракатларга ундайдиган жамият, мавжуд қонунлари билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган жамият аслида жамият деб аталишига ҳам арзимайди. У – жиноятчилар тўдаси ёки оломондир”17. Шу тариқа PRни тан олмаган ва жамоатчилик фикри билан ҳисоблашмаган комфирқа кўп нарса ютқазиб, алал-оқибат таназзулга юз тутди.

Собиқ СССР барҳам топгач, Россия ва бошқа республикаларда ҳам PRга оид китоблар чоп этилди. Ўзбекистонда ҳам PRга оид тадқиқот ва изланишлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Эндиликда юртимиздаги олий ўқув юртларида бу фан ўзлаштирилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети олимлари томонидан бу борада тадқиқотлар олиб борилмоқда. Илғор фикрлар, умумбашарий ғоялар ривожланиши даврида дунёвий фанлардан бири бўлмиш PR амалиёти муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳар бир фаннинг аввало мақсад ва вазифаларини ўрганиш зарур. PRнинг асосий мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришдир18. У ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатади. Бундай алоқа фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Шу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитиш. Фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама, қолаверса, тарғибот бўлиб қолади. PR амалиётида ташкилот вакилларининг жамоатчилик фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади.

Юртимиз истиқлоли берган неъматлардан бири – ривожланган дунёни бутун бўйи-басти билан кўриш имконига эга бўлдик. Дунё кўрган – дунё билан бўйлашар, деганларидек, бугун ривожланган мамлакатлардаги илғор тажрибалар, дунёвий фанлар, технологиялардан фойдаланиш имконига эгамиз. Ана шундай дунёвий фанлардан бири – PRдир. Ҳаёт воқелигига айланган ана шу фанни сўнгги ўн йилликлар мўъжизаси деб аташ мумкин. У бутун моҳият-эътиборига кўра – фанлараро фандир. Яъни, ҳар бир соҳада жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутар экан, PR ўша соҳалар учун ҳам зарур фан ҳисобланади. Жамият ҳаётида муҳим ижтимоий ва бошқа фикрларни икки томонлама, яъни, бир томондан ташкилот ва иккинчи томондан жамоатчиликдан тинглашни йўлга қўйишнинг илмий асосини PR ташкил қилиши билан бу фан Ахборот хизматининг муҳим назарий асосини ташкил этади.

Ахборот хизматининг бошқа назарий асослари ҳам бор. Бу – ташкилот қайси соҳага тегишли бўлса, унга оид фанлардир. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ходимлари тиббиётга, Адлия вазирлиги ахборот хизмати ходимлари ҳуқуқшуносликка оид билимларга ҳам озми-кўпми эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. (Бу эса ўша Ахборот хизматларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ихтисослашувига ҳам хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ).

 

Назорат учун саволлар:

  1. Ахборот хизматининг назарий асосларини қайси фанлар ташкил этади?
  2. Журналистика назариясига оид қайси фанларни биласиз?
  3. “Rublic Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) – Жамоатчилик билан алоқалар фани сифатида қандай изоҳлайсиз?
  4. Фанлараро фан, деганда нимани тушунасиз?
  5. Жамоатчилик билан алоқалар ғояси қадимий шарқ манбаларида қай тариқа акс этган?
  6. Жамиятда жамоатчилик билан алоқалар қандай амалга оширилади?
  7. Жамоатчилик билан алоқалардан асосий мақсад нима?
  8. Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини кимлар мунтазам йўлга қўйиши талаб этилади?
  9. Икки томонлама фикр эшитиш жараёнини қандай изоҳлайсиз?
  10. Фикр бир тарафдангина айтилиши қандай изоҳланади?
  11. PRнинг бош мақсади нима?

————————————————————————-

1 Қаранг: Миллий тикланиш, 1997, 2 декабрь.

2 Худойқулов М. Оммавий ахборот воситалари назарияси. –Т.: Университет, 1999. –Б. 37.

3 Муминов Ф.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.

4 Қаранг: Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –М.: Рефл-бук., К.: Ваклер, 2001. –С.62.

5 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. Рефл-бук. 2001. –С.63.

6 Қаранг: Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –М.: Рефл-бук., К.: Ваклер, 2001. –С.62-63.

7 Чумиков А. Связи с общественностью. –М.: Дело, 2000. –С. 20.

8 Муминов Ф.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004. –С. 41.

9 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 5.

10 Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.

11 Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси. 1991. –Б. 14.

12 Ўша асар. –Б.15.

13 Педагогика тарихи. А.Зуннунов, М.Хайруллаев ва бошқалар. –Т.: Шарқ, 2000, –Б. 175.

14 Қаранг: Холиқов Қ. Жамоатчилик фикри. //Фидокор, 2005, 28 июнь.

15 Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.-P.12.

16 Қаранг: Жўраев Н. Тафаккурдаги эврилиш. Т.: Шарқ, 2001. 41-б.

17 Ўша манба, 41-б.

18 Қаранг: Мўминов Ф.А.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.–Б. 83.

 

Маърузачи: Тўлқин Эшбеков,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

(Маъруза Тўлқин Эшбековнинг 2019 йилда «Фан ва технология» нашриётида чоп этилган «Ахборот хизматлари» ўқув қўлланмаси асосида тайёрланган)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>